«Ата Мекен»нинг ҳукм қилинган етакчиси Омурбек Текебаевнинг депутатлик мандати бекор қилинди

ҚР МСК аппаратининг ахборот бўлими тарқатган хабарга қараганда, 1 ноябрь куни МСК Жўқўрғу Кенешининг «Ата Мекен» фракциясидан депутати Омурбек Текебаевнинг ваколатлари муддатдан аввал тўxталиши ҳақида қарор қабул қилинди.

Хабарларга кўра, қонунчиликка биноан Жўқўрғу Кенеш депутатининг ваколатлари унга нисбатан суд ҳукми кучга кирганидан сўнг тўҳтатилади ва бу каби қарорасос пайдо бўлганидан бошлаб 30 иш кунида қабул қилинади.

Адвокатлар Омурбек Текебаевнинг депутатлик мандатини бекор қилиш жараёнлари тўxтатилиб турилиши ҳақида МСКка мурожаат қилганига қарамай, бу қарор қабул қилинди. Чунки адвокатлар ҚР Олий судига шикоят аризаси билан мурожаат қилишган бўлиб, Олий суд иккита қуйи инстанция қарорларини бекор қилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Бишкекдаги Биринчи май туман суди 16 август куни Омурбек Текебаев ва унинг ҳаммаслаги Дуйшенкул Чотоновни «Мегаком» иши бўйича 1 миллион доллар миқдорида пора олганликда айбдор деб топди ва ҳар бирини мол-мулки мусодора қилиниши билан 8 йил озодликдан маҳрум қилди. 2 октябрь куни Бишкек шаҳар суди бу ҳукмни ўзгартиришсиз қолдириш ҳақида қарор қабул қилди.

Ҳукм қилинганлар бу ишни ўзларининг муҳолифатдаги фаолиятлари учун сиёсий таъқиб қилинаётганлари билан боғлашмоқда. Омурбек Текебаев «Ата Мекен» партиясининг етакчиси ва барча чақириқдаги Жўқўрғу Кенеш депутати ҳисобланади.

Бўлишинг: