Трамп Япониядан АҚШ базалари учун харажатларни тўрт баравардан кўпроққа оширишни талаб қилган – ОАВ

Токио мамлакатдаги Америка ҳарбий базалари учун 2019 йилги молия йилида 197,4 млрд иен (1,8 млрд доллардан ортиқ) сарфлаган.

Фото: POOL NEW / Reuters

2019 йили АҚШ Япониядан мамлакатдаги Америка ҳарбий базалари учун йилига 8 млрд доллардан ажратишни талаб қилган – бу ҳозирги миқдордан тўрт баравардан ортиқроққа кўп. Бу ҳақда АҚШ президентининг собиқ маслаҳатчиси Жон Болтоннинг мемуарларига асосланиб Kyodo агентлиги хабар берди.  

Қайд этилишича, Болтон президент Дональд Трампнинг буйруғи билан 2019 йил июлда Токиога қилган сафари чоғида Япония ҳукуматига ана шундай талабни етказган.

Трамп, дейилади китобда, ўз маслаҳатчисига агарда Япония бу талабни бажаришдан бош тортса, мамлакатдан Американинг барча  қўшинларини олиб чиқиб кетиш билан таҳдид қилишни буюрган.

Япония ҳукумати Вашингтон бундай талаб қўйганини расман рад этиб келади.

Токио мамлакатдаги Америка ҳарбий базалари учун 2019 йилги молия йилида 197,4 млрд иен (1,8 млрд доллардан ортиқ) сарфлаган. Хусусан, Япония ушбу объектларнинг барча коммунал харажатларини ҳамда улардаги маҳаллий ходимларнинг маошларини тўлайди.

АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Жон Болтоннинг мемуари «Бу воқеа содир бўлган хона: Оқ уй мемуарлари» (The Room Where It Happened: A White House Memoir) деб номланади. Китоб сотуви 23 июндан бошланиши мўлжалланган.

Ўзининг 576 саҳифадан иборат китобида 71 ёшли Жон Болтон АҚШ президенти Дональд Трамп маъмуриятида ўтказган 17 ойи ҳақида сўз юритган.

https://kun.uz/news/2020/06/22/tramp-yaponiyadan-aqsh-bazalari-uchun-xarajatlarni-tort-baravardan-koproqqa-oshirishni-talab-qilgan-oav

Бўлишинг: