Ўзбекистон ҳукумати ўз халқига пул ажратмади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 20 апрель куни саноат, қурилиш ва инфратузилма тармоқлари корхоналарининг тўлиқ ишлашини таъминлаш масалалари бўйича ӯтказган видеоселектор йиғилишидаги нутқидан кейин бир қатор саволлар вужудга келди.

Йиғилишда президент вақтинча ишламаётган ва ёрдамга муҳтож оилаларни аниқлаб, уларни манзилли асосда озиқ-овқат ва дори-дармон билан таъминлаш кўламини янада кенгайтириш кераклигини таъкидлади.

Мирзиёев, э, кечирасиз, муҳтарам президентимиз “халқимизни таъминлаш учун ҳам, иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун ҳам мамлакатимизнинг захиралари ва имкониятлари етарли” эканига алоҳида урғу берди.

Шунингдек, Президент халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятларини, меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатларини инобатга олган ҳолда, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурди.

Бундан ташқари, Рамазон ойида эҳтиёжманд ва муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш вазифалари ҳам тадбиркорлар зиммасига юкланди. Давлат эса, бундай тадбиркорларга солиқ, лизинг, кредит тўловлари, зарур ресурслар билан таъминлаш бўйича турли имтиёз ва преференциялар беражагини уқтирди. Яъни, давлатнинг бу иши, президент таъкидлашича, “аҳолига давлат томонидан тадбиркорлик субъектлари орқали кўрсатиладиган саховат ва кўмак бўлади”.

Бир сӯз билан айтганда, Мирзиёев мана шундай қийин шароитда бевосита ва билвосита давлат қилиши керак бӯлган ишни “Саховат ва кӯмак” умумхалқ ҳаракати зиммасига, лӯндароқ қилиб айтсак, тадбиркорлар бӯйнига чиройли қилиб илиб қӯйди.

Ваҳоланки, тадбиркорлар шундоқ ҳам шу пайтгача топган-тутганларини халққа ихтиёрий ва мажбурий равишда бериб бӯлди, десак унча хато бӯлмаса керак. Уларда ҳам айни пайтда ортиқча маблағ қолмагани эҳтимоли жуда юқори.

Демак, нима бӯлади? Нима ҳам бӯларди, бундан кейин ҳам давлат тадбиркорларнинг сиқиб сувини ичишни давом эттиради. Аниқроғи, “Унга шунча пул ӯтказ, бунга шунча пул бер, 100 одамни озиқ-овқат билан таъминла, 50 оилага 50 қоп ун олиб бер ва ҳ.к.” қабилидаги ишларни давом эттириб, тадбиркорларнинг тинка-мадорини қуритади.

Бу эса, худди бир пайтлар фалонбой ёшларнинг никоҳ тӯйларини, писмадонбой болаларнинг суннат тӯйларини ӯз ҳисобидан (аслида эса, тадбиркорларнинг минг азоблар билан топган даромадлари ҳисобидан) ӯтказган Гулноранинг хатти-ҳаракатларини англатади.

Президент ӯзи таъкидлаганидек, “халқимизни таъминлаш учун ҳам, иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун ҳам мамлакатимизнинг захиралари ва имкониятлари етарли” бӯлса, у ҳолда ҳозирги қийин-қистов пайтида нега ана шу етарли имкониятлардан унумли фойдаланмаяпти? Нега халқнинг ӯзидан суғуриб олган пулини ӯзига сарф қилишига, яъни ӯзи боқиши керак бӯлган халқни тадбиркорлар бӯйнига осиб қӯяяпти? Нега аҳолига пулли ёрдам кӯрсатилмайди?

Ривожланган давлатларни қӯя турайлик, ӯзимиз каби қолоқ ва қашшоқ давлатларга бир назар солиб қӯйсак ёмон бӯлмасди. Айтингчи, ана шундай давлатлардан қайси бири давлат ӯзи амалга ошириши керак бӯлган ишларга тадбиркорларни гӯёки “ихтиёрий” жалб қиляпти?

Тадбиркорларнинг ҳар бир фаолиятини, ҳатто рамазон ойида ӯзлари атаган эҳсонларини кимга, қачон ва қандай қилиб тортиқ қилишигача бӯлган ҳолларни давлат раҳбари белгилаб берса, у ҳолда Ӯзбекистонда тадбиркорларнинг косаси қачон оқаради?

Албатта, давлатнинг, ҳукуматнинг бу борадаги ташкилотчилик ишлари олдида бош эгган ҳолда, пандемия пайтида олиб борилаётган ҳозирги ҳаракатлар хусусида шахсий фикримизни билдирсак хато бӯлмас. Назаримизда ҳозирги ҳаракатлардан ӯзбек халқини коронавирусдан фориғ қилишда давлат улушидан кӯра халқнинг улуши катта бӯлмоқда. Халқ давлатга у қадар ишонч йӯқлиги сабабли жипслашишга мажбур бӯлмоқда.

Коронавирус пайтида халқни қӯллаб-қувватлаш учун биргина Алишер Усмонов 20 млн долларини хайрия қилди. Қайсидир депутат уйини сотиб пулини коронавирусга қарши кураш жамғармасига ӯтказиб берди. Бундай катта-кичик ҳайрия ва эҳсонларни амалга оширган тадбиркорлар, ишбилармонлар, давлатлар кӯп. Ӯзимизча, 900 минг доллар маблағ ажратган Дональд Трампдан “ҳеч бӯлмаса 1 млн доллар ажратмабди”, деб хафа бӯламиз тағин. Бироқ, Ӯзбекистон ҳукумати Ӯзбекистонда коронавирусга қарши кураш учун қанча маблағ ажратганини, умуман айтганда, маблағ ажратган ё ажратмаганини билмаймиз, ҳатто. Бироқ бутун дунё мана шундай оғир дамларда халқига пулли ёрдам кӯрсатаётган бир чоғда Ӯзбекистон ҳукумати ӯз халқига 100 сӯм пул ажратмагани ҳақиқатга яқин. Президентнинг селектор йиғилишидан кейин эса халққа бир тийин пул ажратилмаслиги аниқлиги яна бир карра аён бӯлди.

 Рўзибой Азимий

 

https://www.facebook.com/ruzibay.azimiy

Бўлишинг: