Иқтисоднинг солиштирма оғирлиги

       Talib yakubov

         Халқ матали. Подшоҳ Афандини мот қила олмай хуноб бўлиб юрар экан. Бир куни иккаласи ҳовуз бўйида суҳбатлашиб ўтирганда подшоҳ “Мот қилишим пайти келди”, деб кутилмаганда Афандига савол берибди: “Жаноб Афанди, шу ҳовузда неча пақир сув бор?”. Афанди ўйлаб ҳам ўтирмасдан жавоб берибди: “Шоҳим, пақирингиз ҳовуздай бўлса, бир пақир сув бор”.

Нега биз қўрғошин сувдан оғир, деймиз? Кимъё фанида моддаларнинг “солиштирма оғирлиги” тушунчаси бор. Бунинг учун икки хил моддадан бир хил ҳажмда нусха олинади ва иккаласи тарозуда тортиб кўрилади, қайси бири оғир бўлса бири иккинчисидан оғир ҳисобланади. Одатда, кимъё фанида солиштирма оғирликни аниқлаш учун 1 (бир) куб сантиметр ҳажм олинади. Сув ва қўрғошинни билган ҳар қандай инсон ангишвонадай келадиган бир куб сантиметр идишчаларга солинган сув ва қўрғошиннинг оғирлик сифати қўрғошинда бўлишини дарров тушунади. Билмаганлар сувдан бир пақир, қўрғошиндан бир ангишвона олинса, сув қўрғошиндан оғир, деб хато ўйлаши мумкин.  Юқорида келтирилган маталнинг қизиқ томони шунда-ки, солиштирилаётган идишлар (ҳовуз ва пақир)нинг бири (ҳовуз) ҳақиқий идиш, иккинчиси (пақир) ёлғон идишдир.

         Иқтисод ҳам шундай. Иқтисоднинг ҳам солиштирма оғирлиги мавжуд. Иқтисоднинг солиштирма оғирлиги бўлмаганда эди, Ўзбекистоннинг иқтисодини Қозоғистоннинг, Хитойнинг, ёки АҚШнинг иқтисоди билан солиштиришнинг имкони бўлмасди. Ўзбекистонда Ислом Каримов ва Акмал Саидовга ўхшаган, оғиз очгандан ёлғон гапирадиган одамлар бор. Бири ҳар йили Конституция куни арафасида Олий Мажлис минбаридан гапирганда мамлакат иқтисодининг баркамоллиги ҳақида гапиради, иккинчиси ҳар сафар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) ёки Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) минбарларидан гапирганда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бузилмайди, тергов органлари ва қамоқхоналарда қийноқлар умуман йўқ, сиёсий махбуслар бизда ҳеч қачон бўлган эмас, дея тингловчиларнинг қулоғига лағмон осади. Иккови ҳам фан доктори, бири иқтисод, иккинчиси – юриспруденция бўйича. Бири – сохта академик, иккинчиси – ҳозирча профессор. Икковида ҳам халқдан уялиш деган ҳис-туйғу йўқ. Иккови ҳам ёлғонни бўйинча қилиб кийиб олган. Шулар ҳақида гаплашайлик. Бу сафар Ислом Каримов ҳақида. Кейингиси, насиб этса, Акмал Саидов ҳақида бўлади.

         Иккита иқтисодни, масалан, Ўзбекистон ва АҚШ иқтисодини олайлик.  Бу икки иқтисод ва юқорида келтирилган маталдаги икки идиш (ҳовуз ва пақир) орасида қандай ўхшашлик бор? Юқорида айтилди: ҳовуз – табиий ва ҳақиқий идиш, пақир эса ҳовуздай келадиган нотабиий ва бўрттирилган идиш. Уни ҳатто пақир ҳам деб бўлмайди.  Табиий идиш ичида табиий маҳсулот (сув) бор, нотабиий идиш (пақир) бўш, ичида ҳеч вақо йўқ, бундай пақирдан ҳеч ким фойдаланмайди. АҚШ иқтисодига назар солсангиз маҳсулотга лиқ тўла ҳовуз сифатида кўз ўнгингизда намоён бўлади.  Япония иқтисоди ундан-да қизиқ. Бу мамлакатнинг денгиздан бошқа табиий ресурслари (бойлиги) бўлмаса-да, иқтисоди дунёда АҚШ ва Хитойдан кейинги учинчи ўринда. Коммунистик Хитой ҳаммасидан қизиқ. Бундан 35 йил аввалги Хитой раҳбари Дэн Сяопин мамлакатида иқтисодий ислоҳот бошламасдан илгари Хитойда ҳар куни ўнминглаб одам очликдан ўлган. 35 йил илгари бошланган ислоҳот нафақат бир миллиард учюз миллион аҳолини очликдан қутқарди, балки бу давлат иқтисодини юксаклиги бўйича АҚШдан кейинги иккинчи ўринга олиб чиқди. Бир вақтлар оч Хитой бугун космик кеталар учираяпти.

         Ўзбекистон коммунистик планли-буйруқбозлик иқтисоддан 1991 йилда қутилиши мумкин эди. Шундан ҳам 22 йил ўтди. Ўзбекистон табиий бойликлар (нефть, газ, олтин, уран ва ҳ.) бўйича Япониядан анча илгарида – японлар буларнинг барисини чет давлатлардан сотиб олади ва кемаларда ташиб келтиради. Японлар ҳар бир қарич ердан фойдаланишади, Ўзбекистоннинг бепоён ерлари шўр очиб ётибди, чўл ва саҳрога айланган. Чет элларда қаёққа қарасанг гурос-гурос бўлиб юрган япон ва хитойлик туристларни кўрасан. Чет элларда онда-сонда ўзбекистонлик туристлар ҳам учрайди, бироқ ватанида тирикчилигини ўтказа олмай чет элларга чиқиб кетган ўзбекларни ҳар қадамда кўрасан. 22 йил “ривожланиш” жараёнида Ўзбекистоннинг қишлоқлари ва бир қисм шаҳарлари XX-асрдан аввалги ва XX-асрнинг 70-чи йилларигача бўлган ҳолати –  кўмир, таппи-тезак, ғўзапоя, ўтин-чўп, гувала-лой ўчоқ, мой лампа, шамга қайтди. “Ўзбекистонда замонавий автомобиллар ишлаб чиқарилаяпти-ку, бу иқтисодимизнинг ютуғи эмасми?” дейдиганлар ҳам топилади. Жавоб оддий: Ўзбекистон автомобиль ишлаб чиқарМАЙли, у бошқалар ишлаб чиқарган автомобиль қисмларини ЙИҒАДИ, холос. Ўзбекистонда янги автомобиль лойиҳасини ўзи ишлаб чиқиб, ўз маҳсулотларидан ўзи автомобиль қисмларини тайёрлаб, автомобиль йиғадиган на инженер-техник ходимлар, на заводлар ва на ресурслар бор. Йўқ! Мустақилликдан олдин Ўзбекистонда Тошкент экскаватор заводи, Тошкент трактор заводи, Тошкент текстиль комбинати, Самарқанд холодильниклар заводи каби ўнлаб йирик корхоналар бор эди. Ҳозир улар ЙЎҚ!

         Ўзбекистон иқтисодини АҚШ иқтисоди билан таққослаб бўладими? Таққослаш учун бу икки иқтисоднинг солиштирма оғирлигига эътибор қилишимиз керак. Ҳозир 1$ = 2200 сўм. Сўм чиқарилган пайтда унинг долларга нисбатан курси қанча эди? Кимнинг эсида бор? Мен яхши эслайман: 1$ = 5 сўм эди. Демак, 19 йил ичида ўзбек сўми АҚШ долларига нисбатан 440 баробар  кучини йўқотибди, яъни қадрсизланибди.  Оддий тилда айтганда, шу давр ичида АҚШ иқтисоди маҳсулот тўла ҳовуздай сақланган ва ўсган, Ўзбекистонники эса шиширилган, бўрттирилган пақирдан бўм-бўш қолаверган. Қозоғистон билан таққосласа-чи? Ўзбекистон ва Қозоғистон ўз миллий валюталарини олдинма кейин чиқаришди ва бошида 1 (бир) сўм = 2 (икки) тенге эди. Ҳозир-чи? Тўғри топдингиз, 1 (бир) тенге = 14,3 (ўн тўрт сўм-у ўттиз тийин) сўм. Бунинг иқтисодий маъноси: 19 йил ичида Қозоғистон иқтисоди Ўзбекистонникидан салкам 30 баробардан кўп ўсган! Хулоса: Ўзбекистон ва АҚШ иқтисодлари солиштирма оғирликлари нисбати 1:440, Ўзбекистон ва Қозоғистон иқтисодлари солиштирма оғирликлари нисбати эса 1:30 экан.

         Ўзбекистон иқтисоди ҳақида гапирар эканмиз, яна иккита муҳим нарсага эътибор қаратишимиз лозим. Биринчисини муҳтарам ўқувчи мақоланинг олдинги абзацидан сезган бўлса керак. Мен доллар ва тенгенинг ўзбек сўмига нисбатан курсини Ўзбекистон Марказий банки курси бўйича олдим. Авторитар давлатларда доимо ёлғон гапирадиган нафақат давлат бошлиғи, балки яна икки ташкилоти – Марказий банк ва Статистика комитети – доимо ёлғон информация тарқатиш билан шуғулланади. Бироқ, валюталарнинг ҳақиқий курсини “қора бозор” аниқлайди. “Қора бозор”да АҚШ долларининг ўзбек сўмига нисбатан курси 3200 атрофида эканини мутахассислардан эшитганмиз. Ҳақиқий бозор курси бўйича Ўзбекистон ва АҚШ иқтисодларининг солиштирма оғирликлари нисбати 1:640 эканлиги кўринади. Иккинчиси  академик Ислом Каримовнинг совет ўтмиши билан боғлиқ. “Қуш уясида кўрганини қилади” деганларидай, совет тузуми шароитида шаклланган Ислом Каримов 1994 йилда ўзбек миллий валютаси “сўм”ни муомулага киритишда тангаларқоғоз пулларни худди совет тангалари ва қоғоз пулларининг номиналидай чиқартирди. Тез орада тангалар кўздан ғойиб бўлди, 1, 3, 5, 10, 25 ва 50 сўмликлар лўлининг иштонидек увадаси чиқиб кетди ва муомаладан йўқолди. Европа Иттифоқи “евро”сининг 1 сенти (1 “тийини”) чиқарилгандан бери муомаладан чиқиб кетган эмас.

         Тарих.  2-чи жаҳон урушидан кейин иқтисоди дабдала бўлган ғарбий Германияда иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар бошланди ва унга АҚШ ҳукумати бош бўлди, унинг оккупацион армияси эса ислоҳотларнинг изчил боришини кузатиб турди. Германиянинг қонунлар ишлаб чиқарувчи янги органи Бундестаг 2-чи жаҳон урушини келтириб чиқарган, ўнлаб миллион инсонларнинг ўлимига сабабчи бўлган нацистлар партияси (Германия национал-социалистик ишчилар партияси)нинг барча тирик қолган аъзолари давлат лавозимини эгаллаши мумкин эмаслиги ҳақида  қонун қабул қилди ва Германия бу қонунни изчиллик билан амалга оширди. Бу – ўта муҳим сиёсий тадбир эди. Иқтисодни тиклаш учун америкалилар Германияга машҳур банкир Жозеф Дожни олиб келдилар ва у кейинчалик дунёга машҳур бўлиб кетган “Дойче-банк”ни ташкил қилди. Оддий тилда айтганда, унинг ишюритиш усули ўта оддий эди. У “иш ташкил қиламан, иш ўринларини кўпайтираман” деган одамлар олдига битта шарт қўйди, холос: “фақат фойда билан ишласанг сенга ҳар қандай кредитни бераман, зарар билан ишласанг, бир чақа ҳам кредит олмайсан ва ишхонанг ёпилади”. 50-чи йиллар Германия тарихида юқори даражада ўсиш йиллари бўлди.

         2-чи жаҳон урушидан Япония иқтисоди ҳам дабдала бўлиб чиққан эди. Америкалилар Ж.Дожни Германиядан Японияга ўтқазишди. У ва унга ҳамфикр бўлган Япониянинг ўша пайтдаги Бош вазири ўзларининг ислоҳоти асосини: “Япония миллий бюджетининг 40% ни миллий маорифни ривожлантиришга сарфлайди” деб эълон қилишди. Бюджетдан маош олиб ишлайдиган бошқа соҳалар қатлами бу ислоҳотга кескин қарши бўлишди. Бош вазир чиқиш қилиб: “Бу ислоҳотнинг натижасини 20 йилдан кейин кўрасиз” деди. Шу ислоҳот туфайли Япония дунёнинг энг қудратли давлатларининг бирига айланди. Яна такрорлайман: халқни оммавий саводли қилиш, талантли (иқтидорли) ёшларни қўллаб-қувватлаш, фанга кенг йўл очиш – Япониядаги ислоҳотнинг асосини ташкил этган. Банкир Ж.Дож Тайваннинг дунёда ривожланган давлатлардан бирига айланишига ҳам катта ҳисса қўшган.

          СССР тарқаганда пайдо бўлган янги давлатлар орасида бели бақувватлардан бири Ўзбекистон эди. Бели бақувватлик нима? Бели бақувватликни давлатнинг ерости ва ерусти бойликлари, фани, олий ўқувюртлари, Фанлар Академияси, завод ва фабрикалари, унумдор ери ва, энг асосийси, меҳнаткаш халқи ташкил қилади. Буларнинг барчаси у ёки бу даражада Ўзбекистонда бор эди. Болтиқбўйи давлатлари (Литва, Латвия, Эстония)нинг денгизга чиқиш йўллари, ўрмон ва чорвачиликдан бошқа нимаси бор? Ҳеч нарса! Молдавиянинг ҳам вино ва олмасидан бошқа бирор табиий бойлиги йўқ. Грузия ҳам шу. Бироқ бу давлатлар халқларининг эркинликка интилиши СССРдан чиққан бошқа давлатлар халқларининг эркинликка интилишига қараганда таққослаб бўлмас даражада юксак эди. Раҳбарларни айтмай ҳам қўяқолай. Бу давлатларнинг иккитаси ҳозир Европа Иттифоқининг тенгкучли аъзолари, бошқа иккитаси Европа Иттифоқига кириш остонасида турибди.

         Мен мамлакат иқтисодини модернизация қилиш, унга янги куч-салоҳиёт бериш, халқнинг турмуш даражасини кўтариш, ишлабчиқарилаётган энергияни биринчи навбатда халқ эътиёжи учун сарфлаш, замонавий, рақобатбардош товарлар ишлабчиқаришни йўлга қўйиш ва турли хил масалаларни ўйлар эканман, доимо миямга бир фикр қайта-қайта келаверади: давлат раҳбари ва унинг энг яқин ҳамфикрлари халқини ҳеч бўлмаганда ҳурмат қиладиган, нияти тоза одам бўлиши керак! 1989 йилда биз сиёсий кураш майдонига чиққанимизда давлат мустақиллиги ватанимизга айнан шундай одамни тўҳфа қилади, деб ўйлар эдик. Мустақиллик халққа орқаси билан ўгрилди – у давлат тепасига Ислом Каримовни олиб келди. Тез орада у нафақат халқни ҳурмат қилмаслиги, аксинча, у ўзбек халқига нафрат билан қараши аён бўлди. Унинг биринчи қилган иши 1990 йил март ойида шаклланган ва таркибида демократик мухолифат бўлган парламентни айнан шу руҳдаги депутатлардан тозалаш бўлди: бирини қамади, бирини ўлдирди, бирини чет элларга чиқиб кетишга мажбур қилди ва ҳ.

         Ҳар қандай давлат иқтисодининг халқаро майдондаги обрў-эътиборининг асосий кўриниши унинг миллий валютасининг дунёдаги асосий валюталар (доллар, фунт-стерлинг, евро, рубль, иена, юань ва ҳ.) билан эркин айирбошлашидир.  Ислом Каримов шуни ҳам уддалай олмади, бу масалада Ўзбекистон иқтисоди Шимолий Қурия, Куба ва Африка қитъасидаги энг қилоқ давлатлар иқтисодлари қаторидан жой олган.  Илгари одамлар Ўзбекистонга иқлимни Худо берган дейишса тушунмас эдик.  “Британия қироллик географик жамияти”нинг бюллетенида ёзишича “Ўзбекистон минтақаси қуёш радиациясининг ҳажми бўйича НОЁБ иқлимга эга экан. Эскилар “Еримизга калтакни тиқиб қўйсанг ҳам кўкариб чиқади” деб бекорга айтишмаган экан. Ўзбекистон пилла етиштириш бўйича дунёда 3-чи ўринда туради (йилига тахм. 25.000 тонна) ва ҳеч қийналмай уни йилига 300.000 тоннагача чиқариши, яъни Хитойдан (йилига 500.000 тонна) кейин 2-чи ўринга кўтарилиши мумкин.  Битта асосий ташкил этувчи етишмайди: ўз халқини ҳурмат қиладиган, ақли расо раҳбар керак, холос. Бундай раҳбар халққа тўлиқ иқтисодий эркинлик беради, ўзининг ўғри, муттаҳам ва очкўз лавозимларини жиловлайди – қолганини халқнинг ўзи бажаради.

         Ҳар йили Конституция куни олдидан Ислом Каримов Олий Мажлиснинг сохта партиялари ва депутатлари олдида мамлакат иқтисоди ҳақида нутқ сўзласа менинг кулгим қистайди ва бир нарса эсимга тушади. Бундан 50 йиллар илгари Жиззахда жуда юпун кийинган, ёзин-қишин ялангоёқ юрадиган, оқ кўйлак-иштон кийган, бошяланг ва қотма бир чол пайдо бўлди. У қаерда пайдо бўлмасин унинг икки қўлида иккита катта бўш пақир бўларди. У югуриб юрарди, 50-100 метр югургач таққа тўхтарди (одатда кўлмак уюлган жойда) ва бир оёғини тиззадан букиб, бир оёқда турган ҳолда 5-10 минутлар чамаси пақирларни шақиллатиб ирғишлаб турарди. Кейин яна югуриб кетарди. Чол биров билан гаплашганини ҳеч ким кўрган эмас. У Жиззах ва Самарқанд орасида юрарди, холос. Ислом Каримовни мен шу чолга ўхшатаман: у ҳам бўш пақир кўтариб олган, йилда бир марта Олий Мажлисда бир соатча ўша бўш пақирларни шақиллатиб сакраб туради ва югуриб кўздан ғойиб бўлади. У ҳокимларни алмаштираётган пайтда ўша бўш пақирларни кўтариб вилоят марказларида ҳам пайдо бўлади ва ўша ерда ҳам пақирларини шарақлатиб (иқтисод ҳақида гапириб) ярим соат ўйин қилиб беради. Ўша чолга ўхшаб 24 йилдан бери у биров билан гаплашганини ҳеч ким кўрган эмас (Исмат Хушевдан бошқа дейилса тўғри бўлади).

         Мақоланинг сўнгида мен Ислом Каримовга мурожаат қилмоқчиман. Жаноб Ислом Абдуғаниевич! Сиз қўлингиздаги баҳайбат, нотабиий, ёлғон, ҳеч ким фойдаланмайдиган бўш пақирингизни қанчалик шақиллатиб югурманг у табиий маҳсулотга тўлиб қолмайди. Сиз ҳар сафар ангишвонага жой бўладиган Ўзбекистон иқтисодини бошқа мамлакатларнинг ичи маҳсулотга лиқ тўла катта ҳовуздай келадиган иқтисодидай қилиб кўрсатишга чиранманг. Иқтисоднинг солиштирма оғирлиги тушунчасини билган одамлар Сизнинг иддаоларингизга ишонмайди.

Бўлишинг: