1 августдан давлат боғчалари фаолиятига рухсат берилади

Давлат мактабгача таълим муассасалари 1 августга қадар ёпиқ бўлади. Аввалроқ боғчалар 1 июлдан очилиши кутилганди. «Яшил» ва «сариқ» ҳудудларда хусусий боғчалар фаолиятига 15 июндан рухсат берилган.

1 августдан давлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятига рухсат берилади. Бу ҳақда республика махсус комиссияси қарорида маълум қилинган.

«Давлат мактабгача таълим ташкилотларининг тарбияланувчиларни қабул қилишга пухта тайёрлаш, шу жумладан санитария-гигиеник қоидалар ва хавфсизлик чораларини тўлиқ таъминлаш мақсадида уларнинг фаолиятига жорий йилнинг 1 августидан бошлаб рухсат берилади», дейилади қарорда.

Бунда:

  • давлат мактабгача таълим ташкилотлари бинолари доимий равишда дезинфекция қилинади, уларга кириш-чиқиш жойлари пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион «тўшаклар» билан жиҳозланади;
  • ходимлар тиббий ниқоб ва тиббий қўлқопдан фойдаланади ва ижтимоий масофани сақлайди;
  • тана ҳарорати 37 даража ва ундан юқори бўлган ёки инфекция аломатлари мавжуд бўлган ходим ва тарбияланувчилар машғулотларга киритилмайди.

Комиссия қарорида 15 июндан «яшил» ва «сариқ» ҳудудларда нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятига рухсат берилгани эслатилиб, бунда мактабгача таълим ташкилотларида машғулотларни 15 кишидан ортиқ бўлмаган гуруҳларда ташкил этиш тўғрисидаги чеклов бекор қилинганини қўшимча қилган.

«Бунда, нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланувчилар ўртасида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган карантин чекловларига қатъий риоя этилиши бўйича масъулият мактабгача таълим ташкилоти маъмурияти ҳамда тарбияланувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар зиммасига бирдек юклатилади», дейилади хабарда.

https://kun.uz/news/2020/06/14/1-avgustdan-davlat-bogchalari-faoliyatiga-ruxsat-beriladi

Бўлишинг: