Ғ

ҒАЙРАТЛИЛИК – инсоннинг бирор фаолиятни амалга оширишдаги  шижоати, ўз куч-имкониятини тўлиқ сафарбар этиш, меҳнатни самарали ташкил қила олиш қобилиятини англатувчи тушунча. Ғ. инсонда фаоллик, қатъият, шижоат каби хислатлар мавжудлигини кўрсатади. Ғайратли одамлар: а) мақсадга эришмагунча тинмайдиган; б) эришилган натижа б-н чегараланмайдиган; в)  ҳар қандай ишни  аввалгидан ҳам кўра яхшироқ бажаришга ҳаракат қиладиган;  г) юксак натижаларга эришгач, қувонч ва мамнунлик ҳиссини бошдан кечира оладиган; д) стратегик ва қийин мақсадларни кўзлайдиган; е) енгил ва осон вазифалар б-н чекланмайдиган; ж) янги ва янада юксак натижаларга эришиб, ишини астойдил ва сидқидилдин олиб борадиган кишилардир. Ғ. шахснинг қадриятлари ва маълум фаолият турида муваффақиятга эришиши эҳтимолига ҳам боғлиқ. Демак, инсондаги Ғ. хусусияти юқорида келтирилган барча сифатлар б-н уйғун бўлиши шарт. Ғ.да  доимий шижоат, қатъият, шиддатлилик, ўз фикри ва ишида собитқадамлик мужассам бўлгани сабабли бундай сифатлар етакчи ёки раҳбар шахс фаолиятида намоён бўлади. Етакчининг Ғ.да  интилиш ва шижоат,  аниқ мақсад сари ҳаракат қилиш, ўз куч ва имкониятига ишонч каби сифатлар тажассум топади. Унинг Ғ. ўз билими ва имкониятига ишончини, ўзидаги заиф ва кучли томонларини аниқ била олиш, ўзидаги бор салоҳиятни муваффақиятга йўналтира олишни талаб этади. Бу эса мазкур шахс фаолиятининг самарадорлигини таъминлайди. Қатъият ва шижоатнинг ҳиссиёт б-н уйғунлашуви кутилмаган тезкор натижаларга олиб келиши мумкин. Физиологик жиҳатдан Ғ. шахснинг узоқ муддат давомида мураккаб вазифаларни бажаришга бардошлилик қобилиятини ҳам билдиради.  Шахсдаги Ғ.да унинг қуйидаги сифатлари ифодаланади: а) ташкилотчилик қобилияти; б) бошқа одамлар меҳнати учун раҳбар масъулиятини ҳис этиш; в) ташкилотчилик фаолиятига ички эҳтиёжи; г) ишларни бажаришда эмоционал кўтаринкилик ҳолатини ҳис этиш. Ғ. ҳар қандай ишда шахснинг фаоллиги, шижоати, шиддати, ташкилотчилигига таянар экан, бу  хислат нафақат бошқарувда, балки ўқув фаолиятида ҳам муҳим аҳамият касб этади. Ўқув фаолиятидаги Ғ., биринчи навбатда, инсоннинг ўқув фаолиятига киришиб кетиши ҳамда унинг бу борадаги ютуқлари, принциплари, қадриятлари, дунёқараши, эътиқодини билдиради.

ҒАЙРИАХЛОҚИЙЛИК — маънавий бузилиш оқибатида шаклланадиган, расман тан олинган ёки амалда мавжуд бўлган ахлоқ меъёрлари, баҳолар, анъаналар, хулқ-атвор намуналари мос келмайдиган кишиларнинг хатти-ҳаракати, хулқини англатувчи т. Ғ.х.ни белгилаш мезонлари мутлоқ ёки нисбий бўлиши мумкин. «Ёлғон сўзлама», «ота-онангни хўрлама», «зўравонлик қилма», «бировнинг жонига қасд қилма», «ўғрилик қилма», «бошқаларга ёмонликни раво кўрма” каби оддий ахлоқий мезонлар инсоният томонидан асрлар мобайнида ишлаб чиқилган, вақт синовидан ўтган ва умумэътироф этилган қадриятлардир. Ғ.х.ни белгилашнинг мутлоқ мезони ана шу тамойилларга асосланади. Маънавий мезонларнинг нисбийлиги эса турли жамиятларда яхшилик ва ёмонликнинг ҳар хил тушунилиши б-н боғлиқ. Инсон хулқ-атворида ғайриахлоқий деб тан олинган хатти-ҳаракат бошқа маданият ёки тарихий даврга тааллуқли меъёрлар, анъаналар, маънавий қоидаларга зид бўлмаслиги мумкин. Кишиларнинг ахлоқ меъёрларига зид, миллий ёки диний онг орқали шаклланган хулқи ҳам ғайриахлоқий деб баҳоланиши мумкин. Шунингдек, ахлоқий меъёрлар сиёсий ва мафкуравий тавсифда бўлган жамиятда (яъни, сиёсий мақсадлар ва ғоявий идеалларга мослари ахлоқий ҳисобланадиган жамиятда) умуминсоний ахлоқий мезонларга асосланган хулқ Ғ.х. сифатида баҳоланиши мумкин. Шунинг учун у танқидга ҳамда жамият томонидан рад этилишга маҳкум деб ҳисобланади.

ҒАЙРИОДДИЙЛИК (араб. ғайр — бошқа, ўзга; оддий — ҳар вақтдагидек) — табиат ва жамият ҳодисаларини инсон онгида акс этиш (гносеологик) жараёнларининг турли хусусият ва босқичларини ифодалайдиган фалсафий категория. Ғ. табиат ва жамият воқеа-ҳодисаларининг ҳали илмий тажрибада ўрганилмаган томонларини ифодалайди. Мас., ҳали фанда тўлиқ ўрганилмаган электромагнит майдон хоссалари, ер шарининг айрим нуқталарида айрим вақтларда магнит майдони кучининг (одатдагига нисбатан кўпроқ) ошиб кетиши ҳоллари, қуёшда содир бўлаётган магнит бўронлари натижасида вужудга келадиган иқлим, радиация шароитларининг кутилмаганда ўзгариш ҳолатлари ғайриоддий воқеликлар жумласига киради. Ғ. жамият тараққиётида ҳам (детерминизм ва эҳтимоллик қонуниятлари) учрайди. Мас., синергетика таълимотига биноан, табиат ва жамият тараққиёти узлуксиз янгиланиб туриш жараёнидан иборатдир. Бу жараён доим олдиндан режалаштириш, кўра билиш мумкин бўлган натижалар б-н тугамай, балки кўзланган мақсадлардан узоқ, кутилмаган, ғайриоддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Мас., техноген ва антропоген муаммолар воқеликнинг ғайриоддий ифодасидир. Ғ. инсон учун табиий бўлиб, яъни англаб олинган билимлар мантиқига мос келмайди. Шунинг учун ғайриоддий бўлиб туюлган воқеа-ҳодиса табиат ва жамиятда содир бўлса-да, уларни баъзан «ғайритабиий воқелик», «ғайритабиий қобилият», «ғайритабиий куч» ва ҳ.к. сифатида ҳам талқин этилади. Мас., Нострадамус, Вольф Мессинг, Ванга ва б.нинг табиий қобилиятини инсонлар учун одат бўлиб қолган фақат бугунги билимлар тажрибаси ва хулосалари ёрдамида тушунтириб бўлмайди. Биз учун ҳозирча «ғайриоддий» ҳисобланадиган воқеа-ҳодиса тўлиқ баҳо бериш учун инсон физиологияси, психологияси, интуитив билиш имкониятлари соҳасидаги билимларимизни янада чуқурлаштириш талаб этилади.

ҒАЛАМИСЛИК (араб. ғаламис) — кишилар муносабати ва уларнинг ҳолатига раҳна солувчи; ғийбат, фитна юритувчиликни англатувчи маънавий иллат.  Ғ. маънавий тамойилларга мос келмайдиган руҳий ҳолат, мақсадга эришишга тўсқинлик қилувчи амалдаги ёки тасаввурдаги тўсқинликнинг юзага келиши б-н ҳам ифодаланади. Ғ.нинг субъектив ҳолати изтиробли безовталиқдан иборат ҳиссий-салбий кечинма, хавотирлик, иложсизлик, жаҳл, ғазаб ва б. ҳисобланади. Ғ. қуйидаги натижаларга олиб келиши мумкин: тажовуз — инсонга, кишилар гуруҳига ёки бошқа мақсадга эришишга халақит берувчи тўсиққа нисбатан куч қўллашни намойиш этиш; хусусиятнинг патологик ривожи — уддалай олмаслик ҳиссининг пайдо бўлиши, мунтазам равишда ўзига ишонмаслик, шубҳа билан қараш; асабийлашиш, жазавали ҳолатлар, таназзул ҳолати. Муайян халқ ёки давлатни, бирон бир шахсни, унинг ютуқларини кўролмаслик, тинч ва барқарор ҳаётига раҳна солиш йўлидаги ҳхатти-ҳаракатлар ҳам Ғ. тарзида намоён бўлиши мумкин. Инсоният тарихида бундай ҳолатлар содир бўлиб туради. Мас., суғориш тизимининг атайлаб узоқ йиллар мобайнида нотўғри қўлланилиши натижасида қадимги Бобил давлатининг ералари ниҳоятда шўрланиб кетган, аста-секин у майда яшаш мумкин бщлмай қолгани, давлатнинг таназзулга юз тутгани маълум. Орадан икки ярим минг йил ўтса-да, бу ерлар ҳамон яшаш учун яроқсизлигича қолмоқда. Ёки ваҳобийларнинг Ғ.и туфайли бутун дунё мусулмонлари учун муқаддас ҳисобланган пайғамбаримиз қабрининг таҳқирланиши, салб юришлари, Европада ўрта асрларда христианликнинг софлигини сақлаш шиори остида ҳурфикрли кишиларнинг қатоғон қилиниши, собиқ иттифоқ давридаги қатоғонлар ҳам бунга яққол мисол бўлади. Бугунги кунда терроризм инсониятга катта таҳдид солмоқда. Жамиятда доимий қўрқув, фитна — Ғ. муҳитини вужудга келтириш, зўравонлик йўли билан унинг барқарорлигини бузиш, гуноҳсиз кишилар, жумладан, болаларнинг ҳалок бўлишига олиб келадиган сиёсий мақсаддаги ўлдириш ва портлашлар бу мудхиш ғоянинг асл моҳиятини кўрсатади.

ҒАРАЗГЎЙЛИК — маънавий иллат, манфаатпарастлик, бузғунчи мақсад йўлидаги хатти-ҳаракат,  пинҳона ва ошкора адоватни англатувчи тушунча. Ғ. инсонга хос салбий хусусиятлардан бири бўлиб, аксарият ҳолларда пинҳона кечадига руҳий ҳодиса. Ғ. туфайли ижтимоий турмушда соғлом муҳит бузилади, оқибатда кишилар орасидан дўстлик, диёнат, меҳр-оқибат кўтарилади. Унинг замирида кишилар бахт-саодатини кўролмаслик, ёмон ният, ғайирлик, ёвуз мақсад яширинган. Ғ. ўзбек тилига араб тилидан ўзлашган сўз бўлиб, этимологик жиҳатдан “манфаат” маъносини беради. Ғ.нинг зидди – беғаразлик, холислик, самимиятдир. Ғ. киши атрофдагиларга фақат шахсий манфаатдорлик  юзасидан муносабатда бўлади. Ғ.нинг объекти – ён-атрофдагилардан маълум бир киши ёки кишиларга қаратилган адоватли мақсад. Ғ. қилувчи маълум бир ниятини амалга оширмагунча ундан Ғ. асоратларини  топиш қийин. Чунки, Ғ. эгаси ўз ниятини ҳаммага ошкор қилмайди. Ғ. оқибатида пайдо бўлувчи мақсаднинг ёмонлигини ғаразгўй яхши билади. Ғ. нафақат ўзаро шахсий муносабатларга, балки  жамият турмуш тарзига ҳам салбий таъсир кўрсатади ҳамда кишилар ўртасига адоват, гина-кудурат, бегоналашиш, алал оқибат душманлик уруғини солади. Ғ.нинг жамият олдидаги ижтимоий моҳияти — шахсий манфаатпарастликдан иборат. Ғ. мавжуд жойда ривожланиш бўлмайди, у нафақат киши маънавиятини ғорат қилади, балки жамият турмушини орқага тортади. Шунингдек, Ғ. фақат ўзгаларга эмас, балки феъл эгасининг ўзига ҳам зарар келтиради. Чунки, ғаразгўй Ғ. туфайли бирор мартабага ёки маънавий-моддий фаровонликка эриша олмайди. Ғ. шаклидан қатъи назар улкан маънавий йўқотишдир. Ғ.ни бартараф қилиш асосан кишининг ўзига боғлиқ. Қолаверса,  ҳамроҳида, ҳамкасбида, қўшнисида, турмуш ўртоғида Ғ.ни сезиб қолган киши ўз вақтида ушбу феъл эгасини кимсалардан холи жойда огоҳлантирмоғи, ундаги  Ғ.нинг ўринсизлиги, бехудалигини таъкидлаши, биргаликда, оқиллик билан уни бу иллатдан воз кечишга даъват этади. Соҳибқирон Амир Темур ўгитларида таъкидланганидек: “Ғаразгўй, бузуқи ва ҳасадгўй одамларнинг вазирлар ҳақидаги уйдирмаларини эшитмасинлар, чунки бу табақадаги кишиларнинг душмани кўп бўлади, негаки, олам аҳлининг барчаси дунёталабдир. Агар вазирлар бундай одамларнинг кўнглига қарасалар, давлатга хиёнат қилган бўлурлар, қарамасалар, улар вазирларга душманлик қилурлар.” Халқимизнинг “Юрагида ғарази бор дўст душмандан баттар” деган мақолида ҳам ана шу иллатнинг моҳияти ифодаланган.    

ҒИЙБАТ — бировни камситиб, айбситиб, ёмонлаб гапириш, фисқ-фасод каби маънавий иллатни англатувчи тушунча. Маънавий меросимизда бировнинг ўзида мавжуд сифат унинг ортидан айтилса ва бу Ғ. қилинаётган одамга ёқмаса бу ҳам Ғ. дейилади. Мас., фалончининг бўйи калта, фистончининг боши катта ва ҳакозо. Ғ. – хиёнатнинг кўринишларидан бири. Ғ. – ғийбатчининг маънавий тубанлигини кўрсатувчи, инсонлар ва жамият учун зарарли бўлган, жамиятдаги тартиб-интизомни издан чиқарадиган ва инсонлар ўртасида меҳр-оқибатнинг йўқолиб кетишига сабаб бўладиган иллатдир. Авлоний таъкидлашича: “Ғийбат деб бир кишининг камчилик ва қусурини орқасидан сўйламакни айтилур. Ғийбатни сўйламак ҳаром ўлдиғи каби эшитмак ҳам ҳаромдур. Киши ўз нафсига лаззат умиди ила бировни ғийбат қилуб, этини чайнамак гуноҳ ҳам инсоният номина ярашмаган энг ёмон ахлоқи замималардандур”. Шарқ донишмандларидан Хаёлиддин Ҳасаний фикрича, Ғ. қабиҳ феъллардан биридир. Ғ. оз бўлса-да, келтирадиган зарари денгиз каби бепоён. Бирор кишининг орқасидан гапириш, айбини топиш, ёмонлаш, бола-чақаси, хотини, хулқи, бойлиги ҳақида бемаза гапларни гапиришнинг барчаси ғийбат ҳисобланади. “Қуръони Карим”нинг “Ҳужурот” сураси 12-оятида “…(Ўзгаларнинг айблари ортидан) жосуслик қилиб юрманглар ва айримларингиз айримларни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирон киши ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми?! Ана ёмон кўрдингизми?! (Бас, гуноҳи бундан-да ортиқ бўлган ғийбатни ҳам ёмон кўрингиз)!…” дейилган. Шунингдек, ушбу сура изоҳи мазмунида: “… ўзгалар ҳақида ёмон гумон қилиш, бировларнинг айбларини топиш учун орқаларидан жосуслик-айғоқчилик қилиб юриш каби ёмон иллатлардан мўминлар қайтарилганлиги, пайғамбар алайҳис-саломнинг “Ғийбат қилиш (бировни ноҳақ) ўлдиришдан-да ёмонроқдир” деганлари ҳақида баён қилинган. Амир Темур “Темур тузуклари”да таъкидлайди: “Қайси вазир ғийбат гапларни айтса, уйдирма гапларга қулоқ солса, ўзига ёқмаган кишиларни йўқотишнинг пайига тушса, уни вазирликдан тушириш лозим”. Ҳадисда ёзилишича, кимки одамларни ғийбат қилишдан тилини тийса, Тангри ҳам унинг нуқсонларини фош қилмайди. Ғ. б-н шуғулланувчи ҳар қандай шахс ўз қиёфаси, салбий хатти-ҳаракати б-н жамиятда, инсонлар ўртасидаги муносабатларда носоғлом муҳит пайдо қилади ва одамлар соғлиғига, улар ўртасидаги ўзаро муносабатларга салбий таъсир кўрсатади. Ғ. – қалбларга қилинадиган хиёнатдир. Инсон бошқа гуноҳларни нафсининг лаззати учун қиладур. Аммо ғийбат соҳиби лаззат ўрнига ўз бошига ёки бошқа бир кишининг бошига бало ҳозирлайдур. Чунки сўз боруб ғийбат қилинмиш кишининг қулоғига етар. Ғазаб қони ҳаракатга кирар. Ғийбатчидан ўч олмак фурсатини пойлар. Шундай қилуб, ғийбат соясида икки мусулмон орасига зўр душманлик тушар. Охири ўлумгача боруб тиралур. Шул тариқа ғийбатдан туғулган адоват чўзулмоқға оид бўлуб, душманлик зўраюб, ўз ораларидаги хусусий жанжаллар ила азиз умрларини уздируб, умумий халқ фойдаси учун ишланадурган миллий ишлардан маҳрум бўлмаклари ила баробар аҳолининг орасидан иттифоқнинг йўқолувига сабаб бўлурлар. Алҳосил, қайси бир миллатнинг орасида бирлик кўтарилуб, нифоқ ва адоват ҳукм сурган бўлса, ул қавмнинг инқироз дунёсига юзланганлиғи тарих саҳифаларидан маълумдур. Расули акрам лабиййи муҳтарам саллоллоҳу алайҳи васаллам афандимиз: “Ғийбатдан сақланингиз, ғийбат зинодан ҳам ёмонроқдур”, — демишлар.

ҒОЯ (араб. ғоят  сўзининг шакли) — ниҳоя, интиҳо, охир, поён ҳамда орзу, мақсад, ният, мурод, режа маъноларини англатувчи тушунча. Ҳозирги даврда Ғ. инсон тафаккурида вужудга келадиган, ижтимоий характерга эга бўлган, руҳиятга кучли таъсир ўтказиб, жамият ва одамларни ҳаракатга келтирадиган, уларни мақсад-муддао сари етаклайдиган улуғвор фикр маъносини англатади. Ғ. одамларни уюштириш, жамият ҳаётига бевосита таъсир ўтказа олиш  хусусияти билан фарқланади ва у иккига:  эзгуликка қаратилган – бунёдкор ва бузғунчиликка йўналтирилган – вайронкор ғоялардан иборат. Бу масалаланинг муҳим назарий асослари, бунёдкор ва вайронкор Ғ.ларнинг мазмун-моҳияти Президент И.А.Каримов асарларида кўрсатиб берилган. Ғоя бу муайян рўёлик (хаёлий образ) ҳақидаги фикр ёки тасаввур бўлиши ҳам мумкин. Шу маънода у фалсафа, психология ва б.фанларда қўлланади. Тушунчанинг бундан ташқари махсус, баъзи йўналишларга оид маъноси ҳам бор. Санъат ва фанда ғоя деб асарнинг бош фикри, назария ёки кашфиётнинг умумий тамойилига айтилади. Муайян тажриба натижалари ғояда  умумлашади ва билим шаклига айланади. Бу ҳолда Ғ. фақат мавжуд ҳолатнигина ифодаламайди, балки ривожланиш тамойилларини кўрсатади, келажакка ундайди. Ғ.нинг кучи ва таъсири унинг воқеликка қанчалик мос келиш-келмаслигига боғлиқ. Ғ.да ҳаёт, воқелик  қай тарзда ўзгариши ҳақида кўрсатма, кўзланган мақсад мужассам ва шу туфайли у йўналтирувчи кучга эга.  Ҳамонки жамият ўз ривожида ғояга муҳтож экан, ғоясиз жамият йўқ. Фақат икки жиҳатни эсдан чиқармаслик керак. Биринчиси шуки, жамиятда эзгу ғоялар устунлик қилмаса, ёвуз ғоялар бош кўтараверади. Иккинчи жиҳат шундан иборатки, агар жамиятда шу жамият  аъзоларининг манфаатларини ифодалаш, ҳимоя қилиш, йўналтириш, амалга оширишга қаратилган ғоялар  ўртага ташланиб, жорий   этилмаса, ўзгалар манфаатини кўзлайдиган ёт ғоялар кириб кела бошлайди. Инсон ҳаётида ҳам, жамият тараққиётида ҳам ғоялар муҳим ўрин тутади. Шу маънода, инсоният тарихи ғоялар тарихидир. Ҳар қандай миллат ва халқ, ҳар қандай ижтимоий тузум ва давлат муайян бир тамойиллар ва қадриятлар асосида ҳаёт кечиради ҳамда ўз манфаатлари, мақсад-муддаолари, орзу-интилишларини кўзлаб ҳаракат қилади. Бинобарин, улар ҳаётдаги маълум бир мафкурага таянади. Мафкура эса ғоялар асосида шаклланади. Инсон тафаккури воқеликни идрок этиш мобайнида турли фикрлар, қарашлар, ғоялар ва таълимотлар яратади. Бинобарин, Ғ.лар ҳам инсон тафаккурининг маҳсулидир. Лекин тафаккур яратган ҳар қандай фикр ёки қараш, мулоҳаза ёки нуктаи назар ғоя бўла олмайди. Фақат энг кучли, таъсирчан, залворли фикрларгина ғоя бўла олиши мумкин. Илмий адабиётларда ғоя, мафкура, идея ва идеология тушунчалари ишлатилади. “Идея” ва “идеология” кўпроқ Ғарб давлатларида ҳамда рус тилидаги манбаларда учрайди. Идеология (idea – ғоя, тушунча, logos – таълимот) атамаси эса ғоялар тўғрисидаги таълимотни англатади ва икки хил маънода ишлатилади: ғояларнинг мазмун-моҳияти, шаклланиши, аҳамияти тўғрисидаги билимларни ифодалайди ва илмий соҳа ҳисобланади; муайян ғояни амалга ошириш, мақсадга етиш усуллари, воситалари, омиллари тизимини англатади. Ғ.ларнинг оддий фикрлардан фарқи шундаки, булар гарчи тафаккурда пайдо бўлса-да, инсон (ва жамият) руҳиятига, хатто туб қатламларига ҳам сингиб боради. Ғ. шундай қувватга эгаки, у одамнинг ички дунёсигача кириб бориб, уни ҳаракатга келтирувчи, мақсад сари етакловчи руҳий-ақлий кучга айланади. Ғ. моҳиятан ижтимоий характерга эга. Муайян ғоялар одатда алоҳида олинган шахс онгида шаклланади, кейинчалик эса жамиятнинг турли қатламларига тарқалади, турли элатлар ва миллатлар орасида ёйилади. Мустақил ҳаётга қадам қўяётган янги авлод жамиятда мавжуд ғоялар таъсирида тарбияланади, муайян қарашлар ва ғояларни ўз эътиқодига сингдиради, ўз навбатида янги ғояларни яратади ва тарғиб этади. Ғ.лар ўз ибтидоси ва интиҳосига эга. Улар ҳам маълум маконда ва замонда пайдо бўлиши, жамият ривожига муайян ҳисса қўшиши, кишиларнинг онги ва қалбидан жой олиши, ўз умрини яшаб, жозиба кучи ва қувватини йўқотгач, тарихий хотирага айланиши мумкин. Ғ.га таъриф бериш учун унинг моҳиятини намоён этадиган асосий хусусиятларни санаб ўтиш лозим. Ғ.нинг энг муҳим хусусияти – инсонни ва жамиятни мақсад сари етақлайдиган, уларни ҳаракатга келтирадиган, сафарбар этадиган куч эканидадир. Ижтимоий онгнинг барча шакллари – илм-фан, дин, фалсафа, санъат ва бадиий адабиёт, ахлоқ, сиёсат ва ҳуқуқ – муайян Ғ.ларни яратади, уларга таянади ва уларни ривожлантиради. Маълум маънода айтиш мумкинки, ҳар бир онг соҳасининг ўз ғоялари мавжуд бўлади. Мазмуни ва намоён бўлиш шаклига қараб, ғояларни бир қанча турларга ажратиш мумкин. Мас., диний ғоялар; илмий ғоялар; фалсафий ғоялар; бадиий ғоялар; ижтимоий-сиёсий ғоялар; миллий ғоялар; умуминсоний ғоялар ва ҳоказо. Диний ғоялар — ҳар бир диний таълимот ва оқимнинг асосини, диний иймон-эътиқоднинг негизини ташкил этувчи ақидалардир. Ибтидоий динлар ҳар бир нарсанинг жонли экани, жоннинг абадийлиги, бут ва санамларнинг, табиий жисм ва ходисаларнинг илоҳий қувватга эгалиги тўғрисидаги қарашларга асосланган эди. Мас., ҳиндларнинг диний тасаввурларига кўра, жон кўчиб юради, бу ҳаётда у инсонда бўлса, кейинги ҳаётда бошқа жонзотга ўтиши мумкин. Илоҳларнинг кўплиги хақидаги фикрга таянадиган политеизм динлари вақти келиб монотеистик – яккахудолик ғояси асосидаги динларга ўз ўрнини бўшатиб берган. Яккахудолик ғояси миллий динларда (Мас., иудаизмда), айниқса жаҳон динлари – христианлик ва исломда ўз ифодасини яққол топган. Хусусан, ислом динида Аллоҳнинг ягоналиги ғояси асосида унинг барча ақидалари, рукнлари, талаб ва мажбуриятлари шаклланган. Илмий ғоялар – фан тараққиётининг самараси, илмий кашфиётларнинг натижаси сифатида пайдо бўладиган, турли фан соҳаларининг асосий тамойиллари (принциплари), устувор қоидаларини (постулатларини) ташкил қиладиган илмий фикрлардир. Ғояларнинг «ҳаёти», уларнинг пайдо бўлиши, ривожланиши, бошқа ғоялар билан ўзаро муносабати, кураши ва ниҳоят, эскирган ғояларнинг янгилари билан алмашиниши, айниқса, илмий ғоялар мисолида яққол намоён бўлади. Қадимги юнон файласуфлари табиий жисмларнинг энг кичик, бўлинмайдиган зарраси, деб «атом» тушунчасини киритган эдилар. Птолемей-Аристотелдан тортиб, ўрта аср Улуғбек астрономиясигача дунёнинг маркази Ер деб ҳисоблаб келганлар; Евклид геометрияси, Ньютон механикаси, Дарвин таълимоти ҳам ўз даврининг энг илғор илмий ғояларига асосланган эди. Илм-фан тараққиёти атомнинг бўлиниши, коинот маркази Ер эмаслигини ҳам ишончли далиллар билан исботлади; квант механикаси, ирсият назарияси ва бошка кўплаб кашфиётлар қилинди. Дунёга А. Эйнштейн, Н. Бор, Ф. Резерфорд, М.С. Кюри ва бошқаларнинг номларини машҳур қилган ядро физикаси соҳасидаги кашфиётлар ҳам илмий ғоялар асосига қурилган. ХХ асрда инсоният ниҳоятда кўп илмий ғояларни амалиётга айлантирди. Космик ракеталар, компьютер ва уяли телефонлар, телевидение ва бошқа соҳалардаги ютуқлар бунга ёрқин мисол бўлади. Фан тараққиёти узлуксиз ва чексиздир. Бу жараёнда амалиёт тасдиқланмаган, эскирган қарашлар янги илмий ғоялар билан ўрин алмашаверади. Фалсафий ғоялар — ҳар бир фалсафий таълимотнинг асосини ташкил этадиган, олам ва одам тўғрисидаги энг умумий тушунча ва қарашлардир. Улар бизни ўраб турган дунёни билиш жараёнида, кишилик жамиятининг тараққиёти мобайнида тўпланган билимларни умумлаштириш, инсон ҳаётининг маъно-мазмуни, унинг бахт-саодати каби масалалар юзасидан мулоҳаза юритиш асосида шаклланади. Инсоният тарихида турли халқларнинг ақл-заковат соҳиблари, доно файласуф ва илоҳиётчилари турфа хил ғоялар яратганлар. Аммо фалсафий ғоялар хақида гап кетганда, жаҳон фалсафий фикри ривожига беқиёс ҳисса қўшган ўзбек мутафаккирлари яратган меросни ёдга олмаслик мумкин эмас. Ал-Бухорийнинг ҳақиқий инсонлар, Ал-Хоразмийнинг илмий ғоялари, Форобийнинг фозил шаҳар тўғрисидаги, Ибн Синонинг тана ва руҳ муносабатига оид, Алишер Навоийнинг комил инсон хақидаги, адолат ва инсонийлик борасидаги теран фикрлари фалсафий ғояларнинг ёрқин намунасидир. Бадиий ғоялар – адабиёт ва санъат асарининг асосий маъно-мазмунини ташкил этадиган, ундан кўзланган мақсадга хизмат қиладиган етакчи фикрлардир. Улар ҳаётдан олинади, бадиий талқинлар асосида баён этилади, ўқувчида муайян таассурот уйғотади. Адабий қаҳрамонларни севиш, уларга эргашиш ҳоллари ҳам ана шу асосда рўй беради. Бадиий таъсир воситалари жуда катта кучга эга. Инсон ва жамият онгини ўзгартиришда, шахс руҳиятига таъсир ўтказишда, одамларни ҳаракат ва жунбушга келтиришда бадиий адабиёт ва санъатнинг аҳамияти беқиёсдир. Миллий ғояни тарғиб этиш, халқнинг онги ва қалбига сингдиришда ҳам улар муҳим воситадир. Ижтимоий-сиёсий ғоялар — ҳар бир халқ ва умуман башариятнинг орзу-умидлари, мақсад-муддаоларини ифодалайди, эркин ҳаёт ва адолатли тузумни ифодалайди. Озодлик ва мустақиллик, адолат ва хақиқат, тинчликсеварлик ва инсонпарварлик ғоялари шулар жумласидандир. Асрлар мобайнида бундай буюк, ўлмас ғоялар халқларга куч-қувват ва илҳом бағишлаб, уларни ўз эрки учун курашга сафарбар этиб келган. Озодлик ғояси – мазлумларни ўз эрки учун курашга чорлайдиган, қуллик ва қарамликнинг ҳар қандай кўринишини инкор этадиган ғоядир.

ҒоЯвий бўшлиҚ – муайян шароитда жамият, ундаги тоифа ва қатламларнинг онгида содир бўладиган ғоясизлик, мафкуравий вакуум ҳолатини англатувчи тушунча. Муайян ақидалар, фикр ва ғоялар замон танқидига учраганда ёки янги пайдо бўлган ижтимоий-сиёсий кучлар томонидан инкор этилганда, давр талабига жавоб берадиган ғоя ва мафкура тўла шаклланиб улгурмаган ҳолларда жамиятда Ғ.б. вужудга келади. Ғ.б.нинг юзага келиши чуқур ижтимоий-сиёсий, маънавий-психологик муаммо ва жараёнлар билaн боғлиқ. Ғ.б. у вужудга келган вақтгача маълум миллат, халқ, жамият ёки уларнинг таркибий табақаларидан бири онгида устувор аҳамиятга эга бўлган интилишлар, мақсадлар, орзу-умидлар, амалий ҳаракат асослари барҳам топган, инқироз маълум бир соҳада одамларнинг оммавий тушунчаси ёки ҳаракатига чек қўйган ва улар шу соҳада барча учун маъқул келадиган бирор-бир ғояга эга бўлмаган шароитда вужудга келади. Бундай шарт-шароит кўпинча давлат тузумининг алмашинуви, ички низолар авж олган ёки жамиятда ғайриинсоний  бошқарув тизими амал қилган вақтларда ҳосил бўлади. Шароитга боғлиқ равишда Ғ.б. давомли ёки қисқа муддатли бўлиши мумкин. Ғ.б.ни бир неча турларга бўлиш мумкин. Мас., маънавий Ғ.б. ҳолати жамият узоқ вақт ўз тарихий маънавий қадриятларидан ажратиб қўйилганда, жамият маънавиятига хорижий маънавий анъаналар катта салбий таъсир ўтказиши оқибатида бутун бир жамиятга хос маънавий қадриятлар парчаланиб кетганда юзага келади. Маданий, сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий, миллий Ғ.б.ларнинг ҳам ана шундай ўзига хос объектив сабаблари мавжуд. Ғ.б. жамиятдаги маълум бир соҳанинг яхши ривожланмагани ёки ривожлантирилмаётгани билан ҳам изоҳланиши мумкин. Мас., маълум бир жамият аъзоларида ташаббускорлик ёки тадбиркорлик хусусиятининг сустлиги ёхуд шу хусусиятларни намоён этишга йўл бермайдиган тўсиқларнинг ҳаддан ташқари кўплиги шу соҳада Ғ.б. ни келтириб чиқаради. Шундан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, маълум бир жамиятга хос Ғ.б. яхлит ҳам бўлиши, алоҳида йўналишлар билан боғлиқ ҳам бўлиши мумкин. Мас., техник жиҳатдан юксак тараққий этган жамиятнинг маънавиятида Ғ.б. бўлиши мумкин ва ҳ.к. Ғ.б. яхлит намоён бўлган жамиятлар қарамликка маҳкум бўлади, маълум соҳаларда Ғ.б. га дуч келган  жамиятлар эса ташқи таъсирга ён бериб яшашга мажбур бўлади. Шунга кўра мавжуд давлатлар доимо ўз Ғ.б. ларини беркитиш, ҳимоялаш, унга ёт ғояларнинг кириб қолишига йўл қўймасликка уринади. Бошқалари эса тарафдорлар ёки тобе ҳудудларни кенгайтириш мақсадида ўз ғояларини бошқа жамиятларга сингдиришга ҳаракат қилади. Одатда, янги ғоялар турлича таъсир кучига эга бўлади. Айрим гуруҳлар уларни жуда тез қaбул қилади, баъзи тоифаларнинг аввалги мафкуравий ақидалардан юз ўгириши ва янги ғояларни қабул қилиши эса қийин кечади. Ғ.б. пайдо бўлишининг яна бир манбаи – жамиятда бу соҳадаги  тарбиянинг етарли эмаслиги, мафкуравий жараёнларнинг ўз ҳолига ташлаб қўйилгандир. Aгар давлат ёки миллат, ижтимоий гуруҳ ёҳуд қатлам ўз манфаатлари, мақсад-муддаоларини аниқ-равшан ифода этадиган ғояларини кишилар, айниқса, ёш авлод онгига мунтазам сингдирмаса, Ғ.б. пайдо бўлади, ишонч-эътиқод сусаяди, мафкуравий таҳдидлар кучаяди. Ғояси йўқ, эътиқоди бўш одамлар эса, таъсирга тез берилувчан бўлиб, ўз йўлини йўқотиб қўяди.  Ғ.б., имонсизлик, манқуртлик жамият учун жиддий хавф солади. Агар Ғ.б. пайдо бўлса, сўзсиз унинг ўрнини шу халқнинг табиатига бегона турли хил мафкуравий ғоя ва қарашлар эгаллаб олиши ва ўз таъсирини ўтказиши муқаррар. Шунинг учун ўз келажагини ўйлаган ҳар бир давлат ва жамият Ғ.б. пайдо бўлишига йўл қўймаслик, эскирган ақида ва ёт қарашларни инкор этиш б-н бирга, илғор фикрлар, улуғвор мақсад ва эзгу орзуларни одамлар онги ва қалбига сингдиришга ҳаракат қилади. Миллий истиқлол мафкураси Ғ.б.қа йўл қўймайди, маънавий ҳаётни бутун халқ ва ҳар бир фуқаронинг манфаатига мос келадиган юксак ва жозибали ғоялар б-н бойитади. Бу, ўз навбатида, фуқароларда эртанги кунга ишонч ва келажакка умид ҳиссини мустаҳкамлайди. Президент И.Каримов Ғ.б. мазмун-моҳияти ва оқибатлари ҳақида тўхталиб, шундай ёзади: “… коммунистик мафкура ва унинг ахлоқ нормаларидан воз кечилганидан сўнг жамиятда пайдо бўлган ғоявий бўшлиқдан фойдаланиб, четдан биз учун мутлақо ёт бўлган, маънавий ва ахлоқий тубанлик иллатларини ўз ичига олган «оммавий маданият» ёпирилиб кириб келиши мумкинлигини унутмаслик керак. Табиийки, «оммавий маданият» деган ниқоб остида ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм ғояларини тарқатиш, керак бўлса, шунинг ҳисобидан бойлик орттириш, бошқа халқларнинг неча минг йиллик анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизларига беписандлик, уларни қўпоришга қаратилган хатарли таҳдидлар одамни ташвишга солмай қўймайди”.  (“Юксак маънавият – енгилмас куч”, 117-б.).

ҒоЯвий зиддиЯт – турли манфаат, мақсад ва интилишларни ифодаловчи ғоялар ва уларга таянадиган кучлар ўртасидаги қарама-қарши муносабатни ифодаловчи тушунча. Бундай зиддиятнинг замирида талаб-эҳтиёжлар, мақсад-муддаолар, уларни қондириш усуллари, йўллари ва воситаларининг ҳар хиллиги ётади. Озодлик, мустақиллик ва адолат ғоялари б-н босқинчилик, тажовузкорлик ва мустабидлик ғоялари ўртасидаги кураш бунинг ёрқин мисолидир. Инсон ва жамият бор экан, эзгу ғояларнинг қарама-қаршиси бўлган зулм ва зўравонлик, қабоҳат ва жаҳолат янги-янги шаклларда намоён бўлишга уринади. Лекин улар одамзотнинг адолат, тинчлик ва биродарлик, тараққиёт ва фаровонлик ғояларига таяниб, олий мақсадлар сари интилишини асло тўхтата олмайди. Ғ.з. ва курашлар тарихини ўрганиш шундан далолат  берадики,  неча минг йиллар  давомида эзгу ва тараққийпарвар ғояларга қарши қурол, куч, макр-ҳийла ишлатиб келинди. Қарам халқларга қуллик психологияси сингдирилди. Босқинчиларнинг динлари, қадриятлари зўрлаб татбиқ этилди. Эрк ва мустақиллик, адолат ва ҳаққоният ғоялари шафқатсиз равишда бўғиб қўйилди. Инсоният ўзлигини англай бошлаган ҳозирги замондагина ғоявий зиддиятларни демократия ва плюрализм тамойили асосида ҳал қилиш имкониятлари пайдо бўла бошлади. Мас., Президент Ислом Каримов томонидан юксак мафкуравий маданиятни мужассам этган ғояга қарши ғоя, фикрга қарши фикр, жаҳолатга қарши маърифат б-н курашиш ҳақидаги  тамойилнинг илгари сурилиши ана шу мақсадга йўналтирилган. Ғ.з.лар шу қадар кенг тармоқланишга эгаки, оқибатда унинг юзага келиши, тузилишини ифодаловчи ҳар қандай тизим нисбий характер касб этади. Ғ.з. тушунчаси алоҳида инсоннинг ички дунёси зиддиятларидан бошланиб, қитъалараро юз берувчи зиддиятли муносабатларни ҳам қамраб олади. Шунингдек, Ғ.з. “ғоявий кураш” тушунчасининг муқобили сифатида ҳам қўлланиб, ундан келиб чиқувчи қарама-қаршиликлар бирлиги ва кураши масаласи фалсафа фанида кенг ўрганилади. Худди шу каби ғоявий бирлик Ғ.з. нинг зидди ҳисобланади. Инсон онгида маълум бир ғоя ва унинг атрофида бирлашган фикрлар, худди шу инсон онгидаги бошқа бир ғоя ва унинг атрофида бирлашган фикрларга қарама-қарши келганда инсон шуурида, руҳиятида Ғ.з. пайдо бўлади ва бу зиддият улардан бири енгиб чиққандагина барҳам топади. Инсон муносабатларида Ғ.з.лар амалий фаолиятга туртки берувчи асос вазифасини бажаради. Таъкидлаш керакки, бугунги кунда давлатлараро сиёсий, минтақалараро иқтисодий, халқлараро ҳуқуқий, миллатлараро маданий, ҳудудлараро маънавий Ғ.з.лар глобал зиддиятлар даражасига кўтарилгани кўзга ташланади. Давлатлараро сиёсий Ғ.з.лар маълум бир давлат сиёсатида ишлаб чиқилган алоҳида ёки бир неча давлатларга муносабатни ифодаловчи ғояларнинг мазкур давлат ёки давлатлар ғоявий қарашларига қарама-қаршилиги, мос тушмаслигидан келиб чиқади. Шунингдек, маълум бир давлатнинг ўз ҳудуди, ўз жамияти учун ишлаб чиққан ғоялари, у билан амалий муносабатдаги бошқа давлатлар ички ва ёки ташқи ҳаётига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳолларда ҳам давлатлараро Ғ.з.лар пайдо бўлиши мумкин. Мас., маълум бир давлат ҳудудида яшаб келаётган бошқа давлат фуқаролари, ўзга миллат, ўзга дин, ўзга тил вакиллари эркинликларини чекловчи ғоялар сиёсий амалиётга татбиқ этилганда шундай ҳол юз берганлигини кўплаб давлатларнинг тарихий-сиёсий муносабатларида кузатиш мумкин. Миллатлараро маданий Ғ.з.лар маълум бир миллатга оид маданий анъаналарнинг бошқа бир миллат маданий анъаналарига таъсирининг ортиб бориши оқибатида юзага келадиган зиддият бўлиб, чуқурлашганда низоли жараёнларни вужудга келтириши мумкин. Тарихда бундай воқеалар ортида келиб чиққан фожиали оқибатлар кўплаб учрайди. Бугунги дунёда Ғарбнинг юксак техник маданияти ва Шарқнинг кўпроқ тарихий анъанавий маданиятга содиқлиги бу икки қутб мамлакатлари, халқлари орасида жуда катта маданий Ғ.з. ни ҳосил қилган ва унинг тинч йўл билан бартараф қилинмаслиги инсониятни ҳалокатга олиб борувчи сабаблардан бири ҳисобланади. Ҳудудлараро маънавий Ғ.з.лар маълум бир ҳудуд халқлари маънавий дунёқараши, анъаналари, қадриятлари, меросининг бошқа ҳудудларга таъсири яққол кучайганда вужудга келади ва бошқа муносабатларга ҳам таъсир кўрсатади. Мас., биргина диний эътиқод ёки буюкмиллатчилик омили тарихда жуда катта ва узоқ йиллик урушларнинг келиб чиқишига сабаб бўлган. Ёки маълум бир миллат маънавий қадриятлари, анъаналари, мероси динига қилинган тажовуз ёхуд тазйиқ жамиятда маънавий Ғ.з.ларни келтириб чиқаргани маълум.

ҒОЯВИЙ МУТААССИБЛИК  – тўғри деб ҳисобланган муайян фикр, ғоя, ақидадан бошқа ҳамма нарсани  нотўғри, ёлғон деб билиш, кўр-кўрона инкор этишга асосланган қараш ва амалиётни анлатувчи тушунча. Ғ.м. турли йўналиш ва эътиқоддаги кишиларга хос бўлса-да, улардаги умумийлик ўзга ғоя ва эътиқодни ёлғон ҳисоблаш, ўз қарашларини мутлақлаштириш, унга қўшилмаганларга қарши фаолият олиб бориш, уларни йўқ қилишга қаратилган ҳаракатларда яққол кўринади. Ўрта асрлардаги инквизиция,  баъзи Ғарб мамлакатларидаги неофашизм ғоялари тарафдорлари ҳаракатлари Ғ.м.ка мисол бўла олади. Собиқ Иттифоқдаги ҳукмрон мафкура ҳам   ана шундай жиҳатларга эга эди. Унинг ғояларидан ўзгача фикрлаган кишилар, Мас., диндорлар, маърифатпарвар зиёлилар, маданият, адабиёт, илм-фан  намояндалари, давлат арбоблари қатағон қилинган, фаннинг эса ҳатто бутун бир соҳалари ривожлана олмаган эди. Генетика, кибернетика, социология, политология, идеология  каби соҳаларга бу фанлар б-н боғлиқ мавзуларни тадқиқ этишга изн берилмагани фикримизга далил бўла олади. Ғ.м. мусулмонлар орасида ҳам бор. Баъзи мутаассиблар динни худди Пайғамбар алайҳиссалом даврларидаги каби ҳолатга келтириш керак, деса, бошқалари  ўрта асрлардаги халифаликни барпо қилиш керак, деган ғайриилмий қарашни илгари суради. Натижада ўз ғояларини амалга оширишга қарши чиққанлар диндан қайтганлар, динни бузаётганлар сифатида эълон қилиниб, уларга қарши курашиб, жисмонан йўқ қилишга ҳаракат қилинади. Ғоялар аслида ўз моҳиятига кўра ривожланувчан бўлади. Яъни илгари сурилган бир ғоя йўлида амалий натижаларга эришган инсонлар мантиқан шу ғояларнинг давоми бўлган, эришилган ютуқларни мустаҳкамловчи янги ғояларни ишлаб чиқади ва бу ҳолат узлуксиз давом этаверади. Бунинг акси ўлароқ, Ғ.м. тарихий ёки замонавий асосларга таянган маълум бир ғояга мустаҳкам ёпишиб олиш, унинг ривожини таъминламасдан, фақат шу ғоя бўйича эришиладиган натижалар билан чекланишни англатади. Шунга кўра, Ғ.м.нинг бир неча турлари фарқланади. Мас., алоҳида шахс ғоялари устуворлигида шаклланадиган Ғ.м. асосан давлат ва сиёсат арбоблари, дин, илм-фан намояндалари ғоялари негизида вужудга келади ва тарғибот учун шарт-шароит етарли бўлганда кенг тарқалиб, давлат, жамият ёки халқларнинг катта-катта гуруҳлари учун фалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин. Шахс ғоялари асосида вужудга келувчи Ғ.м., аввало, жамиятнинг қўйи табақаларини қамраб олади. Унга асосан давлат ва унинг сиёсатидан норози, шунингдек, давлат қонунларига биноан жиноятчи сифатида қайд этилган ва жазоланган фуқаролар эргашади. Маданий ёки маънавий нуқтаи назардан эса Ғ.м. маълум бир халқ ичидаги маданий, маънавий анъаналар, қадриятларни тушунмай, унинг ўрни ва аҳамиятини тасаввур қила олмайдиган инсонларни ўз атрофида бирлаштиради. Ғ.м. ни юзага келтирувчи бундай ғоялар маълум жамиятда пайдо бўлиб, унинг ўзида ёйилиши, бир ҳудудда пайдо бўлиб, ўзга ҳудудларда кенг тарқалиши ёки мустаҳкамланиши мумкин. Ғ.м.нинг гуруҳ ғояларига асосланган бошқа бир тури эса бундан ҳам хатарлироқ бўлиб, у бутун инсоният тараққиётига ҳалокатли таъсир кўрсатишга қодирдир. Маданий, маънавий, иқтисодий, сиёсий таъсир, айниқса, унинг четдан бўлиши Ғ.м. юзага келишида асосий омиллардан саналади. Ғ.м.ка қарши курашнинг энг самарали йўли аввало, унинг асосларини тўлиқ аниқлаб, улар қандай оқибатлар келтириб чиқариши мумкинлигини шу ғояларга эргашишга мойил инсонларнинг турли табақа ва тоифалар вакиллари яққол тарзда тасаввур эта оладиган, амалий, ҳаётий далиллар асосида кенг миқёсда тушунтириш ишларини олиб боришдир. Жаҳон халқларининг тарихий тараққиётида Ғ.м. ка кўп бор дуч келинган ҳамда бугунги кунда у глобал тус олмаган бўлса-да ҳозирги даврда турли тамаддун ва жамиятлар ўртасидаги муносабатларда кўзга ташланаётган муаммолар келажакда Ғ.м.нинг авж олишига шарт-шароит яратиб бериши эҳтимолдан холи эмас. Ғ.м.нинг акси ғоявий тараққиёт, маърифат, ҳурфикрлилик бўлиб, унинг асосида кишиларнинг қалби ва онгига эзгулик, ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, тотувлик тушунчаларини сингдириш ётади.

Ғоявий парокандалик – жамият, халқ, ижтимоий қатламларнинг ўз мақсадларини аниқ-равшан белгилаб олмагани, орзу-интилишлари ва манфаатларини ифодаловчи мафкура яратилмагани сабаб ижтимоий онг ва маънавий ҳаётда юзага келадиган ғоявий бошбошдоқлик, беқарорликни англатувчи тушунча. Ғ.п. одатда муайян сиёсий тизим ўз ҳаётини тугатиб, бир тузумдан бошқасига ўтилаётган, ижтимоий сиёсий қутблашув ва зиддиятлар кучайган, жамият турли табақаларга бўлиниб, ҳар бир ижтимоий-сиёсий куч ўзининг тор манфаатлари доирасида ўралашиб қолган вазиятларда рўй беради. Бу ҳолат жамиятнинг янада тарқоқлашуви ҳамда бир-бирига душман тарафларга ажралиб кетишга олиб келади. Мамлакатда ички зиддиятлар кучайган, қатлам, тоифа, миллий-этник бирликлар ўртасидаги қарама-қаршилик зўрайган ҳолларда ҳам ана шундай ҳол рўй беради. Мас., собиқ иттифоқ бошқарув қобилиятини йўқотган бир шароитда Ўзбекистонда миллий мустақилликка интилиш ҳаракати оммавий тус олди, миллий давлатчилик ғоялари бутун мамлакатни қамраб олди. Лекин шунга қарамай, мамлакатдаги мустақил давлатчиликка оид ғоялар жамиятдаги қатламларда ҳар хил ифодаланмоқда эди. Бунинг сабаби, Юртбошимиз таъкидлаганидек, “янгича сиёсат юритиш, янгича фикрлаш ғоят мураккаб ва бу бир кунда ҳал бўладиган иш эмас”лигида эди. Чунки, бу даврда собиқ иттифоқдаги турли қатламларининг вакиллари турли ғоявий йўналишларни ифодалар, бу ғояларга эргашувчилар барча ҳудудларда мавжуд бўлса-да, сийрак ва аралаш ҳолда эди. Мазкур ғоялар аксарият ҳудудлар аҳолиси манфаатлари ёки дунёқарашларига мос келмас, асосийси, халқ Ғ.п. кайфиятида эди. Чунки эртага нима бўлишини ҳеч ким тасаввур эта олмас, шунинг учун ҳам аҳоли қандай мақсад ёки ғояни ҳимоя қилишни аниқ англаб етмаган эди. Бунинг асосий сабабларидан яна бири – республикалар раҳбариятига нисбатан собиқ марказнинг турли тазйиқ ва хуружларининг рўй бериб туриши эди. Бутун бир иттифоқ тарихида партия раҳбарларининг фаолияти, фикр-мулоҳазалари ва кўрсатмаларини юксак баҳолаш анъанаси асосида яшаётган халқнинг баъзи тоифаларига ҳали ҳам марказнинг турли хуружларидан ҳадиксираш, иккиланиш кайфияти йўқ эмас эди. Хуллас, мустақиллик арафасида жамиятдаги турли ижтимоий қатламлар дунёқарашида ижтимоий тузум, тартиб, мафкура, давлат бошқарувини ташкил этишга доир турли ғоявий қарашлар пайдо бўлди ва бу Ғ.п.ни кучайтирди. ХХ асрнинг 80-йиллари охирларида Ғ.п. кучайиб, бу ғоявий йўналишлар борган сари кўпроқ одамларни ўзига жалб эта бошлади. Собиқ иттифоқ тузуми таназзулга учраган бир пайтда халқ ўртасидаги ижтимоий жонланишнинг оломончилик характери ва турли тартибсизликлар бошқарув тизими, унинг турли қуйи поғоналардаги раҳбарлари, маҳаллий бошқарув органлари раҳбарлари фаолиятида Ғ.п. пайдо бўлишига олиб келди. Cобиқ иттифоқ ҳукмронлигининг сўнгги даврларида, шунингдек, миллий мустақиллик ва миллий давлатчилик ғоялари халқнинг барча қатламлари орасида кенг ёйилмаган, ҳали миллий мустақиллик мафкураси шаклланмаган, иқтисодий бўҳронлар авж олган бир даврда жамиятдагги Ғ.п.ни белгилаб беришга шарт­шароитлар туғдирган омиллар асосан қуйидагилардан иборат эди: коммунистик партия ғояларини бошқа барча ғоялардан  устун қўйиш; бошқарувнинг маъмурий­буйруқбозлик усулининг устуворлиги; миллий анъаналарга эскилик сарқити сифатида қараш; диний тарбиядан узоқлашиш, бирданига диний эркинлик берилиши; бошқарув ва ишлаб чиқаришдаги кўзбўямачилик, ижтимоий боқимандалик ва раҳбарлар ўртасида коррупциянинг кучайиши; раҳбар кадрлар танлашнинг шахсий муносабатлар асосида амалга оширилиши; кадрлар ўртасидаги масъулиятсизлик, давлат мулкини талон-тарож қилишга мойиллик ва бошқарувдаги лоқайдлик; раҳбар кадрлар ўртасидаги қариндош­уруғчилик, ошна-оғайнигарчилик, миллий айирмачилик. Турли мафкуралар ўртасидаги тўқнашувларнинг авж олиши, собиқ марказнинг буюк давлатчилик руҳидаги тоталитар ғояларининг давом этиши, турли экстремистик гуруҳларнинг интилишлари оқибатида дунёвий давлатчилик тамойилларини сақлаб қолишга нисбатан таҳдиднинг пайдо бўлиши; фуқаролар ўртасида авж олган маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик; мамлакат ривожланишининг стратегик мақсад ва вазифаларини кенг миқёсда ёритиб, тушунтириб берувчи умуммиллий тараққиёт дастурининг тўла ишлаб чиқилмаганлиги, истиқболга доир аниқ тасаввурларнинг шаклланмаганлиги; эски тузумда шаклланган тузилмалар фаолиятининг давом этиши шулар жумласидандир. Умуман, ХХ асрнинг 80-йиллар охири – 90­йиллар бошида жамият дунёқараши, шу дунёқараш асосидаги фаолиятни ташкил этиш масаласи маълум бир тизимга солинмаган, жамиятдаги табақа ва тоифаларнинг ғоявий мақсадлари турли-туман бўлиб, айни вақтда турли манфаатлар асосида фаолият олиб борар эди. Тарихдан маълумки, Ғ.п. туфайли давлатлар ва халқлар қарамликка, иқтисодий ва мафкуравий исканжага тушиб қолади, таназзул ва тушкунликка йўлиқади. Жамиятдаги барча қатлам ва гуруҳларни умумий мақсадлар ва туб манфаатлар йўлида бирлаштирадиган ягона, умумхалқ мафкурасигина Ғ.п.ка барҳам беради. Президент И.А.Каримов раҳбарлигида мустақилликнинг дастлабки йилларида ишлаб чиқилган мамлакатнинг тараққиёт модели, унинг стратегик ва тактик тамойиллари, миллий ғоя ва миллий истиқлол мафкураси таълимоти Ўзбекистоннинг барқарор тараққиёти, юртимизда ҳуқуқий демократик давлат ҳамда фуқаролик амиятини барпо этиш мақсадига хизмат қилиб келмоқда.

ҒоЯвий тажовуз  — муайян бир жамият ёки миллат, ижтимоий қатлам ё гуруҳ онги ва руҳиятига ташқаридан ўтказиладиган мафкуравий таъсир, бегона ва ёт мақсад-манфаатларга хизмат қиладиган ғоявий босқинчилик. Тарихда ғоявий тажовуз  ҳарбий истило, сиёсий тазйиқ ва иқтисодий исканжа чоралари б-н боғлиқ ҳолда олиб борилган. Мас., Александр Македонский Ўрта Осиё халқларини босиб олар экан, уларни итоатда тутиб туришни ўйлаб, катта Ғ.т. амалга оширган. Берунийнинг гувоҳлик беришича, у биринчи бўлиб ерли халқнинг мўътабар китоби “Авесто”ни тортиб олиш ва умуман, саводли, илмли маҳаллий ҳаоли вакилларини бутунлай йўқ қилиб ташлашга буйруқ берган эди. Негаки, эзгулик ва ёвузликнинг нимадан иборат эканлигини ажратиб берувчи, тушунтирувчи ва амалий ҳаётга жорий этувчи китоб – конституцияни қандайдир қонунлар мажмуасига эмас, ҳар бир кишининг онгли фикрлаш тарзи, мафкурасига айлантирган халқ устидан узоқ вақт ҳукмронлик қилиш мумкин эмаслигини, бу халқни манқуртга айлантиришда унинг ана шу ғоявий-мафкуравий асосларини йўқотмасдан иложи йўқлигини у яхши билган. Аммо унинг ўйлагани кутилган натижага олиб келмаган. Ёвузликларни ёмон кўрган ва ундан озод бўлиш эътиқодига содиқ бўлган халқнинг қўлидан китоби кетса ҳам дилидан ишончи ва фикри, онгидан мафкураси ўчмаган. Бу эса эркинлик учун сўнмас кураш оловини ёқиб юборган. Шунинг учун македонлар ўша даврда халқни фақат ҳарбий қудрат орқалигина ушлаб тура олганлар. Аммо бу кучнинг секин-аста сусайиши ва халқ ҳаракатининг борган сари фаоллашиб бориши тез орада босқинчи улар ҳукмронлигининг барҳам топишига олиб келган. Ғоявий-мафкуравий дунёқарашнинг кучлилиги маҳаллий халқни македонлар таъсирига эмас, македонларни маҳаллий халқ таъсирига тушира олган. Бунда якка шахслар ҳам роль ўйнаган бўлса-да, жамият руҳияти – ғоясининг ягона нуқтада бирлашиши — озодлик учун кураш энг муҳим ҳамда асосий омил сифатида хизмат қилган. Мўғуллар истилоси ғоят даҳшатли тус олиши, ерли халқнинг кўпгина қисми қирилиб кетишига қарамасдан, уларга қарши курашнинг ғоявий-мафкуравий усулидан фойдаланиш яна Осиё халқлари ғалабасини таъминлаганди. Бир ғоя ёки тамойил атрофида бирлашиб, уни сидқидилдан ҳурмат қилиб, ҳаётда унга эргашаётганлар сафида туриш ва уни амалга ошириш учун ўз ҳаёти, фикри ва фаолияти билан иштирок этиш – «миллий мафкура миллатни бирлаштирувчи байроқ»нинг мавжудлиги (бу даврда диний ва миллий қавмдошлик халқни бирлаштирган ғоянинг бош омили бўлди) мўғулларнинг ўзини ана шу халқ ичига  сингиб, ўзлашиб кетишига замин ҳозирлаган. Бунда халқ ғоявий бирлигининг таянч кучларидан бири – тасаввуф таълимоти, унинг бирлаштирувчи ғоялари ҳам жуда катта аҳамиятга эга бўлган. Минг йилдан зиёд давр мобайнида халқимизнинг қалб мулкига айланган ислом дини ўз моҳиятига кўра инсониятни эзгуликка чорлаш ғояларини ифода этса-да, биз яшаётган минтақага у аввало қурол кучи билан олиб келинган. Араблар ҳам Ўрта Осиёга бостириб кирганларида ҳар жиҳатдан, жумладан, дунёқараш жиҳатидан ҳам озодликни жуда севувчи, шунингдек, ҳар қандай халққа ўз ғоявий таъсирини кўрсата олувчи, курашлардан қайтмас халққа дуч келганди. Улар бу халқни қурол кучи билан узоқ вақт тутиб тура олмасликларини англаб етгач, қандай бўлмасин, аввало, халқ мафкурасининг негизини ташкил этувчи асосий омил – диний эътиқодни ўзгартириш, миллий урф-одат ва маросимларни ўзлариники билан алмаштиришга ҳаракат қилганлар. Бу Ғ.т. бутун халқни араб маданияти таъсирига тушишига, кейинчалик тўлиқ араблашиб (миллат сифатида бўлмасада моддий ва маданий ҳаёт тарзига кўра) кетишга олиб келиши керак эди. Жамият ҳаёти ва йўналишини ўзгартиришда тил омили ҳам муҳим ўрин эгаллаган. Араб тилининг давлат тилига айлантирилиши, биринчидан, бошқарувда қулайликни вужудга келтирган, иккинчидан халқ мафкурасини ўзгартиришда алоҳида аҳамият касб этган. Ижодкорлик, барча ёзув-чизув ишларининг шу тилда юритила бошлаши араблар назарида ўз-ўзидан халқ дунёқарашини ўзгартириши, уни араблар асослаган йўлга солиб юбориши лозим эди. Бу соҳада яна бир энг муҳим омил дин эди. Аммо халқимиз исломни ўзининг қадимий анъаналари, урф-одат ва маросимлари, тафаккур тарзи билан бойитган ҳолда ўзлаштирди, динга сингиб кетмади, уни ўз дунёқарашига мувофиқлаштириб қабул қилди. Икки маданиятнинг бирикуви натижасида минтақада катта уйғониш даври вужудга келди. Тафаккур хулосаларини  амалда жорий этишга иштиёқманд, табиатида бу нарса ёрқин акс этиб турувчи ерли халқ ислом ғоялари таъсирида ўз зеҳниятида (менталитетида) янги ўзгариш ясади ва фанда ҳам, маданият ва маънавиятда ҳам араблар таъсиридан қутулиб, аксинча, уларни ва ҳатто Европадаги бошқа халқларни ҳам ўз таъсир доирасига тортди. Мас., Ибн Синонинг “Тиб қонунлари”  Европа университетларида асосий дарслик сифатида эътироқ этилган, ал-Хоразмийнинг фани алгебра, Улуғбекнинг астрономия фанига қўшган буюк ҳиссасини назарда тутсак, ўша даврда халқимиз тафаккури, дунёқараши, ғоявий жиҳатдан қанчалик илгарилаб кетганининг гувоҳи бўламиз. Хуллас, Ғ.т. дан босқинчиликни оқлаш, мустамлака ва қарам халқларни мафкуравий асоратда сақлаш мақсадида фойдаланилган. Ғ.т.нинг муҳим хусусиятлари — ҳақиқатни сохталаштириш, тарихни одамлар хотирасидан ўчириш, умуминсоний қадриятларга беписандалик иборат. Ғ.т. алдаш ва макр б-н, айниқса ёшларни ота-онасига, жамиятга қарши қўйиш, хиёнат ва сотқинликни фидойилик деб кўрсатиш тарзида ҳам намоён бўлади. Ҳозирги замонда юз бераётган глобаллашув жараёнлари Ғ.т.нинг шакл ва йўналишларига ҳам ўзгартишлар киритмоқда. Ҳарбий қурол кучи б-н ўз ғaразли мақсадларига етишиш имкониятидан маҳрум бўлган экстремист ва террорчи гуруҳлар тобора Ғ.т. йўлига ўтмоқда, унинг янги, янада хавфли усул ва воситаларидан фойдаланмоқда. Бундай тажовузга фақат умуминсоний ғоялар ва демократик тамойилларга асосланган соғлом мафкура б-н қарши тура олиш мумкинлиги тобора аён бўлиб бормоқда.

ҒОЯВИЙ ТУРҒУНЛИК – муайян мафкура тизимидаги такомиллашиш ва янгиланиш жараёнининг тўхтаб, мафкуравий ақидаларнинг реал ҳаёт, амалиётдан узилиб қолиши. Маълумки, ҳар қандай мафкура муайян ижтимоий қатлам, миллат, давлат, жамиятнинг эҳтиёжлари, манфаатлари, мақсад-муддаолари, орзу-интилишлари ҳамда уларни амалга ошириш тамойилларини ўзида мужассам этадиган тизимдир. Жамият тараққий этар экан, бу тизим ҳам  такомиллашиб, янгиланиб бориши лозим. Шундагина у ҳаёт  талаблари, ижтимоий тараққиёт қонунларига жавоб бера олади. Акс ҳолда, у янги замон реалликларига мос келмай ҳолади ва тарих саҳнасидан тушиб  кетади.  Коммунистик  мафкуранинг тақдири бунга мисол бўла олади. Демак, мафкуранинг ижтимоий ҳаётдан узилиб қолиши жамият тараққиётига тўсиқ бўлади ҳамда Ғ.т. ҳолатини келтириб чиқаради.

ҒоЯвий Қарамлик – миллат, жамиятнинг ўз манфаатлари ва мақсадларига мос келмайдиган, унга зид бўлган ғоявий оқимларга боғлиқлиги, ёт ва бегона ғояларга бўйсунишини характерловчи ҳолат. Ғ.қ. ғоясизлик, ғоявий бўшлиқ ёҳуд парокандалик оқибатида келиб чиқади. Шунингдек, Ғ.қ. давлат бошқаруви ва ички сиёсат билан боғлиқ равишда ички характерга хам эга бўлиши мумкин. Мас., бошқарув шакли авторитар бўлган ҳолларда бошқарув тизими  умумий ғоявий мақсадларни бошқаришни ўз қўлига олади ва кўпчилик бошқарув тизими гуруҳи ғояларига эргашишга мажбур бўлади. Бунда мантиқан кўпчиликка хос ғоявий мақсадлар озчилик томонидан ишлаб чиқилган мақсадларга мажбуран сингдирилади ёки кўпчиликнинг ғоявий мақсадлари сунъий равишда бўғиб қўйилади. Натижада, жамият, давлат фуқароларининг ғоявий жиҳатдан авторитар тузумга қарамлиги вужудга келади. Жамият, давлат фуқароларининг ўз тузумларига қарамлиги кўп холларда давлатнинг ичдан бузилишига замин ҳозирлайди. Монархия тузумида монарх, тиранияда тиранлар ва уларнинг ҳукуматларига Ғ.қ. тарихий давлатларда кўп бор кузатилган. Ғ.қ. ни замонавий демократик давлатларда ҳам кузатиш мумкин. Бугунги айрим ривожланган демократик давлатларда сиёсий элита ёки бошқа асосий таъсир кучига эга бўлган элитар табақалар давлат ёки жамиятнинг ғоявий мақсадларини бошқаришда муҳим ўрин тутади. Улар томонидан ишлаб чиқиладиган турли стратегик мақсадлар, аввало, ўз фуқароларини шу мақсадга қаратиб олишни кўзда тутади. Мас., ўтган аср ўрталарига қадар француз жамиятида айрим Африка мамлакатлари албатта Франциянинг мустамлакаси бўлиши керак, деган қараш устувор бўлган эди. Ўтмишда Франция сиёсий элитаси томонидан ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилган бу ғоявий мақсад кўп йиллар давомида бутун француз жамиятини ўз таъсирига тортиб, Ғ.қка туширган эди. Шу жиҳатдан олиб қараганда Ғ.қ.нинг минтақа, ҳудуд, давлат, жамият, миллат, ирқ, табақага мансуб умумжамиятга хос кенг, сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий, маданий, маънавий каби жамият ҳаётининг айрим соҳаларига мансуб ўртача, санъат, ижод ёки бошқа касбий характердаги муносабатлар билан боғлиқ кичик турлари кузатилади. Ғ.қ.нинг бундай турлари кўп ҳолларда кўпчилик томонидан эркин тарзда қабул қилинади, яъни жамият буни Ғ.қ. деб ҳисобламайди ва шу билан мазкур ғояни тарғиб қилувчи манфаатдор синф ёки гуруҳлар мақсадларини қўллаб-қувватлаш вазифасини бажаради. Америка тарихида қора танли ва қизил танли аҳолига нисбатан олиб борилган сиёсатда оқ танлилар ёки европаликлар ана шундай тарзда Ғ.қ.ка туширилган эди. Аммо ўтган асрнинг ўрталарига қадар жамият буни ғоявий қарамлик деб ҳисобламасди. Ғ.қ. нинг бундай тури собиқ иттифоқ ва унинг таркибидаги иттифоқдош республикаларда ҳам кузатилган. Айни шу муносабатларда ирқ, миллат билан боғлиқ Ғ.қ. ни ҳам кузатиш мумкин. Шунга кўра Ғ.қ. бир вақтнинг ўзида бир неча турда мавжуд бўлиши, айни вақтда, жамиятнинг ҳам қўллаб-қувватловчи, ҳам қарши турувчи гуруҳларига хос бўлиши мумкин. Бундан ташқари, бугунги кунда кўзда тутилган маълум жамият, давлат ёки минтақани Ғ.қ.ка туширишга интилишларни баъзи ривожланган давлатларнинг стратегик режалари таркибидан ўрин олганини яққол кузатиш мумкин. Ғ.қ.нинг юзага келишига ташқаридан ўтказиладиган мафкуравий таъсирлар энг асосий сабабдир. Тарихда Ғ.қ. асоратига туширилган, мустамлакага айлантирилган халқларнинг ўз маданияти, тили ва динидан узоқлашишга, уларни унутишга сабаб бўлган. Вақт ўтиши б-н шу халқнинг илғор вакиллари, фидойи фарзандлари, ҳатто ўз жонини қурбон қилиб бўлса-да, озодлик ва мустақиллик учун курашган, қарамликнинг ҳар қандай кўринишига қарши оммани қўзғатган. Ҳозирги глобаллашув шароитида Ғ.қ.ка солишнинг турли усуллари қўлланмоқда, хилма-хил “овоз”лар, оммавий ахборот воситалари, ахборот технологиялари, инвестициялар ёрдамида мафкуравий тажовузлар уюштирилмоқда. Бундай таҳдид ва таъсирларга фақат кучли ғоя, ўзликни англаш, соғлом мафкурагина қарши тура олади. Мафкуравий полигонлар ядро полигонларидан хавфлироқ бўлиб бораётган вазиятда миллий ғояни ёшлар онги ва қалбига сингдириш ниҳоятда муҳим. Миллий ғоя фуқароларни тафаккур қуллигидан қутқаради, Ватан равнақи, юрт тинчлиги ва фаровон турмушни таъминлашга ёрдам беради, мустаҳкам мафкуравий иммунитет ҳосил қилишга хизмат қилади.

ҒоЯсизликмуайян шахс ёки ижтимоий гуруҳнинг онги ва қалбида муайян мақсад сари етакловчи фикрнинг йўқлиги. Ғ. одатда ҳали ўзлигини англаб етмаган, ўз манфаат ва имкониятларини ифода эта олмайдиган, мақсад-муддаолари ва ҳаётий қадриятларини англаб етмаган кишилар ва тоифаларда учрайди.  Ҳаётда юксак ғояси,  эзгу  орзу-интилишлари  бўлмаган  одам  фақат табиий эҳтиёжлар доираси б-н чегараланиб қолади. Ғ.лик маънавияти тубан, имон-эътиқоди суст, мафкураси бузуқ кимсаларни юзага келтиради. Ўз ўтмиши ва насл-насабини билмаслик, тарихий хотирани унутиш ҳам Ғ.нинг бир кўринишидир. Бундай кимсалар ўз ота-онасига қўл кўтариши ҳам, ўз Ватанини сотиши ҳам мумкин.  Ғ. ижтимоий хатарли ҳодиса бўлиб, шу жамият ва халққа ёт бўлган бегона кучлар бундай одамлардан мафкуравий таъсир ва руҳий тазйиқ орқали ўз ғаразли ниятларига етиш мақсадида фойдаланадилар. Миллий истиқлол мафкураси ўзининг ҳаётбаш  ғоялари, буюк  мақсадлари б-н Ғ.нинг  ҳар қандай кўринишини инкор этади. У ўз куч-ғайрати, ақл-заковати ва ҳатто ҳаётини юксак ғоялар йўлида бахш этишга тайёр комил инсонларни тарбиялашга хизмат қилади.

ҒУРУР — инсонда, унинг атрофида, миллати, халқи ва давлатида қадр-қиммат, номус, иззат-нафс каби фазилатлар мавжуд бўлиши ёки амал қилиши натижасида унинг ўзини-ўзи ҳурмат қилиш ҳиссини англатадиган маънавий тушунча. Ғ.ли инсон ўз шахсини камситишга йўл қўймайди, Ғ.ни йўқотмаслик йўлида у ҳар қандай қийинчиликлардан, жазоланишдан чўчимайди. Ғ. инсоннинг юксак маънавият эгаси эканидан далолат беради. Ғ. айни пайтда нафақат инсоннинг ўзи б-н, балки ўзи мансуб бўлган жинс ёки этник келиб чиқиши б-н фахрланиш ҳиссини ҳам англатади. Мас., йигитлик Ғ.и, қизлик Ғ.и, миллий Ғ. Лекин ғурур меъёрида бўлиши керак, яъни кишининг асл қадр-қимматига мос келиши лозим. Ғ.даги меъёрнинг бузилиши кишини кибрга олиб келади: у ўзининг ва бошқаларнинг қадр-қиммати тўғрисида нотўғри тасаввурга эга бўлгани учун кибр-ҳаво, манманликка берилади. Кибрли киши ўзини бошқалардан устун деб билса-да, аслида у ўз қадр-қимматининг ўзгаларникидан паст экани туфайли уни сунъий равишда кўтаришга ҳаракат қилади, маънавий бўшлиқни бошқаларга паст назар б-н қараш орқали тўлдиришга интилади, бу йўлда ёлғон ва мақтанчоқликдан тонмайди. Пировард натижада у атрофдагилардан ажратиб қолади, ўзгаларнинг нафратига дучор бўлади, ўзлигидан маҳрум бўлган бўлган ахлоқсиз кимсага айланади. И.А.Каримов таъкидлаганидек: “… биз «халқ», «халқимиз» деб оғиз тўлдириб гапирганимизда, ҳар қандай халқнинг алоҳида-алоҳида одамлардан, оилалардан иборат эканлигини эсдан чиқармаслигимиз керак. Ҳар бир алоҳида одамга ҳурматсизлик, уни менсимаслик, унга адолатсизлик қилиш ўша одам мансуб бўлган халқка етказиладиган катта зарар деб биламан. Ғурури бор одамнинг қадди рост, боши баланд бўлади”. Одатда давлатнинг қанчалик тез ривожланиши, бу борада одамларга куч-қувват бахш этиш,  мамлакатнинг дунё ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаши, авваламбор, халқнинг маънавий савияси, Ғ.и ва фахри нечоғлик юксак бўлишига боғлиқдир. Ҳар бир фуқарода мана шундай туйғуларни шакллантириш миллий Ғ.нинг шаклланишига хизмат қилади. Аждодларимиз ўз наслларини умумбашарий туйғулар, ўлмас Шарқ фалсафаси, миллий қадриятларимиз руҳида тарбия қилиб келганлар. Ота-боболаримиз асрлар давомида тилимиз, дилимиз ва динимизни, ўзбекнинг ўзлигини ҳар томонлама асраб-авайлаб, баркамол авлодларни вояга етказганлар. Бундай фазилатлар моҳият эътибори билан бизнинг заҳматкаш халқимизга муносибдир ва бу билан ҳар қанча ғурурлансак арзийди. Шу билан бирга, улуғ аждодларимизнинг таваллуд саналари фақат ўзбек халқи учунгина эмас, балки бутун Марказий Осиё минтақасидаги халқлар учун ҳам маданий ва тарихий аҳамиятга молик эканини назарда тутамиз. Бундай тадбирлар келажак авлодни тарбиялашда ҳам улкан аҳамият касб этади. Биз бундай маросимларни ўтказиш орқали ёшларимизни янги қадриятлар асосида тарбиялаймиз, уларнинг қалби-га тарихий ўтмишга ҳурмат билан ёндашиш, уларни авайлаб-асраш, шу халққа мансублиги билан ғурурланиш туйғуларини сингдирамиз. “Фарзандларимиз — бизнинг ғуруримиздир. Бу ҳар бир инсон учун тушунарли, албатга. Биз ҳақиқатан ҳам ўз фарзандларимиз ва набираларимиз билан фахрланишни истасак — улар замонавий билим ва тажрибага эга, иймонли-эътиқодли бўлишларига, Ватанимиз тарихида ўчмас из қолдирган буюк аждодларимизнинг ишларини давом эттиришларига эришишимиз лозим”.

Ҳ