Н

НАВРЎЗ  (форс. янги кун) — Ў.О. ва Шарқ мам-тлари халқларининг қадимий анъанавий байрами. “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида таъкидлагани каби: “Миллий маънавиятимиз азалдан қандай омил ва мезонлар негизида шаклланиб келаётгани халқимиз учун энг азиз ва энг миллий байрам — шарқона янги йил бўлмиш Наврўз айёми мисолида, айниқса, ёрқин намоён бўлади. Барчамиз доимо орзиқиб кутадиган ва катта хурсандчилик, шодиёна билан ўтказадиган Наврўз байрами биз учун ҳаёт абадийлиги, табиатнинг устувор қудрати ва чексиз саховатининг, кўп минг йиллик миллий қиёфамиз, олижаноб урф-одатларимизнинг бетакрор ифодаси бўлиб келмоқда. Мухтасар қилиб айтганда, янгиланиш ва эзгулик тимсоли бўлган Наврўз фалсафаси халқимизга мансуб одамийлик, меҳр-оқибат, мурувват ва ҳиммат каби юксак хусусиятлардан озиқланиб келгани, аждодларимиз асрлар давомида қандай буюк умуминсоний ғоялардан баҳраманд бўлиб, маънавий камол топганининг яна бир тасдиғидир, десак, ҳеч қандай хато бўлмайди. Кўҳна тарихимизни шу маънода кўз ўнгимиздан ўтказиб, таҳлил қиладиган бўлсак, муҳим ва ибратли бир фикрни такроран айтишга тўғри келади. Яъни, ота-боболаримиз руҳий оламининг томир-илдизлари айнан юқорида зикр этилган маънавий заминда, тариҳда ҳам, бугун ҳам барчанинг ҳавасини тортиб келаётган олижаноб фазилатлар асосида шаклланган. Н. байрамининг сарчашмалари қадимий аждодларимизнинг коинот, Қуёш, Ерга бўлган эътиқодлари асосида вужудга келган. Бундан  4-5 минг йил илгари аждодларимиз Қуёшни энг буюк куч, ҳаёт чашмаси, ёруғлик ва иссиқлик манбаи, деб билишган, унга атаб махсус маросимлар ўтказишган. Шу йўсинда митраизм — қуёшпарастлик, унинг заминида эса оташпарастлик шакллана бошлайди. Зардуштийлар оловни қуёшнинг ердаги зарраси — фарзанди деб билиб, қиш ва эрта баҳордаги маросимларда катта гулханлар ёқиб, қиш совуғини  “ҳайдашган” ва кўкламни “чақиришган”. Айтиш мумкинки, бундай маросимлар қадимий халқларда бўлган, улар дунёнинг барча ҳудудларига ёйилган, кейинчалик турли анъаналар б-н бойитилган. Улар  катта байрамга айланиб, “йил боши” вазифасини ҳам ўтаган. Н. коинот ва табиат қонунлари, қуёшнинг ҳамал буржига кириши, кеча ва кундузнинг вақт жиҳатидан баробар бўлиши, кундузнинг узая бориши, табиатда жонланишнинг бошланиши, баҳорнинг келиши б-н боғлиқ. Ў.О., жумладан, Ўз-н ҳудудида Н. а.лар давомида мазмунан чуқурлашиб, шаклан бойиб борди. Н. байрамида оммавий халқ сайиллари уюштирилган, янги унган кўкатлардан тансиқ таомлар пиширилган, баъзи экинларни экиш бошланган. Дастлаб, Н. байрамини ўтказиш ўтроқ деҳқонларда расм бўлган, кейинчалик улар орқали ярим ўтроқ ва кўчманчи туркий халқларнинг ҳам урф-о.ига айланган. А.лар ўтиши б-н турли халқларда Н. байрамини ўтказиш маросимлари уларнинг турмуш тарзига, мафкурасига мослашган. Тарихий манбаларга кўра, Н.ни байрам қилиш аҳмонийлар давридан бошланган ва Ў.О., Эрон, Афғонистон халқларида энг катта байрамлардан бири ҳисобланган. Н. байрамига тайёргарлик ишлари анча олдиндан бошланган, уй-жойлар, кўчалар, ариқлар тозаланган, кўчатлар экилган, беморлар, кексалар ва бева-бечоралар ҳолидан хабар олинган. Н. халқ ҳаётидаги  йирик санани нишонлаш учун энг муҳим кун ҳисобланади. Биринчидан, Н. шундай руҳий кайфиятни вужудга келтирадики, унда (йилнинг бошқа кунларига нисбатан) ҳамма хурсанд, шод ва бахтиёр бўлган. Иккинчидан, қадимдан байрамлар (маълум вақтда такрорланиб тургани учун) ўзига хос вақт ўлчови ҳисобланган. Чунончи, Н. – йил бошини нишонлаш вақти келганда, одамлар яна бир йил ўтганлигини чуқурроқ ҳис қилганлар. Шундай экан, Н. вақтни чуқур ҳис қилиш, эъзозлаш, қадрига етишга шароит яратган. Учинчидан, Н. ҳаётнинг энг яхши томонларини акс эттирадиган кўзгу бўлиб келган. Чунончи, кишилар Н. байрами куни энг яхши одатларни намойиш қилиб, гўзал либос ва кийимлар кийишган, лаззатли таомлар тайёрлашган, ўз қобилиятларини намойиш этганлар,  кўтаринки кайфиятда бўлганлар. Дейдиларки, Н. куни ёмонлар — яхши, хасислар — сахий, хунуклар — гўзал, гўзаллар янада гўзал бўлиб кетишар экан. Тўртинчидан, Наврўз жисмоний ва ақлий меҳнатдан озодлик ва турли мажбуриятлардан эркинлик куни ҳисобланган. Чунки бу кун меҳнат қилиш айб ҳисобланган, одамлар кундалик иш, вазифа, бурч, ташвишларидан озод бўлганлар. Байрам кунлари барча қийинчиликлар, дарду аламлар унутилган, кишилар ўзларини шоду хурсанд қилганлар. Бу куни одобсизлик, ўғрилик, зўравонлик, фисқу-фасод каби ярамас одатлар унутилган. Бешинчидан, Н. куни тенглик ҳукм сурган. Ҳамма бир қозондан овқат еб, бир хил томоша кўрган, бир хил сайилгоҳларга чиқиб, сайр қилишган. Олтинчидан, Н.  куни — тинчлик куни ҳисобланган, урушлар тўхтатилган. Халқ одатларига кўра, бу куни хафачиликлар унутилган, ўзаро аразлашганлар ярашган, танишлар дўстлашган, ҳамжиҳатлик, дўстлик руҳи барқарор бўлган. Еттинчидан, Н. кунида вужудга келган руҳий кўтаринкилик кишиларни эртанги кунга  умид боғлашга, порлоқ келажакка ишонч б-н қарашга, ҳаётни янада гўзал қилишга ундаган. Бу байрам арафасида кишилар бир-бирларини табриклашган, ютуқлари б-н қутлашган, ишларига муваффақиятлар, омад ва бахт тилашган. Тарихий жараёнда босқинчилар халқнинг энг севимли Н. байрами орқали  ўз ғояларини сингдиришга кўп ҳаракат қилишган. Ўлкага ислом дини киритилганидан кейин Н. байрами ман қилинган, аммо халқ ўз севган байрамини нишонлашда давом этган. Ў.О. ва Эрон халқлари араб халифалиги ҳукмронлигидан қутулган давр(IX-Xа.)дан бошлаб, Н. байрамини ўтказиш яна расмий тус олган. Айниқса, собиқ иттифоқ даврида Н.нинг аҳволи аянчли бўлди. Халқнинг миллий анъаналари шўроларнинг мақсадига хизмат қилмаганлиги учун, унга қарши расмий ва норасмий кураш олиб борилди. Бироқ Н.ни нишонлаш тўхтамади. Анъаналар учун кураш миллат равнақи учун курашга, миллат равнақи учун кураш эса мустақилликка эришиш учун курашга айланди. 1989 йил 28 февралда Президент  И.А.Каримовнинг Фармони б-н Ўз-нда Н. байрамини нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. 1990 йилдан эса 21 март  «Наврўз» миллий халқ байрами куни деб эълон қилинди. Мустақиллик шароитида тикланиб, истиқлол ғоялари б-н суғорилиб, мазмунан ва шаклан бойиган Ўз-н Н.ида табиат б-н бирга янгиланиш,  руҳий покланиш, табиий ва мад-й бойликларни сақлашга чорлаш, атроф-муҳит (маҳалла, қишлоқ, шаҳар кўчалари, маъмурий бинолар, боғлар)ни тартибга солиш, ободонлаштириш, аҳоли ўртасида меҳр-мурувват, дўстлик, аҳиллик, биродарликни мустаҳкамлаш, миллатлараро ҳамжиҳатлик, тотувликни ривожлантириш омиллари кучаймоқда. Н. халқимиз учун покланиш, руҳланиш, янгиланиш ва маън-й камол топиш байрами бўлиб қолмоқда. Қад. Н. ўзининг асл моҳиятини сақлаб, янги  ғоялар б-н бойиб, аҳиллик, тотувлик, халқларнинг бирдамлиги ва дўстлиги байрамига ҳам айланган.

НАЗМ (араб. назм(ун) — дурни ипга териш, тартибга солиш; юн. poiesis — ижодиёт) — кенг маънода: сўз санъати, шерият, насрий — прозаик асарлардан фарқли ўлароқ, шеърий шаклдаги асарлар (масалан, поэма, ғазал, рубоий, қўшиқ ва б.). Гарчи лирик шаклда табиатни ифодаласада Н.нинг объекти инсон, унинг ижтимоий ҳаёти ва курашидир. “Бутун олам, — деган эди В.Г.Белинский, — барча ранглар, бўёқлар ва садолар, бутун табиат ва ҳаёт формалари Н. ҳодисалари бўла олади”. Н.нинг кўчма маъноси бирор ҳаётий ҳодисанинг нашъаси, мафтун этишидир. Ўзб. классик адабиётида Н. етакчи бўлган, наср нисбатан кам ривожланган эди. Н. шакли насрдан устун қўйилган.

НАФРАТ – маън-й-руҳий хус-ят бўлиб, эҳтиёж, хоҳиш, қадриятларга қатъий равишда салбий мун-тни ифода этувчи туйғу. Н. ўз асосига нисбатан баҳо беришгина бўлмай, балки унга қарши фаол қаршилик кўрсатиш ҳамдир. Н.нинг шаклланишига воқеаларнинг ноқулай  кечиши мобайнида  норозиликнинг юзага келиши ёки салбий кечинмалар манбаининг мунтазам кузатилиши асос бўлади. Бундай ҳолатда Н.нинг асоси сифатида воқеаларнинг ҳақиқий ёки хаёлий сабаби олинади. Тарбия амалиётида Н.нинг шаклланишини назорат қилиш  учун маъқул бўлмаган ҳодисалар ва уларнинг сабаблари моҳиятини очиш зарур. Маъқул бўлмаган Н. рив-шининг олдини олиш учун унга қарши ахлоқий қарашлар, ш-дек, номаъқул воқеаларнинг инсон учун объектив равишда кечишини англаш керак. Н. қуйидаги турларга бўлинади: шахсга қаратилган, фаолиятга қаратилган, вазиятга қаратилган ҳамда шахсий, гуруҳий, миллий ва б. Н.нинг шахсга қаратилган тури бирор инсоннинг  барча  ҳаракатлари, фазилатларини инкор этишда, уни доимий равишда танқид қилиш, шахсий фазилатларидаги яхши томонини ҳам кўра билмасликда намоён бўлади. Н.нинг фаолиятга қаратилган турида шахснинг бирор фаолият туридан завқланмаслиги, шу фаолият б-н банд бўлишни истамаслиги, умуман, ушбу фаолиятни тан олмаслиги кузатилади. Ҳатто шу фаолиятнинг амалга ошиши б-н боғлиқ бўладиган ютуқлар ҳам Н. мавжуд бўлса кўзга ташланмайди ва уларни  тан олмаслик хоҳиши устун бўлади. Вазиятга қаратилган Н. инсоннинг шаъни, ҳаётига таҳдид солувчи вазиятларга нисбатан салбий мун-тда намоён бўлади. Н. шахснинг эҳтиёжлари, қадриятларига мос келмаган тақдирда шахсий характерда акс этади. Муайян гуруҳдаги динамик жараёнлар ва  қонуниятларга мос келмаган хоҳиш, истак таъсирида гуруҳий Н. амалга ошади. Н.нинг шахсга боғлиқ турида шахснинг темперамент турининг таъсири кузатилади. Н.нинг холерик темперамент тоифасидаги шахсда намоён бўлиши унинг асаб тизими б-н боғлиқ тарзда кескин, шиддатли,  ўзини бошқара билмаслик, жанжалкашлик тарзида очиқ кўринишда кузатилади. Флегматик тоифадаги шахснинг Н.ида ички мулоҳаза кучли бўлганлиги учун, ташқи аломатлари яққол ифодаланмаган, лекин ҳар томонлама ақлий мулоҳаза б-н ишлаб чиқилган Н. кузатилади. Унинг Н. объектига мун-тида вазминлик бўлса-да, лекин қулай фурсатда ўз ақлий салоҳияти, пухта ўйланган режасини Н. шахсига нисбатан кўрсата олади. Натижада мақолда айтилганидек: “Ичимдагини топ” тамойили унинг асл ниятини англаб олишга ҳалақит беради. Агар холерик ва сангвиник тоифадаги шахсларнинг  бирор вазият, шароитда Н.ини ошкора билдириши одатий ҳол бўлса, флегматик ва меланхолик тоифадаги шахсларнинг Н.и ичидан пухта ўйланган, режалаштирилган ҳаракатларнинг натижаси бўлади. Ш.у. Н.нинг шахс темперамент тоифасига мос таъсирини билиш керак. Н. инсоннинг шаъни, мақсади, бахти учун курашда ҳам намоён бўлади. Агар бирор вазиятда инсон учун муҳим бўлган  ҳаётий қадриятларга тажовуз, ҳужум амалга ошса, у ҳолда унинг Н. ошкор бўлиши мумкин. Бундай Н. орқали ўз шаъни, бахтини ҳимоя қилиш учун онгли ва асосли равишда ҳимоя қилиш амалга ошади. Н.нинг руҳий таъсирини ҳар бир инсон билиши керак. Унинг мунтазам содир бўлиши кишининг асаб тизимини заифлашувига, унинг серзарда бўлишига, фаолияти самараси пасайишига, ўзи б-н ўзи овора бўлиб қолишига олиб келади. Ш.у. руҳий машқлар орқали Н.ни ўйламаслик, уни йўқотишнинг хилма-хил усулларини билиш ҳар бир одам учун муҳим ҳисобланади. 

НАФС (араб. қалб, кўнгил; инсон; мақсад, интилиш; ғурур, мағрурлик) – 1) ейиш-ичишга ва мол-дунёга бўлган эҳтирос; 2) шаҳвоний ҳирс. Н. инсoннинг мoддий ўзлиги,  “мен”идир. Тилимизда  унинг муқoбили мавжуд эмас. Уни фақат таърифлай  oламиз. Н. изидан эргашадиган  инсoн унинг қулига айланади. Инсoн Н.ни ўз вақтида жиловлай oлмаса,  мoддий ва маън-й xатoларга йўл қўяди, охир-оқибат аянчли аҳволга тушиб қолади. Н.ни тийиш  тарбиясининг асoсий oмили маън-й тарбиядир. И.А.Каримов  таъкидлаганидек, «… маънавият ҳақида фикр юритар экамиз, бу масалани атрофлича ва чуқур таҳлил этишимиз, унинг фақат ўзимизга маъқул, ижобий томонлари билан чекланиб қолмасдан, ана шундай мураккаб жиҳатларини ҳам назардан четда қолдирмаслигимиз лозим, лўнда қилиб айтганда, бу ўринда гап бир-бирига қарама-қарши бўлган икки хил қараш ҳақида бормоқда. Биринчиси – ўз нонини ҳалол меҳнат билан топадиган, холис ва эзгу ишлар билан эл-юртга наф етказадиган, тириклик мазмунини теран англаб, нафақат бугунги ҳаёт лаззатлари, балки охират ҳақида, унинг обод бўлиши ҳақида ўйлаб яшайдиган инсонларга хос ҳаётий қарашлар. Иккинчиси – бунга мутлақо қарама-қарши бўлган ёндашув, яъни ҳаётнинг маъно-мазмуни ҳақида бошқотирмасдан, бундай саволлар билан ўзини қийнамасдан, фақат нафс қайғуси ва ўткинчи ҳою ҳавасга, ҳузур-ҳаловатга берилиб, енгил-елпи умр кечирадиган, ўзининг ота-она ва фарзанд, эл-юрт олдидаги бурчига умуман бефарқ бўлиб яшайдиган одамларнинг фикр-қарашлари. Мана шундай икки хил дунёқараш асосида пайдо бўладиган оғир саволлар одамзот онгли яшай бошлаган замонлардан буён уни ўйлантириб, қийнаб келади». Дарҳақиқат, Н. инсоннинг бир ўзи ёки бир неча ўзига яқин инсонлар манфаатини деб кўпчилик манфаатини эътиборга олмаслиги, бу йўлда ўз Н.и ортидан кетиши ёки бошқа бир манфаатдор томон б-н тил бириктириши, кўпчилик зарари ҳисобига ўзи моддий бойлик ёхуд мавқе орттирадиган қарор қабул қилиниши тарзида ҳам намоён бўлади. Шарқ мутафаккирларининг эътирофича, шахсий манфаат б-н жам-т манфаати уйғунлигига эриша олмаган инсон халқ ва давлат хизматида узоқ вақт қола олмайди. Фуқаролар назари, жамоат фикри уни бу шарафли, айни пайтда, ғоят масъулиятли фаолиятга нолойиқ эканини ошкор этмай қўймайди. Ш.у. масъул шахслар, энг аввало, Н. тарбияси мактабини ўтаган бўлиши керак. Алишер Навоий бу ҳақда шундай ёзган: “Чун менга лутф этти шаҳ девонда муҳр, // Бу эди элдин қуйи муҳр урмоғим.// Ким ғурури нафси саркаш маъниға, // Барчадин бўлғай қуйи ўлтурмоғим. // Чун шикасти нафс ҳосил ўлмади, // Мундин ўлди муҳрни синдурмоғим.”  Шоир назарида инсон Н.ини жиловлай олмас экан, таъма уни ёлғон ва очкўзликка ундайверади. Ш.у. ҳар бир инсон, энг аввало, таъмадан узоқ бўлиши керак. Шоҳ девонида муҳр уришни топширган инсон давраларнинг тўрини эмас, пойгагини кўзлаб, Н.ини ўша пойгакда туришга ўргатиши керак. Агар Н.идан ғолиб бўлолмас экан, “муҳрни синдурмоғи” афзалдир. Н. инсоннинг моҳиятига ярашмайдиган қилиқдир. Зеро, таъма учун тубанлашиш, ўзини сувга-ўтга уриш ярамайди. Доно халқимиз Н. қулига айланган, ўз манфаатига бошқалар ҳисобидан эришишни маъқул кўрадиган, фақат ўзини ўйлайдиган кимсадан Худонинг ўзи асрасин, дейди. Бағрикенг, ҳалол, виждонли, меҳр-оқибатли, эл-юртнинг ғаму ташвиши б-н яшайдиган кишиларни бошига кўтаради ва бундай одамлар жам-т томонидан ҳурмат топади.

НАЦИЗМ —  I Жаҳон урушидан кейин Германияда ташкил топган национал-социалистик ишчи партияси б-н боғлиқ бўлган доктрина ва сиёсий ҳаракатнинг кейинчалик Адольф Гитлер ва унинг тарафдорлари томонидан тарғиб қилинган ва жаҳон халқлари томонидан шундай таъриф берилган таълимот. Шарқий Европа мам-тларида марксизм б-н боғлиқ таълимотнинг кенг ёйилиши ва шу асосда коммунистик партияларнинг ташкил топиши, хус-н, Россия империяси ва унинг мустамлакалари, атрофидаги мам-тларда коммунистик ҳаракатнинг ғалаба қозониши, оқибатда давлат бошқаруви тизими, жам-т қатламларига мун-тнинг кескин ўзгариши ва бу воқеалар таъсирини Ғарбий Европа мам-тларида ҳам сезила бошлаши жам-тлар, халқлар, улар тепасида турган сиёсий тизимлар орасидаги келишмовчиликларни борган сари кескинлаштирди. Айни вақтда I Жаҳон уруши оқибатида юзага келган иқт-й инқироз Ғарбий Европа халқларининг қуйи табақаларига оғир таъсир кўрсатиши бу мам-тларда “коммунистик хавф”нинг янада авж олишига сабаб бўлди. Ишчи-деҳқонлар томонидан билдирила бошланган очиқ норозиликлар давлат ҳукуматларини ларзага келтириб, ташкил этилган намойишлар инқилобий тус ола бошлади. II Жаҳон урушидан оғир йўқотишлар б-н чиққан Германия бундай ҳаракатларнинг марказига айланиб қолган эди. Мана шундай ҳолат ва жараёнлардан унумли  фойдалана олган Гитлер ва унинг партияси даврнинг ўнглари ва сўллари ўртасида, ш-дек, Шарқ б-н Ғарб ўртасида ўзига хос учинчи позицияни эгаллашга ҳаракат қилди. Партия лидерлари томонидан олиб борилган айёрона ҳаракат натижасида ўнглар ва сўллар, антикоммунистлар ва социалистлар томонидан илгари сурилган ғоялар национал-социалистлар партияси ғоялари сифатида кенг тарғиб қилиниши тез орада бу партиянинг ҳам буржуазия, ҳам ҳарбий табақа, ҳам ишчи-деҳқон синфининг бир қисмини ўзига оғдириб олишига имкон берди. Партия ғоялари ва ҳаракатларининг ушбу табақалар томонидан қўллаб-қувватланиши тез орада унинг мам-т бошқарув тизимини қўлга олишига имконият яратди. Ҳокимиятнинг партия ва унинг лидери А.Гитлер қўлига ўтиши уларни қўллаб-қувватлаган табақалар,   жумладан, немис халқи орзуларининг амалга ошишини, мам-тни тинчлик, фаровонлик, тар-ёт б-н таъминлаши лозим эди. Партия ўзини қўллаб-қувватлаган табақаларга ана шундай ваъдалар бериш б-н яшаб келаётганди. Ҳукумат эгаллангандан кейин эса бу ваъдалар пуч эканлигининг ошкор бўлиб қолиши хавфи пайдо бўлди. Ушбу хавфни бартараф қилишга уриниш Н. ғоясини  вужудга келтирди. Гитлер ва унинг ҳукумати I Жаҳон урушида Германиянинг барча қирғинбаротларда айбдор деб топилиши ва Миллатлар Лигасига қабул қилинмаслиги бу урушда Европанинг Германияга “садоқат” кўрсатмаганлиги, ш-дек, коммунистик ғоялар немис халқи орасида бўлинишга олиб келиши ва охир-оқибатда миллатни барбод қилиши мумкинлиги, бу айбловлар ва хавфларга қарши немис миллати буюк бирлик ва қудратлилигини намойиш қилиши лозимлиги ғояларини Н.нинг асосий ғоялари сифатида тарғиб қилди. Бу тарғибот айниқса майда буржуазия синфига ва айниқса, мам-тнинг ёш аҳоли қатламига катта таъсир кўрсатди ва уларда ўзга миллатларга нафрат ва паст назар б-н қараш, кўпчилик халқларни ўзига душман деб билиш, немис миллатига энг улуғ миллат ва орий халқ деб қараш мафкурасининг шаклланиши учун хизмат қилди. Маъ-ятнинг бундай йўналиш олиши ва унинг эътибор топиши Гитлер ва унинг ҳукумати учун айни муддао эди. Зеро, бундай маъ-ят: 1) халқни иқт-й инқироздан чалғитар, 2) партия ва ҳукуматнинг боши берк кўчадан чиқиб олишига  имконият яратар, 3) ҳокимият мустаҳкамлигини таъминлар, 4) халқаро мун-тларга Германия учун фойдали таъсир кўрсатар, 5) ҳукумат мухолифларини бартараф этишга имкон берар, 6) мам-т кучларини  бирлаштириш ва мам-тдаги иқт-й танқисликни  бартараф этишнинг агрессив йўлларидан фойдаланишга йўл очар эди. Ушбу мақсадларни мустаҳкамлаш борасида Гитлер ҳукумати имкониятлардан фойдаланиб, кенг тарғибот-ташвиқот ишларини олиб борган ва бунда немис миллатини энг улуғ, танланган, орий миллат, барча миллатлар ундан паст туриши ва унга хизмат қилиши ғоясини илгари сурган эди. Бу ғоя Н.нинг асосини ташкил этиб, нацистлар унинг илдизларини ҳатто фан асосида исботлашга ҳаракат қилган эдилар. Мас., Аристотелнинг греклар олий халқ ва барча қолган халқлар варварлардир, улар грекларга бўйсуниб яшашлари керак, деган қараши ёки Ницшенинг ҳаётда энг кучлиларгина яшашга ҳақли ва энг кучли халқлар ўзга халқлар устидан ҳукмрон бўлишлари кераклиги тўғрисидаги қарашлари, ёхуд Г.Карл Юнгнинг христианликнинг обрўсизланишини бартараф этиш ва ундаги бўшлиқни ғоявий  маън-й ва мафкуравий жиҳатдан тўлдириш учун А.Гитлер тимсолида унинг нацистик ва гегемонистик тарғибот ва хатти-ҳаракатлари муҳим аҳамиятга эгалиги тўғрисидаги қарашлари кабилар нацистлар томонидан ўзлаштирилиб немис миллати манфаатлари ифодаси сифатида кенг тарғиб қилинган эди. Гитлер ҳукумати ўз фаолияти давомида юқорида зикр этилган имкониятлардан фойдаланишга ҳаракат қилди ва айниқса, унинг агрессив сиёсати ХХ а. ўрталарида юз берган ва жаҳон халқларига оғир талофот етказган II Жаҳон урушини келтириб чиқарди.    Н. ғояларининг амалда намоён бўлиши ушбу уруш оқибатларида кенг даражада кўзга ташланади ва шунга кўра Н. Жаҳон халқлари томонидан инсон эркинлигини бўғиш, уни хўрлаш, унга нисбатан ёвузларча мун-тда бўлиш, халқларни менсимаслик, инсон ор-номусини топташ, миллатлараро ихтилофларни келтириб чиқарувчи, тажовузкор характерга эга таълимот сифатида эътироф этилади. Шу жиҳатдан Н. ғайриинсоний таълимот ҳисобланади. Нацистларнинг ўзларини миллат учун курашувчилар, миллат фидойилари деб кўрсатишлари улар томонидан илгари суриладиган ғоялар, амалга ошириладиган хатти-ҳаракатлар ўзга халқларни камситиш ёки айблаш ҳисобидан амалга оширилиши б-н кўзга ташланиб туради. Ш-дек, ўзга барча ёки маълум бир халқлар, уларнинг қадриятларига нафрат б-н қарашни бутун миллат маъ-ятига сингдириш, миллат тафаккурига айлантиришга уриниш Н.нинг моҳиятини белгиловчи асосий т.дир. Н. ҳар қандай халқ таркибидаги айрим гуруҳларда у ёки бу кўринишда доимо мавжуд бўлади. Аммо унинг давлат даражасидаги тизимларда асосий ақидага айланиши инсоният учун ўта хавфли бўлишини бизга тарих бир бора намоён қилди. Шунга қарамай, баъзи сиёсий доираларда ҳозирда ҳам нацистик қарашларни кузатиш мумкин. ХХI а.да Н. ва фашизм жабр-ситамларини тортган бир қанча мам-тларда шу жумладан, Германиянинг ўзида ҳам, шу жумладан, Германиянинг ўзида ҳам, неофашизм ёшлар ўртасида яна қайта бош кўтара бошлади. Европанинг қатор мам-тларида ва собиқ совет ҳудудининг Россия, Украина ва Болтиқбўйи давлатларида содир бўлаётган воқеалар бунга мисол бўла олади. Фашизм ва Н.нинг инсоният бошига солган кулфатлари Нюрнберг суд жараёнида ҳар томонлама ўз баҳосини олган эди. Жаҳонда уларнинг қайта бош кўтармаслиги учун барча давлатлар биргаликда ҳаракат қилишга келишиб олди. Аммо тарихдан сабоқ ва хулоса чиқара олмаган кучлар улардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга уринмоқда.  Дунё халқлари II жаҳон уруши иштирокчилари ва фахрийлари б-н биргаликда ҳар йили 9 май куни фашистлар қўлида ҳалок бўлган, концлагерлар азоб-уқубатларини тортган кишилар руҳини ёдлаб ва хотирлаб, ёшларни Н. ва фашизм балосидан огоҳлантиради. 

НОДАВЛАТ ВА ЖАМОАТ ТАШКИЛОТЛАРИ — давлатга қарашли бўлмаган, аммо маълум қонунлар ёки меъёрий ҳужжатларга бўйсунган ҳолда фаолият кўрсатадиган тузилмалар. Улар қуйидаги гуруҳга бўлинади: Биринчи гуруҳ — аҳолининг айрим ёки муайян йирик тоифаларининг ижтимоий манфаатларини кўзлаб ишлашга ихтисослашган, ҳукуматга қарашли бўлмаган умуммиллий ташкилотлар. Бундай ташкилотлар жумласига “Маҳалла”, “Нуроний” жамғармалари, Хотин-қизлар қўмитаси, Ногиронлар уюшмаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати каби тузилмалар киради. Иккинчи гуруҳ — ихтисослашган миллий ва халқаро жамғармалар: “Экосан”, “Соғлом авлод учун”, “Амир Темур”, “Матбуотни демократлаштириш ва қўллаб-қувватлаш”, “Оролни қутқариш” жамғармалари, “Марказий Осиё мамлакатлари маданият ва фан арбоблари анжумани” каби ташкилотлар шулар жумласидандир. Учинчи гуруҳ — ҳукуматга қарашли бўлмаган ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар: шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, Инсон ҳуқуқлари ва гуманитар ҳуқуқни ўрганиш маркази, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш жамияти каби ташкилотлар шу гуруҳга киради. Тўртинчи гуруҳ — ижодкор зиёлиларнинг миллий жамоат ташкилотлари. Бунга ёзувчилар, рассомлар, бастакорлар, архитекторлар, кинематографчилар, шунингдек, судьялар ва адвокатларнинг жамоат ташкилотлари киради. Бешинчи гуруҳ — миллий маданият марказлари (юздан зиёд). Улар Ўзбекистонда яшовчи миллий (озчиликни ташкил этувчи) жамоалар вакилларининг маданияти, маънавияти, урф-одатларини сақлаб қолиш мақсадида тузилган ташкилотлардир. Олтинчи гуруҳ — умуммиллий жамиятлар ва жамғармалар — Болалар, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларини ижтимоий ҳимоя қилиш, Талабалар жамғармалари. Еттинчи гуруҳ — ижтимоий аҳамият ва ижодий қизиқишлар б-н боғлиқ, асосан экология масалалари бўйича маҳаллий бирлашмалар: сайёҳлик ва бадиий ҳаваскорлик клублари, ногирон болалар ота-оналарининг бирлашмалари. Саккизинчи гуруҳ — жамоат муассасалари. “Ижтимоий фикр” жамоатчилик маркази, Журналистларни тайёрлаш халқаро жамоатчилик маркази, ш-дек, Самарқанддаги мушкул вазиятларда аёллар ва ўсмирларга руҳий ёрдам кўрсатиш б-н шуғулланувчи “Сабр” ишонч маркази каби ҳукуматга қарашли бўлмаган маҳаллий ижтимоий муассасалар шу жумлага киради. Қисман ҳукуматга қарашли ҳолда (давлатнинг ташкилий ва моддий-молиявий қўллаб-қувватлаши ёрдамида) тузилган бир қатор жамғармалар, марказ ва жамиятларнинг ҳукуматга қарашли бўлмаган ташкилотларга айланишини тенденция сифатида эътироф этиш мумкин. Бу Ўз-нда Н.ж.т ҳаракатининг шаклланишига хос хусусиятдир.

НОМУС — бир томондан, бурч б-н боғлиқ, иккинчи томондан, қадр-қиммат т.сига алоқадор маън-й ҳиссиёт, моҳиятан, шахснинг ўз қадр-қимматини англаб етиши, шу қадр-қимматнинг жам-т томонидан тан олиниши ёки олинмаслигига нисбатан бўладиган мун-ти б-н белгиланадиган туйғу. Бироқ, бу  “қадр-қиммат” т.си б-н бир хил маънога эга, дегани эмас. Чунки қадр-қиммат шахсдан ўзининг бошқа одамларга нисбатан камситилмаслигини, атрофдагилардан барча инсоннинг тенг ҳуқуқлилиги тамойилини ўзига нисбатан қўллашларини талаб қилади. Н. эса ўз қадр-қимматини билишдан ташқари, ҳар бир шахснинг жам-тда алоҳида, ўзига хос тарзда эгаллаган мавқеи ва шу мавқени доғ туширмай сақлаш-сақламаслиги б-н боғлиқ. Бу мавқе эса, шубҳасиз, ўша шахснинг ижт-й ҳаётдаги ўрни, касби, ёши ва унга нисбатан бериладиган ахлоқий даража б-н муайянлашади. Мас., мардикор б-н машҳур бинокор-устанинг, вазир б-н котибанинг, бобо б-н набиранинг Н.ни тушуниши бир хил эмас. Шу маънода, қадр-қимматни Н. т.сининг дастлабки босқичи, ибтидоси деб айтиш мумкин. Гоҳида Н.ни “ор” т.си б-н чалкаштириш ҳоллари ҳам учраб туради. Лекин, аслида, Н.га нисбатан ор анча тор қамровдаги, нисбатан залворсиз т.. Чунончи, ориятли одам деганда, ўз сўзининг устидан чиқадиган, садақа тарзида қилинган мурувватлардан баланд турадиган шахс тушунилади. Беор одам – ўз шаънига айтилган гапларга парво қилмай, ишини бажариб кетаверадиган, айтилган-айтилмаган жойларга суқилиб кираверадиган сурбет киши. Н.нинг эса “тоши оғир” – ижт-йлик хус-ятига эга, кенг қамровли. Н. йўлида инсон, ҳатто, ўз ҳаётидан кечиши мумкин, одамлар ўз Н.и, оила Н.и, миллат Н.и деб курашади. Бу ҳақда кўплаб бадиий асарлар, панд-ўгитлар яратилган. Меҳнат, спорт сингари соҳаларда жамоа Н.и ҳам алоҳида аҳамиятга эга, унда Н. “обрў” т.си б-н боғланиб кетади. Буларнинг ҳаммаси ўзини ҳурмат қилиш, ўзига нисбатан атрофдагиларнинг ҳурмат-иззатини йўқотмаслик учун ўз-ўзини назорат қилиш ҳиссидан келиб чиқади. Н.сизлик инсонни пасткаш, тубан, алдамчи кимсага айлантириб қўяди, ундай одамдан қариндош-уруғлар ҳам, жамоа, ҳамжам-т ҳам нафратланади. Ш.саб. ҳар бир ўзини англаб етган шахс ҳеч қачон Н.сизликка йўл қўймайди. Н. —  иффат, бокиралик маъноларидан ташқари кишининг ўз мавқеини сақлаш, улуғлаш ва ардоқлаш, хижолат тортиш туйғуларини, оила ва аждодлар шаънига доғ туширмаслик маъносини ҳам ифодалайди. Одатда, номусли одам маън-й қадриятни моддий бойликка алишишни ўзига эп кўрмайди. “Қонун тақиқлай олмаган нарсаларни гоҳо номус тақиқлай олади”,  деган нақл ҳам бор. “Кўпчилик учун манфаатли ишга ҳар қандай вазиятда ҳам журъат эта билиш чинакам номуслиликдир” (Б.Фраклин). Аксарият ҳолларда “ор-номус” атамаси ҳам Н. маъносида қўлланади. Н.,  моҳиятан, шахснинг ўз қадр-қимматини англаб етиши, шу қадр-қимматнинг жам-т томонидан тан олиниши ёки олинмаслигига нисбатан бўладиган мун-тидир. Н. комплекс  тарздаги ахлоқий ва ижт-й т. бўлиб, индивиднинг тўғрилик, адолат, ҳаққонийлик, олижаноблик, қадр-қиммат каби хислат(сифат)ларига бериладиган баҳо б-н боғлиқ. Ҳоз. маънодаги Н. т.си бу борада шаклланган баъзи бурунги қарашлардан тубдан фарқ қилади. Мас., қад. Римда Н. (existimatio) т.си фуқаро тенг ҳуқуқлилиги ғояси б-н аралашиб кетган. Инсон фуқаролик ҳуқуқларидан фойдалангани учунгина Н. унга дахлдор (тегишли) бўлар эди. Рим фуқароси бўлмаганлар Н.дан фойдалана олмаган. Н. борасидаги бу объектив рим қарашига буткул қарама-қарши бўлган герман субъектив қараши моҳиятан ҳоз. қарашларга яқин келади. У, инсоннинг давлатда тутган мавқеидан қатъи назар, ҳар бир шахсга хос ахлоқий қадрият эканлигини, аммо шахснинг жам-тда у ёки бу синфга мансублигига кўра Н. турли даражада бўлишини эътироф этади. Мас., рицар учун уят саналган бир ҳолат шаҳарлик учун ҳар доим ҳам уят ҳисобланавермаган. Н. қадрияти ҳамма халқларда бор. Ўзб. халқида бу т. “ор”, “орият”, “ҳаё”, “ибо”, “иффат”, “уят”, “поклик”, “покдомонлик” каби сўзлар б-н ифодаланади. Негаки, номус – юксак инсоний қадриятлардан бири. “Беномус”, “уятсиз”, “беҳаё”, “нопок” деган сўзлар жуда оғир ҳақорат саналади. “Етти номус – бир ўлим”, “Йигитнинг хуни – юз танга, ор-номуси – минг танга” каби кескин, аммо инсоннинг энг мардона фазилатларини улуғловчи  нақллар бежизга айтилмаган.

НОПИСАНДЛИК (форс. маъқулламаслик, маъқул кўрмаслик) – кишининг атрофдагиларга нисбатан менсимаслик, назар қилмаслик иллати. Н. ўзини бошқалардан устун қўйиш, худбинлик, атрофдагиларни менсимаслик сабабидан келиб чиқади. Н. оқибатида киши ўз устида ишламай қўяди, малака ва тажрибасини оширмайди, манманликка берилиб кетади. Алишер Навоий Н.ни “Маҳбуб-ул қулуб” асарида “Такаббур шайтон иши ва бийиклик нодон иши. Мутакаббир тенгри дўстлари олида матъун ва тенгри қошида мардуд ва малъун”, дея таърифлайди. Н. ҳар қандай ҳолатда ҳам салбий хус-ят сифатида қораланади.

НОТИҚЛИК (араб. натиқ(ун) — “гапирди”, “баён қилди”) — риториканинг асосий категорияси ҳисобланиб, нутқ сўзловчининг ўз фикрини лўнда, чиройли, аниқ ва жарангли ифодалаш санъати. Узоқ даврлардан буён кишиларнинг ўзаро муносабатларида, улар бир-бирларини тушунишларида, фикр алмашишларида нутқ, нутқий муносабатлар ҳамиша муҳим аҳамият касб этиб келган. Н.нинг нодир намуналарини яратишда ёзувчи, шоир, санъаткор ва бошқа маданий-маърифий соҳа вакилларининг хизматлари катта. Ҳатто, Абдулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳор, Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом, Шайхзода каби алломаларнинг айрим нутқлари теран мазмуни, ижтимоий салмоғи, эмоционал кўтаринкилиги б-н маънавиятимиз тарихида чуқур из қолдирган. Шуни алоҳида айтиш керакки, Н. фақат чиройли сўзларни қўллай олишдангина иборат эмас, балки нотиқ фикри орқали мақсадини англатиши, сўзнинг таъсири, унинг ижтимоий аҳамиятига ҳам катта эътибор бериши керак. Зеро, сўзлаган матнининг нечоғли аҳамиятга эга эканлиги нотиқнинг савияси, иқтидори, салоҳияти ва инсонийлиги б-н белгиланади. Айрим нутқлар бадиий тафаккур ривожига таъсир кўрсатибгина қолмай, ижтимоий тараққиётнинг ҳам муҳим омилига айланиши мумкин. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубовнинг СССР халқ депутатлари қурултойининг минбаридан туриб айтилган нутқида «…ўзбекларга ҳам беқиёс бахту саодат, фаровонлик, тўқлик бахш этганини, ҳар чорраҳада айюҳаннос уриб мақтанувчи коммунистик партия ва шўро ҳукуматининг риёкорлиги, мунофиқлиги, тили бошқа-ю дили бошқа эканлигини аёвсиз фош қилинган»лиги ўзбекнинг чинакам қаҳрамонлиги эди. Бу баъзан катта-катта китоблар қилолмаган ишни кичкина ва қисқагина бир нутқ қилиши мумкинлигига, минбардан туриб айтилган сўз юракдан отилиб чиқса, бошқа одамлар қалбида ҳам унутилмас из қолдириши мумкинлигини исботлайди. Бу каби нутқлар нафақат бадиий тафаккур ривожига таъсир кўрсатади, айни пайтда, ижтимоий тараққиётнинг ҳам муҳим омилига айланиши мумкин. Қайси мавзу доирасида бўлишидан қатьи назар нутқда нотиқнинг ҳаёт йўли, йиллар мобайнида кечирган жамики мураккабликлари, чекилган изтироблар акс этмоғи ва шунга ўхшаш нарсалар ҳаяжон б-н баён этилмоғи керак. Ш.у. ҳам одамлар юбилейини нишонлаётган инсонга охирида сўз берганларида унинг сўзини бутун вужудлари б-н эшитишга ҳаракат қиладилар, нутқни гулдурос қарсаклар б-н олқишлайдилар. Боиси, юбилярнинг нутқида унинг ҳаёти, ҳаяжони ва самимий мулоҳазаси акс этган бўлади. Н.нинг муқобили бу маъвиза, ваъзхонлик, сухандонлик, «сўзга чечанлик» ва ҳ.к дир. Нутқнинг моҳияти унинг маданийлиги, оммавийлиги ва ижтимоий қиммати б-н белгиланади. «Маданий нутқ», «нутқ маданияти», «Н.» каби риторик тушунчалар нутқ этикасидан келиб чиқади. Нутқнинг характери анна шуларнинг моҳиятини билиш б-н изоҳланади. Н.нинг лингвистик бирлик сифатида ўз хусусиятлари мавжуд бўлиб, улар инсонларнинг ўзаро фикр алмашишдаги нутқий жараённинг босқичли шакллари дейиш мумкин. Анна шу шакллар — тўғри нутқ, нутқ маданияти ва Н.дир.

Нутқ — инсон томонидан ижтимоий-тарихий тажрибани ўзлаштириш, авлодларга узатиш ёки коммуникация ўрнатиш, ўз шахсий ҳаракатларини режалаштириш ва амалга ошириш мақсадида тилдан фойдаланиш жараёни. Н. — ахборот, хабар, маълумот ва янги билим бериш, ақлий топшириқларни ечиш фаолиятидан иборат. Агарда тил алоқа воситаси  бўлса, Н. эса айнан ўша алоқа жараёнларининг амалга оширишдир. Н. ривожланиши даврлари: 1) 2 ойдан 11 ойгача; 2) 11 ойдан 19 ойгача; 3) 19 ойдан 3 ёшгача. Н. ривожланишининг хусусиятлари: ғудурланиш, парадигматик фонетика, Н.нинг вазиятбоплиги, Н. эгоцентризми. Н.ни вужудга келтирувчи аппарат схемаси: а) Н.нинг анатомик тасвири; б) Н.нинг функционал элементлари; в) Н.нинг эквивалент блок схемаси ва б. Н. вербал ва новербал туркумдан иборат. Новербал Н. турли имо-ишора, мимика, пантомимика, эхологик, сигнификация, дактилогик (бармоқ нутқи) кўринишларга эга. Вербал Н. оғзаки, ёзма, монологик, диалогик, полилогик, ташқи, ички, экспрессив, импрессив, лаконик (йиғиқ), эпик (ёйиқ), аффектив турларга бўлинади. Тилнинг (хорфографик, фонетик, морфологик, синтаксистик, орфоэпик, лингвистик, флексив ва б.) қонуниятларига асосланган ҳолда мазмун ва  моҳиятни узлуксиз, тадрижий равишда ахборотларга айлантирувчи Н. тури ёзма Н. дейилади. Пауза, мантиқий урғу, темп, тембр, частота, ритмика ва б. ташкилий қисмлар ҳамда механизмларни ўзида мужассамлаштирган, тилнинг барча қоидалари, қонунлари, шартли белгилар сифатида хизмат қилишга асосланувчи Н. тури оғзаки Н. деб аталади. Оғзаки Н. ўзининг жарангдорлиги, таъсирчанлиги, ахборотларни қабул қилишдаги қулайлиги, узатилишдаги ихчамлиги, толиқишнинг олдини олиш имконияти мавжудлиги каби хусусиятлари б-н ажралиб туради. Миллат маданияти, маънавияти, фан ва техникаси ютуқлари санъати ва адабий меросини авлодларга етказиб беришда, миллатлараро алоқа ўратишда ёзма Н.нинг аҳамияти чексиздир.

НУТҚ МАДАНИЯТИ — нутқнинг адабий тил меъёр-мезонларига асосланган, муайян бир ҳолда мантиқ илми талабларига бўйсунган ҳолда намоён бўлишидир. Нутқ тафаккур ва фикрлашда ўзаро мулоқот ёрдамида фикр алмашиш воситасининг ҳар бир киши(шахс)га хос шакли, кўринишидир. Н.м.нинг асосий хус-яти нутқни илмий, сермазмун, аниқ-равшан, равон, тўғри, таъсирли, бадиий, мантиқий, жарангдор, жозибали баён этишдан иборат. Бунинг учун нутқ, аввало, адабий тил қонун-қоидаларига тўлиқ жавоб бериши лозим. Н.м. якка шахслар, чунончи маърузачи, педагог, сухандон,  давлат ва жамоат арбоби, журналист, мухбир ва ш.к.нинг нутқлари орқали намоён бўладиган ижт-й ҳодисадир. Инсоннинг интеллектуал савияси, миллатнинг менталитети, маън-й бойлиги қанчалик ортиб борса, Н.м. ҳам шуларга муносиб равишда юксалиб боради. Н.м. нутқ сўзлаш, маъруза қилиш, ўзаро мулоқотлар, савол-жавоб, давра суҳбатларида ўзб. адабий тилининг бойликларидан самарали фойдаланиш; ғоявий, мафкуравий, маън-й, тарбиявий жиҳатларни сингдириш; халқ оғзаки ижоди, ҳикматли сўзлар, мақоллар, катталар ўгитларини ўз ўрнида, меъёрида фойдаланиш; нутқнинг қисқа, аниқ-равшан, теран, мазмунли, кенг қамровли бўлишига эътибор бериш, нутқ, маъруза, суҳбат охирида қисқа хулосалар чиқариш; зарурият туғилганда тингловчилар, суҳбатдошлар б-н одоб доирасида, вазминлик асосида баҳслашиш, мунозара қилиш каби хус-ятларни ўзида мужассам этмоғи лозим. Н.м. нотиқнинг олдига ҳам муайян талаблар қўяди: нотиқ нутқ сўзлашга ўз ёши, иши, лавозими, мавқеи кабиларни ҳисобга олган ҳолда, камтарона кийиниб чиқиши; нутқни бошлашдан олдин тингловчилар б-н самимий саломлашиши; нутқ мавзуига оид лўнда, аниқ-равшан, қисқа жавоблар бериши, билмаганларига узр сўраши; нутқ мавзуига доир бўлмаган саволларга жавоб бермаслиги; тингловчиларнинг нафсониятига тегмаслиги, турли ноўрин хатти-ҳаракатларга асло йўл қўймаслиги лозим. Н.м. нотиқни улуғлайди, қадр-қимматини оширади, ижт-й мавқеини юксалтиради. Н.м.: 1) оғзаки ва ёзма адабий тил меъёрлари (талаффуз, урғу, сўз қўллаш, грамматика, услубшунослик қоидалари)ни эгаллаш, ш-дек, турли алоқа-аралашув шароитларида тилнинг тасвирий воситаларидан нутқнинг мақсад-мазмунига мос равишда фойдаланиш маҳорати; 2) тилшуносликнинг тилни мад-т қуроли сифатида мукаммаллаштириш мақсадида меъёрлаштириш (тартибга солиш) муаммоларини ўрганувчи бўлими. Ғарб тилшунослигида умумий маънода «тил маданияти» термини ҳам қўлланади. Биринчи Н.м. т.си адабий тилни ўзлаштиришдаги икки босқични қамраб олади: а) нутқнинг тўғрилиги; б) нутқий маҳорат. Нутқнинг тўғрилиги муайян тилда сўзловчилар ва ёзувчилар томонидан «идеал» ёки умум қабул қилинган ҳамда анъанавий сақланиб келаётган одатлар, ибрат ва намуналар тарзида идрок этиладиган адабий меъёрларга амал қилишдир. Нутқий маҳорат эса нафақат адабий меъёрларга амал қилиш, балки ўзаро мавжуд бўлган вариантлардан мазмунан энг тўғри, энг аниқ, услуб ва вазият н.назаридан энг мақбули ҳамда ифодалисини танлаб олиш маҳоратидир. Юксак Н.м. кишининг умумий юксак мад-тини, фикрлаш мад-тини, тилга нисбатан онгли меҳр-муҳаббатини намоён қилади. Н.м. наз-ясининг асосий т.си  тил меъёридир. Иккинчи Н.м.нинг асосий вазифаси ижт-й тил амалиётига фаол таъсир кўрсатиш мақсадида (тилнинг барча сатҳларида) объектив тил меъёрларини уларнинг барқарорлашган шаклларида, зиддиятларида, вужудга келувчи тамойиллари ва б.да ўрганишдир. Замонавий Н.м. наз-й ва амалий фан бўлиб, у тил амалиётига таъсир этиш мақсадида адабий тил тарихи, грамматика, услубшунослик ва тилшунослик бўлимларининг ютуқлари ҳамда хулосаларини умумлаштиради. Н.м. наз-ясида адабий тил миллий тилнинг олий шакли деб эътироф этилади; бадиий адабиёт тили ўзининг энг яхши намуналари б-н халқнинг мад-т соҳасидаги ютуқлари ва анъаналарини мустаҳкамлайди ҳамда бойитади. Н.м. ижт-й ҳодиса бўлиб, у жам-т, фан-техника, мад-й ва адабий ҳаёт ривожи б-н чамбарчас боғлиқ ҳолда тараққий этади. Жам-т аъзоларининг мад-й савияси ортган сари нутқи ҳам жилоланиб, сайқаллашиб, Н.м. қоидалари ва меъёрларига мувофиқ ҳолда такомиллашиб боради. Н.м.нинг шаклланиши ва рив-шида адабиёт, санъат, радио, ТВ ва даврий матбуотнинг алоҳида ўрни бор. Айниқса, адабий тилни меъёрлаштириш ва Н.м. наз-ясини ривожлантиришда лексикография, хус-н, изоҳли, имло, талаффуз, ўқув ва б. махсус луғатлар муҳим аҳамиятга эга. XV а.даёқ ўзб. адабий тилининг Н.м. ва унинг ўзига хос меъёрлари бўлган. Алишер Навоий  ҳаётий ва ижодий фаолияти б-н ўз даври Н.м.га, нутқ одобига мислсиз ҳисса қўшган бўлса, кейинчалик Бобур, Гулханий, Нодира, Огаҳий, Фурқат, Муқимий каби шоирларнинг асарлари тилида ҳам ўша давр Н.м. маълум даражада акс этган.  «Яхши сўз — жон озиғи», «Буғдой нонинг бўлмаса ҳам, буғдой сўзинг бўлсин», «Ўйнаб гапирсанг ҳам ўйлаб гапир», «Олдига келганни емак — ҳайвоннинг иши, оғзига келганни демак — нодоннинг иши» каби мақол ва ҳикматли сўзларнинг пайдо бўлиши ҳам ўзб. халқида Н.м. га аввалдан эътибор кучли бўлганидан дарак беради.

НУТҚ ОДОБИ — нутқий мулоқот қоидалари, тамойиллари ва аниқ шаклларининг мажмуи, муомала мад-ти синоними, ижт-й ишлар соҳасига тадбиқан, бу иш б-н боғлиқ мад-й меъёрлар мажмуи. Н.о.  қатор талабларга жавоб бериши керак. Бу талаблар орасида ижобий натижага йўналганлик, низони, баҳсли ҳолатни ечишга интилиш, келишиш, битимга эришиш ижобий услубдир. Н.о.га риоя қилмаслик салбий услуб ҳисобланади, бундай мулоқот низога, тарафкашликка, шахслараро зиддиятга олиб келиши мумкин. Ишга алоқадор мулоқотда муҳокама этилаётган муаммога муҳокама бўйича қарши томонга бўлган мун-т боғлиқ эмас. Бу эса муаммони «сув бетига олиб чиқиш»ни кўзда тутади, объектив мезонлар асосида мунозарали масалани баҳолаш, вазиятни холис экспертизалаш, хулосани ифодалаш, тенглик, муросасозлик тамойилларидан келиб чиқиш, ўз шахсий фикрига қарши томоннинг ҳуқуқини тан олишни назарда тутади. Н.о. ишга алоқадор мулоқотда холисликни, суҳбатдошига ҳурмат б-н мун-тда бўлишни, мурожаат қилишда, мулоҳаза юритишда, фикрни ифодалаш шаклларида мулоқотнинг умуммад-й меъёрларидан фойдаланишни тақозо этади. Н.о.да суҳбат, музокара, гаплашишнинг муайян технологияси (йўриғи) мавжуд. У танишиш, мурожаат қилиш, саломлашиш, хайрлашишнинг ишбилармонларлик шакли б-н боғлиқ. Н.о.нинг мад-й меъёрлари миннатдорчилик, тилак билдириш, кечирим сўраш, илтимос қилиш, таклиф қилиш, маслаҳат беришнинг тартибланганлигини назарда тутади. Ишга алоқадор суҳбатнинг мазмунини, аниқ амалий масалаларни муҳокама қилишдан ташқари, юпатиш, ҳамдардлик билдириш, ш-дек, мулозамат, қўллаб-қувватлаш, қўшилмаслик усулларини ҳам одоб доирасида ифода этиш ва баён қилишни англатади. Ёш авлодда Н.о.ни тарбиялаш бугунги кундаги маън-й-маър-й, таълим-тарбия ходимларининг долзарб вазифаларидан биридир.

О