О

ОБРЎ — маън-й т., инсоннинг маън-й сифатлари, меҳнат фаолияти, насл-насаби, билими ёки касбий маҳоратига ўзгалар томонидан берилган юксак баҳо. Бошқача айтганда, О. инсоннинг руҳий-психологик, интеллектуал ва амалий хатти-ҳаракатларининг кўпчилик томонидан устувор деб қабул қилинишидир. Маън-й т. бўлишига қарамай шахс О.си жуда кўп асосларга бориб тақалади. Яъни, инсоннинг О.си истаган бир ақлий, руҳий ёки амалий хатти-ҳаракатини келтириб чиқарувчи мақсади б-н боғлиқ равишда ўсиш ёки пасайиш характерига эга. Эзгу мақсадларни кўзлаб амалга оширилган ишлар инсон О.сининг ўсиши, алоҳида шахс ёки кўпчиликка зарар келтирувчи мақсадлар унинг О.си пасайишига замин ҳозирлайди. Катта-кичиклигига кўра ҳам О. ўзига хос даражаларга бўлинади ва унинг шаклланиши шахснинг ўз олдига қўйган мақсадларига бориб тақалади. Шахс мақсадлари ва амалга оширадиган ишлари гуруҳ б-н боғлиқ бўлса, олинадиган О. ҳам шу гуруҳ даражасида, яъни  жам-тга тегишли бўлса жам-т, давлатга тегишли бўлса давлат, тамаддунга тегишли бўлса тамаддун даражасида бўлиши мумкин. Ш-дек, О. алоҳида ёки бир неча соҳаларга тегишли бўлиши ҳам мумкин. Мас., тиббиётда орттирилган О. фақат шу ва шунга яқин соҳа вакиллари орасида орттирилган бўлиши мумкин. Мас., Нобель мукофотини олганлар орасида кўплаб соҳа вакиллари бор. Лекин уларни ҳамма билмайди, улар ўз соҳалари мутахассислари орасидагина юксак О.га эгадир. Бироқ, жаҳон даражасида О.га эга шахсларнинг кўпчилиги бир эмас, бир неча соҳалар бўйича инсоният ҳурматига сазовор ишларни амалга оширганликлари учун уларни кўпчилик яхши билади ва ҳурмат қилади. Баъзан муайян ишда қўйилган биринчи қадам, кейинчалик инсониятнинг шу соҳада катта ютуқларга эришуви ҳам шахснинг жаҳон даражасида О. қозонишига имкон яратади. Мас., Мирзо Улуғбекнинг астрономия бўйича кашфиётлари унинг  инсоният оламида биринчи катта О. қозонишига асос бўлди. А.Навоийнинг шеърият соҳасидаги ютуқлари унинг бутун жаҳон аҳли олдида юксак О.га эришишига олиб келган. Бундан ташқари, О. гуруҳ, жам-т, давлат, минтақа, қитъа кабилар б-н боғлиқ инсоний бирликларга ҳам тегишли бўлиши мумкин. Мас., туман бир давлат миқёсида бир гуруҳ инсонларни қамраб олиши ва улар муайян  соҳада катта О. қозонишлари мумкин. Мисол учун, тарихда Бухоро “Қувватул дин вал ислом”, Самарқанд “Сайқали руйи замин”, Шаҳрисабз “Қуббатул илм вал адаб” номлари б-н машҳур бўлган бўлса, Хоразм меъморчилик ва санъат, Тошкент қуролсозлик, Фарғона деҳқончилик мад-ти б-н шуҳрат қозонган. Ў.О. эса барчага мад-тлар туташган чорраҳа сифатида маълум ва машҳур бўлган. О. “ном қозонди”, “оти чиқди”, “довруғ таратди”, “ҳурмат-эътибор топди”, “шон-шарафга эришди”, “тилларда достон бўлди” каби атамалар б-н ҳам ифодаланади. Бироқ, бундай атамалар фақат инсон ёки инсоний бирликларга нисбатан эмас, ер-ҳудуд, ўсимлик ёки ҳайвонот дунёси, сув, тоғу тош, чўл ёки шунга ўхшаш маълум боғлиқликдаги жойларга нисбатан ҳам қўлланилади. О. – инсон  хизматининг тан олинганлигини ифодаловчи ўлчов сифатига ҳам эга. Субъект эътиборли жиҳатларини муайян умумийлиқда шаклланган қадриятлар даражасига қиёслаш натижаси О. кўрсаткичи бўлиб, ижт-й ақлнинг миллий, синфий, ижт-й ва б. жиҳатлари б-н белгиланадиган ҳамда макро ва микро ижт-й ақлда қабул қилинган омиллар ҳисобланади. Ҳоз. Ғарбда, одатда, зоҳирий О. кўрсаткичлари сифатида моддий фаровонлик, турар-жой, автомобиль маркаси, матбуотда тилга олиниш, оилавий врач, руҳшуносга эгалик, шахснинг касбий муваффақияти ва б.га эгалиги эътиборга олинади. Шарқда эса Ғарбдан муайян даражада сезилсада, ундан фарқли ўлароқ, шахснинг эл-юрт олдидаги хизмати, маън-й ютуқлари ёки халқи орасида топган эътибори, одамларга кўрсатадиган тарбиявий таъсири кабилар О.нинг асослари бўлиб хизмат қилади. Бундай О. маън-й характер касб этади, яъни у одамларни эргаштириш, уларга намуна бўлиш ва шу б-н жам-тга таъсир кўрсатиш хус-ятига ҳам эга.

Объективизм — ташқи оламдаги мавжуд предмет ва ҳодисаларни фал-й таҳлил қилиш, билиш жараёнида субъект хоҳиши ва иродасига боғлиқ бўлмаган тарзда баён этиш. О. ташқи олам предмет ва ҳодисалари қандай бўлса, шундай баён қилишни англатади. Фанда холисликни ёқлаб чиқувчи қарашлар билиш жараёнининг мураккаблигидан келиб чиқувчи, ҳар қандай чекланишларни, бир томонламаликни инкор этишга қаратилган. Айниқса, ижт-й воқеликни билишнинг ўзига хослиги бу масалани фал-й муаммо даражасига кўтарди. Ижт-й воқеликни билишда билувчи субъектнинг ижт-й-иқт-й манфаатлар б-н боғланиб қолиши билишнинг объективлигига путур етказади. Марксча дунёқарашда О. даражасини синфий манфаатларга мослик даражаси б-н айнийлаштириб, бу масалага ҳам синфий ёндашиш талаб этилган эди. Ижт-й воқеликни билишда объективлик масаласини неопозитивизм намояндалари, хус-н, Б.Рассел умуминсоний манфаатларга мос келиш даражаси б-н ўлчаб, уни мезон қилиб олди. Бундай қарашлар ХХ а.нинг ўрталарида ижт-й воқеликка янгича ёндашиш кераклигини ижт-й заруратга айлантирди ва “Янгича фал-й тафаккур” ҳамда “Янгича сиёсий тафаккур” услубининг шаклланишига асос бўлиб хизмат қилди. Табиий ва ижт-й воқеликни билиш жараёнида билувчи субъектнинг билим, қобилият ва имкониятлари, хоҳиш-иродаси ва у томонидан ҳимоя қилинаётган муайян ижт-й қатлам ва гуруҳлар манфаатлари бевосита иштирок этади. Уларсиз билиш жараёни амалга ошмайди. Демак, тадқиқотчи субъект воқеликни акс эттириш жараёнида кимлар номидан қатнашишига ҳамда у томонидан ҳимоя қилинаётган манфаатлар доирасининг кўламига қараб объективлик даражаси белгиланади. Шундан келиб чиққан ҳолда билиш жараёни субъектнинг ақлий, ҳиссий имкониятлари, хоҳиш-иродаси ва у томондан ҳимоя қилинаётган манфаатлар доираси б-н боғлиқ субъектив жараён бўлиб, бу эса бевосита объективликни ўлчаш мезони бўлиб ҳам хизмат қилади.

ОГОҲЛИК – инсон ва миллат манфаатларин асраш, жам-тдаги ижт-й-сиёсий қоидаларга риоя қилиниши, жам-тдаги тинчлик ва барқарорликни таъминлашда ҳушёрликни англатадиган маъноли т.. О. фақат физиологик ва биологик хус-ят бўлмасдан, балки  маън-й-мад-й аҳамиятга ҳам эга. Ушбу тушунчанинг мазмун-моҳияти, ижт-й, сиёсий аҳамияти ва ҳоз. даврдаги намоён бўлиш хус-ятлари Президент Ислом Каримов асарларида чуқур таҳлиллар, далил ва мисоллар асосида кўрсатиб берилган. Жам-тда мавжуд ижт-й-сиёсий барқарорликнинг таъминланиши ва асралиши бевосита инсон онги, тафаккури б-н чамбарчас боғлиқ. Ҳар бир шахс халқ,  жам-т, ўз жамоаси, оиласи олдидаги бурч ва масъулияти ҳамда моддий-маън-й неъматларга эгалик ҳуқуқи мавжудлигини англаб, идрок этиши унда О. туйғусини шакллантиради. О. жам-т ҳар бир аъзосидан унинг тинч ва осойишта ҳаётдан ҳар томонлама манфаатдорлик туйғуси шаклланишида намоён бўлади. Ушбу манфаатдорликни англаган инсон жам-тда содир бўлаётган воқеа ва ҳодисаларга лоқайд қарай олмайди. Сабаби — у лоқайдлигининг зарари қандай оқибатларга олиб келишини тушунади. О. лоқайдликнинг аксидир. Мазкур т.лар мазмун-моҳиятига кўра муҳим аҳамият касб этади. О. тинчлик ва осойишталик, барқарорликни таъминлашнинг шарти сифатида намоён бўлса, лоқайдлик эса жам-тнинг таназзулига замин яратади. Кенг қамровли сиёсий-ижт-й ислоҳотларни бошидан кечираётган, сиёсий барқарорликни таъминлаш йўлида фаолият юритаётган мам-тларда О.ка амал қилиниши ўзини ҳар томонлама оқлашига шубҳа йўқ. Аммо лоқайдлик эвазига бой берилган О. қимматга тушиши мумкин.  О. туйғуси, миллий мансубликни чуқур англаш ва уни эъзозлашга интилишдир. Маълумки, турли миллатлар турли шароитда руҳий ва маън-й феъл-атворга эга бўлади. Ш.у. ҳам турли минтақада яшаётган халқларнинг турлича яшаш тарзи, бир-бирига ўхшамаган урф-о.ларга эга бўлган. Жумладан, ўзб.лар, умуман Шарқда О. ҳам ор-номус, шарм-ҳаё т.лари каби ҳаётнинг ҳамма жабҳалари учун муҳим туйғу деб қабул қилинган. Агар ҳар бир халқ ўз ҳуқуқи нормалари доирасида амал қилинаётган қонунларга бўйсуниб яшашни турмуш тарзига айлантирса, ўз хатти-ҳаракатини маълум қонун-қоидалар йўналишига тушира олсагина, юксак ақл-идрок, одоб-ахлоқ ҳамда О. категорияларини ҳаётнинг ҳар бир дақиқасида намоён қилиб борса, жам-тнинг маън-й қиёфаси баркамол, ундаги инсонларнинг яшаш тарзи фаровон, эркинликлари эса чексиз бўлади. Ҳоз. серғалва ва нотинч дунёга боқар эканмиз, “Ўз уйингни ўзинг асра”,  “Огоҳ бўлинг, одамлар!”  деган даъватлар ҳамиша бонг уриб, янграб тургандек бўлиб туюлаверади. Бугунги кунда О. бебаҳо қадриятларимиз, мустақиллигимиз, тинчлигимиз, ижт-й барқарорлик, тадрижий тар-ёт, жам-тда миллатлар ва фуқаролар хавфсизлиги учун хизмат қилмоқда. Зеро, бугунги мураккаб ва шафқатсиз дунёдаги ҳаддан зиёд хавф-хатардан сақланиш ҳар биримизга боғлиқ. Огоҳ бўлиш — ҳимоя дегани, ҳимоя эса – огоҳ бўлишдан бошланади.

ОДАМГАРЧИЛИК – юксак маън-й фазилатлардан бири бўлиб, беғараз ёрдам кўрсатиш, беминнат хизмат, инсоний бурчни адо этиш б-н боғлиқ хус-ятни ифодалайдиган т.. О. ўзаро мун-тларда меҳр-оқибат, шафқат, инсонпарварлик тамойилларининг намоён бўлишини англатадиган ахлоқий сифат ҳамдир. О. қадимий маън-й қадриятлардан биридир. У азалдан ўзаро меҳр-шафқат,  беғараз ёрдам, хайрия ишлари, саховат каби мун-тларда ёрқин намоён бўлади. Бироқ О. жам-т ва давлат манфаатларига зид, ноқонуний  хатти-ҳаракатларга олиб келмаслиги керак.  О.  шахслар  хатти-ҳаракатида, турмуш тарзида, кундалик воқеа-ҳодисалар асносида кўринадиган фазилатлар – хайрхоҳлик, ҳурмат-эҳтиром, ҳамдардлик, ишонч билдириш, олижаноблик ва саховат кўрсатиш, ҳиммат, ўзгалар учун ҳаловатдан кеча олиш каби хус-ятларнинг мужассам ҳолатда намоён бўлишидан ташкил топади. Кишиларда О. хус-ятини аста-секин, босқима-босқич тарбиялаш мумкин. Одамийликни, О.ни ҳар қандай шахс, ҳар бир одам ўзи хатти-ҳаракати, қилаётган иши, бажараётган вазифаси орқали ҳар куни, ҳар соатда намоён этиши мумкин. Бундай ибратомуз хатти-ҳаракатлар, ижт-й мун-тлар О. деб аталмиш улуғ туйғуга уланади ва Ватан, эл-юрт, халқ манфаатига, башариятнинг эзгулиги йўлида қилинаётган олижаноб ва беминнат хизматлар қаторидан жой олади. Ш.у. ҳазрат Алишер Навоий бобомиз:  “Одамий эрсанг, демагил одами // Ониким, йўқ халқ ғамидин ғами”, деган бебаҳо сатрларда О. туйғусининг қадр-қимматини юксак эҳтирос б-н куйлаган. О. фазилати жаҳолат, бағритошлик, бешафқатлик, лоқайдлик каби иллатларга тескари т. сифатида талқин қилинади. Инсоний қиёфасини йўқотган, ножўя юриш-туриши, бадахлоқлилиги туфайли назардан қолган кимсалар ш.у. «одамгарчиликдан чиқди» деб баҳоланади, уятга қолади.

ОДАТ — маънавий ҳаёт ҳодисаси, инсонга хос хусусият, кишилар фаолияти ва хулқ-атворини ижтимоий тартибга солишнинг тарихан қарор топган шакли. Кўпинча жамиятдаги ижтимоий ҳаётда ўхшаш вазиятларнинг такрорланиши одатлар шакли, хулқ-атвор стереотиплари (бир қолипдаги меъёрлар) юзага чиқишига олиб келади. Булар О. тарзида кейинги авлодга мерос бўлиб ўтади. Жамиятнинг саноатлашувига қадар О. индивиднинг ижтимоийлашув воситаси бўлган. О. технологик, ижтимоий ва маданий тажрибанинг авлоддан-авлодга ўтишида муҳимдир. О. ижтимоий назорат, гуруҳий жипсликнинг муайян шаклини мустаҳкамлайди, диний, этник ва умумийлик барқарорлигини таъминлайди. Технологик ва ишлаб чиқариш малакалари (тегишли йўриқномада қайд этилмаганлари), ижтимоий-сиёсий фаолият шакллари, оила-никоҳ турмуш тарзи, одамларнинг ўзаро муносабатлари, диний урф-одатлар ва ҳ.к.лар ҳам О. ҳисобланади. Жамият ривожланиши жараёнида янгича О.лар шаклланиб, айрим эски О.ларни четга суриши ёки уларга зид тарзда мавжуд бўлиши мумкин. Ҳозирги шароитда О.нинг таъсир доираси торайган, чунки ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи сифатида ижтимоий институтлар (давлат, ҳуқуқ, фан, оммавий ахборот воситалари, таълим ва ҳ.к.) асосий ўринни эгалламоқда. О. эса ахлоқ, турмуш, фуқаровий удумлар, этник маданият соҳасида муҳим аҳамият касб этиб келмоқда. Шаклланган турмуш тарзининг кутилмаганда кескин ўзгариши, одатда, асабий ҳолатни юзага келтиради ва чуқур кечинмалар билан боғлиқ бўлади. Бундай вазиятда инсон нафақат жисмоний ёрдамга, балки маънавий-руҳий ҳамдардликка муҳтожлик сезади. Бунда мураккаб руҳий вазиятларда коммуникатив лаёқатни ривожлантиришга йўналтирилган ижтимоий-руҳий машқ усуллари катта имкониятга эга ҳисобланади ва рефлекс тарзидаги кўникмаларни шакллантиради. Фаровон ҳаёт кечириш ва келажак ҳақида ғамхўрлик қилиш, вояга етмаган ва меҳнатга лаёқатсиз оила аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш устуворлиги тамойиллари мавжуд.  Психологияда О. индивид учун ўрганиш бўлиб қолган ва муайян вазиятда бажариш эҳтиёжига айланган хатти-ҳаракатдир. О. стихияли тарзда шаклланиши, муайян тарбия маҳсули, феъл-атворнинг барқарор хусусиятига айланиши, автоматизм белгиларига эга бўлиши мумкин. О.нинг физиологик асоси — динамик стереотип, яъни бош мия катта ярим шари пўстлоғидаги асаб тизимидир. О. фаолиятнинг турли соҳаларида (меҳнат, ўқув, спорт ва б.) вужудга келиб, инсон хатти-ҳаракатининг барча томонларини (ахлоқи, билиш жараёни, маданий-маиший турмуши ва б.)ни қамраб олади. О. фойдали (мас., эрталабки бадан тарбия) ва зарарли (мас., чекиш) бўлиши мумкин. Фойдали О. шахснинг ижобий хислатларининг шаклланишига хизмат қилади. Мас., меҳнат қилиш одати меҳнатсеварликни ривожлантиради. Аксинча, зарарли О.лар салбий хусусиятларни келтириб чиқаради. Мас., вақтни беҳуда ўтказиш дангасалик, ишни охирига етказмаслик иродасизлик О.ларини келтириб чиқаради. О. тусини олган хатти-ҳаракатлар кишига мустаҳкам сингиб, унинг табиати — фазилати ёки иллатига айланади. Ёшликдан ижобий О.ларни таркиб топтириб, салбий О.ларга қарши курашиш таълим-тарбиянинг муҳим вазифасидир.

ОДДИЙЛИК (араб. одатдагидек, одатга айланганлик; кундалик, меъёрийлик; соддалик) – 1) одатийлик, ҳар куни рўй берадиган, ўрганиш бўлиб қолганлик;  2) осонлик, унча мураккаб бўлмаганлик; жўнлик. 3) кўп қаторидан, бошқалардан алоҳида ажралиб турмаслик;  4) камтарлик, камсуқумлик белгиси. О. ибораси араб тилидан ўзбек тилига ўзлашган сўз бўлиб, ҳар куни ҳар вақтда дуч келинадиган одатий ҳолатларни ифодаловчи тушунчадир. Халқимизда О. ҳамиша қадрлаган.  У жамиятнинг барча табақа вакилларига хос хусусият.  Кишининг О.гига қараб, унга баҳо берилган. Баъзан О.ни тўпорилик билан аралаштириб юбориш ҳоллари учрайди. Тўпорилик ҳам О. каби баъзан ижобий хусусият касб этади, лекин тўпорилик баъзан гўллик деб ҳам тушунилади. О. кишининг энг яхши хусусияти сифатида улуғланади. Баъзан О. “ҳамият” тушунчаси билан муштарак иборалар сифатида талқин этилади. Оддий одамда ҳамият бутун бўлиши табиий. Ҳамият – ўзининг ва ўзига қарашли кишиларнинг ор-номусини бошқаларнинг тажовузидан ҳимоя қилишга бўлган интилиш, ор-номусни пок сақлаш туйғуси. Бундай интилиш ва туйғуга эга бўлган киши ҳамиятли, оддий одам дейилади. Улар нопокликка бефарқ қараб туролмайди. Аждодларимиз ҳам О.ни юксак хусусият сифатида улуғлаганлар. Улар бошқалардан ажралиб турмаслик мақсадида оддий турмуш тарзини танлаганлар. Айниқса, суфийлар ва суфий шоирлар О.ни маъқул кўрганлар.  Шунинг учун халқимиз орасида “Буюклик — оддийликдадир” деган ҳикматли сўз пайдо бўлгани бежиз эмас.  О. камтарлик ибораси билан ҳам ўзаро муштаракдир. Камтар одам ўзининг оддий юриш-туриши, муомаласи, кийиниши, тутиши  билан бирга, бошқаларни ҳам оддийликка чорлайди.

 

Одоб (араб. “адаб” сўзининг кўплиги) – жамиятда эътироф этилган хулқ меъёри. Шахс маънавий ҳаётининг ташқи жиҳатини ифодалаб, ўзаро муносабатда, оила, меҳнат жамоасида намоён бўлади. О. асосида ахлоҳий тамойиллар, меъёрлар, тарбияланганлик даражаси ва эстетик идеал талаблари ётади. О. кишининг жамоа орасида ўзини тутиши, одамларнинг ўзаро муомаласи, турмуш тарзи, бўш вақтини ташкил этиш, инсон ташқи қиёфаси қандай бўлиши лозимлигига оид қоидаларни (мас., ор-номус, шарм-ҳаё, иффат, камтарлик, хушмуомалалик,) ўз ичига олади. Инсоннинг диний эътиқоди унинг одобли бўлиб камол топишида муҳим ўрин тутади. О., биринчи навбатда, оила муҳитида, қолаверса, таълим-тарбия, ижтимоий-фойдали меҳнат, амалий тажриба жараёнида шаклланади. О. – инсонни маънавий камолотга етказувчи жараён. О. болаликдан шаклланади. Ёши улғайиши билан инсоннинг О. даражаси кенгайиб боради. У  киши фаолиятини белгиловчи жараён. О. – маънавий етуклик, маънавийлик мезонидир. О. “тарбияли” тушунчасини ҳам англатади. У таълим-тарбиянинг асл меваси. Ақлнинг суянчиғи ҳисобланган О. – барча фазилатларнинг шаъни ва ҳикмати. Доно халқимизнинг “Адаб бозорда сотилмас”, “Одоб ақлли киши учун улуғлик ва фазилатдир”, “Одоби йўқнинг ақли йўқ”, “Одобсиз ақл, ақлсиз одоб йўқ”, “Одобнинг миллати йўқ”, “Одоблига имон ҳамроҳ” каби нақллари бежиз айтилмаган. Шундай экан, ақл ва одоб бир-бирига боғлиқ. Инсонда ҳар иккови мавжуд бўлсагина, у камол топади. “Ҳикматнома”да “Адаб икки хилдир: ҳикмат адаби ва хизмат адаби. Ҳикмат адаби поклик ва тўғри йўлга етаклайди, хизмат адаби эса бадавлатлик ва обрўга етказади”,  дейилади. Эндиликда ота-боболаримизнинг одоб-ахлоқ ҳақидаги ҳикоятлари, нақл ва ривоятлари ёшларнинг маънавий қадриятларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, одоблилик ва ахлоқийлик, эзгулик, инсонийлик каби маънавий қадриятлар шахс камолотида дастуриламал бўлмоқда.  Ота-онанинг яхши одоби фарзандларга таъсир қилади. Уларда ватанпарварлик, фидокорлик, садоқатлилик, мардлик,  жасурлик, чидамлилик, вазминлик, қадр-қиммат, ташаббускорлик каби хислатлар   мужассамлашади. Одобли бўлиш эл ўртасида одоб сақлаш, насиҳатларга амал қилиш, инсоф, имонли бўлишнинг асосий омилидир. О. илм эгаллаш, бадиий, ахлоқий, шеърий асарларни мутолаа қилиш асосида шаклланади. О.ли киши яхши амалларни одат қилади, одамлар, дўстлар, ота-оналар ҳурматини жойига қўяди, соф виждонли бўлади. Демак, тилини одоб билан қуроллантирган,  қўлини тўғриликка одатлантирган кишигина камолотга етиши мумкин.

ОЗОД ВА ОБОД ВАТАН, ЭРКИН ВА ФАРОВОН ҲАЁТ БАРПО ЭТИШ — миллий истиқлол мафкурасининг бош ғояси. Инсоннинг ижтимоий-сиёсий моҳияти фақат озодлик ва эркинлик шароитидагина тўла-тўкис намоён бўлади. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон халқининг миллий тараққиёт йўлидаги асосий мақсади — озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш бўлиб, бу ғоя миллатимизнинг азалий орзу-умидларини, интилишларини, бунёдкорлик фаолиятининг маъно-мазмунини ифодалайди. Тарихга назар ташласак, сиёсий жиҳатдан озод ва эркин бўлган даврларда юртимизнинг ижтимоий, иқтисодий, маданий ҳаёти гуллаб-яшнаганини, мустамлакачилик шароитида эса у чуқур инқирозга юз тута бошлаганини кўрамиз. Мустақиллик миллий қадриятлар, маданият ва анъаналарни, маънавиятни тиклаб, одамларимиз қалбида миллий ғурур ва ифтихорни, озод ва обод Ватан туйғуларини камол топтиришга замин яратди. Миллий истиқлол мафкурасининг бош ғоясида “мустақиллик”, “озодлик”, “эркинлик” тушунчаларининг устувор ва етакчи ўринда туриши, Ватан озодлиги барча орзу-интилиш, истиқлолни мустаҳкамлашга доир амалий фаолият кўлами ва йўналишлари учун асос эканидан далолат беради. Зеро, биз учун мустақиллик – ўз эркинлигимизни англашгина эмас, балки,  ҳаётимизни ўз иродамиз билан миллий манфаатларимизни кўзлаган ҳолда ташкил этиш, ўз келажагимизни ўз қўлимиз билан қуриш ҳуқуқидир. Озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт ғояси: биринчидан, ота-боболаримиздан мерос бўлиб қолган, киндик қонимиз тўкилган муқаддас заминнинг дахлсизлигини, хавфсизлигини таъминлаш; иккинчидан, маънавий-руҳий жиҳатдан миллий ўзлигимизни англаш ва унинг ифодаси бўлган қадриятларни сақлаш, бойитиш ва авлодларга мерос қолдириш; учинчидан, эрксевар халқимизнинг асрий орзу-умиди бўлган мустақилликни мустаҳкамлашга барчани сафарбар этиш; тўртинчидан, ҳар бир кишининг фаровонлиги давлат, миллат фаровонлиги асоси эканлигини англаган ҳолда ташаббускорлик, тадбиркорлик билан фидокорона меҳнат қилишга асосланади, бешинчидан, бу ғоя келажакка қаратилган бўлиб, халқни жипслаштириш вазифасини бажаради; олтинчидан, ушбу ғояда мамлакатимизда яшаётган барча миллат вакилларининг пировард мақсадлари ифодаланган бўлиб, у кишиларни келажакка чорловчи улуғвор ва жозибали шиор тарзида намоён бўлади. Бу ғояни халқимиз онги ва қалбига чуқур сингдириш мустақилликни мустаҳкамлаш, буюк келажак қуриш, Ўзбекистонни илғор давлатлар қаторига қўшилиш жараёнининг муҳим омилидир. Биз она деганда Ватанни, Ватан деганда онани тушунамиз. Аёлни, онани  улуғлаш эса Ватанни,  юртни улуғлашдир. Хақиқатан ҳам, Ватан ягонадир, Ватан биттадир. Унинг буюк келажаги ва фаровонлиги учун, халқимизнинг тотувлиги, миллатлараро жипслиги ва ҳамжиҳатлиги учун курашиш ҳар биримиз учун  ҳам қарз, ҳам фарздир. Ҳозирги энг муҳим вазифамиз – жамиятимиз аъзоларини, авваламбор, вояга етиб келаётган ёш авлодни камол топтириш, уларнинг қалбида миллий ғоя, миллий мафкура, ўз Ватанига меҳр-садоқат туйғусини уйғотиш, ўзлигини англаш, миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялашдан иборатдир. 1991 йилнинг 31 августида Ўзбекистоннинг Давлат мустақиллиги эълон қилингач, Ватаннинг қадри ортди, халқнинг қадри тикланди. Ватан деган муқаддас тушунчадаги сохталиклар барҳам топиб, моҳият аниқлашди ва тиниқлашди. Ўзбек халқининг бирдан-бир Ватани  бу Ўзбекистондир. Ватан ҳақида, халқ ҳақида, аждодлар ҳақида, ўтмиш ҳақида, қадриятлар ҳақида, мерос ҳақида, бугун ва келажак ҳақида баралла сўзлаш имконияти туғилди. Бинобарин, ҳақиқий Ватан муҳаббати, Ватан ҳисси мамлакат озод ва обод, халқ эркин бўлгандагина юзага келар экан. Дарҳақиқат, мутабид тузум даврида Қуръони карим, ҳадиси шарифни чоп этиб бўлармиди? “Халқ душмани” Абдулла Қодирий номида Давлат мукофоти таъсис этилармиди, Соҳибқирон бобомизга ҳайкал ўрнатиб, 1996 йилни Амир Темур йили деб эълон қила олармидик? Бу буюк сана ЮНЕСКО томонидан халқаро миқёсда нишонланармиди? Ватанни қалбан чуқур ҳис қилиш учун ҳам, халқнинг ватанпарварлик намуналарини кўрсатиш учун ҳам халқ ҳур, Ватан мустақил бўлиши шарт экан. Бугун шу мустақиллик қўлимизда экан, уни эъзозлашимиз, қадрига етишимиз, қадам-бақадам мустаҳкамлаб боришимиз керак. Мана шу туйғулар, мана шу олижаноб фазилат ва эзгу ҳаракатлар бугунги кун учун ҳақиқий ватанпарварлик насибасидир. Одамларимиз, жамиятимиз мафкурасида, Ватан, юрт ғояси устувор бўлмоғи керак. Улуғ аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган Ватанга муҳаббат туйғуси, фарзандларимиз, бугунги келажак авлодларимиз учун чинакам эътиқодга, чинакам ақидага айлансин. Ватанни асраш, ардоқлаш, уни ёмон кўзлардан ва ҳаракатлардан асраб-авайлаш ҳимоялаш, керак бўлса, она юртимиз учун жонимизни фидо қилишдек буюк инсоний фазилатни қалбимизга жо этмоғимиз лозим.

“ОЗОД ВА ОБОД ВАТАН, ЭРКИН ВА ФАРОВОН ҲАЁТ — ПИРОВАРД МАҚСАДИМИЗ” – Ўзбекистон Республикаси Президенти  И.А. Каримов асарларининг 8-жилди. (Т., «Ўзбекистон», 2000 й.). Китобда  И.Каримовнинг Олий Мажлис сессиялари, Вазирлар Маҳкамаси йиғилишлари ҳамда халқ депутатлари вилоятлар Кенгашларининг сессияларида қилган маърузалари ўрин олган. Ушбу маърузаларда Ватанимизнинг озод ва обод бўлишини таъминлаш ва фаровон ҳаёт қуришга дадил интилаётган халқимиз ҳаётида рўй бераётган улкан ўзгаришлар, ислоҳотларни амалга оширишни янада чуқурлаштириш, иқтисодиётни эркинлаштириш масалалари ҳамда адолатли ва маърифатли демократик жамият барпо этиш борасидаги фаолиятнинг устувор йўналишлари, моҳияти ва мазкур йўналишларни рўёбга чиқаришнинг долзарб масалалари теран таҳлил қилиб берилган. Шунингдек, китобда халқаро миқёсда ўтказилган сиёсий анжуманлар, яъни Афғонистон муаммоларига доир «6+2» гуруҳининг Тошкент учрашуви (1999 йил 19 июль) ҳамда Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Истамбул саммитида (1999 йил 18 ноябрь) сўзланган нутқлар ҳам ўрин олган. Ушбу нутқларда минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш масаласи ҳамда кейинги пайтларда Яқин Шарқ мамлакатларида кескин кучайиб бораётган халқаро терроризм ва диний экстремизмнинг олдини олиш ва уларга қарши курашда Ўзбекистоннинг муносабати ўз ифодасини топган. Маълумки, жамиятнинг маънавий қиёфаси миллатнинг аждодларига муносабати, уларнинг маънавий меросига ҳурмат-эътибори ва миллий қадриятларни қай даражада эъзозлаши билан белгиланади. Ўзбекистонда бу борада амалга оширилаётган саъйи-ҳаракатлар ушбу китобга киритилган мамлакатнинг турли ҳудудларида ўтказилган тантанали маросимлар, анжуманлар ва барча вилоятлар аҳолиси, сайловчилар вакиллари ҳамда миллий истиқлол мафкураси концепциясининг асосий тамойилларига бағишлаб илмий ва ижодий жамоатчилик вакиллари билан учрашувларда сўзланган нутқларда ҳамда журналистлар билан суҳбатларда ўз ифодасини топган. Мас., «Алпомиш» достонининг 1000 йиллигига бағишланган тантанали маросимда сўзланган нутқда (1999 йил 6 ноябрь) давлатимиз раҳбари  “Алпомиш” достони ўзбек халқининг маънавий мулки экани, достон тўйининг нега бу заминда ўтаётгани ҳақида сўзлар экан, Сурхон воҳаси, аввало, “Алпомиш” достони туғилган қутлуғ маскан бўлганига, Алпомиш мана шу бепоён яйловларда, баланд тоғ дараларида гумбурлатиб от чопган, шу юртнинг зилол кўлларидан сув ичган, шу мағрур элга муносиб паҳлавон бўлиб етишган, шунинг учун ҳам Барчиной душманларга қарата ғурур билан: “Менинг ёрим билсанг Бойсун султони”, деб айтганига эътибор қаратади. Дарҳақиқат, Сурхон жаҳон цивилизациясининг қадимий бешиклари – милоддан аввалги Кушон ва Бақтрия давлатларига замин бўлгани билан оламга машҳур. Воҳадаги Далварзинтепа, Холчаён, Тиллатепа, Зараутсой, Тешиктош, Фаёзтепа сингари кўҳна маконлар, у ерларда топилган археологик ашёлар кўпминг йиллик тарихимизнинг ноёб ёдгорликларидир. Бу тупроқ азалдан илму ҳунар, ҳикмат ва санъат руҳи билан йўғрилган. Имом Ат-Термизий, авлиё Ҳаким ота каби улуғ зотларнинг ўлмас руҳи, ҳаётбахш ўгитлари баркамол авлодларни вояга етказди. Шубҳа йўқки, “Алпомиш”дек буюк обидалар, Алпомишдек мард паҳлавонлар айнан мана шундай муҳитда дунёга келади, дея фикрини хулосалайди  И.А.Каримов. 8-жилдга кирган нутқ ва маърузалар орасида И.А.Каримовнинг Оқсарой қароргоҳида бир гуруҳ зиёлилар, олим, ва мутахассислар билан бўлган йиғилишдаги маърузаси алоҳида ўрин тутади. Бу маърузанинг аҳамияти шундаки, унда миллий ғоянинг назарий асослари белгилаб берилган. Ўз давлатчилигига эга бўлишини кўзлаган ҳар бир халқ мақсад-муддаоларига олиб борадиган ғоя ва мафкурани белгилаб олишга ҳаракат қилиши, зеро, бусиз бирор жамият, давлат тараққиётга эриша олмаслиги қайд этилган. Бу ўринда И.А.Каримов олимлар илмий ва ижодий жамоатчилик эътиборини миллий ғоя масаласига қаратади. Тарбиявий-ахлоқий масалаларда, маънавий ҳаётда, миллий манфаатларга мос келадиган сиёсатни изчил олиб боришда ўз йўлимизни йўқотмаслик учун ҳеч қандай бўшлиққа йўл қўймаслигимиз даркорлиги, ғояга қарши — ғоя, фикрга қарши — фикр, жаҳолатга қарши — фақат  маърифат билан баҳсга киришиш мумкин, деган машҳур ибора ҳам ана шу учрашув чоғида янграган эди. И.А.Каримов миллий ғоянинг мақсадларини ҳам шу учрашувда баён этган. Миллий ғоя халқимизнинг азалий анъаналарига, удумларига, тилига, динига, руҳиятига, ўз миллий қадриятларимизга, халқимизнинг дунёқараши ва тафаккурига асосланиши, шу билан бирга, замонавий, умумбашарий, умуминсоний ютуқлардан озиқланган, уларни ўзида қамраб олган ҳолда, юрт тинчлиги, халқ манфаати, унинг фаровонлиги йўлида хизмат қилмоғи даркорлиги таъкидланган. И. А. Каримов озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт қуриш борасидаги интилишларимизда биз учун руҳий-маънавий куч-қувват манбаи, илмий асос — миллий ғоя, миллий мафкура эканини асослаб, мустақил тараққиёт йўлидаги аниқ марраларни белгилаб берди. Келгусида миллий истиқлол мафкураси концепцияси устида ишлаш ва уни тайёрлаш жараёнидаги амалий масалаларга алоҳида эътибор бериш зарурлиги, миллий ғоя, миллий мафкура борасидаги пухта ўйламай босилган қадам мутлақо тескари натижа бериши мумкинлиги таъкидланади.

ОЗОДЛИК — инсониятнинг азалдан эркин, ҳур ва мустақил яшаш орзу-умидлари, армон ва изтиробларини ўзида мужассам этадиган тушунча. Дарҳақиқат, инсон табиатнинг гултожи сифатида ҳамиша озодлик ва ҳурриятга интилиб яшайди. У доимо ўзини эркин ҳис қилишга, таҳликасиз турмуш кечиришга эҳтиёж сезади. Шунинг учун ҳам инсоният тарихининг турли давриларда жаҳоннинг барча минтақаларида озодлик учун курашнинг шаклан турлича, моҳиятан ўхшаш бўлган ҳурриятга интилиш ҳодисаларини кўп кўрган. Мустақиллик тенглик сари қўйилган биринчи қадамдир. Чунки, тенглик бўлмаган жойда кимдир кимгадир тобе бўлади. Мутелик бор жойда ҳукмронлик, ўзгалар ҳисобига яшаш каби иллатлар пайдо бўлади. Натижада биз сўнгги бир ярим аср мобайнида бошимиздан ўтказган мустамлакачилик дунёга келади.  Жамият ҳаётида шундай ҳодисалар юз бериши мумкинки, улар аста-секинлик билан кундалик турмуш мавжларидан қудратли тўлқинларга, майин шабадалардан бўронлару шиддатли довулларга айланади. Бир юз ўттиз йиллик мустамлакачилик даврида ўзлигини йўқотиб, ўтмишини унута бошлаган халқимиз руҳиятида бора-бора кучли пўртана рўй берди. Маънавиятнинг беқиёс мўъжизаси шундаки, у макон этган ҳар қандай юрак фақат эзгуликка интилиб яшайди. Мустақилликнинг маънавий қадрияти, тарихий қиймати айнан шу мезон билан ўлчанса, унинг қадри янада ошади. Унинг халқимиз ҳаётида тутган ўрни яна ҳам қимматлироқ бўлади. Зотан, истиқлол даврида одамлар тушунчаси, тафаккури тубдан ўзгарди. “Юрт”, “Ватан”, “Миллат”, “Мустақиллик” тушунчалари тобора улкан мазмун касб этди. ХХ асрнинг интиҳосида дунёнинг қарийб учдан бир қисмида мисли кўрилмаган ҳодисалар содир бўлди. Социализм деб аталган тоталитар тузум, коммунистик мафкура таназзулга учради. Жаҳонга, Ер юзига ҳокими мутлақликни даъво этган собиқ иттифоқ жамият сифатида ҳам, давлат сифатида ҳам қулади. Унинг таркибига кирган иттифоқдош республикалар том маънодаги О. мақомига эришди. Хўш, О.нинг ўзи нима? О. нималарга асосланади ва унинг мазмун-моҳияти нималардан иборат? “Озодлик” ғоясининг қудрати шундаки, у одамларнинг ўзаро муносабатлари, мамлакатлар ва давлатлараро муносабатларни меъёр-мезонга солади, турли камситишлар ёки ортиқча таъзим-тавозега чек қўяди.  О. ўзаро ҳурмат, бир-бирини тан олиш, бир-бирини қадрлаш асосида мамлакат фуқароларининг ўзаро муносабатида ҳам, жаҳон давлатлари ўртасидаги алоқаларда ҳам ана шу умуминсоний қадриятларга таяниш, умумий мезонлар асосида яшаш демакдир. О. – жамиятдан ажралмаган ҳолда дунё муаммолари ва ўз тақдири билан боғлиқ бўлган истиқбол ҳақида ўйлаш. О. – эркин дунёқараш, эркин тафаккурга суяниб яшаш салоҳияти. О. яшашга, мутақил фикрлашга, ўз тақдирини белгилашга, ўз ҳаётини ўзи изга солишга қодир одам зиддиятларни осонлик билан енгади, бу дунёнинг шиддатли муаммолар бўҳрони қаршисида довдираб қолмайди. Ана шу оддий ҳаётий ҳақиқатни давлат мустақиллигига ҳам қиёслаш мумкин. О. мустамлакачиликнинг ҳар қандай шаклини у тақозо этадиган тўсиқлар ва зўравонликларни инкор этади. Айни пайтда О. жаҳон тараққиётининг илғор тажрибалари асосида ўз равнақининг ўзига хос тамойилларини ишлаб чиқиш билан бирга, ягона замин, ягона макон тақдирини белгилашда ўзаро ҳамкорликнинг янги, сифат жиҳатидан юқори бўлган, умуминсоний манфаатларга мос келадиган андозаси асосида яшаш демакдир. О. ғояси — мазлумларни ўз эрки учун курашга чорлайдиган, қуллик ва қарамликнинг ҳар қандай кўринишини инкор этадиган умуминсоний ғоя. Бу ғоя инсоният тарихининг азалий йўлдоши, ўтмишдан ҳозирга қадар ўз аҳамиятини сақлаб келаётган эзгу қадриятни ифодалайди. Унинг мазмун-моҳиятини бир неча йўналишда талқин ва таҳлил қилиш мумкин. У ижтимоий маънода – жамият  ҳаётининг қандайлиги ва қай тарзда ташкил этилганлигини, сиёсий маънода – мустақил  ва эмин-эркин яшашни, иқтисодий маънода – мулк  ва моддий бойликларга барчанинг тенг эга бўлиш имкониятини, маънавий маънода — инсон ва жамиятнинг турли тазйиқлардан холислиги, фикр, эътиқод ва сўз эркинлигини англатади. О. ғояси инсоният тарихида ўчмас ном қолдирган кўпгина алломалар, мутафаккирлар ҳаёти ва ижодининг мазмунини ташкил этади. Алишер Навоийнинг қуйидаги рубоийси бу ғоянинг асл моҳиятини акс эттиради: «Ғурбатда ғариб шодумон бўлмас эмиш, //  Эл анга шафиқу меҳрибон бўлмас эмиш. // Олтин қафас ичра гар қизил гул битса,  // Булбулға тикандек ошиён бўлмас эмиш». О. ғоясини умуминсоний, миллий ва шахсий нуқтаи назарлардан ҳам талқин қилиш мумкин. Умуминсоний жиҳатдан, бу ғоя бутун ер юзида тараққиёт ва эркинлик учун курашаётган кишиларнинг музаффар байроғи, демократик жамият ва давлатлар ҳаётининг устувор тамойилларидан бирини ифодалайди. Миллий жиҳатдан, у ҳар бир миллат ва халқнинг ўз мустақил тараққиёт йўли, ўз тақдирини ўзи белгилай олиши, миллий давлатчилигига эга бўлишини англатади, Шахсий даражада О. — инсон ҳақ-ҳуқуқларининг рўёбга чиқиши, унинг ижтимоий-маънавий жиҳатдан эркинлигини билдиради. Бу ғоя миллий истиқлол мафкурасининг асосий тушунчаларидан бири «Озод ва обод Ватан» иборасида ўз ифодасини топган.

Оила — эр-хотинлик иттифоқига, қариндошлик алоқаларига, умумий хўжалик юритадиган эр ва хотин, ота-она ва болалар, ака-ука ва опа-сингиллар, бобо-бувилар  ва б. қариндошлар ўртасидаги муносабатларга асосланадиган кичик ижтимоий гуруҳ, жамиятнинг асоси, давлат қудратининг манбаи. О.нинг ҳаёти моддий (биологик, хўжалик) ва маънавий (ахлоқий, ҳуқуқий, психологик) жараёнлар билан характерланади. О.нинг маьанавий олами серқирра ҳодиса бўлиб, наинки оиланинг жамиятдаги сиёсий-ижтимоий мавқеини, балки тарихий тараққиётга хос хусусиятлари, шунингдек, иқтисодий имкониятлари, демографик ва этнографик, этнопедогогик ва этнопсихологик анъаналарни ҳам қамраб олади. О.нинг инсон маънавий камолотида ҳам тутган ўрни беқиёсдир. Шу маънода, И.А.Каримов таъкидлаганидек, “Халқимиз тарихига назар ташлайдиган бўлсак, энг қимматли анъаналар: ҳалоллик, ростгўйлик, ор-номус, шарму-ҳаё, меҳру оқибат, муҳнатсеварлик каби барча инсоний фазилатлар, энг аввало, оилада шаклланади”. О. — тарихий категория. Унинг шакл ва функциялари мавжуд ижтимоий муносабатлар характери, шунингдек, жамиятнинг маданий тараққиёти даражасига боғлиқ. Айни вақтда, О. жамият ҳаётига ҳам кучли таъсир этиб, қатор функцияларни (бола туғиш, уй-рўзғорда меҳнат қилиш, хўжалик юритиш, ўз аъзоларининг жисмоний эҳтиёжларини қондириш, ёш авлодни тарбиялаш, маънавий ва ахлоқий-эстетик камолотига таъсир кўрсатиш) бажаради. Тадқиқотчилар энг қадимий даврда тартибсиз жинсий муносабатлар ҳукм сурган, О. ҳали шаклланмаган, бу алоқалар ўрнини гуруҳий никоҳ эгаллаган, кўп жуфтли О. пайдо бўлган, деб ҳисоблайди. Моногомиянинг (бир никоҳли оила) қарор топиши билан аёллар эркаклар томонидан асоратга солинган. Аёл аста-секин ўз эри — хўжайинининг мулкига, қулига айланган. Бойлик орттириш ва уни қонуний ворисларга бериш О.нинг асосий мақсади бўлиб қолган. М.О.да кенг тарқалган қадимий зардуштийликда О. ва никоҳ масаласига муҳим аҳамият берилган. О. ва никоҳ Яратувчининг талабига мос келгани боис уни бузиш тақиқланган. Агарда оилада эр ёки хотин ахлоқсизлик, яъни бузуқчилик содир этса, ундай кишилар таёқ билан жазоланган. Шу орқали О. мустаҳкамлиги учун курашилган. Шарқда О. қадимдан муқаддас ватан ҳисобланган. Унинг мустаҳкамлигининг дарз кетишига йўл қўйилмаган. Шунингдек, “Авесто”да наслнинг поклиги, тозалигига ҳам алоҳида эътибор берилган. Қариндош-уруғ, ака-уканинг қуда-анда бўлиши қораланган. ЎзР мустақилликка эришгач, О.га бўлган эътибор янада ошди. О.  жамиятнинг, давлатнинг энг муҳим ҳужайраси, зарраси, бўғини. О. уч жиҳатни: никоҳни, оилавий мулк ва анжомлар ҳамда улар ҳақидаги ғамхўрлик, болалар тарбиясини ўз ичига олади. Қонунга биноан, никоҳ тузиш шартларида энг муҳими — никоҳга кирувчиларнинг ўзаро розилиги ва уларнинг никоҳ ёшига етганликлари ҳисобланади. О. поклик ва софликка, икки томонлама муҳаббатга, садоқат ва вафодорликка асосланиши керак. О. мустаҳкам, тинч, фаровон, соғлом бўлсагина жамиятда барқарорлик вужудга келади. О. нинг мустаҳкамлиги – оиладаги  тинчлик, хотиржамлик, бир-бирига бўлган самимий муносабат ҳисобланади. У оила аъзоларининг ахлоқий тарбиясига ҳам боғлиқ. Маълумки, хулқ-одоб инсон маънавий қиёфасини ифода этади. О. хулқ-одоб қадриятларини шакллантиришдаги асосий мезон бўлиб, оила, мактаб, маҳалла ва жамоатчилик ташкилотлари фаолиятларининг  уйғунликда иш олиб боришлари мақсадга мувофиқдир. Давлат ва жамият ҳаётида демократик тамойилларнинг амал қилиши ва истиқлол шарофати туфайли  хулқ-одоб қадриятларини мустаҳкамлаш ҳамда такомиллаштиришга, шу орқали баркамол авлодни тарбиялашга эҳтиёж туғилади. Шу жиҳатдан жамият ҳаётини маънавий ислоҳ этишда давлатнинг раҳбарлик  роли ошмоқда. Маънавий ислоҳотда соғлом авлод тарбияси асосий вазифа қилиб белгиланади. О. инсоният узлуксизлиги ҳамда қадриятлар, урф-одат ва анъаналарни, қолаверса, бутун бир халқ маданий, маънавий меросини  авлоддан авлодга ўтишини таъминловчи омилдир. Айнан О.да инсонларга хос маънавий, ахлоқий қадриятлар: ўзаро ҳурмат, иззат, ишонч, мулозамат, муҳаббат, ҳамкорлик, ҳамдардлик туйғулари яққол намоён бўлади. О.даги энг асосий мезон – икки томоннинг бир-бирини тушуниб, қўллаб-қувватлаши, оғир ва қувончли дамларда бир-бирига ҳамдард – ҳамнафас бўлишини таъминловчи ҳаракат уйғунлигидир. О.нинг муқаддас бурчи ва вазифаси нафақат фарзандни дунёга келтириш, уларни юксак маънавиятли ва маърифатли  қилиб тарбиялаш, жамиятда ўз ўрнини мустақил топишига шарт-шароит яратиб беришдир. Фарзанд тарбиясида О.даги маънавий муҳитнинг тўғри йўлга қўйилиши ота-онанинг ўрнаги ва масъулияти ҳар қачонгидан муҳимдир. О. муносабатлари асосан ота-она ва фарзандлар ўртасида кечгани  боис ота оиланинг сарбони ҳисобланади. Турли муаммоларни ҳал қилишда отанинг фикри ҳамда  маслаҳати муҳим аҳамият касб этади. Албатта, фарзанд тарбиясида матонатли, фидойи, сабр-тоқатли, баъзан қаттиққўл тежамкор отанинг ҳам меҳридарё, бағрикенг юмшоқкўнгил онанинг ҳам ўз ўрни бор. Ота-она тарбияси орқали  нафақат жамиятнинг бугунги куни, балки унинг истиқболи авлодлар ворисийлиги ҳам белгиланади.  “Мухтасар айтганда, ҳаммамизга аён бўлиши табиийки, оила соғлом экан — жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан — мамлакат барқарордир”.

ОИЛА АХЛОҚИ – оила маданияти ва маънавиятини ифода этувчи ибора. О.а. миллий ахлоқий  қадриятларининг муҳим жиҳатларидан бири. Халқимиз жуда қадим замонларданоқ оилани муқаддас ҳисоблаб келган. Оилавий муносабатларга асос бўлган одоб-ахлоқ меъёрлари диний меъёрлардан аввал шаклланган. О.а. – ҳозир мавжуд бўлган ахлоқ меъёрларининг энг қадимийси ва энг муҳими. О.а. эр  ва хотин ўртасидаги  муносабатни ифодалаб қолмай, балки  фарзандларнинг етук инсон сифатида шаклланишининг дастлабки ва асосий мезонидир. Бинобарин, маънавий бой, ахлоқан пок ва жисмонан соғлом фарзандларни тарбиялаб вояга етказиш дастлаб оилада амалга оширилади. Инсонга  бир умр ҳамроҳ бўладиган инсоний фазилатлар – эзгулик, яхшилик, яратувчанлик, фидоийлик, садоқат, мардлик оиладан бошланади.  Ўзбекона оила ўз анъана ва тарихига биноан фарзандларини миллий фаросат ва нафосат сарчашмаларидан баҳраманд қилиб тарбиялаб келади. Мас., Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романидаги асосий қахрамонларнинг хатти-ҳаракатлари, гап-сўзлари, муомала маданиятидаги назокат, меҳр-оқибатлилик, меҳмондўстлик, иймонлилик, эътиқодлилик, меҳнатсеварлик   каби инсоний фазилатлар ўзбекона миллий оилада шаклланади. Оила ёшларни  ахлоқли-одобли, ростгўй, меҳнатсевар, ҳалол бўлиб вояга етиши учун замин тайёрлайди. Оила тарбияси фарзанднинг келажакда ким бўлиб етишишида муҳим ўрин тутади. “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида таъкидлаганидек, “Маълумки, ўзбек халқи азалдан ўзининг болажонлиги, оилапарварлиги билан ажралиб туради. Албатта, фарзандга меҳр қўйиш, уларнинг қорнини тўқ, устини бут қилиш ўз йўли билан, лекин болаларимизни ёшлик чоғидан бошлаб миллий тарбия, ахлоқ-одоб, юксак маънавият асосида вояга етказиш биз учун доимо долзарб аҳамият касб этиб келган. Бу масалага эътибор бермаслик нафақат айрим ота-оналар, балки бутун жамият учун жуда қимматга тушишини ҳам кўпгина ҳаётий мисолларда кўриш мумкин. Ўз-ўзидан равшанки, юқорида зикр этилганидек, бола тарбиясида соғлом насл масаласи ҳам муҳим роль ўйнашини инкор этиб бўлмайди. Ақли расо ҳар қайси инсон яхши англайдики, бу ёруғ дунёда ҳаёт бор экан, оила бор. Оила бор экан, фарзанд деб аталмиш бебаҳо неъмат бор. Фарзанд бор экан, одамзот ҳамиша эзгу орзу ва интилишлар билан яшайди. Бугунги кунда бизнинг қилаётган барча ишларимиз фарзандларимизнинг бахту саодати, уларнинг ёруғ келажаги учун амалга оширилмоқда. Лекин бахту саодат фақат бойлик, молу мулк билан белгиланмайди. Одобли, билимдон ва ақлли, меҳнатсевар, иймон-эътиқодли фарзанд нафақат ота-онанинг, балки бугун жамиятнинг энг катта бойлигидир”. Демак,  бола оилада жамиятнинг, миллатнинг қиёфасини кўради, шу муҳитда унинг табиати, дунёқараши ва миллий ахлоқий қиёфаси шаклланади ҳамда камол топади. Бола учун оиладаги соғлом ижтимоий-руҳий муҳит умуминсоний ва миллий  ахлоқий қадриятлар манбаидир. Ўзбекистон миллий истиқлолга эришгач, оилада ахлоқий фазилатларни камол топтиришга алоҳида эътибор берила бошланди. И.А.Каримов таъкидлаганидек, оилага эътиборимизни тубдан ўзгартиришга имконият туғилиб, бой берилган вақтимизни сарҳисоб этиш, ўзбекона оилага хос фазилатларни тиклаш даври бошланди. 1998 йилнинг  “Оила йили” деб эълон қилиниши ва хозирги даврда ёш оилаларга ғамхўрлик қилиш тўғрисидаги ҳукуматимиз қарор ва тадбирлари фикримизнинг яққол исботи дейиш мумкин.  О.а. ҳар бир  оила   аъзосининг   маънавий қиёфаси орқали бир-бирини тушунишидир. О.а. оиланинг шону шарафи, ғурури, бурч ва вазифаларини кўрсатиб берувчи мезондир. Оилада покиза насл-насаб туйғуси ва у билан фаҳрланиш – пировард оқибатида ватанпарварлик, халқпарварлик ифтихорини юзага келтиради. «Насл» ва «насиба» деган сўзлар ўртасида қандайдир илоҳий боғлиқлик бордек туюлади. Албатта, ҳар бир бандага ризқ-насибани Оллоҳ таоло беради. Лекин бу ҳаётда насибаси бутун ва тўла бўлиши учун инсоннинг ўзи ҳам чин дилдан интилиши, зурриёдини соғлом муҳитда тарбиялаши катта аҳамиятга эга эканини унутмаслик зарур. Шарқона қадриятларга,  ахлоққа асосланган ўзбек оилаларида ўз шахсий фаровонлигидан кўра оила шаънининг баланд тутилиши, қариндош-уруғ ва яқин одамларга, қўни-қўшниларга ғамхўрлик қилишни биринчи ўринга қўйилиши – олий даражадаги қадрият бўлиб, оилани ташқи муҳит билан  боғлашга ва мустаҳкамлигини таъминлашга хизмат қилади. Оила интизоми – жамият ва давлат интизомининг сарчашмаси. Оиласида интизом туйғуси билан шаклланган киши давлат ва жамият ишида ҳам шу туйғу соҳиби сифатида хизмат қилади, ҳар бир ишни ўз жойи ва ўз вақтида тартиб асосида бажаради. Бундай тартиб-интизом халқ ва миллатнинг шарафига айланади. Айтайлик, немис ва японларга  хос интизомнинг жаҳон миқёсида эътироф этилиш сабаби ҳам ана шунда. Абдурауф Фитрат бундай интизомлиликнинг ижтимоий моҳиятини таърифлаб,  “Оила ва оила  бошқариш тартиблари” асарида шундай деб ёзган: “Ҳар бир миллатнинг саодати ва иззати, албатта, шу халқнинг ички интизоми ва тотувлигига боғлиқ. Тинчлик ва тотувлик эса шу миллат оилаларининг интизомига таянади. Қаерда оила муносабати кучли интизомга таянса, мамлакат ва миллат ҳам шунча кучли ва мунтазам бўлади”. О.а. тўғри йўлга қўйилиши оилавий тартиб-интизом муаммолари унинг ҳуқуқий вазифаларини белгилайди. Бунда энг муҳими, оиланинг ҳар бир аъзосига хос   ахлоқ ва шу асосдаги  ички  интизом маданияти, ўз бурчи ва масъулиятини  англаши билан бирга, улар оилавий  муҳитда ўз ўрнини белгилай олиши, оилавий муносабатларни ҳурмат қила билиши, оила иқтисодий имкониятларини ҳисобга олган ҳолда иш юритиши, оила манфаатдорлигини таъминлашга интилиши, оила шаънини шарафлаши лозим бўлади. О.а. ва маънавияти  қанчалик бой ва теран бўлса жамият ҳам шу қадар бой бўлади, оила маънавиятида жамият маънавий олами тажаллий топади. Муайян халқнинг миллат  сифатидаги ўзига хослиги ҳам унинг маънавиятида жилоланиб туради. О.а. – миллийликнинг барча аломатларини ифодаловчи кўзгу, турмушнинг миллий асоси. О.а. юксак маънавий жиҳатдан шаклланиши мамлакатимизда озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон жамият қуриш гаровидир.

ОИЛАВИЙ НИЗО — психологик ва ижтимоий кескинлашган вазият. Турли оилавий гуруҳлар (биринчи галда эр-хотинлар, ота-оналар ва болалар, эр-хотинлар ва уларнинг ота-оналари ўртасида, камдан-кам ҳолда қариндошлар) ўртасида юзага келади. Оила тузилмасининг ўзи турли ёшдаги ва жинсдаги кишиларни бирлаштиради ва низо чиқиши эҳтимоли мавжуд бўлади. Кескинлашаётган зиддиятга (эр-хотинлар ўртасидаги муносабатлар) бир-бирини тушунмаслик (ёки ҳатто тушунишга ҳаракат қилмаслик) сабаб бўлиши мумкин. Бошқача айтганда, умр йўлдошларидан ҳар бири қандай ўринда бўлиши ва бунга руҳан тайёрлиги қандайлигини тушунмаслик сабаб бўлади. Болалар ва ота-оналар ўртасидаги низо болаларнинг катталар таъсиридан қутулишга интилиши ёки ўзини ёлғиз ҳис этиш, оилада ортиқчалигани тушуниб етиш билан ҳам боғлиқ. О.н. ижтимоий ходимлар томонидан алоҳида эътиборни ва назокатни ҳамда мутахассислар — психологлар, юристлар, врачларни жалб этишни талаб қилади.

ОИЛАВИЙ ТАРБИЯ — бола ривожланиши учун энг қулай шарт-шароитларни яратишга йўналтирилган, уни ижтимоий ҳаётга тайёрлашга, ҳар томонлама камол топган шахсни шакллантиришга қаратилган оила фаолияти. О.т. боланинг туғилган куниданоқ бошланади, унинг тўла мустақил, индивидуал ва ўзига хос бўлгунича узлуксиз давом этади. О.т.да муваффақиятга эришиш кўп жиҳатдан оилада ҳам ота, ҳам онанинг бўлиши, уларнинг тарбия бобида бирдамлик ва тенгликка эришиши, куч-ғайратларини бирлаштиришига боғлиқ. О.т. эмоционал асосга қурилади, чунки тарбиячилар боланинг энг яқин кишиларидир. О.т. асосий йўналишларидан бири — болани хушхулқ бўлишга ўргатиш. О.т.ни мажбурлаш асосига қуриб бўлмайди, муҳими бола ундан сўралаётганини ўзи хоҳлаб бажариши лозим. Ҳақиқий тарбиячи болани «тизгинламайди», балки эркин қўяди; камситмайди, аксинча, рағбатлантиради; уни «ясамайди», балки шакллантиради; амр этмайди, балки ўргатади; талаб қилмайди, балки сўрайди.  О.т. жараёнида болани шахс сифатида шакллантириш асосан икки йўл билан амалга оширилади: оила турмуш тарзининг таъсири остида ва ота-оналарнинг махсус тарбиявий таъсир ўтказиши натижасида. О.т.да ота-оналарнинг обрўйи катта аҳамиятга эга. Бунга эришиш учун улар, аввало, ўзлари тарбияланган бўлиши, ўзлари комиллик сари интилиши, ўзгаларга меҳрибонлик кўрсатишлари талаб этилади. Болаларда тақлид қилишга рағбатни уйғотувчи катта ёшдаги оила аъзоларининг намунаси О.т.даги энг таъсирчан омиллардан биридир. О.т.дан кўзланадиган мақсад – боланинг  ўзи ва олам ҳақидаги билимларини кенгайтириш, шунингдек, унда ўзига хос феъл-атворни шакллантириш, иродасини чиниқтириш, қобилиятини юзага чиқариш ва ривожлантириш, маънавий комилликка эриштиришдан иборат. О.т.нинг тугал мақсади — комил инсон ни вояга етказишдир. Бу эса жисмоний, ахлоқий-маънавий, меҳнат ва эстетик тарбиянинг ўзаро уйғун тарзда амалага оширилишини тақозо этади.

ОККУЛЬТИЗМ (лот. oсcultus — сирли, яширин, ботиний) — махсус руҳий машқлар, алоҳида маросимлар натижасида айрим инсонларгина била оладиган коинотдаги сирли кучлар мавжудлигини эътироф этадиган таълимот. О. гилозоизм ва пантеизмга яқин туради. О.нинг мустақил соҳа сифатида ажралиб чиқиши сўнгги антик даврдаги эллинлар дини – синкретизм б-н боғлиқ. I-IV а.ларда Александрияда О.нинг афсонавий асосчиси Регмас Трисмегиста номи б-н боғлиқ адабиётлар тўплами вужудга келади. Шу даврда герметик фанлар ҳисобланмиш алхимия, астрология пайдо бўлади. О.да инсоннинг иродавий хатти-ҳаракатларига оламга тўғридан-тўғри таъсир эта олиши мумкин бўлган ўзига хос табиат кучлари сифатида қаралади. Христианликни ҳукмрон динга айланиши б-н О. таъқиб остига олинган ва яширин фаолиятга ўтган. Европадаги Уйғониш даврида О. дунёнинг ўрта а.лар манзараси емирилишига, схоластик англашни бартараф қилишга ва экспериментал табиатшуносликнинг ривожига таъсир кўрсатди. XVII а.ларда табиий фанларнинг ривожи эса О.га бўлган ишончни маълум маънода йўққа чиқарди. Дунёвий О. жам-тлари шакллана бошлади. Мас., Т. Компанелланинг “Қуёш шаҳри”, Ф. Бэконнинг “Янги Атлантида” каби асарларида социал утопия О. анъаналари б-н боғлиқ. XIX а.нинг охирларидан турли даврлар ва халқлар оккультив ва диний-фал-й таълимотларни бирлаштириш асосида янги “универсал” динни яратишга уринишлар бўлган. Ҳоз. ҳам О. — экстрасенсорика соҳасида  мунажжимлар фаолиятида намоён бўлади.

ОЛАМ — инсонни ўраб турган дунё ҳақидаги кенг қамровли тушунча, маълум маънода воқеаликнинг ифодаси. Мас., элементар заррачалар олами тушунчаси одамга маълум бўлган ва ҳали маълум бўлмаган барча элементар заррачаларни қамраб олади. Агар биз яшаётган бутун коинотни элементар эаррачалардан ташкил топган деб ҳисобласак, бу тушунча бутун коинотни ҳам акс эттириши мумкин. Мас., ўсимликлар О.и тушунчаси. Бу тушунчага фақатгина ўсимликлар киради, ҳайвонлар ва одамлар бу О.дан четда қолади. Шу нуқтаи назардан О. тушунчаси нисбий моҳиятга эга. Баъзида О. деганда барча нарсаларни, жисмларни, ҳодисаларни қамраб олувчи умумий тизим тушунилади. Бу маънода О. космологик О. тушунчасига мос келади. Айримлар уни чексиз ва чегарасиз, бошқалар эса коинот маъносидаги О.ни чекланган объект сифатида талқин этади. Чексизлик ва чегарасизлик тушунчалари нисбий маънога эга, бир тизимда чексиз ҳисобланган объект бошқа тизимда чекли бўлиши мумкин ва аксинча. О.нинг намоён бўлиши шакллари хилма-хилдир. Фақат моддий жисимларнигина ўзига қамраб олувчи О.ни моддий О. дейишади. Айримлар уни жисмоний, яъни физик О. деб аташади. Одамнинг маънавий, руҳий дунёсини қамраб олувчи дунёни маънавий Ою дейишади. Айнан шу пайтда биз б-н биргаликда мавжуд бўлган О. долзарб О. дейилади. Келажакда мавжуд бўлиш имконияти бор ва бўлиши мумкин бўлган О. потенциал О. дейилади. Мас., сизнинг бугунги кундаги талабалигингиз долзарб О.га мансуб бўлса, келажакда мутахассис бўлиб етишишингиз эса потенциал О.га мансубдир. О.нинг мавжудлиги шубҳасиз бўлган ва барча эътироф этадиган қисми эса реал О. дейилади. Келажакда мавжуд бўлиши эҳтимоли бўлган О. виртуал О. деб аталади (лот. virtualis — эҳтимолдаги). Аниқ маълумотга эга бўлган О. конкрет О. дейилади, хаёлдаги, тасаввурдаги, идеалдаги О. образи абстракт О. дейилади. Одамнинг кундалик ҳаётидаги ҳаммага маълум бўлган, тан олинган ҳаёти реал О.га мансуб бўлса, унинг хаёлий режалари вертуал О.га, унинг ўзи ва атрофидагилар конкрет О.га, келажакка йўналган орзу-умидлари эса абстракт О.га мансубдир. Одам ўз режаларини реал О.га асосланиб тузса, потенциал О.ининг конкрет реалликка айланиш эҳтимоллиги ошади. Одам О.да бошқалардан ажралиб, якка ягона бўлиб эмас, балки ижтимоий ҳаёт кечиради ва жамоа бўлиб яшайди. Одамлар жамоаси жамиятни ташкил этади, одамлар жамиятдаги ўзаро муносабатлари, фаолиятлари, ўй-хаёллари, идеаллари, мақсад ва маслаклари б-н биргаликда ижтимоий О.ни ташкил этишади. Одамнинг жамиятдаги бошқалар б-н биргаликдаги ижтимоий фаолияти, уларнинг ҳар бирига хос бўлган такрорланмас индивидуал О.ларига боғлиқдир. Индивидуал О., айни пайтда ташқи О.ни ҳам, ижтимоий О.ни ҳам ўзида акс эттиради, ифодалайди. Булар ўзаро чамбарчас боғлиқдир.

ОЛИФТА(ЛИК), олифтагарчилик – амалиётда ҳам ижобий, ҳам салбий маънода қўлланадиган ибора. Ижобий маънода О. замонавий модага  мос равишда кийинган озода, ораста кишига, салбий маънода О. эса яхши кийинган, лекин ўзини тута олмайдиган, қилиғи хунук шахсга нисбатан қўлланади. О.га “ор” ва “орият” тушунчалари антоним сифатида қўлланади. “Ор” тушунчаси  ўзига муносиб ёки эп кўрилмаган ишдан, нарсадан хижолат тортиш, уялиш, номус қилиш туйғусидир. Салбий маънодаги О. ижобий  хусусиятларнинг акси ҳисобланади. “Орият” ибораси О. сўзига зид  маънога эга. Орият ор-номусдан ташқари, иззат-нафс, қадр туйғусидир. Одатда, ориятли одамлар ўзлари ва оилаларининг қадрини юксак тутади ва ўзгаларни ҳам қадрлайди. Салбий маънодаги О. эса юқоридаги хусусиятлардан бутунлай мосуво бўлган шахслар ҳисобланади.  О. миллат доирасида чекланиб қолган хусусият эмас.

 

“ОЛЛОҲ ҚАЛБИМИЗДА, ЮРАГИМИЗДА” – Ўзбекистон Президенти И.А.Каримовнинг “Туркистон-пресс» ахборот агентлиги  мухбирининг саволларига жавоблари  (Т., «Ўзбекистон», 1999 й.). Ушбу асарда 1999 йил 16  февраль куни Тошкентда содир этилган портлашларнинг жаҳондаги оммавий ахборот воситаларида турлича шарҳланиб, ҳар хил фикр ва фаразларнинг пайдо бўлгани таҳлил қилинган. Юртбошимиз муқаддас динимиз мазмун-моҳияти ҳақида тўхталар экан, нафақат бизнинг матбуотимиз, балки хорижий матбуотнинг турли ноаниқ, мужмал ахборотларига ўз муносабатини билдиради: “Бу эътиқод юртимиздаги миллионлаб ватандошларим қатори менинг ҳам дунёқарашимга асос бўлиб, бутун борлиғим, маънавий оламим мазмунини ташкил этади”. И.А.Каримов диний қадриятлар, исломий тушунчаларнинг ҳаётимизга сингиб кетгани, уни ҳеч қандай куч, ҳеч қандай ташвиқот билан чиқариб бўлмаслигини таъкидлаб, Оллоҳ бизнинг қалбимизда, юрагимизда, деган ғояни илгари суради. Тошкентдаги мудҳиш воқеаларнинг ташкилотчилари ислом ниқоби остида иш олиб бораётган экстремист террорчилар экани маълум бўлди. Ўзбекистон матбуотида ушбу воқеаларни таҳлил этган қатор мақолалар эълон қилинди, оддий деҳқонлар, ҳунармандлар, тижорат аҳли, зиёлилар ўз чиқишларида муқаддас ислом динини ниқоб қилиб, бузғунчи тўдаларнинг ёвуз нияти қораланди. Шу билан бирга, бу воқеалар дунё оммавий ахборот воситаларининг эътиборини тортди. Турлича фикрлар билдирилди, тахминлар қилинди. “Ўзбекистон ҳукуматининг динга бўлган сиёсати ўзгаради”, “Диндорлар таъқиб остига олинади”, “Диний ташкилотлар сиқувга учрайди” қабилидаги гаплар тарқала бошлади. Бу ўринда И.А. Каримов муқаддас ислом дини халқимизнинг руҳияти,  юрагига сингиб кетгани, у миллий ўзлигимиз, фитратимиз, хислатимизнинг белгисига айлангани, бунинг моҳиятини тўлиқ англамасдан, тушуниб етмасдан сўзлайдиганлар адашишини утдиради. Дарҳақиқат, кишилар қалбидан чуқур жой олган диний туйғуларни салкам бир асрлик атеистик тарғибот сиқиб чиқара олмади. Одамларимиз ўз аждодлари руҳи, миллий анъаналари, тарихий хотирасига қандай эҳтиром билан қараган бўлса, дину диёнатимизга ҳам шундай муносабатда бўлиб келди. Истиқлолнинг дастлабки йилидан бошлаб, ислом дини ва исломий қадриятлар қайтадан тикланди. Мазкур интервьюда ислом динининг инсонпарварлик ғоялари ёш авлод юрагидан жой олиши, дунёвий билимлар билан бир қаторда, диний ҳикматлар асосида тарбия топиши тўғрисидаги самимий ва асосли фикрлари ҳам ўз ифодасини топган. И.А.Каримов таъкидлаганидек, «Биз ўз муқаддас динимиз ва эътиқодимиздан ҳеч қачон воз кечмаймиз. Шу билан бирга, муқаддас динимиз шаънига доғ туширмоқчи бўлган кимсалар билан ҳеч қачон муроса қилолмаймиз”. Истиқлол йилларида улуғ шоиру аллома мутафаккирларимизнинг мероси халқимизга қайтарилди. Имом Бухорий, Имом Исо Термизий, Маҳмуд Замаҳшарий, Имом Абумансур Мотурудий, Шайх Нажмиддин Кубро, Аҳмад Яссавий, Азизиддин Насафий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор Валий, Маҳдуми Аъзам каби улуғ олимлар, тариқат пешволари, азизу авлиёларнинг номлари  тикланди,  асарлари ўрганилди, таржима қилинди. Шу орқали ислом фалсафаси, жумладан, тасаввуф  таълимоти тадқиқ этилиб, катта маънавий хазина кашф этилди. Қуръони карим, Имом Бухорий ва Имом Термизийларнинг ҳадис китоблари, Имом Ғаззолий асарлари таржима қилинди. Самарқанд, Бухоро ҳадисшунослик ва фиқҳ мактаблари, М.О.да шаклланган тариқатлар ҳақида қатор тадқиқотлар дунёга келди. Буларнинг барчаси халқимизнинг билими, маърифатини ошириш билан бирга, жонажон Ватанимизнинг улуғвор, шарафли ўтмиши, дунёга маърифат, илм нурини таратган аждодларимиз хизматини чуқурроқ англашга ёрдам бермоқда.

Оммавий жамият — ҳозирги замон жамиятининг қатор ўзига хос томонларини ифодаловчи тушунча. Жамиятнинг барча соҳаларини кенг оммавийлашув жараёни тубдан янги меҳнат қуроли – машиналарнинг пайдо бўлишидан бошланган эди. Оммавийлашув иқтисодиёт соҳасида бошланиб, аста-секинлик б-н жамиятнинг бошқа соҳаларини ҳам қамраб олди. О.ж. наз-яси илдизлари ўрта асрлардаги анъанавий ижтимоий муносабатларга зид равишда шаклланган янги муносабатларга қарши консерватив ғоялар б-н боғлиқдир (Э.Берк, Ж. Де Местр, А.Бональд). Янги тартибларнинг муқаррарлигини англаган француз мутафаккири А.Токвиль (1805-1859) янги жамиятни ундаги эркинлик ва тенглик муносабатлари нуқтаи назаридан тавсифлайди. У ўзининг “Америкада демократия” асарида: “Менинг диққатимни жалб қилган янгиликлар ичида ҳеч қайсиси шароитларнинг умумий тенглиги каби ҳайратлантирган эмас”, — деб ёзди. У демократияни гоҳ жамият барча томонларини тенглаштиришга интилиш, гоҳ “халқ”, гоҳ  бевосита бошқариш шакли сифатида талқин қилди, тенгликни амалга ошириш учун марказлаштириш ва бюрократлаштириш ижтимоий ҳаётнинг барча соҳалари устидан буржуа назоратини ўрнатишга олиб келишини кўрсатди. 2-жаҳон урушидан сўнг О.ж. концепцияларининг асосий йўналиши авторитар тенденцияларни танқид қилишга қаратилди. О.ж.ни янгича талқин қилиш ҳоз. замон жамиятидаги муҳим жараёнларни тўғри тушуниш имконини беради. Оммавийлашув жараёни жамиятнинг барча соҳаларида катта имкониятлар очиб бериши б-н бир қаторда маънавият соҳасида қатор муаммоларни келтириб чиқарганлиги туфайли О.ж концепциялари ҳам кўпдир. Жамият ҳаётининг турли соҳаларида кечаётган оммавийлашув жараёнлари, шубҳасиз, ўзининг миқёси, моҳияти ва намоён бўлиш шаклига кўра бир-биридан фарқ қилади. Номоддий ишлаб чиқаришнинг турли кўринишларида эса у ёки бу даражада оммавий фаолиятнинг технологик, ташкилий ва б. таркибий қисмини яратади. Мас., ҳоз. замон фани минглаб  одамларни бирлаштирган йирик ташкилотларни қамраб олади. Бу ҳақиқатан ҳам ахборотни (билимни) оммавий, индустриал шаклда ишлаб чиқаришдир. Истеъмол, инсоний муносабатлар, маиший соҳаларда аҳвол бошқача. Уларда оммавийлашув кишилар фаолиятини қатъий расмий ташкил этишни талаб қилмайди. Лекин бунда  ҳам ўзига хос кўринишда оммавий фаолият мавжуддир: иштирок этадиган индивидларнинг кўплиги, улар фаолиятининг ўхшашлиги, фаолиятни танлаш имконияти нуқтаи назаридан эркинлиги ва б. Оммавийлашув жараёнининг ҳам энига, ҳам бўйига (горизонтал ва вертикал) чуқурлашиб бориши жамият тараққиётида қонуний, зарурий ҳодиса бўлиб, келгуси жамият ва инсон қиёфасини белгилашда турли имкониятлар яратади.

ОММАВИЙ МАДАНИЯТ — маданият мавжудлигининг мураккаб, ҳамма вақт бир хил талқин қилинмайдиган ўзига хос шакли. О.м.ни  Ғарб маданияти б-н боғлиқ ҳодиса деб тушуниш, шунингдек, уни ғоясизлик, сифатсизлик ва дидсизлик намунаси сифатида баҳолаш кенг тарқалган. Айни пайтда,  фольклор, халқ маданиятини ҳам О.м. кўринишлари сифатида талқин қилинади. О.м.  чуқур ижтимоий ва маданий илдизларга эга. О.м. пайдо бўлишининг ижтимоий-иқтисодий илдизлари йирик саноат ишлаб чиқаришининг пайдо бўлиши б-н боғлиқ. Йирик саноат ривожи ёлланма ишчиларга заруратни туғдирган бўлса, феодал жамиятнинг анъанавий ижтимоий тузилманинг емирилиши  одатий меҳнатдан айрилган кишилар оммасини вужудга келтириб, ана шу эҳтиёжни қондиришга хизмат қилди. О. м.нинг  шакллана бошлаши ана шу жараённинг инъикоси эди. Зеро, у янги ижтимоий қатламларнинг (ёлланма ишчилар ва хизматчиларнинг) ўзларигагина  хос бўлган  маданият кўринишини яратишга бўлган интилишнинг натижаси ўлароқ   шаклланди. О.м.нинг юзага келиши ва ривожланиши айни пайтда ижтимоий  қадриятларни содда, барча учун тушунарли бўлган тилга кўчириш, оммавий саводхонликнинг ўсиши, нашр маҳсулотларининг пайдо бўлиши ҳамдир. Узоқ вақт давомида дунёқараш ва хулқ меъёрлари уcтоздан шогирдларга якка тартибда ўтиб келган. Тарихий тараққиёт ижтимоий тажриба ва дастурлар узатиш механизмининг универсаллашуви уларни кенгроқ доирага олиб чиқди. Бунга ҳам О.м. шаклланишининг муҳим кўриниши сифатида қараш лозим. Бу жараённинг бугунги кундаги ўзига хос  натижасини боғчалар, мактаблар, олий ўқув юртларида  таълим,  тарбия жараёнининг универсаллаштирилган — ягона стандарт ва дастурлар асосида ташкил этилганида кўришимиз мумкин. Бундай универсаллаштириш ҳозирда глобал миқёс касб этмоқда. XX асрда   радио, кино, телевидение, видео, компьютерлар тизимининг пайдо бўлиши натижасида О.м. ўз  ривожланишининг янги босқичига қадам қўйди. Бу босқич кўпчилик учун мақбул бўлган қарашлар ва қадриятларни шакллантириш имкониятлари кескин даражада ўсгани б-н характерланади. Таъсир этишнинг нозик ва қудратли қуролига айланган реклама, мода каби воситалар ёрдамида оммавий истеъмол маданиятини, интеллектуал фаолият жисмоний меҳнатни ҳар соҳадан сиқиб чиқариш кучайган бир пайтда жисмоний соғлом бўлишга хизмат қиладиган ҳар хил  спорт турларини фаол тарғиб қилиш  йўли б-н жисмоний баркамол шахсни шакллантиришга уриниш ҳам ана шу жараённинг натижасидир. О.м. халқ маданиятидан фарқли ўлароқ нафақат миллий, балки миллатлараро, байналмилал хусусият касб этиши, айни пайтда, умуман, миллийликдан узоқ бўлиши ҳам мумкин. Кўпгина ҳолларда О.м.нинг муайян намунасининг миллий мансублигини фақат унинг тили ёки ижрочисига қараб ажратиш мумкин. Элитар маданият кўпчиликка мўлжалланмагани, тушунарсиз бўлгани б-н ажралиб турар экан, бу унинг ташувчиларини жамиятда алоҳида мавқега эга бўлишларига хизмат қилган. О. м. эса кенг халқ ўртасида машҳур бўлган ўзининг аниқ муаллифлари б-н ажралиб туради.   Халқ маданияти ҳамма вақт муайян макон б-н боғланган. О. м.да эса бундай локаллик кузатилмайди. У аввал бошданоқ кенг аудиторияга мўлжалланган бўлади. Унда  инсонга хос бўлган ҳиссиётлар — муҳаббат, қўрқув, муваффақиятга эришишга бўлган интилиш, ғаройиботга ишонч ва шу кабиларга асосланиш устуворлик қилади. Шу йўл б-н О.м. реал ҳаётга қайсидир жиҳатлари б-н ўхшаш бўлган, аммо айни пайтда ундан бирмунча узоқ бўлган ҳаёт манзарасини яратади, қарашлар ва қадриятлар тизимини, хулқ моделини шакллантиришга хизмат қилади. О.м. ўзининг мана шу хусусиятлари б-н инсоннинг идеалга бўлган табиий эҳтиёжини қондиришга интилади. О.м олим ва мутахассислар томонидан турлича талқин этилмоқда. Уларни умумлаштирган ҳолда қуйидагича ифодалаш мумкин:  1. О.м. – халқ маданияти, урф-одатлари, маросимлари, санъати ва шу кабиларни ифодаловчи тушунча. 2. О.м. ОАВнинг ривожи б-н боғлиқ ҳодиса. 3. Оммавий ишлаб чиқариш, “кўнгилочиш индустрияси” томонидан яратилган, омма истеъмолига мўлжалланган маданиятнинг сийқалаштирилган намуналари кўринишидаги салбий ҳодиса. Бугунги кунда О.м. маданий-мафкуравий тазйиқнинг энг хавфли қуролларидан бирига айланган. Истеъмолчилик кайфияти ўзагини ташкил этган О.м. асл кишилик маданиятига зид, уни поймол этадиган, моҳиятини бузадиган ва охир-оқибат инсонни жон сақлашдан ўзга мақсади бўлмаган жонзод, ҳайвон даражасига туширадиган, халқни эса оломонга айлантирадиган ҳодисадир. Бугунги кунда ОАВ, ТВ маданиятни оммалаштиришнинг асосий воситаси ва манбаи бўлиб хизмат қилмоқда. Бу, аввало, одамларнинг қайғу ва хурсандчилигини ифодалаган, уларни қизиқтирган ҳар қандай муаммони товарга, бир қолипга солинган кўнгилхушликка айлантирилишида намоён бўлади. Глобаллашув жараёнлари ва унинг йўналишларидан бири бўлган О.м. экспансияси таъсирида қадриятлар тизимида содир бўладиган туб ўзгаришлар “ижтимоий мавжудот” – инсонда муайян ўзгаришларни келтириб чиқаради, инсон ва жамият маънавий-ахлоқий таянчларидан маҳрум этилади, жамият инқирозга учрайди. Шу маънода И.А.Каримов таъкидлаганидек: “…коммунистик мафкура ва ахлоқ нормаларидан воз кечилганидан сўнг жамиятда пайдо бўлган ғоявий бўшлиқдан фойдаланиб, четдан биз учун мутлақо ёт бўлган, маънавий ва ахлоқий тубанлик иллатларини ўз ичига олган “Оммавий маданият” ёпирилиб кириб келиши мумкинлиги барчамизга аён бўлиши керак… Айниқса, ҳозирги вақтда дунёда кучайиб бораётган турли маънавий таҳдидларнинг олдини олиш, «оммавий маданият»нинг зарарли таъсиридан фарзандларимизнинг онгу тафаккурини ҳимоя қилишда илму фан ва маданият жамоатчилиги, ижод аҳлининг ўрни ва роли тобора ортиб бормоқда. Нега деганда, бизнинг миллий руҳимиз ва табиатимизга ёт ва бегона бўлган ана шундай «маданият» намуналарини фақат танқид ва инкор қилиш ёки уларни тақиқлаш билан бирон натижага эришиб бўлмайди. Бундай хатарлардан ҳаётимизни асраш, маънавий бўшлиққа йўл қўймаслик учун, авваламбор, эзгу инсоний ғоялар ва юксак маҳорат билан яратилган асарлар орқали халқимизнинг маданий савиясини юксалтириш, бошқача айтганда, бугун жаҳон майдонида юз бераётган кескин ақл-заковат ва истеъдод мусобақасида беллашувга қодир бўлишимиз шарт”. Давлатимиз раҳбарининг ушбу фикр-мулоҳазаларида О.м.нинг мазмун-моҳияти, оқибатлари ҳамда унга қарши курашишнинг изчил восита ва омиллари аниқ баён этилган.

ОНА – 1) фарзандни дунёга келтирган шахсга нисбатан қўлланиладиган тушунча; 2) фарзандни дунёга келтирмаган бўлса-да, уни тарбиялаган ёки тарбиялашда муҳим ҳисса қўшган аёлга нисбатан қўлланиладиган тушунча; 3) ўзбек халқи маданиятида кекса аёлга ҳурмат-эҳтиром рамзи сифатида қўлланиладиган атама; 4) инсон маън-ятининг илк шаклланиш даврларида катта таъсир кўрсатувчи ва авлод дунёқарашининг маълум йўналиш олишида муҳим ўрин тутувчи алоҳида оила аъзоси. Фарзанд туғилгач, у парваришга муҳтож бўлади ва биринчи навбатда О.нинг меҳри-муруввати б-н тарбияланади, вояга етгач меҳнат қилади, ўзи ҳам фарзандли бўлиб, уларни улғайтириш жараёнида кексаяди. Бу ҳодиса инсоният тарихида узлуксиз жараён бўлиб, О.ларга фарзандини тарбиялаш, билим бериш ва уларга ўзларининг моддий ва маънавий бойликларини етказиш имкониятини берган. О.лар оилада, қўшнилар даврасида, маҳаллада ва ижтимоий ҳаётнинг барча шаклларида авлодга бебаҳо тажриба етказишади. Улар авлодларига ўз ҳаётлари мисолида ибрат кўрсатадилар. О.ларга ҳурмат ва уларга ғамхўрлик ҳамма ерда ва ҳамма вақт инсоният тараққиётининг кўплаб ўзгармас омилларидан бири бўлиб келган. У инсониятнинг яшаб қолиши ва тараққиёти учун шарт-шароит яратган, ўзини сақлаб қолишга интилиш ва жамиятни сақлаш ўртасидаги асосий ўзаро боғлиқлик ва уйғунликни акс эттирган. О.лар учун ўз оиласи, фарзандлари ва яқинларига, жамиятга кераклиги, улар учун суюкли эканлигини ҳис этиб яшаш энг юксак бахт ҳисобланади. О.лар фарзандлар оила ва халқ орасида бурч ва масъулиятини англаб, уларнинг ҳаётий режаларига камарбаста бўлиб яшашлари ва бунинг ортидан эътибор топишларини орзу қилиб яшайдилар. О.ларнинг беминнат хизматига бир умр содиқ бўлиш, уларнинг дуоларини олиш, насиҳатларига қулоқ солиш ҳам фарз, ҳам қарз ҳисобланади. Шарқда О.ларни қадрлаш миллий менталитет даражасига кўтарилган, жумладан, уларни ҳурмат қилиш, эъзозлаш ўзбекона миллий қадрият бўлиб, бу ахлоқий фазилат ҳар бир болага ёшлигидан оила даврасида сингдириб борилади. Ўз навбатида, кўчани кўрган, ҳаёт мураккабликларини енгган, қийинчиликда чиниққан, ақли расо О.лар ўтмишдан мерос бўлиб келаётган ва кундалик ҳаёт учун зарур бўлган барча таомил, урф-одатларни ёшларга ўргатади. Шу тарзда, бир томондан, О. ва фарзанд ўзаро муносабатларининг узвийлиги таъминланса, иккинчи томондан, фарзандларда инсоний ҳамда ахлоқий ва маън-ий фазилатлар шаклланиб боришига эришилади. Фарзанд О.дан намуна олиб, ҳаётда ўзидан бирор из, яхши ном қолдиришга интилади. Уларда О. туфайли ҳаётга муҳаббат, ҳаётга ташналик, бунёдкорлик ҳисси шаклланади. О.лар фарзандига сирдош, суянчиқ, устоз, ҳамдард бўлиши маън-ятимизда доимо кўриниб  турадиган ҳодисадир. О.лардаги ҳаёт тажрибаси, меҳр-муҳаббат, ақл-заковат, ёшлардаги куч-ғайратни, жўшқинликни, ташаббускорликни тўғри йўлда олишга, ғоявий бўшлиққа йўл қўймасликка даъват этади. О. умр бўйи ахлоқ-одоб, тарбия, насиҳат б-н камол топиб, энди бошқаларга, авваламбор фарзандига маслаҳат бера оладиган, уларга ибрат бўла оладиган ҳаёт донишманди, мураббий, устоз ҳисобланади. О. ўзини фарзандларига муносиб тарзда тутиб атрофдаги воқеаларга босиқлик, бағрикенглик, қалбида ҳис-ҳаяжонга, эҳтиросларга берилмасдан шукроналик б-н қарайдиган файласуфдирлар. О.ларнинг ҳаёт тарзи кўпинча фарзандларни мустақиллик, озодлик, эркинлик тушунчаларини чин қалбдан ҳис этишга олиб келади. О.лар ҳаётнинг пасту баландини, оғир-енгилини, кам-кўстини бошдан кўпроқ кечириб, оқни қорадан, яхшини ёмондан, гуноҳни савобдан, дўстни душмандан, адолатни разолатдан, шукроналикни кўрнамакликдан ажрата оладилар. Болаларнинг одоблилиги, ахлоқий даражаси оиладаги тартиб-интизом ва удумларнинг қатъийлигида О.ларнинг роли беқиёсдир. Ўзбекларда О.лар фарзандларини оилали, уй-жойли ва албатта баркамол ва бахтли қилиш ташвиши б-н яшайди. Бу улар ҳаётининг мазмуни бўлиб қолади. Ёши улуғ О.ларнинг асосий машғулотлари дуогўйлик, маслаҳатгўйлик бўлиб қолади. Халқимизда азал-азалдан катталарни ҳурматлаш, эъзозлаш, уларнинг сўзларини икки қилмаслик каби фазилатлар мавжуд. Чунки, ёшлар О.ларнинг ўгитидан, донолик йўғрилган насиҳатларидан, ибратли ҳаётидан хулоса чиқарадилар. Ҳар бир ўзбек оиласи ота-О.ларнинг ҳолидан хабар олиш, уларни барча шароит б-н таъминлашни ўз бурчи ҳисоблайди. Шунинг учун ҳам ҳар бир фарзанд ҳаётда ўз йўлни топиб олган бўлса-да, ота-онасининг узоқроқ яшаши учун жон куйдиради. Ҳадисда О.га яхшилик қилишни уч бора таъкидланиши бежиз эмас. Чунки, О. том маънода фарзандни камол даражасига етказади. Қуръони каримда, ҳадисларда, алломаларимизнинг бизга қолдирган асарларида ифодаланган мазмун-моҳиятни ёш авлодга етказиш, уларни баркамол авлод этиб тарбиялашда О.ларнинг ибратли ҳаёти, тарбиявий ишлари, панд-насиҳатлари катта аҳамиятга эга. Бой маънавий меросимиз негизида О.ларга муносабат асосий ўрин эгаллайди. Шу боис, О.ларни ҳурмат қилиш, улар соғлом турмуш шароитида яшашлари учун имконият яратиб бериш оиладан бошланади. ЎзР Конституциясида ҳам миллий менталитетимиздан келиб чиқиб, “Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар” (64-модда), “Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар” (66-модда), деб ёзилган. Ўз навбатида, муайян ҳаётий тажрибага эга, ҳаёт мураккабликларини енгган, қийинчиликда чиниққан О.лар ўтмиш мероси, халқ урф-одатлари ва анъаналарини ёшларга ўргатувчи асосий восита ҳисобланадилар. Шу боис, О.лар нафақат оиланинг, балки маҳалла жамоасининг ҳам эътиборидаги шахслар ҳисобланади. Шу тариқа, О.  фаолияти туфайли бир томондан, авлодлараро ўзаро муносабатларнинг узвийлиги таъминланса, иккинчи томондан, ёшларда инсоний фазилатлар шаклланиб боришига эришилган. Ёшлар улардан ўрнак олиб, ўз ҳаётлари давомида яхши ном қолдиришга интилишади. Уларда ҳаётга муҳаббат, меҳнатсеварлик, бунёдкорлик туйғуси  шаклланади.

ОНАЛИК БАХТИ – аёлнинг фарзанд кўриш, уни тарбиялаш ва камолга етказиш билан боғлиқ қувонч ҳисси, табиий туйғу: ҳар бир нозик хилқат  вакилининг бир умрлик орзуси. О.б. ўзига яраша масъулият ҳамдир. Чунки инсоният тарихининг ҳамма босқичида оналар тарбиячи ролини бажариб келган.  Илк тарбия, ахлоқ меъёрлари, миллий менталитетимизга хос анъана ва қадриятлар она орқали фарзандларга  сингдириб борилади. Онадаги камтарлик, андиша, ҳаё-ибо, тартиб-интизом, сабр-қаноат каби ахлоқий фазилатлар  наслдан-наслга  ўтади. Бу Шарқ хотин-қизларига хос юксак ахлоқий фазилатларда яққол намоён бўлади.    Саъдий Шерозий:  Хотин бўлса қобилу ақли расо, // Эрни шоҳ этар, гар бўлса гадо. Ҳаётга татбиқ этиш миллатимизга хос асл сифат ва меъёрларни қайта тиклаш имконини беради. Серфарзанд миллат аёли ўзининг кўп сонли болаларини оиласидаги катта ёшли бошқа кишилар кўмагида тарбиялайди. Тажрибадан маълумки, оталар тарбия жараёнида бевосита иштирок этмайди. Лекин аёлларимизнинг оқилалалиги ва уддабуронлиги сабабли оталар кўпинча тарбия жараёнининг марказида бўлади. Чунончи,  хонадонларимизда боланинг ҳар бир хатти-ҳаракати мумкин ёки мумкин эмаслиги билан эмас, балки шу иш отасига ёқиш ёки ёқмаслиги билан ўлчанади. Шунинг учун ҳам ёмон қилиқ қилган болани оналар деярли жазоламайди. Улар бундай чоғда: “Ҳали ишдан келсин, отангга айтиб бераман”, деган пўписа билан болаларга таъсир ўтказади. “Отанг билиб қолмасин”, “Ҳали шошмай тур, даданг келса, айтиб бериб, бир таъзирингни бердирмасам”, “Отанг билиб қолса, кунингни кўрсатади”, “Ундай қилма, даданг хафа бўлади” каби огоҳлантирувчи танбеҳлар аёлларимизнинг тарбия жараёнида  кунда неча марталаб ишлатиладиган иборалардир. Шундан ҳам кўринадики, эркак тарбия жараёнида бевосита қатнашмаса-да, унда ҳамиша билвосита иштирок этади. Отанинг обрў-нуфузидан усталик билан фойдаланиб, болаларида шундай эзгу маънавий сифатларни қарор топдиришга эришаётгани ўзини ҳамиша панага  оладиган аёлларимизнинг улуғ тарбиячи эканидан далолат беради.  Миллийлик, ўзлик, юксак аҳлоқ-одоб уфуриб турадиган оилаларимизда шундай гўзал маданиятга гувоҳ бўлиш мумкинки, бу таомил дунёнинг ҳамма мамлакатларида ҳам учрайвермайди.  Ҳатто аёлларимиз сўзлашувда имкон қадар танмаҳрамларига муносабатларини сездирмасликка уринади. Шу боис азалдан уларнинг тилида “эр”, “хотин” сингари сўзлар деярли ишлатилмаган. Мас., улар “хўжайин”, “ўғлингиз”, “акангиз”, “укангиз”, “поччангиз” ёки “қизингиз”, “келинингиз”, “синглингиз”, “опангиз” “янгангиз” каби маънодош ибораларни қўллаб келади. Чунки, халқимиз эрли, хотинли, умуман “тўкис” эканликларини кўз-кўз қилишдан ийманиб келадилар. Маълумки, халқимиз тўкислик билан мақтанишни одобсизлик ҳисоблаб келадилар. Аёлларимизнинг ана шу нозик жиҳатларга эътибор бериши бугунги миллий ҳаётимизнинг янада мазмунили ва гўзал  бўлишига хизмат қилади. Маълумки, аксарият ривожланган давлатлар сўз бойлигида ҳам катталарга мурожаатда, оилада, кўчада, ишхонада, умуман жамиятда ўзаро муносабатларда бир-бирини “сенлаш” деган нарса урф бўлган. Ҳатто бола отасини исмини айтиб чақиришдан ташқари, бемалол кўзига қараб сенсирайди ва бу ҳол уларда табиий қабул қилинади. Барчага “намуна” бўлишга даъво қилаётган бу давлатларда ана шу сўз бойлиги, қолаверса, оддий муомала маданияти танқис. Ваҳоланки, маънавиятсиз моддий фаровонликка ҳам, умумтараққиётга ҳам эришиб бўлмайди. Маънавий қашшоқлик миллий таназзулга олиб боради. Аҳлоқи бузуқ аёлдан покиза, ҳалол  фарзанд дунёга  келмайди. Умуман, нопок аёлни она дея шарафлаб бўлмайди. “Қуш уясида кўрганини қилади”, “Онасини кўриб,   қизини ол”  деган мақоллар бекорга айтилмаган. Она соғлом ва бақувват фарзандлар дунёга келтириши билан бирга, уларни ота кўмагида одоб-ахлоқли, юксак маънавит соҳиби этиб тарбиялашга ҳам масъулдир. Демак О.б.га муяссар бўлган аёлнинг масъулияти ҳам Ватани, ҳам оиласи олдида бениҳоя каттадир. Ана шу вазифани бекаму-кўст бажариши учун у ҳам жисмонан, ҳам маънавий жиҳатдан баркамол бўлиши керак. Зеро, она қандай хислат ва фазилатларга эга бўлса, фарзанд ҳам шундай руҳда  тарбияланади. Шу маънода, ҳар қандай давлат ва жамиятнинг бугунги куни  ҳам, келажаги ҳам айнан онага бўлган муносабат билан  ўлчанади. Ислом дини ҳар бир аёл зиммасига турмуш ўртоғи, ота-онаси, жамиятга нисбатан бурчлар юклаган. Аллоҳ имонда, солиҳлик ва тақвода олий даражадаги  аёлларни инсониятга ўрнак қилиб қўйди. Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) завжайи муттоҳаралари Ойша (р.а.) ҳамда  қизлари Фотима (р.а.), Исо (а.с.) оналари Биби Марям шулар жумласидандир. Ислом аёлни беҳурмат қилиш, обрўйини тўкиш, уни фисқ учун йўлдан уриш каби салбий ҳолатларни ҳамиша қоралаб келади. О.б.га муяссар бўлган хотин-қизлар янада кўпроқ ўқиб-ўрганишлари, бутун меҳри, қалб қўрини фарзанд тарбиясига қаратмоғи даркор.                                                                                

ОНГ – маънавий тушунча, ақл тафаккур, фалсафадаги асосий категориялардан бири. О. кўп қиррали ва мураккаб бўлганлиги туфайли,  фалсафа,  психология,  психиатрия,  физиология,  кибернетика,  информатика сингари турли фанларнинг ўрганиш объекти ҳисобланади. О.ни диний тушуниш уни илоҳий ҳодиса, Худо яратган мўъжиза тарзида талқин қилишади. Кўпгина динларда инсон О.и буюк илоҳий ақлнинг миттигина акс этиши, унинг намоён бўлиши шакли тарзида тавсифланади. Инсон танасидаги руҳ бизнинг истак ва фикрларимизнинг ташувчисидир. Жон ўлиши б-н О. ҳам ўлади. Бундай қарашларнинг илдизи жуда қадимий бўлса-да, улар ҳамон ўзининг кўплаб тарафдорларига эга. Зеро, у одам ва одамнинг яратилганлиги масаласи б-н бевосита боғлиқ. Кимда-ким олам ва одам яратилганлигини тан олар экан, О. ҳам Яратганнинг қудрати эканлигини тан олиши табиий. О. моддийликнинг мияда инсон танаси фаолияти б-н боғлаб талқин қилинади. XVIII а.га келиб О.ни бевосита инсон мияси фаолияти б-н боғлашга ҳаракат қилган қарашлар ҳам шаклланди. Айни пайтда материалистик йўналиш номини олган бундай ёндашувлар доирасида О.нинг моҳиятини бузиб талқин қилиш ҳоллари ҳам пайдо бўлган. Фал. тарихида “Вульгар материализм” деб ном олган оқим намояндаларининг қарашлари бунга мисол бўла олади. Уларнинг фикрича, худди жигар сафро ишлаб чиқарганидек мия ҳам О.ни ишлаб чиқаради. Бундай ёндашув натижасида О. идеал эмас, балки моддий ҳодиса, деган хулоса чиқади. Ваҳоланки, сафрони кўриш мумкин, аммо О.ни кўриб ҳам, ушлаб ҳам, ўлчаб ҳам бўлмайди. О. тарихи инсоннинг инсон бўлиб шакллана бошлаши тарихи б-н боғлиқ. Узоқ вақт давомида инсон О.и планетар, яъни Ер шари даражасидаги ҳодиса сифатида қараб келинди. Ҳоз. замон фани масалага кенгроқ доирада ёндашиш зарурлигини кўрсатмоқда. Чунки, фан далиллари инсон пайдо бўлишини фақат Ерда кечган жараёнлар б-н чеклаб қўйиш тўғри эмаслигини, у коинот эволюциясининг табиий ҳосиласи эканлигини тобора чуқурроқ исботламоқда. Инсон биологик ва ижтимоий ҳаракатнинг ташувчиси экан, ҳаракат шакллари ўртасидаги узвий алоқадорликни, унинг юқори шакллари қуйи шаклларга боғлиқлигини, таянишини, улардан ўсиб чиқишини унутмаслик, лозим. Бошқача айтганда, улар ўртасида узвий алоқадорлик мувжуд. О. тарихи қуёш  тизими ва унда миллионлаб йиллар давомида содир бўлган ўзгаришлардан ҳам айрича олиб қаралиши мумкин эмас. Шу жиҳатдан олганда, О.нинг шаклланишини космик ҳодиса сифатида қараш ҳам мумкин. О. инъикоснинг олий шакли бўлиб, инъикос муайян таъсир натижасида пайдо бўлади. Бунинг учун эса, ҳеч бўлмаса, иккита объект ва улар ўртасида ўзаро таъсир бўлиши лозим. Бунда функционал фаолият кўрсатувчи мия соҳиби ижтимоий муносабатларга тортилган бўлиши шарт. О. психика инъикосининг ўзига хос, юксак шаклидир. Аммо, бу психика ва О. тушунчаларини айнанлаштириш учун асос бўла олмайди. Негаки, психика ҳайвонларга ҳам хосдир. Гап инсон психикаси ҳақида кетганда ҳам, у О. тушунчасига нисбатан кенг қамровлик касб этишини унутмаслик лозим. З.Фрейднинг фикрича, психика онгсизлик, О. ости ҳодисаларини ва О.нинг ўзидан иборат уч қатламдан ташкил топган. Инсон ҳаёти ва фаолиятида О. б-н бир қаторда онгсизлик ва О. ости ҳодисалари ҳам муҳим аҳамиятга эга. Психологлар фикрича, инсон фарзандининг камол топа бориши билан бир қаторда кўплаб функциялар О. назорати остидан чиқиб автоматик характер касб этиши ҳам характерлидир. Айтайлик, биринчи марта машинага ўтирганимизда, биринчи марта сурат олаётганимизда деярли барча ҳаракатларимиз О.нинг қаттиқ назорати остида бўлади. Вақт ўтиши б-н эса кўпгина ҳаракатларни онгсиз тарзда, англамаган ҳолда бажара бошлаймиз. Бундай ҳолат инсон фаолиятининг хилма-хил соҳаларига, йўналишларига, О.нинг фаол тарзда аралашишини, яъни қайта ҳолатни ўз назоратига олиши мумкинлигини инкор этмайди. Хатти-ҳаракатларнинг О.сизлик соҳасига кўчиши бир томондан О. “юки”нинг енгиллашига хизмат қилса, бошқа томондан, О.нинг асосий куч-қувватини, “диққати”ни, инсон ҳаёти учун муҳим бўлган ҳаракат, жараёнларга қаратилишига имконият яратади. О.сизлик доирасига О. назоратидан ташқарида қолган сезги, тасаввур, инстинкт ва интуиция каби ҳодисалар ҳам киради. Ана шу хусусиятларни инобатга оладиган бўлсак, О.сизлик О. мавжудлиги ва ривожланишининг табиий шарти дейиш мумкин. О. ости ҳодисалари ҳам психик жараёнларнинг муҳим бўғинидир. З.Фрейд фиркича, улар О.сизлик б-н О. ўртасидаги чегаравий соҳадир. “Гап тагида гап бор, коса тагида — ним коса” нақлида О. остига хос бўлган хусусиятлар ифодаланган, дейиш мумкин. Негаки, ҳар қандай фаолиятимизда айни вақтда биз учун аҳамияти бўлмаган ҳолатлар бўлади. Аммо, бу улар кузатишдан, назоратдан четда қолади, дегани эмас. Биз учун аҳамиятли характер касб этганда, улар О. остидан О. доирасига кўчиши мумкин. Мас., бирор жойга бораётганда, асосан, мақсадга томон ҳаракат қилинади, аммо йўлда учраган бошқа нарса ва ҳодисалар ҳам кузатилади, эсда қолади. Ана шулардан келиб чиққан ҳолда, О. ости инсон О.ли фаолиятининг ўзига хос кузатувчиси, зарур бўлган ҳолларда цензори сифатида чиқишдек сифатларга эга, дейиш мумкин. О.,  онтологик маънода,  юқори даражада уюшган  (ривожланган) материянинг хоссаси субъектив борлиқ сифатида,  гносеологик маънода-идеал шакл сифатида тушунилади. Агар объектив реаллик моддий тизимларнинг турли иерархик, яъни оддий,  майда бўлаклардан тортиб, то биосфера ва метагалактика даражалардаги воқелик саналса,  унда субъектив реаллик-идеал тизимларнинг турли иерархик даражалари,  яъни сезги,  идрок,  тасаввур,  тушунча,  ҳукм,  хулоса,  гипотеза,  концепция,  наз-я,  фан,  санъат,  фал., дин, мифология кабилардан иборат реалликдир. О. таркиби қуйидаги унсурлардан ташкил топади: сезги,  идрок,  тасаввур,  фикр,  ҳис–ҳаяжон,  ирода. Улар бир бутунликни ташкил этиб,  бундан ташқарида,  бирга мавжуд бўлмайди. О. ўзаро алоқада бўлган турли унсур (элемент)лардан ташкил топган мураккаб маънавий информацияга эга. О. инъикоснинг ўзига хос шакли экан, аввало, унда акс эттириладиган объект ҳақидаги муайян билимлар ҳиссий ва рационал шаклда ўз ифодасини топади. Демак, билим О. тузилишининг асосий унсуридир. Шунинг учун ҳам билимларнинг бойиб, чуқурлашиб бориши О. ривожланишини характерлайдиган муҳим белги сифатида юзага чиқади. О. тузилишининг яна бир унсури хилма-хил кўринишларда намоён бўладиган кечинмалардир. Уларда инъикос объектига муносабат гавдаланади. Билимларимизнинг чуқурлиги ва кўламлиги, ҳиссиётларимизнинг намоён бўлиши ёки бўлмаслиги интилишимиз — иродамизга боғлиқ. Ирода кучи оламни англаш жараёнида юзага келадиган ҳар қандай тўсиқларни енгиб ўтишга, кўзлаган мақсад йўлида тинмай ҳаракат қилишга йўл очади. Ирода табиатнинг инъоми эмас, уни тарбиялаш, камол топтириш шахс ҳаётида, унинг жамиятдаги ўз ўрнини топишида муҳим аҳамиятга эга. Зеро, иродасизлик энг улуғ ният ва мақсадларни барбод қилибгина қолмай, инсоннинг тўғри йўлдан тойиб кетишига ва жиддий салбий оқибатларнинг келиб чиқишига ҳам олиб келиши мумкин. О. туфайли билиш ва ҳодисаларни баҳолаш муносабатлари амалга оширилади ва бундан О.нинг асосий билиш ва ҳис–ҳаяжон уйғотувчилик вазифалари келиб чиқади. О. мазмунини,  аввало,  инсон тажрибаси давомида ҳамиша тасдиқланиб ва ривожланиб борувчи билимлар тизими ташкил этади. Лекин О. б-н билим бир нарса эмас. Агар билим инсон тажрибаси тасдиғидан ўтган воқелик инъикоси бўлса,  О.,  албатта,  воқеликнинг сўзсиз исботланган,  ҳақиқий инъикоси бўлмайди. Чунки О. таркибида тахмин,  адашиш,  алданиш ҳоллари ҳам учрайди. Ҳиссиёт О. таркибига узвий равишда киради. Билиш жараёнида ҳақиқатни билиш ҳиссиёт б-н боғлиқ,  шунинг учун ҳам фанда фақат ақлий тафаккур б-н қаноатланиб бўлмайди. О.нинг ҳиссий компонентларини қуйидаги даражаларда тасаввур этиш мумкин: а) турли таъсирларга бўлган реакциялар билан боғлиқ оддий ҳиссиётлар – очлик,  чанқаш ва ҳ.к; б) инстинктив–аффектив ҳолатлар–олдиндан сезиш,  кайфият,  стресс,  галлюцинация ва ҳоказолар; в) ҳиссиёт – севги,  ёқтириш,  ёқтирмаслик,  нафрат. Инсонда,  ҳайвонлар б-н умумий бўлган ҳиссиётдан ташқари,  ижтимоий сабабият б-н боғлиқ,  ҳиссиёт ҳам мавжуд. Агар О.нинг воқеликни билиш фаолиятидан мақсад – объектни тўғри англаш бўлса,  ҳиссиёт орқали инсоннинг объектга,  ўз фаолиятига ва ўзга инсонларга муносабати турли ҳиссий шаклларда намоён бўлади. Инсоннинг нафақат нарса ва ҳодисалар,  уларнинг хусусиятларини англаб етиши,  балки уларнинг қимматини ҳам баҳолаши,  О.нинг аксиологик жиҳатни ўз ичига олганлигини кўрсатади. О.нинг субъектив дунёсида объектив реаллик нафақат қайта ишланади,  балки унда инсоннинг фаол амалий фаолиятига тайёргарлик: режалаштириш,  танлаш,  мақсадга интилиш каби ҳаракатлар ҳам бўлади. Бундан ташқари,  О. субъектнинг ўз фикри,  ҳиссиёти,  фаолиятини назорат қилиб,  маънавий дунёсида ва уни ўраб турган объектив реалликда нималар юз бераётганлиги ҳақида ўзига ҳисобот беришни тақозо этади. Шундай қилиб,  инсон О. нафақат воқелик объектларига,  балки жамият қадриятларига муносабатни,  ўз-ўзига муносабатни ҳам,  ўз-ўзини англашни ҳам ўз ичига олади. О. – инсонда алоқалар,  муносабатлар,  объектив дунё қонуниятлари тўғрисида умумий билимлар шаклланишига асос бўлади. Инсонга мақсад ва режаларни тузиши,  унинг табиат ва ижтимоий муҳитдаги фаолиятини бошқариш ундаги борлиққа нисбатан эмоционал  (ҳиссий),  рационал  (ақлий) ва амалий муносабатларни бошқариш ва назорат қилишда ёрдам беради. О.ни арабий “ақл” сўзининг ўзбекчасидир, дегувчилар ҳам бор. Умуман, бу гап нотўғри ҳам эмас, лекин онг ва ақл ибораларининг ўртасида тафовут  ҳам бор.  Исломий таълимотга кўра, Аллоҳ яратган илк нарса О.дир. О. сўзи тилимизда ақл сўзига нисбатан камроқ ишлатилади, лекин ўз ўрнида ва ўз маъносида қўлланилади. Одамнинг фикрлаш қобилияти назарда тутилганда, О. ва ақл атамалари билдирган маънолар бир-бирига мос келади, онг ҳам, ақл ҳам одам миясининг маҳсулидир. Одам онглайди (англайди), бошқача айтганда, ақл юритади, фикрлайди. Одамнинг ижтимоий ҳаётни тушуниши, сезиши, унга муносабати унинг онгида юз беради. Сиёсий онг, ижтимоий онг иборалари ана шундан келиб чиққан. Воқеликнинг киши миясида унинг бугун руҳий фаолиятини ўз ичига олган ва, албатта, маълум мақсадга йўналган ҳолда акс этиши онгнинг зуҳуридир. Онг, шунингдек, кишининг руҳий, руҳоний, сиёсий, фалсафий нуқтаи назари, диний, бадиий қарашларининг ҳам мажмуи ҳисобланади. Ижтимоий онг деганда ана шулар назарда тутилади. Онгли киши дейилганда онгга эга, ақл-идрокли одам тушунилса, онгли ҳаёт иборасида эса, бир мақсадга йўналтирилган турмуш ифодаланади. Воқеликни, ижтимоий ҳаётни, ўзининг мавқеи ҳамда тарихий ва фуқаролик бурчини тушунадиган, тушунган, онги юксак одамга нисбатан онгли ибораси жуда тўғри келади. Муайян тушунчага эга, билимли, кўзи очилган, маданиятли кишига ҳам онгли ибора мос тушади. О.ли равишда фикр юритиш — бу О., ақл-идрок билан иш тутишдир. Одам атайин, кўра-била туриб ҳам, яъни онгли равишда бирор ёмон ишни қилиши мумкин. Бу унинг қилмиши дейилади. Одамнинг заковат даражаси — фаҳми, идроки, зеҳни, донолиги, етуклиги унинг ақлига боғлиқ. Ақли расо деганимиз эси, мияси бутун деганимиз бўлади. Ақли қисқа ёки калта десак, фаҳм-фаросати йўқ одам назарда тутилади. Бу сўз эс-ҳуш маъносини ҳам билдиради, мулоҳаза, маслаҳат маъноларини ҳам ифодалаши мумкин. Мас., ақли билан иш тутди, десак, мулоҳаза билан, ўйлаб иш қилгани маълум бўлади. Хуллас, ақл сўзи тилимизда турли нозик маъноларни ифодалашда қўлланилади. Чунончи, ақл бовар қилмайди, яъни одам ишонгиси келмайди, тасаввур қилиб бўлмайди, ақли шошди, яъни одам ҳайрон қолди, ажабланди; ақлини олди — одамни мафтун этди ва ҳ.к. Мия фаолияти билан боғлиқ иш ақлий меҳнат дейилади. Бу ўринда интеллектуал меҳнат ибораси ҳам қўлланилиши мумкин. Ақли тўлиқ одам доно дейилса, ақли ожиз одам аҳмоқ ёки тентак саналади. Бу мисолларнинг бари оддий сўзлашув тилига оиддир. Хуллас, О. воқеликни, яъни борлиқдаги барча-ҳодисаларни акс эттиришнинг юксак, фақат одамга хос шакли. О. тил билан боғлиқ. Тилда у ўзининг моддий ифодаларидан бирини топади. О. тилда моддийлашгач, унинг фаолияти самараси авлоддан авлодга мерос бўлиб ўтади.

ОНГСИЗЛИК — онгнинг генетик жиҳатдан талқини; онглилик хус-ятининг зидди. О. бирламчилигини билдириб у ўзига хос хусусиятга эга эканлигини, инсон фаолияти ва хатти-ҳаракатида муайян даражада роль ўйнашини тан олишни тақозо этади. Чунки инсон онгининг юксакроқ шакллари узоқ ижтимоий-тарихий тараққиётнинг кейинги даврида вужудга келган. Худди шу боисдан онгнинг пайдо бўлиши тўғрисида мулоҳаза юритилганда ижтимоий борлиқ, ижтимоий тараққиёт, уларга нисбатан муносабат услубий асосий мезонлар вазифасини бажариб келган ва ҳозир ҳам шундай. Психологик талқинга кўра, О. биринчидан, воқеликдаги ҳодисалар б-н шартланган руҳий жараёнлар, актлар ва ҳолатлар мажмуаси; иккинчидан, ташқи ва ички таъсирларга нисбатан субъектнинг ўзига ҳеч қандай ҳисобот бермаслиги; учинчидан, психик акс эттиришнинг шакли, яъни воқеликнинг образи, тасвири, тимсоли ва унга нисбатан субъектнинг муносабати, рефлексиянинг махсус предмети сифатида вужудга келмаслиги: тўртинчидан, қисмларга ажралмайдиган яхлит структурага эга эканлиги ва ҳ.к.. О.нинг онглиликдан фарқи шуки, у томонидан акс эттириш воқелик субъектнинг кечинмалари, унинг борлиққа муносабати б-н уйғунлашиб кетади. Шунинг учун О.да субъект томонидан амалга оширилувчи хатти-ҳаракатлар натижасини ихтиёрий равишда назорат қилиш ва баҳолаш имконияти мавжуд эмас. О. воқелик субъектнинг ўхшашлик, айният сингари мантиқий   шаклларига асосланиб акс эттирилади. Бу ҳолда бевосита эмоционал ҳис қилиш, эмоционал юқиш ва идентификациялашга дахлдорлик туйғуси орқали турлича ҳодисалар ўзининг тузилиши, моҳияти жиҳатидан ўзига хосликдан қатъи назар бир тизимга бирлаштирилади, психологик объектлар ўртасидаги у ёки бу хусусиятлар ўртасидаги тафовутлар, мантиқий қарама-қаршиликлар яққол намоён бўлади. О.да ўтмиш б-н келажак кўпинча бир даврда ҳукм сураётгандай, гўёки улар бирон-бир психик актга бевосита бирлашган тарзда акс эттирилади. О. борлиқни инсон томонидан билишнинг илк шаклларида, ибтидоий тафаккурда, интуицияда аффектив ҳолатларда, саросимага тушишда, гипноз ҳолатида, туш кўришда, одатий ҳаракатларда, беихтиёр эшитиб қолишда, шунингдек, интилишларда, ҳиссиётда, хулқ-атворда ўз ифодасини топади. Бунинг сабаблари ва оқибатлари шахс томонидан англанмайди. О. намоён бўлишининг қуйидаги шакллари мавжуд: 1) устонглилик ҳолатлари; 2) фаолиятнинг англашилмаган қўзғатувчилари; 3) фаолиятни бажариш усулларининг англашилмовчи регуляторлари (хулқ-атвор стереотиплари ва операцион установкалари);          4) субсенсор идрок қилишнинг вужудга келиши. Психоаналитик таълимотнинг асосчиси Фрейд “О.нинг динамик қисилиши” терминини фанга олиб киради. У О. деб, ижтимоий меъёрлар талаби б-н низоли ҳолат, қарама-қаршилик туфайли онгга кира олмаган, амалга ошмай қолган майллар қисилиш механизми ёрдами б-н бегоналашиб, индивид янглиш айтган сўзида, туш кўришида ва б. акс этишини тушунади. Фрейднинг психоанализида ва унинг издошлари қарашларида О.нинг юзага келишини тор маънода, чекланиб тушуниш унинг динамик жабҳалари шаклланишининг бир томонлама таҳлил б-н шартланганлигидир.

ОПТИМИЗМ (лот. оptimus — энг яхши) — кечаётган воқеа ва ҳодисалар жараёнига нисбатан билдирилган икки хил қарама-қарши фикрлар ёки мун-тларни яхшиликка йўйиш.  О. кечаётган воқеа ёки ҳодисанинг порлоқ истиқболига, эзгуликнинг қабоҳат, яхшиликнинг ёмонлик, адолатнинг адолатсизлик, ёруғликнинг қоронғулик, ҳурликнинг зулм устидан албатта ғалаба қилишига кучли ишонишдир. Фал. тарихида оптимистик қарашларни билим соҳиблари турлича ифодалаб, тарғиб қилиб келганлар. Бунга ўрта а. Шарқ ва Европа Уйғониш даври инсонпарварлик ғоялари вакиллари, XVIII а. франц. маърифатпарварлари, XIX а. охири XX а. бошларининг зиёлилари Фурқат, Аҳмад Дониш, Муқимий, Аваз Ўтар каби маърифатпарвар ватандошларимизни мисол тариқасида келтириш мумкин. Уларнинг қарашларида оптимистик руҳ б-н йўғрилган бўлиб, истиқболли келажакка фақат инсон ақлининг эзгу ишларига бўлган қодир ишончи орқалигина эришиш мумкин, деган ғоя ифодаланган. Шу н.назардан келиб чиқиб, улар халқ оммасини ҳаётни севишга, инсон ақл-идрокини қадрлашга, илм-маърифатни эгаллашга чорлаган. Тарихий тар-ёт жараёнида оптимистик қарашлар ва уларнинг йўналишлари давр тақозоси ҳамда талабига кўра турлича кўринишларга эга бўлган. Жумладан, диний О., хаёлий О., абстракт О., жам-т тар-ётининг эҳтиёжига кўра сиёсий О., бугунги кунда Ўз-нга хос бўлган мустақиллик О. шулар жумласидан бўлиб, уларни умумлаштирган ҳолда ижт-й О. деб ифодалаш мумкин. Ижт-й. О. кишиларнинг мавжуд тарихий жараённинг айни вазиятида зарурий рив-ш қонуниятлари талабларига мос келадиган, жам-тнинг ижт-й онгини ифодаловчи хоҳиш-иродага эга бўлган аксарият аъзоларнинг маърифатрпарвар, инсонпарвар қарашларини намоён этувчи қисмининг ёрқин келажакка умид-ишончини, умумий мақсадлари, қарашларини рўёбга чиқариш йўлида ижобий-яратувчилик ҳаракатига чорловчи, етакловчи ҳис-туйғулардир. Ҳар қандай тарихий жараённинг асосий белгиларидан бири, ш-дек, унинг минтақавий ва миллий рив-шида жуда катта аҳамиятга эга бўлган О. ижт-й онг мулки сифатида, ҳар бир шахсга ўзининг шу жам-тга, шу миллий муҳитга, мавжуд ижт-й сиёсат ва иқтисодиётга мансублигини англаб етишга бевосита таъсир этади. Ш.у. у фақат табиий-биологик асосга эга бўлган инстинкт сифатида эмас, балки ижт-й воқелик сисатида шакллади ва фаолият кўрсатади. Шу боис, оммавий кундалик онг илгари сурилган янги реалистик, оптимистик ғоя ва мафкуравий ҳиссиётлар б-н бойиб боради. Хаёлий О. — амалга ошиши мумкин бўлмаган бесамар орзу, ўй-хаёл, интилишдир (мас., алхимиклар фаолияти, ширакайф кўкнори хаёллари). Диний О. эса бу дунёнинг бевафолиги тўғрисида пессимистик фикрлаш б-н бирга, фақат нариги дунё боқий эканига кишиларни ишонтиради ва у дунё роҳати-жаннати умиди б-н фоний дунёда ҳаёт кечиришга ундайди. Реал О. муайян ижт-й тар-ётнинг кишилар фаровонлиги йўлида олдига қўйган мақсад-муродининг амалий ижобати. Мас., Ўз-ннинг мустақил тар-ёт йўлида олиб борилаётган ижт-й ислоҳотларнинг бугунги кундаги ижобий натижалари бунинг ёрқин ифодасидир. Бугунги кунда эса, Ўз-нхалқларининг ҳаётбахш кайфиятининг асосида мустақиллик О.и ётади ва бу туйғу инсон ҳаёти фаровонлиги учун зарур бўлган барча жабҳаларда юз бераётган ислоҳотларнинг ижобий натижаларида, улар амалиётининг кўлами ва фуқароларнинг миллий ўзлигини эркин намоён этиш имкониятларининг мавжудлигида кўринмоқда, ифода этилмоқда

ОРИЯТ –  инсон маънавий қиёфасига хос, .иззат-нафс, қадр туйғуларини ифодаловчи т. О. инсоний хусусият бўлиб, инсон ўзи ва оиласи, миллати ва Ватанининг иззат-нафсини, қадрини юксак тутади. О.ли инсон ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам қадрлай билади. О. инсоннинг хатти-ҳаракати, ўзини тутиши ва муомаласида ифодаланади. Инсон О. – оиласи ва бутун миллатнинг О.ини ифода этади. О. ўзгалар қадр-қиммати, шаънини ўз қадр-қиммати, шаъни даражасида кўришдир. О.ли инсон катта обрўга эга бўлади. О.ли киши адолат учун курашади. Бунда унинг энг асосий кўмакчиси пок виждонидир. О. шахсни шахс, миллатни миллат, давлатни давлат сифатида сақлаб қолишга хизмат қилади. О. инсонни нотўғри, ножўя хатти-ҳаракатлардан асрайди. Чунки бунга унинг виждони, о.и йўл қўймайди. О.ли инсон муваффақиятсизликка учраса ҳам, ҳеч қачон тушкунликка тушмайди, мақсадига эришиш учун барча қийинчиликларни енгиб ўтишга интилади. Чунки унда орият, виждон устун туради.

  ОРФЕИЗМ – қад. Юнонистоннинг мистик шоири Орфейга тегишли деб ҳисобланадиган ақидалар, тамойилларни ифода этувчи т.. О. қалб, руҳнинг илоҳийлигини, тананинг нопоклигини таъкидлаган. Ўлим озод бўлиш сифатида талқин этилади. О.да келажакдаги ҳаёт масаласи марказий ўрин эгаллайди. Бу мистик таълимот кўплаб адабий асарларда, хус-н, орфик лирикада из қолдирган. Унинг таъсирини пифагоризмда ҳам кўриш мумкин. Антик даврнинг сўнгги давригача унинг ахлоқий таъсири сақланиб қолди, ҳатто Платонда биз О.га хос бўлган ҳаётдаги бегоналашувни, келажак ҳаётни орзу қилишни кўришимиз мумкин. Суқрот ҳам ҳоз. ҳаёт бу ўлим, ўлим эса ҳаётнинг бошланиши бўлиши мумкин, деган тарзда фикр юритгани О.нинг таъсиридан дарак беради.

ОСТОНА – уйга, ҳовлига кириш жойи, унга қурилган дарвозанинг тагига ўрнатилган ёғоч маъносида қўлланади: уй остонаси, ҳовли остонаси, эшик остонаси, дарвоза остонаси, қўшнининг остонаси. О.  муайян чегара, белгиланган масканни ҳам англатади. Баъзан О. сўзи ўрнида яшаш мажмуаси назарда тутилади. Совчиликка борган киши “Остонангизга бош уриб келдик”, “Остонангизни йўқлаб келдик”, “Остонангизга қуллик учун келдик”, “Остонангизни супуриш учун келдик” каби ибораларни қўллайди.  Буларнинг барчаси О. шаклида англатилган уй маъносида қўлланган.  О. – одамнинг шаклу шамойили, бўй-басти, кўриниши, жуссаси, юриш-туриши, овози, таровати, хуллас, ички ва ташқи дунёси, у таваллуд топган, униб-ўсган ва камолотга етган жойга монанд бўлади. Маълумки, етти иқлим кишилари етти хилдир. Олис шимолий ўлкаларнинг аҳолиси сайёрамизнинг белбоғи бўлмиш ер экватори минтақаларида яшовчилардан фарқланади. Демак, одам ўз Ватанининг бир зарраси. Ҳар бир халқнинг О.си ўзига хос ва ҳар бир халқ о.сини ўзича қадрлайди. Бу билан мазкур сўзнинг миллийлик хусусияти намоён бўлса, ҳар бир халқнинг О.си бўлиши унинг умуммиллий хусусиятини кўрсатади. Шаҳар, қишлоқ ёки мамлакат миқёсида О. ана шу ижтимоий бирликларнинг пойи, бўсағаси, кириш жойини англатади.

ОТА – 1) оила бошлиғи, алоҳида бир оилага мансуб фарзандларни дунёга келтирган шахслардан бири О. ҳисобланса, иккинчиси она ҳисобланади; 2) ўзбек халқи маданиятида ўзаро муносабатларда бегона бўлса-да, ўзидан бир неча ўн ёш катта эркак шахсга ҳурмат-эҳтиром рамзи сифатида ёшлар томонидан қўлланиладиган атама; 3) инсон маъ-ятнинг илк шаклланиш даврларида катта таъсир кўрсатувчи ва авлод дунёқарашининг маълум йўналиш олишида муҳим ўрин тутувчи алоҳида оила аъзоси; 4) тарихда кўплаб инсонларга маълум маънавий жиҳатдан таъсир ўтказиб, ҳурматини қозонган шахсларга, улуғ инсонларга, азиз-авлиёларга, маън-ий пирларга нисбатан ҳам қўлланилган атама. Мас., ҳоз. Занги Ота, Ўғлонжон Ота, Шайхонтохур Ота, Чўпон Ота, Ҳаким Ота (Сулаймон Боқирғонийга нисбатан ишлатилган) кабилар шулар жумласидандир. О. ўзбек оиласида асосий ҳолларда бошқарувчи, ҳимоячи, ўз оиласи ва фарзандлари учун барча нарсага тайёр шахс ҳисобланади. Одатда, маън-й жиҳатдан етук О.лар бутун куч ва қувватини фарзандларини комил инсон қилиб тарбиялашга, оила турмуши, ижтимоий, иқтисодий-маиший ҳолатини фаровонлаштиришга сарфлайди. Оиланинг равнақи учун биринчи галда ҳаракат қиладиган инсон бу О.дир. «Оталарнинг ўз фарзандларига нисбатан бўлган муҳаббат қасри асосларидан бири – бутун куч ва қувватларини фарзандларининг фаросат, камолот б-н безатиб, уларнинг вужудини касбу ҳунар либоси б-н кийинтирмоқларидан иборатдир».    Миллий маъ-ятимизда фарзанд отасига қандай муносабатда бўлса, ўзига ҳам фарзандларидан шундай муносабат қайтади, деган ақида мавжуд. Ҳадисларда “Кимки ота-онасини рози қилса, Аллоҳ унинг умрини ҳам зиёда қилади”, дейиш билан одамларни бир-бирига яхшилик қилишга буюрилади. Ибратли маън-й-ахлоқий меросдан ўз ижодида унумли фойдаланган Алишер Навоий “Ҳайрат-ул-аброр”, “Садди Искандарий” ва бошқа бир қатор асари ҳамда мактубларида ота б-н ўғил муносабатини фал-ий таҳлил қилади. Улуғ мутафаккир Султон Бадиуззамон номига йўллаган мактубида: “Аллоҳнинг ризоси-отанинг ризосига, Тангри таоло ғазаби-Ота ғазабига вобастадир, ота фарзанд учун парвардигордир. Чунки Аллоҳ йўқликдан борлиққа фарзандини келтирар экан, сабабчиси қилиб отани танлади”, деб ёзади.  О.нинг ёши улғайиб, кексайган сари билим, ақл доираси, ҳаётий дунёқараши кенгайиб боради, ҳаёт тажрибаси ортади. Маълумки, Шарқ халқлари ҳаёти оилавий турмуш тарзига асосланган. Фарзанд б-н О. ўртасидаги мун-тлар турли вазиятда турлича кечади. Оиладаги ўзаро мун-тларнинг барча учун мақбул бўлиши О.ларнинг вазмин, мулоҳазали, одилона қарорига кўп жиҳатдан боғлиқдир. Буюк маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий “Падаркуш” драмасида ўз қадриятини, ўзлигини унутган фарзанд, ҳатто, О.сининг қотилига айланиши ҳам мумкинлигини айтиб ўтган. Агар қадрият, маън-ят, маърифат йўқолиб борса, бундай ҳолатга бутун миллат таназзулга учраши мумкин. Ислом динига биноан фарзанд дунёга келгач, О.нинг қуйидаги бурч ва вазифаларни бажариши одатга айланган: 1. О. фарзандини ҳалол ризқ билан боқиши. 2. Болага  чиройли ва маъноли исм қўйиши. 3.  Имкони бўлса ақиқа қилиши (зиёфат бериш). 4. Ўғил бола бўлса суннат қилиши. 5. Ҳамма фарзандларини бир хилда кўриши. 6. Фарзандларини яхши кишилар билан дўст бўлишига эътибор бериши. 7. Болани одобли қилиб тарбиялаш. 8.  Яхши ва ёмонни ажратишга ўргатиши. 9. Касб-ҳунар ва билим олишга ўргатиши. 10. Уйланиш ёшига етганида, фарзандларини уйлантириши зарур. Халқимизда азал-азалдан катталарни ҳурматлаш, эъзозлаш, уларнинг маслаҳатларига амал қилиш каби фазилатлар мавжуд. Ёшлар О.лар ўгити, доно насиҳатлари, ибратли ҳаётидан хулоса чиқаради. Зеро, «Қарияли уй мактабдир», деб бежиз айтилмаган. Халқда “Қария қариндошлар мойтуғидир”, дейилади. Мойтуғ «туғ» сўзидан олинган бўлиб, «байроқ ўрнатиладиган жой», яъни қариндош-уруғлар тўпланадиган маскан, деган маънони англатади. Дарҳақиқат, ҳар бир ўзбек оиласида фарзандлар кўпинча О.-оналар яшайдиган уйда тўпланишга уринадилар. Ҳар бир фарзанд ҳаётда ўз йўлини топиб яшаётган бўлса-да, О.-оналари дуоларини олишга интиладилар. Мамлакатимизда эл-улус орасидаги оқил, зукко, хушмуомала ҳамда тадбиркор, барчанинг эътибори ва ишончини қозонган О. кўпинча ўз маҳалласи тадбирларини бошқаради. Оқсоқол-О. маҳалла ҳаётининг барча жабҳаларига фаол аралашади. Хусусан, маҳалла ёшларининг оилавий ва ўзаро муносабатлари, дўконлар, ошхона, чойхона ва бозорларда савдо қоидаларига риоя этилиши, атроф муҳитнинг тоза-озодалиги, ободлиги фуқароларга маданий хизмат кўрсатиш устидан жамоатчилик назоратини ташкил этишда О.лар, кексаларнинг ўрни каттадир. Ўзбек маҳаллаларида оқсоқол — О. учун “бегона” хонадон ёки “нотаниш” кимса бўлмайди. Шунинг учун ҳам у исталган хонадонга бемалол эшик қоқиб кираверади, маҳалладошлар б-н  сирдош, ҳамфикр бўла олади. О.лар жамоатчилик орасида О.-бола, қайнона-келин муносабатларини, бирор хонадондаги носоғлом муҳитни, хуллас, оиланинг оддий икир-чикирларигача ўрганиб, ўз мун-тини билдиради, уни меъёрий ҳолга келтиришга урунади. Қадимдан маҳалла оқсоқолининг ҳақ-ҳуқуқлари шу тарзда шаклланиб келган. Ҳоз. кунда ҳам маҳалла оқсоқоли қайси хонадонда ким яшайди, нима иш б-н шуғулланади, қайси фарзанди нималарга қодир, оила муҳити қай даражада, қандай муаммолари бор – хуллас ҳаммасини яхши билиши шарт ҳисобланади. Кимдир янги иморат қуриш тараддудида, кимдир тўй қилиш ташвишида, кимдир ўғлини армия хизматига жўнатиш ҳаракатида, қолаверса, ҳашар уюштириш борми ёки бирор маърака ўтказишми, хуллас, у  ҳаммасидан хабардор бўлмоғи лозим. Зотан, оилада О.нинг ўрни ва роли қай даражада бўлса, маҳалланинг О.си — оқсоқолнинг ҳам мазкур маскандаги нуфузи, мартабаси шундай юқори туради.

ОЧИҚҚЎЛЛИК – инсон маънавий қиёфасига хос хусусият, саҳийлик, қўли очиқлик, хотамтойлик маъноларини англатадиган т. О.  халқимизга хос бўлган бағрикенглик, саҳийлик, ҳотамтойлик каби хусусиятларни ҳам ифодалайди. О. ҳар кимга ҳам насиб қилаверадиган хусусият эмас. Бундай хусусият айрим одамларгагина берилади, холос. Лекин О. бойларга ҳам, камбағал одамларга ҳам хос бўлиши мумкин. О. хусусияти бўлган бой-бадавлат кишилар кам таъминланган, кўп болали, иқтисодий жихатдан қийналиб қолган оилаларга савоб учун доимий равишда ёрдам кўрсатиб келади. Баъзан ўрта ҳол кишилар ҳам О. хусусиятига эга бўлади. Бу хусусият уларга аждодларидан ўтиб келган бўлиши мумкин.  Кўринадики, О. сўзи маънавиятга бевосита тегишли, негаки, маънавий етук кишигина О. бўлиши мумкин.  Ўзбек халқига О. хусусияти азалдан хосдир. Кўпгина халқлар учун оғир синов бўлган пайтда халқимиз О. хусусиятини намоён этди. Шунинг учун О. халқимиз маънавиятига чуқур ўрнашиб, миллий менталитетга айланган. Ўзбек халқининг О. хусусияти ёзувчи Раҳмат Файзийнинг “Ҳазрати инсон” романи ва шу роман асосида ишланган “Сен етим эмассан” фильмида ёрқин ифода этилган.

 

ОҚКЎНГИЛ(ЛИК) – юмшоқ кўнгиллилик, раҳмдиллик, кўнгилчанлик мазмунини англатадиган т.  О. кишилардаги энг яхши ижобий хислатларни ифодалайди. О. “раҳмдиллик” сўзи билан синонимик муносабатга эга. Раҳмдил инсон  ўзгаларнинг ташвишини ўз ташвиши, хурсандчилигини ўз хурсандчилигидек қабул қилади. Ҳар бир инсонга қўлидан келган ёрдамини аямайди, хеч кимга ёмонликни раво кўрмайди. Шунингдек, О. “кўнгилчанлик” иборасининг синоними ҳисобланади. Кўнгилчанлик кишига баъзан яхшилик келтирса, баъзан аксинча бўлиши ҳам мумкин. Яхши инсонга кўнгилчанлик қилинса, бу инсонга обрў келтиради. Ёмон одамга  кўнгилчанлик қилинса,  баъзан яхшилик эвазига ёмонлик қайтиши ҳам  мумкин. О. — ўзбек  халқига хос ижобий фазилат. Мазкур  сўз миллатимиз,  маънавиятимизга оид бўлиб, ўзбек халқи оққўнгиллик борасида барча миллатларга ўрнак бўлиши мумкин.

 

ОҚПАДАР – жуда катта гуноҳи, ножўя хатти-ҳаракати учун ота-она томонидан оқ қилинган, лаънатланган, ота-онадан юз ўгирган фарзандга нисбатан қўлланадиган тушунча. О. салбий маъно касб этиб, маълум гуноҳлари туфайли оиладан ажратиб юборилган шахсни англатади. О.лик – фарзанд  учун фожиа. Ота-онанинг қарғишига учраган О. фарзанд Ватанига ҳам вафо қилмайди. Фарзандга О. тамғаси тушишига оиланинг роли катта. Негаки, оила расмий тус олган тақдирдагина, эр хотини олдида, хотини эри олдида, уларнинг иккови фарзанлари олдида, фарзандлари ота-оналари олдида масъулиятли ва бурчли бўлади. Оилавий, маънавий муносабатларда эр-хотин, ота-она ва фарзанд ўртасидаги меҳр-муҳаббат, меҳр-шафқат, меҳр-оқибат каби инсоний туйғулар кўзда тутилади. Оила аъзолари бир-бирлари билан умумий турмуш, ўзаро иқтисодий, мулкий, ҳуқуқий, ахлоқий, руҳий алоқалар билан боғланади. Оиланинг биринчи вазифаси ўз насл-насабини давом эттириш, солиҳ ва солиҳа фарзандларни тарбиялаш, оилавий муҳитни қарор топдириш, ҳалол меҳнат қилиб, жамиятга фойда келтиришдан иборат. Мазкур тизимнинг бирор мурватига путур етганда ота-она ва фарзандлар ўртасидаги ижтимоий муносабат бузилади, О. тушунчаси билан англашиладиган шахслар пайдо бўлади. Халқимизда О. қадимдан қоралаб келинган. Негаки, ўзбек халқига хос муҳим фазилатлардан бири – ота-она  ва катталарни ҳурмат қилиш, эъзозлаш. Ушбу тушунча маънавиятга бевосита алоқадор,  у ёшларни ота-она, катталар ва Ватанга нисбатан ҳурмат-эҳтиромда бўлиб, бундай тамғадан холи бўлишга ундайди.

П