Қ

ҚАБОҲАТ – қабиҳ иш, ярамас хатти-ҳаракат; қабиҳлик, разиллик, ифлосликни англатувчи тушунча. Қ., қабиҳ  сўзи англатган маъно фақат пасткаш, ярамас, фақат ўз манафаатини кўзлайдиган кишиларга нисбатан қўлланади. Қабиҳ кимсалар жамиятга, атрофдаги кишиларга ҳеч қачон яхшилик раво кўрмайди. Кўпинча Қ. бундай кишиларнинг шахсий хусусиятига айланади.  Бу сўз барча халқларда салбий маъно англатади. Қ., ва “разолат” тушунчалари моҳиятан бир-бирига яқин синоним сўзлар бўлиб, ҳар иккаласи ҳам кишидаги энг жирканч, энг ёмон иллатларни ифодалайди. Қ. домига тушга одам ҳар қандай жирканч ишларга қўл уради, ҳеч кимни аяб ўтирмайди, бинобарин унинг учун муқаддас нарсанинг ўзи бўлмайди.

ҚАДР – муайян қадриятнинг яъни, брон бир нарса, воқеа, ҳодиса ёки бирор идеалнинг инсон ва жамият учун  қадри ва ижтимоий аҳамиятини англатадиган т. Қадриятлар муаммосига бағишланган илмий-фалсафий манбаларнинг кўпчилигида қадрият тушунчасини баҳо тушунчаси билан қиёслаш, уларга бир хил даража ва кўламдаги тушунчалар сифатида қараш ҳоллари учрайди. Бу икки тушунча қиёсланаётганда Қ. тушунчаси эътиборга олинмайди. Бунга собиқ иттифоқ давридаги қадриятга маънавият нуқтаи назаридан эмас балки, балки, кўпроқ иқтисодий тушунча сифатида “қиймат” тарзида ишлатилгани сабаб бўлиши ҳам мумкин. Рус тилида Қ. ибораси ишлатилмайди. Қ. тушунчаси ўзбек тилида серқирра маъно ва мазмунга эга, у тилимиздаги баъзи ибора ва сўзларда ўзига хос шарқона фалсафий мазмун борлигидан далолат беради. Ана шу сабабдан ҳам ўзбек тилида қадриятнинг мазмунини билиб олиш ва унинг аҳамиятини англаш, аввало, Қ., сўнгра “баҳо” тушунчаларининг маъносини билиш орқали боради. Инсоннинг инсонга ибрати, тарбиядаги таъсирини унинг ўзи баҳолай олмайди, балки бошқа инсон баҳолайди. Демак, қадрият сифатидаги инсон таъсирида унинг қадри, аҳамияти намоён бўлади, бошқа киши эса ана шу бевосита таъсир натижасида унинг аҳамиятини баҳолайди, қадрига баҳо беради. Баҳода тескари муносабат бошқа бир кишининг қадрият сифатида қаралаётган объект, нарса, ҳодиса, идеал ва бошқаларга нисбатан муносабати, уни англашнинг бирор-бир даражаси ўз ифодасини топади. Бу жараёнда субъект қадриятга муносабатини баҳо тарзида ифодалайди. Қадриятнинг мазмуни ва аҳамияти баҳода тўла-тўкис акс этмаслиги, турлича ифодаланиши ҳам мумкин. Қадриятнинг ҳақиқий қадрини, мазмуни ва аҳамиятини баҳосига қараб аниқлаш қийин бўладиган ҳоллар ҳам учрайди. Мас., баъзи нарсалар (санъат асарлари, обидалар, ёдгорликлар ва б.) қадрининг ниҳоятда баландли уларга “бебаҳо” деган сифат берилишига сабаб бўлади. Аслида қадриятнинг қадрини билиш, унинг аҳамиятини англаб олиш ва баҳолаш бир-бири билан узвий боғлиқ жиҳатларни ташкил қилади. Қадриятнинг аҳамияти англаб олинмаса, қадри тўғри тушунилмаса, унга тўғри баҳо бериб бўлмайди. Айнан шу маънода қадриятни баҳолаш унга бўлган инсоний муносабатни ҳам ифодалайди, бу эса ўз навбатида кишиларнинг талаблари, эҳтиёжлари ва мақсадлари билан боғлиқдир. Инсон ниманидир баҳолаётганида ва қадрини англаётганида ўз маънавияти, билими, эҳтиёжлари, талаблари, мақсадларидан келиб чиқади, ўз манфаатларини ҳам унутмайди. Бу эҳтиёж, талаб, мақсадлар ва бирор фойда олишни кўзлаш ҳам маънавий хусусиятга эга бўлганлигидан, муайян кишиларнинг у ёки бу қадрият, унинг қадри ва аҳамияти ҳақидаги фикри (баҳоси) муайян даражада  нисбийдир. Ким ёки ниманингдир қадрини баҳолашда қанча хилма-хил мақсад ва эҳтиёжга эга бўлган кишилар иштирок этса, унинг ҳақиқий баҳосини аниқлаш шунча қийинлашиб бораверади. Хуллас, Қ. тилимизда хилма хил маънони англатади ва маънавий қиёфамизни кўрсатадиган сермазмун т.лардан бири ҳисобланади.

ҚАДРИЯТ – воқеалар, ҳодисалар, жараёнлар, ҳолатлар, сифатлар, талаб ва тартибларнинг қадрини ифодалаш учун ишлатиладиган тушунча; “Қадриятшунослик (аксиология)” нинг энг асосий категориясидир. Бу категория ўзида Қ. асосининг нафақат қимматини, балки ижтимоий аҳамияти, фалсафий-аксиологик мазмуни, жамият ва инсон учун қадрини ҳам ифодлайди. Аксиологлар ундан ҳар қандай нарса, шу жумладан, инсоннинг ижтимоий қадрини, аҳамиятини ифодалайдиган умумий ва универсал категория сифатида фойдаланадилар. Қ. турли соҳаларда хилма-хил маънода қўлланади. Қ. сўзининг турфа хил маънода ишлатилиши унга берилган таърифларни турлича бўлишига олиб келган. Ижтимоий фанларнинг қандай соҳасида Қ.га доир тадқиқот олиб борилган бўлса, бу тушунчага шу жиҳатдан таъриф беришга интилиш одат тусига айланган. Ҳолбуки, Қ. категорияси аксиология (қадриятшунослик) дан бошқа фанларнинг бирортаси учун ҳам хусусий категория эмас. Кундалик мулоқот, оммавий ахборот воситаларининг хабарларида Қ., миллий Қ.лар, умуминсоний Қ.лар каби сўзлар кўп қўлланади. Маданий бойликлар, ёдгорликлар, маънавий мерос, анъана, урф-одатларга нисбатан ҳам Қ.лар иборасини умумий атама сифатида ишлатиш ҳоллари учрамоқда. Қ. иборасининг кундалик ҳаётдаги маъноси кишилар ўртасидаги мулоқотда, оммавий ахборот воситаларининг хабарларида ўзига хос тарзда намоён бўлмоқда. Кишилар ҳаёт ва фаолияти жараёнида муқаррар суръатда ўзлари учун қадрият касб этган нарсаларга дуч келадилар, уларнинг аҳамияти, фойдаси ва қадрини англашга, баҳолашга интиладилар. Бундан ташқари, одамлар ўзлари ишониб, гоҳида интилиб, қизиқиб ёки орзу қилиб яшайдиган мақсад, орзу ёки идеалларга нисбатан ҳам шу т.си қўлланилади. Хуллас, кундалик ҳаётда кўпчилик томонидан қўлланадиган Қ. ибораси одамлар учун бирор зарур аҳамият касб этадиган объект, нарса, ҳодиса ва бошқаларга нисбатан ҳам ишлатилади. Қ.ни аксиология нуқтаи назардан талқин қилиш унинг категория сифатидаги моҳияти, мазмуни, объектив асоси, субъектив жиҳатлари, намоён бўлиш шакллари ва хусусиятларини ўрганиш имконини беради. Табиат ва маданият буюмларининг инсон эҳтиёжини қондириши ва унинг мақсадларига хизмат қилиши таъкидланганда, асосан, уларнинг фойдаси, қиммати назарда тутилади. Ҳақиқатан ҳам, буюмларнинг иқтисодий қиммати кишилар учун катта аҳамият касб этади. Аммо буюмнинг қадри ҳисобга олинмаса, масаланинг маънавий жиҳати очилмайди. Қ. буюм ёки нарсанинг иқтисодий қийматини ифодалайдиган тушунчалардан фарқ қилади. Қадриятшуносликда Қ. тушунчаси билан боғланган объект ўртасида фарқ бор, деб қаралади.  Дунёда қадрланадиган одамлар, нарсалар, ҳодисалар, воқеалар, жараёнлар, жойлар ва сифатлар, идеал ва мақсадлар ниҳоятда кўп. Қ. тушунчаси эса уларнинг бирортаси учун тўғридан-тўғри исм, атама ёки бевосита ном бўла олмайди, балки уларнинг  қадрини англатадиган т.сифатида намоён бўлади. Қ.ни маънавий-фалсафий тушуниш унинг кундалик ҳаётидаги маъносидан фарқ қилади. Бу эса Қ. тушунчасини унинг ўзи боғлиқ бўлган объектдан фарқлаш (асло ажратиш эмас) билан бирга, уни объектларнинг турли жиҳатлари (фойдалилик, кераклилик) билан айнанлаштирмаслик имконини беради. Шундай қилиб, Қ. бирор тарзда ва шаклда зоҳир бўладиган, субъект учун муайян таъсирини намоён қиладиган воқеликнинг турли-туман шакллари, кўринишлари, нарсалар, ҳодисалар, жараёнлар, муносабатлар, турли сифатлар, хусусият, ахлоқ  ва маънавийлик мезонлари ҳамда бошқаларнинг субъект учун ижтимоий аҳамияти ва қадрини ифодалайдиган умумий аксиологик категориядир.  Одамлар гарчанд битта жамиятда, бир даврда ва ўхшаш шароитларда яшаётганликларига қарамасдан, у ёки бу нарсанинг қадри турлича англаб олинади, тушунилади ва талқин қилинади. Ижтимоий жараёнлар таъсирида кишиларнинг Қ.лар тўғрисидаги тасаввури, қарашлари ўзгаради, бу эса тараққиёт жараёнида одамларнинг турмуш шароитлари, ҳаёти ва маънавий қиёфасидаги ўзгаришлар билан боғлиқдир. Турли хил жиҳатлар ҳар қандай Қ.нинг қарама-қарши томонларини ташкил қилади. Ижобийлиги ва салбийлиги, баҳоланиши ва аҳамиятига кўра бир-бирига мутлақо зид кўринадиган “яхшилик” ва “ёмонлик”, “ҳақиқат” ва “ҳақсизлик”, “бахт-саодат” ва “ғам-кулфат”, “тадрижийлик” ва “инқилобийлик”, “тараққиёт” ва “таназзул”, “борлиқ” ва “йўқлик” каби тушунчалар ҳаётнинг бир-бири билан қарама-қарши боғланган жиҳатларини ифодалайди. Қ.лар жамият ривожи ва кишилар ҳаётининг турли даврларида турлича аҳамият касб этади, тарихий заруратга мос равишда гоҳ у, гоҳ бу қадрият ижтимоий тараққиётнинг энг олдинги поғонасига чиқади, бошқалари хиралашгандек туюлади. Натижада ижтимоий ривожланиш ва тараққиёт қонуниятларига мос равишда, олдинга чиқиб олган Қ.ни барқарорлаштиришга нисбатан интилиш кучаяди. Мас., юртни ёв босганда – озодлик, империя ҳукмронлиги ниҳоясида – истиқлол, уруш даврида – тинчлик, тутқунликда – эркинлик, хасталик ва беморлик пайтларида – сиҳат-саломатликнинг қадри ортади, уларга интилиш кучаяди. Қ.ларнинг асосий шаклларини аниқлаш борасида олимлар орасида бир хил ва ҳамма эътироф этган ягона нуқтаи назар йўқ. Қ.ни моддий ва маънавий, умумбашарий ва умуминсоний турларга бўлиш мумкин. Қ.ларнинг намоён бўлиш шакллари ҳам уларга мос равишда   табиат ва жамиятдаги нарса, воқеа, ҳодиса, жараёнлар ўзаро уйғунликда, қонуний боғланишда, умумий алоқадорликда намоён бўлади. Бундай ҳоллардаги таҳлил жараёнида илмий билишнинг тизимлилик усули, алоҳидалик, хусусийлик ва умумийлик, бутун ва бўлак категорияларининг диалектикасига асосланиш қўл келади. Бунда Қ. шакллари боғланган объект, жараёнларнинг макон ҳамда замонда зоҳир бўлиши, улар ўртасидаги боғланишлар ва алоқаларни ўрганиш, объектив асоси, субъектив жиҳатдан англаниши, умумий, хусусий ва алоҳида жиҳатларини таҳлил қилиш имкони туғилади. Бу эса Қ.ларнинг намоён бўлиш шакллари ўртасидаги ўзаро алоқа, боғланиш ҳамда уларнинг инъикоси бўлган энг умумий Қ. тизимларига хос хусусиятларни ўрганиш имконини беради. Мустақилликкача Қ.лар мавзуси кенг ўрганилмас эди. Истиқлол даврида бу масалага алоҳида эътибор қаратилмоқда, Қ.лар тўғрисидаги фан – Қ.шунослик республикамиздаги ижтимоий фанлар тизимида ўз ўрнига эга бўлиб, бу йўналишда тадқиқот ва итзланишлар олиб борилмоқда, кўплаб асарлар нашр этилмоқда. 

ҚАДРСИЗЛАНИШ – муайян қадрият ёки қадриятлар тизимининг қадрсизланиш жараёнини, инсоннинг ўз обрў-эътиборини, қадрини йўқотиши, назардан қолиши маъносини англатувчи т. Жамият тараққиётида содир бўладиган умумий Қ. бирданига, бир кунда ёки тўсатдан эмас, балки тадрижий рўй берадиган жараёндир. Инсоният тарихида қадриятлар тизими қадрсизланиб кетган давлатлар ва империяларнинг таназзулга юз тутгани, йўқ бўлиб кетгани маълум. Мас., собиқ иттифоқ ҳаётининг охирида, 80-йилларнинг охирларида илгари зўрлик билан ушлаб турилган  қадриятлар тизимининг бутунлай қадрсизлангани яққол кўриниб қолган эди. Охир-оқибат бу тузум таназзулга юз тутди ва ҳалокатга учради. Қ. жараёнига сабаб бўладиган кўплаб омиллар мавжуд. Муайян қадрият ёки бир неча қадрият шаклларининг ҳаддан ортиқ бўрттирилиб юборилиши, мутлақлаштирилиши ёки сийқалаштирилиши, уларга нотўғри муносабатнинг муттасил сиёсат усулига айлантирилиши бунга сабаб бўлиши мумкин. Бундай ҳолда қадриятлар ўз мазмун-моҳиятини, одамларнинг ҳаёти ва фаолияти учун умумий мезон, уларнинг интиладиган идеал ёки уларни муайян мақсадлар сари бирлаштирувчи ва сафарбар қилувчи мезон сифатидаги аҳамиятини йўқотади. Қ. муайян қадриятга, миллий манфаатларга, давлат сиёсатига ишончсизлик, одамларнинг “нималар”дандир ҳафсаласининг “пир” бўлиши, кўпчиликнинг кўнгли “қолиши” тарзида ҳам намоён бўлиши мумкин.  Ҳар бир шахс учун жамиятда ўз атрофидагилар ўртасида ўз қадрини йўқотиш одамийликни йўқотиш билан баробар бўлади. Шунинг учун ҳар бир шахс Қ. сўзи англатадиган маънодаги хусусият ўзида шаклланиб қолмаслигига интилиши зарур бўлади. Қ. фақат шахслар ўртасидагина бўлиб қолмасдан, балки бошқа соҳаларда ҳам рўй бериши мумкин. Мас., қимматли қоғозлар, пуллар, ашёлар ўртасида ҳам бўлиши мумкин. Бундай ҳолатни дунё давлатларида ишлатиладиган маблағлар ва қимматли қоғозлар мисолида кўриш мумкин. Баъзан Қ. оқибатида маълум бир мамлакатларда пуллар ва қимматли қоғозларни ислоҳ қилишга зарурат сезилади. Қ. иқтисоднинг барча соҳаларини қамраб олиши, муайян давлат ёки бутун жаҳон инқирози тарзида рўй бериши мумкин. Бу иқтисодий бўҳронга олиб келади ва бутун дунёда умумий муаммоларни келтириб чиқаради.

ҚАЙСАРЛИК — ўзгалар талабини, вазифасини амалга оширишни инкор этишда намоён бўлувчи хулқ шакли. Аввалига воқеликдаги бирон ҳодисага нисбатан эътироз аста-секин шахслараро муносабатларга ўтиб боради ва инсоннинг ўз-ўзини тасдиқлаш сифатида намоён бўла бошлайди. Қ. ўта ҳиссиётли ёки асаб тизими мўрт одамларда кўпроқ намоён бўлади, ш-дек, аҳамиятли эҳтиёжлар тўсиққа дуч келганда кўринади. Ёш болалар ва ўсмирларда Қ. уларнинг хоҳиш ва истакларига доимо пешвоз чиқавериш натижасида ёки мустақил ҳаракатларига имкон бермаслик асосида шаклланади. Катта ёшдаги Қ. эса инсон характери, ҳаётий инқирозлар, ҳиссиётлар билан боғлиқ. Тадқиқотлар кўрсатишича, аффектив ҳолатга мойил ва ақл-заковати тор бўлган одамларда Қ. кўпроқ учрайди. Қ. туфайли қатор маъ-ятсизлик кўринишлари вужудга келиши мумкин. Қ. бир томондан моддий, маън-й жараёнлар б-н боғлиқ ишларни, вазифаларни амалга оширишдан бош тортишни ифодалайди. Иккинчи томондан ақлий ва жисмоний жиҳатдан қила оладиган ишни атай туриб қилмасликни билдиради. Бу албатта, инсон маъ-ятининг торлигидан далолат беради. Ҳар қандай шахсда, инсонда икки ҳолатни танлаш имконияти бор, яъни яхшилик ёки ёмонлик. Қ. кўпинча инсондаги салбий кўринишлардан бири сифатида намоён бўлади.

ҚАЛБ (араб. юрак) — кўнгил, руҳият, кайфият, тафаккурга боғлаб ишлатиладиган ва инсон руҳий ҳолатини ифодалайдиган маън-й тушунча. Қ. ш-дек, бирор нарсанинг шакл ва маъно жиҳатдан ўртаси, исломда жавҳар макони, умуман эътиқод ва ижодда эса имон гавҳарининг жойи, кўнгил, дил, виждон, юрак, ғайбий мушоҳада маскани, илоҳий ишқ жойи, илми ладуний ери, илоҳий нурлар зуҳурланган жой; тасаввуфда Қ.нинг етти табақоти саналади: 1. Садр — кўкрак, ислом жавҳарининг ўчоғи. 2. Қалб — юрак, имон жавҳарининг жойи. 3. Шитоф — халқни севиш, халқ учун куйиниш жойи. 4. Фуод — кўнгил, ғайбий мушоҳада маскани. 5. Ҳиббат ул-қалб — илоҳий ишқ жойи. 6. Сувайдо — ғайбий мукошафа, илми ладуний ери. 7. Муҳтажун Қ. — илоҳий нурлар зуҳурланган жой. Қ. халқ тилида кўпроқ инсоннинг кўнглини билдиради. “Кўнглингга келганин қил”, “кўнглим шуни тусаяпти” деганда Қ. б-н, Қ. амри б-н қилинадиган ишлар, хатти-ҳаракатлар ва фаолиятлар тушунилади. Шунинг учун Қ.и пок, қалби тоза дейилганда, кишининг туриш-турмуши, еган-ичганидаги, кишилар б-н бўлган муносабатлар мужассамлиги тушунилади. Қ.ни пок, тоза асраш инсондаги маъ-ятнинг қай даражадалигига, ҳалол-ҳаромнинг фарқига борганлиги б-н белгиланади. Юксак маъ-ят ва маърифатга, холиликка, покликка интилган шахснинг қалби ҳам беғубор, пок бўлади ва шу аснода унинг фаолияти, кимлиги ҳам ўз ифодасини топади.

ҚАЛБАКИ(ЛИК) – юксак маънавий фазилатларга зид бўлган ва ҳақиқат меъёрларига риоя қилинмаган ҳолда амалга оширилган нарса ёки ҳодисани ифодаловчи тушунча. Қ. моддий ва маънавий кўринишларда содир этилади. Бу иллат айниқса, маънавий Қ. катта ижтимоий-маънавий зарар  келтириши мумкин.  Маънавий Қ. сохта обрў орттириш, сотқинлик, риёкорлик, ўғирлик каби иллатлар таъсирида вужудга келади. Моддий Қ. эса ҳужжатларни сохталаштириш (пул, қоғозлар, карточкалар ва ҳ.к.) кабиларга қўлланади. Ҳар қандай ижтимоий ҳодисаларда, жараёнларда тарихий шахслар, воқеа ва манбаларни қалбакилаштириш шахснинг фикрлари, хоҳишлари, билим ва кўникмаларини сохталаштиришга олиб келади. Мас., “Яқин-яқингача давлат бошқаруви санъати ҳақида сўз кетса, кўпчилик гапни ё марксчи-ленинчиларнинг давлат ҳақидаги сохта назарияси, ё бўлмаса XVI асрда яшаган Макиавелли қарашларидан бошларди”. Бундай ёндашувлар бугунги кунда ҳам айрим давлатларнинг сиёсатида, маълум мафкуравий қарашларнинг моҳиятида бошқа мамлакат, халқларга нисбатан ишлатилмоқда. Халқимиз ҳаётида тарихимиз, маданиятимиз, маънавиятимизга нисбатан холисона муносабатда бўлмаслик, уни бузиб кўрсатиш, мавжуд тарихий ҳақиқатни қалбакилаштириб, миллатимизга, унинг маданияти ва маънавиятига паст назар билан қараш ҳоллари мутабит тузум даврида кенг кўламда олиб борилган эди. Ҳоз. вақтда иқтисод, маданият, мафкура ва маънавият соҳаларида глобаллашув жараёнларининг таъсири тобора кучайиб бораётган шароитда айрим мамлакатларнинг хукмрон доирлари ёки уларнинг  манфаатини ифода этувчи сиёсатчилар томонидан миллий истиқлол ғояси, халқимиз маънавияти ва маданияти, анъаналарини ўз андозлари билан ўлчашга, таққослашга ва камситишга уринишлар давом этмоқда. “Маҳалла” тизимига қарши асоссиз қарашлар, турли диний экстремистик, бузғунчи мутаасиблар чиқишини “демократияни бўғиш” дея баҳоланиши кўзга ташланмоқда. Айниқса, зўравонлик, фахш каби ғайриахлоқий қусурларни видеотасмалар, турли адабиётлар орқали кенг тарғиб этиш, шунингдек, аҳоли ўртасида миссионерлик, прозелитистик ақидаларни олиб кириш, эътиқоди ва дунёқараши заиф кимсаларни ўз домига тортишга бўлган ҳаракатлар ғоят хатарлидир. Одатда қалбакилаштирувчи шахс, гуруҳ ва маълум сиёсий доиралар нохолис далилларининг фош этилишини хохламайди. Шу боис улар Қ. ақида, қоидаларига мувофиқ равишда ёмон тасаввур ҳосил қилмасликка ҳаракат қилади. Аслида қалбакилаштириш сиёсати пухта ўйланган, турли ибора, сўз, мужмал ғояларни баёни этиш, кўрсатмалар бериш, муайян халқни маънавиятидан, ҳақиқий тарихи ва адабиётидан жудо қилиш, кишиларда турмуш тарзидан норизо бўлиш, ўткинчи ҳиссиёт ва  нореал ҳаёлларга берилиш, ўз ҳаёти ва жамиятга тушкунлик назари билан қараш кайфиятини қўзғаш учун амалга оширилади. Шунинг учун Қ. замиридаги хатти-ҳаракатларни теран англаш, унинг мазмун-моҳияти, қандай мақсадларга қаратилгани тушуниш, турли маълумотларга нисбатан атрофлича, илмий-назарий ва амалий жиҳатдан танқидий ёндашиш муҳим аҳамиятга эгадир.

ҚАНОАТ (араб. мамнунлик; борига шукр қилиш; қаноатлилик; камсуқумлик) – озга ёки борига кўниш тамойилига асосланган маънавий туйғу, бори билан кифояланиш, нафси тийиқлик билан кўп нарсага, ортиқчаликка интилмаслик, қониқиш ҳисси. Қ. бу – еб-ичиш ва кийинишда  имкон ва зарурат даражасидан ортиғини талаб қилмасликдир. Қ., борлик-йўқликка кўниш, фақирликни, камбағалликни ор деб билмаслик, оз нарса билан тирикчилик ўтказишни англатади.  Қ.ли бўлиш учун кишида, аввало, сабр туйғуси мустаҳкам бўлиши керак. Айни пайтда сабр учун Қ. лозим. Шунинг учун ҳам бу икки тушунча тилимизда «сабр-қаноат» тарзида биргаликда ишлатилади.   Ҳазрат Навоий сабр-Қ. хусусида шундай деганлар: «Кимки сабр-Қ.ни ўзига касб қилган бўлса, билки, бу уни бой қилади. Олтин, кумуш билан, зебу зийнатларни бойлик деб билм, балки ҳақиқий бойлик сабр-Қ. олтинларидир. Қ. олтини ҳеч қачон йўқолмайди. Ана шу олтинни қўлга киритиб, шу орқали бойишга  ҳаракат қил. Кулбада Қ. қилиб  ўтирган дарвеш таъмагир шоҳдан афзалдир. Қ. қилганнинг жой иззат тахтидадир». Демак, Қ. – осудалик, хотиржамлик туйғуси бўлиб, киши нафсини ҳар қандай тамадан эҳтиёт қилишга ҳаракат қилади. Қ.ли  киши сабрли, чидамли бўлиши билан бирга ҳасад, ҳирс, хорлик каби иллатлардан йироқ бўлади. Қ. – бу кишининг маънавий бойлиги бўлиб, инсонни покликка чорлайди, муҳтожликдан узоқда бўлишини таъминлайди. Бундай кишиларни тама тузоқларига тушириб бўлмайди. Қ.ли кишининг руҳи озод, эркин бўлади.   Ҳар ҳандай муҳитда ҳам руҳи ҳурликда бўлиб,  шикаст топмайди.  Мутафаккирлар Қ.ни тамага қарши қўядилар. Қ.ли одамнинг кўнгли, аввало, тамадан покланган бўлади. Қ.да чинакам фароғат, тамада эса кони машаққат бор. Қ.ли кишининг бойлиги шундаки, у эл орасида нафси орқасидан хорлик кўрмайди. Демак, нафсига Қ. буюргани учун  бу дунёда у ҳеч кимга муте бўлмайди. Қ. йўли – иззат йўлидир. «Яримта нон – роҳати жон», «Оч қорним – тинч  қулоғим», деган мақоллар ҳам бежиз тўқилмаган. Хуллас, иззат тилаган киши фақат Қ.дангина тама қилиши керак. Пайғамбаримизнинг бу ҳақдаги ҳадиси шарифларини Навоий ҳазратлари шундай зикр этган: “Из тиласанг, айла қаноат тамаъ, // Маснади иззат узадур «манн қанаъ»”. Алишер Навоийнинг «Маҳбуб ул-қулуб» насрий асарида таърифланган инсоний  фазилатлар қаторида Қ.нинг  бадиий, фалсафий, исломий-тасаввуфий талқинларига дуч келамиз. Қ. одамни маънан ва руҳан бойитади, уни элни хорликка маҳкум қиладиган эҳтиёжлардан қутқаради. Чунки: «Қ. – суви олинган билан қуримас булоқ. Қ. – сочган билан камаймайдиган хазина. Қ. бир экин майдоники, унда иззат ва шавқат деган мевалар унади. Қ. бир дарахтки, шохларида истиғно ва ҳурмат деган мевалар пишади. Қ. киши кўнглига равшанлик етказади, кўз ундан ёруғлик касб этади. Қ.ли дарвишнинг қаттиқ нони, тамагир шоҳнинг ноз-неъмат тўла дастурхонидан яхшироқдир. Қ.га одатланган фақирнинг ёвғон умочи олғир бойнинг новвоту ҳолвасидан тотлироғдир. Шоҳ удирки – олмайдию, беради, гадо удирки – сочмайдию, теради. Ҳар кимки Қ.га одатланган бўлса, шоҳлик-гадолик ташвишини билмайди… Қ. бир қўрғонки, унга кирсанг, нафснинг ғалвасидан қутуласан». Навоий талқинида Қ. барча инсоний фазилатларни муҳофаза этадиган, хорлик, муҳтожлик, қадрсизлик, ранжу азоблардан омон сақлайдиган чорадир: “Кимгаки иш бўлди қаноат фани, // Билки они қилди қаноат ғани”. Яъни кишининг бойлиги Қ.ни ўзига касб, одат қилиб олганлигидадир. Маърифатпарвар ватандошимиз А.Авлонийнинг  Қ. ҳақидаги қарашлари ҳам бунга ҳамоҳанг: «Қаноат ҳасад, тама, ҳирс, хорлик каби иллатларнинг давоси, нафсимизнинг ғиносидур…Қаноат бир хазинадурки, нақдинаси кундан кун ортар. Бу хазинага эга бўлган кишилар умрларини шавқ ва роҳатда кечирурлар. Бунинг ила баробар қаноатсизликдан пайдо бўладурган ҳасад деган жоннинг энг зўр душманидан қутулурлар. Чин инсонлар кишининг молина, мулкина, саодатина, маишатина ҳасад қилмас, қаноатдан айрилмас, умрини роҳатда ўткарур». Хуллас, донишмандлар Қ.ни эҳтиёжсизлик негизи, иззат ва шарафнинг чинакам тантанаси, деб билганлар. Демак, Қ.  фалсафаси ҳурлик, қалб ва руҳ озодлиги фалсафаси ҳамдир.

ҚАРИНДОШЛИК – одамлар орасидаги ижтимоий-тарихий қондошлик муносабатлари ва ўзаро маънавий яқинликни ифодалайган т. Жамиятда қариндошлик ришталари тарихан таркиб топган анъана, бурч ва маъсулият даражасида авайлаб асраладиган, шахслараро боғлиқликдан ҳосил бўладиган ижтимоий қадрият ҳисобланади. Қ. т.си бутун жаҳондаги халқларга хос, ҳар бир миллатга мансуб кишилар учун умумий тамойилдир. Шарқ, хусусан, М.О. халларида унга катта аҳамият берилади. Оилавий маросимлар, расм-русумлар, тўй ва маъракаларда Қ. яққол намоён бўлади. Жамиятда муайян eha-одатлар ва анъаналар билан боғлиқ жараёнларда ҳам Қ. ўз ўрнига эга. Аслида Қ. анъаналари инсоният тарихидаги энг қадимий жиҳатлардан бири бўлиб, ҳозирги давргача аҳамиятини сақлаб келмоқда. Шу билан бирга гоҳида Қ. айрим салбий ҳолатлар, таниш-билишчилик, маҳаллийчилик каби иллатларга сабаб бўлишўи мумкин. Ғарб мамлакатларида ҳам ту т.га алоҳида эътибор берилади, унга бағишланган тадқиқотлар учрайди. Мас., Мичиган университети профессори К.Ф.Коттакнинг “Маданий антропология” дарслигида Қ. гуруҳлари ижтимоий бирикма бўлиб, унга аъзолик ўзига хос қоидаларга таяниш ва ҳар бир гуруҳ аъзосининг фаолияти назорат қилиниши таъкидланади. Унинг фикрича, Қ. атамалари тизими сони чекланган, ота-она авлоди учун ушбу тизимнинг тўрттаси ва ҳар бир авлод учун олти тизими мавжуд бўлиб, унга ака-ука, опа-сингил ва тоға-аммалар киради. Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон ҳудудида маҳаллий аҳолининг ўтроқ турмуш кечириб келган вакилларида Қ. ришталари муҳим аҳамият касб этиб, у “узоқ” ва “яқин” Қ. мезонлари билан фарқланган. Маҳаллий аҳоли томонидан “ота авлод” ҳамда “она авлод” каби ибораларнинг ишлатилиши оддий кундалик турмуш тарзида Қ. ришталарини нафақат тизим, балки даража (категория)га фарқлашда ҳам муҳим омил саналади. Маҳаллий муносабатларда «етти авлод”, “етти пушт” формуласи Қ.ни белгилаб беришда асосий омил саналади. Булар: 1) ота-она, 2) фарзанд, 3) набира, 4) чевара, 5) эвара, 6) нобора, 7) дубора ва саккизинчиси “бегона”. Бу каби ҳолатни К.Ф.Коттак «аждод гуруҳи” сифатида ифодалайди. Унинг фикрига кўра, аждод гуруҳи давомий бўлса-да, унга мансублик янги аъзоларнинг дунёга келиши ва тирикларининг вафот этиши ҳамда кўчиб келувчи ёки кўчиб кетувчилар ҳисобига ўзгариб туради. Одатда, аждод гуруҳига аъзолик янги аъзонинг туғилиши б-н белгилаб қўйилади ва абадий сақланиб қолади.

 

ҚАҲРАМОНЛИК – мардлик, ботирлик, довюраклик қаҳрамонларга хос иш, ҳаракат, мардлик, жасорат намуналарини англатувчи тушунча. Қ. ва қўрқоқлик  антоним сўзлардир. Қ. фавқулодда ёки онгли равишда кўрсатилиши мумкин. Фавқулодда Қ. қалтис вазиятларда ёрқин намоён бўлади. Онгли Қ. эса аста-секин, йиллар мобайнида кўзга ташланиб боради. Мас., жангларда фавқулодда Қ. кўрсатилса, меҳнатдаги Қ. узоқ йиллар халол меҳнатнинг самараси ҳисобланади. Қўрқоқ кишилар учун Қ. нималигини тасаввур қилиш қийин бўлади. Шунинг учун Қ. ҳар бир кишига хос хусусият ҳисобланмайди. Юртимиз мустақилликка эришгандан сўнг мазкур сўзнинг қадри янада ошди. Энди кўрсатиладиган Қ. ўз юртимиз, ўз халқимиз учун бўлади. Бу ғояни барчанинг онги ва қалбага сингдириш орқали унинг қадрини янада юксалтириш мумкин. Халқ оғзаки ижодининг ноёб дурдонаси бўлмиш “Алпомиш” достони миллатимизнинг ўзлигини намоён этадиган, авлодлардан-авлодларга ўтиб келаётган Қ. қўшиғидир. Зеро, бу қаҳрамонлик эпосини куйлаб, уни қалбига, шуурига эш қилган миллатни эса ҳеч қандай куч енга олмайди. Кишилик жамиятида ушбу фазилатнинг ўрни жуда муҳим. Лекин кундалик ҳаётда жонкуяр бўлиш, ҳар куни фидойилик кўрсатиш ҳам ҳамманинг қўлидан келавермайди. Бунинг учун инсоннинг қалби пок, иродаси метиндек мустаҳкам бўлиши керак. Шахснинг эзгу мақсад йўлида қилган иши, ҳаракати бошқа бир инсон тақдирида Қ. сифатида намоён бўлиши ҳам мумкин.  Ҳар куни, ҳар соатда фидойи бўлиш ўзини томчилаб, заррама-зарра буюк мақсадлар сари чарчамай, толиқмай, тинимсиз сафарбар этиб бориш, бу фазилатни доимий, кундалик фазилат мезонига айлантириш –  ҳақиқий Қ. аслида мана шу.

ҚИЁМАТ (араб. ўликларнинг тирилиши, тик туриш, ўриндан туриш) –дунёнинг тугаши ва охират кунининг бошланиши ҳақидаги таълимот. Қуръонда охират кунининг бошланиши б-н боғлиқ даҳшатли ҳодисалар, барча мавжудотларнинг ҳалок бўлиши ва қайта тирилиши, бирма-бир сўроқ қилиниб, савоб ва гуноҳлари ўлчаниши, жаннат ва дўзахга киритилиши, дўзах азоблари, жаннат роҳатлари батафсил баён этилган. Қ. тўғрисида ислом бағрида шаклланган алоҳида фан йўналишларининг барчасида фикрлар билдириб борилиши, бу тўғридаги маълумотларнинг кенг шарҳланиши ва а.лар давомидаги тарғиботлар одамларни ёвузлик, ёмонлик, ҳаром, динсизлик, бидъат, жоҳиллик ва бошқа жуда кўп иллатлардан тийиш мақсадига хизмат қилиши б-н маън-й ҳаётда катта аҳамият касб этган. Одамларда Қ. кунидаги сўроқдан қўрқиш ҳиссини шакллантириш воситасида маън-й тубанликдан тийилиш, турли-туман эзгу ишларга қўл уриш орқали сўроқ куни шарафланганлар қаторидан ўрин олишга интилиш фикрини шакллантирган. Қ. ҳақида Авесто, Таврот, Инжил, Забур каби бошқа динларнинг илоҳий китобларида ҳам қайдлар мавжуд бўлиб, бу қайдларнинг моҳияти бир-бирини тўлдиришга хизмат қилади.

ҚИЁС (араб. таққослаш) — шариат манбаларидан бири (Қуръон, сунна, ижмо б-н бирга) Қ. энг аввало, яхши-ёмонни бир-биридан фарқлай олиш, ажратиш, хулоса чиқариш демакдир. Қ.лаш асосида ҳар бир ишни муҳим ва муҳим бўлмаган қисмларга ажратади, тўғри хулосалар чиқаради. Бунда инсоннинг билими, тафаккури, дунёқараши муҳим роль ўйнайди. Айниқса, унинг маъ-яти, маърифати муҳим аҳамият касб этади. Шахс қанча маъ-ятли, маърифатли бўлса, у шунча адолат, инсонийлик, эзгулик нуқтаи назаридан холисона таққослайди ва баҳолайди. Қ.да дастлабки 2 манба — Қуръон ва суннада берилмаган бирор ҳуқуқий масала улардаги шунга ўхшаш масала бўйича берилган кўрсатмага таққослаш йўли б-н шарҳ этилган. Мас., ароқнинг шайтон иши эканлиги, уруш-жанжал, адоват чиқариши сабабидан у Қуръони Каримда ман этилган. Ароқдан бошқа маст қилувчи ичимликлар ҳақида бирор нарса айтилмаган. Лекин мужтаҳид уламолар маст қилувчи ичимликларнинг ҳаммасида ҳам ароқ каби салбий натижалар бўлишини ҳисобга олиб, унга Қ. қилганлар ва ҳаром деб ҳукм чиқарганлар. Шу б-н бирга Қ. ислом динини замон ва тараққиёт ила ёнма-ён юришида асосий омиллардан бири ҳисобланади. Қ.нинг манба сифатида киритилиши шариатнинг ҳуқуқ тизими сифатида шаклланиши ва руҳонийлар, фақихларнинг мавжуд муносабатларни ҳимоя қилишдаги мавқеи ошишидан далолат берар эди. Ислом ҳуқуқшунослигида ҳозирда ҳам Қ.га амал қилинади.

ҚОБИЛИЯТ – инсоннинг маънавий қиёфасига хос хислатлардан бири, унинг индивидуал салоҳияти, имкониятларини ифодаловчи тушунча. Қ. билимдан муайян даражада фарқланади Чунончи, билим бу мутолаа натижаси ҳисобланса, Қ. шахснинг психологик ва физиологик табиатининг хусусияти саналади. Қ. тушунчасига ёндош ва турдош атамалар қаторига “кўникма” ҳамда “малака” ибораларини киритиш мумкин. Аксарият илмий манбаларда моҳирлик Қ. билан айнанлаштирилади. Қ. инсон томонидан кўникма ва малакаларнинг эгалланиши жараёнида такомиллашиб боради. Ҳар қандай Қ. тури шахсга тегишли мураккаб психологик хусусиятларга асосланиб, муайян фаолият талабларига мутаносиб хусусиятлар тизимини ўз ичига қамраб олади. Шунинг учун Қ. деганда бирорта хусусиятнинг ўзини эмас, балки шахс фаолиятининг талабларига жавоб бера оладиган ва бу жараёнда юқори кўрсаткичларга эришишни таъминлашга қурби етадиган хусусиятлар синтези тушунилади. Барча Қ. учун таянч хусусият – бу кузатувчанлик, яъни инсоннинг фаҳмлаш, объектдан муайян жиҳатларни кўра билиш, ажрата олиш кўникмасидир. Бу ҳолат инсон томонидан нарсаларнинг ўзига хослигини, ижодий фаолият предмети материалларини кўра билиш имконини намоён қилади. Қ.нинг етакчи хусусиятларидан яна бири – нарса ва ҳодисалар моҳиятини ижодий тасаввур қилишдир. Қ. шахснинг шаклланиш ва ривожланиш натижаси бўлиш билан бирга, табиий манбага ҳам эга. Мазкур табиий манба кўпинча “зеҳн” тушунчаси билан юритилади. Зеҳн муайян фаолиятга ёки кўплаб нарсаларга нисбатан ўта қизиқувчанлик, мойиллик ва интилишда намоён бўлади. Зеҳн нишоналари деганда қобилият ички имкониятларининг табиий асосини тушуниш керак. У иштиёқ, мойиллик, меҳнатсеварлик, ишчанлик, талабчанлик маҳсулидир. Қ.лар умумий ва махсус туркумларга ажратилади. Умумий Қ. деганда юксак ақлий имконият ва тараққиёт тушунилади. Қ.лар табиий равишда шаклланиши ва муайян режа асосида ривожлантирилиши мумкин. Қ.нинг режа асосида  ривожланишида оз куч сарфлаган ҳолда катта самара олиш имконияти мавжуд. Қ. ривожланиш ва шаклланишининг қуйидаги йўлларини ажратиш мумкин: 1) маълум фаолиятга мойиллик ёки интилиш ва фаолият натижалари сифатига биноан, табиий зеҳн нишоналарини аниқлаш орқали; 2) мутахассис раҳбарлигида узлуксиз фаолиятга жалб этиш орқали шахснинг табиий хусусиятларини  такомиллаштириш; 3) умуминтеллектуал вазифаларни бажариш; 4) ноёб Қ.ни такомиллаштиришнинг инновацион воситаларини қўллаш; 5) шахснинг фаоллик аломатларини имкон даражасида ривожлантириш; 6) инсон шахсига индивидуал муносабатни умумий талаблар билан  уйғунликда олиб бориш ва б. Қ.нинг босқичлари талант ва даҳолик (генийлик). Муайян фаолиятнинг муваффақиятли ва ижодий равишда бажарилишини таъминлайдиган Қ.лар (истеъдодлар) мажмуаси талант дейилади. Муайян жамият ва миллат ҳаётида ижтимоий-тарихий фаолиятда намоён бўлувчи юксак даражадаги истеъдод, ақл-заковат тараққиётининг чўққиси, нодир индивидуал хусусият даҳолик деб аталади.

ҚОМУСИЙЛИК — шахснинг жуда кўп фанлардан муайян билимга эгалигини билдирувчи атама. Ўрта а.лар шарқида қомусий билимдон шахслар етишиб чиққанлар. Бу даврда фанларнинг ривожланиш кўлами кенг эмас эди. Қ. “Ҳар соҳадан бир шингил” деган маънони билдирмайди. Шахс 5-10 та фан сохасини эгалаши ва бу соҳаларга оид қатор асарлар ёзиб қолдириши ҳамда ўша асарларни соҳа мутахассислари эътироф этиши зарур. Қомусий билимдон шахслар сифатида Абу Наср Фаробий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али Ибн Сино, Умар Хайём, Улуғбек, Арасту, Афлотун каби алломаларни кўрсатиш мумкин. Кейинги юз йилликларда, айниқса XX-XXI а.ларда қомусий билимдон шахсларни деярли учратмаймиз. Сабаби — фан жабҳаларини кенг кўламли ва кенг қамровли бўлиб кетганлиги, илмий-техникавий равнақ туфайли йиғилган йирик ахборот тизимини якка инсон ўзлаштира олмайдиган даражадаги ҳолат юзага келганлигидир. Яна бир сабаб фан соҳаларининг ўта чуқурлашиб кетганлиги ва унинг муаммоларини фақатгина қомусий билимлар доирасида ҳал қилиб бўлмаслигидир.

ҚОНУН – объектив оламдаги нарса ва ҳодисалар ўртасидаги алоқадорликнинг шакли, бирор-бир нарсанинг зарурий равишда пайдо бўлишини ифодаловчи қоида, шунингдек, инсоннинг жамиятдаги хатти-ҳаракатларини белгилаб берувчи йўл-йўриқ, қоидалар йиғиндиси (ахлоқий ва ҳуқуқий Қ.лар). Назарий билимлар тизимида Қ. масаласи марказий ўринни эгаллайди. Агар Беруний, Галилей, Ньютон Қ.лари классик механиканинг негизини яратган бўлса, Ибн Синонинг тиб  қонунлари тиббиёт илмининг асосини ташкил этади. Максвелл қонунлари классик электродинамикада, генетикада Мендель Қ.лари ана шундай аҳамият касб этади. Қ. аввало, муносабатни ифодалайди. Гегел айтганидек, барча мавжуд нарсалар ўзаро муносабатда бўладилар, мана шу ўзаро муносабат ҳар қандай мавжудликнинг асосидир. Ҳар қандай Қ. дунёдаги барқарорликнинг, “сокинлик”нинг инъикосидир, сокинлик эса, муносабат орқали ифодаланади. Ҳар қандай Қ. маълум шароитларда заруриятнинг ифодасидир. Мас., Архимед Қ.и газ ёки суюқликлар учун “оғирлик кучи” ва “итарувчи куч” катталиклари орасидаги зарурий боғланишни кўрсатади. Табиат, жамият ва тафаккур ривожини ифодаловчи Қ.ларни 3 турга ажратиш мумкин: 1) хусусий Қ.; 2) умумий Қ.; 3) энг умумий Қ.лар. Биринчи гуруҳдаги Қ.лар нарса ва ҳодисалар ўртасидаги нисбатан тор доирадаги алоқаларни функционал тарзда ифодалайди. Иккинчи гуруҳга ҳодисаларнинг умумий хоссалари ўртасидаги муносабатни ифодаловчи Қ.лар киради. Учинчи турдаги Қ.лар, табиат, жамият, тафаккур ривожининг энг умумий алоқадорликларини, томонларини, тараққиётини, тенденцияларини ифодалайди. Қ.лар 2 та функцияни бажаради: 1. Тушунтириш. Маълумки фан бирор-бир ҳодисанинг шунчаки мавжудлигини, рўй беришини эътироф этмасдан, у қандай мавжуд бўлиши ва рўй беришини тушунтиради, унинг моҳиятини ҳам очиб беради. Тушунтиришнинг асосий кўринишлари қуйидагилардан иборат: сабабий, функционал, структуравий. 2. Башорат қилиш (уларни кўпинча назарий Қ.лар ҳам деб аталади). Бу функция эмпирик қонунларнинг мавжудлигини келтириб чиқаришда, башорат қилишда намоён бўлади. Мас., электр наз-яси асосида Максвелл электромагнит тўлқин наз-ясини яратишга муваффақ бўлди, сўнг ушбу фундаментал наз-я асосида бир қанча тажрибалар ўтказилди, эмпирик Қ.лар кашф этилди. Жамият Қ.лари ҳам инсон ҳаётида жуда муҳим аҳамият касб этади. Ана шу сабабдан ҳам Ўзбекистонда мустақиллик йилларида Асосий қонун   – Конституция (1992) ва қонунлар мажмуи яратилди. Улар мамлакатимизда демократик жамият ва эркин ҳаёт барпо этиш воситасидир. Қ. категориясининг мазмунини чуқурроқ билиш объектив оламдаги ва жамиятдаги ўзаро алоқадорлик моҳиятини англашда муҳим аҳамият касб этади.

ҚОНУНИЙЛИК — жамиятдаги барча ҳуқуқ субъектлари томонидан қонун ва қонуности ҳужжатларига тўла риоя қилиниши. Қ.нинг мамлакат ҳудудида бир хилда тушунилиши ва қўлланилиши; Конституция ва қонунларнинг устунлиги — барча норматив ва индивидуал ҳуқуқий ҳужжатлар Конституция ва қонунлар асосида қабул қилиниши ва уларга зид келмаслиги; инсон ва фуқарольар ҳуқуқ ва эркинликларининг, бурчларининг кафолатланганлиги; Қ.нинг маданият б-н боғлиқлиги — жамият аъзолари юқори даражада маданиятли, жумладан ҳуқуқий маданиятли бўлганларидагина Қ.ка эришиш мумкин; Қ. мақсадга мувофиқликни, қонун ва қонун ости ҳужжатлари давлат ҳамда жамият манфаатларига мос келишини англатади. Ижт-й-иқт-й ривожланиш, турли хил шаклдаги мулкчилик, жамиятдаги иқт-й эркинликлар; сиёсий ҳурфикрлилик, кўппартиявийлик, давлат тузумининг демократик тамойиллари қонун ва қонун ости ҳужжатларини татбиқ этиш ва назоратини уюштиришнинг самарали механизми Қ. б-н таъминланади. Қ. шахсий ва ижт-й ҳаётда доимо риоя қилиш шахс маъ-ятининг юксаклигидан дарак беради. Шахс ва жамият ҳаёти ўзаро уйғун бир бутун ҳаёт эканлигини тушунадиган инсонлар маън-й жиҳатдан етук инсонлар бўлиб, улар ҳаётда қонуний талабларга асосланиб яшайдилар.

ҚУРЪОНИ КАРИМ – ислом динининг муқаддас китоби, 30 пора (қисм), 114 сура, 6236 оят (Замаҳшарийга кўра, 6666 оят), 77439 калима, 325743 ҳарфдан иборат тўплам. Ислом динининг муқаддас Китоби. Қ.к. маккавий ва мадинавий сураларга бўлинади. Қ.к.нинг 86 сура, 4613 оят Маккада 610622 й.ларда, 28 сура, 1623 ояти Мадинада 622632 й.ларда (Абдулазиз Мансурга кўра, 91 та сура, 4780 та оят Маккада, 23 та сура, 1456 та оят Мадинада) нозил қилинган. Қ.к.да аввалги замондаги пайғамбарлар ҳаётидан ибрат ва сабоқлар келтирилиб одамларни тавҳидга (яккахудоликка) чақирилади. Қ.к. оятларини ўз вақтида ёзиб бориш учун Муҳаммад (с.а.в.) ўзларига тўртта котиб (Али ибн Абу Толиб, Муовия иб-н Абу Суфён, Убай иб-н Каъб, Зайд ибн Собитларни) тайин этганлар. Қ.к.ни мукаммал ёд олган саҳобалар кам бўлган. Устига устак “Ямома” жангида 70 та ва “Мауна” жангида яна 70 та, жами 140 та ҳофизи қуръон даражасига етишган қорилар шаҳид бўладилар. Мана шундай табиий ҳодисалар сабабли Қ.к.ни китоб ҳолига келтириш эҳтиёжи туғилади. Машҳур муҳаддис Абу Убайд ал Ҳиравийнинг нақл қилишича, Муҳаммад (с.а.в)нинг вафотига қадар ҳофизи қуръонларнинг сони 24 нафар саҳобаларни ташкил қилган. Қ.к. оятлари мукаммал нозил қилиниб тугатилганлиги Муҳаммад (с.а.в.)нинг вафотларидан кейин маълум бўлди. Қ.к. оятлари нозил бўлиш тартиби б-н ёзиб борилмаган, балки Муҳаммад (с.а.в.) ҳар бир сурани ва оятни қайси жойга, қайси оятдан олдин ёки кейин ёзишликни мунтазам кўрсатган. Саҳифаларни жам қилиш ва тўлиқ бир китоб шаклига келтириш ҳаракати Хулафои Рошидин даврининг биринчи халифаси Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) замонида бошланган. Бу муҳим вазифани Собит ўғли Зайд бошчилигида тўпланган ҳайъат бажарди. Собит ўғли Зайд ғоят эҳтиёткорлик б-н иш кўрди. Қ.к. оятларини фақат қориларнинг хотирасидагиларни етарли деб билмади. Айни дамда, Муҳаммад (с.а.в.) ҳаётлигида тайин этган ваҳий котиблар томонидан ёзилган ҳамма оятларни қўлга олди. Ҳар бир оят учун икки одил шоҳид (гувоҳ) эшитилди. Гувоҳлар Пайғамбар (с.а.в.) кўз ўнгида бу оятларнинг ҳақиқатан ёзилганлигига гувоҳлик беришган. Халифа Абу Бакр (р.а.) замонида тўпланган бу Қ.к. нусхаси иккинчи халифа Умар (р.а.)га ўтади. Кейин, Умарнинг қизи ва Муҳаммад (с.а.в.)нинг завжаси (хотини) Ҳафсага қолади. Қ.к.ни китоб ҳолига келтириш учинчи халифа Усмон (р.а.) даврида якунига етади. 650 йил (ҳиж. 30 йил) Усмон (р.а.) халифалиги даврида Қ.к.нинг ўқилиши борасида баъзи ихтилофлар ўртага чиққач, иккинчи ҳайъат яна тўпланади. Ҳайъат раиси қилиб Собит ўғли Зайд сайланади. Абдуллоҳ ибн Зубайр, Саид ибн Ос, Ибн Аббос, Анас ибн Моликлар ҳайъат аъзолари этиб тайинланадилар. Ҳафсадан келтирилган Қ.к. нусхаси асос тутилиб кўпайтирилади. Бу иккинчи ҳайъатда саҳобалардан 12 киши бор эди. Қ.к. бир ривоятга кўра, 5 нусха, бошқа ривоятларга қараганда 6 ёки 7 нусха қилиб тайёрланади ва мусулмон мамлакатларига юборилади. Шундан кейин, Усмон (р.а.) ўша даврга қадар кимда ўзича ҳар кимлардан эшитиб ёки кўчириб олган саҳифалар бўлса, уларни куйдириб юборишга ва фақат сўнгги ҳайъат тасдиқлаган Қ.к. нусхаларига риоя этишга буйруқ чиқаради. Қ.к. нусхаларидан бирини Ҳазрати Усмон Мадинада ўзида олиб қолиб, (Ҳафсанинг Китоби ўзига қайтарилади) қолган нусхалари Макка, Шом, Яман, Баҳрайн, Басра, Куфа шаҳарларига бир донадан юборилади. Қ.к.нинг илк нусхалари ўша даврдаги арабларнинг асосий ёзуви саналмиш “куфий” хати б-н ёзила бошлаган. Кейинчалик, араб ёзуви тараққий этиб борган сари Қ.к. хати ҳам ривожланиб, ҳозирда “насх” ва “сулс” деб аталувчи нуқталар, ҳаракатлар б-н ишоратлаб кўчириш ишлари амалга оширилди. Бизнинг диёримизга ҳам мазкур мусҳафи Усмоний нусхаларидан бири турли сабаблар б-н етиб келган ва айни пайтда Тошкент шаҳридаги Ҳазрати Имом мажмуаси музейида сақланиб келинмоқда. Қ.к. шунча давр ўтганига қарамай 23 йил мобайнида Муҳаммад (с.а.в)га қандай нозил этилган бўлса, шундай таблиғ этилиб, сўзма-сўз, ҳарфма-ҳарф, асл ҳолича ҳозирга қадар етиб келди ва турли тилларга таржима қилинмоқда. Бироқ, бу таржима эмас, балки олимларнинг фикрига кўра, Қ.к. маънолари, яъни тафсирларидир.

ҚЎРҚОҚЛИК – инсон маънавияти ва руҳиятига хос салбий маънодаги атама. Қ. деганда ўз бурчини унутган, етарли даражада шижоатга эга бўлмаган, бирор ишни бажаришдан қўрқадиган ёки хайиқадиган кишилар тушунилади. Қ. айниқса Ватан, халқ, кишилар тақдири хал қилинаётган қалтис даврларда айниқса яққол намоён бўлади. Қ. хусусиятига эга бўлган кишиларга сотқинлик, юзсизлик каби иллатлар ҳам хос бўлиши мумкин.   Қ. тушунчаси комил инсонни тарбиялашда, яъни кишидаги “мардлик”, “қаҳрамонлик”, “ирода мустаҳкамлиги” каби тушунчаларни шакллантириш ва такомиллаштириш қўрқув ҳиссини енгишга хизмат қилади. Қ. одамни юксакликка эмас, аксинча тубанликка етаклайди. “Янтоқдан атир чиқмас, Қўрқоқдан ботир чиқмас”.,  “Қўрқоқда уят бўлмас”., “Қўрқоқ от ўз соясидан ҳуркар”., “Қўрқоқ ўлмасдан бурун ўлар, ўликдан нима кутиб бўлар? “ каби халқ мақолларда ўзига хос тарзда ифодаланган. Қ. хусусиятига эга бўлган кишиларга мухим вазифани ҳам ишониб топшириб бўлмайди, чунки ундаги қўрқув ҳисси уни барбод бўлишига олиб келиши мумкин. Шу боис болаликданоқ бундай иллатдан жирканадиган қилиб тарбиялашнинг аҳамияти беқиёсдир. Қ.нинг хатарли жиҳати шундаки,  у бир кишининг қутқуси билан бошқаларга ҳам юқиши мумкин.

ҚЎРҚУВ — инсон ҳиссиётининг ажралмас қисмидир. Бу ҳиссиёт бирон кўнгилсиз воқеа кутилаётганда, вазият инсон ҳаёти учун хавфли деб топилганда кузатилади. Қ. юзага келишининг асосий сабаби — одамнинг бўлажак хавфни бартараф эта олмаслигидан қайғуришидир. Қ. хавф ҳақидаги хабар бўлиб, бу ҳолат одамга хавф билан боғлиқ тўсиқни енгиб ўтишга ички куч беради. Қ. ўз функциясига кўра одамни бирон хавф-хатардан огоҳ этиш, организмни зарарланишдан асраш вазифасини бажаради. Лекин, одамлар доимо Қ.дан ўзларини олиб қочадилар ва ушбу ҳолатни энг салбий ҳиссиёт деб баҳолайдилар. Қ.ларни ўрганиш асосида уларнинг асосий икки гуруҳи аниқланди — вазиятли, яъни айни шароитда юзага келган Қ. ва булажак вазият юзасидан уйғонадиган Қ. Инсоннинг табиат, жамият, нарса ва ҳодисаларни билишда англашида билимсизлик ҳамда ожизлик белгиланади. Бундан ташқари, баъзи бир Қ.лар инсонни фаолаштиради, баъзилари эса аксинча, инсоннинг ҳаракатини чеклаб, уни карахт қилиб қўяди. Бирон Қ.нинг доимо такрорланиб туриши унинг сурункали ҳолатга ўтишига асос бўлади. Бундай сурункали ҳолатга ўтган Қ. одам танасида доимий зўриқиш ҳосил қилиши натижасида турли касалликлар келиб чиқиши мумкин. Қ. инсоннинг ҳиссий кечинмалари, танадаги сиқувлар ҳамда қўрқинчли ҳолатни кўз олдига келтириш сифатида намоён бўлади. Қ. хавф-хатар хақидаги хабар сифатида инсонда журъатсизликнинг уйғонишига, маъ-ятнинг етишмаслигига, натижага умидсизлик билан қарашга, мағлубиятни кутишга асос яратади. Қ.нинг сурункали равишда такрорланиши ва асоссиз равишда юзага келиши фобия ҳолатини шакллантиради. Фобия (лот. рhobos — қўрқинч) — маълум шароитларда асоссиз равишда қўрқиш ва ташвишланишдан иборат, енгиш мумкин бўлмаган муттасил кечадиган руҳий патологик ҳолат бўлиб, беқарор вегетатив дисфункциялар (юракнинг тез уруши, ҳаддан ташқари кучли терлаш) б-н ҳамкорликда кечади. Одатда Қ.да мақсадга қаратилган аниқ ҳаракатлар бажарилади. Мас., агрофобия — майдондан, катта кўчадан қўрқиш, каустрофобия — эшикни беркитиб, уйда ўтиришдан қўрқиш, монофобия — ёлғиз қолишдан қўрқиш, атропофобия — кўпчиликдан, халойиқдан қўрқиш, назофобия — касал бўлиб қолишдан қўрқиш. Ш-дек, Қ.нинг канцерофобия, кардиофобия, эйротрофобия каби кўринишлари ҳам мавжуд. Руҳиятга оид баъзи баъзи адабиётларда социофобия атамаси ҳам қўлланилади. Бу — кўпчилик олдида қизариб қолишдан қўрқишдир. Умуман, Қ. маън-й номукаммаллик кўринишларидан саналиб инсон, шахс ўзининг руҳий-маън-й жиҳатдан ожизлигини ошкор қилади. Зеро, юксак билимли, маъ-ятли шахс Қ.га берилмайди.

Ғ