С

CАБР (араб.  аччиқ, чидам, бардош) – маънавиятнинг таркибий қисми, маънавий ҳодиса бўлиб, ошиқмасдан кута билиш ёки ўзини тия олиш; тоқат, чидам-бардош, ирода, қаноат маъносини англатади. С. кишиларни беғараз баҳоловчи шахсий хусусият, бағрикенглик, толерантлик; турли-туман, шу жумладан, зиддиятли воқеа-ҳодисаларга бардош қила олишни ифода этади. Мураккаб ижтимоий, иқтисодий, техникавий ҳодисаларга нисбатан бағрикенглик билан муносабат билдириш ва хатти-ҳаракатда холислик шахснинг ҳодисани етарлича тўлақонли баҳолашга қобилияти юксаклигидан гувоҳлик беради. С. ҳар бир киши, айниқса, шахснинг мураккаб хислати ҳисобланади, у узоқ йиллар мобайнида яқинлари, ижтимоий шароит, мавжуд ижтимоий вазият, анъаналар таъсирида шаклланади. С. исталган даражадаги раҳбар учун фавқулодда муҳим аҳамият касб этади. Зеро инсоннинг турли вазиятдаги ҳам ижобий, ҳам салбий жиҳатларни фарқлаш уқуви, адолатли баҳо бериш лаёқати жамоада соғлом ижтимоий-руҳий муҳитни таъминлайди. С. фақат айрим шахсга хос хусусият сифатида эмас, балки айрим кишилар, ғоялар, вазиятларга муносабатда намоён бўладиган жамоага хос хусусият сифатида ҳам қаралади. С. — юксак маънавият тушунчаси, ақл ва маданият белгиси, бошқаларнинг фикри ва эътиқодига ҳурмат ифодаси ҳисобланади. “C. таги – сариқ олтин”, “C.лига ош, С.сизга тош”,  “C. қилсанг, ғўрадан ҳалво битар”, “С. Дори каби аччиқ, оқибати ширишдир” каби соф ўзбекона мақоллар замирида не-не улуғ донишмандларнинг, неча-неча асрларнинг хулосалари мужассамлашган. Ота-боболаримиз бундай ҳикматларга ишониб, уларга амал қилиб яшаган. C. ва қаноат, аввало, исломнинг моҳиятида ўз ифодасини топган. Бу хусусият динимизда фазилат тарзида талқин этилган. Яъни, C. чидамли бўлиш, оғир ҳолатлар юз берганда, инсон уларга бардош қилиб, ўзини йўқотмаслиги, ножўя сўзлардан, ўринсиз ҳаракатлардан ўзини тийишидир.  Зеро, бу дунё имтиҳонлар оламидир. Инсон ҳаётда турли ҳолатларга дуч келади. Баъзи ҳодисалар кишини шодлантирса, бошқалари ғамга солади. Шодлик вақтида шукр қилиш, қайғули дамларда C. этиш мусулмонларга фарз қилинган. C. мусулмонларнинг қуролидир. Лекин инсондан С.ни ўз ўрнида қўллай билиш талаб этилади. Баҳоли қудрат меҳнатдан бўйин товлаш, ялқовлик қилиб қашшоқликка рози бўлиш, Аллоҳ тақдирига йўйиб, муҳтожлик олдида бош эгиш C. ҳисобланмайди. Ҳақ ва ҳақиқат олдида жим туриш ҳам C.лилик саналмайди. Ислом таълимотида C. уч турда бўлади: 1) бало ва фалокатларга C. қилиш; 2) Ибодатлардаги машаққатларга C. қилиш; 3) гуноҳ иш қилмасликка C. этиш. Тасаввуфда C.га иймоннинг ярми деб қаралади. Алишер Навоий “Насойим ул-муҳаббат”да C.ни суфийлар амал қилиши шарт бўлган ўта муҳим амалдан бири деб тавсифлаган. C.сизлик ҳаётда хунук оқибатларга олиб келиши мумкин. Ишларнинг баракаси ҳам C. билан боғлиқдир. Кўпинча тилимизда таҳлил этилаётган икки тушунча: “C. ва қаноат” тарзида биргаликда ишлатилади. Бу бежиз эмас. Чунки C. учун қаноат, қаноат учун C. керак. Бироқ C. билан қаноатни бир нарса деб тушунмаслик лозим. Қаноат асосан, борлик-йўқликка кўниш, оз нарса билан тирикчилик ўтказишни, фақирлик-камбағалликни ор билмасликни англатса, C. бошга тушган кулфат, ғам-ғусса, азоб-уқубатга чидашни, ҳар қандай қадалган уруғнинг ҳосилини кута олишни билдиради. C. қилишга сабаб бўладиган мушкулотларнинг ҳаммаси ҳам моддий  жиҳат билан боғлиқ бўлавермайди. C. барчага бирдай лозим. 

САВОБ (араб. яхшилик, эзгулик, ажр) – ижтимоий ахлоқ томонидан маъқулланган, бошқа шахс, ижтимоий гуруҳ манфаатига йўналтирилган эзгу ҳаракат; хайрихоҳлик, сахийлик, бошқа кишини тушуниш, унинг тақдирига ачиниш, оғирини енгил қилиш, яхшилик қилиш, излаш ва келтириш, бошқаларга беғараз кўмаклашиш, яқинлар бахтини ўйлаш ва унга эришишда кўмаклашишдан иборат. Бинобарин, С. сўзи барча яхши ва эзгу ишларга нисбатан  ишлатилади. Юртбошимиз таъкидлаганидек: “Савоб ишни ҳар ким қилиши керак, савоб ишни ҳар қун қилиш керак”. С. ҳам ахлоқий, ҳам диний тушунча. Диний эътиқодга кўра С. худонинг марҳаматига лойиқ иш ва шундай иш учун худонинг марҳамати. Халқимиз маънавиятида ахлоқ ва диний эътиқод масалаларининг кўпчилиги  асрлар оша ғоят бир уйғунликда намоён бўлиб келмоқда. Исломда С.га катта эътибор қаратилади. С. диний эътиқодга кўра, Яратганга ёқадиган яхши иш ва амаллар, барча эзгу ва яхши ниятли ишлардир. Инсоннинг яхшилик ва ёмонликдан иборат хатти-ҳаракати, фаолияти  исломда С. ёки  гуноҳ деб аталади. Диний  кўрсатмаларни бажариш, инсон манфаати йўлида фаолият кўрсатиш кабилар С. ҳисобланиб, диний тасаввурга кўра инсоннинг иш китоби (номаи аъмоли) фаришта воситаси билан ёзиб борилади. Охирида инсонларнинг С. ва гуноҳлари тарзида тортилиб, натижалар Аллоҳнинг ҳукмига ҳавола этилади. Ҳадиси Шарифда таъкидланишича, инсоннинг қилиб ўтган ҳар қанча С. ишлари жаннатга киргандан кейин эришиладиган даражалар учун керак бўлади. С. иш қилганда хурсанд, гуноҳ иш қилганда хафа бўлган инсон ҳақиқий мўмин саналади.

САВОДСИЗЛИК – муайян билим, cаводга эга эмаслик, саводи йўқликни ифодаловчи т. “Саводлилик” сўзи унга антоним маъносида қўлланади. C. сўзига “омилик”, “билимсизлик”, “ўқимаганлик” каби сўзлар синоним вазифасини бажаради. Инсон бошқа мавжудотлардан фарқ қилиб, онгга, ўз-ўзини англаш қобилиятига эгадир. Шу туфайли илмга интилиш, ўз ҳаётининг мақсад ва мазмунини билишга тиришиш, гўзаллик яратишга, ҳар томонлама баркамол бўлишга уриниш барча давр ва миллат кишиларига хос бўлган умуминсоний, боқий фазилатлардир. Бу умуман инсон моҳиятига хос нарса бўлиб, у бу ёруғ оламда нима учун яшаётганини англашга, келажагига замин ҳозирлашга интилади. Ҳар бир соғлом фикрли одам, инсониятнинг умрбоқийлигини идрок этади ва ўзидан оиласига, фарзандларига, инсониятга нимадир қолдириб кетишни истайди. Шундан келиб чиқиб, умрининг мақсади ва мазмунини белгилайди. Худди шу нарса унинг эътиқодини ифодалайди, саводлилик даражасини белгилайди. C. сўзи “золим” сўзи билан маънодош ҳисобланади. Агар инсонда ёшликдан китобга, билимга меҳр шаклланмаган, билими саёз, тушунчалари тор бўлса, у дунёвийликни даҳрийликдан, зиёни жаҳолатдан фарқлай олмайди. Демак уни ҳар томонлама C. сўзи билан англатиладиган маънода ифодалаш мумкин. Чўлпон “Кеча ва кундуз” романида C.ни оми эшакка қиёслайди: “У нима, бир оми эшак-да… – дедим мен. Тараққий қилган эмас… газет ўқимайди. Эшак сўзига боғланиб келган “оми” ибораси ўринли ифодаланган. Унинг кўчма маъноси “ўта саводсиз”, “дунёдан хабарсиз” каби маъноларни англатади. 

САДОҚАТ  (араб. дўстлик, бирдамлик; самимийлик) – инсонга хос энг яхши маънавий-ахлоқий хислатни ифодаловчи т. С. “самимийлик”, “вафодорлик”, “содиқлик”, “дўстлик” сўзларига маънодош ҳисобланади. Мас., машҳур франц. сайёҳи Кусто бутун умрини уммон ва денгизлар ҳаёти ва ундаги сир-синоатлар, сув остидаги наботот ва ҳайвонот дунёсини кашф этишга бағишлади. Унинг ўз ишига  бўлган С.ини бутун дунёдаги соғлом фикрловчи ҳар бир инсон юксак қадрлайди. Навоийнинг “Ҳайратул-аброр” достонида икки вафодор ёрнинг бир-бирига С.и улуғланади: Ҳиндистонда олиб борилган қаттиқ жангда Темур Кўрогон  душманларнинг барчаси динсиз бўлгани учун уларни қиличдан ўтказишни буюради. Шу пайт икки севишган ногоҳ қотилларга дуч келади. Шоҳнинг жазосидан омон қолиш учун аскарлардан бири уларнинг бирини чопмоқчи бўлиб отидан тушади. Уни ўлдириш учун аскар ёнидан тиғини чиқарган ҳам эдики, иккинчиси ўз шеригини тиғ остида кўриб, уни ҳимоя қилиш учун қотилга бошини тутади.  – Агар сенинг мақсадинг бош олиш бўлса, уни қўй, унинг ўрнига бу бошни ола қол! – дейди у. Аскар унинг бошини олмоқчи бўлган ҳам эдики, униси ҳам худди шу сўзни айтади. У қайси бирини ўлдиришга ошиқса, иккинчиси тоқатсизлик билан дер эди: – Тез бўл, олдин мени ўлдира қол, то мен ўлгунча лоақал у тирик турсин! Шу тариқа улар бир-бирига нисбатан чексиз С.и туфайли жонини беришга ҳам тайёр туради. Бир-бири учун жонидан кечган икки ёрни кўрган шоҳ ҳам халқнинг гуноҳидан ўтади. Улар чинаккам С. туйғуларини намойиш қилиб, элни ҳам, ўзларини ҳам халос қилади. Маълумки, мустақиллик йилларида шаклланаётган янгича дунёқараш ёшларда Ватанга С.ни, миллий қадрият ва анъаналарга муҳаббатни, ўз яқинларига меҳрибонликни, танлаган йўли-касби, маслаги ва эътиқодига содиқликни назарда тутади.

САЛОМ, САЛОМЛАШИШ (араб. тинчлик, саломатлик; кўриниш, саломлашиш) — 1) кишиларнинг ўзаро учрашган пайтларида урф-одатга кўра бир-бирига айтадиган сўзи. 2) амир, хон билан эрталабки учрашув ва ундаги салом-алик маросими. 3) келинчакни тўйдан кейинги кун эрта билан олиб чиқиб, куёвнинг ота-оналарига, қариндош-уруғларига таъзим қилдириш маросими ва умуман келинчаклар таъзими; келинсалом. 4) саҳнада, ўйин-томоша майдонларида актёрларнинг томошабинларга таъзими. Нутқий одоб унсури, суҳбатдошлар бир-бирлари билан олдиндан танишлигидан қатъи назар, нутқий мурожаатнинг ҳар қандай тури С.дан бошланади. “Ассалому алайкум” арабча сўз бўлиб, “Сизга саломатлик, омонлик тилайман”, деган маънони билдиради. С.га жавобан  “Ваалайкум ассалом”, яъни “Сизга ҳам соғлик, омонлик тилайман”, деб алик олинади. С. бериш тартиби қуйидагича:  ёши кичик – ёши каттага;  отлиқ – пиёдага;  пиёда – ўтирган кишига;  ташқаридан кирган киши –  хона ичидагиларга;  озчилик – кўпчиликка салом беради. Шеригини ким биринчи бўлиб пайқаган бўлса, унинг салом бериши С.нинг «олтин қоидаси» ҳисобланади. Тарбия кўрганлик ва ахлоқий одоб саломлашишдаги олдинма-кетинликни бошқанинг қадрини пасайтириши ё кўтариш сифатида қарамайди. Лекин халқ орасида юзага келган тартибга кўра, таниш бўлганни, ёши ёки мақоми юқори бўлганни учратганда биринчи бўлиб кичик каттага С. бериши мақсадга мувофиқдир. Сўз шаклидаги «Ассалому алайкум», «яхшимисиз» бир оз таъзим ёки ўнг қўлни чап кўкрак устига қўйиш билан тўлдирилиши мумкин. Бунда ёш бўйича ёки мақоми бўйича кичик бўлган биринчи бўлиб қўл узатишга ҳаракат қилмаслиги керак. Бундай ҳолатда қўл узатиш каттанинг ихтиёрида. Хонага кирганда С. берган бир киши билан қўл бериб сўрашдими, қолганлар билан ҳам шундай қилиши зарур (чунки жамоа орасидан биттани ажратиб қўйиш нотўғри). Агар хонада ёки гуруҳда нотаниш бўлса, албатта, С.лашиш қисқа танишув билан кифояланиши жоиз. Қўл бериб кўришганда, албатта, қўл узатганнинг кўзига қараб С.лашиш керак. Бундай вақтда чап қўлни узатиш одобдан эмас, агар ўнг қўл банд бўлса, албатта, уни бўшатиш лозим. Келувчи хонага кирганда у ердагиларга биринчи бўлиб С. беради. Бу барчага бирдек унинг ёши ёки лавозимидан қатьи назар. Агар киши бирон-бир муҳим иш билан банд бўлса, келувчининг умумий саломига бош қимирлатиб қўйиш билан кифояланиши мумкин. Бу келувчини у пайқагани ва саломини қабул қилганига ишора бўлади. С.га бўлган мутлақо эътиборсизлик одоб доирасига кирмайди, С. берувчига нисбатан ҳурматсизлик, унинг қадрини пастга уриш, нутқ одоби талабини бажармаслик ва иш билан боғлиқ муомаладаги ёмон кўрсаткич ҳисобланади. Қўл бериб сўрашиш одоб доирасидаги, жамият аъзолари С. шаклидир. Бундан ташқари, яна С.нинг ўпиб кўришиш шакли ҳам мавжуд бўлиб, бу айниқса эркаклар ва ўғил болалар ўртасидаги кўпчилик томондан маъқулланмайдиган С. шаклидир. Мумтоз маданиятда эркакларнинг ҳам бир-бирига ҳар икки қўлини узатиб, сўрашаётганининг тирсакдан юқори қисмига теккизиб С. шакли бўлган. Бу сўрашувчилар бир-бирини ғоятда ҳурмат қилишининг белгиси ҳисобланган ва асосан юқори табақага мансуб шахслар ўртасида мавжуд бўлган. Ислом одобида С.нинг энг мақбул ҳамда одоб доирасидаги шакли салом берувчининг ўнг қўлини чап кўксига қўйиб, бошини бир оз эгган ҳолда «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳу ва барокотуҳу» дейиш ҳисобланади. Бу С.лашишнинг сўздаги тўлиқ ифодаси. Бундан қисқароғи —«Ассалому алайкум» ҳисобланади. «С.» ёки «саломалай-кум» ёхуд «сомалайкум» тарзидаги нутқий С. одобсизлик ёки фаросатсизлик ҳисобланади ва зинҳор маъқулланмайди. Қуръони Каримнинг «Ан-Нисо» сураси 86-оятида саломлашиш одоби ҳақида шундай дейилади: «Сизга С. берилса, сиз ундан яхшироқ ёки ўшандай алик олинг». С.лашишнинг инсон ва жамият ҳаётидаги аҳамияти жуда катта. Икки инсон учрашганда мулоқот бир-бирига яхшилик тилашдан бошланса, бу уларнинг ҳар иккисининг кайфиятига ижобий таъсир кўрсатади. Яхши кайфият эса иш унумининг ошишига, яхшиланишига олиб келади. Кишининг ижодий қобилиятининг ўсишига туртки бўлади. С.лашиш кишиларни бир-бирига яқинлаштиради. Мас., катта корхонанинг ҳамма ишчи ва ходимлари ҳам бир-бирини танимаса-да, аммо корхона ичида С.-алик қилиб юришади. Йиллар мобайнида бирор марта мулоқотда бўлмаган бўлсалар ҳам ўзларини бир-бирлари б-н жуда қадрдонлардек ҳис қилади ва бирор тасодиф туфайли кўча-куйда учрашиб қолишса, эски танишлардек суҳбатлашади. С.лашишнинг  яна бир функцияси – хафалашиб қолганларни яраштириш,  аразларни аритишдир. Бир-бири б-н уришиб, хафалашиб қолган инсонлар саломлашиш орқали тезда ярашиб кетиши ҳеч кимга сир эмас.

САЛОҲИЯТ – бу истеъдоднинг бир тури бўлиб, инсон ўзини муайян тарзда унга келадиган илҳомни қабул қилишга тайёрлагандан сўнг юз берадиган сифатдир. Тасаввуф намояндалари — сўфийлар хонақоҳларда мудом ўтириб, узлатга чекиниб ўзларини ана шу тарзда тайёрлашган. Юксак ақл-истеъдод эгалари С.ли кишилар дейилади. С. сўзи киши ёки миллатнинг ички имкониятлари, ҳали тўла намоён бўлмаган куч-қуввати маъносида ҳам ишлатилади. Мас., миллий С. – миллат, халқ, мамлакат, жамият куч-қуввати, унинг мавжуд ички, ботиний, вақти соати келганда намоён бўладиган   иқтисодий, илмий, маданий, маънавий ва бошқа имкониятларидир. Миллий С. объектив ва субъектив омилларга боғлиқ бўлади. Объектив омиллар: миллат яшаётган ҳудуднинг кўлами ва ҳаёт кечиришга қулайлиги, табиий шарт-шароитлар, ер ости ва ер усти бойликларининг мавжудлиги, аҳолининг сони, ҳайвонот ва ўсимлик оламининг хилма-хиллиги, сув манбаларининг сероблиги, қуёшли кунларнинг кўплиги ва ҳ.к. Субъектив омиллар: аҳолининг саводхонлик даражаси, халқнинг қўшни давлатлар билан манфаатли  муносабатлар ўрната олиши, мамлакат ичидаги барча миллатлар, динлар, ижтимоий синфлар ва бошқа табақалар вакилларининг ҳамжиҳатлиги. Объектив омиллар мавжуд бўлса-да, лекин халқ тарқоқ, уюшмаган бўлса, мамлакат, давлат қолоқлигича қолаверади. Аксинча, субъектив омиллар табиий шароит ноқулай бўлса, сезиларли натижа бермайди.  Ҳозирги замон ривожланган давлатлари ва миллатлари шунинг учун юксак натижаларга эришганларки, уларда объектив ва субъектив омиллар уйғунлашган ҳамда ишчанлик, ташаббускорлик, тадбиркорлик, топқирлик билан ишга солинган, ҳаёт суръати доим юқори.  Айни вақтда, жамият тараққий этган сари субъектив омилларнинг аҳамияти ортиб бормоқда. Ривожланган давлатлар замонавий техника ютуқлари ва фан ихтироларига суянган ҳолда Ер куррасининг табиий жиҳатдан ноқулай қисмларида ҳам мўъжизавор ишларни амалга оширмоқдалар. Мас., Шимолий қутбда жойлашган Исландияда ер остидан чиқадиган қайноқ гейзер сувлардан фойдаланиш натижасида субтропик мевалар етиштирилмоқда. Ёки ўз ер ости бойликларига эга бўлмаган Япония энг илғор саноат, техника, технология ва амалий фанни юзага келтирди ва жаҳонда энг рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқармоқда. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Мустақилликка эришгач  Ўзбекистонда табиий, иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, маънавий-маданий ҳамда интеллектуал С. таянган ҳолда жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларини тубдан ислоҳ этиш, юртимизда озод ва обод Ватан, эркин фаровон ҳаёт барпо этиш борасида улкан  ютуқлар қўлга киритилмоқда.  

САМИМИЙЛИК – бошқаларнинг гапини тинглаш, ҳамфикр бўла олиш, хабардор бўлиш деган маънони англатади. С. – тўғрилигига ишонган, бу ҳақда ўзига ва бошқаларга иқрор бўла оладиган нарсаларни қиладиган одамнинг маънавий ижобий сифати. Самимий – самимият б-н иш тутувчи, муомала қилувчи, сидқидиллик б-н чин қалбдан қилинган, дилдан чиққан. Самимият – кишиларга қалбан ҳайрихоҳлик, покдиллик, самимийлик, сидқидиллик. С. инсондаги энг яхши хислат, олий инсоний фазилатлардан бири бўлиб, ахлоқнинг муҳим меъёрларидан ҳисобланади. С. – олдиндан тайёргарликсиз, очиқ кўнгиллилик б-н беғараз, чин қалбдан қилинган табиий муомаладир. Сўз б-н ишнинг бирлиги С.нинг мукаммал кўринишидир. Йўл қўйилган нуқсон учун эмас, уни тузатиш ва қайта такрорламаслик учун койиш, камчиликни холисона кўрсатиш, тўғри йўлга солиш С.нинг муҳим жиҳатидир. С. тўғрилик, поклик, оқкўнгиллик, бағрикенглик, билимлилик, яхшилик сингари инсоний фазилатлар асосида шаклланади ва ривожланади. С. инсонларнинг ўзаро муносабат ва мулоқотида, тўғри сўзи ва шунинг амалдаги исботида намоён бўлади. Самимий муомаланинг тескариси такаллуф – сунъий муомаладир. Бу ҳазрат Навоийнинг қуйидаги мисраларида ифодасини топган: “Такаллуф эрур анга фарсудалик, // Анинг таркидур жонга осудалик”. (Маъноси: Такаллуф – сунъий муомала танга нотинчлик, чарчоқ келтиради. Уни тарк этиш эса осудалик, осойишталик бағишлайди). Cамимий муносабат – соф муносабат маъносини англатади. C.ка тескари тушунча – носамимийлик салбий хислат ҳисобланади. Кишининг бетамизлиги, ноҳақлиги, лаганбардорлиги, ўзини катта олиши, кимларнидир писанда қилиш, қўполлиги, менсимаслиги, кеккайиши, худбинлиги, бойлик ҳирси ва мансабпарастлигида С. кўринмайди. Бир кишининг носамимийлиги давра тотувлигини бузади, инсонларнинг кўнгли хира бўлишига, дили озор чекишига олиб келади. Бу аввало, ўша кишининг ўзига самимий бўла олмаслиги оқибатидир. Носамимийликка жамиятдаги турли ташкилот, корхона, муассасаларда, меҳнат жамоаларида, тўй-маросимларда, катта-ю кичик йиғилишларда ҳам дуч келиш мумкин. Бу нотўғри тарбиянинг натижасидир, унинг кўриниши сўз б-н ишнинг бир бўлмаслиги б-н белгиланади. Кишининг сўзи б-н ишининг бир ердан чиқмаслиги жамоада шубҳа ва ишончсизликка, турли миш-мишлар тарқалиши каби носоғлом муҳит пайдо бўлишига сабаб бўлади. Носамимийлик билимсиз, жоҳил киши ёки билимли бўлса ҳам илмига амал қилмайдиган маънавий етук бўлмаганлар ҳаёти ва фаолиятида кузатилмайди.

САНЪАТ — ижтимоий онг ва инсон фаолиятининг ўзига хос шакли.  С. инсон меҳнати, ақл-идроки, шуури б-н яратилган ижод маҳсулидир. С. асарида шахснинг ўзига хос истеъдоди намоён бўлади. С., кенг маънода, бадиий қадриятлар, уларни яратиш (бадиий ижод қилиш) ва истеъмол (бадиий идрок этиш) жараёнларини қамраб олади. С. ҳозирги даврга қадар инсоният тараққиёти билан боғлиқ ҳолда ривожланиб келган. “С.” сўзи жонли тилимизда нечоғли кенг маънода қўлланмасин, табиийки, бизни унинг луғавий эмас, балки истилоҳий маъноси қизиқтиради.  Истилоҳий маънода “С.” деганда  инсоннинг гўзаллик қонуниятлари асосида борлиқни бадиий ўзлаштириш (ва ўзгартириш)га қаратилган яратувчилик фаолияти ҳамда унинг натижаси ўлароқ вужудга келган жами нарсалар тушунилади. Яъни, гўзаллик қонунлари асосида маҳорат ва дид билан яратилган нарсаларнинг ҳаммаси С.га алоқадордир. С. нинг қуйидаги икки тури фарқланади: “амалий С.” ва “бадиий (нафис) С.”. Амалий С. турларига кулолчилик, наққошлик, каштачилик, зардўзлик, модельерлик каби қатор соҳалари кирса, бадиий С.ларга  рассомлик, мусиқа, ҳайкалтарошлик, кино, театр, бадиий адабиёт кабилар мансубдир.  С.да ифодавий ва тасвирий С. турлари фарқланади. Бир хил С. турлари тасвирланса, бошқалари ифодалайди. Айтайлик, мусиқа – ифода С.и, композитор оҳанглар орқали кечинмаларни ифодалайди ва шу оҳанглар руҳиятимизда муайян бир кайфият ҳосил қилади. Рассомлик билан ҳайкалтарошлик тасвирий С. турлари саналадики, унда бирор манзара, ҳолат мусаввир қалбини жунбушга келтириб, қалбида муайян кечинмаларни қўзғатади ва мусаввир ўша манзарани ранг-тасвирга муҳрлайди. Шу тариқа С. асарлари руҳиятимизга озиқ беради. С.нинг турли кўринишлари воқеликни, ундаги ҳодиса, нарса ва ҳолатларни ўзларига хос усуллар ёрдамида акс эттиради   Мас., мусиқада товушлар, уларнинг ўзаро боғланиши, уйғунлиги орқали, бадиий адабиётда сўз, образлар орқали; тасвирий С.да бўёқлар орқали конкрет-ҳиссий образ гавдалантирилади; театрда пьеса қаҳрамонларининг сиймоси актёрлар орқали намоён бўлади. Мавжуд С. турлари орасида бадиий адабиёт етакчи ўрин тутади. Чунки бадиий адабиёт универсал билиш ва  ифода воситаси бўлмиш сўз билан иш кўради. С. ижтимоий ҳаётнинг мустақил бир соҳаси бўлиб, жамиятнинг барча томонларига таъсир ўтказади, ижтимоий онгнинг ҳамма шакллари билан алоқага киришади.  С. воқеликни бадиий воситалар орқали янада тўлақонли, жозибали англашга ёрдам беради. С. учун инсон бош мавзу бўлиб хизмат қилади. С.да инсон ҳамма вақт ҳам бевосита ифодаланмайди. С. нарсаларда, табиат ҳодисаларида инсон учун аҳамиятли бўлган маъно излайди, инсон қалбини поклайди, унинг ҳар томонлама камол топишида муҳим восита бўлиб хизмат қилади. С. қадимий тарихга эга бўлиб, у жамият тараққиётининг илк босқичларида меҳнат жараёни, шунингдек, кишилар ижтимоий фаолиятининг ривожланиши билан боғлиқ ҳолда вужудга кела бошлаган. Ибтидоий С.нинг дастлабки илдизлари сўнгги полеолит даврига, тахминан мил. ав. 40-20-минг йилликка бориб тақалади. С.га доир маълумотлар дастлаб Юнонистонда қадимдан ўрганила бошлангани маълум. Аристотель, Платон каби ўша даврнинг йирик файласуфлари Юнонистонда С. тарихи билан ҳам шуғуллангани тўғрисида маълумотлар сақланган. Қадимги Римда юнон С.ига катта эътибор билан қаралган. Мил. дастлабки асрларда Ўрта Осиё мамлакатларида меъморчилик ва С.га оид рисолалар яратилган.  Ўрта асрларда Европада С. илоҳиётнинг (теология) бир қисми бўлиб қолди. Ўрта аср С.шунослари С.ни нариги дунёнинг бу дунёдаги моддий образи деб баҳолаган. Уйғониш даври С. ривожида муҳим давр бўлиб тарихга кирди. XIV-XVI асрларда инсонпарварлик ва реализм ғоялари билан бир қаторда С.ни черков таъсиридан ажратишга интилиш кучайди ва уни илмий тавсифлаш йўлида муҳим қадам қўйилди. Бу даврда С., унинг назарияси ва тарихи бўйича қимматли асарлар вужудга келди. Леонардо да Винчининг рассомлик, унинг илмий асослари ва имкониятлари, тасвирий С.да инсон маънавий ҳаётининг акс эттирилиши каби муҳим аҳамиятга эга бўлган фикрлари,  ХVI асрда Олмонияда А.Дюрернинг пропорциялар ҳақидаги илмий фикрлари, Венецияда П.Аретинонинг борлиқни тўғри акс эттириш бўйича рассомлар олдига қўйган талаблари С.га муҳим ҳисса бўлиб қўшилди. ХVII асрдан бошлаб   Олмонияда Г.Е.Лессинг реализм назариётчиси сифатида “тасвирий С.” терминини фанга киритди. ХIХ асрда С.нинг илмий-тарихий асослари мустаҳкамланди, С. фан сифатида шаклланиб такомилига етди, ўз услубиётига эга бўлди. Францияда Стендаль, Г.Курбе, Олмонияда И.Гёте ва Г.Гейненинг асарлари, С.шунослик фанида катта роль ўйнади. Айнан шу даврда археологик тадқиқотлар кўлами кенгайди, бадиий музейлар очилди. Айниқса, буюк француз инқилоби ғоялари, И.Кант, А.Шопенгауэр, Г.Ф.Гегель эстетик қарашлари, Россияда эса В.В.Стасов, И.Н.Крамской, И.Е.Репин ва бошқаларнинг С.нинг ҳаётий бўлиши ва ижод эркинлиги хусусидаги қимматли фикрлари, В.Г.Белинский, А.И.Герцен ғоялари С.нинг реалистик йўналиши ривожида муҳим аҳамиятга эга бўлди. Шунингдек бу даврда С. дин билан ҳам мустаҳкам алоқада ривожланди. Жаҳон С.и дурдоналари-буюк архитектура иншоотлари, Вергилий, Данте, Милтон, Леонардо да Винчи, Рафаел, Микеланжело тасвирлари, И.С.Бах, И.Гайдн, В.А.Моцарт мусиқалари, Шарқда эса Ф.Аттор, Ж.Румий, А.Жомий, А.Навоий асарлари диний манбалардан илҳом олиб яралган эди. С. одамларнинг эстетик талабларини қондириш б-н бирга, ўз тараққиётининг турли даврларида жамият аъзоларини маълум руҳда тарбиялаш, уларни ақлий ва ҳиссий жиҳатдан ривожлантириш воситаси сифатида хизмат қилиб келган, уларнинг турли мақсад, ҳис-туйғу, манфаат, идеалларини ифода этган. С. ижтимоий онгнинг бошқа шаклларидан ўзининг предмети, мазмуни, воқеликни ифода этиш усули ва услуби, ижтимоий ҳаётда тутган ўрни ҳамда вазифалари жиҳатидан фарқ қилади. С. инсоннинг моддий ва маънавий фаолиятидаги билими, тажрибаси. маҳорати ва қобилиятларини намоён этувчи бадиий ижодиёт маҳсулидир. Эстетик тафаккур тарихида С. нарса ва ҳодисаларни қандай бўлса шундайлигича акс эттириш ва ҳаётни гўзаллик қонунлари асосида бадиий ифодалаш ғоялари сари юксалиб борди. Табиат, жамият ва инсоннинг ижтимоий, маънавий, миллий дунёси С. предмети ҳисобланади. Воқелик қайси шаклда бадиий ифода этилмасин, ижодкор унга маълум ижтимоий-эстетик идеал нуқтаи назардан муносабат билдиради ва ўз эстетик баҳосини беради.  С. инсон учун эстетик завқ-шавқ манбаи; инсон ҳаётига гўзаллик бахш этади; одамларда воқеликка нисбатан ҳиссий муносабатни шакллантиради; ҳаётни кузатиш, ўрганиш ва билиш воситаси; ҳаётни инсон орзу қилган томонга ўзгартиришда ёрдам беради; тарбия воситаси сифатида хизмат қилади; ҳаётдаги гўзалликдан илҳомланишга, хунукликдан нафратланишга чорлайди; одамлар орасидаги маънавий кўприк, мулоқот воситаси; одамларнинғ бадиий-эстетик дидини тарбиялайди, уларда маълум дунёқарашни шакллантиради ва ҳ.к. С. жамият маънавий ҳаётининг бошқа ҳодисалари (фан, мафкура, ахлоқ) билан маълум даражада боғлиқдир. С.нинг мақсади дунёни бадиий ўзлаштириш, одамга лаззат бахш эта оладиган, уни маънавий бойита оладиган асарлар яратиш йўли б-н кишиларнинг эстетик эҳтиёжларини қондиришдан иборат. С. асарларининг диққат марказида инсонлар, уларнинг ижгимоий алоқаси ва ўзаро муносабатлари, муайян тарихий шароитлардаги ҳаёти, фаолияти туради. Шунинг учун ҳам С. асарлари берадиган маърифий билим муайян мамлакат, миллат ёки бир тарихий давр ва шахслар ҳақидаги илмий асарлардан олинган маълумотлардан фарқ қилади. С.нинг тарбиявий кучи унда ифода этилган кечинма ва образларнинг ҳар бир ўқувчи, томошабиннинг қалбига кириб бориши, уларда завқий ҳиссиётларни уйғотишидадир. С. барча ижтимоий онг шакллари сингари ўз тараққиёт қонуниятларига эга. Бу қонуниятлар С.нинг ўз ички хусусиятларидан келиб чиқса-да, ижтимоий тараққиёт б-н боғлиқ бўлган халқ, миллат, элат, мамлакат ва жаҳон цивилизацияси даражаси бу қонуниятларда ўз ифодасини топади. С. қонуниятларини эстетика, С.шунослик фани ўрганади. С. инсоният маънавий маданиятининг таркибий қисми, дунёни маънавий англашнинг махсус туридир.  С.ни тушуниш, унинг кишилар ҳаётидаги ролини аниқлаш масаласи бутун маданият тарихи давомида кескин баҳс, тортишувларга сабаб бўлиб келган. Мас., баъзи С.кор ва С.шунослар уни “табиатнинг тақлиди” ёки “воқеликнинг акс эттирилиши” деб ҳисобласа, бошқалари “С.корнинг соф шахсий ижодий маҳсули”, “ўз-ўзини изҳор этиш” сифатида талқин этади. Бу С. предметининг мураккаблиги, унинг хусусиятлари ва шакллари, мужассамлаштириш усулларининг хилма-хиллиги ҳамда турли даврларда С. назариётчиларининг синфий ва ғоявий фикрлари ўртасидаги тафовутлар билан изоҳланади. С.да гўзаллик категорияси муҳим аҳамият касб этади. Эстетика фани – гўзаллик С.нинг зарур шарти эканлигини, гўзалликсиз С.нинг йўқлиги ва бўлиши мумкин ҳам эмаслигини уқтиради. С.да мазмун ва шаклни бир-биридан ажратиб бўлмайди. С.нинг ўзига хос хусусияти унинг воқеликни илғор ғоявий нуқтаи назардан туриб бадиий образлар орқали акс эттиришдир.  Миллий истиқлол мафкурасини ёшлар онгига сингдириш жараёнида С. алоҳида ўрин тутади. Чунки С. юксак ижтимоий ғояларни тарғиб этувчи, инсон маънавий дунёқарашини кенгайтирувчи, уни шахс сифатида тарбияловчи воситалардан биридир. С. инсониятнинг эзгулик томон ҳаракати учун зарур бўлган ўзаро мулоқотлар воситаси сифатида турли қитъалар ва давлатларни ўзаро боғлайди.  Зотан, инсон С.дан эстетик завқ, битмас-туганмас ижодий куч-қудрат олади ва  шу маънода С. маънавий юксалишнинг энг таъсирчан қуролига айланади.

САНЪАТШУНОСЛИК — санъатни ўрганадиган ижтимоий фанлар мажмуи бўлиб, санъатнинг алоҳида турлари, уларнинг вужудга келиши ва тараққиёт қонуниятлари, ўзига хослиги ва воқеликка муносабатини ўрганади. С. рақс, мусиқа, қўшиқ, театр, кино, тасвирий ва амалий санъат кабиларни ўз ичига олади. Пластик санъатлар доирасида С.нинг санъат назарияси, санъат тарихи ва бадиий танқид каби турлари мавжуд. Улар ўзаро узвий алоқада бўлиб, ҳар бири ўзининг махсус вазифасига эга. Санъат назарияси нафис санъатга нисбатан ғоявий мазмун, бадиий шакл, услуб, ифода воситалари, санъатнинг тур ва жанрларига хос махсус хусусиятлари ва б. масалаларни уларнинг ўзаро алоқасида ўрганади; шунингдек, умумий қонуниятларни, санъат тараққиётининг объектив мантиқи, унинг жамият б-н муносабати, жамоа ва шахсга нисбатан таъсирини кўриб чиқади. Санъат тарихи эса санъатнинг умумий тараққиёти («умумсанъат тарихи»)ни бирор мамлакат ёки алоҳида даврда ўрганади ва тадқиқ қилади, санъатнинг бирор тур ёки жанри, оқими, йўналиши ривожини, айрим рассомларнинг ижодий услубини таҳлил қилади. Бадиий танқид замонавий бадиий ҳаётни таҳлил қилади, унинг йўналиши, тур ва жанрларини, айрим санъат усталарининг ижоди ва уларнинг алоҳида бадиий асарларини текширади ва баҳолайди; санъат ҳодисаларини ҳаёт ва ижтимоий давр идеали б-н қиёслайди. С.нинг илмий фаолияти кенг ва хилма-хил: ўрганилаётган соҳа бўйича аниқ далилларни тўплаш, уларни атрофлича ўрганиш ва умумлаштириш; санъат ёдгорликларини экспедициялар ёрдамида очиш, таъмирлаш турлари; ёдгорликларни аниқлаш, рўйхатга олиш ва тартибга солиш; рассом ва унинг асарлари ҳақида маълумот тўплаш, илмий музейлар каталогини тузиш, биографик ва б. маълумотномалар яратиш кабилар киради. С.нинг ижтимоий аҳамияти унинг хулоса ва якунларининг илмий аҳамияти б-н бирга санъатни оммалаштириш ва ташвиқ қилиш ҳамда уни тушунтириши б-н белгиланади.

САХИЙЛИК – ҳеч кимдан нарсасини, яхшилигини аямаслик; ҳотамлик хислатини англатади. Унинг маъно-мазмуни “Очкўзда бўлса ҳам – йўқ, сахийда йўқ бўлса ҳам – тўқ”, “Сахий билан бахил бир қудуқдан сув ичмас”, “Сахий топса, барча ер, бахил топса, босиб ер”. Каби ўзбек халқ мақолларида ўз ифодасини топган. C. қўлидан келганча инсонларга яхшилик, мурувват кўрсатиш хусусиятини ўзида мужассам этадиган фазилатдир. Навоий “Ҳайратул-аброр” достонида C.ни улуғлайди: “Эй ҳушёр одам, сен шундай одамни сахий деб билки, бахт-давлат унинг бошини юқори кўтариб, аҳволи яхши бўлса ҳам, ёмон бўлса ҳам бировдан молу амал таъма қилмаса”. С. қандай мулоҳаза юритмасин, қўлида бор нарса билан қўли қисқа одамни хурсанд қилади. Денгизнинг олдида турса ҳам, ундан бир томчи сув сўрамайди; бировнинг ярасини кўрса, малҳамни аямайди. Муҳтож одам бир нарса сўраса, қўлидан келганча унга хайр беради. У сўрамаса ҳам, унинг аҳволини тушуниб, эҳтиёжини ва камбағаллигини эътиборга олади. Эҳсон ва саховат кўрсатиш вақтида бахил бўлмай, танти бўлиш лозим. Чунки бахиллик инсонга хос тубан иллат, лекин C. жавоҳири эса энг нафисидир. Кимки C. қилишга қодир экан, пул улашишга муносиб экан, ном чиқариш учун гавҳарни ҳовичлаб сочиш, мақтаниш учун этаклаб пул бериш ақлли иш, деб ҳисобланишдан йироқдир. Бундай саховатдан бахиллик яхшироқдир. “Қуръон”да “Енглар, ичинглар! Лекин исроф қилманглар” дейилади. Демак, эҳсон беришда ҳам исрофгарчиликка йўл қўймасдан, меъёрни эътиборга олган ҳолда одамнинг эҳсонга қанчалик муҳтож эканлиги ҳам ҳисобга олиниши лозим. Хайру эҳсон йўлида сарф-харажат қилиш ҳақиқий ҳадядир. Бериш учун олиш ишидан йироқ бўлиш, бераман деб олмай қўя қолиш яхшироқдир. C. қилиб, ночорларга ёрдам қўлини узатган одам, яхшилик йўлида қадр топади. C. кишининг кўрки, унинг зийнатидир.

САХОВАТ (араб. қўли очиқлик, олий ҳимматлилик, C.лилик) – 1) баландхимматлилик, сахийлик; химмат қилмоқ; ёрдам қўлини узатмоқ;  ҳиммат билан эҳсону инъомлар улашмоқ; 2) кўчма маънода, табиий бойлик; мўл ҳосил; тўкинлик, мўллик. C. сўзи қўли очиқлик, мурувватлиликни англатади. C.лилик инсонга хос бўлган хусусиятларнинг энг олижанобидир. Чунки, ҳамма инсонлар ҳам C.ли бўлиш шарафига муяссар бўла олмайди. Ҳазрат Навоий таъкидлашича, “Қандай инъом бўлмасин уни очиқ юз билан бериш, аччиқ бодани ширин сўз билан тутиш керак. C. кўрсатган киши муомалада ҳам хато қилмаса, у бир йўла иккита инъом берган бўлади. Кишиларнинг сўз билан наф етказиш қўлидан келмаса, лоақал кўнглидаги андишаси яхши бўлиши керак. Кўнгли одамларнинг хурсандлигидан шод бўлиши лозим. Лекин биров сенга яхшилик қилмоқчи бўлса, сўз билан сенга жон бағишламоқчи бўлса-ю, аммо гап билан буни ифодалай олмаса, яхшиликни тилга олганининг ўзи киши таъбига осойиш бағишлайди. Худо сени шундай нодир қилиб, дунёдаги одамларга наф келтирувчи қилиб яратди. Кимки унинг шу амрига мансуб бўлса, барча кишилар кўнглига ҳам ёққан бўлади. Бу сифатдан яхши сифатни таниш қийин. Лекин бундан ҳам яхши бир иш бор. Бу – бировга бир нарса бериб, ундан олишни одат қилмаслик; наф келтиришу, лекин бировдан наф қидирмаслик; бериш ишини доим хотирда сақлаб, бериб, бир нарса олишни ўйламасликдир. Бундай одамни инсонларнинг инсони деб, ҳақиқий одамларнинг энг яхшиси деб бил. Уни одамгарчиликни тўла эгаллаган, юз кишининг одамгарчилиги қўлидан келадиган деб тушун!”  Кўринадики, C.лилик сидқидилдан қилинган яхшилик бўлиб, у беминатликнинг нишонасидир. Шарқда ҳизмат ва C. кишиларининг пешвоси сифатида Ҳотамтой ҳиммати билан маълум ва машҳурдир. Ҳар бир шахснинг воқеликни идрок этиши, уни қабул қилиши, маълум билимлар тизимига эга бўлиши ижтимоий тараққиёт билан изоҳланса-да, унинг ўзига хос томонлари мавжуд. Буни кишиларнинг билими, хулқи, одоби, C.и ва бошқа хусусият ва фазилатларининг турфа хиллигида намоён бўлади. Ўз навбатида индивидуал онг ижтимоий ҳаётни таҳлил қилишда, тарихда шахснинг роли ва ўрнини аниқлашда, таълим-тарбия масалаларини тўғри ҳал қилишда катта аҳамиятга моликдир. (А.Иброҳимов,   Ватан туйғуси) C. очиқ ва самимий кўнгил мевасидир. Аксинча, бахиллик, хасислик, тор кўнгилликнинг, кўролмасликнинг оқибатидан бошқа нарса эмас.  (М.Қошғарий. Девон).

САҲИҲ (араб. соғлом, тўғри, хатосиз, дуруст) — энг ишончли деб ҳисобланган ҳадис сифати, ривоят қилувчилар силсиласи то охирги муҳаддисга қадар узилиб қолмаган, санаднинг бирор табақасидаги ровийнинг маънавий нуқсони бўлмаган, санаднинг бирор табақасида ровий ёлғизланиб қолмаган ва барча санаддаги ровийларнинг ишончлилиги элга машҳур бўлган кишиларнинг ривояти. С. ҳадислар жамланган китобларнинг олтитаси машҳур. Мана шулар ичида Имом Бухорийнинг “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” энг мукаммали ва ишончили ҳисобланади.

CЕВГИ – 1) эмоционал жиҳатдан ижобий бўлган муносабатнинг юксак кўриниши бўлиб, бунда субъект ўз объектини бошқалардан ажратиб олади ва ўз ҳаётий эҳтиёжларининг диққат марказига   қўяди; 2) субъектнинг турғун, интенсив ва кучайган ҳиссиёти бўлиб, бунда организмнинг физиологик жараёнларида фаоллик кузатилади. С.да бир шахс бошқа инсоннинг ҳаётида ўзлигини бутунлай намоён қилиш ва бу орқали унда ўзига нисбатан худди шундай ҳисларни уйғотиш ниятида бўлади. Бу ҳислар ҳам ўзиники сингари турғун, интенсив ва кучайган бўлишини хоҳлайди. С. ҳисси ўта интим мазмунга эга бўлади. У қуйидаги тасодифан вужудга келадиган ва ўзгарувчан ҳиссиётларда ўзини намоён этади: мулойимлик, ҳайрат, рашк ва ҳ.к. С. эҳтиросли ҳиссиёт сифатида ўзининг намоён бўлишига кўра шахснинг индивидуал-психологик хусусиятларига ҳам боғлиқ. Худди шунингдек, С.ни юзага келтирувчи илк ҳиссиётлар ҳам турлича бўлади. Бу оддийгина ижобий муносабатдан (симпатия) бошлаб, то кучли эҳтирос сифатида намоён бўлувчи турли-туман ҳиссиётларда ўз аксини топади. С. ўз табиатига кўра физиологик майл ва юксак инсоний ҳисларда ўзини намоён этади. Мутахассислар С.нинг асл моҳиятини гоҳида физиологик майл сифатида, гоҳида маънавий юксак туйғу сифатида таърифлайди. Шу муносабат б-н, С. таърифида шахс жинсий майлларининг ижтимоий шаклланган сифатга эгалиги етакчи ўринга чиқиши лозим. Бу эса С. туйғусини илмий жиҳатдан тадқиқ этувчи ижтимоий фанлар олдида янги талабларни қўядики, ушбу ҳиссиётнинг ижтимоий тузум, маданият ва ҳудуд хусусиятларидан келиб чиқиб ўрганиш муҳим аҳамият касб этади. Шахснинг шаклланишида С.нинг аҳамияти беқиёсдир. Инсоннинг ўз C.си йўлида дуч келган фрустрация  (иккиланиш) ҳолатлари унинг ёдида бир умрга қолади, узоқ вақтгача уни тўлқинлантиради, ҳатто турли касалликларнинг юзага келишига ҳам сабаб бўлиши мумкин. С. тушунчаси инсон ҳиссиётларининг энг кучли ва сирлиси, сержило ва сеҳрлиси сифатида “муҳаббат” тушунчасига яқин туради. Инсоният бор эканки, C.-муҳаббат одамни сирли туйғулар оламига етаклаган, уни енгиб бўлмас ғовлардан ўтишга ва чўққиларни забт этишга ундаган, уни рағбатлантирган, унга бахтиёр онларни туҳфа этган. Ҳатто ўлим тўшагида ётган кишига ҳам умид бағишлаб ҳаёт нашъасини суришга, унинг атроф-муҳитни  ҳамда ўзлигини идрок этишга туртки бўлган. С. туфайли шахс руҳиятида ҳатто ўзига ҳам номаълум бўлган қудратни кашф этган. Кўҳна ва ҳамиша  навқирон ҳисобланган бу туйғу барча учун азиз ва муқаддасдир. Буюк олим Абу Али ибн Сино кучли муҳаббат ҳиссига хасталик сифатида таъриф беради ва уни даволаш йўлларини кўрсатиб ўтади: муҳаббат ўтида қийналиб азоб чекаётган икки қалбни бирлаштиришни маслаҳат беради. Шунингдек,  у объектив сабабларга кўра, яъни дини, ёши ва ижтимоий келиб чиқиши ва бошқа тафовутларга асосланиб қалбларни бирлаштириш имкони бўлмаса, бунда одамнинг руҳий хусусиятларига кўра турлича даво чоралари қўллашни тавсия этган. Шуниси таассуфлики, шу кунга қадар “муҳаббат” тушунчасига ягона илмий таъриф-тавсиф берилмаган, бевосита унга бағишланган илмий асарлар ниҳоятда танқис. Кишилар онгида бўлгани сингари бадиий асарларда ҳам муҳаббат ҳақидаги турлича, кўпинча бир-бирига зид фикр ва таърифларни учратиш мумкин. Баъзи муаллифлар эса муҳаббат ҳисларини соф руҳият компоненти сифатида баён этиб, ундаги физиологик компонентни инкор этади. Физиологик компонент  ҳайвонларга хос бўлган органик эҳтиёжларни қондиришдан иборат инстинктнинг ифодаланиши сифатида идрок этилади. Шу сабабли ҳам одам ҳайвоний ҳирсдан, жинсий интилишлардан озод бўлиши керак, деб ҳисоблашади ва муҳаббат ҳисларига бир ёқлама ёндашишади. Классик асарларда, жумладан, қадимги ҳинд трактатида муҳаббатга бирмунча тўлиқ таъриф берилади: “Ақл майли  ҳурматни туғдирса, қалб майли дўстликни, тана майли хоҳишни туғдиради. Ақл, қалб ва тана бир бўлиб, C.-муҳаббатни туғдиради”. Вольтер: “C.-муҳаббат – бу ҳам қалб, ҳам ақл ва танага бир вақтнинг ўзида ҳужум қиладиган энг кучли, завқли ҳис-туйғулардан биридир”, деб таъриф беради. Бу таърифларни ўзаро таққослаш ва руҳий таҳлил қилиш C.-муҳаббатда зарурий руҳият компоненти билан бир пайтда физиологик компонент мавжудлигини кўрсатади. Агар муҳаббат тарихига назар ташлайдиган бўлсак, эркин муҳаббатнинг шаклланиши ўрта асрларга тўғри келади. Хусусий мулкчиликнинг равнақи, антагонистик синфларнинг мавжудлиги, аёлларнинг ҳуқуқсизлиги эркин муҳаббатнинг равнақ топишига тўсқинлик қилади. “Лайли ва Мажнун”, “Тоҳир ва Зуҳра”, “Фарҳод ва Ширин”, “Ромео ва Жульетта”  кабиларни эркин муҳаббатнинг юзага келиши ва унинг тақдири ҳақидаги илк асарлар деб айтиш мумкин. Тараққий этган капиталистик жамиятда янги тартибларга асосан юзага келган оила, эркак ва аёл ўртасидаги ўзаро нисбатан тенг муносабатлар, аёлларнинг эркаклар билан тенгсизлигини йўқотиш муҳаббатнинг юқори даражада равнақ топишига шарт-шароит яратди. С. – инсон маънавий ва жисмоний интилиши эҳтиёжлари ўзаро узвий бирикиб кетган юксак ахлоқий эстетик туйғудир. У инсон ҳаётида энг катта ва қувончли воқеа бўлиб, кишига олам-олам қувонч бағишлайди, унинг меҳнат ва ижтимоий фаолиятига ижобий таъсир қилади. С. инсонга бахт ато қилади, бахт эса инсонда мавжуд бўлган ҳиссиётларнинг бутун бойлигини уйғотади; сахийлик, садоқат, фидойилик, жасорат пайдо бўлади. Ҳақиқий C.да худбинлик бўлмайди. Биринчи ўринда севган кишингнинг бахти туради, унинг учун борингдан кечасан. Кимнидир севган ва унинг C.сига сазовор бўлган инсон бой маънавий ҳаёт билан яшайди, у ўзидаги нуқсон ва камчиликлардан халос бўлишга интилади, ўзига-ўзи талабчан бўлади, унинг характеридаги олижаноб, яхши томонлар қулф уради, ижодий куч-қуввати ортади. С. инсонни юксак даражадаги ахлоқий босқичга кўтаради, ўзининг хатти-ҳаракати ва хулқ-атвори учун масъулиятини оширади.  Инсон бор экан, у ҳар доим С.-муҳаббатни улуғлайди, энг мўътабар туйғу сифатида юксакларга кўтаради.

Сенсуализм  (лот. sensus – ҳис, сезги) — объектив воқеликдаги нарса ва ҳодисалар алоқадорликни ва  уларнинг ўзига хос хус-ятларини идрок этишда ҳиссий билишнинг ролини мутлақлаштирадиган фал-й таълимот. Инсоннинг сезгилар (кўриш, эшитиш, ҳид билиш, таъм билиш, бадан сезгиси) воситасида билиши нарса ва ҳодисаларга хос бўлган ташқи хус-ят, белгиларни фарқлаш, табиий муҳитга мослашиш ва ҳимояланиш учун ёрдам беради. Ҳиссий билиш маълум даражада бошқа мавжудотларга ҳам хос хус-ят. Лекин, инсоннинг ҳиссий билишини улардаги ҳиссий билиш б-н тенглаштириб бўлмайди. Инсоннинг ҳиссий билиши деганда биз ундаги сезгиларни, идрокни, тасаввурни тушунамиз. Инсон билишининг қуйи даражаси бўлган ҳиссий билишнинг бу шакллари нарса ва ҳодисалар, уларнинг маъно-мазмуни ҳақида тўлиқ маълумот бермайди. С.нинг айрим элементлари қад. дунё фал.сида, хус-н, чарвако, моизм, софистика, эпикуреизм, стоицизм, Протагор таълимотларидаёқ яққол ифода этилган. Бу таълимотларда  ҳиссий билим негизида олинган маълумотлар нафақат ташқи объектлар, балки субъект ҳолати ҳақида ҳам тасаввур ҳосил қилиш имконини беради. Кейинчалик софистлар, Суқрот, Афлотун ва Арасту таълимотларида С. т.си рационал (ақл орқали) билишнинг зидди тарзида талқин этилади. Уйғониш ва Янги давр фал.сида С. ибораси эмпиризм б-н узвий боғлиқ ҳолда, баъзан бутунлай  айнанлаштирилган тарзда таҳлил қилинади. Бундай ёндашув Ф. Бэкон, Т. Гоббс, П. Гассенди, П. Гольбах, Д. Дидро қарашларида яққол ифодаланган. Мас., Гоббс «Даставвал инсон ҳиссиётида тўлиқ ёки қисман акс этмаган бирорта ҳам т. унинг онгида мавжуд эмас», Гельвеций эса «инсон ҳиссиётлари орқали идрок этиб бўлмайдиган нарсага унинг онги б-н англаб бўлмайди» дея ана шу ёндошувнинг мазмун-моҳиятини ифода этган. Кант, Гегель ва айниқса, трансцендентализм фал.сида С. буткул инкор этмаган ҳолда, асосий урғу рационал билишга қаратилади. Аммо позитивизмда (айниқса, физикализм, мантиқий позитивизм ва эмпиризмда) ва неореализмда (мас., «ҳиссий маълумотлар», «бевосита реализм» концепцияларида) С.нинг қатор ғоялари, шу жумладан, маън-й-аҳлоқий ҳамда ижт-й-педагогик жиҳатлари ривожлантирилади. Постмодернизм фал.сида С. анъанавий метафизикага хос ҳодиса сифатида кескин танқид қилинади. Аммо уларнинг қарашларида ҳам сенсуалистик ёндашув таъсирини кўриш мумкин. Мас., бу ҳол постмодернистлар томонидан ўз қарашлар тизимини «постмодернистик ҳиссийлик»ка асослангани тан олишида кўринади. Демак, С. билиш ҳақидаги чекланган таълимотдир.

СЕНТИМЕНТАЛИЗМ (франц. sentimental — сезувчан сўзидан) — дворян зодагонларининг бузуқ ахлоқига қарши норозилик кайфияти ифодаланган оқим. Ҳунармандлар, савдогарлар ва деҳқонлар ҳаёти мазкур оқим намояндаларининг қарашларида дворян зодагонлари ва уларнинг хулқ-атворига қарама-қарши қилиб қўйилди ҳамда хўрланган кишиларга нисбатан ачиниш ҳислари ифодаланди. С. адабий оқим сифатида классицизмга ва мазкур йўналишдаги асарларга хос мавҳум қоидаларга қарши кураш олиб борди. С. учун шахснинг руҳиятини тасвирлаш асосий мезондир. С. асарларида инсон тасвири ҳиссиёти юксак даражада бўрттирилиши б-н фарқ қилади.

СИЁСАТ (юн. politik – давлатни бошқариш санъати, давлат ёки ижтимоий иш) — давлатни идора этиш услуби, санъати; жамият ва давлат тўғрисидаги фан. С. ўзи табиати, мақсади ва амалга ошириш услублари, манфаатларни ифода этиш даражаси б-н фарқланади. “Холис” ёки “нохолис С.”, “демократик С.” ёки “тоталитар С.”ва ш.к. кўринишларда намоён бўлади. Улар, халқлар тараққиётига ҳар хил таъсир кўрсатади. Шунингдек,  ижобий ёки салбий рол ўйнаши мумкинлигини собиқ мустабид тузум тажрибасидан ва айрим давлатлар ҳаётидан билиб олиш мумкин. С. Турли ижтимоий гуруҳлар, кучлар манфаатини ўзаро уйғунлаштириш б-н боғлиқ ҳолда кечади. Акс ҳолда, сиёсий ҳаётда бошбошдоқлик, парокандалик кабилардан иборат сиёсий таназзул ҳолати юзага келиши мумкин.

СИЁСАТШУНОСЛИК — сиёсий ҳокимият ва унинг амал қилиш қонуниятлари, категориялари тушунчалари; сиёсий ҳаёт оқими, бошқарувчилар б-н бошқариладиганлар ўртасидаги сиёсий муносабатлар, бетўхтов содир этиладиган сиёсий жараёнлар моҳияти, мазмуни, асосий йўналишлари; жамиятни сиёсий бошқариш маҳорати; давлат ҳокимияти ички-ташқи сиёсатини юритишни назарий-амалий асослари ҳақидаги фан ва билим соҳаси. Сиёсат б-н шуғулланиш жараёнлари давлат ҳокимияти механизмининг шаклланиши б-н бошланган бўлиб, ибтидоий даврлардан бошлаб амал қила бошлаган. Кейинчалик Шарқ давлатчилиги (Миср, Бобил, Шумер, Аккад, Мидия, Форслар давлати, Ассурия, Урарту), Юнон полислари, Рим республикаси, Бақтрия, Хунлар давлати, Парфия, Кушон давлатларида амал қилган ҳокимият технологияси муаммоларини ўрганиш, улар ечимини топишга интилиш, сиёсий билимлар ва уларнинг назарий-методологик асосларини яратиш зарурияти вужудга келди. Жамиятни сиёсий бошқариш ва унинг маҳорати ҳамда санъати тўғрисидаги дастлабки сиёсий ғоялар ва таълимотлар, қонун-қоидалар мажмуи яратилиб, амалиётга киритила бошланди. Хамураппи қонунлари, Ману қонунлари, Авестода ифода этилган жамият сиёсий ҳаётининг тартиб-қоидалари, Ликург, Драконт, Солон қонунлари, Конфуций, Суқрот, Платон, Аристотел сиёсий таълимотлари, Юстиниан кодекслари, Темур тузуклари, Форобий, Беруний, Ибн Сино, Улуғбек, Навоий, Бобур сиёсий қарашлари ва Ер куррасининг турли ҳудудларида вужудга келган сиёсий фикр-мулоҳазалар, ғоялар, таълимотлар мажмуи, Европа Уйғониш  даври сиёсий мутафаккирлари ишлаб чиққан сиёсий қарашлар ҳозирда шаклланиб, кенг кўламда амал қилаётган С. билим соҳасига манба бўлиб хизмат қилди. С. даставвал сиёсий фал. бағрида, кейин эса сиёсий социология таркибида, қисман, сиёсий тарих, сиёсий таълимотлар тарихи, юриспруденция таркибий қисмлари сифатида тадқиқ ва таҳлил этилиб, ўрганилди ва ўқитилди. Лекин Ер юзида ижтимоий ишлаб чиқаришнинг умумлашуви, ижтимоий-сиёсий муносабатларнинг уйғунлашуви натижасида ривожланган мамлакатлар шароитида С.ни алоҳида билим соҳаси сифатида ажратиб ўрганиш ва ўқитишга эҳтиёж сезилди. Шунинг учун ҳам XIX а.нинг охирларидан АҚШда, кейинчалик Франция, Италия, Германия, Белгия, Голландия каби мамлакатларда бу фан ва билим соҳасига алоҳида эътибор берилиб, унинг илмий мактаблари ва илмий-тадқиқот марказлари вужудга кела бошлади. Биринчи ва иккинчи жаҳон урушлари натижалари шуни кўрсатдики, ҳар бир мамлакат доирасида ҳам, жаҳон сиёсий донишмандлик ва унинг заминида вужудга келиши мумкин бўлган сиёсий муроса (консенсус) халқаро муносабатларни уйғунлаштириш, халқаро хавфсизликни таъминлашга ва халқаро ҳамкорлик қилишга хизмат қилиши кутилмоқда. Шуни инобатга олган ҳолда жаҳон ҳамжамияти ҳар қандай катта-кичик урушларнинг олдини олиш механизмларини ишга солиб, барча муаммоларни тинч сиёсий воситаларда ҳал қилиш учун мустаҳкам замиш яратишда сиёсий билимларни демократик қадриятлар б-н мутаносиб боғлаган ҳолда ҳар бир инсон сиёсий онги даражасини ва сифатини ошириш зарурлигини англади. БМТ қошида 1949 йилда Сиёсий фанлар халқаро уюшмасининг таъсис  этилиши  ҳам  айнан  шу  мақсадни кўзлаган эди. Мазкур уюшманинг дастур ва низомида имзолаган ҳар бир БМТ аъзоси бўлган давлат ўзида С. фанини ўқув юртларида ёшларга ўқитиб ўргатиш, журнал ва ўқув қўлланмалари нашр қилиш, илмий-тадқиқий марказларни очиш мажбуриятини олган эди. Ҳозирги кунда БМТга аъзо бўлган барча ривожланган мамлакатлар ўқув юртларида С. энг нуфузли ва обрўли ижтимоий фан сифатида кенг ўқитилади ва тарғиб этилади, С. бўйича журналлар, рисолалар, монографиялар нашр қилинади, илмий тадқиқот марказлари ишлаб турибди. С.нинг категориялари, тушунчалари, қонуниятлари моҳият-мазмуни, улар тизими, илмий тадқиқот услублари кенг ва ранг-баранг кўриниш ва шаклларда турли мамлакатларнинг С. олимлари томонилан ишлаб чиқилган ва амалиётга киритилиши тавсия этилган. С.нинг методологик асосини сиёсий фал. ва сиёсий социология ташкил этади. Ўзбекистонда мустақилликка эришилгандан сўнг С. фани олий таълим тизимига киритилди. Шу туфайли, мамлакатимизнинг барча олий ўқув юртларида С. фани кенг ўқитилиб, янгидан нашр этилаётган ўқув қўлланмалари ва дарсликлар воситасида ёш авлод сиёсий билимларини ошириш, сиёсий онг даражаси ва сифатини замон талаблари даражасига кўтаришга алоҳида эътибор бериляпти.

СИЁСИЙ ВА МАДАНИЙ ЭКСТРЕМИЗМ — сиёсий ҳамда маънавий жиҳатдан мутлақо салбий ҳодиса бўлиб, асосий мақсади сиёсат ҳамда маънавият бағрида мавжуд беқиёс кенг имкониятлардан ўз вайронкор ниятлари ва режаларини амалга ошириш учун интилишда намоён бўлади. Ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларига экстремизмнинг ўз тарафдорлари орқали кириб бориш эҳтимоли кучли. Бу бир томондан, дунё аҳлининг ҳанузгача экстремизм ҳақида муайян тушунчага эга эмаслиги, иккинчи томондан, ақл-заковатга зид йўл б-н ҳокимиятга интилувчи унсурлар мавжудлигига бориб тақалади. ХХI асрдек мураккаб даврда экстремизмнинг инсон барҳаётлиги таянчлари бўлмиш сиёсат ва маънавиятга кириб бориши салбий оқибатларни келтириб чиқариши, ҳаттоки, афгор омма кўз ўнгида сиёсат ва маънавиятга путур етказиши мумкин. Сиёсатда ақидапарастлик, сиёсий радикализм, ирқчилик, шовинизм, милитаризм, глобал хукмронликка даъво қилиш ва айниқса, “демократия экспорти” ва б. кўринишларда намоён бўлса, маънавиятда унинг моҳиятига ёт диний ақидапарастлик, “оммавий маданият”, ватангадолик каби турли маънавий бузуқликларда намоён бўлиши мумкин. Дунёнинг бугунги ҳолатига сиёсат ва маънавият номидан иш юритувчиларнинг таъсири ҳақида сўз юритар эканмиз, бир пайтлар сиёсий экстремизмнинг тарихий кўринишларидан бўлган нацизм, фашизм ва тоталитар коммунизмнинг инсониятни қай ҳолатга туширганлигини хотирамизда жонлантиришимиз керак бўлади. Чунки у амалиёт бошқа бир шаклда ҳамон сақланиб келмоқда. Бугунги кунда эса маънавий юксалишнинг улкан марраларидан ҳисобланган жаҳоний динлардан (буддизм, христианлик ва ислом) экстремистларнинг маккорона фойдаланишга интилишида ҳам яққол кўзга ташланмоқда. Кўриниб турганидек, сиёсий ва маънавий жабҳада содир бўлаётган экстремистик хуружлардан ҳар бир давлат ва дунё ҳамжамияти жиддий талофат кўрмоқда. Сиёсий ва маънавий эктремизм бугунги қалтис вазиятда инсонлар, гуруҳлар, элатлар, давлатлар ва ниҳоят маданиятлар ўртасига кескин душманлик уруғини сочиб, ҳеч қандай мулоқот, муросага ўрин қолдирмайди, уларни ўзаро қирғинбаротга ундайди. Сиёсий ва маданий экстремизмни аксилинсоний ва аксилмаънавий феномен, ўта зарарли тенденция тарзида идрок этар эканмиз, бугунги кунда унинг олдини олиш, ҳеч бўлмаганда “назорат қилиб туриш” вазифаси долзарблашаётганлигини сезиш мушкул эмас. Акс ҳолда, экстремистик кайфият инсониятнинг таянч нуқталари бўлмиш сиёсатни ҳам ва маънавиятни ҳам табиий ўзанидан чиқариши, алалхусус олам барҳаётлигига нуқта қўйиши имконияти ошиб бораверади.

СИМВОЛ (юн. symbolon — рамз, шартли белги, тамға ёки нишон) — ўз табиатига кўра, моддий ёки маънавий ҳодиса бўлиб, муайян мавҳум ғоя ёки тушунчани ҳиссий образли — тимсол тарзида ифода этади. С. оддий ёзма ёки товушли тил белгиларидан фарқли ўлароқ, оламнинг муайян ҳодисаси эмас, балки билвосита — ҳиссий ёки мантиқий образ воситасида инсон учун бирор мавҳум тушунча шаклида акс эттиради. С.ларнинг моддий исми, у ифода этувчи тушунча ёки мазмунга нисбатан барқарор бўлиб, фақат муайян ғоя ёки маънони англатиш учунгина фойдаланилади. С.лар, гоҳида, бутун бир сўз гапни ҳам ифода этиши мумкин. Бу нарса С.ларнинг такомиллашган кўриниши — иероглифларда ифодаланган. Мас., Хитой иероглифлари шулар жумласига киради. Инсоният тарихида пиктография ёки расмли хат ҳам муҳим ўрин тутади. С.ларнинг нарса ва ҳодисаларни қулай ва тежамли ифодалаш хусусияти қад. Рим ва Юнонистонда илк бор илмий тадқиқ этилган бўлиб, стоицизм оқимининг намояндалари — Луций Анней Сенека, Зенон, Хриссипп ва айниқса, Аристотелнинг ҳиссаси беқиёс бўлган. Шарқ илм — фанида машҳур аждодларимиз — Насириддин Тусий, Абу Али Ибн Сино ва б.лар, С. ва белгиларнинг гносеологик имкониятлари хусусида қимматли фикрлар билдиришган. С., белги масаласи, 19-а.нинг иккинчи ярмига келиб, яна кун тартибига қўйила бошланди. Бу жараён, айниқса, математик ёки С.ик логика фанининг шаклланиши б-н бирмунча тезлашди. Математика С.ларининг эвристик имкониятлари илмий тафаккур, фан ва техникани тараққий эттириш, инсон билиши чегараларини кенгайтириш вазифаларини ҳал қилиш учун бениҳоя қўл келади. Прагматизмнинг асосчиларидан бири — Чарльз Сандерс Пирс ва бихевиоризм фал.сининг намояндалари Чарльз Моррис, Ричердс ва Огденларнинг С.лар ва белгиларнинг умумий наз-яси — семиотикага асос солганликлари фан тарихида муҳим ўрин тутади. С.ларнинг чексиз имкониятларидан компьютерлаштириш, роботлаштириш, автоматик бошқарув тизимларини вужудга келтириш, оммавий ахборот тизимлари фаолиятини такомиллаштиришда кенг фойдаланилади.

символизм (юн. simbolisme – белги, рамз, тимсол ёки уларнинг мажмуи) — XIX а. охири – XX а. бошларида вужудга келган адабий-фал-й оқим. С. дастлаб Францияда, ижт-й ҳаракатлардаги тушкунлик оқибатида вужудга келди (П.Верман, А.Рембо каби шоирлар, П.Фор ва б.) ва кейинчалик Европанинг б. мам-тларига ёйилди. (К.Бельмонт, Д.Мережковский, З.Гиппус, Ф.Сологуб, А.Белий, қисман А.Блок, В. Брюсов, М.Врубель, В.Митерхольд ва б. ижодида кўзга ташланади). Символистлар бирор т.ни, ҳодисани ифодаловчи ёки эслатувчи шартли белгини бадиий ижод асоси ҳисоблаб, у мавжуд оламни билиш, тушунишнинг асосий воситаси  сифатида хизмат қилади, деб ҳисоблайди. С. оқими объектив ҳақиқатни билиш мумкин эмас, деб ҳисобловчи А.Шопенгауэр, Э.Мах ва неокантчилар фал.сига асосланади. С. индивидуализмни, мистицизмни ташвиқ қилди, ҳаёт кўринишларини “нариги дунё”нинг символлари сифатида талқин этади, бу олам “ҳақиқий дунё”нинг ёлғон акси, деб ҳисоблайди. Кўпчилик символист адибларнинг асарлари киноя ва имо-ишораларга тўлиб-тошган, символист шоирлар шаклбозликка берилиб, чуқур мазмунга эга бўлмаган,  тушуниш қийин бўлган асарлар, шартли ва умумлаштирилган образларни,  шеъриятнинг махсус тилини яратишга уринган. С. т.сини дастлаб француз шоири Жон Мереас (1856-1910) қўллаган ва наз-й жиҳатдан асослаб берган. С. доктринасига кўра, ҳар бир нарсада ғоя яширинган, уни санъат, аввало мусиқа, мусиқали шеъриятгина тушунтира олади. Шеърият билимнинг энг олий шакли бўлиб, динга яқин, унинг ижодкори эса илоҳий қудратга эга, оламда ҳамма нарсанинг мазмуни символ орқали англанади, шоир бунда таржимонлик вазифасини ўтайди. С. тасвирий санъатда модерн услуби б-н узвий боғлиқ бўлиб, символист рассом, ҳайкалтарошлар асарларида билиб бўлмайдиган, ақл бовар қилмайдиган дунёнинг ғайритабиийлигини ифодалади. XX а.да турли-туман бадиий оқимлар (эмпрессионизм, сюрреализм, футуризм ва б.)да С.нинг таъсири бўлди. Символист театр арбоблари шаклбозликка берилиб, мавҳум, схематик образлар орқали инсонни тақдир ва ўлим олдида ожиз қилиб кўрсатишга ҳаракат қилади. Умуман символистлар санъатни ҳаётдан узоқлаштиришга, ҳаётий ҳақиқатдан кўз юмишга интилади, бадиий асарларни реал борлиққа қарама-қарши қўяди.

СИНКРЕТИЗМ (юн. synkretismos – бирлаштириш, қўшиш) — бирон- бир ҳодисанинг қисмларга бўлинмаслигини, ривожланмаганлигини ифодаловчи т.. Мас., инсоният мад-тининг илк босқичларида мифология, дин, фал. синкретик характерга эга эди; санъатнинг қатор турлари: қўшиқ, мусиқа, театр, рассомлик ва ҳ.к. бир-биридан ажралмаган, яъни синкретик эди. Бола рив-шининг илк босқичларида психик функцияларнинг бир-бири б-н қўшилганлиги ҳам С.га мисол бўлади. Хилма хил элементларнинг сунъий равишда, нотабиий равишда қўшилиши С.сифатида талқин этилиши мумкин. Мас., фал.да эклектика С.нинг бир кўринишидир.

Синтоизм (япон. синто – худолар йўли) — Японияда кенг тарқалган миллий дин. XVIII а.да С.ни буддизмдан фарқлаш учун “Синто” атамаси қўлланилган. У буддизмдан кўплаб маросим ва тасаввурларни мерос қилиб олган. С. 1868 йилда расман давлат дини деб эълон қилинади ва у 1945 йилгача шундай мақомга эга бўлади. С. асосини жуда кўп руҳларга сиғиниш ташкил этади. С.га кўра, илоҳиёт б-н одамлар ўртасидаги мун-тлар Аматэрасунинг (Қуёш маъбудаси) авлоди ва унинг Ердаги вакили – император (микадо) орқали амалга ошади. Микадо барча японларнинг яратувчи – отаси ҳисобланади ва у илоҳийлаштирилади. Япония II жаҳон урушида мағлубиятга учраганидан сўнг микадонинг илоҳийлиги инкор қилина бошлади. XIX-XX а.да бир қанча синтоицизмга зид секталар пайдо бўлиб, улар буддизмни рад этади. С. бир неча қатламлардан иборат: Қуёш маъбудаси Аматэрасудан тарқалган император  оиласи аъзолари ўз саройида амал қиладиган сулолавий императорларни илоҳийлаштирувчи С., турли маҳаллий ва умумяпон худоларига топинувчи ибодатхона С.и, маъбуда Аматэрасуга топинувчи уй-рўзғор С.и, давлат тизимига кирмаган табиат объектлари тимсолида гавдаланувчи маҳаллий худолар ва руҳларга топинувчи халқ С.и ва б. Синтоистларнинг муқаддас китоби бўлмаган, аммо диний афсоналар учраб туради. VIII а.да оғзаки диний афсоналар асосида “Кодзики” (“Қад. ишлар тўғрисида ёзувлар”) номли диний китоб пайдо бўлди. С. дини 1964 йилда давлатдан ажратилди. Ибодатхона С.и ташкилий жиҳатдан айрим ибодатхоналар ва уларнинг уюшмаларига бўлиниб кетди.

Скептицизм  (юн. skeptikos — қайта кўриб чиқиш, шубҳаланиш) —        IV а.да  Юнонистонда юзага келган Пиррон асос солга фал-й оқим.  У ўз таълимотини Суқрот сингари оғзаки баён қилган: бирон бир асар ёзиб қолдирмаган. У ҳақда  шогирди Томмоннинг асарларидан билишимиз мумкин. Скептиклар антик диалектикадек қудратли қуролга эга эдилар. Улар ўз ўтмишдошлари бўлмиш Гераклит, элейликлар, софистлар, Суқрот, Платон, Аристотеллар диалектикасини ўзларича талқин этганлар. Скептиклар фикрича, ҳақиқат субъективдир. Ш.у. улар ҳақиқатни эҳтимол деб атайдилар. Фал-й йўналишларнинг ҳар бири ўз йўли б-н эзгуликка эришишга олиб боради. Гарчанд С. таълимоти кўп жиҳатдан билиш жараёнининг мураккаб муаммоларини аниқлашга ҳаракат қилган бўлса-да, лекин объектив билишга нисбатан умидсизлик б-н қараш ва рад этиши агностицизмга олиб борди.

Солипсизм (лот. solus – якка, ягона, ipse – ўзим, ўзи) — субъектив-идеалистик наз-я. Унга кўра, фақат инсон ва унинг онги мавжуддир; объектив олам, шу жумладан, одамлар ҳам  фақат инсоннинг (субъектнинг) онгидагина мавжуд. Принцип жиҳатдан олганда, ҳар қандай субъектив – идеалистик таълимот муқаррар равишда С.га келади. Беркли, Фихте, Брюне, айниқса, Шупне, Р.Шупнерт-Золдерн каби файласуфлар бу наз-яга анча яқинлашган эди. С. инсон фаолиятини ва илм-фанни ҳар қандай маъно-мазмундан маҳрум этади. Ш.саб. субъектив-идеалист файласуфлар ўта С.дан қочишга уриниб, бунинг учун улар ғайрисубъектив, илоҳий онгнинг мавжудлигини асосий қоида қилиб олмоқдалар. С. ҳиссий билишни мутлақлаштиришнинг гносеологик асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

СОТҚИНЛИК – умумий ишга, бирдамлик, синфий ва миллий манфаатларга садоқатни бузиб, душман томонга ўтиш, унга ҳарбий ва давлат сирини ошкор этиш. С.лик хиёнатнинг кўринишидир. С. азалдан маънавий жиноят ҳисобланган. Сотмоқ (кўчма маънода) – пул эвазига бермоқ, пулга айирбош қилмоқ; сотмоқ – Ватани, давлати сирларини, халқи бойлигини душманга ошкор қилиш, бериш эвазига ўз жонини, ҳаётини сақлаб қолиш.  Сотқин ўз виждонини, Ватанини, оиласини даромад эвазига пуллаган, қарши-душман томонга ўтган, сотилган хоин, хиёнаткор. С.да ор-номус, имон  ва виждон туйғулари бўлмайди. “Эзгулик ва ҳақиқатга садоқати бўлмаган, уларга ишонмаган одам қўрқинчлидир. Табиатида сотқинлик хусусияти бўлган одам раҳбарлик курсисига ўтириб қолса борми, у ерда осойишталик йўқолди, деяверинг. Иккита одамнинг, иккита мамлакатнинг ўртасидаги урушни ҳам айнан шундай одамлар бошлаб беради. Шу боис бундай одамлардан огоҳ бўлишимиз, уларга ёнимизда ўрин бўлмаслиги лозим. Агар теварак-атрофимиздаги бирорта кишида шундай аломатлар сезилаётган бўлса, уларни дарҳол тарбиямизга олиб, тўғри йўлга бошлашимиз керак. Шу муносабат билан тариҳда кўп марта ўз тасдиғини топган, мен ҳам ўз тажрибамда синаган ҳаётий бир ҳақиқатни яна бир бор такрорлашни зарур деб ҳисоблайман: агар биз аҳил бўлсак, эл-юрт манфаати йўлида бир тану бир жон бўлиб яшасак, ўзимиздан сотқин чиқмаса, ўзбек халқини ҳеч ким ҳеч қачон енга олмайди (“Юксак маънавият – енгилмас куч”, 122-б.). Порахўр ҳам ўзгалар ҳақини олиш учун виждонини сотади. Сотқин ўз фарзандининг келажагини ҳам кўра олмайди, у сотқинлиги б-н оиласи шаънини оёқ-ости қилиб, эл-юрт ўртасида шарманда қилади. Ҳар бир инсон эл бошига кулфат тушганда, душман б-н жангу жадаллар, урушлар жараёнида синалади. Бундай ҳолларда турли салбий қусурлар, иллатларга эга, жоҳил, ёвуз, нопок, фирибгар, қўрқоқ, маънавий қашшоқ ва тубан шахслар томонидан С., Ватанига, халқига хиёнат содир этиш ҳолатлари ҳаётда кўп учрайди. Бундай шахслар халқнинг қаттиқ ғазаби ва нафратига дучор бўлади. С. ўз Ватани душманлари б-н тил бириктиради, давлат хазинасини душманга талатади, халқини душман ўқига тутиб беради, эл бошига фалокат устига фалокат келтиради. Дину диёнатли, ҳалол яшайдиган, маънавий бой, ижобий тарбияли одам ҳеч қачон С.ликни содир этмайди.   (Яна қаранг: Хиёнат).

СОХТА ҒОЯ  – ёвузлик ва жаҳолатга хизмат қиладиган, давлат, жамият, миллат манфаатларига зид бўлган, тараққиётга таҳдид соладиган ғоялар мажмуини ифодалайди. У жамиятни тубанликка етаклаб, одамларини ғаразли ният ва қабиҳ мақсадларга ундайди, халқлар ва давлатларни таназзул ва ҳалокатга маҳкум этади. Бундай ғоялар турлича бўлса-да, аслида уларнинг мақсад ва интилишлари  битта – ҳокимиятни   қўлга киритиш, тинч-осойишта халқ орасида нифоқ ва ихтилофлар чиқариш. Энг ачинарли томони  – бундай ёвузликни амалга оширишни мақсад қилиб олган кучлар ҳали онги шаклланиб улгурмаган, тажрибасиз ёшларни ўз тузоғига илинтириб, С.ғ.ларига ишонтирган ҳолда, улардан ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланишидир. Шунингдек, С.ғ.лар инсонпарварлик тамойилига зид бўлган, бир миллатни бошқасидан устун қўядиган, олий ирқ даъвосида бошқа халқларни қирғин қилишга чақирадиган, жамиятни тарафкашларга ажратиб, бўлиб ташлашга хизмат қиладиган ғоялар мажмуидан ҳам иборатдир. Бундай ғояга мисол сифатида “Бўлиб ташлаб, ҳукмронлик қил” деган ғаразли ғояни келтириш мумкин. Бу ғоя асосан геосиёсий ва геостротегик мақсадларга эришишда қўлланилади. Уни амалга оширишнинг асосий йўли бирон бир минтақа ёки мамлакат ичида ижтимоий парокандаликни келтириб чиқариш билан белгиланади. Бунда, биринчидан, муайян шаклда мавжуд бўлган ижтимоий-иқтисодий қийинчиликларни бўрттириб кўрсатиш орқали аҳолининг мавжуд ҳолатдан норозилигини уйғотиш, иккинчидан, ўз ноғорасига ўйнайдиган мухолифатчи кучларни юзага келтириш йўли билан сиёсий беқарорликни келтириб чиқариш, учинчидан, “мамлакатда сўз, матбуот, сиёсий эркинликлар йўқ”, қабилидаги туҳматдан иборат  мафкуравий  тазйиқ ўтказиш  усуллари қўлланади. Ўзбекистон мисолида оладиган бўлсак, бундай ҳолат баъзи хорижий оммавий ахборот воситаларининг мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий ислоҳотлар ҳақида нотўғри ахборот тарқатиш орқали жаҳон жамоатчилигида ҳақиқатга зид тасаввурни шакллантириш йўлидаги хатти-ҳаракатларида яққол кўринади. Муайян минтақага нисбатан олинганда, бу ғоя ўша жойда гегемонликка талабгор бўлган давлат борлигини “асослаш”, таъбир жоиз бўлса, шундай давлат образини яратиш йўлидаги уринишларда намоён бўлади. Бундай образларнинг яратилиши ер юзининг турли нуқталарида ҳар хил кўринишдаги низоларни, давлатлараро муносабатларда эса тангликни юзага келтиради. Натижада мамлакатларнинг моддий-молиявий, маънавий-интеллектуал салоҳияти жамият тараққиётига хизмат қилиш ўрнига ана шу “образ” таъсирининг олдини олишга йўналтирилади. Шу тариқа  асосий мақсадга, яъни муайян давлатни яккалашга, уни заифлаштириб, кейин ўз  “иттифоқчи”сига  айлантиришга эришилади. “Бўлиб ташлаб, ҳукмронлик қил” ғоясини амалга оширишнинг яна бир йўли – халқаро  майдонда муайян мамлакат ҳақида  нотўғри, нохолис тасаввурларни шакллантиришдир. Айни пайтда бу йўлда диний омилдан, яъни гўёки эътиқод эркинлиги бузилаётгани тўғрисидаги сохта маълумотларни тарқатиш усулидан, фойдаланишга уринишлар ҳам кузатилаётир.  Буларнинг барчаси “Мақсад воситани оқлайди” деган ақида ғаразли геостратегик ғоялар ва манфаатларни рўёбга чиқаришнинг асосий қоидасига айланаётганидан далолат беради.

СОХТАЛИК – 1) қалбакилик, юзакилик, ясамалик; 2) сохта иш, хатти-ҳаракат; қаллоблик каби маънавий иллатларни ифодаловчи т. Фарзанд С.дек салбий қусурга дучор бўлиб қолмаслигида оиланинг ўрни бениҳоя катта экани сир эмас. Бунинг учун оилани, ундаги тарбияни мустаҳкамлаш керак бўлади. Оилани мустаҳкамлашда эса ҳуқуқий, диний билимлар тарғиб-ташвиқотининг аҳамияти беқиёсдир. С. ясамалик, юзакиликни акс эттиради. Халқимизда “Одамнинг оласи ичида, шохнинг оласи сиртида” деган ҳикматли сўз бор. Ҳазрат Навоий C.ни шундай таърифлайди: “Меванинг мағзи бўлгандан кейин унинг пўсти ҳам бўлади; одамнинг душмани ҳам бўлади, дўсти ҳам. Жаҳон яхши ва ёмондан холи эмас, лекин ёмон юзада бўлади, яхши яширин. Кимки тўғрилик йўлини билмоқчи бўлса, билсинки, бу икки хил бўлади. Бири шуки, кишининг сўзи тўғри бўлса, унинг сўзи билан бирга ўзи ҳам тўғри бўлиши керак. Яна бири шуки, ёлғон гапни баъзилар таассуф билан, уялганидан “Тўғри!” дейди. Олдингиси ҳеч шубҳасиз, яхши, лекин иккинчиси ҳам ёмон эмас. Киши ёлғонни гапирса ҳам кам гапирса! Ёлғон эгриликдан, тўғрилик ҳақиқатдан иборатдир. Шам ўз тўғрилиги билан хурсанд, бошдан-оёқ куйса ҳам, у нурга айланади. Яшин эгриликни одат қилган бўлиб, ҳамма ёқни ёритса-да, ернинг остига киради”. Юқоридаги фикрлардан кўринадики, “ширин ёлғондан аччиқ ҳақиқат афзалдир”. “Дилинг Оллоҳда, қўлинг ишда бўлса”, яъни инсоннинг суврати ва сийрати муштаркак бўлган одам C., юзакилик, ясамалилик каби разил иллатлардан мутлақо йироқ бўлади. Муайян шахснинг шахсий ёки ижтимоий хулқ-атворида учраган ҳар қандай C., ҳар қандай мунофиқлик жамоа томонидан қаттиқ қораланади.

COҒЛОМ АВЛОД – 1) дард-касалдан холи авлод. 2) зарарли  таъсирлардан, салбий хислат, иллат ва шу кабилардан холи, тоза, пок авлод,; 3) мафкуравий, маънавий жиҳатдан тоза, соғлом фикрли авлод. С.а.–соғлом наслли, жисмоний бақувват, руҳи тетик, фикри тиниқ, иймон-эътиқодли, маънавиятли, мард ва жасур, ватанпарвар шахс. Соғ­лом боланинг туғилиши, энг аввало, онанинг соғлигига боғлиқ. Соғлиғи ночор, хўрланган, изтироб чеккан онадан соғлом фарзанд туғилмайди. Соғлом боланинг дунёга келиши отанинг ҳам қони тоза, тани ва руҳи соғлом бўлишига боғлиқ. Шу б-н бирга, она ҳам, ота ҳам соғлом ва аҳил, барқарор бўлиши керак. Барқарор оила бўлмаса, мустаҳкам жамият ҳам, истиқболи порлоқ миллат ҳам бўлмайди. 1993 йил 4 мартда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг махсус фармонига асосан Ўзбекистонда биринчи олий давлат нишони- “Соғлом авлод учун” ордени таъсис этилди. 1993 йил 3 июнда  ҳукуматга қарашли бўлмаган “Соғлом авлод учун” Халқаро хайрия жамғармаси ташкил этилди. Жамғарманинг асосий вазифаларидан бири, мамлакатимизда ёш авлодни соғломлаштириш миллий дастурининг она саломатлигини муҳофаза қилиш қисмини амалга ошириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ишида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштиришдан иборат. Оиланинг жамиятда тутган ўрни ва аҳамиятига нуфузли халқаро ташкилотлар ҳам холис баҳо бериб келмоқда. ЮНЕСКО 1994 йилни – “Оила йили” деб эълон қилган эди. Президентимиз томонидан 1998 йил – “Оила йили”, 1999 йил – “Аёллар йили”, 2000 йил – “Соғлом авлод йили”, 2001 йил – “Оналар ва болалар йили”, деб эълон қилинди. 1998 йил 30 апрелда эса Олий Мажлис “Оила кодекси”ни қабул қилди. Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси ҳузурида Республика “Оила” илмий-амалий маркази тузилди. 2000 йил 15 февралда Вазирлар Маҳкамасининг “С.а. давлат дастури тўғрисида” қарори қабул қилинди. 2001 й. Ўзбекистон Республикаси “Оналар ва болалар йили” деб эълон қилиниши муносабати б-н ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2000 йил 19 декабрдаги 1306-сонли фармойишига мувофиқ 2001 йил 5 февралда Вазирлар Маҳкамаси “Она ва бола” давлат дастури тўғрисида қарор қабул қилди. Асосий мақсад – соғлом, баркамол авлодни тарбиялаш, ҳар томонлама комил  инсонни вояга етказишдан иборат. Ҳозирги кунда ҳам мамлакатимизда С.а.ни вояга етказишга катта эътибор берилмоқда. 2008 йилнинг “Ёшлар йили” деб номланиши ҳам бу фикрни тасдиқлайди. Бу борада қабул қилинган давлат Дастурида нафақат бугун, балки келажакда ҳам С.а.ни тарбиялаш борасидаги устувор йўналишлар ва долзарб вазифалар белгилаб берилган.

СОғЛОМ МАФКУРА – умуминсонийликнинг  устуворлиги  тамойилига таянадиган, ижтимоий тараққиётни таъминловчи эзгу ва бунёдкор ғоялар тизимига асосланадиган мафкура шакли. Жамият тараққиётига салбий таъсир кўрсатадиган, одатда унинг таназзули, ҳалокатига сабаб бўладиган фашизм, коммунизм, диний-эктсремизм каби носоғлом мафкура шаклларидан фарқли ўлароқ, C.м. инсоният тараққиётини тезлаштиради. Юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, Ватан равнақига имкон яратади. С.м. жамиятдаги мулкий плюрализм, фикрлар ранг-баранглиги, кўппартиявийлик шароитига мос келади. У давлат доктринаси эмас, балки муайян жамиятнинг ҳаёти ва тараққиётини таъминлайдиган умумий тамойилларни ифодалайди. Бундай шароитда давлат ана шу тамойилларга барча фуқароларнинг амал қилишини ҳуқуқий кафолатлайди. С.м.га эҳтиёж бугунги кунда тарихий заруратга айланди. Зеро, бундай мафкурасиз жамият самарали    тараққий эта олмайди. Маълумки, кишилар онгига ўрнашиб қолган эскича мафкуравий қарашлар қолипидан чиқиш мураккаб руҳий жараёндир. Ўтиш даврига хос бўлган қийинчиликлардан бири ҳам одамлар тафаккури, руҳиятида туб ўзгаришларга эришишдир. Зеро, эски мустабид тузум даврида кишилар онгига фақатгина бир мафкура  “абадий”, “ўзгармас”, “мутлақ” деб сингдирилган эди. Бугунги кунга келиб ана шундай мафкуравий якка ҳокимликка барҳам берадиган, умумхалқ  манфаатларига мос келадиган, аҳолининг барча табақалари, қатламларининг талаб-эҳтиёжлари, мақсад ва интилишлари, орзу-истакларини қондирадиган С.м.га эҳтиёж пайдо бўлди.  Миллий истиқлол ғояси ана шу заруратнинг натижаси сифатида вужудга келди. Шунга кўра,  эндиги вазифа мустақил Ўзбекистон ёшларини С.м., миллий тарбия асосида вояга етказиш ҳисобланади. Бунда фарзандларимизнинг ғоявий-сиёсий, меҳнат ва эстетик тарбиясига истиқлол ғоялари нуқтаи назаридан ёндашиш талаб этилади. Ёш авлод вакиллари мустақиллик, миллатпарварлик, байналмилаллик ғояларига асосланган С.м. билан қуроллансагина, улар Ватан ва халқ, инсон, она юрт қадрига етадиган фуқаролар бўлиб улғаяди. Мустақил Ўзбекистон ёшларининг С.м. асосида ватанпарвар, халққа қайишадиган, фидойи, ота-боболар ишига, истиқлол ғояларига садоқатли қилиб тарбиялашда миллий-адабий қаҳрамонларимиз, Ватан озодлиги, юрт ободлиги, фаровон ҳаёт йўлида жон фидо этган ботирларимиз сиймолари, уларнинг жасорати ибрат-намуна ролини ўйнамоғи мақсадга мувофиқдир. Ботир Широқ, ватанпарвар Тўмарис, мард ва ёвқур Жалолиддиншоҳ, фидойи Нажмиддин Кубро, мустақил ва марказлашган давлат қуриш йўлида ақл-идрокини, қудратини сарфлаган Соҳибқирон Амир Темур, умри ватан соғинчи билан ёниб ўтган шоҳ Бобур Мирзо, халқининг озод яшаши учун жонини тиккан Номоз ботир, генерал Жўрабеклар, жадид намояндаларимизнинг ҳаёти ва фаолиятини чуқур ўрганмоғимиз ва С.м. тамойилларига мослаб, миллий тарбияга асос қилиб олмоғимиз даркор.  Зеро, Президент И.А. Каримов таъкидлаганидек: “Жамиятимизда бугун мавжуд бўлган хилма-хил фикрлар ва ғоялар, эркин қарашлардан, тоифа ва гуруҳларнинг интилишлари ва умидларидан, ҳар қандай инсоннинг  эътиқоди ва дунёқарашидан қатъи назар, уларнинг барчасини ягона миллий байроқ атрофида бирлаштирадиган, халқимиз ва давлатимизнинг дахлсизлигини асрайдиган, эл-юртимизни энг буюк мақсадлар сари чорлайдиган ягона ғоя – мафкура бўлиши керак” (И.А.Каримов. Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз. 7-жилд. Т.: “Ўзбекистон”, 1999. 91-92 б.). 

СОҲИБҚИРОН (араб. саодатли, зафарли, ғолиб) — Илми нужум (астрология) ва афсоналарда қуёш тизимидаги катта сайёралардан иккитасининг — Зуҳро ва Муштарий сайёраларининг бирлашиши, яъни улар эклиптиканинг маълум бир даражасида тўқнаш келиши вақти (қирон буржи)да туғилган шахсга нисбатан қўлланадиган т.  Одатда, С.нинг бахтли, улуғ мартабали бўлиши олдиндан башорат қилинган. С. сўзининг асл маъноси “бахтиёр подшоҳ”, “қудратли подшоҳ” демакдир. Ривоятларга қараганда, Амир Темур икки шарофатли юлдуз — Зуҳро ва Муштарий сайёралари бир-бирига яқинлашган пайтда туғилган экан. Унинг С. унвонига эгалиги шундандир. Илгари ҳам жаҳон мамлакатларида, хусусан, Греция, Арабистон, Эрон ва Турон заминда қудратли ҳукмдорлар, жаҳонгирлар шундай унвон б-н шарафлаб келинган, мас., Искандар, Чингизхон ва ҳ.к. Астрономия фани мазкур сайёраларнинг ҳар 800 йилда тўқнаш келишини исботлаган.

СубъЕктивизм — объектив оламдаги барча нарса ва ҳодисаларнинг мавжудлиги ва ўзгариб боришини фақат субъект фаолиятига боғлаб тушунтирувчи таълимот. С. субъектнинг наз-й  ва амалий фаолиятини мутлақлаштириб, табиат ва жам-тдаги нарсалар, ҳодисалар ва жараёнларнинг, уларнинг ўзига хос хус-ятлари ва рив-ш қонуниятлари объектив тарзда мавжуд эканини тан олмайди.

Суверенитет (франц. souverainite – олий ҳокимият) – давлатнинг ички ва ташқи сиёсатдаги тўла мустақиллиги. Давлат суверенитети ҳақидаги ғоя XVI асрда Франц. олими Жан Боден томонидан илгари сурилган. У суверен бўлмаган давлатни давлат деб  ҳисобламаган.  Ж.Боден бунда давлатнинг олий ҳокимиятини назарда тутган. Суверенитет  халқнинг тўла ҳукмронлиги ёки халқ бошқаруви тўла-тўкис таъминланган ҳолатдир. Давлат суверенитети мустақил ички ва ташқи сиёсат олиб бориш, ўз ҳудудининг дахлсизлигини таъминлаш; қонунларни қабул қилиш;  уруш ва тинчлик масаласини ҳал қилиш; суд ҳокимиятини амалга ошириш; мансабдор шахсларни тайинлаш; мустақил валютага эга бўлиш кабиларни тақозо қилади. Халқаро ҳуқуқнинг ривожи жараёнида давлат суверенитети ҳақидаги ғоя муттасил такомиллашиб, мазмунан бойиб борди. Кўплаб халқаро ташкилотлар, айниқса, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ҳужжатларида, давлатлар конституцияларида бу ғоя ўз ифодасини топган. Республикамизнинг мустақиллиги давлат суверенитетининг асосидир. Ўзбекистон Конституцияси 1-моддасида “Ўзбекистон – суверен демократик республика” эканлиги белгилаб қўйилган. Халқ суверенитети ғояси XVI асрда яшаган  Европа олими Мирсилий Падуанский томонидан илгари сурилган. Кейинчалик ҳуқуқшунос олим Иоганн Алтузи (1557-1638) ўзининг “Сиёсат”, француз мутафаккири Жан Жак Руссо “Ижтимоий шартнома ёки сиёсий ҳуқуқ  тамойиллари” асарларида бу ғояни ривожлантирганлар. Бу ғоя XVIII асрдаги Француз инқилобидан сўнг, “Инсон ва фуқаро ҳуқуқлари Декларацияси” (1889 йил) қабул қилиниши билан янада катта аҳамият касб этди. Бу таъсир натижасида қабул қилинган Франция Республикаси Конституциясининг 3-моддасида “Миллий суверенитет халқники бўлиб, халқ уни ўз вакиллари ва референдум орқали амалга оширади”, дея эътироф этилган. Бу тамойил жаҳондаги аксарият мамлакатлар Конституцияларида ҳам ўз ифодасини топган. Хусусан, Ўзбекистон Конституцияси 7-моддасида “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир. Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимияти халқ манфаатларини кўзлаб ва Ўзбекистон Республикаси  Конституцияси ҳамда унинг асосида қабул қилинган қонунлар ваколат берган идоралар томонидангина амалга оширилади”, дейилган. Халқ суверенитети ғояси тамойиллари қуйидагилардир: а) ҳокимиятнинг бирдан-бир манбаи халқдир; б) барча қонунлар халқ томонидан қабул қилиниши лозим; в) ҳукумат халқ томонидан сайланиши ва халқ назорати остида ўз фаолиятини амалга ошириши зарур.  Шарқда суверенитетнинг мазмун-моҳияти мустақиллик тушунчаси орқали ифодаланади.  Истиқлол даврида республикамиз ўз суверен ҳуқуқларига тўла-тўкис эга бўлган мустақил мамлакат эканлигини намоён қилмоқда.

СУДХЎРЛИК (араб. рибо) — фойдахўрлик, берилган қарз эвазига устига фоиз олишдек маънавий иллатни ифодаловчи т. “Суд” — фойда, “С.” — пул қарз бериб, фойда кўришдир. Бу маънавий иллат исломда қатъиян тақиқланган бўлиб, удан олдинги жоҳилият давридаги арабларда С. кенг тарқалган эди, айниқса, тижоратида бу авж олганлиги ва кўп одамлар қарзларини тўлай олмай, хонавайрон бўлгани учун Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.) буни ҳаром, деб эълон қилган. Аммо ҳозирда ислом оламидаги банклар тизимида шариатга мувофиқ муайян даражада ислоҳ қилинган. Кредиторларга қарз берганда уларнинг имкониятига қараб олинадиган фойдага шериклик белгиланади. Мусулмон маънавиятида С. инсон амалий ва ақлий фаолиятига хос тубанлик сифатида тушунилади. С. исломда гуноҳи кабира (улкан гуноҳ) ҳисобланади. С.нинг муқобили пора олиш ва беришдир. Порани олган ҳам, берган ҳам гуноҳдир.

СУННИЙЛИК (араб. аҳли сунна вал-жамоат) — Ислом динидаги тўғри йўлда юрувчи оқимни ифодаловчи атама. Муҳаммад (с.а.в.) мусулмонларнинг келажакда бир неча фирқаларга бўлиниб кетишидан ташвишланиб, улардан биттасини — “фирқаи ножия” (нажотга эришувчи фирқа) деб атаган. Имом Абу Исо ат-Термизий Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (р.а.)дан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар (с.а.в..) шундай дейди: “Аниқки, Бани Исроил қавмига келган ҳодисанинг айни ўзи менинг умматимга ҳам келади. Бани Исроил қавми етмиш икки фирқага бўлиниб кетган эди, менинг умматим яқин келажакда етмиш уч фирқага бўлиниб кетади. Барчаси залолатга боради, илло биттаси нажотга. Саҳобалар: “Жаннатга борадиган битта фирқа қайси” — деб сўрадилар. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Мен ва саҳобаларим тутган йўлдагиси”, — деб жавоб берди. Юқорида келтирилган ҳадисларнинг мазмуни шунга далолат қиладики, пайғамбар (с.а.в.) баён этган ва нажотига башорат берган ягона фирқа — бу “аҳли сунна вал — жамоа” яъни С. фирқаси. Бу фирқа аҳли ислом динининг ихлосли, эътиқодли бўйсинувчилари бўлиб, ўзларини Иброҳим (а.с.) миллатидан деб ҳисоблайдилар, Пайғамбар (с.а.в..)нинг шариатига итоат қиладилар. Абдулқоҳир ибн Тоҳир ал-Бағдодий ат-Тамимийнинг “Ал-фарқ байнал-фирақ” китобида “аҳли сунна вал-жамоа” фирқасидан ҳисобланувчи турли тоифа илм аҳллари ҳақида тўла маълумот берилган. “Аҳли сунна вал-жамоа” қаторига “аҳли усул” кишилари ҳам киради. Улар калом илми билимдонлари бўлиб, “мутакаллимийн” дейилади. Мутакаллимлар Оллоҳнинг ваҳдонияти, унинг сифати зотияларининг исботи, Оллоҳ ҳақида айтиш мумкин бўлмаган, бироқ жоҳиллар (илмсизлар) томонидан айтилган гапларни рад қилиш, Оллоҳнинг зотий сифатлари б-н фузулий сифатларини, Оллоҳга нима вожиб, нима жоиз ва нима муҳол эканлигини ажратиб бериш, тақдир, ваъда, умид, мукофот ва ваъийд (қўрқитиш, огоҳлантириш), Оллоҳнинг исмлари, ҳукмлари ш.к. ақидалар борасида фикр юритиб, уларни рофизийлар, хорижийлар, жаҳмийя, нажжорийя ва б. фирқаларнинг бидъатларидан ҳимоя қилувчи олимлардир. Улар қаторига “Аҳли фуруълар”, яъни шаръий далилларга асосланган ҳолда шариъат ҳукмлари, вожиб, мустаҳаб, мубоҳ, макруҳ, мамнуъ ва б. масалалар, мас., Оллоҳнинг сифати азалийяси, охиратда Оллоҳни кўз б-н кўриш, қайта тирилиш, маҳшарда йиғилиш, қабр азоби, ҳавзи кавсар суви, шафоат ва мағфират борасида фикр юритувчи, Абу Бакр (р.а.), Умар (р.а.), Усмон ва Алиларнинг халифаликлари ва б. саҳобаларнинг ҳақларига фақат салом ва мақтов айтувчи, яхши фикрда бўлувчи, жума намозининг фарз эканлигини тан олувчи, Қуръон ва Суннатдан ижтиҳод ва истинбот қилиб ҳукм олишни жоиз билувчи, мутъа (вақтинча) никоҳни ҳаромлигини тасдиқ этувчи олимлар ҳам кирадилар. Аҳли фуруълар икки гуруҳдир. Биринчиси, аҳли ҳадис, иккинчиси аҳли раъй, яъни ижтиҳод кишиларидир. Аҳли ҳадислар Ҳижоз уламолари бўлиб, улар сирасига: Имом Молик Ибн Анас ал-Асбаҳий ва унинг Яҳё ибн , Ал-қаънабий, Яҳё ибн Бакийр, Мусъаб ибн Умайр, Аз-Зубайр, Ибн ал-Қосим, Ибн ал-Ваҳб сингари шогирдлари, Имом Муҳаммад ибн Идрис аш-Шофиъий ва унинг Исмоил ибн Яҳё ал-Маданий, Ҳурмула ибн Яҳё, Рабийъ ибн Сулаймон ал-Муродий, Абу Яъқуб ал-Бувайтий, Ҳасан ибн Муҳаммад ибн ас-Сабоҳ аз-Заъфароний, Муҳаммад ибн Абдул-Ҳакам ал-Мисрий, Абу Савр Иброҳим ибн Ҳолид ал-Калбий сингари шогирдлари, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал унинг шогирдлари, Суфён ибн Уйайна, Суфён ас-Саврий ва б. имомлар, уламолар кирадилар. Аҳли раъй (ижтиҳод) уламоларига ҳанафий мазҳаби асосчиси Имом Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит ва унинг шогиртлари қози Абу Юсуф, Муҳаммад ибн Ҳасан, Имом Зуфар, Абу Мутиъ ал-Балхий, Ибн Саммоъа, Бишр ибн Ал-Мўътамир киради. Товус ибн Кайсон, Абдураҳмон ибн Абу Лайло ва унинг шогирдлари, “аҳли сунна вал-жамоа”нинг бошқа уламолари, Пайғамбар (с.а.в..)нинг суннатларига амал қилиб яшаётган барча мусулмонлар ҳам шулар жумласидандирлар. Ривоят (ҳадис) илмини яхши билган, ҳадисларнинг саҳиҳини ёки заифини яхши ажратадиган, ҳадис илмини ёлғон, тўқима ҳадислардан ҳимоя қила оладиган муҳаддислар бидъатчи гуруҳларга аралашмай Пайғамбар (с.а.в.) тутган йўлдан борганлар. Ўзини ҳаромдан тийган, Яратганнинг берганига сабр ва шукр қилган, ҳар бир ишини Оллоҳга топшириб, ҳар бир нарсада таваккал қиладиган, С. ақидасидаги аҳли тариқат олимлар ҳам “аҳли сунна вал-жамоа” жумласидандирлар.“Аҳли сунна вал-жамоа” мазҳаби дин арконларидан ўн беш рукнни иттифоқ қилганлар. С.нинг иттифоқича, шаръий далиллари тўртта: Қуръон, суннат, ижмоъ ва қиёс. Ўзбекистон мусулмонлари ҳам С. эътиқодига амал қилади.

СХОЛАСТИКА (юн.  мактаб) – Европада христианлик эътиқодини ёйиш, унинг мазмунини тушунтириш ва ақидаларини асослашни мақсад қилган диний-фал-й оқим. Схоластик фикрлаш баъзан кишиларни маълум ақидалар асосида яшашга ундайдиган, ҳатто бузғунчи ғояларга ишонтириш ва вайронкор хатти-ҳаракатларга даъват этадиган  тарғибот шакли сифатида ҳам намоён бўлиб келган. IX а.да яшаб ижод қилган Иоан Скотт Эриугена схоластик фал.нинг мустақил ғоявий-наз-й тизими ва ўз муаммолари доирасига эга бўлган илм соҳаси сифатида шаклланишига асос солган. Иқтисодиёти мустаҳкамланиб, ижт-й-сиёсий ҳуқуқи кенгайиб бораётган шаҳарларда ҳуқуқ, тиббиёт, меъморчилик, риёзиёт, механика, бошқарувчиликка оид илмларга, шу соҳалар бўйича мутахассисларга талаб ва эҳтиёж ортган. Фал.да эса ҳурфикрлиликка интилиш кучайган. Схоластик фал. IX а.дан бери муҳокама қилиб келаётган мавзулар (Инжилда келтирилган сўзлар маъносини тушуниш ва тушунтириш, эътиқод ва илм ўртасидаги мун-т, инсон билимининг табиати ва б.лар) яна баҳс доирасига тортилган. Айниқса, эътиқоднинг илмга, яратилганнинг Яратувчига, яккаликнинг умумийликка мун-ти муаммосига доир баҳс икки ўзаро қарама-қарши фал-й йўналиш — реализм ва номинализмни келтириб чиқарган. Реализм ва номинализм кўп а.лар давомида Ғарб тафаккури тарихида гоҳ мустақил, гоҳ бошқа таълимотлар доирасида ривожланган схоластик фал. йўналишларидир. Бу йўналишлар ўрта а.лар маъ-яти ва фан тар-ётига жуда катта таъсир кўрсатган.

СЦИЕНТИЗМ  (лот. scientia – билим,  фан) – илмий билим мад-тнинг энг олий қадрияти,  деган тасаввур берадиган йўналиш. С. учун  илм-фанни мутлақлаштириш,  уни фал. ва мад-тнинг бошқа шаклларига қарама-қарши қилиб қўйиш ва унга барча муаммоларни ҳал қилиш воситаси сифатида ёндашишдир. С. икки хилдаги кўринишга эга: 1) аксиологик кўринишда илм-фан   мад-тнинг энг юксак қадрияти деб тушунилади,  инсон ўз фаолиятида мад-тнинг фақат шу шаклига таяниши лозим,  деган ғоя илгари сурилади. Бу ёндашувга кўра, ижт-й ва мад-й тар-ёт илм-фан рив-ши маҳсулидир; 2) методологик С. бўлиб,  аниқ ва табиий фанларни мутлақлаштириб, уларнинг услубларини универсал деб ҳисоблайди ва улар бошқа соҳалар,  жумладан, гуманитар фанлар  учун хам асос сифатида хизмат қилиши лозим,  деган фикрни илгари суради. Ҳоз. даврда илм-фаннинг жадал рив-ши,  ишлаб чиқаришда янги технологияларнинг,  компьютер техникасининг кириб келиши сциентистик дунёқарашнинг кучайишига сабаб бўлди.

СЎЗ ЭРКИНЛИГИ — шахснинг ўз фикрини билдириш, айтиш эркинлиги. ЎзР Конституциясида С.э. ва виждон эркинлиги мустаҳкам кафолатланган. Америкадаги собиқ британ мустамлакаларида эркинликнинг том маънодаги мазмуни 1735 йилларда англай бошланган. Жон Питер Ценгер б-н боғлиқ бўлган воқеалар мамлакат тарихида катта из қолдиргани нафақат Америка, балки бутун дунё тарихчиларига яхши маълум. Мазкур воқеалар С.э. ва иғво ўртасидаги мезони белгилашга сабаб бўлди. Бундай мезнсиз матбуот эркинлиги мумкин эмас, чунки матбуот эркинлига турли мавқедаги чиновниклар ҳаракатини муҳокама ва танқид қилиш ҳам демакдир. Жон Питер Ценгер (1697-1746) — америкалик ношир ва матбаачи. Ўз типографияси ва бизнесини очган. Кейинчалик у 1733 йилда “Нью-Йорк уикли джорнел” ҳафтаномасини Нью-Йорк колониясида ташкил қилди. Унда Ценгер колония губернаторини танқид қилган ўз тарафдорлари мақолаларини чоп этарди. 1734 йил 17 ноябрида Ценгерни давлат асосларини қўпорувчи иғвода айблашади. Суд хайъати Ценгерни судья уни айбдор билган ҳолда ҳам оқлаб чиқади. Мазкур ҳодиса фуқароларни С.э. ҳуқуқининг тадбиқ этилишига асос солганди. Ценгер иши матбуот эркинлиги ривожига катта хисса қўшди. Мустақиллик учун Америка урушидан олдинги Ценгер иши энг йирик суд ишларидан бири, деб ҳисобланади ва айнан шу иш АҚШ Конституциясига ўнта муҳим ўзгартиришларни киритишга таъсир қилди: “Конгресс сўз, матбуот эркинлигини чекловчи бирон-бир қонунни қабул қила олмайди…”. Ценгер иши давридан фуқаролар ҳам, лавозимли шахслар ҳам С.э. аҳамиятини яхши англашган. 1964 йилда АҚШ Олий суди газета устидан айблов қўйган оммавий лавозимли шахс етказилган маънавий зарар учун тўловни фақатгина журналист ахборотнинг ҳаққонийлиги ёки сохталигига олдиндан била туриб, ёвуз ниятда ёки мутлақ равишда бефарқлигини исботлаб берган ҳолда ундириши мумкинлиги мазмунида бир қатор қарорлар қабул қилди. Бошқа сўз б-н айтганда, журналист олдиндан маълум сохта ахборот чоп этаётганлиги исботлангандагина ўз хатти-ҳаракатлари учун жавоб беради. Бундай суд жараёнларида ғолиб чиқиш жуда мушкул ва бу журналистларни ҳукумат ва сиёсатчилар таъқибидан самарали ҳимоя қилишга кўмак бўлган. 1971 йилда “Нью-Йорк таймс” газетаси Вьетнам уруши тўғрисидаги мудофаа вазирлигининг махфий маърузасини чоп этади. Ҳукумат мазкур материалларни чоп этишни таъқиқлайди. АҚШ Олий суди эса Пентагон маърузасини чоп этишга ҳукуматда етарли асос мавжуд эмаслигини исботлайди. Аксарият суд аъзоларининг фикри қуйидагича бўлган: “Матбуот ҳокимларга эмас, фуқароларга хизмат қилиши даркор. Ҳукуматнинг матбуот устидан ҳукмронлиги матбуот доимо ҳукуматни назорат қилиши учун эркин бўлиши учун бекор қилинган. Матбуот ҳукуматнинг махфий ҳаракатларини фош қилиш ва шу тарзда фуқаролар онгини шакллантириш учун ҳимояланган”. АҚШда сиёсий жараёнлар ва ахборот маконининг очиқлиги йўлидан бориб, айнан мана шу йўл демократияни ривожланиши, давлатнинг иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамланиши, мавжуд ижтимоий иллатларни бартараф этилиши мумкинлигига ишонадилар. Жамиятда турли фикр ва муносабатларни ифода этишга талаб катта. Оммавий ахборот воситалари эса аҳолининг турли қатламлари кайфиятини акс эттирадилар. С.э.нинг иккинчи томони ҳам мавжуд. У нафақат ишонтириш, балки йўлдан уриши, нафақат маърифат улашиб, балки адаштириши ҳам мумкин. Аммо буларнинг барчаси том маънодаги С.э.ни ифода этмайди. Зеро сўз ва фактларни манипуляция қилиш бошқаларнинг эркин бўла олмаслигига сабаб бўлади. АҚШда ҳам истисно ҳоллар мавжуд ва бунда матбуот манфаатлари унданда муҳимроқ, мас., иғводан ҳимояланиш, диффамация, иллий манфаатларни ҳимоялаш, инсонларнинг хусусий ҳаётини репортёрларнинг аралашувидан ҳоли қилиш манфаатларига бўйсиниши лозим бўлади. Журналистларнинг қанча ҳуқуқлари бўлса, яна шунча мажбуриятлари ҳам мавжуд. Бу эса матбуот, телевидение ва радионинг маълум маънода тижоратлашган, улар фойдаси нафақат тижорат, балки сиёсий реклама б-н ҳам боғлиқлиги шароитида қатор муаммоларни юзага келтиради. Ўзбекистон Республикаси ОАВлари тўғрисидаги қонунида ҳар ким оммавий ахборот воситаларида чиқиш, ўз фикри ва эътиқодини ошкора баён этиш ҳуқуқига эгадир.

Т1