Т2

Т2

ТАШКИЛИЙ МАДАНИЯТ – муайян ташкилот, жамоа, ишчи гуруҳ орасида иш-фаолиятни тўғри ва самарали ташкил этиш маданиятини ифодаловчи т. Т.м. “ишлаб чиқариш маданияти”, “тадбиркорлик маданияти”, “ташкилотнинг ички маданияти” сингари атамалардан фойдаланилмоқда. Т.м. тушунчаси ХХ асрнинг 2-ярмидан бошлаб кўпроқ қўлланила бошланди. Лекин бу мазкур маданиятнинг ХХ аср ўрталарида пайдо бўлганини англатмайди. Моддий ва маънавий ишлаб чиқариш вужудга келибдики, Т.м.элементлари мавжуд бўлган. “Т.м.” тушунчаси жуда мураккаб ва кўп қиррали тушунчадир. У жуда кўп ўзаро узвий боғланган, бир-бирини тўлдирадиган ва ташкилотнинг фаолият юритиши учун асос бўладиган ҳодисаларни қамраб олади. Т.м. мазкур ташкилот аъзолари томонидан эътироф этиладиган қарашлар, ғоялар ва кадриятларнинг йиғиндисидин иборат. Ҳозирги кунда ташкилий маданиятнинг негизини қадриятлар ташкил этади, деган қараш кенг таркалган. Қадриятлар ташкилот аъзоларининг хулқ-атворини, мотивация даражасини, фаоллигини белгилайдиган ҳодисадир. Баъзан Т.м. деганда, ташқи белгилар: униформа, фирма конвертлари, фирма тимсоли кабиларга эътибор қаратилади. Аслида эса бу белгилар ташкилий маданиятнинг фақатгина ташқи жиҳатларини ифодалайди, холос. Т.м. тушунчаси дастлаб XIX асрнинг охирларидан қўлланила бошлаган. Немис генерал-фельдмаршали Хелмут фон Молтке армияни функционал тамойил асосида ташкил этиш зарурлигини асослайди ва бу тамойилга нисбатан Т.м. атамасини қўллади. Кейинчалик бу атама саноатчилар томонидан ҳам қўлланила бошланди. Хулқ-атворнинг ёзилган ва ёзилмаган қоидалари турли касаба аъзолари ўртасида ўрта асрлардаёқ шаклланган эди. Баъзи ҳолларда эса бу қоидалардан четга чиқиш касаба аъзосини ҳамжамиятдан чиқариб юборишгача олиб келар эди. Турли касаба вакиллари ўзига хос кийимлари, белгилари, махфий тимсоллари сингари атрибутларга эга бўлган. Ҳозирги кунгача Оксфорд ва Кембриж университетларининг талабалари муайян рангдаги галстук тақишади. Тарту университетининг талабалари эса ўзига хос фуражка кийиб юришади. Ташкилий маданият асосий белгиларига қараб турлича тасниф қилинади. Ҳозирги кунда Ф. Харрис ва Р. Моран таснифлари кўпчилик томонидан эътироф этилмоқда. Бу олимлар ташкилий маданиятни ўнта асосий сифатига қараб тасниф қилишади: 1. Ташкилотдаги ўзининг ўрни ва ролини англаш (баъзи маданиятларда вазминлик, ўзини тута билиш, ўзининг ички кайфияти ва муаммоларини сиртга чиқармаслик рағбатлантирилса, бошқаларда очиқлик, ҳис-туйғуларни очиқ намоён қилиш сингари ҳолатлар маъқулланади). 2. Коммуникация тизими ва мулоқот тили (оғзаки, ёзма, новербал коммуникациялар, «телефон ҳуқуқи»дан фойдаланиш турли ташкилотларда турлича намоён бўлади; турли соҳалар, турли ҳудуддаги ташкилотларнинг касбий жаргонлари, имо-ишора тили, аббревиатуралари ўзига хос кўринишларга ва хусусиятларга эга бўлади). 3. Ташқи кўриниш, кийим-кечак ва ўзини ишда қандай ҳис қилиши (униформаларнинг, иш услубларининг, косметика, тақинчоқлардан фойдаланишнинг турли-туманлиги турлича микромаданиятлар мавжудлигидан далолат беради). 4. Овқатланиш, дам олиш б-н боғлиқ бўлган расм-русум ва анъаналар (ташкилотдаги ходимларнинг овқатланиши қандай ташкил этилгани, ташкилотнинг ходимлар овқатланишига маблағ ажратиши ёки ажратмаслиги, турли ташкилий мавқега эга бўлган ходимларнинг биргаликда ёки алоҳида овқатланиши ва ҳ.к.). 5. Вақтга муносабат, уни англаш ва ундан фойдаланиш (вақтдан унумли фойдаланиш ёки уни бекор ўтказиш, ташкилот фаолиятидаги вақт кўрсаткичларига бўйсуниш ёки уни мунтазам равишда тузиш). 6. Ходимлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар (шахслараро муносабатларга ёш, жинс, миллат, мавқе, маълумот даражаси, тажриба, билимлар ҳажми ва бошқаларнинг таъсир қилиши; шахслараро муносабатларнинг формаллашиш даражаси, ихтилофларни ҳал қилишнинг қабул қилинган шакллари). 7. Қадриятлар ва меъёрлар (қадриятлар яхши ва ёмон нарсалар тўғрисидаги тасаввурлар йиғиндиси бўлса, меъёрлар муайян шароитда ўзини қандай тутиш ҳақидаги қоидалар йиғиндиси). 8. Дунёқараш (эътиқоднинг мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги, адолат, муваффақият, ўз кучига, раҳбариятга ишонч; ўзаро ёрдамга муносабат, ёмонликнинг жазоланиши ва яхшиликнинг қарор топишига ишониш ва ҳ.к.). 9. Ходимнинг ривожланиши ва ўзини намоён этишига шароит яратилиши (топшириқни чуқур англамасдан бажариш ёки унга онгли муносабатда бўлиш, ақлга ёки кучга таяниш, ташкилотда ахборотнинг эркин ёки чекланган ҳолда айланиб юриши, ижодий вазият ёки қатъий тартиб ўрнатилгани ва бошқалар). 10. Меҳнат этикаси ва мотивация (ишга нисбатан қадрият ёки мажбурият сифатида қараш, ўз меҳнати натижаларига бефарқлик ёки масъулиятлилик, меҳнат фаолиятининг сифат хусусиятлари, ходимнинг умумий натижадаги улушига қараб тақдирланишида адолатлилик ёки адолатсизлик; ташкилотда ходимнинг касбий ўсишини режалаштиришнинг мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги). Т.м.нинг муҳим элементларидан бири ишга янги қабул қилинган ходимларга муносабат. Аввало, янги ходимларни ташкилий маданиятнинг элементлари б-н таништириш, шу маданиятга мослаштириш, бошқа ходимлар б-н ўзаро муносабатда қандай қоида ва меъёрларга амал қилишни ўргатиш ва бошқалар. Янги ходимларнинг ташкилот маданиятига мослашиш даври уларнинг шу корхонадаги фаолиятида энг мураккаб даврлардан ҳисобланади. Шу б-н бирга, янги келган ходимлар ўзлари б-н бирга аввал ишлаган корхоналаридаги Т.м. элементларини ҳам бирга олиб келишади. Ана шундай элементлар ва бошқа таъсирлар натижасида Т.м. ўзгариб, ривожланиб боради.

ТАШҚИ КЎРИНИШ — 1) инсоннинг ким ва қандай эканлиги ҳақида дастлабки маълумотни берувчи, унинг турмуш тарзи ва ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган фаолияти; 2) ўзга инсон маъ-ятига, унинг ахлоқий ва ахлоқсиз сифатларининг намоён бўлишига таъсир кўрсатувчи сабаблардан бири. Аксарият ҳолларда инсоннинг ташқи гўзаллигига нисбатан юзаки мун-т билдирилади; ташқи гўзаллик шахс¬нинг чинакам «Мен»ини намоён қилишига тўсқинлик қилувчи, ўткинчи ҳодиса сифатида қаралади. Ҳоз. давр бундай фикрларни қисман рад этади. Чунки, инсоннинг ташқи гўзаллиги нафақат ўзига, балки бошқаларнинг фаолия¬тига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Зеро, Т.к. : 1. Одамнинг ўтаётган кунини сермазмун ва хайрли этади, кайфиятини кўтаради; 2. Инсоннинг ҳа¬ётдан баҳраманд бўлиш онларини ширин қилади ва унга завқ бағишлайди; 3. Одамни очиқ кўнгилли, сертакаллуф ва олижаноб этади; 4. Инсоннинг ҳурматини оширади ва унинг келажагини белгилайди. Инсон ўзининг Т.к.га кўпроқ эътибор қаратади. Бу одатда чиройли кийиниш, ўзига оро бериш орқали намоён бўлади. Инсоннинг бундай интилишлари унинг ўз ҳохиши, истаги ва ихтиёри б-н амалга оширилаётганлиги боис обьектив ёки субьектив таъсирлар бу фаолиятга кескин қаршилик қила олмайди. Мода ҳам аслида инсоннинг ўз Т.к.ни такомиллаштиришига бўлган зарурият натижасида юзага келади, дейиш мумкин. Инсоннинг муомала одоби унинг Т.к. учун устувор бўлмаса-да, бироқ уни бир қадар юксалтиришда муҳим аҳамиятга эга. Бироқ, ҳар қандай ҳолатда ҳам Т.к.да меъёр асосий ўринни эгалламоғи лозим. Ташқи гўзалликни такомиллаштириш ботиний гўзалликнинг поймол этиш ҳисобидан амалга оширилмаслиги керак. Акс холда Т.к.ни такомиллаштиришга нисбатан бундай ёндошув инсон гўзаллигининг мукаммаллашувига салбий таъсир кўрсатади. Ҳозирга пайтда Т.к. такомиллаштиришнинг биологик ва тиббий воситалари мавжуд. Ш-дек, дунёнинг тараққий этган мам-тларида кўплаб эстетик марказлар ташкил этилган бўлиб, бу марказлар Т.к. борасида амалий аҳамиятга доир ишларни амалга ошириб келмоқда, тадбирлар ишлаб чиқиб, Т.к.нинг анъанавий усулларининг замон талаблари б-н уйғунлаштиришга ҳаракат қилишмоқда.

ТАЪМА ВА ТАЪМАГИР(ЛИК) − манфаатпарастликнинг кўриниши бўлиб, бутун хатти-ҳаракатини шахсий манфаат олишга қаратган одамнинг хулқ-атворини таърифлайдиган салбий маънавий сифат. Т., Т.гирлик – Т. сўзи, араб тилида кучли истак, тилак, орзу, ҳирс, очкўзлик маъноларини билдиради. Ўзбек тилида бу сўзнинг маъноси янада кенгайиб, бировдан бирор нарса ундириб қолиш, ўзиники қилишни, ўзиники қилиб олиш илинжидаги хатти-ҳаракатларни ифодалайди. Т. қилмоқ – бировдан бирор нарса ундиришга умидланмоқ, шунга интилиш, кўз тутмоқни англатса, ижтимоий муносабатларда бу сўз маъноси янада кенгайиб, моддий манфаат кўриш, очкўзлик, мол-дунё орттириш йўлидаги ғаразли ниятлар билан хатти-ҳаракатларни ҳам билдиради. Шу тариқа, эндиликда киши хулқ-атворидаги энг жирканч ва нафратга лойиқ ҳолатларни ифода қилувчи, бировдан бирор нима ундиришга ружу қўйган, шахсий бойлик орттиришга муккасидан кетган бешафқат, золим кўнгилли кишиларнинг кирдикорларини англатувчи сўзга айланди. Бировнинг молидан таъма қилиш энг ёмон иллатдир. Навоий “Маҳбуб-ул-қулуб” асарида Т. ҳақида шундай ёзади: “Тамаъ мазаллатға далил ва ғаний томеъ хору залил… тамаъ аҳли лаим”. Хорлиғлар боши тамаъ билгил Доимо “азза ман қанаъ билгил.” (Яъни, Т. тубанликка далил, бойиган таъмагир одам хор ва пасткаш, хасис кимса, хорликлар таъмадан бошланади, қаноат қилган азиздир). Т.гирлик замон ўзгариши, давр тараққий этиши билан янги-янги кўринишларда ўзини намоён этиб келаётганини кўриш мумкин. Чунончи, мустақиллик даврида мулкдорлар синфи энди шакллана бошлаган пайтда, фермер хўжаликлар оёққа тура бошлаганда уларнинг корхоналарида ҳисоб-китобларни текширувчи, тафтиш қилувчилар кўпайиб кетган эди. Ҳолбуки, бировнинг ҳалол тер тўкиб, меҳнат билан топган мол-давлатидан улуш олишга интилиш – одамнинг жамиятдаги обрў-эътиборини туширадиган, худбинлигини ошкор қиладиган ҳолат эканлигини мамлакатимиз Президенти ўз чиқишларида, нутқларида кўп маротаба такрорлаганлар. Бинобарин, Т.гир шахсни – фаровонликка тўғоноқ бўладиган пасткаш, тубан, қаноатсиз кимсалар қаторига киритиш мумкин. Ҳатто ҳуқуқ фанида жиноят мотивларидан бири сифатида тилга олинадиган бу хил иллатни намоён этган шахслар Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 56-моддаси «к» бандида ғаразли ва бошқа тубан ниятларда жиноят содир этиши, бу эса жазони аниқлаштирувчи ҳолат экани белгилаб қўйилган. Дарҳақиқат, бировнинг молидан Т. қилиш – кундалик ҳаётда шахс намоён қиладиган энг ёмон иллатлардандир. Чунки бу хил иллатга гирифтор бўлган шахслар жамият тараққиётига ғов бўлибгина қолмай, давлат ишига, ўзи ўтирган лавозимга иснод келтириши шубҳасиздир.

ТАҚВО — ислом маънавиятининг таркибий қисми, Аллоҳдан қўрқиш, ёмон нарсалардан сақланишни англатувчи т. Шундай фазилат эгалари тақводор ҳисобланадилар. Ҳадисда айтилишича: “Аллоҳдан қўрқишлик — ҳамма ҳикматнинг боши”. Аллоҳдан қўрқувчи, унга итоат этувчи банда оилада ҳам, жамиятда ҳам ҳалол яшайди, ҳаромга қул урмайди, охиратда жавоб беришини ўйлаб, бировнинг ҳақига хиёнат қилмайди” — деб қаралади.

ТАҚДИР, қисмат (араб. олдиндан белгиланган ҳаёт йўли) — инсон ҳаёти ва фаолиятини ҳамда оламдаги барча ҳодисаларни якка-ягона яратувчи амрига боғловчи диний тасаввур. У исломнинг суннийлик ва шиалик мазҳабларида расман эътироф этилган. Т. Ислом ва насронийликда (христианликда) яратувчи худонинг ўзига хос қудрати сифатида намоён бўлади. Исломдаги Т. (“тақдири азал”) каломда кенг талқин этилган. Калом таълимотининг асосчиси ал-Ашъарий “тақдири азал”ни инсон ирода эркинлиги б-н келиштиришга ҳаракат қилган. Фалсафада Т. тушунчаси орқали фатализм оқими шаклланган.

ТАҚЛИД — бошқаларнинг хулқига эргашиш ёки улар ҳақидаги хатти- ҳаракатларни, характер хислатларини, нутқ хус-ятларини маълум даражада ихтиёрий ёки ихтиёрсиз равишда такрорлашдан иборат хулқ шаклини англатувчи т. Т.нинг физиологик асоси “Т. рефлекси” бўлиб, унинг ёрдамида бизнинг ҳаммамизда болалигимиздан бошлаб мураккаб индивидуал ва ижт-й хулқ таркиб топади ҳамда ҳосил қилинади.

ТАҲДИД – инсоннинг ҳаётий фаолияти, яшашини чигаллаштирадиган ҳамда муайян тарихий давр мобайнида аниқ мақсадга йўналтирилган ижтимоий тузилманинг, давлат сиёсий асосининг заифлаштирилиши, емирилишига қаратилган маҳаллий, ҳудудий, минтақавий ва умумсайёравий салбий омилларнинг “тажовуз”и туфайли аниқ макон ва замонда вужудга келадиган беқарор сиёсий-ижтимоий ва тарихий вазиятни ифодаловчи т. Т.лар турли-туман: ички, ташқи, катта ва кичик, макон нуқтаи назаридан эса узоқ ва яқин бўлиши мумкин. Сўнгги йиллардаги воқеалар шундан гувоҳлик берадики, уларни тоифалашда иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, экологик, демографик, маънавий, мафкуравий, ҳарбий, табиий-иқлимий Т.ларга ажратиб, таҳлил этиш мумкин. Ер юзининг турли минтақаларида содир бўлаётган, бутун инсониятга хавф солиб турган турли нохуш ҳодисаларни таҳлил қилган сари уларнинг барчасида инсон омили бош сабабчи экани ойдинлашади. XXI аср бошидаги тарихий тажриба шундан далолат берадики, муайян давлат ва миллатнинг хавфсизлиги, барқарорлиги, тараққиёти ҳамда истиқболи кўп жиҳатдан мазкур миллатга хавф солаётган хавф-хатар ва Т.ларни англаб етиш салоҳияти ва қобилияти даражасига боғлиқдир. Т.га нисбатан бефарқлик, лоқайдлик ёки уни бутунлай сезмаслик оқибатида таназзулга учраган давлатлар ҳам бўлган. Аксинча, боқийликка дахлдор миллатлар ҳам борки, улар муваффақиятининг асосий омили бўлғуси Т.ни олдиндан сезиб, унга ўз вақтида жавоб қайтаргани билан белгиланади. Т.ли ижтимоий-сиёсий вазиятни вужудга келтирадиган турли хавф-хатарлар ҳамда уларни бартараф этиш муаммоси буюк аждодларимизнинг сиёсат илмига доир фикр ва хулосаларида ўз аксини топган. Т.ни юзага келтирадиган манбаларни илдиз отмасдан бартараф қилиш, унга нисбатан доимо огоҳ, ҳушёр бўлиш, ғофилликка йўл қўймаслик ҳақидаги фикрлар аллома аждодларимизнинг сиёсий тафаккуридан кенг ўрин олган муҳим жиҳатлардир. Бу борада буюк мутафаккир Абу Наср Форобийнинг “Давлатни ақл-идрок билан бошқариш — халқ бошига тушган хавф-хатарни камайтириш ва бартараф этишдан иборатдир”, деган ҳикматли фикрларини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз (Форобий А.Н. Фозил одамлар шаҳри. Т., 1993.). Буюк аждодларимиз наздида, юртга бўладиган ички ва ташқи хавф-хатарларга нисбатан огоҳ бўлиш муҳим тамойил даражасига кўтарилган ҳамда уларнинг олдини олишнинг асосий шартларидан бири бўлган. Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асарида таъкидланганидек, “Беклик муқаддаслик ва покликни талаб этади. ҳушёрлик, сергаклик у қўйган талаблар қаторининг бошида туради. Бек соғ, ҳушёр, сергак бўлиши лозим. Улар ғофил бўлса, бало ёндашади. Қайси бек ҳушёр бўлса, элини мустаҳкамлайди, ёв бўйнини янчиб, унинг устига балолар ёғдиради. Ёв бўйнини янчиб ташлашни истаган киши тунда ҳам, кундузи ҳам қулоғини соғ-ҳушёр тутиши лозим. Ҳушёрлик туфайлигина ёвни енгиш мумкин, ғофиллик беклик боғини бузади” (Юсуф Хос Ҳожиб. Қутадғу билиг. Т., Фан, 1971.). Абу Наср Форобий мамлакатга хавф соладиган бало-офатларнинг олдини ола биладиган, башарти, шундай вазият юз берган тақдирда зудлик билан уни бартараф эта оладиган мамлакатнигина фозил, “ижобий” деб ҳисоблаган. Бундай имкониятга эга бўлмаган ёҳуд шундай бўлишга ҳаракат қилмайдиган, Т.га нисбатан лоқайдлик, мудроқлик касалига мубтало бўлган мамлакатларни аллома фозиллар шаҳрининг зидди, яъни “жоҳиллар, беномуслар, беқарорлар шаҳри” деб атаган. Форобий турли миллат кўникмаларига, бегона мафкура таъсирига жавоб қайтара оладиган, ўз жамиятини барқарор ривожлантириш билан боғлиқ бўлган мақсад ва вазифаларни аниқ тасаввур қила оладиган, замонавий ибора билан айтганда, ўз мафкураси, жипслаштирувчи миллий ғоясига эга бўлган мамлакатнигина фозил ҳисоблайди. Жалолиддин Давоний эса, юрт хавфсизлигини асрашни давлат сиёсатининг бош йўналишига айлантириш ғоясини илгари суради. Улуғ ўтмишдошларимиз мамлакатга бўладиган турли хавф-хатарларнинг ижтимоий ҳодиса эканлигидан келиб чиқиб, салтанат бошлиқларини давлатнинг хавф-хатарга доимо жавоб беришга тайёрлигини уни идора этишдаги мукаммаллик белгиси деб ҳисоблаб, Т.га нисбатан, давлат бошқаруви тизимида ялпи бохабарлик ҳолатини қарор топтириш масаласига катта эътибор берган (Ўрта Осиё мутафаккирлари, алломалари. Т., Фан, 2001.). Жумладан, Амир Темур ўз салтанатини идора этишда барча воқеа-ҳодисалар, ижтимоий-сиёсий жараёнлардан етарли даражада бохабар бўлиб туриш масаласига алоҳида эътибор қаратган. Реал хавф-хатарларни олдиндан кўра билиш, унинг хавфлилик даражасини аниқлаш мақсадида буюк Соҳибқирон мунтазам, узлуксиз ишлайдиган, ўз даври даражасидаги ахборот тизимини шакллантиришни бош вазифа қилиб кўйган. “Ҳар бир диёр аҳолисининг аҳволидан огоҳ бўлиб турдим. Ҳар бир мамлакат аҳволи, сипоҳу раиятнинг кайфиятини, туриш-турмушини, қилмиш-қидирмишларини, булар ўрталаридаги алоқаларини ёзиб менга билдириб туриш учун диёнатли, тўғри қадамли кишилардан воқеанавислар белгиладим”, дейилади “Темур тузуклари”да (Темур тузуклари. Т., 1996.). Амир Темур мамлакат ичкарисида ҳам, ташқарисида ҳам юз бераётган каттаю кичик воқеа-ҳодисалар ҳақида хабар беришларини талаб қилган ва буни давлат хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим чораси деб ҳисоблаган ҳамда салтанат барқарорлигига қаратилган чора-тадбирларни кўришда маблағни аямасликка даъват қилган. Буюк аждодларимиз жамиятга нисбатан давр ўртага қўйган талаблар моҳиятини англаб етишга интилиб келган. Бунда Т.ли вазиятнинг келиб чиқишига сабаб бўладиган ички омилларнинг таҳлили, чиқарилган хулосалар уларнинг фаолиятида алоҳида ўрин эгаллайди. Жумладан, давлат сиёсатидаги соғлом фикрлилик, унинг давр муддаоси билан ҳамнафас бўлишига доир масалага ҳам эътибор берилган. Бунда салтанат раҳбари томонидан ўз зиммасига юкланган бурч ва масъулиятни чуқур англаш, раият тинчлиги, омонлигини сақлаш учун мураккаб жараёнлар тизгинини қўлдан бермасликка интилиш, давлат раҳбарининг бутун фикру зикри жамиятда тинчлик ва осойишталикни сақлашга хизмат қиладиган воситаларни излаб топишга қаратилмоғи керак, деган хулосага келганлар. Маълумки, жаҳонда вужудга келган мураккаб вазият туфайли ҳозирги даврнинг маънавий-мафкуравий Т.лари тузилиши янада кенгайиб кетди. Замонавий мафкуравий Т. омили сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва маънавий соҳаларни яъни, инсоният жамияти ҳамда ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олган. Айни пайтда маънавий-мафкуравий Т. орқали кўзланган мақсадларга эришишда маънавият омилидан асосий механизм сифатида фойдаланилмоқда. Мазкур ҳолат маънавий-мафкуравий таҳдидларга қарши курашнинг самарадорлигини ошириш учун кўплаб назарий муаммоларни ҳал қилишни ҳам ниҳоятда долзарб вазифа қилиб қўймоқда. Хусусан, «маънавий-мафкуравий Т.» тушунчасини ҳозирги давр талабларидан келиб чиқиб, илмий жиҳатдан янада чуқурроқ англаш зарурлиги муҳим бўлиб турибди. Маънавий-мафкуравий Т. ўз моҳиятидан келиб чиқиб, энг аввало, инсон онгига, тафаккури ва хулқ-атворига хавф-хатар солмоқда. Инсон онги ва қалбини вайронкор ва бузғунчи ғоялар билан издан чиқаришга ҳаракат қилиш мафкуравий Т.нинг энг асосий мазмун-моҳиятини белгилайди. Маънавий-мафкуравий Т. муайян жамият аъзоларини ягона мақсад ва муддаолардан чалғитиб, миллий менталитетга мос келмайдиган бегона ғоялар, фикрлар, мақсадлар ва қарашларни четдан туриб экспорт қилиш жараёнида ўзини янада аниқроқ намоён қилади. Маънавий-мафкуравий Т.нинг ўта хавфли жиҳати шундан иборатки, у биринчи навбатда жамиятнинг маънавий соҳасини барбод этишга йўналтирилган. Чунки айнан маънавий соҳа ҳар қандай жамиятнинг мавжудлигини, яшовчанлигини таъминлайдиган асосий ўзаги ҳисобланади. Бугун маънавий-мафкуравий Т.ларнинг турли хил усул ва воситалари ишлаб чиқилмоқда. Киши хаёлига келмайдиган оддий гугурт қутисидан тортиб, устимиздаги кийимлар, озиқ-овқат маҳсулотлари, кинофильмларнинг ҳар бирида муайян тарзда катта ёки кичик бўлса-да, маънавий-мафкуравий Т. мавжуд. Бунинг хатарли томони шундаки, маънавий-мафкуравий Т. тарғиботчилари ўз мақсадлари йўлида жуда катта миқдорда маблағ сарфлашмоқда. Мас., бугун АҚШда таълим соҳасига нисбатан рекламага 1,5 марта кўп маблағ сарфланмоқда. Маълумки, ҳар қандай миллатнинг, жамиятнинг инқирозга юз тутишига биринчи навбатда маънавият омилининг сусайиши сабаб бўлади. Зеро, И.А.Каримов томонидан такрор ва такрор таъкидланганидек, бирон-бир жамият маънавий имкониятларини, одамлар онгида маънавий ва ахлоқий қадриятларни ривожлантирмай ҳамда мустаҳкамламай туриб ўз истиқболини тасаввур эта олмайди. Демак, бугунги кундаги маънавий Т. табиий равишда жамият учун «маънавий хавфсизлик» муаммосини келтириб чиқаради. Жумладан, бизнинг жамиятимиз учун ҳам ушбу масала ўта долзарб аҳамият касб этмоқда. Ҳозирги вақтда турли тоифадаги душманларимизнинг маънавиятимизга нисбатан хуружи қуйидаги кўринишларда юз бермоқда: экстремистик руҳдаги диний ғояларни тиқиштиришга интилиш; миллий тараққиёт моделига аҳоли ўртасида ишончсизлик уйғотиш; демократия қадриятлари ва демократик тараққиёт имкониятларига нисбатан шубҳа билан қараш ҳолатини вужудга келтириш; одамлар онгини эзгу ғоялардан чалғитиш; Ғарбга хос бўлган дунёқараш ва хулқ-атвор нормаларини тиқиштиришга ҳаракат қилиш; жамоапарварлик, ижтимоий ҳамкорлик руҳини инкор этиб, индивидуализм ғояларини сунъий равишда тиқиштириш; хаёлий-фаровон турмуш тарзини ваъда қилиш; жамиятни фикрсизликка ундаш; жамият аъзолари, айниқса ёшлар тафаккурида миллий қадриятларга содиқлик туйғуларини заифлаштириш, халқимиз урф-одатлари, миллий менталитетига бегона одатларни киритишга интилиш. Ғаразли мақсадларни кўзловчи сиёсий кучлар мафкуравий хуружларни амалга оширишда энг замонавий ахборот тармоқлари, санъат, адабиёт, реклама, оммавий ахборотлар воситаларидан иборат яхлит бир тизимдан фойдаланмоқдалар. Шу боис ҳам жамиятимизда маънавий хавфсизликни таъминлаш масаласига кенг қамровли равишда, сифат жиҳатидан бутунлай янги асосларда ёндашиш давримизнинг энг асосий муддаосини ташкил этади. Чунки ўз маънавий хавфсизлигини таъминлай олган жамиятнинггина умри боқий бўла олади. Хавфсизликни таъминлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Маънавий хавфсизликни таъминлашда қуйидагиларга эътибор бериш мақсадга мувофиқдир: миллий маънавий қадриятларни авайлаб-асраш; ёшларни миллий руҳда тарбиялаш; хорижий санъат намуналарини мунтазам эксперт қилиб бориш; маънавий дахлсизлик масаласини қонунлаштириб қўйиш; инсон иродасини чиниқтириб бориш; тарғибот ишларини замонавийлаштириб бориш. Зеро, “маънавий хавфсизлик” тушунчаси жамият аъзоларининг миллий, инсоний ва шахсий туйғулари, қарашлари, турмуш-тарзи, қадриятлари ҳамда урф-одатларини дахлсиз сақлашни англатади. Бугунги давр воқелиги ҳар бир масалада янгича тамойиллар асосида ҳам ёндашишни тақозо этмоқда. Муайян тушунчалар, ғоялар ёки тамойилларни англаб олиш ишнинг бир қисми, холос. Шу маънода, маънавий Т.ларга қарши курашда амалий ишларга эътибор бериш асосий масаладир. Бунинг учун жамият аъзоларида маънавий иммунитетни ҳосил қилиш керак. Президент И.А. Каримов “Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари” китобида ўз тақдиримизни ўзимиз белгилашимиз, истиқлол берган эрк ва озодликни бугунги мураккаб ва баъзан шафқатсиз дунёда бўлаётган турли хавф-хатарлардан сақлаш ҳар биримизга бевосита боғлиқ, деган теран маъноли фикрни олға суради. Агар бу фикрни таҳлил қиладиган бўлсак, биринчидан, биз яшаб турган дунё мустақиллигимиз ва тараққиётимиз учун турли хил таҳликаларга тўлиб-тошганлигини англаб етиш қийин эмас. Иккинчидан, кўп жиҳатдан бизнинг хоҳиш-иродамизга бўйсунмайдиган ижтимоий, умумжаҳоний ривожланиш жараёнлари мамлакатимиз фуқаролари олдига ғоят масъулиятли талаблар қўяётгани боис, таҳликаларнинг олдини олиш ва барқарорликка эришиш йўлидаги чора-тадбирларни амалга ошириш ҳар биримизнинг маънавий оламимизга боғлиқ экани тўғрисида аниқроқ тасаввурга эга бўламиз. Демак, халқаро ахборотлашув мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни тезлаштириш билан бир қаторда, афсуски, миллий, минтақавий ва глобал хавфсизликка нисбатан янги Т.ларни вужудга келтирмоқда. Мазкур Т.лар олимларнинг Халқаро Федерацияси томонидан XXI асрдаги инсониятга нисбатан бўлган энг етакчи хавф-хатар омили деб эътироф қилиниши ҳам бежиз эмас. Бундан келиб чиқадиган муҳим хулоса шундан иборатки, халқаро хавфсизлик ҳам, алоҳида олинган мамлакатларнинг тинчлиги ҳам ахборот хавфсизлигини таъминлашга кўп жиҳатдан боғлиқ. Жамиятнинг ахборот хавфсизлиги ўз навбатида тўғридан-тўғри жамиятнинг маънавий хавфсизлигини таъминлашни билдиради. Маънавий хавфсизликнинг амалиётда таъминланишига етарли даражада эътибор бериш ҳар бир жамият олдидаги долзарб масала эканлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

ТЕКИНХЎРЛИК – меҳнат қилмай еб-ичиш, кун кўриш, танбаллик, бировларнинг ҳисобига кун кечиришни англатувчи маънавий иллат. Текинхўр “ишёқмас”, “дангаса” сўзларига маънодош, салбий маънога эга бўлган сўз ҳисобланади. Инсон ҳеч қандай меҳнат қилмасдан, бировларнинг ҳисобига яшаб, кун кўрса бу унинг худбинлиги аломатидир. Халқимиз тўрт мучаси соғ одам кимнидир ёрдамига муҳтож бўлса, кимнидир сояси остида ундан умидвор бўлиб яшаса, “уят” иш, яъни Т. деб ҳисоблайди. Чунки соғлом инсон ўзи меҳнат қилиши ва “ўз ризқини териб ейиши” зарур. Т. ва қорин ғамида бойлар, амалдорлар, сармоядорларга бўйин эгиб тобе, муте бўлиб яшаш хорликдир.

ТЕНГЛИК – кишиларнинг жамиятда тутган ўрни ва ҳаёт шароитларидан қатъи назар, маънавий-ахлоқий талаблар ҳаммага бир хил бўлишини талаб қилувчи маънавий-ахлоқий тамойилни ифодаловчи т. Бошқача айтганда, маънавиятнинг ижтимоий-ҳуқуқий соҳадаги асосий тамойилларидан бири, жамиятдаги барча кишилар, қатлам, партия ва шу кабиларнинг қонун олдидаги ҳуқуқий умумий масъулияти ва имкониятларининг бараварлигини англатадиган тушунча. Т. таъминланган жамиятда унинг барча аъзолари яшаш, таълим олиш, меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, мулкдор бўлиш, малакали тиббий хизматдан фойдаланиш, қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда ижтимоий таъминот олиш, фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги, сайлаш ва сайланиш каби ҳуқуқларга эга бўлади. Т.нинг мантиқий маъноси айният б-н мос келади. Формал мантиқдаги айният қонунига кўра, агар фикрлар бир хил ҳажмга эга бўлсалар тенг фикрлардир, агар билдирилган фикрлар мазмун жиҳатидан ўзгармай қолсалар ҳам, тенг фикрлардир. Т. деганда, мамлакатимиз халқларининг барча соҳалардаги амалий тенглиги ҳам тушунилади. Т. йўқ жойда самимий дўстлик ҳам бўлмайди. Ҳаётда одамларнинг чин дўст бўлишлари учун, аввало, ўзларини бир-бирларига тенг ва муносиб кўришлари керак. Мустаҳкам дўстлик эса ҳам моддий, ҳам маънавий соҳалардаги тенглик ва ўзаро мутаносиблик пойдеворига қурилади. Мустақилликни мустаҳкамлаш йўлида миллий муносабатлардаги амалий Т. масаласи катта аҳамиятга эга. Кичик миллатларга паст назар б-н қараш, уларга ишонмаслик ва уларни катта миллатларга муте қилиб қўйиш каби адолатсизликлар тенгсизликнинг кўринишидир. Т. инсонларнинг бир жамиятда яшашлари жараёнида ўзаро бир-бирларига тенг меҳр-муҳаббатли, раҳм-шафқатли, қадр-қимматини жойига қўйиш, ҳурмат-илтифот кўрсатиш, ор-номусини ҳимоя қилиш, нафсониятини поймол қилмаслик ва бошқа шу каби барчага баравар тарзда инсоний самимий муомала-муносабатлари б-н изоҳланади. Т. тўлақонли барқарор бўлиши инсонлар, миллатлар ўртасида тўла тенгҳуқуқлиликка эришилишида ҳам ифодаланади. Т. бўлмаган жамиятда адолатсизлик ҳукм суради. Ҳар бир миллат асрлар давомида яратган миллий маданиятлари, қадриятлари орқали мамлакатимизнинг маънавий бирлигини озиқлантиради. Чунки, миллий илдизга эга бўлган маънавиятгина бошқа миллатларни бойитадиган маданий озиқ беради. Ҳар бир халқда ўз миллий маънавияти ва қадриятларини яхши биладиган, уларни адабиёт, санъат, фан, матбуот воситасида бошқа халқларга етказиб бера оладиган фозил одамлар бор. Улар ўз халқининг ноёб қадриятларини, маънавий меросини эъзозлаб, бошқа халқларга ҳам етказиб бера оладиган бундай фозил кишилар миллатларнинг ўзаро яқинлашувига, улар ўртасидаги маънавий Т.нинг мустаҳкамланишига ва давомийлигини таъминлашга хизмат қилади. И.Каримов таъкидлашича, миллат, элат бор экан, унинг шаъни ва шавкатини ҳимоя қилиш, шу жараёнда жаҳон ҳамжамиятида ҳар бир миллат ўз муносиб ўрнига эга бўлиши учун курашувчи фидойи инсонлар майдонга чиқади. Бундай инсонларнинг саъй-ҳаракати, жасорати туфайли миллат ўз мустақиллигига эга бўлиб, тенглар ичида тенг яшаш имкониятини қўлга киритади. Т. бўлмаган жойда инсоннинг ноҳақ кулфат чекиши, бадном бўлиши, соғлиғини йўқотиши, оила аъзоларининг беҳисоб машаққатларга дучор бўлиши, адолатга ишончининг сўниши, руҳий тушкунликка, келажакдан умидсизланиш каби изтиробли ҳолатлар нинг юзага келиши шубҳасиздир. Оилада ота-онанинг фарзандларининг барчасига моддий ва маънавий жиҳатдан тенг муомала-муносабатда бўлмаслиги, фарзандлар ўртасида аҳилликнинг, оилада эса тинчлик-осойишталикнинг бузилишига олиб келади. Ота-она фарзандларининг тарбияси жараёнида уларнинг ҳаммасига баравар-тенг тарзда маънавий-руҳий озуқалар, яъни меҳр-муҳаббат, ғамхўрлик, ҳамдардлик кўрсатишлари, уларни тушунишга ҳаракат қилишлари ҳам тўғри тарбиялаш мезонларига киради. Оилада тўғри тарбияланган фарзандлар оқил, яхши инсонлар бўлиб етишишади. Жамоада раҳбарнинг ходимларга нисбатан Т. муносабати уларнинг моддий ва маънавий тенг ҳуқуқлиликларини таъминлаши, барчага тенг иш шароитлари яратиши, ошна-оғайнигарчилик б-н ўзига яқин одамларга алоҳида эътибор қаратмасдан, балки барчага баравар инсоний муомала қилиши, касб ахлоқига, жамиятда қабул қилинган қонунларга ва адолат устуворлигига риоя этишида намоён бўлади. Яхши амаллар қилган инсонга кўрсатиладиган марҳаматлар, моддий ва маънавий рағбатлар, ҳадялар, албатта, ёмон амаллар қилган инсонга раво кўрилмаслиги − бу Т.нинг бузилган шакли бўлиб ҳисобланмайди. Зеро, ёмон амаллар қилгувчи киши б-н яхшиликлар қилгувчи кишига бир хилда марҳамат кўрсатилмаслиги адолатдандир. Қуръони каримда шундай баён қилинган: «Ким бирон ёмонлик қилса, унга (охиратда ўша ёмонлиги) баробарида жазо берилиши аниқдир. Ва эркакми, аёлми ким мўмин бўлган ҳолида бирон яхшилик қилса, ана ўшалар жаннатга дохил бўлурлар (ва) у жойда уларга беҳисоб ризқ берилур». Бундан ташқари, маънавий тенгҳуқуқлилик ҳам баён қилиниб, бошқанинг бирон неъмати ортиқлигига ҳасад-адоват қилмасликка, ҳар ким ризқ-насибасига рози бўлиши лозимлиги ва Оллоҳдан марҳаматни умид қилишни маслаҳат қилинади: “Оллоҳ бирон неъмат б-н бирингизни бирингиздан ортиқ қилиб қўйган бўлса, сизлар уни (ҳасад-аловат б-н) орзу қилманг! Эркаклар ҳам ўз меҳнатларидан насиба олурлар, аёллар ҳам ўз меҳнатларидан насиба олурлар. Сизлар (бировларга берилган неъматларга кўз олайтириш ўрнига) Оллоҳдан фазлу марҳаматини сўранглар. Албатта Оллоҳ ҳамма нарсани билгувчи бўлган зотдир.” Ш-дек, яхши амаллар қилган эркакка ва аёлга Оллоҳ томонидан бериладиган маънавий тенгҳуқуқлилик, покиза ҳаёт ва мукофотлар ҳақида маълум қилинган: “Эркакми ё аёлми − кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирон яхши амал қилса, бас, Биз унга покиза ҳаёт ато этурмиз ва ўзлари қилиб ўтган амалларидан чиройлироқ ажр-савоблар б-н мукофотлаймиз”. “Ҳоҳ эркак, ҳоҳ аёл бўлсин ⎯ кимда-ким мўмин бўлган ҳолида яхши амаллар қилса, ана ўша кишилар жаннатга кирурлар ва уларга заррача зулм қилинмас.”

“ТЕМУР ТУЗУКЛАРИ” — Амир Темурга нисбат бериладиган, халқимизга хос кўплаб маънавий тамойиллар акс этган тарихий-сиёсий рисола. Ушбу рисола XIV-XV а.лар тарихига оид қимматли манба бўлиб, унда Амир Темурнинг Мовароуннаҳрни мўғуллардан халос қилиши, ҳокимиятни қўлга киритиши, мустақил ва марказлашган давлат тузиши, ўзга мамлакатларга юриш қилиши ҳамда Мовароуннаҳр ва Хуросонда олиб борган ижтимоий-сиёсий ва маданий фаолияти ҳақида сўз юритилади. У дастлабки пайтда она тилимизда ёзилган, кейинчалик б. тилларга, хусусан, форс тилига ўгирилган, яна б. кўп тилларга, хусусан, француз, инг., урду ва рус тилларига таржима қилинган. Унинг нусхалари жаҳоннинг кўпгина кутубхоналарида сақланади. “Т.т.”нинг тўлиқ таржимасини машҳур олим А.Т. Соғуний ва шарқшунос олим Ҳ. Кароматов амалга оширганлар. Уни мустақиллик даврида чоп этиш имкони яратилди. “Т.т.” 2 қисмдан иборат. Биринчи қисмда Амир Темурнинг Мовароуннаҳрда салтанатни қўлга киритиш учун олиб борган курашлари ва бу борада ўз яқинлари б-н ўтказган кенгашлари, амирлар б-н олиб борган музокаралари акс этган. “Т.т.”да буюк Соҳибқироннинг кучли марказлашган давлат тузиш ва миллий давлатчиликни тиклаш борасидаги фаолияти ҳақида муфассал сўз юритилади. Т.т.да ёзилишича, Амир Темур салтанатни бошқаришда 12 та қоидага асосланган. Давлатни бошқаришда у ислом дини ва шариатга, адолат, инсоф ва ҳақиқатга таянади, турли табақа ва тоифага мансуб кишиларни тенг кўриб, қилган хизматига қараб, уларни ҳурматини жойига қўяди. Энг аввало, олиму фузало, саййидлар, шайхлар ва фозилларга таянади, уларни ўзининг энг яқин маслаҳатгўйи, деб билади. Булардан ташқари, “Т.т.”да маънавият, ахлоқ ва ҳуқуққа оид қимматли фикрлар баён қилинган. Унда дўстлик, вафодорлик, инсоф, адолат, иймон ва эътиқод, илм-маърифат, касб-ҳунар ва б. инсоний фазилатларга риоя қилиш тўғрисида фикр юритилади. Рисолада, айниқса, фуқароларнинг шариатга ва қонун-қоидаларга сўзсиз бўйсуниши лозимлиги масаласига катта эътибор берилади. Амир Темур ҳукмронлиги даврида ҳар бир вилоятда қозилар қонунларнинг тўла амал қилиниши, тинчлик ва осойишталик ҳукм суришини қаттиқ назорат қилиб турганлар, тартиббузарларни жазолаганлар. “Т.т.”да юқоридагилардан ташқари, сипоҳийлар ва аскарларни сақлаш ва уларга озиқ-овқат, маош тўлаш қоидаси, вазирлар ва уларнинг вазифалари, амирлар, сипоҳлар ва б.ларни тақдирлаш тартиблари, уларнинг бир-бирига муомаласи ва б. ижтимоий-сиёсий ва ҳарбий масалалар бўйича муфассал маълумот берилади.

ТЕОЛОГИЯ (лот. theo — худо, logos — таълимот) — Худо тўғрисидаги фан, таълимот. Худо, унинг сифатлари, белгилари ва хус-ятлари тўғрисидаги диний таълимотларни асослаш ва ҳимоя қилиш тизими. Т.га муайян дин томонидан белгиланган ақидаларнинг ҳақиқатлигини исботлаш б-н бирга, диндорларнинг ҳаёт тарзи ва меъёрлари комплекси ҳам киради. Ўрта асрларда Т.мафкура сифатида жам-тни, давлатни бошқариш ишларига иштирок этган, шу сабабли давлат бошқарувининг теократия шакли ҳам вужудга келган. Т. ўрта аср мад-тининг барча турларини илм-фан, фал. ҳамда ахлоқни ўзида мужассамлаштирган ягона тизим шаклида намоён бўлади. Т.ни теософия каби фанлар ҳам ўрганади. Унга кўра, барча тирик мавжудотларнинг ҳаёти уларнинг танасини бошқариб турувчи илоҳий жон, руҳнинг фаолияти б-н боғлиқ. Инсон ўзининг юксак заковати ёрдамида аслида ўзининг илоҳий жон эканини, шу жон б-н табиати бир бўлган Худонинг табиатини англаб етиш имкониятига эга бўлган. Худо — ўзининг қуввати б-н бутун борлиқда мавжуд бўлган энг кичик тирик заррасанинг ҳам, энг катта тирик мавжудотнинг ҳам ичида алоҳида мавжуд бўла оладиган, айни пайтда бутун борлиқни назорат қилиб бошқариб турадиган, чексиз қудратга эга бўлган Олий Руҳдир. Жон эса Худо қувватининг ажралмас бўлаги ҳисобланган руҳдир. Алоҳида руҳнинг мавжуд эмаслигига қараб, борлиқ тирик ёки ўлик, жонли ёки жонсиз мавжудотларга бўлинади. Т. илмига асосан, Худо — ягона мутлақ манба; унинг табиати уч турли кўринишда намоён бўлади: бутун борлиқ Худонинг ички ва ташқи қувватидан таркиб топган; Бутун оламни ана шу икки қувватдан таркиб топган икки оламга бўлиш мумкин: руҳий ва моддий олам. Худонинг ички қуввати олий, руҳий қувват, ташқи қуввати эса, қуйи моддий қуввати ҳисобланади. Руҳий қувват моддий қувватдан устун ва уни бошқариб туради. Руҳ ўз хоҳиши б-н руҳий оламда, ёки моддий оламда яшаши мумкин. Руҳларнинг моддий оламни бошқариш фаолияти аралаш қувват, яъни руҳнинг моддий ҳаётидир. Руҳнинг моддий оламдаги, бир танадан иккинчи танага ўтиб, рив-ш фаолияти руҳнинг эволюцияси, деб аталади. Инсон тирик мавжудотлар ичида ривожланган онгга эга, шу сабабли руҳ ва модданинг бир-биридан фарқини англаб етишга қодир мавжудот. Инсонни бошқа тирик мавжудотлардан ажратиб турувчи ягона хислати ўзининг руҳ эканини англаб етиши ва ҳаётда ана шу илми асосида яшай олиш қобилиятига эгалигидан иборат. Инсоният тарихида фақат инсонлар жам-тидагина мавжуд бўлган турли диний-фал-ий таълимотлар замон, макон ва шароитга мос равишда асосан ана шу ягона таълимот, руҳ ва тананинг бир-биридан фарқ қилишини ўрганади. Ўқув юртларида худди шунинг учун ҳам жаҳоннинг бир қатор мам-тлари дунёвий илмлар б-н бирга илоҳиёт ўқитилади. Ш-дек, жаҳоннинг баъзи мам-тларида, жумладан, Миср Араб Республикасида Ал-Азҳар, Тунисда Зайтуна, Ҳиндистонда Алигарх, Покистонда Панжоб, Туркияда Анқара диний ун-тлари фаолият кўрсатиб, Т. асосларини кенг тарғиб қилмоқда. Мустақилликдан сўнг Ўз-нимизда миллий маъ-ятимизнинг таркибий қисми бўлган ислом маъ-ятининг тикланиши натижасида Тошкентда Ислом Университети очилди. Бу илм даргоҳида ислом дини б-н бир қаторда барча дунёвий илмлар, хорижий тиллар, компьютер асослари ўргатилади.

ТЕРРОРИЗМ (лот. terror — қўрқув, даҳшат) — юксак маънавий тамойилларга зид равишда ёвуз мақсадлар йўлида куч ишлатиб, одамларни гаровга олиш, ўлдириш, ижт-й объектларни портлатиш, қўрқув ва ваҳимага солишдан иборат бўлган хатти-ҳаракатларга асосланган зўравонлик усулини англатувчи т. Қўрқитиш ва даҳшатга солиш орқали ўз ҳукмини ўтказишга уриниш террорчиликка хосдир. У сиёсий, иқт-й, диний, ғоявий, ирқий, миллий, гуруҳий ва индивидуал шаклларда намоён бўлиши мумкин. Таъқиб, зўравонлик, қўпорувчилик ва қотиллик террорчиликнинг ҳар қандай кўриниши учун умумий хус-ят бўлиб, буларнинг барчаси инсонпарварлик ғоялари, демократия, адолат тамойилларига зиддир. Ш.у. Т. қандай ниқоб остида амалга оширилмасин, моҳиятан инсониятга, тар-ётга, эзгуликка қарши жиноятдир. Т.га ҳоз. кунда аниқ, ҳамма учун тушунарли ва мукаммал таъриф бериш осон эмас. Чунки у ўта мураккаб феномендир. Бундан ташқари, террорчилик кучларига бўлган турлича мун-т унга аниқ таъриф беришни ҳам қийинлаштирмоқда. Террор усулларидан консерватив, инқилобий, диний, миллатчи руҳдаги кучлар ҳам фойдаланиши мумкин. Лекин уларнинг асосий моҳияти ва мақсад-муддаолари сиёсий тус олади. Қатор давлатлар учун террорист ҳисобланган кучлар, бошқалар учун исёнчи ёки эркинлик йўлидаги курашувчи сифатида намоён бўлади. Т.нинг умумий жиҳатлари ва асосий кўринишларини ўрганишда, авваламбор, унинг таърифини, нисбий бўлса ҳам, аниқлаштириб олиш керак. Т. — муайян гуруҳнинг рухсат этилмаган ҳолатда онгли равишда куч ишлатишидир. Бунда террорчилар аниқ мақсадни кўзлайди ва ўзини тўла ҳақ деб билади. Бундан шу нарса аниқ бўладики, террорчилардаги мавжуд куч мақсадни амалга оширишда ижт-й-сиёсий муҳит б-н бевосита алоқадорликда бўлади. Ш.у. бирон-бир сабабга асосланган мақсад террорчиликка олиб боради. Террор кўп ҳолатларда кенг миқёсдаги ҳарбий кучлар б-н алоқадор бўлади ва бундай мисоллар тарихда бир неча бор кузатилган. Бундан ташқари, террор давлатнинг ўзи томонидан ҳам амалга оширилиши мумкин. Бунда икки хил шаклда куч ишлатилади: жазо бериш органлари ёки ҳарбий кучлар томонидан. Бунда террор сиёсий мақсадларни амалга ошириш ёки аниқ бир режимни жорий қилиш учун амалга оширилади. «Т.» т.си ҳамиша террористик ҳаракатнинг тез суръатда амалга оширилишини билдиради. Бундай ҳодиса сиёсий, этник, диний ва б. кўринишларда намоён бўлади. Ғоявий Т. сиёсий етакчилар томонидан яратилади. Бунга расмий тор доирадаги истисно қилинган ички сабаблар кўрсатилади. Бунда миноритар идеологлар муайян жам-тни бошқаси б-н аралаштириб юборади. Табиийки, бу мафкуралар бир жам-тдан бошқа бир жам-тга ўтиб туради ва бир давлатда яширин ҳолда мавжуд бўлса, бошқа бир давлатда эса парламент ёки ҳокимиятида ифодаланиши мумкин. Этник Т. субъекти ғоявий бўлмай, жам-тнинг миллий ва этник жиҳатлари билим узвий боғлиқдир. Этник Т.нинг ёрқин мисоллари сифатида басклар (ЕТА айирмачи ташкилоти), сицилия сепаратистлари, ирландлар, курдлар, қорабоғлик арманлар ва чеченлар кабилар мисол бўлади. Диний Т. муайян бир диний секта ёки гуруҳ таълимотининг жам-тда мутлақлаштирилиши оқибатида пайдо бўлади. Бунда ушбу ғоя тарафдорлари бошқаларнинг фикр ва ғояларини кескин танқид остига олиб рад этади ва ғоявий-мафкуравий парокандаликни келтириб чиқаради. Диний Т.нинг хатарли жиҳати у қўллайдиган амалий чораларда кўринади. Чунки диний Т. тарафдорлари аксарият ҳолларда қўлида қурол ва баъзан бутун бошли ҳарбий гуруҳларга таяниб ҳаракат қилади. Бугунги кунда ядровий, биологик, бактериологик қуролларнинг террорчилар қўлига тушиб қолиши эҳтимоли — энг катта хавфдир. Ҳоз. таҳликали замонда кишилар бошига мислсиз кулфат солаётган ва уларнинг ҳаёти, фарзандлари, мол-мулкига таҳдид қилаётган жиноий Т. кундан-кунга кучайиб бормоқда ва жаҳон ҳамжам-тида жиддий хавотир уйғотмоқда. Иқт-й манфаатларни кўзлайдиган ва моддий бойликларни ўзлаштиришни мақсад қилиб олган бу террорчилик коррупция каби катта жиноий тизим б-н узвий боғланиб кетган. Унда рақиблари ёки уларнинг яқинларини ўлдириш, ўғирлаб кетиш, зўравонлик, тажовуз б-н қўрқитиб, ўз ҳукмини ўтказишга уриниш, мол-мулкини ўзлаштириб олиш йўлларидан фойдаланилади. Бунинг яна бир томони — баъзан бу террор сиёсий, этник, баъзан эса диний характер касб этмоқда. Мана шундай вазиятда бу террорчиларнинг мақсади ҳокимиятни эгаллашга ҳам қаратилиб, пирамидасимон характерга эга бўлиб бормоқда. Индивидуал Т.нинг субъекти, бошқа террорчилик ҳаракатидан фарқли ўлароқ, жамоа эмас, ягона шахсдир. Индивидуал террор ҳам ўта хавфли куч ҳисобланади, негаки у жам-тнинг бошқа аъзоларига таъсир қилиши ва бунинг оқибатида террорнинг оммавий турларини келтириб чиқариши мумкин. У ўзи ғояларини сингдириш орқали бошқаларни ҳам жам-тга қарши қўйиши мумкин. Кейинги йилларда оммавий ахборот соҳасида ҳам террорчилик элементларидан фойдаланилмоқда. Муайян мафкуравий полигонларнинг муттасил тарқатаётган ахборотларидаги ёвуз ва зарарли ғоялар оқими, телеэкранлар орқали узлуксиз намойиш этилаётган жангари фильмлар, болаларга мўлжалланган, бузғунчи ғоялар асосида яратилган ўйинлар, компьютер тармоқлари дастурларини ишдан чиқарадиган вируслар тарқатиш шулар жумласидандир. Ўзининг ёвуз ниятларига эришиш учун ҳокимиятни қўлга киритишни кўзлайдиган кучларнинг зўравонлиги ва қўпорувчилиги сиёсий террорга мисол бўлади. Сиёсий Т. нафақат жиноятчи гуруҳлар, ҳатто баъзи тажовузкор руҳдаги расмий реакцион сиёсий доиралар ва кучлар томонидан уюштирилиши ва қўлланиши ҳам мумкин. Чоризм империясининг колониал ва шовинистик сиёсати, совет империясининг ғоявий қатағонлари халқимизга қарши ўзига хос террор эди. Бугунги кунда ҳам мустақил рив-ш йўлидан бораётган мам-тимизга нисбатан ғараз ният б-н қаровчи ёвуз кучлар террорчилик йўли б-н тар-ёт йўлимиздан чалғитишга, бизни яна қарамлик ва асоратга солишга уринмоқда. Улар ватанфуруш хоинлардан ҳам, террорчиликни касб қилиб олган, буюртма бўйича қўпорувчилик ва босқинчилик б-н шуғулланадиган ёлланма халқаро террорчи, жиноятчи гуруҳлардан ҳам фойдаланмоқда. Террорчилар ҳаракатларининг икки жиҳати мавжуд бўлиб, улар рационал ёки иррационал тарзда амалга оширилади. Террорнинг рационаллиги шунда намоён бўладики, бунда фавқулодда зўравонлик б-н, бир қанча ижт-й меъёрлар доирасидан чиқиб, одамлар террористларга ён беришга мажбурланади ва муайян сиёсий ёки ижт-й мақсадга етилади: бошқа террорчиларни озод қилиш, биронта сиёсий ёки этник эркинликни тан олдириш, жам-тдаги ижт-й барқарорликни издан чиқариш, руҳий тушкунлик ёки ночорлик ҳолатини уйғотиш, муайян гуруҳлар томонидан кенг намойишлар ўтказиш ва шунга ўхшаш шартлар қўйилиши мумкин. Ҳозирда содир этилаётган террорчилик ҳаракатларининг деярли ҳаммаси мана шу усулда амалга оширилмоқда. Иккинчи жиҳат иррационал ҳолатда содир этилади. Бу экзистенционал тажрибада чегараланиб, теракт қатнашчисининг кучли эҳтиросга берилиши ва жазавага тушиши натижасида содир бўлади. Ҳоз. вақтда бундай террорчилик камдан-кам ҳолатда содир этилмоқда. Бунда инсон моҳияти мавжуд қонун-қоидалар асосида ҳаракатга келтирилади. Жам-тда шаклланиб бораётган нобоп хатти-ҳаракатлар ва уларнинг турли номлар остида қонунийлаштирилиши индивидуал характердаги террорни келтириб чиқармоқда. Бугун жаҳон ҳамжам-ти бу бало-қазоларнинг ечимини топиш устида бош қотирмоқда. Президент Ислом Каримов мам-тимизда ҳам бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб, шундай деган эди: “Мен мад-т ва маърифат дунёни жаҳолат ва ваҳшийликдан, диний ва миллий экстремизмдан, этник қарама-қаршилик, минтақавий можаро ва урушлардан сақлай олишига ишонаман”.

ТЕХНОКРАТИЯ (юн. техника ҳукмронлиги, ҳокимияти) — 1) Т. техник ходимлар ва мутахассисларнинг сиёсий ҳокимияти зарурлигини тан олувчи социологик концепция. 2) Т. — 20а.нинг 30 й.ларида АҚШ даги ижтимоий ҳаракатнинг номланиши. Т. назяси дастлаб Веблен томонидан қўлланган. У “Технологик детерминизмга” эътиборни қаратган ҳолда, техник мутахассисларни ишлаб чиқариш ва ижтимоий тараққиётга содиқ хизмат қилувчилар, деб билган. Бунинг учун улар бирлашиб, мамлакат саноат ишлаб чиқаришида муҳим бошқарув лавозимларини эгаллаши кераклиги эътироф этилган. А.Берл, А.Фриш кабилар Т. концепциясининг янада ривожланишига ҳисса қўшганлар. Айниқса, Ж.Голбрайтнинг “Янги индустриал жамият”, “Иқтисодий назариялар ва жамиятнинг мақсади” каби китобларида Т. ғояси атрофлича асослаб берилган.

ТИЛ — инсонлар орасидаги алоқа воситаси, ижтимоий ҳодиса; жамият аъзоларининг фикр ифодалаши ва ўзаро фикр алмашиниши учун хизмат қиладиган восита. Т.нинг табиий-илмий, диний-дунёвий талқинлри бор. Диний талқинига кўра Т. илоҳий куч томонидан яратилган ва ҳозирги ҳолича инсонга берилган. Т. дунёвий талқинига кўра ҳоз. кўриниши даражасига етгунча жуда узоқ эволюция жараёнларини, яъни инсоннинг ўзининг шаклланиши ва такомиллашуви жараёнлари б-н тенг даврни босиб ўтган. Илм-фан инсон Т.ининг тарихий тараққиёт босқичларини ўрганиши натижасида шундай хулосага келдики, Т. алоқа воситаси, нутқ сифатида, шубҳасиз, фақат инсон миясининг маҳсулидир. Айрим б. жониворлар, мас., шимпанзе, тўтиқуш, чуғурчиқлар ҳам инсонга хос товушлар чиқариб “гаплашадилар”, ҳатто, айрим ҳолларда бутун бошли жумлаларни, ибораларни такрорлайдилар. Бироқ, улар инсон каби гаплашишга қодир эмас. Тадқиқотларга кўра, Ер куррасида яшаётган жонзотларнинг мияси ва муомала воситаси бўлган Т.и оғзаки нутқни инсончалик юксак даражада ифодалаш имконига эга эмас. Оғзаки нутққа ўрганиш — инсониятнинг эволюцион тараққиётида ҳал қилувчи қадам бўлди. Нутқ қобилияти унга инсон цивилизацияси асосларини қуриш имкониятини яратади. Дастлабки инсон жамоалари оғзаки нутқни биргаликда ҳаракат қилиш, мудофаа, умуман фаолиятнинг ҳамма турларида ҳамжиҳатлик кўрсатиш ҳамкорлик қилиш, буйруқларни ифодалаш мақсадига қаратганлар ва бундан узоқ вақт самарали фойдаланганлар. У пайтлардаги инсон Т.ининг сўз бойликлари кўп миқдорда бўлмаса-да, давр ўтиши б-н, айниқса кишилар жамоаларининг бир-бирининг Т.ни бойитиш имкониятлари туфайли Т. тобора бойиб, такомиллашиб борди. Чинакам оммавий нутқ юзага келтирувчи ҳар бир кишининг нутқий тажрибаси жуда қисқа ва ўткинчи бўлган, яъни вафот этиши б-н унинг тажрибаси ҳам ўлган. Бир кишининг нутқи инсониятнинг умумий муштарак нутқий тажрибаси сифатида авлоддан-авлодга ўтиб, аввало оғзаки ва кейинчалик ёзма кўринишларини касб этгунча жуда узоқ замонлар ўтган. Бироқ Т. оғзаки ва ёзма нутқ сифатида тўла шакллангач, у инсоннинг ҳам жисман ва ҳам ижтимоий жиҳатдан жуда тез тараққий этишини таъминлади. Т. туфайли инсониятнинг ижтимоий ҳаёти, унинг наслининг миқдорий жиҳатдан ўсиши ҳам ақл бовар қилмас даражада илгарилаб кетди. Бир вақтлар тропик ўрмонларда оддий тирикчилик учун жон бериб жон олиб юрган одамзот нутқ шарофати б-н заминнинг яккаю ягона эгасига айланди. Сон жиҳатдан ҳам ўсди. Дастлабки одамларнинг дастлабки муомала воситалари ва сўзларидан тортиб, Т.нинг бугунги даражасига етгунча инсоният 3 млн. йилдан камроқ масофани босиб ўтди. Шаклланиш, тараққий этиш ва такомиллашиш жараёнларида Т.лар дастлаб, кўпроқ муштараклик ва кенг умумлаштирувчилик вазифасини бажарган, яъни бугунги кунда турли хил Т.ларда гаплашаётган миллат ва элатлар, авваллари бир-бирини тушунадиган бир тилда гаплашганлар, вақт ўтиши б-н турли-туман объектив сабаблар туфайли улар бир-бирларидан узоқлашиб, Т.лари ўзаро фарқланадиган шаклга келган. Т.ларнинг бундай ажралиш (дифференциация) жараёни натижасида кўпчилик учун муштарак алоқа воситаси бўлган бир Т.дан кейинчалик бир неча Т. юзага келган. Ҳоз. тилшуносликда туркий Т.лар деб юритилаётган Т.лар бир-биридан фақат узоқлашиш, ажралиш хусусиятигагина эмас, балки, бир-бирига яқинлашиш, бирбирини бойитиш хусусиятига ҳам эгадир. Турли Т.ларнинг бир-бирига таъсири ва ўзаро яқинлашуви натижасида янги Т.лар вужуда келиши ҳам мумкин. Шу б-н бирга, бирон бир халқнинг фикр алмашинув воситаси бўлишдан тўхтаган ва унда гаплашувчиларнинг йўқ бўлиб кетиши ёки бошқа тарихий, ижтимоий, маданий сабабларга кўра, муомаладан чиққан Т.лар ҳам мавжуд. Бундай Т.ларни ўлик Т.лар дейиш мумкин. Мас., шумер, лотин, қадимги юнон, санскрит ва б.лар. Т.нинг келиб чиқиши ва эволюция босқичлари ҳақида қад. мисрликлар ва хоразмликлар, юнонлар ва ҳиндлар, хитойликлар ва форслар турли хил илмий фаразларни илгари сурганлар. Улардан айримлари, Т. товуш тили сифатида юзага келган десалар, бошқалари Т. дастлаб имо-ишора тили кўринишида бўлган деганлар. Т. одамлар орасида алоқа воситаси сифатида эҳтиёж туфайли табиий суратда вужудга келган (Платон), ўзаро алоқа қилиш учун тилни одамларнинг ўзлари яратганлар (Демокрит), тил илоҳиёт тортиғи (Инжил, “Қуръон”) каби қарашлар ҳам бўлган. Т., шубҳасиз жамиятда ижтимоий меҳнат, ижтимоий ишлаб чиқариш жараёнида юзага келган муайян жамоа, одамлар гуруҳи ва ёки айрим киши фаолиятини мувофиқлаштириш воситаси бўлиб хизмат қилиши керак. Физиологик асосига кўра Т. 2 сигнал тизими вазифасида намоён бўлишини И.П. Павлов кашф этди ва уни инсон психикасига ўзига хос қўшимча деб атади. Т. ва тафаккур ўзаро ажралмас ва чамбарчас боғлиқ ҳодисалардир. Лекин уларнинг иккови бир нарса эмас. Т. тафаккурнинг ифода шакли ва яшаш формаси сифатида инсон онгининг шаклланишида ҳам муҳим ўрин тутади. Т. қобиғидан ташқарида онгнинг қарор топиши мумкин эмас. Т. белгилари, ўз табиатига кўра, шартли бўлсада, у реал воқеликни билиш жараёни шартларидан ҳисобланади. Шу жиҳатдан Т. муомала воситаси бўлишдан ташқари, билиш воситаси вазифасини ҳам бажаради. Шу б-н бирга, у тўпланган билимларни, тажрибаларни қайд қилиш, сақлаш ва авлоддан авлодга ўтказиш воситаси ҳам саналади. Абстракт тафаккур Т. туфайлигина воқе бўлади. Т.нинг мавжудлиги тафаккурнинг умумлаштирувчи фаолиятининг энг зарурий шартидир, Т.сиз бу ҳол мавжуд бўлмас эди. Чунки сўз умумлаштирувчи хусусиятга эга. Т. ўзига хос қонуниятларга эга ва бу қонуниятлар тафаккур қонунларидан фарқ қилади. Бу эса, ўз навбатида, тилнинг нисбатан мустақил ҳодиса эканлигини кўрсатади. Тушунча б-н сўз, мулоҳаза б-н гап айнан бир нарса эмас. Т. ўзининг ички ташкилий томонларига, ўзига хос тизими, тузилмасига эга. Бу тизимдан ташқарида унинг табиатини ва Т. белгиларининг моҳиятини тўғри тушуниб бўлмайди. Табиий Т.дан ташқари сунъий Т.лар ҳам бўлади. Сунъий Т.нинг грамматик қурилиши ва луғат таркиби одатда, сунъий равишда ишлаб чиқилади. Буни биринчи бўлиб 1629 йилда Р. Декарт ишлаб чиққан. Ҳоз. кунда кенг тарқалган халқаро сунъий Т. — Л.Л. Заменгор тузган эсперанто Т.идир. Бу сунъий Т.да 5 млн.дан ортиқ одам гаплашади, юзга яқин журналлар нашр этилади. Сунъий Т. деганда, бу тизимга кирадиган ва машина таржимасида ишлатиладиган воситачининг ахборот тили ва б.лар ҳам тушунилади. Кейинги йилларда сунъий, формаллашган Т.ларнинг қонуниятларини, уларнинг мантиқий синтаксиси ва семантикасини ўрганишга қизиқиш кучайди. Шу муносабат б-н Т. фақат тилшуносликнинг тадқиқот объектигина бўлиб қолмай, балки мантиқ ва семантиканинг ҳам тадқиқот майдонига айланиши кузатилади. Ер юзида қанча миллат, халқ, элат, қабила бўлса, шунча Т. бор. Т.сиз халқ йўқ. Халқсиз эса Т. ҳам бўлмайди. Булар эгизак тушунчалар бўлиб, биридан бирини айириб бўлмайди, уларни айириб қўйилса, иккиси ҳам ўзлигини йўқотади. Халқ бошқа бир халққа қўшилиб кетса-да, унинг Т.и ўлик Т.га айланади. Кези келганда шуни айтиб ўтиш лозимки, биргина “Т.” сўзи мисолида ҳам тилимизнинг нақадар бой ва сержило эканини яққол кўриш мумкин. Т. ривожининг ҳозирги ҳолати соҳиби бўлмиш миллат ёки элатнинг тадрижий равнақи, босиб ўтган тарихий йўли, жамиятнинг қайси бир тараққиёт босқичида экани, иқтисоди, маданияти, фани ва маънавияти каби омилларга боғлиқ, албатта. Биз учун эса ўз она Т.имиз бўлмиш ўзбек Т.и азизу мўътабар экани шубҳасиз. Бу эса барчамизнинг Т.имиз софлиги, уни асраб-авайлаш ва такомиллаштириш учун масъул эканимизни англатади.

ТИНЧ-ТОТУВ ЯШАШ — турли ижт-й тузумга мансуб мам-тлар ўртасидаги мун-тлар хилма-хил бўлиб, бу мун-т урушдан воз кечишни, низоли масалаларни куч ишлатиб ёки дўқ-пўписалар воситаси б-н эмас, уларни музокаралар йўли б-н уларнинг ички ишларига аралашмасдан бир-бирларини ўзаро қонуний манфаатларини ҳисобга олиб иш тутишни; халқларнинг ўз тақдирларини ўзлари мустақил ҳал этишларини; давлатлар суверенитети ва ҳудудий дахлсизлигини ва уларнинг чегаралари мустаҳкамлигини қатьиян ҳурмат қилишни; тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорлик асосига кўрилган ҳамкорликни; умум эътироф этган халқаро ҳуқуқ ва шартномалардан келиб чиқувчи мажбуриятларни ҳалол бажаришни тақозо этади. Булар эса ўз навбатида алоҳида халқлар маъ-ятида Т.т.я эҳтиёжи, руҳиятининг қандай даражада аҳамият касб этиши билан белгиланади. Т.т.я. жаҳондаги барча халқлар манфаатларига жавоб беради, улар ўртасидаги ҳамкорликнинг рив-ши учун, фан ва техника янгиликлари, мад-й ва маън-й қадриятлар б-н ўртоқлашиш учун шароит яратади; халқларни ташқи хавф-хатардан қўриқлаб, миллий ва социал тар-ёт йўлидан мустақил рив-шини таъминлайди, жуда кўп имкониятлар ва кишилар меҳнатидан бунёдкорлик мақсадларини кўзлаб, улуғвор муаммоларни ҳал қилиш учун шароит яратиб беради. Т.т.я. йўли давлатлар ўртасидаги мун-тларда бирдан-бир энг ноёб йўл эканлигини ҳаёт тобора теран исбот қилиб бормоқда.

ТИНЧЛИК ВА БАРҚАРОРЛИК – урушларга йўл қўймаслик, давлатлараро низо ва можароларни сиёсий воситалар б-н ҳал этиш, мамлакат ичидаги келишмовчиликларни Т.б. йўли б-н бартараф қилиш, инсон ҳуқуқи ва қонун устуворлигини таъминлаш тамойилларини ифодаловчи т.лар. Инсоният ирқи, миллати, маданий бойликларига, урф-одатларига буюк ҳурмат б-н қараб келган. Бугунги замонда маънавий бойликларни сақлаб қолиш учун, аввало, қонли можароларга барҳам бериш, Т.б., тотувликни қарор топтириш, маданий мерос, осори-атиқалар, урф-одатларни асраб-авайлаш, дунё халқларининг илм-фан ютуқларидан бирдек баҳраманд бўлишига эришиш зарур. Т.б.да 1) озодлик, адолат ва демократик тамойилларига асосланган дўстона ва иттифоқ маданияти; 2) зўравонликни қайтарувчи ва низолар пайдо бўлган заҳоти уни бартараф этишга чорлайдиган, муаммоларни мулоқот ва музокаралар йўли б-н ҳал этувчи маданият; 3) ўз жамиятининг ички ривожида унинг барча ҳуқуқини, ҳар кишининг тўла миқёсида ва имкониятларини амалга оширишда тўлиқ иштирокини таъминловчи маданиятга эришишлик ғояси асос қилиб олиниши керак. Т.б. — бебаҳо неъмат, улуғ саодатдир. Башарият ўз тараққиётининг барча босқичларида, аввало, тинч-тотувликка интилиб келган, у — барқарор тараққиёт гаровидир. Ўзбек халқи Т. б.ни юксак қадрлайди, уни ўз орзу-интилишлари, мақсад-муддаолари рўёбга чиқишининг кафолати деб билади. Шунинг учун доимо Яратгандан Т. б. ҳамда омонлик тилайди. Лекин, афсуски, ҳаётда бу эзгу тилакларнинг ижобат бўлишига доимо қаршилик қиладиган кучлар ҳам бор. Улар ўзларининг ғаразли мақсадлари, нафс балоси йўлида башариятни ҳамиша низо-адоват, уруш ва қирғинлар домига тортиб келади. Инсоният тарихига назар ташласак, кейинги беш минг йил мобайнида одамзот ўн беш мингдан зиёд катта-кичик урушларни бошидан кечирганини кўрамиз. Бу — уруш ва Т., хавфсизликни таъминлаш масаласи ҳанузгача инсоният олдидаги энг оламшумул муаммо бўлиб қолаётганидан далолатдир. Ҳолбуки, башарият фақат тинчлик ва осойишталик барқарор бўлган таққирдагина ўз олий мақсадларига эришади, моддий ва маънавий юксакликка кўтарилади. Соҳибқирон Амир Темурнинг набираси Мирзо Улуғбек Мовароуннаҳрга ҳукмронлик қилган қирқ йил мобайнида мамлакатда Т.б. устувор бўлгани сабабли илм-фан, маданият юксак тараққий этган, бунёдкорлик ишлари ривожланган, кўҳна заминимиз гуллаб-яшнаган. Аксинча, уруш ва низолар инсонни одамийлик қиёфасидан айиради, жамиятни буткул таназзул ботқоғига ботиради. Йигирма йилдан буён ўзаро ҳарбий можаролар туфайли цивилизациядан батамом узилиб, дунёнинг энг қолоқ мамлакатларидан бирига айланиб қолган Афғонистон — бунинг яққол далилидир. Бу мамлакат ҳудудининг хавф-хатар ўчоғига айланиб қолгани юртимиздаги Т.б.ка, тараққиёт йўлидаги эзгу мақсадларимизни амалга оширишга халақит бермоқда. Бу — дунёда ялпи Т.б.ка эришиш учун, аввало, ҳар бир мамлакат ва ҳар бир минтақада Т.б.ни таъминлаш зарур, деган қарашнинг бугунги кунда ғоятда долзарб аҳамият касб этиб бораётганидан далолат беради. Мустақиллигимизнинг дастлабки кунлариданоқ биз юрт тинчлигини энг асосий бойлик сифатида асраб келмоқдамиз. Бугунги ва кейинги насллар ҳам кўп меҳнат ва машаққатлар эвазига қўлга киритилган мана шу бебаҳо неъматни асраб-авайлаши зарур. Шундагина улар халқимизнинг асл орзу-интилишларига, истиқлол йўлида жон фидо этган аждодларимиз руҳига муносиб ворис бўла олади. Т.б. — Ватан озодлиги ва мустақиллиги билан чамбарчас боғлиқдир. Бировга қарам бўлган халқ ҳеч қачон эркин ва фаровон яшай олмайди. Шунинг учун ҳам мустақиллик ва тинчликни асраш, мамлакатимизни тажовузкор кучлардан ҳимоя қилишга доимо тайёр туришимиз лозим. Юксак маънавият, сиёсий маданият, миллатнинг ғоявий ва мафкуравий етуклиги — Т.б.ни сақлашнинг муҳим омилидир. Халқимиз учун азал-азалдан муқаддас бўлган бу ғоя жамиятдаги турлича фикр ва қарашга эга бўлган барча куч ва ҳаракатларни бирлаштиришга ва шу орқали миллий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Фақат тинчлик-хотиржамлик, фақат барқарорлик, фақат ўзаро аҳиллик бизга муносиб ҳаёт бахшида этади, ўзимизни, фарзандларимизни барча мусибатлардан асрайди. Тинчлик, хотиржамлик ва тотувлик — булар ҳаётбахш чашмалар бўлиб, ҳозирги кунда ҳаёт кечираётганларда, уларнинг фарзандлари ва авлодларида эртанги кунга порлоқ ва бахт-саодатли келажакка умид ва ишонч уйғотади. Барқарорлик — эса энг катта бойлигимиздир, бундан буён муваффақиятли ривожланишимиз кафолатидир.

ТИНЧЛИКПАРВАРЛИК — инсонларнинг тинч-хотиржам, яратувчанлик, бунёдкорлик, ижод қилиш, яратган ижод маҳсулларининг узоқ йиллар мобайнида халққа, эл-юртига, Ватанига ва инсониятга хизмат қилишига ишонч-эътиқод, ҳаётнинг қадрига етиш, тирикликни улуғлаш руҳидаги фаолияти ва хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ тарбиявий йўналиш, хусусият. Т. хусусияти – ўзбек халқининг турмуш тарзида, қўшиқларида, алла ва эртакларида, достонларида ҳам ифодаланади. Чунки, халқимиз тинч-тотув яшашни, бунёдкорликни, яратувчанликни афзал кўрадиган тинчликпарвар, меҳнаткаш, болажон халқ. Халқимизнинг эзгу ниятли, очиқ кўнгилли, ҳаммага яхшиликни раво кўриб яшайдиган халқ эканлигини кўпчилик чет эллик сайёҳлар, олимлар ҳам таъкидлаган. Мас., машҳур венгер олими Герман Вамбери (1832-1913) ҳам ўз асарларида туркийларнинг меҳмондўст, тинчликсевар, сабр-қаноатли, оғир-босиқ халқ эканини таъкидлайди. Т. хусусияти киши хулқ-атворида, характерида тарбия орқали, кўп йиллик ҳаётий тажриба воситасида таркиб топадиган хусусият. Одатда, бу каби хусусиятлар, хислат ёки фазилатлар кишиларнинг онг-тафаккурида шакллана бориб, бутун бир халқнинг характерини, маънавиятини, миллий хусусиятини белгилайдиган омилга айланади. Ўзбек халқи ҳам дўстлик, аҳиллик, ҳамжиҳатлик, бунёдкорликни ардоқлаб, шу каби ноёб хислатлари билан умуминсоният тараққиётига ҳисса қўшиб келаётган халқ. Т. – халқимизнинг менталитетида, орзу-ниятларида, хулқ-атворидаги бош фазилатлардан ҳисобланади. Бу хусусият халқимизга хос бўлган маҳалла бўлиб яшаш, бева-бечораларга ёрдам бериш, уларга қайишиш, ҳашар ва хайр-эҳсон уюштириш, яхши қўшничилик, саховатпешалик каби қатор олижаноб анъана ва урф-одатларида, тарбия йўсинларида ҳам кўринади. Халқимиз муросаи-мадора, қўшни ҳақи, халқ мулки, яхшилик нима-ю, ёмонлик нима эканлигини жуда яхши билади. У “Бир кун уруш-жанжал бўлган ердан қирқ кун барака қочади”, “Ён қўшни – жон қўшни”, “Кўп тупурса, кўл бўлар”, “Қўшнинг тинч – сен тинч”, “Тирикликнинг боши бирликда”, “Кўпдан қуён қочиб қутулмас” каби сермаъно мақолларда ҳам тинчликнинг, аҳилликнинг, жиҳатликнинг, ҳамкор-ҳамжипсликнинг асл махмун-моҳиятини тўғри акс эттириб, тарбиявий аҳамиятини таъкидлайди. Мамлакатимизнинг ҳозирги пайтда бошқа давлат ва халқларга кўрсатаётган турли беғараз ёрдами ҳам айнан халқимизнинг Т. ва байналмилал тарбияси, яхши қўшничилик ибрати, беғараз ва соф ниятли халқ эканидан далолатдир.

ТОБЕЛИК — қарамлик, боғлиқлик холати ёки шахс хус-ятини билдирувчи т. Иқт-й, сиёсий (мас., Баъзи давлатларга тобе (бўлган) мустамлака мам-тлар), руҳий (мас., гиёҳвандликкка тобелик) ва б. тобеликларни ажратиш мумкин. Ички ташаббусни, ғайрат ва шахсий шижоатни намоён эта олмаслик хус-яти. Вазиятни бошқариш ва ҳатто ўз тақдирини ҳал этиш ваколатини бошқаларга топшириш. Аслида Т. инсон маъ-яти, дунёқарашининг баланд-пастлик даражасига қараб белгиланади. Аммо юксак маъ-ятга эга бўла туриб ҳам тобе бўлиш мумкин. Бундай Т.ка қарамлик деб эмас, ғоявий ҳамкорлик сифатида қаралади. Т.нинг баъзи кўринишлари шу жиҳатдан маън-й юксакликни ифодалайди. Мас., ўзб. халқида мавжуд ёшларнинг кексаларга мун-тда тобеларча ҳаракати, миллий урф-одатларга тобелик мун-ти бу хилдаги Т.нинг маън-й юксакликдан келиб чиқишини англатади.

ТОКСИКОМАНИЯ (юн. заҳар, ақлсизлик, иштиёқ, берилиш) — ижт-й-маън-й бузилиш шаклларидан бири, интоксикация табиатидаги руҳий касалликлар гуруҳи, психотроп кайф бериш самарасига эга табиий ёки сунъий моддаларга одатланиш, уларни мунтазам ёки вақти-вақти б-н истеъмол қилиш. Т. ижт-й касалликлар тоифасига киради ва инсоннинг ўзи учун ҳам, жам-т ва қонунчилик учун ҳам хавфли ҳисобланади. Намоён бўлиши уч синдром б-н тавсифланади: 1) наркотик таъсири, меъёри ошиб кетганида, қаршилик қилиш белгиларининг ўзгарганлик синдроми (модда киритилганда юзнинг буришиб, тиришиб кетиши, барбитларни истеъмол қилганда қайт қилиш ва ҳ.к.), бу — гиёҳвандликда, масалан, бошланғич меъёрдан бир неча юз баробар ошиши, истеъмол шаклининг ўзгариши (токсик меъёрнинг ҳар куни қабул қилиниши — масалан, бир кунда наркотик модданинг бир неча марта организмга киритилиши ёки барбитларни сурункали қабул қилиш), маст бўлиш шаклининг ўзгариши (кайфнинг бошланғич сархуш қилувчи самарасининг тезда йўқолиши, токсикоманнинг руҳий ва жисмоний ночор ва ногиронлашган аҳволга кириши); 2) руҳий боғланиб қолганлик синдроми (бунинг таркибига наркотик модда хумори устунлик қилган ҳолда у билан бир вақтда бу истакка қарши руҳий кураш хоҳиши ҳам мавжуд бўлгандаги синдром), руҳий хушнудлик ҳолати, бу интоксикация туфайли юз беради, у бўлмаганда нохуш руҳий ҳолат намоён бўлади; 3) табиий боғланиб қолганлик синдроми (бунда очлик ёки чанқоқлик сингари, лекин унга қарши ҳеч қандай курашсиз, бутун диққат-эътиборини наркотик топиш ва қабул қилишга қаратиш), меъёр устидан назоратни йўқотиш баъзан қисман, баъзан ўлимга олиб келувчи миқдорда меъёрни ошириб юбориш, хумор синдроми, интоксикация ҳолатидаги жисмоний тетиклик — фақат шундагина мижоз ўзини озми-кўпми яхши, яъни Т. бошлангунгача бўлган ҳолатга яқин сезади, у тарқагандан сўнг ўзини тушкун, мажруҳдек ҳис этади. Т. сўзсиз руҳий хасталикка ва шахснинг таназзулига олиб келади, умрни ўртача 20-35 йилга қисқартиради. Жиноий ишларга аралашиш хавфини кескин оширади. Т. инсоннинг маън-й дунёқараши издан чиққанлиги ёки пастлигини ҳам билдиради. Т. берилган шахслар на дунёвий, на диний жиҳатдан уни қораловчи, манбаларга эътиборсиз, демакки маън-й жиҳатдан қилаётган ишининг моҳиятини тушунишдан йироқ бўладилар. Бундай шахсларни йўлдан қайтаришда дори-дармон воситалари билан бир қаторда маън-й-руҳий тушунтириш ишлари ҳам йўлга қўйилади ва аксар ҳолларда маън-й тарбия, тушунтиришдан яхши натижа олинади.

ТОТАЛИТАРИЗМ (лот. totalis — куч, барча) – марказлаштирилган ҳокимиятнинг ижт-й-иқт-й ва маън-й ҳаётнинг барча соҳаларига кириб борадиган, уларни тўлиқ назорат остига оладиган сиёсий бошқарув шаклини ифодаловчи т. Немис олими Фридрих Т.нинг асосий хус-ятларини қуйидагича ифода этган: 1) Т. мафкурасининг ҳукмронлиги; 2) мазкур мафкурага содиқ бўлган ва одатда якка шахс томонидан бошқариладиган ягона партиянинг мавжудлиги; 3) мукаммал ривожлантирилган яширин полиция тизими; 4) давлатнинг ОАВ, барча иқт-й, ижт-й, мад-й ин-тлари, қурол-яроғ, зўравонлик воситаларини тўлиқ назорат этиши. Шундай қилиб, Т. шароитида давлат бошқарувининг махсус шакли (тоталитар давлат) сифатида жам-т ҳаёти, инсон ҳуқуқи ва эркинликлари, мухолифат гуруҳлар давлатнинг қатъий назоратида бўлади. Т.да фақат битта партия мам-т аҳолисининг хоҳиш-иродасини ҳимоя қилиши таъкидланади, аслида эса ҳокимиятни эгаллаб олган ва чексиз ваколатларга эга бир гуруҳ маслакдош кишилар диктатураси ўрнатилади. Т.нинг ёрқин кўринишини Италия, Германия, Испания, Чили ва собиқ иттифоқнинг коммунистик тартиботида кўриш мумкин. Жумладан, Т. XX а.нинг 20-йилларида Германия ва Италиянинг расмий идеологияси сифатида амал қилган. Т. ғояси сиёсий нуқтаи-назардан этатизм (давлатнинг мам-т иқт-й ва сиёсий ҳаётига фаол аралашуви), авторитаризм (бир кишининг мам-тни мутлақ тарзда ўзи бошқариши) каби т.лар орқали ифодаланади. Тоталитар тузум қурбонларини иттифоқда социализм қурилиши жараёнида мулкдор ва ер эгаларининг бойликларини тортиб олиш, ўзларини сургун қилиш ёки қириб ташлаш тўғрисидаги В.И.Лениннинг 1918 йилдаги декрети мисолида кўрамиз. Бу декретга биноан 2 млн. қулоқ оилалари, яъни 10 млн.дан ортиқ киши “фуқаролар уруши”, Ў.О.да “босмачилик ҳаракати” иштирокчилари сифатида қириб ташланган. II жаҳон урушида икки қарама-қарши тоталитар тузумнинг бир-бирини йўқотишга интилиши оқибатида 50 млн.дан ортиқ бегуноҳ инсонлар қурбон бўлди. Бу урушда собиқ Иттифоқ аҳолисидан 27 млн.дан ортиқ киши, жумладан, 7 млн. аскар ва ҳарбийлар, 20 млн. фуқаро концлагерларда қийноқ ва оммавий қирғин, бомбардимон вақтида ҳалок бўлган. Мавжуд маълумотларга кўра, собиқ иттифоқда 1917-1991 йиллар мобайнида 60 млн.дан ортиқ киши совет тоталитар тузуми қурбони бўлган. Т. қуйидагиларга таянади: 1) жам-т ҳаётидан норози бўлган энг тубан кишилар; 2) мам-тдаги сиёсий ва иқт-й инқирозни бартараф этиб, янги тартиб ўрнатишни мақсад қилиб қўйган, мутассибликка берилган, сиёсий ғояларга кўр-кўрона эргашадиган кишилар; 3) ҳукмрон, нияти бузуқ гуруҳлар манфаати йўлида халқ оммасига таъсир этиш мақсадида тўқиб чиқарилган вульгар-ижт-й афсоналар; 4) ҳокимият битта сиёсий партия томонидан тўлиқ эгалланиб, унинг етакчиси шахсига (“доҳий”, “дуче”, “фюрер” ва б.лар) сиғинилади; 5) сиёсат тепасида турганлар томонидан қонунлар б-н чекланмаган, ҳокимиятнинг иқт-й ва сиёсий ваколатлари эгаллаб олинади; 6) жам-тнинг барча ваколатлари давлат ва маъмурият қўлига тўлиқ ўтади; 7) иқтисодиёт ва ижт-й ҳаёт ҳарбийлаштирилади; 8) махфий полиция зўравонлик ва террор, ички ва ташқи сиёсатни амалга оширишнинг ягона таянчига айланади. Т. тузумда айниқса миллий маъ-ят ҳар жиҳатдан камситилади. Миллий тил, қадриятлар, мад-т, маън-й мерос, миллий ғурур ва ватанпарварликни ўстиришга йўл берилмайди. Т.нинг ҳукмрон мафкураси ҳар бир миллатнинг ўз маъ-ятини чуқур англаши, миллий ишончни мустаҳкамлаш, эътиқоди ва қадр ҳиссини бойитишини тақиқлайди. «Аксинча, Президентимиз таъкидлаганидек, халқимизнинг табиати, яшаш тарзига ёш бўлган коммунистик мафкурани ҳар қандай йўллар ва зўравонлик б-н жорий этишга ҳаракат қилинган”.

ТОТЕМИЗМ (инг. totemis; ҳиндуча атотем — унинг уруғи, насли) — ибтидоий жам-тнинг илк динларидан бири. У кишиларнинг маълум гуруҳи б-н ҳайвон ва ўсимликларнинг муайян турлари ўртасида ғайритабиий алоқа, қон-қардошлик бор, деган эътиқодга асосланади. “Т.” ибораси инг. саёҳатчиси Дж.Лонг томонидан 1791 йилда илмий муомалага киритилган. Т. XIX-XX а.ларда Дж.Мак Ленан, У.Б.Робертсон-Смит, Фрезер ва б.лар томонидан тадқиқ қилинган. Т.ни тушунтириш ва тадқиқ қилиш хилма-хил анъана ва тамойилларга асосланади. Уларнинг ичида энг оммавийларидан бири (Дюркгейм ва б.). Т.ни диннинг илк шакли деб баён этиш, ҳамда (Леви-Строс ва б.) Т.ни содда ақлий тасниф тизими деб аташ. Руҳшунослик тамойиллари ичида машҳури Фрейднинг руҳий аналитик тахмини ҳисобланади. Фрейд ибтидоий жам-тнинг илк дини бўлмиш Т. ахлоқий (мад-й) чекланишларни — ўлдиришни тақиқлашни, ўзаро яқин кишиларнинг қон алмашишини (инцест) ишлаб чиқиб, шундан мад-тни яратиш бошланди, деб қайд қилган. Т.да ҳар бир уруғ, қаб-нинг ҳар бир аъзосининг ҳаёти ва фаровонлиги айнан шу уруғнинг аждоди бўлган тотемга -ўсимлик ва ҳайвонга боғлиқ, деб қаралган. Ўша даврларда ғорлар ҳайвон, ўсимликнинг сурати тотем руҳларининг макони, табиий суратдаги нарса уруғнинг ҳомийси тарзида қабул қилинган. Шунга кўра, улар тотемнинг ёрдамига муҳтож бўлган, унга сеҳр ёрдамида таъсир қилишга уринган. Бу б-н тотемнинг янги авлодига “пок йўл” б-н тотем ўтиб қолишига, сеҳр жоду б-н тотемга таъсир қилиб, муқаддаслашган ҳайвон, ўсимликнинг сонини кўпайтиришга, уруғ-қабила фаровонлигини оширишга, тотем кучи б-н уруғ-қабилага келаётган ҳалокатнинг олдини олишга интилганлар. Дастлаб тотем сифатида ҳайвонлар, кўпроқ ов ҳайвонлари эъзозланган. Кейинроқ эса, қариндошлик мун-тлари бошқа ҳайвонларга ҳам ўтган, баъзан ўсимликлар, табиат ҳодисалари: ёмғир, қуёш, шамол ва б.га ҳам тарқалган. Тотемистик эътиқод ва маросимлар муайян кўринишда кўп халқларда, айниқса, Австралиядаги қабилаларда сақланиб қолган. Уларнинг одатлари бўйича, тотем уруғи аъзолари ўзаро никоҳ қилиши мумкин эмас. Австралия миллий аҳолисининг ҳар бир қабиласи ҳайвон ёки ўсимлик номини олган уруғларга бўлинади. Уруғ аъзолари ўз тотемини қариндоши, отаси, акаси, дўсти, деб ҳисоблайди. М.О.да кенг тарқалган мучал ҳам Т. б-н боғлиқ. Одатда одамларнинг туғилган йиллари мучал б-н айтилади: муш(сичқон), мор(илон), асп(от) ва б. Қадимда муқаддаслаштирилган тотемларни ўлдириш, отиш тақиқланган. Мас., ҳиндлар сигир, илон, маймун, фил ва б.ларни эъзозласа, бошқа халқларда арча, мурч, исириқ, мусича, қалдирғоч, муллатўрғай ва б.лар эъзозланади. Т. унсурлари жаҳон динлари бўлмиш буддавийлик, христианлик, ислом динида ҳам учрайди.

ТОТУВЛИК — тор маънода, одамлар, оила, маҳалла ёки гуруҳ аъзолари орасидаги ўзаро маънавий-муросавий муносабат; кенг маънода, фуқароларнинг маънавий-ахлоқий мезонлари, ҳатти-ҳаракатлари, ҳаётга муносабатларида кўзга ташланадиган маънавий ҳодисани англатувчи т. Т. жамиятда турли хил ижтимоий қатлам ва гуруҳларнинг турли миллат, ирқ ва динга мансуб кишиларнинг ўзаро алоқаларида, уларнинг муайян давлат сиёсатига бўлган муносабатларида ҳамфикрлилик тамойили асосидаги умумийликни англатувчи тушунча ҳамдир. Т. ижтимоий тараққиётда муҳим аҳамият касб этиб, ўзаро бирлик, ҳамжиҳатликнинг таъминланиб, манфаатли бирликнинг вужудга келишида ҳам асосий омилдир. Шу боис инсоният тарихида ижтимоий-миллий тараққиёт учун курашган кучларнинг асосий эзгу ғояларидан бири жамият аҳли ўртасида Т.ка эришиши бўлиб, ушбу омил тантана қилган тақдирдагина умумий муваффақият қўлга киритилган. Шу боис инсоният онгли жамиятининг илк кунларидан бошлаб, бугунги кунгача ушбу ғоянинг амалий ифодасига асосий эътибор бериб келинмоқда. Т.ка эришган жамиятда кишилар ўртасида самимият, меҳр-оқибат, ўзаро ёрдам, ҳамкорлик, аҳиллик каби муносабатлар устувор бўлади. Давлат бошқарувида барча фуқароларнинг манфаатини кўзлаб иш юритиш, табиийки, ижтимоий ҳаётда Т. қарор топишининг муҳим омилидир. Т. тинчлик, барқарорлик, ягона мақсад йўлида миллий бирлашувнинг энг муҳим шартидир. Фуқароларнинг маънавий-ахлоқий етуклик даражаси миллатлараро муносабатлар орқали, турли миллат вакилларининг умумий мақсад йўлидаги бирлашуви б-н ҳам боғлиқ. Президент И.А.Каримовнинг “Ватан ягонадир, Ватан биттадир”, “Шу азиз Ватан барчамизники”, “Ватан саждагоҳ каби муқаддасдир”, “Биздан озод ва обод Ватан қолсин”, “Савоб ишни ҳар ким қилиши керак, савоб ишни ҳар кун қилиш керак” деган хикматли даъватлари ана шу мақсадни рўёбга чиқаришга қаратилган. Ушбу ғоя замирида, миллати ва элатидан қатьи назар, умумий хонадон — Ўзбекистон тақдири учун жавобгарлик туйғуси ҳар бир фуқаронинг сиёсий масъуллик ва маънавий дахлдорлик ҳисси б-н бевосита боғлиқ. Турли дин ва эътиқоддаги инсонларнинг бир-бирига нисбатан муросаи мадорада бўлишлари ҳам жамиятда тотувлик таъминланишининг муҳим шартидир. Диний тотувлик турли дин вакилларининг ўзаро муносабатларида ҳамкорлик, ҳамдўстлик ва тенгҳуқуқлилик тамойилларига риоя этишдир. Мустақил Ўзбекистонда умумжамият манфаатларидан келиб чиқиб диний тотувликка эътибор берилмоқда. Аҳолининг асосий қисми ислом дини ва христианликнинг православие мазҳабига эътиқод қилса-да, улар билан бир қаторда католик ва протестантлар, бошқа мазҳаб вакиллари ҳам ўз мазҳабларига эътиқод қилаётганликлари, барча дин вакиллари орасидаги ўзаро ҳамжиҳатлик мамлакатимизда диний тотувликнинг таъминланганидан далолатдир. Кўп миллатли жамиятларда ўзаро бирлик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш мақсадида миллатлараро тотувликка эришиш зарурий омиллардан биридир. Миллатлараро тотувликка Ўзбекистон жамиятида миллий ғоянинг асосий ғояларидан бири сифатида давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётганлиги қувонарлидир. Маълумки, миллий тотувлик муайян ҳудуд, давлатда турли миллат вакилларининг баҳамжиҳат яшаши, ҳамкорликда фаолият юритишини ифодаловчи тушунча. Ер юзидаги 1600 дан ортиқ миллатдан бор-йўғи 200 га яқини ўз миллий давлатчилигига эга, холос. Бундай шароитда бутун дунёда миллатлараро тотувликни таъминлаш учун уларнинг манфаатлари, руҳияти, интилишларини мунтазам ўрганиб бориш, сиёсий-ижтимоий ҳаётда буни доимо эътиборга олиш зарур. Жаҳон тажрибаси миллатлараро тотувликни таъминлашга бир ёқлама, юзаки ёндашув жиддий муаммолар келтириб чиқаришини кўрсатди. Хусусан, давлатга ўз номини берган (титул) миллат билан ўша жойда яшайдиган бошқа миллат ва элат вакиллари орасидаги муносабатлар жиддий эътиборни талаб қилади. Акс ҳолда, жамият ҳаётидаги тинчлик ва барқарорлик издан чиқиши мумкин. Бу масала бизнинг мамлакатимиз учун ҳам жуда муҳим. Ўзбекистон ҳудудида қадимдан кўплаб миллат ва элат вакиллари баҳамжиҳат истиқомат қилиб келган. Улар ўртасида асрлар давомида миллий мувозанатнинг сақланиб келингани халқимизнинг азалий бағрикенглигидан далолатдир. Миллатлараро муносабатларда уйғунлик вужудга келган мамлакатларда кўп миллатлилик жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига самарали таъсир кўрсатади. Мамлакатимиз Конституциясида “Ўзбекистон халқини миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади”, — деб таъкидланиши, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунда эса барча фуқароларга ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий мавқеи, ирқий ва миллий мансублиги, жинси, маълумоти, тили, динга муносабати, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар, тенг сайлов ҳуқуқининг берилиши белгилаб қўйилгани ана шу бағрикенгликнинг замонавий сиёсий-ҳуқуқий ифодасидир. “Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналарини ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади”. Конституциямизда белгилаб қўйилган ушбу қоида ҳам ҳаётда ўзининг амалий ифодасини топганлиги ижобий ҳолдир. Республикамизда миллий-маданий эҳтиёжларни қондиришнинг муҳим механизмига айланган 140га яқин миллий-маданий марказ фаолият кўрсатаётгани фикримизнинг далилидир. Бундан буён ҳам қўлга киритилган ютуқларни янада мустаҳкамлаш, мамлакатимизда яшаб келаётган миллатларни ўзаро ҳамжиҳатлик руҳида тарбиялаш, улар ўртасидаги ўзаро тотувликни мустаҳкамлаш миллий истиқлол мафкурасининг асосий мақсадларидан биридир.

ТУБАНЛИК – 1) паст ҳолатга эгалик, паст эканлик; 2) кўчма маънода: тубан шахсга хос ҳолат – хусусият; тубан хатти-ҳаракат, разолат. Т.ка бормоқ (ёки кетмоқ) – тубан ҳолат, хусусият касб этмоқ; тубанлашмоқ. Т. пастлик, пасткашлик маъноларини англатади. Т. салбий хислат бўлганлиги учун пасткашлик сўзи билан уйғунлашиб кетади. “Пасткаш одамлардан ҳақ сўзни эшитиб бўлмайди. Таги ёмон одам эътиборга нолойиқдир. У ҳеч қачон яхшини эътиборга олмайди. Ўзининг ёмон феълини яхши кўрган пасткаш, муқаррарки, халқ орасидаги яхшиларни ёқтирмайди. Одамларнинг қилмишларидан айб ахтарган одамнинг ўзи айбсиз бўлиши мумкин эмас. Кишининг барча хаёллари бузуқ бўлса, тўғри фикрдаги одамларнинг ҳаммасига ҳасадчи бўлади. Одамларнинг хурсандчиликдан ичган майини қон деб билади, таажубки, ўзи ҳам ичкиси келиб ҳасрат билан қон ютади. Нақд бойликнинг офати ўғри бўлганидек, яхшилар ҳасадгўй одамлардан доим озор тортишади” — дейди Навоий. Инсонга олий фазилатлардан яна бири босиқлик, ҳалимликдир. Аксинча, ёмонлик, Т., юзсизлик энг ярамас хислатларга киради (М.Қошғарий. Девон).

ТУРМУШ ДАРАЖАСИ — мамлакат аҳолиси, ижтимоий гуруҳлар, оилалар, инсон моддий, маънавий ва ижтимоий эҳтиёжларини қондириш даражаси (меъёри)ни тавсифловчи тушунча. Т.д. кишилар эҳтиёжининг таркиби ва ривожланиши б-н боғлиқ ва шу б-н бирга, уларни қаноатлантириш учун фойдаланиладиган турмуш неъматлари ва хизматлар миқдори ҳамда сифати б-н ҳам алоқадор бўлиб, у жамиятнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий тузилиши б-н белгиланади. Т.д. фақат жорий ишлаб чиқариш билангина эмас, балки миллий бойлик ва кишиларнинг шахсий (хусусий) тўплаган мулки миқдори б-н ҳам боғлиқ. Унга ижтимоий-тарихий, табиий иқлим, миллий этник шароитлар ва омиллар ўз таъсирини ўтказади. Т.д. миқдорий ва сифат кўрсаткичлари тизимида ифодаланади: истеъмол этилаётган моддий неъматлар ва хизматлар умумий ҳажми, аҳолининг реал даромади, озиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматлар итеъмоли миқдори, пул даромадлари миқдори, меҳнатнинг шароити ва тавсифи, иш ва бўш вақгнинг давомийлиги, турар-жой шароити ва қиймати, маиший хизмат, бўш вақтдаги ва бошқа ижтимоий хизматлар (соғлиқни сақлаш, маданий, алоқа, транспорт ва ҳ.к.) билан ифодаланади. Аҳоли Т.д. даражасини тавсифлашда кишилар эҳтиёжларини қондиришнинг белгиланган даражаси катта аҳамиятга эга. У оқилона истеъмол меъёрлари билан моддий ва маънавий неъматларни амалдаги истеъмоли кўрсаткичларини таққослаш йўли б-н ўлчанади, бунда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишда эришилган миқёс, табиий иқлим шароити, ёш, оила таркиби, муайян маҳсулотлар, неъматлар, хизматлар шаклидан фойдаланишнинг илмий асосланган меъёрлари ҳисобга олинади. Т.д. тушунчасидан социологияда ҳаёт сифати, ҳаёт услуби, ҳаёт тарзи ва б. б-н қиёсан фойдаланилади.

ТУҲМАТ – бировни айблаш ёки қоралаш мақсадида ўйлаб чиқарилган, асоссиз даъво, бўҳтон, кишини бошқа гуноҳларга етакловчи иллатни англатувчи т. Т. хоинликнинг бир кўриниши бўлиб, алоҳида бир киши, гуруҳнинг бирор нарса, ҳодисага ўз (шахсий, гуруҳий) манфаати туфайли қасддан қилинган ёки ёмон феъли (ҳасад, нафс, бахиллик, пасткашлик) туфайли содир бўладиган хатти-ҳаракатдир. Бошқача айтганда, Т. бўҳтон, уйдирма, ёлғонлигини билатуриб, бошқа шахс¬ни иззалайдиган (изза қиладиган), шарманда қиладиган сўзларни тарқатиш, киши лафзидан, ҳаракат ёки ҳаракатсизлигидан содир бўладиган салбий ҳодиса. Т. бир шахсни унинг ўзида бўлмаган иллатни тўнкаш, аксинча, агар шахснинг ўзида бўлган иллатни (ортидан) тўнкаса ғийбат бўлади. Т. биринчи марта содир этилса маъмурий жазо чораси кўрилади (МЖТК, 40-модда). Яна Т. қайтарилса, унга жиноий жавобгарлик белгиланган (ЖК, 139-модда). Т. нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёҳуд оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиб амалга оширилса жиддий жазоланади. Т. оғир ёки ўта оғир жиноятларда айблаш билан боғлиқ, оғир оқибатларга сабаб бўлса ёки хавфли рецидивист томонидан, ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда содир этилса, 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Т. − мунофиқлик ва хиёнатнинг кўринишларидан бири бўлиб, алоҳида шахс ёки гуруҳга уларга қилмаган гуноҳ ёки жиноятни, иллат ёки қусурни тўнкаш. Т. − бир кишининг ёки гуруҳнинг ортидан уларда бўлмаган ва улар содир қилмаган айбларни уларга нисбат бериш, уларнинг ҳақига бўҳтон қилишдир. Т.чи − Т. қилувчи кимса. Т. шахснинг ёки гуруҳнинг обрўсини тўкиш мақсадида қилинади. Т. инсонлар ўртасида ўзаро душманлик, носоғлом рақобат ва шубҳали ҳолатларда кузатилади. Т. жамиятда хусусий мулк пайдо бўлган пайтда манфаатларнинг кучли тўқнашувидан юзага келган. Т. диний тушунчага кўра, тажрид оламида эмас, аксинча сабаблар оламида кузатилади. Абу Наср Форобий фикрича, “Туҳмат ва қатъийлик (мулиҳ)ка келсак, уларнинг таъсирида тарафлардан бири бутунлай аниқ нарсаларни инкор этади ва ўз моҳияти бўйича тушунарли ва равшан ҳолатларга шубҳа билдира бошлайди. Бу ҳолат то бошқа тараф адашиб, ҳақиқий нарсанинг борлигига шаҳодат берувчи далилларни ҳамда маълум нарсалар ва ҳақиқийлиги аён нарсалар ҳақида хато тасаввур ҳосил қилмагунча давом этаверади. Бу субстания софистик санъатининг усулларидан биридир. Шунинг учун бу санъатнинг мақсади ҳақиқатга ва аниқ далиллар ёрдамида бирор нарсага эришишга тўсқинлик қилишдан иборатдир”. (Абу Наср Форобий. Фозил одамлар шаҳри. 118-бет). Форобий Т.ни энг ёмон руҳий сифатлар қаторига киритиб, унга субстания санъати воситасида эришилишини таъкидлайди. Қуръони каримда “Кимки бирон хато ёки гуноҳни қилиб қўйиб, сўнг уни бир пок одамга туҳмат қилиб отса, муҳаққақки, у бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз зиммасига олибди” дейилган. Ш-дек, унда бўҳтончи учун ҳалокат ва жазо муқаррарлиги уқтирилган. Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.)нинг “Туҳмат зинодан ёмон” (ат-туҳмати шаррил минал зина) деган ҳадислари ҳам Т.нинг жирканч иллат эканлигига мисол бўла олади. Шарқ мутафаккири Мажидиддин Хавофий фикрича, “Подшоҳга яқин кишилар туҳматчи ва ғийбатчи бўлсалар, давлат инқирозга юз тутиб, подшоҳ алмашгусидир. Туҳматчида ҳақиқат ва инсоф йўқ, туҳмат билан ёлғончи ўртасидаги чегарани аниқлаш жуда қийин, чунки туҳматчининг қуроли ёлғончиликдир. Туҳмат балосига йўлиққан одамнинг чеккан изтироби ғоят оғир, лекин у гуноҳсиз бўлса, туҳматчи фош бўлади, албатта. Иғвогар, туҳматчи ўз нишонига покдил, виждонли, оқил кишиларни олади, чунки у ўзида етишмаган ана шундай сифатлар учун уларга ҳасад қилади.” Т. нафақат шахсий муносабатларга, балки жамиятнинг соғлом турмуш тарзига ҳам раҳна солади. Т.га қарши курашнинг оқилона усули кишилар ўртасида самимий муносабатлар ўрнатиш, ҳатто мухолиф инсонларга ҳам марҳамат кўрсатиш, ҳаммага бирдек яхшилик қилиш, холислик, Т.ни пайдо бўлиб қолиш эхтимоли бор жойлардан четланиш кабилардир.

У