Е

ЕНГИЛТАКЛИК – 1) шахсга хос салбий хус-ят, хислат, хатти-ҳаракат; 2) оқибатини ўйламай иш қилмоқ; 3) одоб доирасидан чиқмоқ, одобсизлик қилмоқликни билдиради.  Е. ҳар қандай жинсдаги, ҳар қандай ёшдаги кишиларга хос хус-ят бўлиши мумкин. Ш.у. бу ибора кенг тарқалган сўзлардан бири ҳисобланади. Одатда бирор киши, бирор шахс ножўя иш, ножўя қилиқ қилиб қўйганда “Е. қилма”, дея танбеҳ берилади. Киши Е.дан тийилсагина бошқа яхши хислатларни ўзида намоён этади. Бунинг учун у яхши тарбия олган бўлиши лозим бўлади.  Кўпинча Е. ва енгил ўйлаш оқибатида не-не умид-орзулар б-н қурилган оилаларнинг бузилиб кетишига кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Е. оқибатида ака-ука, қариндош-уруғ, дўстлар ва яқинлар орасига совуқчилик тушиши, баъзи одамлар бир умрга ёмон отлик, шарманда, бебурд бўлиб қолиши мумкин. Ушбу сўз б-н ифодаланадиган маъно кишиларга фақат уқубат келтириши мумкин бўлган хус-ятни англатади. Е.ка қарама-қарши бўлган сўз шарм-ҳаё ҳисобланади. Шарм – бу ножўя хатти-ҳаракатлардан ўзини тия олиш, уялиш ҳисси, Е. унинг акси бўлиб, унда юқоридаги хислатлар чекланган бўлади. Ҳадиси шарифлардан бирида айтилишича, одам, энг аввало, ўзидан уялиши керак. Ножўя қилмиши учун ўзидан уялган одам бошқаларга ҳам ножўя хатти-ҳаракатни раво кўрмайди. Мана шу шармдир, шундагина киши Е.дек ёмон одатдан қутилиши мумкин.  Қад. аждодларимиз ҳам Е. хислатини қоралаганлар, ҳар ишда оғир-вазмин, мушоҳадали бўлиш лозимлигини таъкидлаганлар. Айниқса, сиёсий соҳада Е., калта ўйлашлик қанчалар уқубатларга олиб келишига кўҳна тарих кўп бора гувоҳ бўлганлиги маълум. Е.ка оғир-босиқлик, вазминлик каби иборалар антоним бўлиб  ҳисобланади. Бу т.ларнинг маъносини чуқур англаган кишигина Е.ка йўл қўймайди.

ЕТИМЛИК — ижтимоий тушунча, етим болалар аҳволини ифода этади. Етим — ўз оиласидан вақтинча ёки бутунлай маҳрум бўлган ёки ўз манфаатлари йўлида бундай оилада қола олмайдиган бола давлатнинг алоҳида ҳимояси ва ёрдамини олиш ҳуқуқига эгадир. Бевосита етим деб ота-онасини, улар вафот этганлиги сабабли йўқотган болага айтилади. Шартли етим деб ҳужжат асосида маълум бўлган ота-онасидан биттасини ёки ҳар иккисини йўқотган болага айтилади, шунингдек, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганларнинг болалари ҳамда ота-онаси томонидан рад этилган болалар ҳам шундай ҳисобланади. Вақтинчалик Е. — бола ота-онасидан моддий қийинчиликлар б-н боғлиқ ҳолда, ўз ота-оналик ҳуқуқларини сақлаш шарти б-н давлатга топширилганлардир. Жамиятга қарши хатти-ҳаракат туфайли ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши натижасида етим қолган болалар асосий тоифани ташкил этади. Етим болаларнинг ижтимоий мослашиши улар хулқ-атворини тўғрилаш учун ёпиқ болалар муассасаларида шуғулланиш, ташлаб кетган ота-оналарга нисбатан муносабатлар, етим болаларнинг барча ижтимоий ҳуқуқлардан фойдаланиши, етим болалар орасида жиноятчиликнинг олдини олиш — барча-барчаси ижтимоий муаммо ҳисобланади, Асраб олиш тартибларини енгиллаштириш, болани янги оилага бериш қоидаларини соддалаштириш ҳам Е. б-н боғлиқ муаммолардир.

Ё