Ю

ЮЗСИЗЛИК – инсоний одоб қоидаларига амал қилмаслик, ўзидаги салбий хусусият ва камчиликлардан уялмаслик ва уларни ошкора намойиш қилган ҳолда амалга оширилган хатти-ҳаракатни ифодаловчи т. “Ю.” сўзи салбий маънодаги ибора бўлиб, “ҳаёли”, “иболи” каби сўзларга қарши қўйилади. Ўзида ҳаё туйғуси бўлмаган одам ўзгадан ҳаёли бўлишни талаб қила олмайди ва бундай талаб туйғуси унда бўлмайди ҳам.   Оила одобига кўра Ю. тушунчасига тескари бўлган хислатга эга катта ёшлилар болаларга, балоғатга етган фарзандлар, келинлар катталарга очиқ-сочиқ ҳолда кўринмайди, бачкана қилиқ қилмайди, бепарда сўзларни айтмайди, улар учун сизсираш ҳурмат белгиси ҳисобланади. Бундай одамлар кўчага уй кийимида чиқмайди, биров сўраб келганда, у кўча эшиги олдида маҳтал қилиб қўйилмайди, дарҳол уйга таклиф қилинади. Меҳмон кутилганда болалар озода кийинтирилиб, супурги каби нарсалар кўздан четга олиб қўйилади. Акс ҳолда бундай хислатлардан махрум бўлиш юзсизликка олиб келиши табиий.  Ю. сўзи “сурбетлик”, “безбетлик” тушунчаларига маънодош ҳисобланади. “Юзсиз”, “сурбет”, “безбет” тушунчаси “аҳлоқсиз”, “беодоб”, “бадаҳлоқ” ва “тартибсиз”, “андишасиз” инсонларга нисбатан қўлланади. “Юзсиз” сўзи “юзи қора” иборасига ҳам маънодош ҳисобланади. Юзсизлар, яъни юзи қоралар ножўя хатти-ҳаракатлари билан иззат-обрўсини йўқотган, эл-юрт дашномига учраган кишилардир.

“ЮКСАК МАЪНАВИЯТ – ЕНГИЛМАС КУЧ” — Ўзбекистон Президенти И.А. Каримовнинг одамзот учун ҳамма замонларда ҳам энг буюк бойлик бўлиб келган маънавиятнинг маъно-мазмуни, унинг инсон ва жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти, бу мураккаб ва серқирра тушунчанинг назарий ва амалий томонлари ҳар томонлама кенг қамровли фикр ва хулосалар орқали таҳлил этилган асари. Унда истиқлол йилларида юртимизда миллий маънавиятимизни тиклаш, уни замон талаблари асосида ривожлантириш бўйича амалга оширилган улкан ишлар, бу борада олдимизда турган мақсад ва вазифалар ҳақида атрофлича фикр юритилган. “Муқаддима”, 4 боб ва “Хулоса” қисмлардан иборат ушбу китобда муаллиф бугунги мураккаб глобаллашув даврида маънавият соҳасида вужудга келаётган долзарб муаммолар, халқимиз маънавиятини асраш ва юксалтириш, айниқса, ёш авлод қалби ва онгини турли зарарли ғоя ва мафкуралар таъсиридан сақлаш ва ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратган. Шунингдек, асарда маънавият соҳасидаги долзарб муаммолар ва вазифалар теран таҳлил этилиб, халқимизнинг дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаслиги, фарзандларимизнинг биздан кўра кучли, илмли, доно ва бахтли бўлиб яшаши учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар қилиш ва  бу борада маънавий тарбия масаласи, ҳеч шубҳасиз, беқиёс аҳамият касб этиши қайд қилинган. Бу масалада ҳушёрлик ва сезгирлигимизни ошириш, қатъият ва масъулиятимизни йўқотмаслик, энг асосийси, мазкур соҳадаги ишларни ўзибўларчиликка ташлаб қўймаслик, юксак маънавиятни шакллантиришдек олижаноб мақсадларга эришиш, ўзимиз интилган умумбашарий тараққиёт йўлидан оғишмай боришимизнинг кафолати борасидаги серқирра масалалар баён этилган.

Асарда   ер юзида турфа миллатлар, турли элатлар, халқлар, давлатлар бўлгани каби, инсонларнинг табиати ва хусусияти ҳам турфа экани, уларнинг, бир-биридан фарқли ҳаёт тарзи, урф-одат ва  анъаналари, маданияти борлиги ва буларнинг барчаси ягона мезон-меъёр – маънавият билан ўлчаниши  ҳаётий мисоллар орқали таҳлил этилган. Бу дунёда ҳаёт бор экан, турфа хил одамлар, уларнинг онгу тафаккуридаги ўзаро тафовут ва зиддиятлар сақланиб қолавериши, турли дунёқарашлар, оқим ва йўналишлар мавжудлигини табиий бир ҳол деб қабул қилиш зарурлигини  атрофлича асослаб берилган.

Муаллиф маънавиятни шакллантирадиган асосий мезон бўлган маънавий мерос, маданий бойликлар, кўҳна тарихий ёдгорликларнинг ўрни ва аҳамияти, инсон ва жамият тараққиёти учун муҳим омил ҳисобланган маънавий ва моддий ҳаёт муштараклиги, айнан ушбу тамойиллар бир-бирини инкор этмаслиги, аксинча, бир-бирини тўлдириши ҳамда мамлакатда сиёсий, ижтимоий, иқтисодий барқарорлик ва тараққиётнинг мустаҳкам гарови бўлиб хизмат қилишини асослаб  берган. Шу аснода китобда маънавиятни шакллантирадиган, унга таъсир ўтказадиган барча омил ва мезонлар чуқур таҳлил қилинган. Ҳар қайси халқ ёки миллатнинг маънавиятини унинг тарихи, ўзига хос урф-одат ва анъаналари, ҳаётий қадриятларидан айри ҳолда тасаввур этиб бўлмаслиги исботланган.

Асарда маънавиятнинг инсон ва жамият ҳаётидаги аҳамияти,  бу борада асрлар давомида қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келаётган муҳим масалалар, мас., одамларнинг кундалик ҳаёти ва фаолиятидаги моддий ҳамда маънавий асослар бир-бирига нисбатан қандай ўрин тутиши, уларнинг ўзига хос хусусиятлари алоҳида ўрганилган. Миллий ғоя ва маънавият, мафкуравий жараёнлар ва маънавий ҳаёт ўртасидаги диалектик боғлиқлик, ўзаро ҳамоҳанглик, давлат ва жамиятнинг олий мақсади халқнинг, инсонларнинг ҳар томонлама фаровон ҳаёт кечиришларини, тинч-тотув умргузаронлик экани билан боғлиқ  долзарб вазифалар таҳлил қилинган.

Муаллиф томонидан мамлакатимизда янги ҳаёт, янги жамият пойдеворини барпо этишда эркин фуқаро маънавиятини шакллантириш масаласи ғоят долзарб аҳамиятга эга экани, глобаллашув жараёни, унинг  мазмун-моҳияти, ижобий ва салбий жиҳатларини ҳар томонлама таҳлил этиш, фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя билан курашишнинг аҳамияти, ҳозирги дунёнинг геополитик, иқтисодий-ижтимоий, ахборот-коммуникация манзарасидаги ўзгаришлар  зарурлиги ҳар томонлама асослаб берилган. Муаллифнинг кўп йиллик кузатишлари, фикр ва мулоҳазалари маҳсули бўлган, ҳар томонлама теран илмий ва ҳаётий қарашларга асосланган ушбу китоб тўрт бобдан иборат бўлиб, унда маънавият соҳасига оид қонун ва категориялар яхлит бир тизим сифатида таҳлил этилган. Айтиш мумкинки, шу асосда маънавиятнинг мазмун-моҳияти, унинг инсон ва жамият, миллат ва давлат тараққиётидаги ўрни ва аҳамияти ҳақида яхлит илмий-фалсафий, назарий-методологик таълимот яратилган.

         Асарнинг “Маънавият – инсоннинг улғайиш ва куч-қудрат манбаидир” деб номланган биринчи бобида “маънавият” тушунчасининг маъно-мазмуни, унинг инсон ва жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти, назарий ва амалий томонлари ҳар томонлама кенг қамровли фикр ва хулосалар орқали таҳлил этилган. Мазкур тушунчага илмий-назарий жиҳатдан асосли таъриф берилган. Назаримизда, бу таърифда инсониятнинг маънавий тараққиёт жараёнида вужудга келган илғор умумбашарий қарашлар, жумладан, буюк аждодларимизнинг ғоя ва таълимотлари билан бирга, бугунги шиддатли давр воқелигига хос тамойил ва мезонлар ҳам ўз ифодасини топган.

         Китобнинг “Мустақиллик – маънавий тикланиш ва юксалиш” деб номланган иккинчи бобида мамлакатимизнинг истиқлол йилларидаги тараққиёти, миллий ғоянинг маъно-мазмуни, унинг асосий тушунча ва тамойиллари, маънавий ҳаёт билан боғлиқ диалектик боғлиқлиги, жамиятимиз ҳаётини  эркинлаштириш ва янгилаш, мамлакатимизни модернизация қилиш жараёнида маънавиятнинг ўрни ҳам улкан тафаккур соҳиби, ҳам ҳаёт синовларида тобланган йирик давлат арбоби нигоҳи орқали кўрсатиб ўтилади. Юртимизда маданият, таълим, илм-фан, адабиёт, санъат ва спорт соҳаларини тараққий эттириш борасида амалга оширилаётган ва келгусида қилинажак ишлар атрофлича таҳлил этилиб, бу борадаги мақсад ҳамда вазифалар аниқ-равшан белгилаб берилади.

         Китобнинг “Маънавиятга таҳдид – ўзлигимиз ва келажагимизга таҳдид” деб номланган кейинги бобида глобаллашув жараёни, унинг мазмун-моҳияти, ижобий ва салбий жиҳатлари, хусусан, бугунги кунда мафкуравий таъсир ўтказиш воситаси сифатида айрим сиёсий кучлар манфаатига хизмат қилаётгани, ушбу жараён орқали миллий қадриятларимизга ёт ғоя ва қарашлар ёпирилиб кираётгани ва улар эртага қандай салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкинлиги ҳаётий мисоллар орқали баён этилади.

         Китобнинг “Ватанимиз тараққиётининг мустаҳкам пойдевори” номли бобида юксак маънавиятни шакллантиришда инсон қалбига йўл очадиган омиллар тўғрисида фикр юритилади. Бунда таълим-тарбия, телевидение ва оммавий ахборот воситалари, театр, кино, адабиёт, мусиқа, рассомчилик ва ҳайкалтарошлик, яъни инсоннинг қалби ва тафаккурига бевосита таъсир ўтказадиган соҳалардаги фаолияти замон талаблари асосида ривожлантиришнинг амалий масалаларига эътибор қаратилади. Юксак маънавият соҳиблари бўлган алломалар, олим ва зиёлилар ҳаётидан ибратли мисоллар келтирилади.

         Мазкур китобда ижтимоий фанлар тарихида илк бор маънавиятнинг тарихий тараққиёт билан боғлиқ қуйидаги умумий қонунияти асослаб берилган: яъни, жамият ҳаётининг ҳар қайси даври ёки ривожланиш босқичига маънавиятнинг маълум бир тамойиллари ва маънавий қадриятлар тизими мос келади. Агар давр ўзгарса, жамият ўзгача тараққиёт босқичига ўтса, маънавий мезон ва қадриятлар тизими ҳам ўзгаради, аста-секин янги замонга мос янгича тизим ҳосил бўлади. Инсоният ва миллат, давлат ва жамият бор экан, ушбу жараён тўхтовсиз давом этаверади.

         Асарда бу қонуният мустақил мамлакатимизнинг истиқлол йилларида маънавият соҳасида қўлга киритилган ютуқлари мисолида ёрқин ифодалаб берилган. Ҳозиргача бу йўналишда чоп этилган бошқа китобларнинг биронтасида мазкур қонуният, унинг умумбашарий, минтақавий ва миллий жиҳатлари ҳамда амалиётда намоён бўлиш хусусиятлари тўғрисида фикр юритилмаган эди. Бу эса тавсифланаётган асарнинг илмий-назарий аҳамиятини янада оширади. Шу маънода, мазкур китоб барча ижтимоий фанлар учун методологик манба, маънавиятшунослик йўналишидаги мутахассис ва тадқиқотчилар учун асосий қўлланма бўлиб хизмат қилади.

“ЮКСАК МАЪНАВИЯТСИЗ КЕЛАЖАК ЙЎҚ” — Ўзбекистон Президенти И.А. Каримовнинг одамзот учун ҳамма замонларда ҳам энг «Маънавият ва маърифат» республика жамоатчилик маркази раҳбарияти ҳамда бошқаруви аъзолари билан учрашувда сўзланган нутқ (1996 йил 4 сентябрь).

Маърузада одамлар қалбида юксак маънавий фазилатларни камол топтириш, миллий мафкурани шакллантириш, ёшларни бой маданий меросимиз, тарихий қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш масалалари хусусида сўз боради. Мустақиллик йилларида одамларда маданият ва маънавият юксалиб, ўзлигини англаш туйғулари, Ўзбекистон – менинг Ватаним, деган муқаддас тушунча ҳар бир ватандошимиз онгига теран кириб бормоқда. Агар 1990-1991 йиллардаги қалтис вазиятни эсласак, шу нуқтаи назардан бугунги кунга баҳо берсак, жамиятда тинчлик, осойишталик, тотувлик муҳити ҳукм сурган тақдирдагина, хоҳ иқтисодий, хоҳ ижтимоий бўлсин, ҳар қандай муаммонинг ечимини топиш мумкин. Буни кейинги йиллардаги тажрибамиз исботлаб турибди. Нутқда маънавият ва маърифат масаласи тарихий қадриятларимиз билан узвий боғлиқ экани, нафақат ўтмишимизни ёритувчи омил, балки келажагимизни ҳам белгилаб берувчи асосдир. Чунки қадриятлар халқнинг кўп  йиллик тарихий-маданий тажрибаси сифатида шаклланган турмуш тарзи, тафаккури маҳсули сифатида дунёга келади. Халқимизнинг азалий удумлари, урф-одат ва анъаналари инсоний ҳамда миллий мансублик ифодасидир. Шунинг учун Президент миллий-маънавий қадриятларимиз тимсоли ҳисобланган Соҳибқирон Амир Темур шахсияти ва фаолияти, шунингдек, маънавиятимиз даҳолари Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Абдуҳолиқ Fиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг юксак маънавий-ахлоқий фазилатлари ва сабоқлари маънавиятимизнинг асоси эканига урғу беради. Истиқлол йилларида номлари зикр этилган алломаларимизнинг қадамжолари қайтадан тикланди, уларнинг бой меросидан баҳраманд бўлиш имконияти яратилди. Президентимиз буюк аждодларимиз меросига таяниб, “Мен маърифатли жамият қурмоқчиман”, дея таъкидлайди. Маърифатли жамиятда эса инсон, маънавият, ахлоқ, тафаккур мезонлари ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Шунинг учун давлатимиз раҳбари “Маънавий соғлом, кучли жамиятгина ислоҳотларга тайёр бўлади”, деб таъкидлайди. Ўтиш давридаги қатор иқтисодий қийинчиликлар сезилаётган бир пайтда маънавий ҳаётимизга давлат сиёсати даражасида эътибор берилиши инсоний ғамхўрликнинг ёрқин ифодасидир. Умуман олганда, миллий маънавият ва миллий ғоя халқни – халқ, миллатни — миллат қилишда ўзимизга хос менталитетимиз асосида ўзлигимизни ва миллий ғуруримизни англашда ўта муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳам маънавият ва маърифатимиз асоси ҳисобланган тарихий, диний, миллий қадриятларимиз, урф-одат ва анъаналаримизни асраб-авайлаш билан бир қаторда, уларни янада юксалтириш, тараққий эттириш, келажак авлодга бекаму-кўст етказишиб беришга ҳаракат қилмоғимиз шарт. Бу эса миллий ғоянинг асосий вазифаси ҳисобланади.  Юксак маънавият истиқлолни асраб-авайлаш, мамлакатимиздаги тинчлик ва барқарорликни сақлаш, буюк келажакни қуришнинг  асосий омилидир. Шуниси эътиборга сазоворки, бу хайрли ишларга адабиёт ва санъат намояндалари, маданият арбоблари муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар. Уларнинг меҳнати самарасини, иқтисодий кўрсаткичлардан фарқли ўлароқ, бирон мезон билан ўлчаб бўлмайди. Уни фақат одамлар қалбида уйғонган ғурурдан, чеҳраси очиқлигидан англаш, ҳис этиш мумкин. Миллий ғурур ҳақида гапирганда, уни улуғлаганда ҳеч ким ўз миллатини бошқалардан устун қўймаслиги керак. Дунёда катта ёки кичик миллат йўқ, балки ҳар бир миллатнинг ўз ғурури бор. Уни камситишга эса ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Шу маънода, ўз кучига, салоҳиятига ишонган халқнинг бағри кенг бўлади. Бундай миллат кучли, айни дамда вазмин, босиқ бўлмоғи керак. У ўзининг иқтисодий ютуқлари, маънавий юксаклиги билан бошқаларда ҳавас уйғотсин. Юртдошларимизни ана шу руҳда тарбиялаш, аввало, маърифат ва маънавият намояндаларининг энг асосий, муқаддас бурчидир. Чунки, маънавият ишларини йўлга қўймасдан туриб иқтисодий юксалишларга эришиш қийин. Зеро, юксак маънавияти бўлмаган халқнинг келажаги ҳам йўқдир.

Юнеско – Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маориф, фан ва маданият масалалари б-н шуғулланувчи ихтисослашган ҳукуматлараро ташкилоти, 1946 йилда тузилган. Дунёнинг 170 ортиқ мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистон ҳам ЮНЕСКОга аъзо, ташкилотнинг асосий мақсади маориф ва маданият соҳасида халқаро ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш, маданий ва илмий техникавий ахборотларни тарқатиш, шунингдек, таълим масаласида турли чеклаш ва ҳуқуқбузарликка қарши кураш, ҳамда миллий маданиятни ҳимоя қилиш ва б. Низомга мувофиқ ташкилотга аъзо давлатларда ЮНЕСКО ишлари бўйича махсус миллий ҳайъат фаолият кўрсатади. ЮНЕСКОнинг олий органи – унинг бош конференцияси ҳисобланади. Ташкилотнинг штабквартираси Париж шаҳрида жойлашган.

Юрт тинчлиги — миллий истиқлол мафкурасининг асосий ғояларидан бири, мамлакат барқарор тараққиётининг асосий  шарти. Тинчлик – инсоннинг ҳаётий эҳтиёжи, эмин-эркин яшаши ва камол топишининг энг зарур омилидир. Ҳар бир инсон учун юрт тинчлиги бебаҳо неъмат, улуғ саодатдир. Башарият ўз тараққиётининг барча босқичларида, аввало, тинчлик-тотув­ликка интилиб келган. Тинчликни сақлаш ва мустаҳкамлаш масаласи умумбашарий муаммодир. Инсоният тараққиётининг барча босқичла­рида жамиятнинг асосий масалалари, биринчи навбатда, тинчлик-тотувлик ҳолатидагина самарали ҳал этилган. Шу боисдан ҳам юрт тинчлиги — барқарор тараққиёт гаровидир. Тинчликни сақлаш муаммосини кишиларнинг шунчаки хоҳиш-истаги, орзу-умидлари билан ҳал қилиб бўлмайди. Инсоният учун муқаддас бу қадриятга доимо изчил ва қатъий ҳаракатлар туфайлигина эришилган. Ўзбек халқи тинчликни юксак қадрлайди ҳамда уни ўз орзу-умидлари, олий мақсадлари рўёбга чиқишининг кафолати, деб билади. Шу  боисдан ҳам бобо-момолар дуога қўл очганида даставвал яратгандан тинчлик-омонлик тилайди. Халқимиз орасида ҳам «тинчлик бўлса, ҳар қандай мақсадга эришиш мумкин», деган тушунча кенг тарқалган. Лекин тарих сабоқлари шундан далолат бермоқдаки, орзу-ниятнинг ўзи билангина узоққа бориш қийин. Юрт тинчлиги дунё ва минтақалар тинчлиги билан чамбарчас боғлиқ. Давлатлар ўртасида ўзаро ишонч ва ҳамкорлик муносабатлари тобора чуқурлашиб бориши ҳозирги шароитда тинчликнинг ниҳоятда муҳим омили сифатида катта аҳамият ва чуқур маъно касб этмоқда. Халқаро майдонда рўй бераётган туб сиёсий ўзгаришлар ҳам тинчлик учун курашнинг аҳамиятини янада ошириб юборди. Кўпгина мамлакатлар халқларининг миллий истиқлол, демократик эркинликларни асраб-авайлаб келажак авлодларга етказиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари ўз юрти ва минтақаларидаги тинчлик ва барқарорликка боғлиқ экани равшан. «Қўшнинг тинч – сен тинч» мақолининг туб маъносини дунё ҳам, биз ҳам янада теранроқ англамоқдамиз. Кўҳна тарихга назар ташласак, айнан юрт тинч, эл омонликда яшаган даврлардагина халқимиз моддий ва маънавий ютуқларга эришганига гувоҳ бўламиз. Хусусан, Соҳибқирон Амир Темурнинг набираси Мирзо Улуғбек Мовароуннаҳрга ҳукмронлик қилган қирқ йил мобайнида мамлакатда тинчлик-барқарорлик устувор бўлгани сабабли илм-фан, маданият тараққий этган, бунёдкорлик ишлари ривожланган, кўҳна заминимиз гуллаб-яшнаган. Ўзбекистон Республикаси истиқлолга эришган дастлабки кундан бошлаб тинчлик-тотувлик сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини жумлаи жаҳонга эълон қилди. У ўз ҳудудида тинчлик ва барқарорликни сақлабгина қолмай, минтақамиздаги беқарор вазиятларни ҳал этишга ҳам ўз улушини қўшиб келмоқда. Айниқса, унинг ўзаро ҳарбий можаролар туфайли дунёвий цивилизациядан батамом узилиб, дунёнинг энг қолоқ мамлакатларидан бирига, ўта хавфли таҳдид ва тажовуз манбаига айланиб қолган афғон масаласи ҳал этилишига қўшган ҳиссаси беқиёсдир. Ўзбек халқи тинчликни ўз орзу-интилишлари, мақсад-муддаолари рўёбга чиқишининг шарти деб билади. Шунинг учун ҳам  доимо Яратгандан тинчлик ва омонлик тилайди. Шарқ мамлакатларининг қаерига борманг, одамлар бир  бири б-н учрашганда, авваламбор, “Ассалому алайкум” дейишади. Ушбу калом арабчадан олинган бўлиб, “Сизга тинчлик ёр бўлсин” деган маънони англатади. “Салом”, яъни “тинчлик” сўзи Қуръони каримда 40 марта учрайди. Бу муқаддас китобнинг оятларидан бирида шундай дейилади: “Меҳрибон Парвардигор томонидан одамларга олқиш маъносида “тинчлик” сўзи айтилур”. Бинобарин, ер юзида яшовчи кишилардан “Сен она Ватанингни хонавайрон қиладиган, авлодларинг ҳаётига зомин бўладиган, чексиз ғам-андуҳ келтирадиган урушни хоҳлайсанми”, деб сўралса, ҳар бир соғлом фикрли инсон, миллати, дини, ирқи, иқтисодий аҳволи, сиёсий мавқеи, ёши, жинсидан қатъи назар, “йўқ“ деб жавоб бериши аниқ. Бироқ, инсоният тарихида, кейинги беш минг йилда тахминан 15 мингдан ортиқроқ катта-кичик урушлар бўлган экан. Ҳолбуки, башарият фақат тинчлик ва осойишталик барқарор бўлган тақдирдагина ўз олий мақсадларига эришади, моддий ва маънавий жиҳатдан юксаклади. Юрт тинчлиги энг азиз неъмат эканига бутун жаҳон амин бўлмоқда. Дунёнинг кўп мамлакатларида рўй бераётган террорчилик ҳаракати бу борада ҳали кўплаб муаммолар борлигини кўрсатмоқда. Мамлакатимиз мустақилликка эришган дастлабки кунларданоқ юрт тинчлигини сақлаш давлат сиёсатининг устувор  йўналишига айланди. Ўзбекистон дунёда биринчи бўлиб Марказий Осиёни ядро қуролидан холи  майдонга айлантириш, халқаро террорчиликка қарши кураш марказини тузиш ва бошқа тинчликсевар таклифлар б-н чиқди. Чунки, ислоҳотларнинг натижалари айнан шу ғояни амалга оширишга бевосита боғлиқ эди. Шунинг учун ҳам  миллий истиқлол мафкурасида юрт тинчлигини таъминлайдиган шарт-шароитларни яратиш масаласига алоҳида  эътибор берилган.  Юрт тинчлиги – Ватан озодлиги ва мустақиллиги б-н чамбарчас боғлиқдир. Бировга қарам бўлган халқ ҳеч қачон эркин ва фаровон яшай олмайди. Шунинг учун ҳам  мустақиллик ва тинчликни асрашимиз, мамлакатимизни тажовузкор кучлардан ҳимоя қилишга  доимо тайёр туришимиз лозим. Юксак маънавият, маданият, миллатнинг ғоявий ва мафкуравий етуклиги  юрт тинчлигини сақлашнинг муҳим шартидир. Халқимиз учун азал-азалдан муқаддас бўлган бу ғоя жамиятдаги турлича фикр ва қарашга эга бўлган барча куч ва ҳаракатларни бирлаштиришга,  шу орқали миллий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. И.А.Каримов “Бизнинг кейинги йилларда эришган энг катта ютуғимиз  бу умумий хонадонимизда қарор топган тинчлик ва барқарорлик, миллатлараро ва фуқаролараро тотувликдир. Одамларимиз тафаккурида бу қадриятнинг беқиёс  аҳамиятини англаб етиш туйғуси тобора юксалиб бормоқда” деб бежиз таъкидламаган. Ўзбекистондаги ижтимоий ҳамкорлик, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик юрт тинчлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу эса мамлакатимизда ички барқарорликни таъминлаш, хорижий  давлатлар б-н тенг ҳуқуқли ҳамкорликни ривожлантириш, жамият ҳаётининг барча соҳаларини эркинлаштириш ва демократиялаштириш, сиёсий партиялар фаоллигини ошириш, белгиланган режа ва мақсадларга эришиш, бир сўз билан айтганда, бунёдкорлик фаолиятига хизмат қилмоқда.

Я