Президент ишониб тайинлаган ҳокимлар ғирт саводсиз чиқмоқда

Сўнгги олти ой ичида, яъни ўтган йилнинг сентябридан то бугунги кунгача хорижий оммавий ахборот воситаларида ҳамда маҳаллий ижтимоий тармоқларда ҳокимлар билан боғлиқ масалалар, уларнинг муомала маданиятига эга эмасликлари, саводсизликлари, гумроҳликлари, сўкоғичликлари ва бошқа сон-саноқсиз қусурлари тасвирга олинган видеолар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди, бу хусусда мақолалар, шарҳлар кўп ёзилди, кўп муҳокама қилинди.

Ўз навбатида, биз ҳам “Mulkdor” сайтида “Нўноқ ҳокимлар билан қаергача борамиз, жаноб Президент”, деб номланган мақоламизни эълон қилган эдик.

Унда Сирдарё вилояти Сайхунобод туман ҳокими Носиржон Эгамбердиевнинг Мустақиллик байрамига етарлича одам олиб бормаган тумандаги мактаблар директорларини бир қаторга турғазиб қўйиб уриб-тепканлиги, калтаклаганлиги, ҳақорат қилганлиги ва уятсиз сўзлар билан сийлаганлигига доир видео асосида, шунингдек, “Ўзи хон — кўланкаси майдон” Тошкент вилояти Паркент туман ҳокими Неъматулла Абдуллаевнинг ўз раҳбарлигида 2017 йил 1-ноябрда ўтказган йиғилишида пахта теримига кам одам чиқарган раҳбарларни, жумладан, бир қатор таълим масканлари директорларини 45 минут давомида 126 марта уятли сўзлар билан сўккани, ҳақорат қилгани, дўқ-пўписа уюштиргани ёзилган аудиофайл асосида ҳамда Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаевнинг 200 дан кўп одам иштирок этган йиғилишда Андижондан Тошкент вилоятига поездда пахта теримига кам одам жўнатган коллеж ва академик лицейларнинг эркагу аёл директорларини “шакаль, тварь, эшак, ҳайвон, дея сўккан, илм масканлари директорлари падарига ланъат ёғдирган аудиофайл асосида воқеа тафсилотларини атрофлича ёритган эдик. Шунингдек, Президентдан Носиржон Эгамбердиев, Дилмурод Раҳматуллаев, Неъматулла Абдуллаевларнинг қонунан жазоланишини талаб қилган эдик.

Ижтимоий тармоқларда биздан бошқа сон-саноқсиз одамлар томонидан ушбу мавзулар кенг кўламда муҳокама қилингандан кейинми ёки бошқа сабаблар боисми юқорида номлари тилга олинган ҳокимлар эгаллаб турган лавозимларидан озод этилганди. Қизиғи шундаки, республика миқёсида кенг кўламда муҳокама қилинган ушбу мавзу айрим ҳокимчаларга заррача таъсир қилмаганга ўхшайди.

Буни Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг хатти- ҳаракатларидан ҳам билсак бўлади.

Саводсиз ҳоким Қозоғистон Республикасининг Оқтўбе вилоятида рўй берган фожеага боғлиқ ўтказган селектор йиғилишида Оқтўбеда 16 нафар тошлоқликлар вафот этганидан келиб чиққан ҳолда Тошлоқ туман аҳлини Фарғона вилоятини шарманда қилганликда айблаган.

У шунчаки айблов билан чекланиб қолмасдан уларни қўпол сўзлар билан ҳақорат қилган. Бундан ташқари, ҳокимбова тошлоқликларни Ҳаж зиёратига ҳамда Россияга боришдан маҳрум қилиш важларини илгари сурган

. Бу эса, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ҳар томонлама хилофдир.

“Энди Тошлоқдан ҳеч ким Ҳажга бормайди. Тошлоқликларнинг биронтаси Ҳаж сафарига бормайди, тиригиям бормайди, отасиям бормайди. Ҳаммаси маҳрум бўлди ўша Тошлоқдан», дея ҳайқирган ҳоким.

Шундан сўнг у ўз ёрдамчиларидан бирига Ҳаж сафарига бориш учун рўйхатдан ўтган тошлоқликларнинг барчаси номини ўчириш бўйича кўрсатма берган. Бефаросат ва зўравон ҳоким бу билан чекланиб қолмасдан фожеа қурбонларининг яқинлари учун ажратилган моддий ёрдамни пеш ва миннат қилган.

“Эшитиб қўйинглар, тошлоқликлар! Яна бечора вилоятликлар 80 миллион сўм ҳомийлик қилишга мажбур бўлди. Ҳар бири учун 5 миллион сўмдан. Буни таъна қилиш учун гапираётганим йўқ”, дея таъна қилади ҳоким. Ҳоким бу билан чекланиб қолмасдан давлат раҳбарининг фармонлари, қарорларига хилоф равишда иш тутиб, уни саботаж қилиб, ҳатто Конституцияга тажовузона ҳаракатларини давом эттиради.

Бунга унинг фарғоналикларнинг ташқи миграциясини тақиқлаши мисол бўла олади. Гумроҳ ҳоким ташқи миграциянинг олдини олиш мақсадида Фарғонадан Тошкентга қатновчи киракашлар билан ҳамкорликда иш олиб бориш бўйича кўрмастма берган. Ҳоким Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги Фарғона вилоят бўлимига мурожаат қилган.

“Эртага вилоятдаги 10 минг киракаш билан гаплашасизлар. Буларнинг ҳаммаси машинада кетган. Поезддаям кетмаган, самолётдаям кетмаган. Ҳар бир бекат текширилади, ГАИни раҳбари Раҳматжон Тошназаров одам беради, текширасизлар. Бекатда кузатилади, ўзи юки кўплигидан маълум бўлади, ким қаёққа кетаётгани”, деган ҳоким.

Ҳоким Шуҳрат Ғаниевнинг бу кўрсатмаларини ҳеч иккиланмасдан ўзини тайинлаган Ўзбекистон Республикаси Президентига жиддий саботаж, деб айтсак бўлади. Негаки, унинг бу гаплари давлат раҳбарининг фармони билан Ўзбекистон фуқароолари республиканинг барча ҳудудларида, жумладан, Тошкент шаҳрида эркин ҳаракатланиши кафолатланган, прописка бўйича талаблар бекор қилинган фармон имзоланган кунларга тўғри келмоқда. Аслида Президент Оқтўбе фожеасига бевосита ва билвосита раҳбарият айбдорлигини таъкидлаганди.

Афсуски, Фарғона вилоятининг ҳатто Конституция моддаларини ҳам билмайдиган мишлақи ҳокими бунинг фарқига бора олмади.

Бунинг натижасида тошлоқликлар азият чекди. Айтингчи, ҳоким фуқароларнинг Конституцион ҳуқуқларини чеклашга, Ҳажни тақиқлашга, Россияга бориш-келишни тақиқлашга ҳақлими? Асло, йўқ!

Шу нуқтаи назардан Шуҳрат Ғаниевни ҳам ҳеч иккиланмасдан ҳамкасблари Носиржон Эгамбердиев, Дилмурод Раҳматуллаев, Неъматулла Абдуллаевлар каби қонунан жавобгарликка, Конституцияни менсимагани, унга тажовуз қилгани учун жиноий жавобгарликка тортиш керак.

Бундан ташқари мамлакатимиздаги барча ҳокимларнинг Ўзбекистон Республикаси Бош қомусини нечоғли билиши бўйича имтиҳон қилиши керак.

Зеро, саводсиз ва гумроҳ ҳокимлар билан биз ҳеч қаерга боролмаймиз, таназзул ботқоғидан чиқолмаймиз!

Муаллиф: Рўзибой Азимий

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Нафс маликалари

Шу йилнинг октябр ойи ўрталарида Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида опа-сингил Гулбаҳор Мўминова(1971 йилда туғилган), Дилноза Мўъминова(1982йилда туғилган), Аҳмедова Дилобар ...

Петербургда ўзбекистонлик аёл ва унинг вояга етмаган қизи зўрланди

Петербургда ўзбекистонлик аёл ва унинг вояга етмаган қизи иштирокида даҳшатли воқеа юз берди. Бу ҳақда Россия матбуотига таяниб “Кун.уз” ёзмоқда. 18 май куни Ўзбекистоннинг ...

Бухоро деҳқон бозорида 15 яшар қиз фаррош томонидан калтакланди. бу хорижлик сайёҳлар кўз ўнгида юз берди

Бухоро деҳқон бозорида 15 яшар қиз фаррош томонидан калтакланди. Бозор маъмурияти ходимларининг билдиришича, ушбу ҳолат сотувчиларнинг маҳсулотларни ўзига белгиланган савдо ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400