Талабанинг Ўзбекистон Президентига мурожаати: “Менинг диний ҳуқуқ ва эркинликларимни тиклаб беринг!”

Талабанинг Ўзбекистон Президентига мурожаати: “Менинг диний ҳуқуқ ва эркинликларимни тиклаб беринг!”

Диний ҳуқуқ ва эркинликлари бузилган Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабаси номидан Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёевга;

Манбаа: azon.uz сайти

Шунингдек,

  • Конституциявий суд раиси, ҳурматли Б. Мирбобоев;
  • Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили, Омбудсман, ҳурматли Улуғбек Муҳаммадиев;
  • Дин ишлари бўйича қўмита раиси, ҳурматли Ортиқбек Юсупов;
  • Олий ва ўрта махсус таълим вазири, ҳурматли Иномжон Мажидов;
  • Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори вазифасини бажарувчи, ҳурматли Валижон Ҳошимовга

МУРОЖААТ

Меҳрибон ва раҳмдил Аллоҳ номи билан.

Бу мурожаатномани ёзишдан аввал кўп ўйладим, юртимизнинг келажаги учун қайғураётган минглаб илм эгалари, раҳбарлар олдида гапиришга истиҳола ҳам қилдим. Лекин минг афсуслар бўлсинки, мен таълим олаётган ўқув даргоҳи – Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети раҳбарияти томонидан менга нисбатан қўлланган ноқонуний хатти-ҳаракатлар – соқол билан дарсга келганим учун якуний назоратларга киритмаслик ҳолатлари ушбу мурожаатномани ёзишга ундади.

Мурожаатномани ёзишдан аввал мен яқин ўтмишда эшитган бир ривоят ёдимга тушди.

Иброҳим алайҳиссаломни Намруд исмли золим подшоҳ ва ўз қавми оловда ёқиш учун олиб келишади. Катта гулхан ёқилади ва жоҳил қавм Иброҳим алайҳиссаломни оловга ташлайди. Ҳеч ким У зотнинг тарафини олмайди. Шунда одамлар ловуллаб ёнаётган олов тарафга оғзида сув билан кетаётган чумолини кўрадилар ва ундан сўрашади: “Эй чумоли, ақлинг борми? Шундай катта оловни ўчира оламан деб ўйлаяпсанми?” Шунда чумоли: “Қиёматда нима учун Аллоҳнинг элчиси ёндирилаётган вақтда жим турдинг, қўлингдан келганича унга ёрдамлашмадинг, дея сўраламан”, деб жавоб берган экан. Биламизки, Аллоҳнинг амри билан олов Иброҳим алайҳиссаломга салқинлик, омонлик бўлади ва унга зарар етмайди.

Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳам мўмин киши номаъқул ишни кўрганда қўли билан ё тили билан қайтарсин, бу ҳам қўлидан келмаса, дили билан ёмон кўрсин деган маънодаги ҳадислари ҳам мавжуд. Мен ҳам айрим ташкилотлардаги ҳижоб ва соқолга қарши ҳаракатлар ноқонуний эканини исботлаб, уларни бу ишдан қайтармоқ ниятида мурожаатнома йўлламоқдаман.

Ҳурматли Шавкат Миромонович!

Юртимизда олиб бораётган ислоҳотларингизни тўла қўллаб-қувватлайман, айниқса, Ислом дини ривожи йўлида мусулмонларга яратиб бераётган шароитларингиздан барчамиз жуда манмунмиз. Лекин юртимизда мусулмонларнинг ҳуқуқ ва эркинларини қўпол равишда бузилаётган, уларнинг ўз эътиқодларига тўлиқ амал қилишига қаршилик кўрсатилаётгани билан боғлиқ ҳолат юзасидан сизга мурожаат қилмоқчиман.

Мен ҳозирда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг 4-босқич талабасиман. Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги олий ўқув юртлари ва давлат ташкилотларида аёлларнинг рўмолда юришлари ва эркакларнинг соқол қўйиб юришлари учун ўрнатилган тақиқни қуйидаги қонуний ҳамда диний асосларга кўра, қонунга зид деб ҳисоблайман.

Қонуний тарафдан: халқаро ҳуқуқ нормаларининг юртимизда устунлиги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг муқаддимасида: «Халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидалари устунлигини тан олган ҳолда», дея эътироф этилади.

Олий ўқув юртларида, хусусан, мен таълим олаётган Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида ўрнатилган ички тартиб-қоидалар:

Биринчидан,

БМТ томонидан 1948 йил 10 декабрда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 18- ҳамда 19-моддаларига зиддир.

18-модда:

Ҳар бир инсон фикр, виждон ва дин эркинлиги ҳуқуқига эга; бу ҳуқуқ ўз дини ёки эътиқодини ўзгартириш эркинлигини ва таълимотда, тоат-ибодат қилишда ва диний расм-русум ҳамда маросимларни оммавий ёки хусусий тартибда адо этиш, ўз дини ёки эътиқодига якка ўзи, шунингдек, бошқалар билан бирга амал қилиш эркинлигини ўз ичига олади.

19-модда:

Ҳар бир инсон эътиқод эркинлиги ва уни эркин ифода қилиш ҳуқуқига эга; бу ҳуқуқ ҳеч бир тўсиқсиз ўз эътиқодига амал қилиш эркинлигини ҳамда ахборот ва ғояларни ҳар қандай восита билан, давлат чегараларидан қатъи назар, излаш, олиш ва тарқатиш эркинлигини ўз ичига олади.

Иккинчидан,

Университет ички тартиб-қоидалари Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 16-, 18-, 31- ҳамда 41-моддаларига ҳам зиддир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддаси:

“Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар”.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 31-моддаси:

“Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 41-моддаси:

“Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга”.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан ратификация қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ҳамда Ўзбекистон Конституциясининг юқоридаги моддаларидан кўриниб турибдики, диний эътиқоди юзлари очиқ, рўмол ўраган ҳолатда юришни ва соқол қўйишни тақозо этадиган мусулмон талабаларнинг ҳамма билан бир хил тарзда таълим олиши, ишлаши ва ўз ибодатларини бемалол бажаришлари қонун билан мустаҳкамланган. Айрим ташкилотлар ва олий ўқув юртлари, хусусан, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг ички тартиб-қоидалари талабаларнинг ушбу ҳуқуқларини қўпол равишда бузади. Бу эса айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 16-моддасида зиддир:

“Бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва қоидаларига зид келиши мумкин эмас”.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ушбу моддасига юридик фанлари доктори, профессор Азизхўжаев Алишер Аббосович томонидан ёзилган шарҳда шундай дейилади:

“Конституциямизнинг 15- ва 16-моддаларига биноан Ўзбекистон Республикасининг барча қонунлари ва давлат органларининг бошқа ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси асосида ва унга мувофиқ қабул қилинади. Конституцияга зид бўлган қонунлар ва қонуности ҳужжатлар (шу жумладан идоравий ҳужжатлар) юридик кучга эга бўлмайди. Аниқроқ айтаганда, конституциявий қоидаларга, қонун нормаларига зид идоравий ҳужжатлар (буйруқлар, йўриқномалар, низом ва бошқалар)ни қабул қилиш қонунийликни бузишга киради. Шу сабабли барча давлат органларининг ҳуқуқни қўллаш амалиёти Конституцияга мувофиқ бўлиши лозим. Барча мансабдор шахслар, уларнинг даражаси ва мавқеидан қатъи назар, Конституция принциплари ва нормаларини бузганлик учун жавобгар бўладилар” (А.А.Азизхўжаев. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига шарҳ. 70-бет. “Ўзбекистон” НМИУ, 2008).

Учинчидан,

Олий ўқув юртларининг ички тартиб-қоидалари Ўзбекистон Республикасининг «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуннинг 4-, 7- ҳамда 14-моддаларига ҳам зиддир. Ушбу қонуннинг 7-моддасига мувофиқ:

7-модда. Таълим тизими ва дин

“Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг дунёвий таълим олиш ҳуқуқи уларнинг динга бўлган муносабатидан қатъи назар, таъмин этилади”.

Ушбу модданинг бузилишини Андижон давлат университетига 2017-2018 ўқув йили учун ҳужжат топширмоқчи бўлган, рўмол ўраган талаба қизларнинг ҳужжатларини қабул қилмасликда яққол кўрдик.

Энди Олий таълим муассасалари ва ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан рўмол ўраган аёл-қизларга қарши қўйиладиган қонуний асосга назар солсак. Ҳозирги кунда олий таълим муассасалари ва жамоат жойларида ҳижобга нисбатан тақиқ қўйилишида кўрсатиладиган ягона асос бу “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддасидир. Унга кўра:

14-модда. Диний урф-одатлар ва маросимлар

“Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг (диний ташкилотларнинг хизматидагилар бундан мустасно) жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмайди”.

Лекин ватанимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида бўлаётган кенг кўламли ўзгаришларни сезмаётган ёки кўришни хоҳламаётган айрим раҳбарлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг Ўзбекистон Мусулмонлари идораси билан ҳамкорликда 2017 йилнинг 15 август куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида ўтказган анжумани ҳамда унда кўтарилган масалалардан хабари йўқ, шекилли.

Ушбу анжуман “Мустақиллик йилларида виждон ва эътиқод эркинлиги соҳасида эришилган ютуқлар” мавзусида бўлиб ўтди. Анжуман давомида журналистлар томонидан “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддасига доир саволлар ҳам берилди. Берилган саволларга Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Ўткир Ҳасанбоев қуйидагича жавоб берди:

“Муайян бир динларда айрим расм-русумларни бажариш учун кийиладиган кийимлар белгилаб қўйилади. Аҳолимизнинг 94 фоиздан ортиғи Ислом динига эътиқод қилади. Ислом динида ибодат қилиш учун “буниси Ислом кийими, буниси эса Ислом динига зид” деган тушунчалар йўқ. Ислом динида ибодат учун кийим, деган мулоҳазалар ноўрин.

Дин ишлари бўйича қўмита, мутасадди ташкилотлар, маслаҳатчи-экспертлар ҳам рўмолни ҳеч қачон диний либос сифатида эътироф этмаган. Агар рўмол диний либос сифатида қаралаётган вазиятга дуч келсангиз, бизга мурожаат қилишингиз мумкин. Биз бу масалани кўриб чиқишга тайёрмиз”.

Соқол масаласига келсак, инсон танасидан табиий ҳолатда инсоннинг ихтиёрисиз ўсиб чиқадиган тук ҳар қандай ҳолатда ҳам диний либос бўла олмаслиги ойдек равшан. Ваҳоланки, либосни кийилади, соқол эса инсон ихтиёридан ташқари ҳолатда ўсиб чиқади.

Шунингдек, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддасида келтирилган асосларга ҳам эътибор беришни жоиз деб ҳисоблайман:

4-модда. Фуқароларнинг динга муносабатидан қатъи назар, тенг ҳуқуқлилиги

“Ҳеч ким диний эътиқодини рўкач қилиб қонунда белгиланган мажбуриятларни бажаришдан бош тортишга ҳақли эмас. Қонунга мувофиқ бажарилиши мажбурий бўлган бир вазифани диний эътиқоди туфайли бошқаси билан алмаштиришга қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллардагина йўл қўйилади”.

Ушбу нормаларни рўкач қилаётган раҳбарлар, авваламбор, ўзларининг ички қонун-қоидаларини халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда қонунларига мувофиқлигини таъминлашлари лозим деб ҳисоблайман. Акс ҳолда мен фуқаро сифатида ўзидан юқори турувчи қонун ҳужжатларини қўпол равишда бузаётган университет ички тартиб-қоидаларига эмас, балки ундан юқори турувчи қонунларга бўйсуниш ҳуқуқимни сақлаб қоламан.

Юқорида келтириб ўтган ҳуқуқий далилларим билан бир қаторда мусулмон инсоннинг нима учун ҳижоб ва соқолда юришига ҳам ўз далилларимни келтириб ўтишни лозим деб топдим. Албатта бу келтирадиган далилларим диний эътиқодимни бошқаларга сингдириш мақсадида эмас, балки ўзим қандай далиллар асосида ҳуқуқимни талаб қилаётганимни тушунтириб бериш учун, холос.

Диний томондан: Ислом динида мусулмон учун асосий далил сифатида Қуръони Карим, сўнгра ҳадиси шарифлар туради.

Ҳижоб борасида далиллар:

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Нур сурасининг 31-оятида марҳамат қилади:

“Сен мўминаларга айт: “Кўзларини тийсинлар, фаржларини сақласинлар ва зийнатларини кўрсатмасинлар, магар зоҳир бўлган зийнатлар бўлса (майли). Рўмолларини кўксиларига тўсиб юрсинлар…” Яъни бошларига ўраган рўмоллари фақат сочларини эмас, балки томоқлари, кўксилари ва кўкракларини ҳам тўсиб турсин. Токи уларнинг жамоли бегона кўзларга мўлжал бўлмасин, турли фитналарни келтириб чиқармасин (барча таржималар ва унинг тафсири буюк замондош аллома Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Тафсири Ҳилол” китобларидан олинди).

Ўзбекистонда амалда бўлган бизнинг ҳанафий мазҳабида уламоларимиз аёлларнинг юзи ва кафтларини очиб юришига изн берган, фақат юз ва қўлни зийнатламасдан, табиий ҳолда тутиш шарт этиб қўйилган. Аллоҳга минг бора шукрлар бўлсинки, VII асрдан буён Мовароуннаҳрдаги барча муслима аждодларимиз Аллоҳнинг бу оятларига оғишмай амал қилиб келган. Ҳеч қайси уламо, ёхуд дин арбоби юқоридаги оятларни бошқача таъвил қилмаган. Ҳозирги кундаги дунё бўйлаб 1,5 миллиарддан ошиқ мусулмонларнинг аксар аёллари ҳам ушбу оятга амал қилиб рўмол ёки ҳижоб ўрашмоқда.

Энди соқол борасида динимизнинг ҳукмлари:

Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Нур сураси 56-оятида марҳамат қилади:

“Намозни тўкис адо этинглар, закот беринглар ва Пайғамбарга итоат қилинглар. Шоядки, раҳм қилинсангиз”.

Қуръони Каримнинг Ҳашр сураси 7-оятида Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

“… Расул сизга нимани берса, ўшани олинглар ва нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар. Аллоҳдан қўрқинглар. Албатта, Аллоҳ азоби зўр Зотдир”.

Динимиз Аллоҳ таолонинг буйруғи билан бизга пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга эргашишимизни тақозо этишини билиб олгач, энди Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам соқол борасида мусулмонларга нима деганликларига тўхталсак. Буюк алломалар, ҳадис илмининг султонлари бўлган, дунёдаги энг катта бешта ҳадисшунос олимларнинг ҳаммалари: Имом Бухорий, Имом Муслим,  Абу Довуд, Имом Термизий ва Имом Насаийлар алоҳида-алоҳида ривоят қилган иккита саҳиҳ ҳадислар:

  • Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
  • Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўн нарса фитратдандир: мўйлабни қайчилаш, соқолни ўстириш, мисвок, бурунга сув олиб тозалаш, тирноқларни қисқартириш, баданнинг букиладиган жойларини яхшилаб ювиш, қўлтиқни юлиш, қовуқни қириш, сув ила истинжо қилиш, Мисъаб: ўнинчисини унутдим, менимча, оғизни сув билан тозалаш бўлса керак”,дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим, Абу Довуд, Имом Термизий ва Имом Насаийлар ривоят қилган).

“Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мушрикларга хилоф қилинглар: соқолларни тўлиқ қўйинглар, мўйлабларни қиринглар”, дедилар”.

“Ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳаж ёки умра қилса соқолини тутамлаб туриб, ортиғини олар эди” (Имом ал-Бухорий, Имом Муслим, Абу Довуд, Имом ат-Термизий ва Имом Насаийлар ривоят қилган).

Шарҳ: мушрик ва мажусийлар соқолларини қириб, мўйлабларини ўстирар эканлар. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларга бу ҳолнинг аксини қилишни, мўйлабни қириб, соқол ўстиришни амр қилмоқдалар.

(Ҳадислар ва уларга берилган шарҳ замондош аллома Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг «Ҳадис ва ҳаёт» асарининг 17-жузи “Либос” китобидан олинди).

Юқоридаги оятлар ва ушбу ҳадисларни чуқур ўрганиб чиққан, ислом ҳуқуқшунослари, хусусан, бизнинг ҳанафийлик мазҳаби олимлари соқол қўйиб юриш мусулмон эркак учун вожиб амал (шарт), соқолни қириб олиш эса ҳаром дея ҳукм чиқаришган. Бундай қилмаслик учун ҳеч қандай узрли касб ва иш келтирилмаган. Худди шундай фатвони замонамизнинг забардаст уламоси бўлган Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ ҳазратлари ҳам берганлар. Лекин баъзи уламолар соқол қўйиб юриш суннат, уни қириб олиш эса макруҳ деганлар. Шундай бўлса-да, мусулмон инсонда иккала фатводан бирини олиш имкони бўлади, лекин иккала ҳолатда ҳам соқолни қириб олишнинг гуноҳ ёки макруҳлиги ва бундан қайтарилгани кўриниб турибди.

Далиллардан четлаб, шунчаки тарихимизга назар соладиган бўлсак ҳам, барча буюк бобокалонларимиз Амир Темур, Алишер Навоий, Имом Бухорий, Имом Термизий, Мирзо Улуғбек, Ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Ал Фарғоний, Ал Хоразмий, Насафийдан тортиб ХIХ асрга яшаган барча эркакларни соқолсиз ва аёлларини паранжисиз тасаввур қила олмаймиз. Нима, улар ҳам адашган ёки бирор оқим аъзолари бўлганми? Нега бундай шубҳали бўлиб соқол қўйиб юришган экан? Чунки улар Аллоҳнинг амрларини сўзсиз бажаришган, сўнгра шундай улуғ натижаларга эришишган. Улар Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларига ҳам доимо амал қилишга уринган:

“Ҳеч бир мўмин эркак ва ҳеч бир мўмина аёл учун Аллоҳ ва Унинг Расули бирор ишга ҳукм қилганида, ўз ишларини ўзларича ихтиёр қилмоқ йўқ. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига осий бўлса, бас, батаҳқиқ, очиқ адашиш-ла адашибди”, (Аҳзоб сураси, 36-оят).

ХУЛОСА

Мен юқорида мусулмон ўлароқ юртимиздаги йигит-қизларнинг бунчалик куюниб, ўз ҳуқуқларини талаб қилиши сабабларини ҳам ҳуқуқий, ҳам диний жиҳатдан ёритишга ҳаракат қилдим. Тавфиқ Аллоҳдан. Бу фикрларни ҳам раҳбар сифатида, ҳам инсон сифатида ва мусулмон сифатида ўйлаб кўришингизни илтимос қиламан.

Ҳижоб ва соқолнинг давлат ташкилотлари ва олий таълим даргоҳларида тақиқлаб қўйилиши, мантиқан олиб қараганда, соф ақлга ҳам тўғри келмайди. Ишга ва таълимга соқол ва ҳижоб қандай таъсир ўтказиши мумкин? Мусулмон мамлакатларини қўя турайлик, бутун дунёдаги демократик давлатлар ҳисобланган АҚШ, Германия, Англия, Франция, Канада, Италия, Нидерландия, Жанубий Корея, Япония, Швейцария, Швеция ва яна жуда кўплаб давлатларда насронийлик ҳамда бошқа динга эътиқод қиладиган раҳбарлар мусулмон талабаларнинг ҳижоб ва соқолига ҳеч қандай қаршилик қилмайди, улар буни Исломнинг ажралмас қисми эканини тушунишади, ҳаттоки таълим даргоҳида намоз ўқишлари учун барча шароитларни яратиб беришмоқда. Биздаги “қалби тоза” мусулмон раҳбарлар эса ҳар қандай намоз ўқиган ёки ҳижобли муслималарга шубҳали шахс сифатида қарайди. Ҳатто ён қўшнимиз ҳисобланган Қирғизистонда ёки Россияда ҳам ҳижоб ва соқол билан бемалол ҳар қандай ташкилотда ишлаш ёки таълим олиш мумкин.

Муҳтарам Шавкат Миромонович!

Ўзбекистонда биз ёшларнинг диний ҳуқуқ ва эркинликлари тўла таъминланишини ўзингизнинг шахсий назоратингизга олишингизни илтимос қиламан. Сизнинг таъбирингизча айтганда, кўплаб раҳбарлар ҳали ҳануз эскича ишлашдан воз кеча олмаётган қалтис бир паллада кўп нарса сизнинг шахсий иродангизга боғлиқ. Эскича тузумда қотиб қолган, исломофоб раҳбарларнинг кўпчилиги шахсан Ўзингиз бу масалада ташаббус қилмагунингизча бизга амалий ёрдам кўрсатишга қодир эмас.

Конституциявий суд раиси, ҳурматли Б.Мирбобоев!

Ушбу масалада қонуности ҳужжатларининг Конституциямиз ва қонунларимизга мослигини текшириб, ўз ҳулосаларингизни жамоатчиликка эълон қилишингизни сўрайман.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили, Омбудсман,ҳурматли Улуғбек Муҳаммадиев!

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг диний ҳуқуқ ва эркинликларини қўпол равишда бузаётган ушбу олий таълим даргоҳларининг ички тартиб-қоидалари ҳамда низомлари тўғрисида ўз ваколатингиздан келиб чиққан ҳолда тавсиялар ва хулосалар беришингизни сўрайман.

Дин ишлари бўйича қўмита раиси, ҳурматли Ортиқбек Юсупов!

Яқинда АҚШ давлат департаменти томонидан эълон қилинган диний эркинликлар чекланган давлатлар рўйхатида Ўзбекистон Республикасининг ҳам мавжудлигига Диний қўмита ўз раддиясини эълон қилди.

Ана энди шу раддияга мувофиқ олий таълим даргоҳлари ва айрим ташкилотларда диний ҳуқуқ ва эркинликларни қўпол равишда бузаётган тартиб-қоидаларни бекор қилиш борасида ҳам жонбозлик кўрсатишингизни сўрайман. Ахир, олтмишдан ортиқ олий ўқув юртида ва кўплаб ташкилотларда диний ҳуқуқ ҳамда эркинликлар бузилиб туриши сизлар келтирган раддиянинг айрим қисмларида Президент таъбирича айганда статистликка йўл қўйилиб, асл ҳолат яширилганидан далолат қилади.

Аҳолининг маълум қисмигагина берилган ва илм олиш, юрт фаровонлигига ҳисса қўшишни истаган ёш мусулмонлар учун таълим муассасалари ички қоидалари рўкач қилиниб  маҳрум қилинган диний эркинликни том маънодаги эркинлик деб аташ мумкинми?

Сиздан ваколатингиз доирасида таълим муассасаларидаги ҳолатни ўнглаш чора-тадбирлари хусусида ўз ташаббусингизни халққа изҳор этишингизни сўрайман.

Олий ва ўрта махсус таълим вазири, ҳурматли Иномжон Мажидов!

Бу борада Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларида йўл қўйилган қонун бузилиши ҳолатини ўрганиб чиқишингизни ҳамда ички тартиб-қоидалар бўйича Илмий кенгашнинг адолатли, қонуний қарорини чиқаришингизни сўрайман. Таълим соҳасида, Президентимиз Шавкат Миромонович таъкидлаганидек, ривожланган хорижий давлатларнинг тажрибаларни ўрганиб, юртимизга татбиқ этишингизни сўрайман. Масалан, АҚШ, Европа, Япония ва Корея, Туркия давлатларида талабаларнинг кийими, ҳижоб ва соқоллари ўқишига қандай таъсир қилади ва шу кабиларни ўрганиб Ўзбекистон таълим муассасаларидаги тақиқлар ва ривожланган давлатлардаги ҳолатни таҳлилий баёнини омма эътиборига тақдим қилишингизни сўрайман.

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори вазифасини бажарувчи, ҳурматли Валижон Ҳошимов!

2018 йилнинг 31 январь куни қабулингизга кирганимда менга рўмол ва соқол борасида қонунчиликда ҳеч қандай рухсат йўқ ҳамда Ислом дини бу нарсаларни талаб қилмайди деган эдингиз. Мен бу борада қонунчиликда кўрсатилган нормалар ва дин тарафидан буюрилган далилларни келтириб ўтдим. Марҳамат, танишиб чиқишингиз мумкин.

Фаррух АБДУСАТТОРОВ

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети халқаро муносабатлар факультети 4-босқич талабаси

Изоҳ: Мурожаатнома хати 02.02.2018 санасида юқорида зикр этилган раҳбарларнинг барчасига электрон шаклда юборилди.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Windows’даги барча вирусларни даф қилувчи бепул дастур

Microsoft корпорацияси тақдим этган операцион тизимнинг ўзида  ҳимоя воситалари бўлса-да, ҳозирда ахборот маконларидан кириб келувчи зиёнкор дастурларни  аниқлашга кучи ...

Бугуннинг сурати: “аҳволимиз шу даражага еттими?”

Бугун бутун интернет сахифаларида шу мактаб расми тарқалди. Бу расмда Қашқадарё вилояти, Чироқчи тумани, Қорабуруғ қишлоғида жойлашган 31-сонли умумтаълим мактаби. Ўқиш ...

Туркманистондаги президентлик сайловида аҳолининг 97,17 фоизи иштирок этди

Туркманистонда президентлик сайловининг дастлабки натижалари эълон қилинди. Унда сайловчиларнинг 97,17 фоизи иштирок этди. Бу ҳақдаги маълумот президент сайтида эълон ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400