Юқори нуқта. (Темуркент – бўлажак бошкент)

(давоми) 

Гўзал кунлар келишини кутма,

 Унга томон боришни ҳеч унутма.

                                 Жалолиддин Румий

Тоғлар оғушидаги муъжаз бозордан Самарқанд сари силжидик.Сўқоқ четида одамлар қирмизи олма ва бол сотаяптилар. Менимча, Бахмал олмасидан ширин ва гўзал олма очунда йўқ.Тоза тоғ чечакларидан (асаларилар восталарида )олинган боллар ҳам тенгсиз.

Уч –тўрт дақиқа ичида “Бахмал”дарё кўпригидан ўтдик. Мен унинг яралишини ўз кўзим билан кузатганман. Ҳув сўл томонда,Бахмал тумани узра қор босиб ётган чўққиларда жилға ва ирмоқлар туғилади. Секин-секин улар бирлашади,сойларга айланади. Сойлар ҳам бир- бирлари ила қовушади ва “Бахмал”дарё вужудга келади.

Теран идрок этсангиз,Тангри жонли жонзотни боқиш ва сув билан таъминлаш учун тоғларни яратганини ҳис қиласиз .

Тангри қудрати нақадар буюк ва беқиёс !

Бир пасда Ғаллаорол туманининг ўрта қисмини кечдик.Соғимизда Маржонбулоқ олтин кони ,сўлимизда Ойқор тоғи кўзга ташланди. Чексиз –чегарасиз ҳудудни ишғол этган бу улкан туманнинг тепаликлару текисликлардан иборат шўрдан холи бўлиқ тупроғи бир неча миллион кишини боқишга қодир. Оппоқ нон билан.

Туманда эски –эски замонлардан бери лалми буғдой экиб келинган. Шунинг учун у Ғаллаорол деган ном олган. Бироқ , энди,кўпдан буён бу адоқсиз ,кучли ерлар бўш ётибди.Ўз эгасини кутиб. Эгаси бўлганда ҳам :

Муносиб эгасини,

Жонкуяр эгасини,

Бутун меҳру –муҳаббатини берадиган эгасини.

Савлатларидан от ҳуркадиган ,нафслари ўпқон,миялари пуч ҳокимлар келишди,кетишди,яна келиб,кетишмоқда.

Туманни товуқ патидек юлишиб…

Ўртада пул ўйнар экан ,Ғаллаоролнинг бири икки бўлмайди .

Энди димоқларидан қурт ёғиладиган,ўзларидан бошқа ҳеч кимни ўйламайдиган ,ебкетар ҳокиму ҳокимчаларни туб томирлари билан қўпориб ташлаш вақти етди! Уларнинг ўринларига ,юқорида айтганимдек,ҳалол,серғайрат,ишлаб чарчамас кадрларни тортиш керак. Токи Ғаллаоролнинг бир қарич ери ҳам бўш қолмасин.

Буғдой экилсин!

Арпа экилсин!

Қовун –тарвуз экилсин!

Ғаллаорол бўғдойи ўз сифат ,салмоғи билан на фақат Ўзбекистон,балки Қозоғистон бийдайини ҳам “бир чўқиб”орқада қолдиради.

Мен Хоразм ўлкасидан ҳам улкан ер майдонига эга қўшни Фориш тумани ҳақида ҳам айни шу гапни айтаман.Болалигимда тоғ,қир-адир ёнбағирларига ва беқиёс кенгликларни тутган чўлларга лалми буғдой,арпа,ловия,нўхат…ҳамда қовун-тарвузлар экиларди.Энди бу ерлар бўм- бўш ётибди.

Ўз фидоий эгаларини кутиб.

Бу туманда ҳам қўлидан амалий иш келмайдиган,ижодкорлик руҳидан масуво ҳокимлар пайтавадек алмашаяпти.Бундан элга ,давлатга не фойда? Уларнинг биронтаси ҳам арзирли бир иш қилмаган,еб қочар,юлиб қочар каслар.

Шўро даврида Ғаллаоролда ҳам,Форишда ҳам юзлаб трактор,комбайин,юк ташиш машиналари ва автобуслар… бўларди. Энди булар анқонинг уруғи .Бари сотиб,йўқ этилган. Сохта ҳужжатлар билан.

Эшитишимча, бутун бошли Фориш туманида битта трактор “жон сақлаб” қолибди. Адашмасам, Ғаллаоролда ҳам шу ҳол.

Шундай экан, бу улкан туманларнинг бепаён ерлари нима билан ҳайдалади ? Нима билан уруғлар экилади? Нима билан ҳосил йиғиштириб олинади?

Энди бунинг ечими топилармикан? Топилса,қачон?  Бу ҳол бошда давлатга зарар бўлса-да,лекин,кейин,чексиз фойда келтиради.

Техникаларни сохта ҳужжатлар билан бошига етган ҳокимлар жиноий жавобгарликларга тортилишлари керак. Адолат шуни талаб этади.Ҳокимлар бу ўғриликлари ҳисобига бензин,газ заправкалар,тўйхона ва магазинлар сотиб олишган. Фақат ўз отларига эмас,қариндошлари номларига…

Мен буни осмондан олиб ёзмаяпман,элнинг тилидаги сўзларни ёзаяпман.Форишда шундай…

Эшитишимча,Каримовнинг Қашқадарёда ҳокимлик даврида шунга ўхшаш ўприлишлар кўп бўлган.

Бу тўғрида Шовруқ Рўзимурод аниқ далил –асослар билан депутатлар йиғинига уч марта мурожаат этган. Бироқ арзи натижасиз қолган.

Бунга ажабланмаса ҳам бўлади. Ким ўз кетини очади? Ҳамма очса ҳам,у очмайди. “Нон,ун баҳосини оширмайман” деб Қуръон тутиб,қасам ичган,лекин қасамига риоя қилмаган кас ўз айбига иқрор бўладими?

Йўқ,ҳеч қачон иқрор бўлмайди.

“Ер ҳаммага тенг бўлинади ва бир умрга берилади”деган,лекин ўз сўзида турмаган кас :”Кечиринглар янглишибма “дейдими?

Йўқ,ҳеч қачон демайди.

32

Борган сари юқорига кўтарилаяпмиз. Бир пайт учи –қири йўқ кенглик,кенглик бўлганда ҳам гўзалликда тенгсиз кенглик юз очди.Чапда оппоқ қорли тоғлар( Помир тизмалари),оппоқ чўққилар,ўнгда ола-чалпоқ нурга беланган Ғўддим тоғ,олдда юқори нуқта бутун бўй-басти билан намаён бўлди.

Йўл четида машинадан тушдик.Тошкент шаҳаридан бир неча марта катта бўм- бўш (битта –яримта тарқоқ кулбаларни ҳисобга олмаганда)ҳудудни эгаллаган бу бетакрор манзарага суқ билан боқдик.Узоқ-узоқ боқдик.У бизни ўзига бутунлай ром айлади.Ҳавоси ҳам марвариддай тиниқ,тоза.Бундан борлиғимиз яйради,ўзимизни яшаргандек ҳис этдик.Шу сония ичимда беихтиёр шу гап кечди:

“Бу гўзаллик олдида,бу биллур ҳаво олдида Сочи,Ялта,Сўхумилар ҳам ожиздай”.             Шунда,кутилмаганда,қулоғимга бир сас келди.У менга мўжиза –сасдек туюлди. Ўзимча уни “ғайиб сас”деб ўйладим:

“Шу ер Ўзбекэлнинг бошкенти бўлади”.

“Қандай?”дедим бошқа сўз тополмай шошиб,беихтиёр.

Сирли овоз қулоғим остида яна жаранглади:

“Шу ер Ўзбекистоннинг бош кенти бўлади”.

“Шу ер Ўзбекэлнинг бошкенти бўлади”.

“Қандай ?”

“Билмасанг билиб ол,Тангри суйган бу ер Ўзбекистоннинг қоқ маркази,юраги.Тошкент эса Ўзбекистоннинг энг чекка қисми.Ҳатто у Тошкент вилояти туманларига ҳам четлик қилади.

Тошкент-пойтахт сифатида янглиш танланган.Бу хатони тузатиш керак.Бунга вақт ҳам етилди.Тошкент шаҳри Қарақалпоқ,Хоразм,Сурхандарё,Қашқадарё,Бухоро вилоятларига жуда узоқлик қилади.

Ўйлаб кўр,йўлга қанча вақт кетади?

Азиз умр,

Олтин вақт…

Ҳисоблаб кўр,йўлга қанча маблағ сарфланади?

Лоақал қарамсизлик йилларидаги харажатни хомчўт қил.Трилёнлар”тили”ни кўрсатади.Бу пулга:

Фабрикалар қуриш мумкин,

Шаҳарлар қуриш мумкин.

Шамолга соврилаётган вақт ва маблағни тежаш учун юқори нуқта теграсига пойтахт қуриш лозим.Бу бошкент Фарғона водийси билан Қарақалпоқ,Хоразм,Сурхондарё… ўлкалари ўрталиғида,Тошкент-Термиз сўқоғининг икки томони-бепаён-бепаён кенгликларда қарор топади.

Юқори Нуқта теграси деганда,тор тушунма. Юқори Нуқта Ғаллаорол,Бахмал,Айний(Тожикистон),Булунғур,Пойариқ туманлари билан чегарадош”.

“Сув масаласи нима бўлади?”

“Ўзбекистондек давлатга шуям муаммоми?Қор аримас тоғларга қара,ҳаммаёқ сув:булоқлар,жилғалар,сойлар…Ер остидан ҳам   дарёлар оқаяпти…Зарафшон (дарё)дан ҳам бир ирмоқ тортилади.Бир неча миллион кишининг чанқоғини қондиришга Улуғ Сув ҳавзаси қурилади”.

Бу масалада Араб Бирлашган Амирлигида,бир гиёҳ ўсмайдиган,бир томчи сув йўқ ёввойи саҳрода,яъни Абу-Дабидаги,Лива чўли остида қурилган чучук сув билан тўлдирилган дунёдаги энг катта сунъий резервуар бизга мактаб бўлади,деб ўйлайман.Резервуар 80 метр чуқурликда жойлашган.Лойиҳа 315 қудуқдан иборат тармоқлар бўлиб,бу қудуқлар орқали Шувайҳаддаги сувни чучуклаштириш станциясидан резервуарга ҳар куни 232 минг тонна сув кириб турган.Резервуар 27 ой давомида тўлдирилган.Шу тариқа Бирлашган Араб Амирлигида 26 миллион куб метр миқдорда чучук сув заҳираси яратилди. Лойиҳа қиймати 435 миллион долларга баҳоланди.(Бу манба интернетдан олинди).

“Қойил!”..Бошкентни қуришга маблағ етадими?”

“Ер ости,усти бойлиги тежаб ишлатилса етади.

Ўмарилган миллиардлар($)ўзбек ғазнасига қайтарилса етади.

Коррупция илдизи таг-томири билан чопилса етади.

Юртда шаффоф декларация ўтказилса етади.

Ҳашарга чет эл давлатлари тортилса етади”.

“Айтишга осон”.

“Қозоқ олис саҳрода бошкент (Остона)қурди-ку. Ўзбек ундан ибрат олади,деб ўйлайман. Бугун бўлмаса эртага…

Истак бўлса бас.

Ғайрат бўлса бас.

Истак,ғайрат билан битмайдиган иш йўқ “.

Жалолиддин Румий сўзи:

“Ғайратинг –қанотингдир”.

“Ҳар ишни хайр деб бил”.

Ўлжас Сулейман сўзи:

“Истак билан очун қурилган “.                                                          

“Истак билан очун тирик”.

Мен кўнглимда гап сақлолмайман.Кечинмани йўлдошларимга айтдим.Ўжар Ўрдабекли мени қувватлади:

-Ўғлим Қашқадарёнинг Чироқчи туманидан уйланган. Шунга юқори нуқтадан ҳар йили бир-икки марта ўтиб қайтамиз.Қариндошчилик-да.”Бор тавоғим,кел тавоғим ,бормасанг,келмасанг,ўртада син тавоғим”дейди ўзбек.Бежисмас-да бу.

Бу дилбар табиат мени сеҳрлаган бўлса-да ,лекин Сиз айтган фикр миямга келмаган. Мен Ўзбекистоннинг пойтахти Самарқанд бўлиши ҳақида матбуотда ўз мақолаларим билан чиқишлар қилганман.

Бироқ бу ер Самарқандга нисбатан бошкент бўлишга кўпроқ мос кўринади. Сиқинтилик йўқ.Бўзиш,тузаш йўқ.Қуришга чиқим кам бўлади.Ҳарбий –стратегик масалага қулай.Осмондай кенглик. Чўққилардан борлиқ кўриниб туради.Бу ерни қайси подшо пойтахт қилса,менимча у тарихда қолади.

-Менам шундай ўйлайман,-профессорга қўшилди Қаҳрамон.

-Мен бошкентни Остонадан-да маҳобатли кент бўлганини,ундан Ғарб ҳам ҳайратга тушганини кўраяпман.Хаёлан.Яна Америкадек қудрат… отига минганини ҳам кўраяпман.хаёлан.

-Фантазия ҳам эви билан, Эврил Турон жаноблари.

-Нима ҳам дердим,ишониш қийин бўлган ҳақиқиқат.

-Ишонгандайман,-илжайди Ўрдабекли.

-Кашфиётлар ҳам фантазиядан туғилади,-гап қистирди Қаҳрамон Маҳмуд.

-Мен бу бошкентга Темуркент деб ном бераман.

-Сал осмондан тушсалар,жаноб,-хо-хо..лади профессор.

-Мен эллик йилдан кейин Темуркентдан Москвага юраман!

-Эллик йилдан кейин-а?..

-Такрорлашга ҳожат йўқ.

-Сўнг-чи?

-Сўнг Пекинга!

-Жа,ҳаволаниб кетдилар-ку? Билсак бўладими,нимага?

-Салом-алик қилгани.

-Орзуга айб йўқ.Оқ йўл.Аммо бу вақтда ер юзида на Сиз бўласиз,на мен…

-Мени яхши англабсиз,офарин!

-Кесатиқми?

-Мақтаяпман-ку.

-Э!..Ҳа…Шундоқ денг…

-Шундоқ.

-Етди…

-Балли.

-Хаёлий орзулар…

Қаҳрамон Маҳмуд бизни тушундими,йўқми,билмадим.У бизга ажабланиб боқди.Кейин Юқори Нуқтадан ўспиринлик пайтларидан бери ўтиб қайтишини,лекин бу ерга нисбатан ҳозиргидек илоҳийлик туймаганинини айтди.Сўнг яна қувноқ оҳангда қўшимча қилди:

-Агар бу ер пойтахт бўлса ,биз қашқадарёликларга ҳам қулай,яқин бўларди.

-Шовруқ Рўзимурод тирик бўлганида,бундан севинармиди?

-О, жуда!

Муаллиф: Эврил Турон

(Давоми бор)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мирзиёев: “қора рўйхатдан чиқарилганларга уй берилсин”

Президент Шавкат Мирзиёев қора рўйхатдан чиқарилган диндорларга муносиб иш, арзон кредит ва уй-жой билан таъминлаш кераклигини айтган. Урганчда гапирган Президент "йўлдан ...

«аҳмадбой» иши бўйича яна бир жиноят иши судда кўриб чиқилмоқда

Жиноят ишлари бўйича Қуйичирчиқ туман суди биносида судланувчилар А. Турсунбоев ва бошқаларга (судланувчиларнинг умумий сони — 16) нисбатан жиноят ишининг тергов билан ...

Ақтўбеда бузилиб қолган автобусдан 51 нафар ўзбекистонлик қутқарилди

Бугун, 10 февраль куни Қозоғистоннинг Ақтўбе области ҳудудида, «Самара-Чимкент» автойўлининг 668-километрида Setra русумли йўловчи автобус бузилиб қолди. Бу ҳақда “Кун.уз” ...