Ватанни севиш туйғуси

Ватанни севиш туйғуси

(Давоми) 

Ватанни севиш –иймондандир.

                                                                Қуръон.

 Яхши кайфият билан уловга чиқдик.Юқори нуқтадан Самарқандгача “Некси”да 20-30 дақиқалик йўл.Бу улуғ сўқоқдан (Буюк ипак йўли)юк ортилган тева карвонлари узун-узун замонлар кечган. Узлуксиз кечган:

Шарқдан Ғарбга,

Ғарбдан Шарқга.

Энди биз кечаяпмиз.                             

Бошларида пода-пода булутлар сузиб юрган оппоқ тоғлар,кўнгилларни қувонтирувчи бепаён ўтлоқлар ва уларда ёйилиб ўтлаётган қўй,эчки,сигир,отлар,буюк кенгликларда сирли шовуллаётган оғочзорлар кишини ўзига  сеҳрлаб тортади.Юракларни энтиктирувчи бу ғаройиб манзаралардан бир лаҳза ҳам кўз узгинг келмайди.Бу туркларнинг, ҳозирги ясама тилда айтсам туркиларнинг бешиклари-ота юртлари, она маконлари-Туркистоннинг бир митти бўлагидир.

                 Ватаннинг митти бўлаги ҳам Ватандир!

Асов арғумоқ ўрганчиқ суворийни олиб қочгандек, кутилмаганда мени асов хаёл олиб қочди.Одам ақлини адаштирувчи асрлар кўз олдимдан гўё сониялардек лип-лип ўтди.Алп-Эр Тўнға кентини (Афрасиёб,Самарқанд) илк қурган, очуннинг бу учидан у учига от чоптирароқ очунни олган Алп Эр Тўнға ҳоқон хаёлимда жонланди.

Ана, у юқори нуқтанинг тоғ олди тепа,текисликларида черикларини нотинчлик туғдираётган Чинга юришга ҳозирланмоқда.

Сунгу,қилич, қалқонлар ўт сачратароқ жарангламоқда.Зирҳлар кийдирилган учқур отлар олд оёқларини кўкка кўтарароқ кишнамоқда.

Ана, беқиёс ботир Спитамен йўлбарс қашқирларни қувгандек,Искандар Макдунли лашкарини тоғ томон қувиб бораётир.Унинг:”Ур,янч!!!””деган ҳайқириғидан ёв титраётир. От туёқларидан буюк тўзон кўтарилаётир.

Ана, Миср, Шом, Ироқ ва Форсни мағлуб этиб қайтган Темур ҳоқон ва унинг қудратда тенгсиз тумонот қўшни фитначи Русга юриш учун кенгашаяпти.

Мен ҳозир қорга бурканган чўққиларни қандоқ кўриб турган бўлсам,бу буюк ҳоқонлару ёвқур черикларни ҳам шундоқ кўриб турибман.

Хаёл ва ё хаёл кўзи учун вақт,тўсиқ,ўлим тушунчалари йўқ. Ёхуд уни бўғувчи,йитувчи куч йўқ. Тангридан ўзга,кечган.Кечмаган замонларга хаёл чақиндан-да тез бориб, қайтолади.

Бунга ғанимларим майли, дўстларим ҳам инонмасликлари мумкин. Бироқ мен ўзимни ёки сизни алдаш учун ёзмаяпман. Хаёлимда  кўрган-кечганларим қандай бўлса, шундай ёзаяпман.

 Алп Эр Тўнға ҳоқон билан ҳам, Спетамен ҳоқон билан ҳам, Темур ҳоқон билан ҳам қўнишдим.Қандай? Буни сизга сўз билан тушунтиролмайман. Бу менинг хаёлимда,юрагимда,сезгимда кечди. Зотан улар тирикдирлар. Буюк Мақсуд Шайхзода айтганидек, “Тириклардан тирикроқдирлар”. Улар мангу яшайдилар.

-Юқори Нуқта Ўзбекэлнинг бошкенти бўлишга лойиқ.Лекин…

Ўрдабеклининг тугалланмаган, жумбоқли сўзи мени гўзал хаёлимдан айирди.Мен унга нохуш боқдим ва дедим:

-Нима лекин?..

-Агар Туркистон бир бутун бўлса,Юқори Нуқта ўрталик хусусиятини йўқотмайдими?

-Бунга аниқ жавоб беришим қийин.Аммо,тахминимча,йўқ.

-Исбот?

-Ўрта Осиё-ўз оти билан Ўрта Осиё.Унинг бир томондан қадим Ҳожитархон(Астрахан), Қозон, Қрим, Сабир(Сибир) хонликлари тупроқлари ўз асл эгаларини кутаяпти.Иккинчи томондан Уйғур,Тибет, Олтой…қисқаси, Хитой деворидан бу ёқлари ҳам шундай. Агар Тангри карами билан шу ерларимиз ўзимизга қайтса, Юқори Нуқта Туркистон-Туроннинг нисбатан ўрталиқ қисми бўлади, деб ўйлайман.

-Сизнинг фикрингиз,балки,тўғридир? Бу баҳсни тегишли олимлар ихтиёрига қолдирамиз.Бироқ, сув масаласи нима бўлади?

-Миллиардлар… -Ўрдабекли атайлаб сўзини давом эттирмади.-Техника шиддат билан ривожланаяпти.У замонда сув йиқиш муаммоси муаммо ҳам бўлмай қолар. Масалан, Ўрхун. – Энасой сувини…

-Худо ол қулим деб,шу ерларимиз ўзимизга қайтса,давлатимиз улуғ давлатга айланарди!

-Бунинг учун курашишимиз керак, Қаҳрамон! – деди Ўрдабекли.                -Курашганда ҳам юртимизнинг ҳар бир қарич ерини муқаддас билиб,курашишимиз керак! Уни тўлалигича севмаган, унинг камоли учун курашмаган турк турк эмас. Тангрига шукур, бундоқлар кўп эмас.Мен бу қорину ҳашам бандаларига беқиёс нафрат туяман!

-Ҳозирги ёшларда миллат ва Ватанни севиш ҳисси юксак,-дедим мен,-буни лоақал Қозоқда авто ҳалокатга учраган 52 ўғлонга ўз қайғу- ғамларини изҳор этганлар тимсолида ҳам билса бўлади. Мотамга бутун ўзбек ўз фикрини билдирди гўё. Айниқса, чет элларда яшаётган ёшларимизда Ватанни севиш туйғуси беқиёслигини сездим.Чунки улар Ватанни соғинадилар. Соғинч эса ватанга бўлган ҳиссини тоблайди.

Мен Шўро армиясида (Украина) 3 йил хизмат қилганман. 2 сана ўрисда ҳам ишлаб,ҳам ўқиганман. Ўшанда она юртимни, унинг ҳар бир қарич тупроғини чидаб бўлмас даражада соғинганман.

Бу туйғуни бошимдан кечирганим учун ёт юртларда яшаб,ишлаб,ўқиб юрган жигарларимнинг Ватан соғинчларини ич-ичимдан ҳис қиламан. Уларнинг баъзи бирлари билан хат ёзишиб тураман.Улар Ватанни бениҳоя соғинаётганларини, Ватанга жуда- жуда қайтгилари келаётганларини мендан яширмайдилар. Уларга амалий ёрдам бериш қўлимдан келмаса-да,сўзим билан кўнгилларини кўтараман.

Ҳозир йўлда шуни ўйларканман, ногоҳон Равшан Латиф гапи ёдимга келди:”Шовруқ ака инсон сифатида ҳам,ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида ҳам яхши кишиларга кўмак беришда чарчамасди.Айниқса хориждаги ўзбекларни ўз юртларига эмин-эркин келиб-кетишларига кўп жон куйдирарди. Эсимда, Элмурод деган йигит Европадан ўз уйига,Қашқадарёга қайтаётганда,аэропортда уни пул талаб погонли кимсалар “террорист” деган туҳмат билан қўлга оладилар. Шовруқ ака Элмуродни озодликка чиқариш учун бор кучи билан курашади. Депутатларни ҳам,дўстларини ҳам ишга солади.Оқибат: Элмурод “қафас”дан қутилади.Чўнтаклари шип-шийдам ҳолда…””

Самарқандга яқинлашаётганимизда,Қаҳрамон Маҳмуд ҳам бу ҳақда айтди. Яна у Шовруқ Рўзимурод ҳаётидан шунга ўхшаш уч-тўрт мисол келтирди.

Мен ичимда Шовруқ Рўзимуродни шарафладим.

  Юқорида айтганимдек чет элларда  яшаётган миллиётчи миллатдошларим билан дўстона алоқа қилиб тураман.Уларнинг бир – иккиси менга шеърлар ҳам юбориб туради.Шулардан бири Феруза Ханжардир.

У Бухоро (Буғаро)нинг Қоракўлида туғилган.Бухоро давлат университетининг писихология бўлимида ўқиган. Ҳозирда АҚШда,Люзвел-Кентаки штатида яшаяпти.Ватанга қайтишга паспорти йўқ. Ҳеч қандай сиёсий партияга аъзо бўлмаган. Ҳеч қачон мавжуд тузмга қарши чиқмаган. Шунга қарамай, Бухоро полислари Феруза Ханжарнинг паспортини тортиб олганлар ва унга қайтариб бермаяптилар. Балки қасддан юқотиб юборган бўлишлари ҳам мумкин.

 Янги президент Шавкат Мирзиёев:”Агар ота айбдор бўлса,бунинг учун унинг оила аъзолари жавобгарликка тортилмайди”деб қайта – қайта айтаяпти.Бироқ милисалар бунга амал қилмаяптилар.Ўз президентига бўйсинмаган полислар кимга бўйсинадилар? Қонунгами?Йўқ. Демак,уларни бошдан –оёқ ислоҳ қилиш керак. Бўлмаса ўзбошимчалик, бузулиш, емрилиш давом этаверади.

Бегуноҳ Ферузанинг ҳам паспорти қайтарилмайди. Минглаб Ферузалар ҳам жабр кўраверадилар.

Феруза Ханжар юртга қайтиш учун тегишли ташкилотларга, жумладан, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчилиги ва консуллиги ҳам аризалар ёзган. Бир эмас,бир неча марта. Бироқ беҳуда. Унумсиз.

Одамлар тақдирига Каримовча бефарқ ёндашиш,сен солувга мен солув, буйрократия, анархия, таъма ҳалигача давом этмоқда. Давом этганда ҳам қутуриб…Бошда яхши иш бошлаган парталлар,энди эскирган этдек айниётир. Партал тепасида бошдан –оёқ коррупсияга ботган Турсинхон ва турсинхонлар турибдилар. Шундоқ бўлгач, эл дардини кимга айтади?!.

“Одамлар тақдирига Каримовча бефарқ ёндашиш”… Бу сўзимни Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камолнинг ушбу фикри ҳам тасдиқлайди: ”Ислом Каримовни ҳаётда қизиқтирган нарса- пул ва ҳокимият,ҳокимият ва пул эди. Бошқа ҳеч нарса,ҳеч кимсанинг аҳамияти йўқ эди унинг учун.Ўзига ишонмасди. Соясидан қўрқарди.Шу сабабдан ҳам халқ орасига киролмасди”

Феруза Ханжар йўллаган аризаларга Ташқи Ишлар вазирлиги ҳам, элчилигу консуллик ҳам “Ўзидан кетганича, эгасига етгунича.. “қабилида қараганлар. Яъни хатларни бош айбдор- Бухоро полисиясига юборганлар. Бундан бир иш чиқадими? Ҳеч замон чиқмайди! Ким ўз орқасини очади?..

Феруза Ханжар ўз юртини ,ўз элини полислардан-да,элчилардан-да ортиқ севади. Унинг бу буюк муҳаббати Есенинона қуйма лирикаларида ҳам бўртиб туради:

Гўзал Туркистонга қайтаман

Қани энди уйқум келсаю тезроқ,

Ҳар кеча ўзимга ўзим айтаман.

Балки туш кўрарман яхшироқ,

Руҳимда енгиллик тортаман.

Балки тушларимда юрсам Ватанда,

Онамдай овутса юртим шамоли.

Қарши олса мени тушар бекатда,

Азиз Ватанимнинг бир мажнун толи.

Хазонларни босиб йўлнинг четида,

Хаёл суриб кетсам қишлоғим томон.

Уйғониб кетсамда ярим кечада,

Ёт ерда кўз очмоқ бўлсада ёмон.

Қани энди уйқум келсаю тезроқ

Ҳар кеча ўзимга шуни айтаман.

Балки тушларимда мен узоқ

Гўзал Туркистонга қайтаман.

ДУНЁДА БУ ТУЙҒУ ЯГОНА ЭКАН

Ўша баҳор сен-ла жудолашган кун,

Навқирон болангни хотирла Ватан.

Сендан айрилган кун гўёки ўлдим,

Ўша кундан бери яшар жонсиз тан.

Эслайсанми, қараб чинорларингга

Хайр деёлмайин йиғлаганларим.

Юз тутиб ул майин шамолларингга

Сендан кетмасликни ўйлаганларим.

Хайр деб дўст-ёрга йўлладим мактуб

Сенга айтолмадим онажон Ватан.

Баридан кечмоқлик мумкиндир аммо

Дунёда бу туйғу ягона экан.

Ўша баҳор сен-ла видолашган кун

Навқирон болангни хотирла Ватан!

Сендан айрилган кун гўёки ўлдим,

Ўша кундан бери яшамадим ман.

МЕН СЕНИ СОҒИНДИМ ОНА ТУРКИСТОН

Савдолар ичида ёмони ҳижрон,

Гунашсиз қаро кун –соғинч беомон.

Оташсиз ёнмоқда юрагим инон,

Мен сени соғиндим Она Туркистон.

Тупроғинг ҳидини келтирар еллар,

Ёқимли ҳаттоки мушкдан бу бўйлар.

Мен сенга зорману,топмайди кимлар

Соғиндим,соғиндим Она Туркистон.

Боғингда булбулга жўр бўлгим келар

Юз булбул ишқи бор маним бу куйлар.

Ашкимдир кўкингдан ёғган ёмғирлар

Мен сени соғиндим Она Туркистон.

Севгим буюради кураш,эй нолон,

Гоҳида денгизга қиламан исён.

 Ҳайқиргум қаршимда чекингин уммон!

Мен сени соғиндим Она Туркистон!

Қанийди қуш бўлиб қанотим қоқсам,

Ёхуд баҳордайин бағрингга қайтсам.

Бутун дардларимни ўзингга айтсам,

Мен сени соғиндим Она Туркистон!

Мен Феруза Ханжарнинг аччиқ қисмати ҳақида йўлдошларимга айтдим ва шеърларини дардли оҳангда ўқидим. Атайлабмас, таъсир этиш учун эмас, балки юрагим, балки шеърнинг ўзи мени шундай ўқишга ундагандир? Яна билмадим. Одам ўзини –ўзи сезмай қоладиган онлар ҳам бўлади. Мен буни ўз ҳаётимда кўп кечирганман.

Ўрдабеклининг хотираси фавқулодда кучли эди. Кўзларидан ёш қалқди.Қаҳри қаттиқ одамнинг бу ҳолга тушуши юрагимни эзди. У ушбу сатрларни мендан-да ғамли оҳангда ўқиди:

       Ўша баҳор сен-ла видолашган кун

       Навқирон болангни хотирла Ватан.

       Сендан айрилган кун гўёки ўлдим,

       Ўша кундан бери яшамадим ман.

  • Мен бирон бир шеърда бу қадар теран дард билан битилган мисраларни ўқимаганман,-деди Қаҳрамон Маҳмуд.
  • Бунда Ватанни севиш туйғуси маёқдек порлаётгандай гўё.
  • Ватанни севиш туйғуси – барча севгилардан юксак туйғу,-дедим мен Ўрдабеклига қўшимча равишда.У яна ўқиди:

Қанийди қуш бўлиб қанотим қоқсам,

Ёхуд баҳордайин бағрингга қайтсам.

Бутун дардларимни ўзингга айтсам,

Мен сени соғиндим Она Туркистон!

  • Юртимизни шунчалар улуғ севги билан севган аёл Ватанига қайтса,Ватанга қарши боради деб ўйлаш –ўта аҳмоқликдир.Мен бундайларни миллат душманлари дейман.
  • Тўғри Қаҳрамон,-деди профессор Ўрдабекли,-Ферузага,Ферузаларга қарши турган қинғир,таъмагир,бузғунчи кучлар ҳеч қачон,ҳеч қачон Феруза ва ферузалар каби Ватанни сева билмайдилар.Чунки пора уларнинг қалбларини кўр, юракларини кир қилиб қўйган.Улар учун Миллат,Ватан –мол –дунёдир.

Энди, Ферузанинг ота- онасига келсак,улар тўғри одамлар. Тўғриликлари учун диктаторнинг ғараз қаҳрига йўлиққанлар… Худди Шовруқ мисол,туман-туман шовруқлар мисол.

Чет эллардаги қондошларимизнинг барча –барчалари ўз она тупроқларини жон- диллари билан севадилар. Бу муқаддас туйғу манқурт тўсиқларга ётдир. Ёт бўлмаса улар элдошларининг юртга қайтиш йўлларига ўлат янглиғ ғов бўлармидилар? Президент Мирзиёевнинг Ватанга чақириқ сўзларига қарши турармидилар?

(Давоми бор)

Муаллиф: Эврил ТУРОН

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Шавкат раҳмон-ёрилган ҳаракат баёни

Бир одам изладим... изладим ғариб, жуфти йўқ бургутдай хунук қишладим. Кездим армон тўла бир жом қидириб, малаклар йиғлади, итлар тишлади... Умринг узоқ бўлсин, эй дарёжоним, ...

Чингиз айтматов:қиёмат 33-қисм

Мана энди улар Авдий Каллистратовни суд қилишарди. Улар деганимиз — беш ароқхўр — Обер-Кандалов,  Мишаш,  Кепа,  Гамлет-Галкин  ва  Абориген-Узуқбой.  Тўғрироғи,  ...

Юлдузли тунлар-87

3 Йигирма уч ёшлик Ҳумоюннинг йигит юраги отаси кўрсатган руҳий мададдан куч олиб, оғир касалликни ахийри енгди. Орадан бир ҳафта ўтгач, у касал кўришга келганларни ўрнидан ...