Дилмурод Саййид: “Бизда қонун ишламас эди”

Суратда: Дилмурод Саййид ва Гулзамон Акбар

9 йил қамоқда ноҳақ ўтирган журналист Дилмурод Саййид билан суҳбат.

Гулзамон Акбар: Озодлик муборак бўлсин, Дилмурод ака!

Дилмурод Саййид: Раҳмат,синглим!

Гулзамон Акбар: Эсон-омон қамоқдан ҳам чиқиб олдингиз. Худо сизга умр берсин,бахт берсин!

Дилмурод Саййид: Раҳмат,раҳмат,синглим,Худо сизни,сизларни ҳам кам қилмасин!

Гулзамон Акбар: Дилмурод ака,биз (Қаҳрамон Маҳмуд,Рўзибой Азимий, Дилфуза Лангар) узоқ Америкада яшаб,ишлаётган “Бирдамлик Халқ Демакратик” ҳаракати раиси Баҳодир Хон Туркистоннинг саломи ва табригини сизга етказишга келдик.

Дилмурод Саййид: Баҳодир Хон Ўзбекнинг жонкуяри, валломат инсон! Тўғри сўз, холис инсон!

Гулзамон Акбар: Умр йўлдошингиз ва қизингизни авто ҳалокатга йўлиқиши муносабати билан сизга таъзия билдирамиз. Худо ўз раҳматига олсин! Жойлари жаннатда бўлсин! Барча алам, изтиробларингиз кечмишда қолсин, илоҳим.

Дилмурод ака, агар рухсат берсангиз,суҳбатимиз ўша сизни туҳмат билан қамалишингиз ҳақида бўлади.

Дилмурод Саййид: 22 феврал куни Тошкент шаҳар Департамент ходимлари кутилмаганда эшигимиз олдида пайдо бўлишди. Салом-аликдан кейин мен ”Тинчликми,нима гап?” деб улардан сўрадим. Улар “Бирон-бир валютага аралашган жойингиз борми?”, дейишди саволимга савол билан. “Йўқ” дедим. ”Узр, бироз вақтингизни оламиз, биз билан юришингизга тўғри келади” дейишди ва мени ўзлари билан бирга олиб кетишди.

Тунги соат ўн биргача мени тутиб туришди. Нега? Сабабини ўзлари ҳам билишмайди. Самарқанддан одам келгач, мени нимага ушлашганини билишди.

Воқеа шундай бўлган.2004 йилда менинг олдимга Жомбой туманидан колхозчилар келишди. Иш ҳақларини еб кетишгани, қанча сўрашса ҳам беришмаётгани ҳақида арз қилишди. Мен журналист сифатида Жомбойга бордим. Колхозчиларнинг арз- додларини,уларга қилинган ноҳақликларни холис  ўргандим. Колхозчилар ҳақ бўлиб чиқишди.Шундан кейин бу ноқонуний ишларни “Қишлоқ ҳаёти” газетасида ёритдим. Натижада колхозчиларнинг ҳақлари тўланди. Уларнинг ҳақларини еган раис ишдан ҳайдалди, жиноий жавобгарликка тортилди. Ҳоким муовини ҳам ишдан четлатилди.

Шундан кейин Маъруф ака деган янги раис билан “Aдвокат пресс” ўртасида шартнома туздик. Обуна ва яна уларнинг қонуний ҳуқуқлари ҳимояси учун. Аммо кўп ўтмай колхозлар тарқади. Уларнинг ўрнига фермер хўжаликлари ташкил қилинди.Шунга қарамай, Маъруф акалар билан салом-алигимиз йўқолмади,бирон ҳуқуқий масалада тушунмовчилик бўлса, бизга мурожаат этиб туришда давом этишди.

Кейинча, ”Эзгулик” жамияти номидан фаолият олиб бордим. Ўнта фермер бизга ариза билан мурожаат қилишди: ”Бизга тегишли бўлган жойларимизни тортиб олишаяпти…”

Гулзамон Акбар: Аслиддин Ўринбоев деган киши ким? Суд ишингиз билан боғлиқ тарқатилган хабарларда шу одамнинг фамилияси кўзга ташланган эди.

Дилмурод Саййид: Аслиддин Ўринбоев МТПнинг раиси,фермерларни техника билан таъминлаш,яна баъзи масалалар бўйича ваколат эгаси.

Фермерларнинг аризасида:

“Ўринбоев экин майдонларимизни ноқонуний равишда  ўзлаштириб олаяпти ва ўз яқинлари билан бу ерларга уйлар қурияпти” дейилади. Аризада яна унинг бошқа кирдикорлари ҳам ёзилади. Мен шу масалаларни ўргандим. Техникаларни сотиб юборган деган жойлари бор.Ҳаммасини ўргандим. Ҳокимиятдан, Ички Ишлардан вакил талаб қилдим. Солиқ бўлимидан вакил келмади,қочди.Ҳамма ишни тайёр қилиб,ҳужжат қилиб, топширдик. Уларга нисбатан суруштирув ишлари бошланди. Ўнта фермер менга ишонч қоғози берган. Мана шу фермерлар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун мени чақирди. Туман Ички Ишлар бўлимидан терговчи Олим Тоҳиров деган майор бизга ёрдамлашган бўлди. Фермерлар билан бирга мен унга шу ишончномадан кўчирмалар бердим.

Ўша Ўринбоев мен билан учрашмоқчи бўлган. Мен айтдим: Учрашавераман. Фақат бир-бирлари билан келишиб ишласалар бўлди. Қонун асосида. Ҳеч кимга ёмонлик қилиш ниятим йўқ. Яраштирув деган нарса бор бизнинг қонунларимизда. Агар булар ярашиб кетса, мен хурсанд бўламан.Чунки, Тошкентдан келиб бизнинг орамизни бузиб кетди, деган гапдан кўра яхши-да, бу. Улар бир жойнинг одамлари ахир.Фақат қонун доирасида иш олиб боришса бўлди.

Шу масалада мен билан учрашиши керак бўлган одам, бир кун олдин бориб ариза ёзиб келган. Менга яна тўрт кишини қўшиб: ”Мендан ўн беш минг доллар, сўраяпти”, деган. Орамизда, умуман пул ҳақида гап бўлган эмас, Ўринбоев билан  кўришдик. Келишсаларинг яхши, тўйларинг бир, маъракаларинг бир, бола – чақаларинг бир жойда мактабда ўқийди, дедим. Қуда –андасизлар, ярашинглар, мен бу ерда холис одамман, дедим. Фермерлар кўнмадилар. Ишдан кетамизми, қоламизми, охиригача курашамиз, – дедилар, – сизга ишонч билдириб қоғоз бердикми, охиригача туринг. Ўша менга ариза берганларидан биттасининг қизини Ўринбоев қўлга олади. У билан ресторанда ўтиради:

-Отанг овозини ўчиргани билан Дилмурод Саййид бор, -дейди, -улар ўзаро нимани гаплашган, бу менга қоранғу. Шуниси маълумки, Ўринбоев қизга 10 минг доллар берган.

Гулзамон Акбар: Қизнинг исми Маликами?

Дилмурод Саййид: Йўқ. Марғуба Жўраева деган қиз. Уни пул билан ушлашган. Дилмурод Саййид топшириғи билан келдим, деган кўрсатмани олишган. Ўша кўрсатма бўйича мени олиб бориб қамашган.

22 февралда қамашган бўлса, 24 февралда Марғуба Жўраева билан юзлаштириш ҳаракати бўлган. Шу юзлаштириш ҳаракатига бориб турганимда менга адвокат бўлиб Руҳиддин Комилов, Ҳасан Маҳбубовлар келишди ва ўша департамент биносида ёнимда туришди. Уйдан  телефон қўнғироғи бўлди, уйни тинтув қилаяпти, деди. Беш яшар қизчамни горовга олишга ҳаракат бўлган. Бу ҳақида ўша вақтлари батафсил маълумотлар ёйинланган. Тўполон бўлган. Марғуба Жўраева билан юзлаштириш вақтида: “мени мажбур қилишди Дилмурод Саййидга қарши кўрсатма беришга”, деб тўғрисини айтди. Шундан кейин унинг ўзини ҳам 11 йилга қамаб юборишган.

Тергов жараёни кетаётганда Ўринбоев билан мени юзлаштириш ҳаракати бўлган. “Дилмурод Саййидга пул бериш фикри кимдан чиқди?”, деган саволга Ўринбоев мендан чиқди, деган. Шу кўрсатмаларини судга айтган.

Энг аламлиси, бундан кейин юз берди. 2004 йил ҳокимнинг биринчи муовини билан  раис жавобгарликка тортилгани ҳақида юқорида айтган эдим. Судга уларни тортишган. Улардан Дилмурод Саййидга 5 минг доллар бердик деган хат олишган. Фермерлар мени танишишидан тонишган. Кўриниб турибди, уларни мажбур қилишган. Қандай? Билмайман…

Терговчи ҳам, судя ҳам менга: ”Ака бизни тўғри тушининг, биз солдатмиз…”,-дейишди.

Вилоят прокуротураси мени ишимни олиб борди.

У ерда Суҳроб деган йигитга айтдим: – Сен ёмон болага ўхшамайсан,165-модда – товламачилик, 228- модда ҳужжат сохтакорлиги, шу  моддаларни, иккита айбловни ёнма-ён  қўйиш мумкинми? Менга шуни тушунтириб бер.

Гулзамон Акбар: Сизни жавобгарликка тортишда асл мафаатдорлар кимлар? Бунчалик судлар ишининг сохтакорлиги ортида кимлар туришган?

Дилмурод Саййид: Бунақа масалалар фақат мен билан бўлган эмас. Бунинг орқасида турган мафаатдорлар бор. Мен фермерлар аризаси орқали кўтарган масалалар йирик-йирик. Масалан, умумий мактаб ўқувчиларига қарашли стадион ўртасидан узунасига кесилиб, ярми ҳеч бир ҳужжатсиз сотилган. Ёки болалар юқумли кассалликлар касалхонасига ажратилган 3 гектарни ҳам сотишган. Болаларга кўкат экиб, касал болаларга текин тарқатиши керак бўлган жойни ҳам сотишган. Бу ерда солиқ тўланмайди. Икки гектар ердаги тутзорни кесиб олиб сотиб юборишган. 3 гектар теракзорни сотиб юборишган. Шу фактларнинг бутун ведио лавҳаларини, ҳужжатларини топширганмиз…

Гулзамон Акбар: Ҳозир улар қаерда?

Дилмурод Саййид: Улар 2015 йил декабр ойида озодликка  чиқишди.

Гулзамон Акбар: Сиз Самарқанд вилояти судида жавобгарликка тортилгансиз-а? Ўзингиз қаерда туғилгансиз?

Дилмурод Саййид: Мен Тошкент шаҳрида туғилганман. Иш Жомбой туманида кечди, деб ҳужжат қилинди.Тергов вилоят прократурасида ўтди.Тойлоқ туманида эса суд бўлди. Бундан ўзингиз хулоса чиқариб олинг.

Гулзамон Акбар: Сиз адолат учун курашгансиз, Дилмурод ака. Буни юрт билади. Кўп ҳақсизликларни кўрдингиз ҳаётда, журналист ва ҳуқуқ фаоли сифатида шуларни кўтариб чиққансиз. Мамлакатдаги бўлаётган воқиаларни бежамай, холис ёзгансиз. Шунга қарамай, сизни қамаб юборишди. Ҳаққа кун йўқ экан-да.

Дилмурод Саййид: У замонда шундай эди.

Гулзамон Акбар: Биламан, Ўзбекистонда қамоқхоналар кўпайиб кетган. Нима учун? Халқни қўрқитиш учун эмасми? Халқ қўрқса, унинг қулоғи тинч бўлиши учун эмасми? Ўн минглаб бегуноҳ одамлар, жумладан ёзар, журналистлар ёлғон, туҳмат, шантаж билан қамоққа олинди. Ёнимизда ўтирган акамиз Аъзам Турғунов ҳам ашшадий туҳматнинг қурбони бўлган. Наҳотки тепада ўтирган бошимиз бу ноҳақликларни билмаса?

Дилмурод Саййид: Билганда қандоқ.

Гулзамон Акбар: Президент  Шавкат Мирзиёев куч ишлатар тизмларига берилган чексиз-чегарасиз қонунга хилоф ҳуқуқларни, менинг назаримда тартибга солаяпти. Қутирган, коррупцияга ботган, қўллари қон генералларни қонун доирасида жазолаяпти. МХХ раисининг ишдан олиниши ҳам буюк воқеа бўлди. Ноҳақ қамалганларни озодликка чиқаришда ҳам президент жонкуярлик қилаяпти. Буни мен сизнинг мисолингизда ҳам кўриб турибман.Сиз Шавкат Мирзиёев ҳақида нималар деёласиз?

Дилмурод Саййид: Одамларга ноҳақликлар бўлганини, уларни ноҳақдан қамалишларини шахсларга боғлаш керак эмас. Бизнинг қонунларимиз энг инсонпарварроқ, энг адолатли қилиб ёзилган. Лекин, қонунлар жойида ишламади. Қатъий қилиб айтаман, ишламади. Мен барча мақолаларимда одамларни қонунни билишликка чақирганман. Билганларини ҳам талаб қила олишликка чақирганман. Юқорида ўтирган ваколат эгалари, раҳбарлар буни билишган. Ҳатто ”Адвокат пресс” газетамизнинг охирги сонидан битта олдингисида “Ижроси йўқ қонун таназзул асоси” сарлавҳали мақолам ҳам айнан шу мавзуда бўлган… Мансабдорлардан ташқари халқнинг ўзи ҳам қонунларни ўрганиши керак. Билиши керак. Тепадагиларнинг кўпи одамлар қоннуни билиб қолишларидан қўрқишади. Бизга ўхшаган биладиганларини қамаб юборишди, ёки ўлдириб юборишди, ёхуд четга чиқиб кетишга мажбур қилишарди. Қамоғу қийноқлар билан қўрқитишарди. Менинг айбим ҳам шу эди. Бунақа мисоллар жуда кўп. Аъзам Турғунов, Солижон Абдураҳмонов акалардек ҳуқуқшуносларни ҳатто, ичкарида ҳам тинч қўйишмади, назоратда бўлдик.

Ўттизинчи йиллар қайтарилди.Тарихий Репресия воқеаси қайтарилди. Мен бу билан ўзимни зиёли қатламга тегишли демоқчи эмасман. Ўша Усмон Носир, Чўлпонларга қилинган жабр-зулмнинг моҳияти бизга ҳам қилинди.

Қамоқхоналарнинг кўплигига келсак, гап кўплигида эмас, сифатида.

Мен уч марта қамалганман. 2000 йилги қамоқхоналарда 1500 маҳкумга мўлжалланган жойда 5000 тагача одам ўтирган. Шароит ўта оғир эди. Касаллар ҳаддан ташқари кўп эди.

2001 йилда либериаллаштириш амалга оширилди:

1) Қамоқхоналарда маҳкумлар сони сезиларли камайди.

2) Ҳеч ким бормайдиган жойларда арзон ишчи кучларини яратишди.

3) Инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ масалада ижобий эътиборга эришилди.

 Гулзамон Акбар: Қийноқлар масаласи-чи? Ичкарида ҳам коррупциями?

Дилмурод Саййид: Мен бировга, масалан, ҳеч нима бермадим, кейин қамоқхонада пул айланмайди. Қийноқлар масаласига келсак, 2016 йилгача бўлган, бўлганда ҳам жуда даҳшатли қийноқлар бўлган. Ҳамма жойнинг ўз тош- тарозиси бор.

Гулзамон Акбар: Қонун доирасидами?

Дилмурод Саййид: Қанақа қонун? Кўчада ишламаган қонун, ичкарида ишлайдими? Мана Аъзам ака 9 йилдан ошиқ ўтирди. Мен ҳам 9 йил ўтирдим. Бизни сақлаганда “ғирт тартиббузар, бу одамларга умуман, инсонпарварлик далолатномасини қўллаб бўлмайди”, дейишган. Бизларни олиб бориб ёқиб юборадиган даражада бўяб ташлашган.

Бизни сақлаб ўтиришгани учун биз мелисаларга “раҳмат” дейишимиз керак эмиш. 2016 йилгача аҳвол шу эди.

Гулзамон Акбар: Шундай гаплар юрадики, битта махбусга бешта қўриқчи…

Дилмурод Саид: Бу энди муболаға гап. Лекин сунъий даражада штатларнинг ошиши кузатилган олдинлари.

Яна бояги саволга жавоб, четлаб кетдик. Қийноқлар масаласида шахсан мени кўп қийнашди демайман. Лекин кўзим билан кўрганларимни тил билан айтиш ўта оғир. Диний моддалар билан қамалганлар даҳшатли қийноқларга солинади. Айниқса, 36-колония билан Сангороддаги қийноқларни кўриб, наҳотки инсон шунчалик чидамли деб юборганман. Ўша пайтида ҳам “омон- омон, сабр”, дейишарди. Мен битта, иккитасини айтсам “Дилмурод акам энди чиқиб олиб очко олиш учун гапираяпти” дейиши мумкин. Намоз ўқиб ўтирган одамни бир ўзи ёлғиз эътиқодда бўлиши мумкин. Уни саждага бош қўётганда орқасидан қаттиқ тепиб кетишади. Калтаклайди.Яна бир хиллари, сал маъданиятлилари узр сўраб ҳам қўйишади. Биз бўйруқни бажараяпмиз, дейдилар. Мен айтаман: Сен ёзма шаклда бўйруқни бажараяпсан, Мен Қодирий, Чўлпон, Усмон Носирнинг архивларини ўрганган одамман. Ўшаларнинг ишида ҳам оғзаки бўйруқ берган одамни тополмаганман. Сизлар ёзма ижро этаяпсизлар.

Бизда шундайки, қонун бу ёқда қолиб, бўйруқни бажариш ривожланиб кетган.

Гулзамон Акбар: Табиб табиб эмас, бошидан кечирган табиб, дейишади. Сиз мана у ёқни кўриб қайтдингиз.Одамлар ноҳақдан қамалмасликлари учун суд жараёнларида нималар қилишлари керак? Ноқонуний қийноқлар бўлмаслиги учун-чи? Бугунги ислоҳатлар жараёнида қандай таклиф, фикрлар бера оласиз?

Дилмурод Саййид: Уйимни тоза тутишим учун уйимни бузиб ташлашим шарт эмас. Керакли жойларни артиб, тозалаб турсам бас, етарли.

Бизда адолат бўлиши учун ҳақиқатан жиноят қилган бўлса, у озодликдан маҳрум бўлаяпти, инсонийлигидан эмас.

Кейин одамларнинг ўзларида ҳам лоқайдлик бор. Деярли бу ҳар бир соҳада ҳам кўзга ташланади. Масалан, журналистларнинг ораларида ҳам уқувсизлар, қўрқоқлар, замонасозлар, маддоҳлар бор. Булар билан ўзбек матбуоти ўсмайди. Журналист ҳақни, фақат ҳақни ёзиши лозим. Йўқса, уларнинг думларига тепиш керак! Президент сиёсати шунга олиб келади, деб ўйлайман. Ёлғонни на элга, на давлатга фойдаси бор.

Мени ҳимоя қилиши керак бўлган “Ҳуррият”газетаси ўзида менга ёлғон мағзава ағдарилган материалларни чиқармасликлари керак эди.

Жомбойдаги текшурув тўғрисида “Постда”, ”Ҳуқуқ”, ”Ҳалқ сўзи”, ”Солиқ ва дунё” газеталарига ҳамма ҳужжатларини топширганман.

“Эй,Дилмурод акани билардик-ку, текшириб кўрайлик-чи, дейишмаган. Мен иддао қилаётганим йўқ. Лекин тушунчаси ҳаминқадар бўлган журналистларни кўпайиб кетганини айтаяман.

2007 йил ёйинланган туҳматли мақола баҳонасида маҳаллада мени муҳокама қилишаяпти. “Саволлар борми?”дейишса,бирон киши “миқ” этмайди.

Биттаси қўл кўтарди.”Махалла” газетасининг бош муҳаррири муовини экан. Тош отишга уриниб кўрди. Ваҳоланки, мен уни шу бугунгача мутлақо таниган эмасман!.. Яна бир масала, қонун устуворлиги борасида.

Яъни, ҳозирда адвокатлик ишларида фақат юридик маълумоти борлар ишлаяптилар.

Гулзамон Акбар: Бу яхшими?

Дилмурод Саййид: Нимаси яхши?! Масалан, касал вафот этиб қолсаю, врач маҳкамага тортилса, тиббиётдан мутлақо хабарсиз юрист адвокат унинг ҳуқуқларини қай йўсинда ҳимоялай олади? Демоқчиманки, Қонунчилигимизда бўлган “Ишончли вакил” мақомини адвокат билан тенг ҳуқуққа эга бўлиши кафолатлаб қўйилиши керак. Зеро, мамлакат Конститутцияси ҳам, Инсон ҳақларига оид Умумжаҳон Декларацияси ҳам бу мақомни ёқлайди!!!

Бу борада хорижий давлатлар тажрибаларига ҳам амалий ёндашмоқ зарур:

Хорижий мамлакатларда адвокатлар битта иш олдими, ўшани охирига етказиб, бошқа иш олади. Бизда нима қилади? Ўнта иш олиб олади-да, мисол учун, Аъзам аканинг ишини Дилмурод Саййиднинг иши кўрилаётган жараёнда ўйлаб ўтиради. Кейин адвокатлар асосан даллолликка мойил йўл тутиб қолишганди… ”Судга қанча берасан, менга қанча ажратасан? Қаерда тушлик олиб  берасан” ва ҳ.к, дейди. Ордерига 30 000 минг сўм тўлайсан, чўнтагига 300 000 минг сўм соласан. Мен бу масалада янглишмасам, 2003 йили “Даракчи”да “Бизни ким ҳимоя қилади?”сарлавҳали мақоламда анча батафсил фикрлар билдиргандим…

Гулзамон Акбар: Одамларнинг тақдирлари, мана, кимларнинг қўлида экан? Адвокатлик соҳасини такоммиллаштириш лозим. Менимча, Президентимиз бу соҳада ҳам ислоҳ қилади.

Дилмурод Саййид: Энг биринчи навбатда ўзбек бир-бирини тушунсин,

Алихонтўра Соғиний ҳазратлари айтганидек: Ўзбек халқи эрталабки ошга борганидек уюша олса эди, ҳеч кимга қарам бўлиб қолмасди. Биз бу ишни тўғри маънода тушина олсак, шахсий манфаатдан кўра умум манфаатини юқори қўя олсак, қонунларни ҳурмат қила олсак,тарақиётга юз тутамиз. Қонунни билгани билан ҳурмат қилмасак, бекор-да.

Гулзамон Акбар: Бундан кейинги режаларингиз қандай? Сезиб турибман, барибир, яна журналистик соҳангизни давом эттирасиз. Айтинг-чи қайси соҳани кўпроқ кўтариб чиқмоқчисиз? Ўша ерда ўйлаб,кўнглингизга тугиб қўйганингиз бордир? 

Дилмурод Саййид: Аввало, турмуш ўртоғим ва фарзандимнинг қабрларини зиёрат қиламан. Кейин соғлигимни тиклаб олишим керак.Кейин ҳужжатларимни тўғрилашим зарур. Энди янада, мустаҳкамроқ, кучлироқ бўлиб ишламоқчиман. Мен тарих соҳасига, таржимонликка ҳам қизиқаман, Худо хоҳласа, ниятлар эзгу, ҳамкорим ҳам, фаолиятим ҳам эзгулик бўлишига интиламан!

Гулзамон Акбар: Аввало, соғлигингизни тиклаб олинг. Сизга яна бир бор сиҳат – саломатлик тилаймиз! Сиз шу “Мулкдор” сайти ижодий жамоаси ва мухлисларига, умуман “Бирдамлик Халқ Демакратик” ҳаракати раҳбари Баҳодир аканинг фаолияти тўғрисида нималар дейсиз?

Дилмурод Саййид: Мен ”Бирдамлик Халқ Демакратик” ҳаракати тўғрисида ҳозирча бирон нима демоқчи эмасман. Лекин, Баҳодир Хоннинг инсонийлигидан, курашчанлиги хусусида қисқача тўхталмоқчиман. Ўз вақтида Американинг Оқ уй қаршисида ноҳақ қамалган мазлумлар учун, биз учун чиқишлар қилганини, биз учун талашиб тортишганини қамоқ ва зонада эшитдик. Ўша йилларда қўрқмай бундай қилишларини мен катта жасорат, деб биламан. Баҳодир Хон Туркистоннинг бошига иш тушганини, отасини туҳматдан қамалганию озодликка чиққанда сирли ўлим топганини ҳам ўша жойларда туриб эшитдик. Шундай оғир кунларда ҳам мазлумлар дардини ўйлаганликлари учун у кишига Худо куч- қувват берсин, омад берсин! ”Мулкдор” сайти ижодий жамоасига чин маънода мулкдор бўлишини Аллоҳдан тилайман. ”Мулкдор” билан Тангри насиб этса, ҳамкорлигимиз бардавом бўлади, деган ишончдаман!

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Қўлланма-1

  “БИРДАМЛИК” ҲАЛҚ ДЕМОКРАТИК ҲАРАКАТИНИНГ ҚУРИЛТОЙИ ОЛДИДАН!   Ҳалқ  хокимияти,инсон ҳуқуқлари заминидаги,озод ва фаровон Ўзбекистон учун! Қўлланма (биринчи)   ...

“сайлов – 2015” нинг якуний натижаси: ғолиб – баҳодир чориев!

ВСКнинг 30.03.2015 й.даги қарорига кўра, 22 мартда ВСКнинг сайловчилар овоз бериши учун мўлжалланган махсус Ҳисоблагич дастурига хакерлик ҳужуми бўлганлиги ва шундан кейин ...

Хийлаларга уста орган ходимларининг яна бир найранги

(ёҳуд «Бирдамлик» ХДҲ фаолларидан бири Нафосат Оллошукуровага қурултой олди босимлар)   «Бирдамлик» ХДҲнинг 15-16-ноябрь кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган Қурултойи ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400