Харомерлар

Кўп эски замонлардан бери Иштихон туманига қарашли “Шайхлар” қишлоғида яшаймиз. Шунга аҳоли кўпайгандан-кўпайиб борган. Бу ҳол ёндан янги иморатлар қурилишига сабаб бўлган. Мен ҳам (икки қизчам билан бирга)ўша ердан бир кулба қурдим. Бор йўғи икки икки хона, бир айвон…

Бироқ  ҳали бу ерга электр қуввати билан газ етиб келмаган. Шу боис минг йил олдинги ҳаёт тарзини бошимиздан кечираяпмиз. Шамчироқ билан тезак жонимизга ора кираяпти.

Янги маҳалламизга электр энергияси берилиши учун янги подстанция қурилиши,газ учун труба тортилиши керак. Маҳалламиз десам тўғри бўлмас, гузаримиз деймикан? Ҳозирдан унга “Нурли Диёр” деган ном беришибди. Эҳ-ҳе, унинг нурли диёр бўлишига қанча қишу қанча ёз бор. Ойниса исмли бир опамиз электр ва газ берилишини  талаб қилиб ёзган экан. Қаерга ёзганини тушунмадим. Ўша идора ходимлари иложлари йўқликларини айтиш учун маҳалла раисининг уйига келишибди.

Аллақачонлар суриштирганман. Подстанцияга ажратилган маблағни туман электр тармоғи раҳбари Умар Жўраев ўзлаштириб юборган жиғилдонига. Газ масаласи ҳам шундай.

Шикоят хатлари ёзилаверади. Бундан не наф? Текширувга келганларнинг оғизлари мойлаб юборилаверади? Текинхўр раҳбарлар давлат ва халқ учун ажратилган маблағларни ҳалқумларидан ўтказиб юборишда давом этаверадилар.

Суратга боқинг. Ўртакаш югурдаклар алло- балоларни важ қилиб, ёлғонни ямламай ютишмоқда. Ўз ташкилотларию раҳбарларини ҳимоя этишмоқда. Яъни йўқ нарсани йўндиролмайдилар-ку деган сохта  сафсата билан…

Мен тасодифан йўлда ўта туриб, уларнинг суҳбатига гувоҳ бўлдим. Маҳалла раиси хонадонига ҳам, қисқаси, ”Нурли Диёр”да яшовчи ҳаммага электр қуввати керак, газ керак. Йўқса гузарни “Қоронғи диёр” деб номлаш керак. Ҳозирча айрим пули бор каслар, яна ҳам тўғрироғи олғир каслар “Шайхлар” тармоғидан ўғринча, аниғи пора эвазига уйларини ёритмоқдалар. Бу хол жанжалларга сабаб бўлаяпти. Ўғрилик устига ўғрилик… Бунинг устига электр ва газ тармоқлари бошлиқларига бориб тақалади. Уларнинг тепасида ҳоким турибди.

Нима қилиши керак?! Биз(Ойниса опа) ҳокимга учрашмоқчи бўлдик. Чунки мантёрларнинг айтишларича ҳоким подстанция учун пул ўтказар  экан. Ойниса опа ҳокимга боришнинг фойдаси йўқ, деди. Ҳоким арздан қутилиш учун электр  энергияси тармоғи  раҳбарини чақириб, бўйруқ қилар экан. Жўртага, Раҳбар номига “хўп” деркан.  Аммо бажармас экан. Маблағ йўқда, маблағ чўнтакка ўрилган-да…

Мен барибир борайлик,опа, дедим. У фойдасиз, ҳоким яна “ўйин” қилади,бекорга овора бўламиз”деди.

Бундан ташқари яна бир муаммо,ташвишим бор. Иккита симёғоч ўрнатишим керак. Шунчаки ходалар эмас, хақиқий симёғоч  ўрнатишим керак экан. Эндиги симёғочларнинг тошига кетадиган маблағ жуда қиммат турармиш. Устига – устак сим тортиш муаммоси ҳам бор. Сим ҳам отасининг нархида. Бу ишлар аслида Ҳокимият томонидан бажарилиши лозим. Лекин?..

Биз ҳам шу юртнинг фуқорасимиз. Биз ҳам шу юртнинг содиқ фарзандларимиз.Элимиз қанча бойиса, давлатимиз қанча ривожланса ва дунёга танилса, биз шунга қувонамиз. Президентимиз бор куч-қуввати билан шунча ҳаракат қилаяпти. Бироқ қуйидаги порахўр, калтабин бошлиқлар ишни орқага суришияпти? Президент девонида уларни назоратга олиш бўлими тузиш керак, менимча.

Улар эл-улус тўғрисида қайғуриш ўрнига коррупцияга томоқларигача ботиб бораяптилар. Бизнинг бола- чақамиз ҳам телевезор кўришни истайди.Тезак ўрнига газ ёқишни истайди. Уйида иссиқ – совуқ сув бўлишини истайди.Вақтида ювиниб –таранишни истайди. Кийим – кечакларини дазмоллаб кийинишни истайди. Лекин биз яшаш учун ҳеч қандай шароитга эга эмасмиз.

“Нурли Диёр”да свет, газ йўқлиги билан бирга ичиш ва ювинишга сув ҳам йўқ.

Мен йўқчиликдан йиллар давомида шаҳарда ижарада туриб ишладим.Топган чақамга бола- чақамни боқаман деб, бошпана қураман деб, ўзимга бир дуруст кийим ҳам ололмадим.Қишлоққа қайтдим. Аҳвол эса бундай, минг йил олдин қандай бўлса, шундай. Етишмовчиликдан полсиз, паталоксиз уйда оғир ҳаёт кечиришга тўғри келаяпти. Туманда свет, газ бўлса ҳам тез –тез ўчиришади.Узр. Янглишдим. Бир пайтлар зўрға етиб келган газ ҳозир узиб ташланган.

Бундай оғир шароитга халқни ташлаб қўйган ҳокимни,тегишли ташкилотларни қарғашдан бошқа нарса қўлимдан келмайди.Қўлимиздан келмайди.Минг арзимиз,минг “оҳ-воҳ”имиз улар учун бир тийин.

Мен Ойниса опага ҳокимга учрашишни қайта – қайта таклиф қилдим. Ҳоким билан электр тармоғи бошлиғи нима дейишса буни ўз қулоғим билан эшитишни истадим.Бажаришса, бажаришмаса шуни истадим. Ҳеч қурса телефонимдан суратга оламан, дедим ўз – ўзимга.Интернетим бор-ку. Бериб бораман.

Аввал маҳалла раиси уйига хўжа кўрсинга келган “ака”лардан иш бошладим. Ёлғончиларни суратга туширдим.

Бирам қўрқишар экан-ай. Агар улар ҳақ учун, иложсизлик учун келишган бўлса нимага расмларини олишимдан қўрқишди? Демак,аҳолининг гапи тўғри. Ҳоким юзаки буйруқ қилади. Нафси ҳакалак отган ҳоким билан отамлашган… электр таъминоти раҳбари Умар  Жўраев Умар Хон мисол ялло қилади… Симу симёғочлар бозорлари янги хўжаликларининг аҳволларини танг қилади. Умар хон мўмай пулларга кайфу-сафо қилади. Ҳамма уни тўрт жойда тўрт қаср қуриб яшаётганини айтади. Еганни қусари бор. Қачонгача бу ҳол давом этади?

Фамилияси жуда таниш?! Бу районимизга жуда савобли хизматлар қилган ҳоким Мурод Жўраевнинг ўғли эмасмикан?! Мен уни унчалик танимайман. Агар у  отасининг пок номига доғ тушириб, халқни, давлатни ўмариб, умр кечираётган юрган бўлса, афсусларим!!! Отаси дуо олиб ўтган одам эди. Боласининг аҳволи!.. Эҳ!  Одамлар бойликка мунча ҳирс қўяркан? Ҳаромдан қўрқмаса булар! Гуноҳдан қўрқмаса булар! Худодан қўрқмаса булар! Минг лаънат!..

”Нурли Диёр” гузари аҳолиси ҳам нур ичида ўтириши учун ўғри муттаҳамларга қарши бир бутун бўлиб курашса, адолат тантана қилади.

21-асрда бундай яшаш уят! Президент Мирзиёев сўзидан келиб чиқиб айтсам, коруппцияга ботганларни томири билан қуритиш керак!

Қишлоқларда светни ўчирилиши Умар Жўраев даври –давронидан буён давом этиб келмоқда. Улусга бундай  ёмонликни туғдираётган ювундихўр, халқ мулкини ўмараётган виждонсиз қачонгача бу лавозимда туради? У туғишган опачамнинг эри, поччам Жалол Илёсовни ёш умрига ҳам зомин бўлди. Поччам ҳалол мантёрлик қилиб келган. Доим одамларнинг хизматини беминнат бажарарди. Соф виждонли инсон эди. Бунга қишлоқ одамлари гувоҳдирлар, мен ҳам гувоҳман. Икки марта поччам симёғочга чиққан пайтида тармоқни улаб юборишган. Биринчиси бундан саккиз йиллар олдин содир бўлганди. Поччамни катта ток уриб, оёқ қўллари ногиронлик даражасида тешилиб кетган эди. Иккинчисида ҳам худди шу ишни қилишди. Олдингисида поччам ишхонасидагиларни аяб судга бермади. Иккинчисида эса ўлиб қолди. Буни қандай тасодиф деб бўлади?! Опам ёш болалари билан бева қолди. Арзимаган товон пулини ҳам беришдан оғриниб, роса сарсон қилишди. Одамхўрлар эса бемалол яшаб, ишлаб юрибдилар.

Қишлоғимизда яна бир мантёр бўлиб ишлаган инсон- Ориф ака оғир касал экан. Хотини уни даволатишдан қийналаётганини айтиб қолди.У кишини ҳам поччамнинг қотили Икром ва яна иккита йигит шу ҳолга тушишига  сабабчи бўлган дейишади. Ёшгина инсон ногирон. Электр энергияси тармоғи ташкилотларида техника хавфсизлиги яратилмаган.Тартиб-қоидалар йўқ. Бўлса ҳам номига, яна ҳам ошиғи хўжа кўрсинга.Ўмариш бўлса рекорд кўрсатгичда.

Ҳоким эса бундай нарсаларни  билиб, билмасликка олади.

Ўғриларнинг, қотилларнинг бошлари силанади. Ҳамма ишни қилаётган (пахтасини тераётган,..) эл эса улар учун бир чақа.

Улар қонун олдида жавоб беришларини талаб қиламан!

Ёши улуғ бир  онани биламан. Маҳалла муаммоларини ечиш, енгиллатиш учун хасталиги ва қарилигига қарамай, хақиқат учун ҳокимиятга боришдан чарчамайди.

Ҳокимиятдагилар шу онага ҳам бир неча марта таҳдид қилишган.Бир куни ҳатто, ”Ўлдириб юборамиз” деб, фитна ҳам юштиришган. Онахоннинг исмлари Ҳабиба. Эл орасидаги исми эса Эсмералда. Бу лақаб-сериалдаги кўр бўлиб қолган қаҳрамон қиз- Эсмералда номи билан боғлиқ. Холани ҳам кўзи ожиз бўлиб қолади. Аммо операциядан сўнг яна кўра бошлайди.

Шу кўр қизга нисбат сифатида уни ҳамма Эсмералда деб аташда давом этаверади. Жуда куйинчак хола. Эсласангиз”Суюнчи” фильмида Зайнаб хола доим маҳалланинг дарди- ташвишлари билан елиб – югуради. Биз кинонинг прототипи Ҳабиба она қишлоғимизда яшаши билан фахрланамиз.

Ҳокимиятнинг порахўр ялтоқлари Ҳабиба холамизга: ” Агар шикоятларни бас қилмасангиз, сизни ўлдириб юборамиз!-дейишибди.Мана расвоий олам бўлган туманимиз ҳокимининг ҳақиқий юзи!

Порахўр зўравонларнинг асл  башарасини очиш, қишлоғимиз одамларига қўлимдан келганича яхшилик қилиш учун мен ҳам кураш майдонига тушдим.

Бунинг учун Тошкентдан,мутассадди ташкилотлардан,ҳурматли президентимиз Шавкат Мирзиёевдан мадад кутаман. Давлатни ўмараётган, халқни қон қақшатаётган зараркунанда кимсаларга нисбатан кескин чора кўришларини сўрайман.

“Нурли Диёр”имиз ўз отига яраша Нурли диёр бўлиши учун Худога ҳам илтижо қиламан.

Муаллиф: Гулзамон АКБАР

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Пандемия сабабли 195 млн киши ишсиз қолиши мумкин – бмт

Коронавирус пандемияси сабабли 2020 йилнинг 2-чорагидаёқ 195 млн киши ўз ишини йўқотиши мумкин. Бу ҳақда БМТнинг пандемиядан кейин давлатлар иқтисодиётини тиклаш бўйича ...

Рязанда 6 ўзбек автоҳалокатга учради

Рязандаги фожиали автоҳалокатда 7 киши жабрланган, шундан 6 нафари Ўзбекистон фуқароси экани айтилмоқда, деб ёзади Zed News. "Каспий" трассасида юз берган йўл-транспорт ...

Тошкентда ўтказилган пластик жарроҳлик операциясида икки аёл вафот этди

Ижтимоий тармоқларда пластик жарроҳликдан сўнг икки аёл вафот этгани ҳақида хабар тарқалди. Ушбу иккала ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси текширув олиб ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400