Шовруқ Рўзимуродни ким ўлдирди? Самарқанд III (давоми)

(давоми)

 Дунёнинг ярмига бўлдим ҳукмрон,

 Менинг зафаримдан  ҳайратда жаҳон.

             Эдгар Аллан По, “Буюк Темур” достонидан.

“Некси” Ургут ҳудудини ёриб ўрлаяпти. Довон сари. Ҳорғин, секин. Чолдек гўё. Занжир ҳалқаларидай тизилган тоғлар ер-кўкка ҳукмронлардай мағрур турибди. Бир-бири-ла бўй талашган ўркачлар пўртоналарга менгзайди. Бежизмас. Чунки дарё, денгиз, океанлар тоғлардан яралган. Пўртоналар эса тоғ, қоя, чўққиларнинг мўъжизавий акс этишлари. Балки, мен янглишарман? Аммо менга шундай туюлмоқда.

Ургутни севаман. Мағрур, ғайратли одамлари билан. Ёзар, шоир, олимлари билан. Абдусаид Кўчим, Асад Дилмурод, Маматқул Ҳазратқул, Ўлмас Жамол, Барот Бойқобилларнинг асарларини ўқиганман.

Яна бир шоир бор. Замон тўфонларида эгилмаган шоир. Бу- Карим Баҳри. Ўғуз уруғидан. У Ислом Карим билан бирга ишлаган. Девонда думларини ликиллатадиганлардан фарқли ўлароқ қиёфага кирмай ишлаган.

Диктатор Карим Баҳрига, унинг миллат дарди билан йўғрилган шеърларига ичида тан берсада, ундан қутилишга тушган.

Чунки у тўғри сўздан, дардли шеърлардан қўрққан. Оқибат четлатган. Шундай савдони Мавлон Умрузоқ, Шароф Убайдулла, Жаҳонгир Муҳаммад, Самандар Қўқон, Мурод Жўра, Нусрат Шуҳрат, Аҳмат Мухтор, Тоиба Тўлаган, Ином Турсин, Шовруқ Рўзимурод каби ҳур фикрларнинг ҳам бошига солган. Яъни ишдан ҳайдаган, қувғин қилган, қамаган, ўлдирган… Ўлдирганда ҳам сталинча усуллар билан ўлдирган. Жаҳонгир Муҳаммад мақоласидан бир узинди: ”Иосиф Сталин тарихни ўзи ёздиргани каби қолдиришни истаб гувоҳларни йўқотишга киришганини гапиришга ҳожат ҳам йўқ. Лекин тарихнинг у бекитган саҳифалари бугунга келиб очилди. Сталин даврида ўлдирилганлар ҳақидаги маълумотларга қарасангиз, бирига “қамоқда ўзини осди”, бошқасига “миясига қон қўйилди”, кейингисига “оғир хасталикдан ўлди”деган хулосалар қўйилган. Лекин уларни ўлдиришганди”…

Каримов адабиётни ўзига яраша тушунган М.Тоир, И.Мирзо, С.Саййид, Х.Султонга ўхшаш маддоҳларнинг ёздиқлари қийматсизлигини билса-да, кўтарган… Чунки диктатор ҳақдан, элдан, юртдан, ҳатто Худодан ҳам ўзини яхши кўрган. Шу боис ўзини мақтаганларни ўзига қўрғон айлаган.

Ҳалима Худойберди, Рауф Парфи, Карим Баҳри сингари талантларга эса матбуот эшикларини ёпиб қўйган. Қайта айтаман, у чин ёзарлардан қўрққан. Карим Баҳридан икки шеър:

 МУСТАҚИЛЛИК ДЕКЛАРАЦИЯСИ

Яна куз  келмоқда.

Дарёлар тинди.

Шилдир-шилдир оқди тип-тиниқ сувлар.

Ургут боғларига сукунат қўнди.

Хазонларни секин шамоллар қувлар.

Ота элим, энди севингин, шодлан,

Истиқлолинг келиб чертди дарвозанг,

Олис манзилларга шу тонгда отлан,

Йўқолиб кетмагай энди овозанг…

Нега қувонмайсан, тошмайсан жўшиб,

Ахир мустақиллик келди ўлкангга?!

Ўрис амалдори елкангдан тушиб,

Ўз амалдоринг… минди елкангга.

Нечун бахтдан яйраб, шод яшамайсан

Нечун бошинг эгик, ўзинг оввора?!

Энди сен Московга пул ташимайсан,

Энди сен… Тошкентга ташийсан пора.

Сен яйдоқ далангда ишлагин куйиб,

Пахтангни ҳокимга топшир-у қувон-

Пойтахт заводлари турибди куйиб,

Кўксингга шақирлаб тақарсан унвон!

Ҳасратинг кўп ичда, лек зўр савлатинг,

Шод бўл деб мен ўзим бўлолмасман шод.

Мана озод бўлди буюк давлатинг…

 Бечора халқинг ҳам бўлсайди озод.

                                            1990.20 июнь

                    УЯТ

Бу юртда чинорлар кўкка чўзилган,

Ҳаттоки юлинган ғўзалар тикка.

Узилган,

Ичимда недир узилган-

Барибир, кўз тикдим мен

юксакликка.

Бу заҳил тупроққа бир чўп қадасанг,

Осмонга талпинар, тик ўсар яккаш.

Дарахтлар аскардай тик турган юртда

Инсонга уятдир эгилиб яшаш.

Далалар бепоён, саҳролар сўнгсиз,

Адоқсиз, ҳадсиздир бу ер, бу борлиқ.

Бу чексиз оламда, бу кенг дунёда

Уят-дили танглик, юраги торлик.

Чўққилар азалий, турар жойида

Турар салобатли тоғлар минг йиллик.

Вазмин, оғир чўккан тоғлар пойида

Уят-ҳовлиқмалик, уят-енгиллик.

Уятдир эзилиб минг йилки шундоқ

Далада тупроқдай сарғайган,ҳайрон

Халқ кўзига боқиб ёлғон сўзламоқ…

Ҳеч ким билмаса ҳам, уятдир ёлғон.

Бир дон эксанг, униб ёзади япроқ,

Гулларнинг атридан булбуллар сайроқ.

Тош ҳам гуллаб ўзин англатган юртда

Уятдир зулм кўриб, сассиз яшамоқ…

Боя мен Ургут одамларини мағрур, ғайратли, деб бекорга айтмадим. Йўлдошларим ҳам буни эътироф этишади. Сўзимнинг исботи учун Ургутлик ошноларимнинг ҳар бири ҳақида фикр билдиришим мумкин. Лекин, ҳозир бунинг ўрнимас. Бу алоҳида гап. Фақат бир инсон-Турсун Турк (Турсунбой Махаев) тўғрисида икки оғиз сўзлайман. Зеро бу ортиқча бўлмас.

Турсун Турк (у ўзини шундай атарди)Ургутнинг Зинак қишлоғидан. У билан Ёзарлар уюшмасида бирга ишлаганман.Тили билан дили бир йигит эди. Ҳар бир ишни кўнгилдан бажарарди.Содиқ дўст эди. Афсус, дунёдан бевақт кетди…

У ўзини Салжуқли турк деб биларди ва бу билан фахрланарди. Янглишмасам. Бир кезлар мен Ургут турклари ҳақида ёзганман. Қачон? Эсимда йўқ.

Тағин бир-икки сўз битаман, балки, бу фойдадан холи бўлмас.

 Зинакли Абдуқаҳор билан бирга академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган жароҳлик марказида даволанганмиз. Бир палатада эдик. У Турсун Туркни илиқ сўзлар билан хотирларди. Қўлидан келганича одамларга яхшилик қиларди дерди. Ўшанда қизиқувимиз сабаб: Ургут туманида 11 та турк қишлоғи борлигини аниқлаганмиз:

Омонқўтон,

Қизилбош,

Севаз,

Зинак,

Ёнақишлоқ,

Қорабулоқ,

Чеп,

Терсак,

Қизилтўриқ,

Консой,

Айирқоя.

“Ургут”ни олимлар “Аркут” деб тахмин қиладилар. Менимча, шу топоним ҳақиқатга яқин, Аркут-Эркут ёки Эрқут атамаларининг бузилиб айтилиши. Эски Турклардан “Эр” “Ар” шаклида ҳам келади. ”Эр”- инсон, ”қут”- бахт дегани, ечим шуки: “Аркут”- Эрқут” демакдир.

Яна бир тахмин бор: Ургут-Бургут сўзининг ўзгинаси бўлиши мумкин, талаффузда “Б” тушиб қолган.

Бу қишлоқларнинг одамлари ҳалигача ўзларини “Салжуқли турклармиз”дейдилар. Бу кундай ҳақиқат. ”Севаз”, ”Зинак”,  Айиққоя, Чеп, Терсак… каби номлар ҳам буни тасдиқлайди. Чунки бу атамалар Туркияда ҳам бор. Орадан 616 йил ўтса ҳам…

616 йил…

Нима учун 616 йил?…

Биласиз, 15 аср бошида. Турк оламида уч улуғ хато юз берди. Улуғдан-улуғ хато!.. Очунни эгаллаб турган уч буюк турк: Темур ҳоқон, Тўхтамиш хон, Боязид султон бир-бирлари ила савашди.

Оврўпа қутилишга юз тутади.

Ўрусия қутилишга юз тутади.

Ўшанда (1402) Йилдирим Боязиднинг бир қисм қўшини Темур ҳоқон томонга ўтади. Сўнг Темур ҳоқон билан бирга Ота маконга (Салжуқли турклар 1016 йилда Туркистондан Эрон, Арабга юришади ва у юртларни ишғол этишади. Сўнгроқ Византияни том олишади ва турк номи билан у ерни Ватан айлашади) қайтишади. Улар очунолардан Самарқанд теграларидан яшаш учун ер сўрайдилар. Очунолар қонлари, тиллари, динлари бир уруғлари талабларини қондиради. Салжуқли турклар шу тахлит Ургут теварагида ўтроқлашади.

Шунингдек, Фориш (Баландосмон), Ғаллаорол(Туркқишлоқ), Пайариқ (Катта-Турк, кичиктурк), Панжакент (Сучина-Сувичида), Самарқанд (Турк) туманларида) туманларида яшовчи турклар ҳам шу Салжуқли туркларидандир. Яна… Бу ёғи олимлар иши…

– Мана, Омонқўтонга ҳам етдик, -Қаҳрамон Маҳмуднинг овозидан ҳаёлим тўзғиди,-раҳматли Шовруқ ака билан бу қишлоқдан ҳар ўтганимизда,у киши булоқ сувидан ҳовучлаб ичарди. Баклажкаларга ҳам тўлдириб оларди, -Қаҳрамон йўл четидаги чашмага ишора қилди, -шунда доим бир гапни такрорларди, – “Яйрадим, Худога шукур”!

Булоқ қаршисида тўхтадик. Тиниқ сувда юз-қўлимизни ювдик. Чанқоғимизни қондирдик. Шунда ўзимни енгил сездим. Гўё қушдай.

– Шифобахш сув! Яйрадим! Есентуки сувидан аъло! Агар мен Самарқанд ҳокими бўлганимда,Омонқўтонни курортга айлантирардим. Шунда Кисловодскийга ўзбек бормай қўярди.

Афсус,амалим йўқ. Амал сотиб олишга эса пулим йўқ.

– Фикримиз бир, ака, – Қаҳрамон Маҳмуд Ўрдабеклига қўл чўзди.

Машинага ўтиргач, мен дедим: – Кисловодскда дам олганман. У – Омонқўтон табиати олдида ғариб кўринади. Ўрдабекли менга маъноли қаради. Бир нима дейишга оғзини жуфтлади. Демади. Кафтлари билан қулоқларини бекитди. Сўнг очди. Қон босими ошганини ҳис этдим. Юзлари яллиғланмоқда. Аммо кўзлари тийрак боқмоқда.

Бир лаҳзада Омонқўтон довонига чиқдик. Тангри назари тушган бу юксакликдан иккала водий ҳам: зарафшон ҳам, кеш ҳам сийрак туманлар аро кўзга атласдай товланиб ташланади. Қоя- тошлар ораларига (довонга қадар) қурилган тарқоқ кулбалар эртакларни эслатади. Куз билан видолашаётган арчалар кўнгилда хазинлик уйғотади. Уфқ гўё қон денгизи. Қон тус қуёш унга ботмоқда. Гўё мангуга.

Хаёлан юз йилликлар тўзонларини тўзғитиб кечаман.Оламнинг ярмини олган тенгсиз Темурни кўраман. У оқ арғумоқда.Теграсида лак-лак черик. Худди ҳозиргидай куз. У Чинга боқмоқда. Ишонч ила. Мағрур. Мардона. Қўшин денгиздек тўлғонмоқда.

Ногоҳ Ўрдабекли тирсагимдан тутди. Хаёлим учди. Худди олдиндан келишиб олгандай учов ҳўл, қуруқ мевалар ва соғайтирувчи ўтлар сотаётган бозорчани айландик. Оз-оздан майиз, мағиз, туршак, олма, нок харид қилдик. Харид қиларканмиз, Ўрдабекли деярли ҳар бир сотувчига бир хил савол билан мурожат этди:

-Қайси уруғдансиз?

-Салжуқли туркмиз, – ҳар бир сотувчи бир хил жавоб қайтарди.

-Шунча узун замон кечса ҳам,ўз тарихини унутмаганига қаранг, -қон босими ошганига қарамай, Бахтиёр Ўрдабекли ўзини тетик тутмоқда эди. Мен буни сулув табиат, тоза ҳаво ва аъло кайфият таъсири, деб билдим.

-Шовруқ ака ҳам шундай дерди, -Қаҳрамон Маҳмуд меваларни ”Некси”га, орқа ўриндиқ устидаги токчага қўйди, -у ургутли турк жўраларини ўзига ўз қариндошларидай яқин оларди. Ўзини ”барлосман, туркман” дерди.

-Тарихни биларкан-да.

-Сиздаймас, ҳар қалай ўзига яраша биларди.

-Шеъриятни-чи?

-Билмадим, Шовруқ ака билан бу ҳақда сира гаплашмаганман. Лекин, Эдгар Поникидай шеър бўлса, бунинг устига ўз соҳибқиронимизга бағишланган шеър бўлса уни қайси ўзбек ёқтирмайди. Шовруқ акани айтмасам ҳам бўлади.

-Довонда бундай бозорча бўлиши ҳам менга эртакдай туюлади, – мен ўзим сезмаган ҳолда гап йўналишини ўзгартирдим.

-Менга ҳам, – деди Ўрдабекли ва водийларга суқ билан боқди. Сўнг фахр тўла овоз билан давом этди, Кешга қаранг, қандай дилбар, ҳам сирли кўринаяпти!

Самарқанд ҳам афсонадай жилоланаяпти!

-Дараларнинг гувуллашларини эшитаяпсизларми? Қурқув аралаш ором бағишлайди кишига! Қўрқув бўлганда ҳам тотли қўрқув, Қаҳрамон.

-Оловдай сўнди қуёш, – дедим мен.

-Қон денгизи кенгайди, осмонни тутди, океанга айланди, -деди Ўрдабекли.

Ой чиқди. Туссиз, хира. Этни жунжуктирувчи шамол чўққиларни қуршаётган туманларни тўзғита бошлади.

– Эдгар Аллан По бу тоғ, қоя, чўққиларни кўрган, -дедим мен, – хаёлида, балки тушида. Йўқса, Темур ҳоқон ҳақида мана бундай илоҳий сатрларни ёза олармиди:

Мен тоғда улғайдим. Менинг юртимда

Тунги дараларга инган туманлар

Нуқралар пуркаган ёш вужудимга.

Чақмоқлар қарсиллаб, ёнган эманлар.

У ердаги селлар, эркин курашлар

Йўқ бўлиб кетмаган беиз, бенишон-

Сочларимга сингиб кетган ул замон.

Ҳа, ёмғир музлатар бошимни толмай,

Шамол қулоғимни қилар эди кар.

Тентирардим ўзни панага олмай…

Сўнгра тинчир эди бари муқаррар.

Мен кўрдай, ақлдан озгандай худди

Юрардим бир ўзим ўзимга шерик…

Менинг хаёлимда жонланар эди.

Жанглар-у қиронлар ва минглаб черик.

Ҳали ўсмирман-у, ўспиринман-у,

Эҳ! – дердим, гулдирак қарсилласа гар,

Жангга чорлагандай кимнидир улуғ

Қичқирардим гўё қучгандай зафар…

—————————————————————————————————-

Шеърларни ўзбек туркчасига Миразиз Аъзам, Фахриёр, Дилшода Иброҳимлар эвирганлар.     (давоми бор )

Муаллиф: Эврил ТУРОН                

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Элмира боситхонова орадан уч йил ўтиб яна ўз ўрнига қайтди

Бугун, 20 июнь куни Тошкентда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Депутатлар қатор ташкилий масалаларни кўриб чиқишди. Хусусан, депутатлар ...

Хўжайлида ҳамшира икки кунлик чақалоқни 8 млн. сўмга сотаётган пайтда қўлга тушди

Бундан бир ой олдин “Хўжайли туман ҳокимига электрон мурожаат” группасига туман тиббиёт бирлашмаси туғриқхона ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари ҳақида мурожаат келиб тушган ...

Қашқадарёда 75 фоиз ички​ йўллар таъмирталаб аҳволда 

Вилоятдаги мавжуд ички хўжаликлараро автомобиль йўлларининг 11 200 километрлик қисми ёки 75 фоизи таъмирталаб аҳволга келиб қолган. Бу ҳақда сенатор Толиб Мадумаров маълум ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400