Юлдузли тунлар-19

2

Қиш чилласи авжида. Изғиринли еллар эсади. Қўл-оёқларига кишан солинган, кийимлари йиртиқ маҳбуслар Самарқанднинг Регистон майдонида совуқдан қалтираб, шаҳар қозисининг ҳукмини тинглайдилар.


Ишончли амалдорларнинг аниқлашларига қараганда, булар Бобур мирзога хиёнат қилганлар — қамал пайтида унга махфий одам юбориб, «кечаси келинглар, дарвозани очиб берурмиз», деганлар. Бобурнинг бир даста ботир навкарлари Ғори Ошиқон олдидан қалъага ошиб ўтганда, хиёнатчилар уларни душманларига тутиб берганлар.
— Биз эмас! Тутиб берганлар қочиб кетмишлар! — йиғламсираб қичқирди маҳбуслардан бири. Аммо унинг сўзига ҳеч ким эътибор бермади. Фармони олийга биноан жаллод уларнинг қўлларини ор-қаларига боғлаб, махсус чуқур олдига чўккалатиб қўйди-да, бўғизларига ханжар тортди. Қатл этилганларнинг иссиқ қони майдоннинг тошларига сачраб, совуқда ҳовур чиқариб буғланар эди.
Кечаси бўралаб ёққан қор бунинг ҳаммасини бекитиб, борлиқни оппоқ қилиб кетди. Эртаси куни тушдан ҳаво юмшаб, гумбазларнинг қорлари эриб туша бошлади.
Пешин намозидан кейин Бобур мирзо отланиб Самарқанд расталарини айланишга чиқди. Ёнида эшик оға Қосимбек, Аҳмад Танбал ва Хонқули деган яна бир бек орқароқда навкарлар билан келишмоқда. Шаҳарнинг қаерида нима борлигини яхши биладиган са-марқандлик кекса шоир Жавҳарий уларга йўл кўрсатиб, олдинда боряпти.
Улуғбек қурдирган улкан гумбазли хонақодан ўтганларидан кейин Жавҳарий кунчиқиш томондаги кўчани кўрсатди.
— Амир Алишер Самарқандга келганларида мана шу кўчадан кўп ўтар эдилар. Мазкур кўчанинг охирида Алишербекнинг устозлари фақиҳ Абдуллайс истиқомат қилур эди. Уйлари ҳали ҳам бор.
— Сиз Мир Алишернинг суҳбатларида бўлганмисиз? — сўради Бобур.
— Ҳа, ёшимиз Алишербек билан тенг эди, аммо фақир у зотни устоз ўрнида кўрур эдим, мудом ашъорларимни ўқиб бериб, маслаҳат олур эдим. Унутмаган эканлар, «Мажолисун нафоис» номли китобларида фақирни ҳам тилга олмишлар.
Соқоллари оппоқ, қошларига ҳам оқ тушган Жавҳарий ҳозир Бобурнинг ҳавасини келтирди. Қани у ҳам Навоийнинг назари тушган шоирлардан бўлса! Аммо Бобур ҳали машқ шеърлар ёзишдан нарига ўтган эмас, уларни бировга кўрсатишга уялади. Шундай бўлса ҳам катта шоир бўлиш орзусини ҳеч тарк этмайди. Мана шу орзунинг таъсирида бугун Бобур ўзига йўл кўрсатувчиликка Самарқанднинг машҳур бекларини эмас, Навоийни кўрган мўътабар шоирни таклиф қилган эди.
Жавҳарий уларни новвойлар маҳалласига бошлади. Кўчалар алланечук ҳувиллаган.
Босилмаган қор отларнинг тиззасига чиқади. Соя жойларда изғирин юзни ялаб ўтса ҳам, офтоб тушиб турган пахса деворлар ва том бўғотлари эриган қордан ҳўл бўлиб борар эди.
Бобур томларга қаради. Бирортаси куралмаган. Том кураётган биронта одам кўринмайди.
Новвойлик растасига келсалар, қатор дўконларнинг ҳаммаси ёпиқ. Бобурнинг таажжуби ортиб, Жавҳарийга қаради:
— Мавлоно, новвойлар кўчиб кетганмилар?
— Мирзо ҳазратлари уч ойдирки, растага нон чиқмайди. Чунки ун йўқ. Қамалда кўп новвойлар очдан ўлиб кетди. Одамлар ҳолдан тойган. Томга чиқиб қор курашга ҳам мадорлари йўқ.
Бобур бунга сабабчи бўлган одамдек ўнғайсизланиб Қосимбекка қаради. Қосимбек эса шоирга кесатиброқ гапирди:
— Новвойларнинг тирик қолганлари ҳам бордир, мавлоно?
— Албатта, бор. Лекин ёрдамга муҳтож. Қани, энди амирзодам буюрсалару новвойларга ун берилса. Расталар яна очилса, Самарқанднинг машҳур нонларидан одамлар тўйиб еса.
Бобур Жавҳарийнинг айтганини қилмоқчи бўлаётганини сезиб, Қосимбек бунинг олдини олишга интилди:
— Амирзодам, бизда ҳам ошлиқ оз қолди. Қўшинга захира керак. Расталарга ҳозир ун
беролмасмиз. Балки кейинроқ…
Кекса шоир Бобурга умид билан қараб турибди… Шу пайт унинг қора мовут чакмоними, хиёл эгик елкасими, калта қирқилган соқолими, нимасидир Бобурга Навоийнинг Беҳзод чизган расмини эслатди. Бобур мавлонони ноумид қилса, Навоийнинг умидини ҳам оқлолмайдигандай бўлди. У Қосимбекка буйруқ оҳангида гапирди:
— Биз унни расталарга эмас, новвойларга бермоғимиз керак. Ишончли бир киши назорат қилсин, новвойлар нон ёпиб, бизнинг номимиздан очларга тарқатсинлар. Беш-олти қоп ун билан қўшин захирасиз қолмас. Жиззахга юборилган карвон эрта-индин ошлиқ олиб қайтгуси!
— Саховатингизга офарин, Мирзо ҳазратлари! — деб Бобурнинг сўзларига фақат Жавҳарий қувонч билдирди.
Семиз тўриқ айғирнинг жиловидан тортиб турган Аҳмад Танбал мавлонога қараб пўнғиллади:
— Амирзодам Бойсунқурдан қолган очларнинг қайси бирига ошлиқ етказсинлар? Биз буларни боқишга келдикми?
Аҳмад Танбал, «амирзодам» деб, гўё Бобурга жон куйдириб гапирган бўлса ҳам, аслида Бобурнинг ҳозирги буйруғидан орозилиги сезилиб турарди.
Аҳмад Танбал Ўшда Хонзода бегимга одам қўйиб ниятига етолмаганидан бери Бобурга қарши адовати аввалгидан ўн ҳисса ортиқ бир куч билан хуруж қилмоқда эди.
— Жаноб Аҳмадбек, — деди Бобур. — Биз Самарқандни боқиш учун келмаган бўлсак, талаш учун ҳам келган эмасмиз!
Танбал кеча заргарларни талатганини эслаб, кўзлари бир бежо бўлди. Аммо ўзини осойишта кўрсатиб:
— Сўзингиз тўғри, Мирзо ҳазратлари, — деди. Бироқ шунча жангу жадал билан олган шаҳримиздан озгина ўлжадор бўлишга наҳотки ҳаққимиз йўқ? Ахир ғолибларнинг ўлжа олиши ота-боболаримиздан қолган русум-ку!
Танбалнинг гапи навкарлар орасида турган Хонқулибекка жуда ёқиб тушгани унинг кулимсираб бош ирғаганидан билинди. Кўпчилик навкарлар ҳам Аҳмад Танбални ҳақ деб билар эди.
Самарқанддан дуруст ўлжа ололмаган бекларнинг барчаси норози бўлиб юргани маълум эди.
Шу топда Бобур ўзини икки ўт орасида қолгандай сезди. Беклару навкарларнинг кўнглига қарай деса, бу ёқда раийят очарчиликдан ўляпти. Раийятни очлик чангалидан қутқазай деса, беклару навкарлар: «Булар нега бизнинг насибамизга шерик бўлади?» деб дод солади.
Бобур Қосимбекка умид билан кўз тикди-ю:
— Очарчиликка фақат Бойсунқур мирзо сабабчими?— деди. — Агар биз шаҳарни етти ой қамал қилмасак, бу бахтсизлик бўлмаслиги мумкин эди-ку!
Қосимбек Бобурнинг Танбал қаршисида яккаланиб қолишини истамади-ю, мунозарани тезроқ тугатишга тиришди:
— Амирзодамнинг сўзлари қулингизга сари тож бўлсин! Эртагаёқ новвойларга ун бериб, очларга нон ёптириб тарқатишни мен ўз зиммамга олурмен!
Бобур Қосимбекка миннатдорона кўз ташлаб:
— Гап тамом, — деди. Сўнг Жавҳарийга юзланди.— Қани энди саҳҳофлар* растасига ўтайлик.
Жавҳарий уларни қинғир-қийшиқ бир кўчага бошлар экан, Аҳмад Танбал, қовоқ-тумшуғи осилиб, Бобурнинг кетидан эргашди. Кенг бир саҳнга чиқдилар. Ёпиқ турган саҳҳофлик дўконлари кўринди. Икки дўкон оралиғидаги икки тавақалик дарвоза ичидан аввал қандайдир шовқин эшитилди, сўнг оёқ яланг, бош яланг бир кампир дод солиб чиқди:
— Вой боламни ўлдирган худонинг ўзи ўлсин! Оч қолиб шишиб ўлсин!
Кампирнинг кетидан ўрта яшар озғин бир эркак югуриб чиқди-ю, отлиқларни кўриб, қўрққанидан бир лаҳза ағрайиб туриб қолди. Кампир ҳамон бор овози билан бақириб худони қарғарди:
— Худонинг ўзи қамалда қолиб ўлсин! Илоё менинг боламдай очдан ўлсин! Ўлсин!!!
Жавҳарий отини эркак киши томонга буриб:
— Мулла Қутбиддин, нима бўлди? — деб сўради.
Мулла Қутбиддин энди ҳушини йиғиб, кампирга қараб чопди. Озғингина, мадорсиз кампирни судраб ҳовлига олиб кириб кетди-да, энтикиб қайтиб чиқди. Қўл қовуштириб отлиқлар томонга келар экан:
— Афв этгайсизлар, — деди. — Оғамнинг заифаси фарзанд доғидан телба бўлиб қолди.
Бечоранинг ўғилчаси очликдан кунжара еган экан, шишиб ўлди.
Оғир сукунатда Бобурнинг:
— Яна бу шўрликлардан ўлжа олмоқчи бўлурлар!— деган кинояли сўзлари эшитилди-ю, Аҳмад Танбал билан Хонқулибекка ўқдай тегди.
Мулла Қутбиддин Самарқанднинг таниқли саҳҳофларидан эди. Мавлоно ким келганини саҳҳофга секин айтди. Мулла Қутбиддин кўпдан бери очилмаган дўконини шоша-пиша очди.
Бобур отдан тушиб, мавлоно билан бирга дўконга кирди. Мулла Қутбиддин бисотида бор энг нодир китобларни бир-бир олиб, чангларини артиб, Бобурга кўрсата бошлади. Қимматбаҳо зарҳал муқовалар ичида Маҳмуд Кошғарий, Абдураҳмон Жомий… Шарафид-дин Али Яздийнинг Беҳзод суратлари билан безанган «Зафарномаси»… Абдураззоқ Самарқандий… Ҳа, мана.
Навоийнинг «Мезонул авзони». Бу китобни Бобур кўпдан бери сўроқлаб юрган эди. У олтинга топилмайдиган ажойиб китобларнинг кўплигини кўриб, афсонавий хазинага кириб қолгандай ҳаяжонланар, нуқул:
— Яна не бор? Яна? — деб сўрарди.
Мулла Қутбиддин ҳам бири-биридан ноёб китобларни унинг олдига қалаштириб ташлади.
Машҳур хаттотлар катта пуллар эвазига кўчирган, ҳар бир варағига нафис безаклар ишланган бу қўлёзма китобларнинг ҳар бири бир неча минг динор туришини Бобурнинг ёнида турган Қосимбек ҳам билар эди. У Самарқанд хазинаси шипшийдам эканини, Андижондан олиб келинган олтинлар эса кўпга бормаслигини ўйлаб қараб турарди. Ниҳоят, Бобур ажратиб олган китоблар ўндан ошганда, Қосимбек секин шипшиди:
— Амирзодам, ҳозир хизоначи йўқ…
Китоблардан бошқа нарсани унутган Бобур Қосимбекнинг шамасини тушунмади.
— Хизоначини юборурмиз, — деди ва танлаган китобларини саҳҳофга кўрсатди: — Ҳаммасини ҳисоблаб қўйинг. Китобдор билан хизоначи пулини тўлаб олиб кетурлар.
Мулла Қутбиддин қўл қовуштириб:
— Бош устига! — деди-ю, аммо унинг ниманидир айтолмай тараддудланаётгани Бобурга сезилди.
— Не тилагингиз бор, мулло? Айтинг, тортинманг. Китобларингиз бебаҳо!
Бобур бу китоблар учун мол-дунёсини аямайдигандай кўринди. Саҳҳоф дадилланиб:
— Мирзо ҳазратлари, — деди. — Ҳозир пулга ошлиқ топилмайди. Болаларим, «нон» деб йиғлаб, ҳар куни юрак-бағримизни эзурлар. Агар иложи бўлса, озгина ун…
Бобурнинг кўз олдига бояги телба кампир келди-ю, саҳҳофнинг муҳтожлигини олдинроқ сезмагани учун ўзидан койинди. Қосимбекнинг новвойлик растасидаги эътирозлари эсига тушиб, унга ҳеч нима демади. Яна бекларнинг жинини қўзғамаслик учун саҳҳофга керакли нарсани сарой ошпазидан бериб юборишни кўнглига тугди. Саҳҳофга паст товуш билан:
— Ғам чекманг, — деди. — Тилагингиз амалга ошур. Хайр!
Бобур ташқарига чиқди. Аҳмад Танбал ҳамон отидан тушмай ўшшайиб турар эди.
Шу куни шомда китобларни олиб кетишга келган китобдор ва савдарлар саҳҳофга сўраган пулини беришди-ю, унинг уйига бир қоп ун ва битта семиз қўй тушириб кетишди.
Эртаси куни новвойлик растасига Қосимбекнинг навкарлари бир арава ун олиб келганликлари, қор тагида совиб ётган тандирларга ўт қаланиб, иссиқ нон ҳиди атрофга тарал-гани, отлиқ жарчилар подшо номидан очларга нон улашилишини эълон қилгани ҳамманинг қулоғига бориб етди. Новвойлик растасига келиб, хушбўй буғдой нонининг таъмидан кўзи чарақлаб очилаётган очлар Бобурдан нечоғлиқ мамнун бўлсалар, тамагир бек ва навкарлар: «Бизнинг оғзимиздан олиб, авбошларга берди!» — деб, ёш подшоҳдан шунчалик норози эдилар. Самарқанддаги очлик ва танқисликдан безган бир қисм жангчилар Андижонга қайтиб кетишга интила бошладилар.

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

___________
* С а ҳ ҳ о ф — муқовачи. Китоб савдоси билан саҳҳофлар шуғулланган.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

“зулфия” оберинг дадажон… (ҳажвия)

Келинг, мен сизни “Зулфиячилар маҳалласи" билан таништирсам… Акаси, Зулфияхоним қизларини эшитганмисиз? Ана ўша қизларнинг ҳаммаси мана шу маҳаллада. Бу томондагилари ...

Эврил турон: йўлдаги ўйлар, фикрлар, мулоҳазалар (давоми)

(Давоми) Юқорида сиз “31 миллионли элдан 99 фоизи”... дедингиз. Бу фикр ҳақиқатга унча тўғри  келмайди. Келади. Ҳаёлан ҳар бир ўзбекнинг уйига бирма-бир кириб чиқинг. ...

Мeҳробдан чаён- хайрихоҳ бир одам

Раъно ичкарига қайрилмасдан боқчаға махдум кирди ва ташқарини чақирди: — Марҳамат Шаҳидбек, марҳамат! Раъно ичкарига кишири билан домланинг орқасидан ҳарсиллаган, гурсиллаган ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400