Бахтли оила деганда нимани тушунасиз?! Сиз бахтлимисиз?

“Бахтли оилалар ҳаммаси бир-бирига ўхшаш бўлади. Бахтсиз оилалар эса ҳар бири ўзича бахтсиз…”, деган эди буюк рус ёзувчиси Лев Николаевич Толстой.

Кўпчилигимиз оилалимиз. Ҳар куни оиламиз бағридан ишга, ўқишга ёки бўлмасам турли мақсадлардаги юмушларимизга отланамиз ва яна ҳар кеч уйга, оила аталмиш ўз қўрғонимизга қайтамиз. Қўрғон ичкарисида қолувчилар ҳам ўзларининг ҳар кунлик тегишли вазифаларини бетиним бажарадилар.  Қишу Ёз умримиз шу зайл ўтиб борар экан, кўпинча биз ўз мақсад, иш, юмуш ва интилишларимизга кўмилиб яшаймиз…

Шундай бўлсаку, яхшия, аммо ўзаро тотувлик йўқолган оилалардаги жанжал- сўронлардан Худо асрасин. Бундай вазиятларда инсон ўзининг бебаҳо умрини, бахтини, омадини хатоларга, тушунмовчиликларга, кўнгилсизликларга ва кўпинча майда-чуйдаларга бой бериб қўяди.

Аслида бахт ҳар биримизнинг ўзимизда, ўз ичимизда бўлгани каби, атрофимиздагилар ва яқинларимизга муносабатимиз ва айни пайтда уларнинг бизга муносабатлари билан ҳам чамбарчас боғлиқдир. Ана шу жойда бизларни бир-биримиз билан жамлаб, бирлаштириб ва биргалаштириб турадиган маскан оиланинг ўрни ҳар биримиз учун, ҳар биримизнинг ҳаётимиз, тақдиримиз учун  ўта муҳим, ўта беқиёс ва яна бир бор ўта муҳимдир. Ана шу ўринда мен оилани нафақат Муқаддас Қўрғон(!), Илоҳий Салтанат(!)  дея ҳам атагим келади.

Ҳа, ҳа, ишонаверинг, худди шундай!!!  Қанчалик муносиб бўлмасин, бошқа таърифлар бир оз камлик қилади.

Ўта мураккаб, айни пайтда ўта оддий  ва ўта нозик муносабатларни ўзида мужассам этган оила мавзусига мурожаат этишимга сабаб эса саҳифаларимиз орқали Сизларга ҳам таниш бўлиб қолган бир дўстимизнинг  оиласи билан боғлиқ  тақдири, ташвиши, андуҳлари ва армонлари туфайлидир.

“Мулкдор” сайтимизнинг ҳурматли ва азиз мухлислари! Эсингизда бўлса, ўтган йилнинг ноябрь ойида саҳифаларимизда “Оқибатли дўст айрилмас” номли мақола эълон қилган эдик. Мақолада Россия Федерациясида ишлаб, оиласининг иқтисодий ва моддий таъминотини узоқ йиллар бекаму куст таъминлаб келган, бироқ соғлиғи панд бериб қолгач, хотини учун ортиқча ташвиш, гўёки кераксиз буюмга айланган, оналари таъсирига тушиб қолган болалари томонидан ҳам  бефарқликка учрагач, натижада яшашни ҳам истамай қолиш даражасида буткул тушкун ва касалманд аҳволга тушиб қолган,  Қашқадарёлик   замондошимиз Улуғбек Тоғаев ҳақида ҳикоя қилган эдик. Мақола сўнгида эса Улуғбекнинг дўстлари кўмаги ва меҳру оқибатлари туфайли оёққа туриб, яна яшашга нисбатан иштиёқ сари отлангани ҳақида ҳам сўзлаган эдик.

Азиз ўқувчилар, қадрли мухлислар! Мен  Улуғбек  Тоғаев билан ҳамсуҳбат бўлар эканман, оддий бир журналист, ҳам  Оила Психологияси бўйича амалий психолог сифатида кузатганларим, сезганларим ва илғаганларим шу бўлган эдики, Улуғбек оиласи билан бўлган кўнгилсизликларда аввало ўзини айбдор ҳис қилар эди. “Соғлом бўлмай қолган одамнинг кимга ҳам кераги бор”, қабилидаги тушунчадан келиб чиқиб, албатта. Тўғри, кўпчилигимиз бу фикрга қўшилмаймиз, аммо Улуғбекнинг кўнглининг бир чеккасида ўзига нисбатан  ана шундай ўй, ноўрин айбдорлик ҳисси ҳам йўқ эмас эди.

Шулардан келиб чиқиб, шифохонадан соғайиб чиққан Улуғбек Тоғаев оғир кунларида унга ҳамиша дардкаш ва суянчиқ бўлиб келаётган опаси Муҳайё Тоғаева билан опасининг уйига, уларни илҳақ бўлиб кутаётган онаизорининг ёнига қайтгач,  Янги Йил Байрами нишонланадиган кунларни сабрсизлик билан кута бошлайди. Ўзи ҳақидаги гапларнинг хотини Феруза Маматовага етиб боришидан умидвор бўлиб, қариндош – уруғ, қўни – қўшни, ошна – оғайни, синфдошлар билан дийдорлашув ва суҳбат чоғида ўзини соғлом ва хушчақчақ намойиш этади…

Шу орада Янги Йил ҳам эшик қоқади. Укасининг бахтини Худодан ёлвориб сўрайдиган, унинг бахти ва соғлиғи учун ўзини аямайдиган Муҳайё Тоғаева укасининг оиласи тикланиб, бахти бутланиб кетармикан деган ниятда келини Феруза Маматованинг ва жиянларининг ҳам отасини йўқлаб келиб қолишар деган истак билан байрам дастурхонини кўпчилик учун тузатиб , ясатади.  Янги Йил кириб келишининг сўнги дақиқаларига қадар эшикка кўз тикишади. Бироқ кутилган меҳмонлар келишмайди.

Шундан сўнг Улуғбекнинг соғлиги яна ёмонлаша бошлайди. Хотини Феруза Маматова ҳақида ўзига тегишли ҳеч бир яхши гап, хабар эшитавермагач, одамлар билан муносабатда ҳам одамови бўлиб қолади.

Дўстининг аҳволи яна оғирлашганидан ташвишга тушган, шу пайтгача “Бирдамлик” ХДҲ нинг Ўзбекистон бўйича Лидери Қаҳрамон Маҳмуд орқали дўстидан  мунтазам хабар олиб турган “Бирдамлик” ХДҲ  Раҳбари Баҳодир Чориев  Улуғбекнинг соғлиғини асраб қолиш ва мустаҳкамлаш мақсадида зудлик билан  уни яна шифохонага ётқизиш чораларини кўради.

Февраль ойида  Қаҳрамон Маҳмуд Улуғбекни яна Соғлиқни Сақлаш Вазирлигига қарашли 1- Клиник Шифохонанинг  “Неврология” бўлимига жойлаштиради. Опаси Муҳайё Тоғаева ва Қаҳрамон Маҳмуд ҳар куни Улуғбекдан хабар олиб туришади.

Шу орада Улуғбек бироз ўзига келгач, хотини ундан бутунлай воз кечганини тушуниб,  ўзи ҳам бахтини энди қайтадан қуришга қарор қилади.

Ўтган галги мақоламизда Улуғбекнинг хотинига одам  жўнатиб,  “уй-жойларни  тўлиқ хатлаб бераман, соғлиғимни тиклашим ёки тирикчилик қилишим учун ўзимга “SPARK” машинамни олсам бўлгани”, деган гапларини ҳам келтирган эдик. Аммо ўша пайтларда ҳам Улуғбекнинг хотини Феруза Маматовадан ҳали  тўлиқ кўнгли қолмаган эди.

Бироқ бугунги кунда Улуғбекнинг фикрлари бир оз ўзгарган. Энди у хотини билан муносабатларни қонун асосида ҳал қилмоқчи. Отаси билан биргаликда ўзи қурган уйга, Россияда ишлаб топган пулларига сотиб олинган жамики мол-мулкка нисбатан ўзининг ҳақ-ҳуқуқларини  қонун доирасида талаб қилмоқчи.

Тўғрида,  ҳаётда нималар бўлмайди дейсиз, дарз кетган ва бузилган оила қўрғони учун куйинавериб, адойи-тамом бўлгандан кўра,  бахтини янгитдан синаб кўриш ва яратиш ҳақида ўйламоқ, Улуғбек учун ҳозирда энг тўғри йўлдир.

Улуғбек Тоғаев ва Феруза Маматованинг оиласининг сақланиб қолишини истовчилардан бири сифатида мен ҳам Феруза Маматова билан мулоқот қилишга уриниб кўрдим. Аммо бу борада ҳеч ким билан гаплашишни истамайдиган Феруза Маматова телефон рақамларини барчадан бекитаётган эмиш.

Дунёнинг ишлари қизиқ, дунёнинг ишлари ғалати. Қанчадан – қанча ёлғиз аёллар  тақдир тақозоси билан эркак меҳрига зор, болаларининг ота меҳридан мосуво эканлигидан эзилишади. Феруза Маматова эса бир пайтлар топармон-тутармон бўлган, на хотини ва на болаларига нисбатан қаттиққўллик, совуққонлик ва шафқатсизлик  усулини қўлламаган, аксинча, ҳамиша топганини рўзғорига ташиган, ташқи кўриниш, муомула тарзи билан ҳам ҳар қандай аёлни ўзига ром эта оладиган  болаларининг отаси, шунча йиллик турмуш ўртоғидан воз кечиб, ўзи ва фарзандлари учун энг меҳрибон ва азиз бўлган кишисини ўзи йўқотаяпти.

Ҳа, айтганча, “Улуғбек Россия Федерациясига ишга кетгуничаям хотини Феруза Маматова билан ўн йил бирга яшашган экан. Муносабатлари қандай эди?”,  дея саволга тутаман Улуғбекнинг опаси Муҳайё Тоғаевани. “Укамнинг рўзғорига бемалол келиб кетолмаганмиз, чунки хотини келди-кеттини, эрининг оиласини, яъни бизларни унча хушламас эди, шуларга қарамасдан укам ҳеч вақт хотинини хафа қилган эмасди”, дея жавоб  беради Муҳайё Тоғаева.

Бугунги кунда Феруза Маматованинг ҳатти-ҳаракатларидан нафақат Улуғбек ва унинг қариндош-уруғлари, балки  Феруза Маматованинг қариндошлари, қўни-қўшнисию, синфдошларигача норози, унинг бу ишига қўшилишмайди.  Биз ҳам қўшилишмаймиз, албатта. Феруза Маматованинг тутган йўлини биз ҳам қўллаб-қувватламаймиз.

Шу ўринда мени бир нарса қизиқтиради: Мазкур воқеалар юзасидан Феруза Маматова ҳамшира бўлиб ишлайдиган Шаҳрисабз аэропортдаги 49095 – ҳарбий қисм жамоасидагилар қандай фикрда эканлар.

Мабодо мақоламизни ўқиб қолсангиз, жамоадошингиз тақдири ҳақида гап кетар экан,  Сизлар ҳам ўз фикр ва муносабатларингизни йўлларсизлар.

Улуғбекка бахт тиловчилар, унга муносиб ёр учрашини истовчилар бўлса ҳам,  марҳамат, фикр, таклиф ва мулоҳазаларингизни кутиб қоламиз. Дўстимиз ҳақидаги мавзунинг кейинги тафсилотларини ҳам ёритиб борамиз.

Ҳа, бу дунё турфа тақдирли инсонларга  лиммо лим тўла.  Шу ўринда ҳар биримиз ҳам аслида бахт изловчилармиз. Излаганига эришмоқ, истаганига етишмоқ  эса ҳар биримизга ҳам насиб этсин!

Қадрли замондошим, азиз инсоним! Хўш, энди Сиз айтингчи:

СИЗ  БАХТЛИМИСИЗ?!

Ҳар бирингизга улкан бахт тилаб, муаллифингиз:  Дилфуза ЛАНГАР

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Акс-садо: гап эгасини топсин!

Бу мавзуда ёзмайман, Қуръон сураларидан тиловат қилиб хақларига бағишлайман, чиройли дуолар билан сабр қиламан, яқинларига, халқимга сабру жамил сўрайман деган эдим. Аммо... ...

Қаҳрамон прокурор. ўзбекистонда порахўрликка қарши кураш учун руминча намуна

Порахўрликка қарши қандай курашиш лозим? Агар бу ишни уддалаш саволга жавоб беришдан кўра қийин эканига ишонсангиз, қуйида руминиялик оддий прокурор аёлнинг фаолиятига назар ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400