Оқилов Стокҳольм судида шведларни ўлдиришга қасд қилганини тан олди (видео)

Ўзбекистонлик 40 яшар судланувчи Раҳматжон Оқилов 20 февраль куни швед маҳкамаси олдида чиқиш қилди ва ўзига қўйилаëтган айбларни тан олди.

Маҳаллий The Local нашрининг ёзишича, Оқилов юк машинасини ўғирлаб, пиёдалар устига бостиришга қасд қилгани, бош мақсади, “Швеция фуқароларини ўлдириш” бўлганини тан олган.

7 апрель куни швед пойтахти марказидаги пиëдалар юрадиган кўчага юк машинасида ҳужум қилган 40 яшар ўзбекистонлик Раҳматжон Оқилов¸ биринчи эшитувдаëқ ўз айбига иқрор бўлган. Ўшанда шаҳар марказидаги Дроттнинггатан кўчасида юрган пиëдалар юк машинаси билан бостирилган, оқибатда беш одам ўлган эди. Ўлганлар орасида 11 яшар қиз, Британия ва Бельгия фуқароси бўлган, ўндан ортиқ одам жароҳат олган.

 

“Мен Швецияни халифаликка қарши курашдан тўхтатишни хоҳладим. Уларнинг уруш зонасига аскарларни юбориш ва халифаликка қарши курашиш учун катта маблағ жўнатишини тўхтатишини хоҳладим”, – дея рус тилида кўрсатма берган Раҳмат Оқилов.

Кўрсатма бераркан, Раҳмат Оқилов, қилмишидан пушаймон эмаслигини очиқ кўрсатган. “Мен буни қилишимнинг сабаби, қалбим ва руҳим билан НАТО коалицияси бомбардимонидан азият чекканлар ёнида эканимдир”, дея Оқиловдан яна иқтибос келтиради The Local нашри.

Аввалроқ Раҳмат Оқилов ИД экстремист гуруҳига байъат берганини ҳам тан олган, аммо бу гуруҳ Стокҳольм ҳужуми учун масъулиятни зиммасига олмаган. Махсус суриштирув давомида Оқиловнинг ҳужум пайтидаги ҳатти-ҳаракатларини “Исломий давлат” экстремист гуруҳи сафида Сурияда жанг қилаëтган асли тожикистонлик жангарилар бошқаргани аниқланди. Оқиловга кўрсатмалар берганлар орасида Доғистон фуқароси ҳам бўлган

Маҳкаманинг биринчи кунида қораловчилар Оқиловга умрбод қамоқ жазоси берилишини сўради. Швецияда умрбод қамоқ жазоси муддати турлича бўлиши мумкин, аммо ўртача 16 йилни ташкил қилади. Оқилов устидан маҳкаманинг май ойигача давом этиши, ҳукмнинг эса июнь ойида чиқиши кутилмоқда.

Аудиолар