Ўзбек тадбиркорини очофат МХХчилар, ебтўймас солиқчилар, кўзи оч божхоначию милициялар хароб қилди

Сурат иллюстратив

Кеча Қозоғистондан меҳмонга келган жиянимни кузатиш мақсадида Ўзбекистондаги асосий чегара пунктларидан бири бўлмиш “Ғишткўприк” божхона пунктига бордим. Кўпдан бери чегара бўйига бормаганим учун у ердаги ўзгаришлардан бехабар қолганимни билдим.

Бир қатор ўзгаришлар бўлибди. Масалан, бундан ярим-бир йиллар олдин йўловчи ташувчи автобусларнинг шоҳ бекати чегарадан тахминан 2 км узоқда эди. Чегара хатлаб ўтувчилар шу оралиқда иккита милиция постидан, ички ишлар органлари, чегара хизмати ходимларининг ноанъанавий “имтиҳон”ларидан ўтиб, деярли чегарагача пиёда борар эди.

Ҳозир эса шоҳбекат “Ғишткўприк” божхона постига, яъни чегара бўйига кўчирилибди. Бу, албатта, йўловчилар учун жуда яхши қулайлик. Жияним иккита чегарадан ўтиб, ўтганлигига оид телефон орқали хабар бергунча чегара бўйида қолишимга тўғри келди.

Оламон! Ўзбекистондан Қозоғистонга ва аксинча, Қозоғистондан Ўзбекистонга ўтаётган одамларнинг сон-саноғи йўқ. Чегара бўйи худди бозорнинг ўзгинаси.

Қўлларидаги даста-даста пуллар билан у ёқдан бу ёққа зир қатнаётган валютафурушлар “Ғишткўприк” божхона постини Тошкент шаҳрининг бир неча бозорларидан муқум жой эгаллаган валюта қора бозорига ўхшатиб қўйган.

Қозоғистондан кириб келаётган хилма-хил турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, қути-қути мева-сабзавотлар, шокалад-конфетлар эса миллатимиз кўзгуси бўлмиш чегара пунктини озиқ-овқат ва деҳқон бозорига айлантирган.

Қозоғистонга, Россияга ишга кетиш мақсадида чегара бўйида гуруҳ-гуруҳ бўлиб турган меҳнат мигрантлари эса пойтахтимизнинг бир нечта жойларини забт этган мардикор бозорларини эслатади кишига…

Хуллас, қўшни Қозоғистондан одамлардан кўра юклар кўп ўтяпти. Ўзбекистонликлар юртимизга асосан озиқ-овқат маҳсулотлари, хўжалик моллари, телевизор, кир ювиш машинасию музлатгичлар олиб ўтяпти.Чегара бўйигача бораётган йўловчиларга хизмат кўрсатадиган автобусларга ҳам одамлардан кўра юклар кўп юкланяпти.

Мен минган “Ғишткўприк божхона постидан Юнусобод универмаги орқали Шаҳристон мавзесигача борадиган 475-сонли автобуснинг юкхоналаридан ташқари салон ичидаги орқа ўриндиқлари, барча ўриндиқлар таги ҳам қути-қути мандарин, йигирма коробкадан зиёд банан, ананас, шокалад, конфет, бир неча 5 литрли “Золотая семечка”, “Затея” ёғлари ва бошқа алломбало нарсалар билан тўлдирилди.

Сўраб-суриштириш орқали билганим шу бўлдики, Қозоғистонда 1 кг банан нархи 300-350 тенге экан. Бу 7500-8000 сўм дегани. 1 кг сифатли мандарин нархи 250-300 тенге – 6200-7500 сўм, бир дона ананас 300-400 тенге – 7500-10000 сўм, Россияда ишлаб чиқарилган 1 кг “Ярче” конфети эса 1000 тенге – 25000 сўм, Россия маҳсулоти бўлмиш 5 литрли “Золотая семочка” ёғи 1500 тенге – 37500 сўм, 5 литрли “Затея” ёғи – 2000 тенге – 50000 сўм экан.

Ушбу маҳсулотлар Тошкент бозорида ва Тошкентдаги мини ва супермаркетларда қуйидагича: 1 кг банан нархи бозорда 16-17 минга сўм, супермаркетларда эса 20000-21000 сўм, 1 кг мандарин нархи 15000-20000 сўм, бир дона ананас 15000-20000 сўм, 1 кг “Ярче” конфети 45000-50000 минг сўм, 5 литрли “Золотая семочка” ёғи 54500-57000 сўм, 5 литрли “Затея” ёғи эса 62000-65000 сўм.

Ўйлайманки, арифметикадан яхши хабардор одам икки давлат ўртасидаги нарх-наво тафовути қанча фоизни ташкил этишини ҳеч қийинчиликларсиз билиб олишади.

Қозоғистондан кириб келган маҳсулотлар билан тўлган автобус ўриндиқларидан бирида омонатгина ўтириб Шаҳристон томонга келарканман, хаёлимни қатор саволлар банд қилди.

Қозоғистонда банану мандарин, апельсину ананас ва бошқа маҳсулотларнинг бизга нисбатан анча арзонлигини кўриб, эшитиб, баъзан ҳудудининг қарийб 50 фоизига яқинини чўл зонаси ташкил қиладиган Саҳрои Қозоғистонда бананзорлар, мандаринзорлар, ананасзорлар ястаниб ётибдимикин, деб ўйланиб қолдим.

Йўқ, ундай эмас, қозоқ тадбиркорлари ҳам ушбу маҳсулотларни худди бизнинг ўзбекистонлик тадбиркорларимиз каби узоқ-яқин эллардан сотиб олиб келишади. Демак, бу ерда гап тадбиркорларга берилган эркинликда…

Ўй-хаёл исканжасида “Уч қаҳрамон” постига яқинлашганимизни ҳам билмай қолибман. Йўловчилар ташувчи автобусимизни ушбу постга 200-250 мертлар етмасдан милиция ходимлари тўхтатишди.

Ҳайдовчи автобуснинг олд ва орқа эшикларини очди. Салонга икки нафар милиция ходими зарб билан кирди. Ҳеч бўлмаса кичик лейтенант унвонига ҳам эга бўлмаган милициялардан бири банан солинган картон қутиларни, иккинчиси эса мандарину конфетлар қутиларини эринмай санай бошлади.

Эгалари жаноб милицияларнинг атрофида гирдикапалак, икки қўллари кўксида. Бир пайт улардан бири ҳайдовчига қараб бор овози билан “багажни очинг”, дея буйруқ берди.

Шу пайт кондуктор тушиб, автобуснинг орқа багажини очиб берди. Милициялар икки нафар аёл ва бир нафар эркакдан иборат товар эгаларини ҳам ўзлари билан бирга олиб тушиб кетди.

Биз 10-15 нафар йўловчилар эса милициялар билан тадбиркорларнинг “келишуви”ни нақ 10-15 минут кутдик. “Табдиркорлар” олди-бердини тугатиб, бошини қуйи эгган ҳолда автобусга минишди…

Ушбу воқеадан кейин мен асли 5 минг сўмлик маҳсулотнинг харидорларга 15-20000 сўмгача сотилиши маъносини англагандек бўлдим. Менимча, Қозоғистонда ишбилармонлар фаолиятига худди биздагидек очофот МХХчилар, ебтўймас солиқчилар, кўзи оч божхона ва ички ишлар ходимлари аралашмайди, уларнинг ишига тўғаноқ бўлмайди.

Шу туфайли тадбиркорлар аҳолини арзон ва сифатли маҳсулотлар билан таъминлаётир. Бизда-чи? Бизда бунга қачон узил-кесил чек қўйилади? Қозоқ фаррошларидан ҳам кам ойлик оладиган ўзбек академикларию оддий халқ 1 кг банану 1 кг конфетни қачон қийналмасдан, тўлғанмасдан бемалол харид қилишга эришади?

Муаллиф: Рўзибой Азимий

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Агар халқ қашшоқ бўлса…

Ўзингиз ўйлаб кўринг... Инсоният тарихида диктатурага асосланган тизимларда нима учун халқ қашшоқ бўлган, хаттоки катта табиий бойликларга эга мамлакатларда ҳам? Бу давлатни ...

Наманганда яна бир прокурор ушланди

Косонсой туманининг Тагижар маҳалласида яшовчи И.М. муқаддам фирибгарлик жиноятига қўл ургани учун икки бор судланган. Бироқ бундан хулоса чиқармай, яна эски қилмишларини ...

Эркак билан қўл бериб сўрашишдан бош тортган муслима судда ютиб чиқди

Фото:FARAH ALHAJEHАлхўжа хоним ўзига ўхшаган бошқаларнинг ҳақларини ҳам тамсил қилишини айтган. Эркак киши билан қўл бериб сўрашишдан бош тортгани учун ишга қабул қилинмаган ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400