МХХ қандай бўлиши керак?

Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар ва турли Интернет сайтларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шу жумладан Миллий хавфсизлик хизмати фаолияти кенг муҳокама қилинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев 2017 йил 22 декабр куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қилган мурожаатда, мамлакатимизда “Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида” қонун қабул қилиниши лозимлигини таъкидлади.

Ушбу мавзунинг долзарблигидан келиб чиқиб, мазкур хизмат фаолияти тўғрисида айрим маълумотларни (эҳтимол кўпчилик дуч келган) ва ишлаб чиқилиши лозим бўлган қонун лойиҳасига таклифларни қисқа ва лўнда шаклда келтирмоқчиман, лекин аслида бу мавзуда бутун бошли диссертация ёзиш ва илмий иш қилиш мумкин.

Биринчи навбатда, мазкур хизматнинг функционал мажбуриятларини кўриб чиқиш лозим. Улар аниқ нима билан шуғулланишади? Балки бу разведка, аксилразведка ва терроризмга қарши кураш бўлар? Ўз навбатида қонун ижодкорлари Ўзбекистон учун “разведка” ва “аксилразведка” тушунчалари нимани англатишига эътибор қаратишлари керак. Турист метро бекатини суратга олмоқда, бир инсон хорижий элчихона вакили билан дўстлашиб, у билан футбол ўйнамоқда, қайсидир вилоятга Европадан 30-40 нафар турист келди ёки кимдир туман ҳокими ҳақида салбий фикр билдирди. Уларни “жосус” ёки “деструктив куч” деб аташ керакми? Айнан шу сабабли ушбу ташкилотга оид барча тушунчаларни ҳамда ҳуқуқ ва мажбуриятларини пухта аниқлаштириш керак. МХХнинг кундалик фаолиятини ҳам ҳисобга олиш лозим – бу ҳарбий фаолиятми (погонлар ва пистолетлар) ёки фуқаролик ишими (ахборот ва таҳлил). Шунингдек, МХХнинг “махфий фаолияти” тушунчасини аниқлаштириб олиш зарур. Агар бу ҳақиқатдан ҳам махсус хизмат ва унинг фаолияти “мутлақо махфий” бўлса, унда улар махфий фаолият олиб боришлари шарт, улар ҳақида ҳеч ким ҳеч нарса билиши керак эмас, улар қаерда жойлашган, ишни қандай олиб боришади, қандай машиналарни ҳайдашади (ҳозирда МХХ биноси Тошкент шаҳрининг марказида жойлашган, “TST” давлат рақам белгили автотранспортлари мавжуд ва ҳоказо), лекин агарда бу ташкилот Россия Федерацияси Тергов Қўмитасининг аналоги бўлса, унда бемалол.

Иккинчидан, “информаторлар” фаолияти. Ҳаммага маълум бир гап бор: “Эҳтиёт бўл, деворнинг ҳам қулоғи бор”. Хизматда информаторлар турлича бўлади. Кимгадир нимадандир ёрдам беришни ёки қандайдир муаммони ҳал этишга ваъда беришган, шунинг учун улар “хизмат”га киришган. Ўйлаймизки, баъзи одамлар аллақачон реал ҳаётни, ўз фуқаролик позицияларини англашлари ва ўзларининг “гап ташувчилик” фаолиятларини тўхтатишлари керак. Қизиғи шундаки, баъзида МХХ вилоят бошқармалари биноси олдидан ўтилаётганда (айниқса Фарғона водийсида), у ерда кўпинча ўзларининг ватандошлари, қўшнилари ёки ҳамкасблари ҳақида навбатдаги ахборотни бериш учун 10-30 нафар киши турган бўлади. Агар бу ахборот содир бўлиши мумкин бўлган теракт ёки хавфли жиноят ҳақида бўлса, тушунарли, лекин кимнингдир ҳамкасби кеча АҚШда яшайдиган укаси билан гаплашгани ёки солиқ инспекцияси ходими ўз хонасида намоз ўқигани миллий хавфсизликка “таҳдид” бўлмаса керак?

Умид қиламизки, қонун ижодкорлари “информаторлар” фаолиятини, ахборот йиғиш усулларини ҳисобга олишади ва бунинг натижасида МХХ ходимлари ҳар хил иғво ва туҳматлар ўрнига аниқ далиллар ва ахборотларни Қонун доирасида йиғишади.

Тарихий далил: СССР Давлат Хавфсизлик Қўмитаси (КГБ) информаторлардан ахборот йиғиш ва ўз халқига қарши курашиш учун жуда кенг фойдаланган. Информаторлар воситасида турли хил “антикоммунистик” фикрларни тарқатишган ва шу асосда “ўзгача фикрловчи”ларни аниқлашган. “Коммунистик тузумга тупурдим” деган информатор ва кимдир шу фикрга қўшилса, у коммунистик тузумга “таҳдид” деб ҳисобланган, унга қарши иш очилиб, камоқ жазоси тайинланган. ДХҚ (КГБ) ва унинг информаторлари иши ўз натижасини берди: СССР инқирозга юз тутди ва дунё харитасидан йўқолди.

Учинчидан, электрон разведка ва аксилразведка ҳамда терроризм билан “виртуал кураш”. Баъзан Ўзбекистонда ИШИД ғояларини “Facebook” ва бошқа ижтимоий тармоқларда фаол тарғибот қилган ИШИД тарафдори қўлга олингани ҳақидаги янгиликни ўқиб қоламиз. Қандай қонуний асослар билан фойдаланувчининг шахсий саҳифасини очишди, унинг ёзишмаларини ўқишди, ўрганишди ва у “террорист” деган хулосага келишди? Агар электрон разведкани амалга ошириш учун аниқ усуллар ва қонуний асослар бўлмаса, бу хизматдаги айрим шахслар учун фуқароларнинг шахсий “виртуал” ҳаётига ҳеч қандай чекловларсиз аралашишига имконият бериб қўймайдими? Тасаввур қилинг, ҳар куни кимдир сизнинг шахсий хабарларингизни “хавфсизликни таъминлаш” баҳонасида ўқийди, сиз эса буни ҳатто билмайсиз ҳам. Ахборотдан ғараз мақсадларда фойдаланилмаслигига қандай кафолат бор? Қонун ижодкорлари “Интернет кузатув” учун махсус рухсатнома ҳақида бош қотиришлари лозим, бунда оддийгина электрон почталардан тортиб, жаҳон ижтимоий тармоқлари, шу жумладан “Телеграмм” ва бошқа шу кабилар назарда тутилиши керак.

Тўртинчидан, давлат чегараларини қўриқлашга алоҳида эътибор қаратиш керак. Нима учун чегараларимизни МХХ қўриқлайди деган саволга жавобни “Россия Федерациясининг Давлат чегараси тўғрисида”ги Қонунидан топиш мумкин. Ушбу Қонуннинг 3-моддасида, “давлат чегарасини қўриқлаш Давлат чегарасини ҳимоя қилишнинг таркибий қисмидир ва у федерал хавфсизлик хизмати таркибига кирувчи чегара органлари томонидан амалга оширилади” (кейинги ўринларда – чегара органлари), деб таъкидланган. Кўпчилик қонун ижодкорлигидаги “кўчириш ва ишлатиш” (“copy & paste”) тамойилини яхши билади, айниқса юристлар. Ўзбекистонда мазкур функцияларни Мудофаа вазирлигига бериш мантиқан тўғри бўлади. Шундай бўлсада, кўп нарса келгусида ишлаб чиқиладиган қонун лойиҳасига боғлиқдир, бироқ турли миллий хавфсизликка таҳдид туғдирувчи буюмларни чегара назорат пунктларида божхона ходимлари аниқлашлари ва уларни ички ишлар ходимларига текшириш учун беришлари мумкин. Тоғли, бориш қийин бўлган ва чекка ҳудудлардаги давлат чегараларида эса Мудофаа вазирлигининг чегарачи-аскарларидан иборат казармалар, вертолётлар, ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизими, бинокллар ва инфрақизил датчиклар билан жиҳозланган учар қурилмалар (дронлар) бўлиши керак, ва энг асосийси – қўшни давлатлар билан ишончли дипломатик ҳамкорлик.

Бешинчидан, эҳтимол кўпчилик “кураторлар” билан тўқнаш келгандир. Кўпинча, одамлардан МХХдан телефон қилишганини ва қандайдир ҳужжатларни сўрашганини (ушбу иш усули айниқса ҳудудларда ривожланган) эшитиб қоламиз. Бунинг қонуний асослари борми? МХХ ходимларига, масалан ярим йиллик банк ёки солиқ ҳисоботи, фермер хўжаликлари ёки пенсионерларнинг сони ёхуд бирор бир фуқаронинг иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномаси нима учун керак? Афсуски, баъзи одамлар ўйлаб ҳам ўтирмай, МХХ бўлимларига ўзлари ишлаётган ташкилот ёки ҳамкасблари ҳақидаги барча маълумотларни беришади. Айнан шу сабабли қонун ижодкорларидан мана шу ҳолатларни инобатга олишлари талаб этилади, қайси қонуний асосларга кўра МХХ кимдандир ёки қайсидир ташкилотдан ҳужжат талаб қилади ва “кураторлар” фаолиятининг қонуний асослари қандай бўлади. Вазирликларда, давлат ва нодавлат муассасаларида, олий ўқув юртларида, мактабларда, коллежларда, лицейларда, болалар боғчаларида, меҳмонхоналарда, банкларда, пенсия жамғармаларида, оммавий ахборот воситаларида, масжидлар ва маҳаллаларда, ички ишлар ва прокуратура органларида, ҳокимиятларда, фермер ва коммунал хўжаликларида ҳамда кундалик ҳаётимизнинг барча жабҳаларида МХХ “кураторлари” қанчалик керак? Президентимиз Парламентда қилган мурожаатда, ҳар қандай оддий масала ҳам миллий хавфсизликка таҳдид деб баҳолаб келингани ушбу идора ваколатларининг асоссиз кенгайиб кетишига сабаб бўлди, деб таъкидлади. Афсуски, айрим ташкилотлар учинчи шахсларга оддий маълумотларни ҳам тақдим эта олишмайди, чунки бунинг учун вилоят ёки туман (шаҳар) МХХдаги “кураторларидан” рухсат сўрашлари керак. Ёки “МХХнинг таълим соҳаси бўйича куратори” вилоят халқ таълими бошқармасига қўнғироқ қилиб, синглисини тезда бирор бир мактабга ишга жойлашлари кераклигини айтади. Бу миллий хавфсизлик масаласини ҳал этиш ҳисобланадими? Айнан “кураторлик” тизими (ҳеч бир норматив-ҳуқуқий ҳужжатда кўрсатилмаган) МХХнинг ҳаётимизнинг барча жабҳаларига чуқур сингиб кетишига имконият берди ва, минг афсуски, айрим ҳолларда мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолатлари ҳам кузатилди (сўнгги вақтларда мансаб ваколатини суиистеъмол қилган МХХ амалдорлари ҳақидаги маълумотлар ОАВда кўп ёритилмоқда). Умид қиламизки, қонун ижодкорлари “кураторлик” ва “махсус назорат” тизимларига барҳам беришади ёки қонун билан тартибга солишади.

Навбатдаги масала, МХХга қанча ходим кераклиги ва кадрлар сиёсати ҳақида. Умид қиламизки, қонун ижодкорлари Молия вазирлиги ва бошқа тегишли ташкилотлар билан биргаликда Миллий хавфсизлик хизмати органларида ишлаётган ходимларнинг сонини инобатга олишади. Ўзбекистонда МХХ институти бор, лекин шунга қарамай хизматга ҳар йили қўшимча ходимларни ишга қабул қилишади (афсуски, статистик маълумотлар йўқ). МХХга ишга кирмоқчи бўлган ёшлардан “нимага МХХга ишга кирмоқчисиз?” деб сўралганда, уларнинг аксарияти обрў, ҳурмат, хизмат гувоҳномаси, яхшигина маош ва катта миқдорда пенсия учун деб жавоб беришган. Бирор бир чет тилини биласанми – йўқ, ҳеч бўлмаса рус тилини биласанми – йўқ. Шу кадр бўлажак разведкачи (аксилразведкачи)ми? Бундан ташқари, одатда МХХга 30 ёшдан ошганларни, бўйи 170 сантиметрдан пастларни, хорижий давлатларда бўлганларни, ҳарбий хизматни ўтамаганларни ёки шунчаки соғлиғи “хизматга яроқсиз”ларни ишга қабул қилишмайди. Қонун ижодкорлари ушбу жиҳатларни – кадрлар сиёсатини ҳисобга олишлари зарур. Бир одам ҳарбий хизматни ўтамаган бўлиши, лекин компьютер технологияларини аъло даражада билиши ёки кимдир 33 ёш бўлишига қарамай кучли таҳлилий фикрлаш қобилиятига эга профессионал политолог бўлиши мумкин. Ташкилот учун 10 нафар (30 ёшдан кичик бўлган) бирорта ҳам чет тилини билмайдиган ходимлардан қандай наф бор, агар бу иш билан талаб даражасида кучли билим ва ҳаётий тажрибага эга 3 нафар (40 ёшга тўлган ва ҳарбий хизматни ўтамаган) одам шуғулланиши мумкин бўлса? Масалан, мана деярли 27 йилдан бери МХХ ўзининг веб-сайтини ва электрон почтасини ярата олмайди. Хориждаги махсус хизматлар аллақачон ўзларининг веб-сайтига ва электрон почтасига эга. Муаммо нимада? Веб-сайт яратиш осон, лекин унинг 100% виртуал хавфсизлигини таъминлаш муаммо. Кўриниб турибдики, яна юқорида келтирилган кадрлар сиёсати билан боғлиқ масала кўтарилади – кадрлар барчасини ҳал қилади. Виртуал хавфсизликни фақатгина ахборот технологиялари бўйича профессионал мутахассис таъминлай олади, бироқ унда соғлиқ билан боғлиқ муаммолар бор ва у ҳарбий хизматни ўтамаган. Мана танлов билан боғлиқ бўлган муаммо: бўйи 180 сантиметр, 2 йил ҳарбий хизматни ўтаган, спортчиларга хос тана тузилиши, лекин компьютердан охирги сақланган файлни 10-15 дақиқа қидирадиган одам ёки кўриш қобилияти пастроқ, бўйи 166 см бўлган бутун компьютер тизимини “бўлакларга бўлиб ташлай оладиган” ахборот технологиялари бўйича мутахассис (деярли хакер).

Энди МХХнинг туман бўлинмалари ҳақида фикр юритамиз. Энг йирик аппаратга эга бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган – бу Ички ишлар вазирлиги (кўп мамлакатлар сингари). Қишлоқларда маиший муаммоларни ички ишлар ходимлари (участка профилактика инспекторлари) ҳал қилади. Безорилар, жиноятчилар, фоҳишалар ҳақидаги барча ахборот ва бошқа маълумотлар профилактика инспекторларида туради. Шундай экан, МХХ туман бўлинмалари нима учун керак? Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 169 та вилоятларга бўйсунувчи туманлар мавжуд. Айтайлик, ҳар бир туман МХХ бўлинмасида 5 нафардан ходим ишлайди, уларнинг ўртача ойлик иш ҳақи 2 млн. сўм (эҳтимол нотўғридир, чунки бу бўйича статистик маълумот мавжуд эмас). Демак, ҳар ойда давлат бюджетидан 1 млрд. 690 млн. сўм (1$ = 8188.33 сўм), 206 минг 391 АҚШ доллари) маблағ сарфланади. Бу фақат иш ҳақи. Шунингдек, харажатларга автотранспорт воситалари, хизмат уйлари, бино (идора)ни сақлаш (электр токи, сув таъминоти) харажатлари, ходимлар учун ижтимоий пакетлар, ижтимоий муҳофаза турлари ва бошқа харажатлар ҳам қўшилади. Бундан ташқари, ҳар бир туманда прокуратура, солиқ, ички ишлар органлари, ҳокимиятлар, халқ қабулхоналари, маҳалла фуқаролар йиғинлари (МФЙ), мажбурий ижро бюролари (МИБ), адвокатлар, нотариуслар ва бошқалар фаолият юритади. Йўл ҳаракати қоидасини буздингизми, безорилик, ўғирлик қилдингизми – ИИБ, иқтисодий жиноятларни содир этдингизми – прокуратура, алимент тўламадингизми – МИБ, ҳуқуқингиз бузилдими – адвокат, МФЙ ва халқ қабулхоналари. МХХ туман бўлинмалари нима билан шуғулланади? Террорчи чиқдими – участка инспектори ва МФЙ раиси қайга қараган, қани профилактика? Жосуслар аниқландими – МХХ вилоят бошқармасидан ходимлар келиб ўша жойда ўз ишларини бажаришлари мумкин. Умид қиламизки, қонун ижодкорлари мазкур оддий арифметик ҳисоб-китоб қилинган ойлик суммани (1 млрд. 690 млн. сўм) инобатга олишади ва хулоса қилишади (ҳали МХХнинг шаҳар бўлимларига қилинадиган харажатлар ҳамда тўланадиган пенсиялар ҳисобга олинмади). Агар ушбу маблағлар, саноатни ривожлантириш мақсадида, режа асосида туман/шаҳарларга ажратилса, одамлар маълум иш ҳақи тўланадиган иш билан банд бўлишади ва турли “деструктив кучлар” таъсирига тушишмайди.

Ва ниҳоят, энг асосий ва якуний фикрлар – назорат. МХХ фаолиятини ким ёки қайси орган объектив назорат қилади? Одатда (айниқса ривожланган давлатларда) махсус хизматлар фаолиятини халқ вакиллари назорат қилади. Бизнинг мамлакатимизда бу иш билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тегишли қўмиталари шуғулланиши мумкин. Лекин, Сенатнинг МХХни тўлақонли назорат қилишига ресурслари ва кучлари етарлими? Бундай ҳолатда, МХХ ҳисоботлари юзаки бўлиши ва кўп маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслиги мумкин. Агар МХХнинг туман ва шаҳар бўлинмаларини ёпилса, албатта иш анча енгиллашади. Эҳтимол, Ўзбекистон Республикаси Президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича Ёрдамчиси бошчилигида гуруҳ тузиш вақти келгандир. Мазкур амалиёт кўплаб давлатларда амалга оширилади (айниқса, АҚШда). Президент ҳузурида (фақатгина Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади) Ёрдамчи бошчилигидаги 10-20 нафар кучли таҳлилчиларлардан (социолог, психолог, политолог, дипломат, юрист, иқтисодчи, аудитор ва б.) иборат унча катта бўлмаган гуруҳ ташкил қилинади. Улар полковник ёки генерал бўлишлари шарт эмас, энг асосийси, кучли таҳлилий фикрлаш қобилиятига эга бўлсин. Шунда Президент МХХ ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда нималар содир бўлаётганлигини аниқ билиб туради. Масалан, МХХ раиси Наманган вилоятида “ИШИДнинг деструктив кучлари” тузилмоқда ва хавфсизликни таъминлаш учун бюджетдан 40 млн. сўм ажратиш ҳамда 10 нафар қўшимча ходим жалб қилиниши керак деган хабарни киритди, бироқ Президентнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича Ёрдамчиси беш нафар мутахассисни Наманган вилоятига жўнатганда, вазият барқарор ва ҳеч қандай таҳдид мавжуд эмаслиги аниқланди. Ҳақиқатдан 120 нафарга яқин одамлар маҳаллада тўпланишган ва Қуръони Карим ўқишхонлигини ташкил қилишган. Чуқур таҳлил натижасида шу нарса маълум бўлдики, барча иштирокчилар тинчликсевар бўлиб, улар ҳеч қандай таҳдид туғдиришмаган. Маҳалла фуқаролар йиғини, туман ИИБ ходимлари ва қўшнилар ушбу шахслар ҳақида ижобий фикр билдиришган. Тадбир ташкилотчилари 100 ва ундан ортиқ одам тўпланиб тадбир ўтказганда, бу ҳақда туман ИИБ ходимларини огоҳлантириш кераклигидан бехабар бўлишган, улар узр сўраб, керакли хулосани чиқаришган. Бундан ташқари, тадбир иштирокчиларини 70% ишсиз эканликлари аниқланиб, уларни ишга жойлаштириш бўйича аниқ ва тегишли чоралар кўрилган. Хулоса – навбатдаги ваҳима, вилоят МХХ фаолиятини кенгайтириш ва вилоятдаги ўрнини мустаҳкамлаш учун ўз манфаатларини лоббизм орқали олға суриш. Маълумотнинг объективлиги ва тўғрилиги ҳар қандай соҳада муҳим аҳамиятга эга, шу жумладан миллий хавфсизликни таъминлаш соҳасида ҳам. Агар объектив маълумот ва назорат бўлмаса натижа битта – ишончсизлик ва тартибсизлик.

Ушбу таҳлилий маълумот бирор бир шахсга нисбатан қаратилмаган. Ҳар қандай жамиятда бўлганидек, ушбу хизмат таркибида ҳам ўз вазифасини сидқидилдан бажараётган ватанпарвар ходимлар бор.

Умид қиламизки, юқорида келтирилган мулоҳазалар ва таклифлар “Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида эътиборга олинади, шунингдек барча майда деталларга эътибор берилади, МДҲ давлатлари қонун моддалари кўчирилмайди, Қонун 3-4 варақдан иборат бўлмайди ҳамда барча статистик ва тегишли маълумотлар ўрганилиб, фуқаролар таклифлари инобатга олинади.

Муаллифлар: Улуғбек Акбаров, Зафаржон Воҳидов

Манба: kun.uz

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Оиламизнинг ҳар бир аъзоси – тадбиркор!

Яқинда бир гуруҳ одамлар келишди. Ўзларини туман ҳокимиятидан деб таништиргач, нима муаммоимиз борлигини сўрашди. - Хабарингиз бор, - деди улардан бири. – Хозир юртимизда ...

Тожикистонда туберкулёзга қарши курашга диндорларни жалб қилишди

Тожикистон соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) кўмагида ва Дин ишлари бўйича қўмита билан ҳамкорликда ...

Твда танқид қилинган ўқувчиларнинг ота-оналари лавҳа муаллифларини судга бермоқчи

"Ўзбекистон 24" каналида эфирга узатилган кўрсатувда танқид қилинган Тошкент шаҳридаги 110-мактабнинг директори юз берган ҳолат бўйича Халқ таълими вазирлигига шикоят ...