Вячеслав Кан: Ўзбекистон минтақадаги энг ривожланган мамлакат бўла олади

Энг машҳур бизнесменлардан бирининг “Torg.uz” тақдири, ўзининг янги лойиҳаси, таълим, сиёсат ва бошқа кўплаб мавзулар ҳақида эксклюзив интервьюси.

Ўз пайтида Torg.uz мамлакатдаги энг етакчи IT-бизнеслардан саналарди, www.uz бўйича энг машҳур сайт бўлганди. Сайт асосичиси ва директори Вячеслав Кан эса мамлакатимизнинг илк IT-бизнесменларидан бири ҳисобланади.

Torg.uzни нега тарк этди

Аслини олганда, мен классик тушунчадаги бизнесмен эмасман. Мен Torg.uzни пул ишлаб топиш ёки донгдор лойиҳа қилиш учун ташкил этмаганман. Узоқ 2004 йилда омма учун фойдали маҳсулот яратмоқчи бўлгандим. Менимча, Torg.uz бу вазифани уддалади.

Ўз маҳсулимни нега ташлаб кетганимга келсак, буни фойда учун қилмадим. “Torg” шундай ўсдики, сайтни фақат Тошкентда эмас, минтақаларда ҳам илгарилатиш учун жиддий пул тикишни тақозо қила бошлади. Бунинг учун эса, қувватимиз етарли эмасди ва маҳсулимиз келгусида ҳам фойда келтириши учун мана шу қадамни қўйдим. “Фарзандим”ни қолдирганим компания катта халқаро тажрибага эга, улар бу вазифани уддалашига ишонаман.

Ҳозир сайтнинг янги раҳбарияти билан кўп ҳам кўришмаяпман – ишларига ҳалақит беришни ва саволлар билан жонларига тегишни истамайман. Лойиҳамни кенг уммонга қўйиб юбордим ва жамоамга ишондим – ҳозирда ҳам сайтни улар юритишмоқда. Зеро баъзида, бизнес ривожланиши учун, уни тарк этишингиз керак бўлади.

My Way қандай юзага келди ва у ўзи нима?

Torg.uzдан кейин узоқ вақт нима билан шуғулланиш ҳақида ўйладим. Ўзимга завқ келтирадиган иш билан шуғулланишга қарор қилдим. Шунингдек бу иш фойдали бўлиши, атрофдагиларга бевосита манфаат келтириши кераклигини тушунардим. Бироз вақтдан кейин таълим тизимида ишлаш ёқишини англадим. Қолаверса мен ўзим ўқитувчиман, ТошДУ (ЎзМУ) филология факультетини тугатганман. Ҳатто бир неча йил ўқитувчилик ҳам қилганман. Мен одамларга бизнес юритишни ўргатиш, уларнинг етакчилик хислатларини ривожлантириш йўлини танладим.

Қизим 18 ёшга тўлди ва ОТМга кирадиган. Тез-тез қайси йўналишга киришини, қайси соҳани танлашини ўйлардик. Хорижий мамлакатларда касб танлашни касбга йўналганлик орқали ҳал қиладилар. Аммо бизда бу билан ҳеч ким профессионал равишда шуғулланмайди, муаммо эса жуда жиддий. Кўп ҳолларда ёшлар ўзлари хоҳламаган соҳага ўқишга кирадилар ва битиргач, бошқа ихтисосликда ишлайдилар. Менимча, муаммоларнинг туб илдизи мана шунда. Талабалар ўзлари истамайдиган ихтисосликни ўрганиш учун тўрт йил умрларини беҳуда сарфлайдилар, катта пул тўлайдилар ва бошқа кимнингдир, шу жой унинг учун муҳимроқ бўлган одамнинг ўрнини эгаллайдилар.

IMG_5493

Натижада My Way лойиҳаси туғилди. Биз қайси йўлдан боришга, қайси касбни танлашга иккиланаётган болалар билан ишлаймиз.  Бу ишимизни хайрия деб бўлмайди, биз абитуриентлар билан ишлаймиз, уларга кўмак кўрсатишга интиламиз, касбга йўналтириш бўйича машғулотлар ўтказамиз. Ҳар бир гуруҳда иккитадан психолог қатнашади. Барибир, бу лойиҳада моддий манфаатни биринчи ўринга қўймайман.

Идеал ҳолатда, болалар билан кичиклигиданоқ комплекс ёндашув асосида ишлаш керак бўлади. Улар билан ишлаганда хатти-ҳаракатларига, қобилиятларига, нималарни ёқтиришларига эътибор бериш керак. Боғчаларда болаларнинг  қобилиятларини аниқлаш ва турли касблар билан таништириш учун турфа хил ўйинлар ўтказиш керак. Мактабда буни давом эттириш лозим, бизда эса, афсуски, бу масканга болаларимиз давомат ва баҳо учунгина қатнашади. Ҳолбуки, боланинг ким бўлиб камол топиши у мактабда оладиган ҳар қандай баҳолардан муҳимроқ.

Курсларда боланинг комплекс портрети шакллантирилади, болаларни психолог-касбий йўналтирувчилар кузатиб борадилар: бола у ёки бу ўйинларда, топшириқларда ўзини қандай тутишини ўрганадилар ва шулар асосида хулоса чиқарадилар. Лекин экспертларимиз хулосалари якуний эмас. Боланинг ўзи унга нима кераклиги танлаши лозим. Биз ҳаммамиз ривожланишимиз лозим ва бола, айтайлик, ҳисоб-китобга нўноқ бўлса, у ушбу кўникмасини ривожлантириши мумкин. Пировардида у  ўзига ёққан иш билан шуғуллана олади.

Касбга йўналиш нега зарур?

Лойиҳани ривожлантириш ва ишга тушириш учун ҳамфикрларни, менинг қарашларимни қўллаб-қувватлайдиганларни изладим. Бу борада бир қанча МДУ ўқитувчилари ва психология факультети битирувчилари билан учрашишга муваффақ бўлдим. Психолог сифатида улар мен ўртага ташлаган муаммонинг моҳияти ва жиддийлигини тушунишарди. Ҳамкорликда биз мана шу лойиҳани ташкил этдик. Шунингдек, мен қайсидир даражада давлатимизга ёрдам беряпмиз, деб ўйлайман. Чунки инсон ўзига ёқадиган иш билан шуғулланса, халқига кўпроқ фойдаси тегади. Иш бошлаганимизга кўп бўлмади, лекин ота-оналардан мулоҳазалар кела бошлади ва уларнинг аксарияти ижобий руҳда бўлди. Ота-оналар профессионал салоҳиятимизни ва фарзандларига индивидуал ёндашишимизни муносиб баҳоладилар.

Мен таълим тизими ислоҳ қилинишини истардим. Умуман олганда, кўп ишлар қилинмоқда, масалан,  коллежлар ёпиляпти, 11- синфлар қайтди. Таълим тизими чуқур ўйланган бўлиши керак, чора-тадбирлар “хўжакўрсин”га эмас, аниқ белгиланган мақсад йўлида бажарилиши лозим. Мактаб ёки коллеж битирувчисининг қўлида қандай диплом борлиги аҳамиятсиз, муҳими – унинг ким бўлмоқчи эканида. Лекин бу ишлар бир лаҳзада рўй бермайди, умид қиламанки, вақт ўтиши билан ҳаммаси ўзгаради. Президентнинг ўзи катта ўзгаришлар ва ислоҳотлар ташаббуси билан чиқаётганидан мамнунман, лекин унинг топшириқлари жойларда қандай бажарилаётгани ҳам аҳамиятга эга, чунки ислоҳотлар жойларда ишламас экан, бефойда!

Ўзбекистон бизнеси қандай ўзгарди

Мен 2004 йилдан буён тадбиркорлик билан шуғулланаман ва бугунги кунда ижобий динамикани кузатмоқдаман. Мисол учун узоққа бориш шарт эмас: конвертация очилди, тадбиркорларга катта имтиёзлар берилмоқда. Бу тўғри иш, чунки бизнесмен мураккаб шароитда қандай яшаб қолишни ўйламаслиги керак, унинг хаёли жамиятга қандай қилиб фойда келтиришда бўлсин. Яхши бизнесмен бизнес юритишнинг ношаффоф усулларидан фойдаланишни истамайди, у ўз фаолиятини яхшилаш пайида бўлади. Тадбиркорларга кўмаклашаркан, ҳукумат тўғри иш қилган бўлади, ахир улар – иқтисодиётимиздаги асосий солиқ тўловчилар, инвесторлар, янги иш ўринлари яратувчилар. Улардан кўпроқ шилиб олишни ўйламаслик керак, балки бизнеслари янада катта бўлиши йўлида ёрдам беришга интилиш зарур.

Инсоннинг муайян эҳтиёжлари бўлади ва улар қондирилгандагина ижтимоий масъулият ҳисси уйғонади. Қорнинг тўқ, кийиминг бут, оиланг ҳам тўкин, шинам уй ва муносиб ҳаёт даражасига эга бўлсанг, атрофингдагилар учун нимадир яхшилик қилишни ўйлай бошлайсан. Ахир қайтар дунё бу – нимаики яхши иш қилсанг, у ёки бу кўринишда ўзингга қайтади. Шу сабабли давлат ўзининг тадбиркорлари ҳақида қайғуриши керак, улар эса, ўз навбатида, қўлларидан келганча жамиятга ёрдам берадилар.

Бизнесменларнинг ижтимоий масъулияти

Жойлардаги одамларга ёрдам бериш учун депутат бўлдим. Бу кўпроқ кўнгиллилик ишига ўхшайди – менда одамларга ёрдам бериш имконияти бор ва бундан мен фойдаланмоқчиман.

Сайлов участкамдаги одамлар билан танишиб чиқдим ва муаммолари ҳақида суҳбатлашдим, ҳал қилиш йўлларини ўйладим. Бир киши буларнинг уддасидан чиқа олмайди, яхши ишлар учун ишончли жамоа керак, депутат сўровига қулоқ солишлари учун юқори турувчи идоралар билан алоқалар ўрнатиш зарур. Қолаверса, ўзбек тилини ўрганишим талаб этилади, шунда халқ билан яқинроқ мулоқот қила оламан.

Бу йўлдаги бош иттифоқчимиз – албатта, фуқароларнинг ўзлари. Улар ўзларининг позициялари ва эҳтиёжларини қанчалик яққолроқ ифодаласалар, уни мамлакат раҳбариятига шунчалик осонроқ етказа оламиз. Ахир одамларнинг ўзлари фаол ва ҳаракатга келтирувчи куч бўлишлари зарур. Мен Бектемир туманининг кичкинагина қисмига депутат бўлганман ва ҳозир маҳаллий фаоллар гуруҳини тузишни ўйлаб турибман – улар менга ёрдам берибгина қолмай, юқори инстанциялар билан ҳам боғланадилар, бевосита уларга маҳаллий муаммоларни очиб берадилар.

IMG_5489

Муаммони ҳал этиш бир ёқлама иш эмас, фуқароларнинг ўзлари коммунал тўловларни, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни вақтида тўлашлари лозим. Энг кичик туман ва маҳаллалардаги ҳокимият вакиллари ҳам ўз ваколатларини суиистеъмол қилмасликлари учун назорат механизмини яхшилаш керак эканлигига аминман. Айнан кенгаш депутатлари, фикримча, ушбу тизимни яхшилай оладилар, чунки улар бевосита фуқаролар томонларидан, ўз ичларидан танланган бўлиб, маҳаллий аҳоли ташвишларини бошқалардан кўра кўпроқ биладилар.

Ҳар ҳафта сайловчилар билан учрашув ўтказамиз. Ойда бир – бажарилган ишлар бўйича ҳисобот кўрилади. Бундан ташқари, йиғилишлар ва, ҳатто, ўқув курслари ўтказилади. Охирги гал ЎзЛиДеП вакиллари, профессорлар, амалиётчилар келиб, биз билан тажриба алмашишди. Кундалик муаммолар ечимларини изладик ва, ҳатто, баъзи вазиятларнинг моделини яратиб, амалий ечимларини топишга уриндик. Бу йиғилишларда қандайдир назарий ечимларни ўйлаб топгандан кўра, амалий муаммоларни ҳал этиш жуда фойдали, деб биламан.

ЎзЛиДеП – тадбиркорлар партияси, унда нимадир қилишни истайдиган ва шунга тайёр инсонлар жамланган, мана шу менга кўпроқ ёқади. Бу ерда кўп амалий ва фойдали маслаҳатлар янграб туради, чунки бу одамлар турли соҳаларда муайян тажрибага эга, бу эса, тўғри қарор қабул қилишда ёрдам беради.

Мен Ўзбекистон бизнес соҳасида бевосита шуғулланаман, жараёнларни кузатиб бораман ва келажакда фақат ўсиш бўлади, деб умид қиламан. Қирғизистон, Қозоғистон ва Россиядаги дўстларим ҳозирда Ўзбекистонда рўй бераётган барча ўзгаришларни кўтаринкилик билан кузатмоқдалар. Уларнинг кўпчилиги Ўзбекистон тез орада Марказий Осиёдаги иқтисодий жиҳатдан энг ривожланган мамлакатга айланади, деб ҳисоблайди. Зеро бунинг учун бизда барча салоҳият мавжуд.

Булардан ташқари, ўта муҳим ва ажойиб ресурсимиз бор – бу бизнинг аҳолимиз. Ўзбекистон – минтақадаги аҳоли энг зич жойлашган мамлакат. Қолаверса, аҳолининг аксарияти – ёшлар. Ҳозирда таълимга катта эътибор берилгани жуда тўғри иш бўлди. Айнан асосий (менинг наздимда) ресурсимизни профессионал жиҳатдан яхшилаш орқали биз Марказий Осиёда (ва нафақат минтақада) аҳоли даромад даражаси бўйича етакчи бўлишимиз мумкин.

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Қозоғистон чорва экспортини тақиқлади

Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 10 октябрь куни олти ой муддатга йирик шохли тирик чорва молларини мамлакатдан олиб чиқишни тақиқлаш тўғрисидаги буйруқни қабул қилди. ...

Ўзбекистон қозоғистондан 3,2 тонна кумуш сотиб олди

2018 йил январь-сентябрь ойларида Қозоғистон 339,5 миллион долларлик 2,4 минг тонна кумушни экспорт қилди. Бу ҳақда Кун.уз нашри  LSга асосланиб хабар бермоқда. Фото:Gulf ...

Турклар utbankни тўлиқлигича сотиб олди

Ўзбек-турк банки Ўзбекистонда Ziraat Bank-Uzbekistan номи остида иш юритади. (more…)


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400