Топталаётган ҳақиқат қачон тикланади?

Зафар Хандамов

Биз янги даврда, XXI асрнинг 18-йилида яшаяпмиз. СССР таркибидан чиққанимизга, Мустақил бўлганимизга чорак асрдан кўп вақт ўтди. Сиёсатчилар, иқтисодчилар ва бошқа соҳа мутахассислари Ўзбекистонда ўтган сўнгги 20 йилни турғунлик йили, дея эътироф этмоқдалар. Бундай дейилишига мустақилликдан кейинги йилларда тараққиётдан анча орқада қолганимизни асос сифатида келтирмоқдалар.

Бу йиллар мабойнида мамлакатимизда илгари катта қувватда ишлаган, бир неча юз минг одамларни иш билан таъминлаган қатор завод-фабрикалар, корхоналар ёпилди, кўпи банкрот ҳолга келди, бир қатор конларимиз фаолиятини тўхтатди. Ўз аравасини аранг тортиб, шу кунгача зўрға етиб келган қолган-қутган корхоналаримизу конларимизда, шунингдек, янги очилган конларда эса иш ўлда-жўлда усулда олиб борилди ва борилмоқда.

У ерларда бошқарув усули раҳбарлар томонидан товламачилик, фирибгарлик, ўғирлик, порахўрлик, ишчилар ҳақига хиёнат, совет тузумидан қолган шаклда иш юритилиши натижасида кадрлар қўнимсизлиги юзага келди, барқарорликка жиддий равишда путур етди. Бир неча корхонаю ташкилотлар янгича усулда иш юрита олмаганликлари, ишчи-ходимлар ҳақ-ҳуқуқларига беписанд муносабатда бўлганликлари боис ривожланишда депсинди. Бундай салбий ҳоллар Навоий кон-металлургия комбинати Жанубий кон бошқармасининг “Ғужумсой” конида ҳам кенг этак ёзди. Биз бу ҳақида мазкур коннинг собиқ ишчиси қўшработлик Зафар Ҳандамов билан суҳбатимиз жараёнида ишонч ҳосил қилдик.

Зафар ака, Навоий кон-металлургия комбинати Жанубий кон бошқармасининг “Ғужумсой” конидан ишдан бўшашингиз сабаби ҳақида айтиб бера оласизми?

— Ушбу кон 2011 йилда ишга тушган бўлиб, у ерда асосан олтин маъданли рудалар қазиб чиқарилади. Билишимча, рудалар таркибида кумуш, мис ва уран ҳам бор. Мен мазкур конга 2015 йил 2 июнда дастлаб тоғ капитал таъмир участкасига ишга жойлашганман. Шу йилнинг декабрь ойида янги очилган 2-сонли кон тайёрлов ва қазиб олиш участкасига ўтказишди. Ана шу участкада 2016 йилнинг 1 февралига қадар ишладим.

Иш вақтида елкамдан тош босиши оқибатида умуртқа поғонам ёрилди. Бироқ раҳбарлар тегишли жойларда бу кўнгилсиз ҳолат иш пайтида рўй берганлиги ҳақида гапиришимни лозим топишмади. Самарқанд травматология касалхонасида бир ҳафта даволанганимдан кейин шифокорлар елкамга темир корсет тақтиртириб икки ой давомида уйда даволаниш шарти билан касалхонадан чиқаришди. Аммо ишхонам томонидан шу ойлар учун моддий таъминот ўрнига фақат ойлик маоши тўлашди. Ишга қайтганимдан кейин олдинги вазифада ишлай олмадим. Шифокорлар 1 йил ерустида енгил ишда ишлашим мумкинлигига доир хулоса чиқаришди. Шундан кейин НКМКга қарашли ҳаммомга ҳаммом хизматчиси бўлиб ишга ўтдим. У ерда 2017 йилнинг август ойигача ишладим. Сўнгра яна 1-сонли кон тайёрлов ва қазиб олиш участкасига лаҳмчи вазифасига ишга қайтдим.

Иш фаолиятим давомида кон маскани раҳбарияти томонидан бир қатор ноҳақликлар, адолатсизликлар ва юлғичликларга дуч келдим. Конда шароит яхши йўлга қўйилмаган, эҳтиёт қисмлар етмайди. Биз лаҳмчилар иш жараёнида шлангаларни маҳкамлаш учун ишлатиладиган симларни ҳам ўз чўнтагимиздан сотиб олардик. Раҳбарият биз ишчиларнинг талаб ва таклифларимизни заррача инобатга олмагандан кейин тегишли ташкилотларга шикоят қилишга мажбур бўлдим. Бунинг натижасида менга нисбатан ҳар хил босимлар, тазйиқлар кучайди. Бошлиқлар баҳона қилаётганликда айблаб, менга бирин-кетин хайфсан эълон қила бошлади. Шу тариқа, корхонадаги адолатсизликлар ҳамда соғлигим сабабли НКМКнинг фуқаролар қабулхонасига мурожаат қилиб, ишга чиқмай қўйдим. Кадрлар бўлими бошлиғи Ш. Шарипов мурожаатимни ўрганиб, амалий ёрдам кўрсатиш ҳақида гапирди. Бироқ орада бир ҳафта ўтгандан кейин касаба уюшмаси раиси чақириб, ишга сабабсиз чиқмаганимни, мурожаатим ўз тасдиғини топмаганини айтиб, тегишли моддага биноан ишдан бўшатилишимни билдирди. Мен модда билан ишдан бўшамаслик ниятида 2017 йилнинг 12 декабрида ариза ёзиб ишдан бўшадим.

— Раҳбарият томонидан қандай адолатсизликларга дуч келдингиз?

— Аввало, кон раҳбариятининг фақат менга эмас, балки у ерда ишлаётган барча ишчи-ходимлар ҳақига хиёнат қилганини алоҳида таъкидлагим келади. Участка бошлиғи буйруғи билан ҳар бир смена усталари рўйхат асосида ҳар ойда ишчи-ходимлардан металлалом учун 15 минг сўмдан йиғиб олишади. Албатта, бу раҳбар топшириғи асосида амалга оширилади. Менга қилинган адолатсизликлар эса талайгина. Сизларга фақат асосийлари, яъни алал-оқибат ишдан бўшатилишимга олиб келган ноҳақликлар ҳақида гапираман.

Мен 2017 йил 19 июлдан 4 августгача оилада эҳтиёж туғилганлиги сабабли иш ҳақи сақланмаган таътилга чиқдим. 2017 йилнинг 28 июлидан 2 августига қадар НКМК ЖКБ томонидан BOOMER T-1 ўзиюрар ерости бурғулаш машинасини ҳайдаш ҳуқуқини берувчи ҳужжат учун имтиҳон топшириш уюштирилган экан. Ҳолбуки, бу пайтда таътилда бўлганим учун ўтказилажак имтиҳон тўғрисида менга ҳеч ким на оғзаки ва на ёзма равишда хабар бермаган. Менда буни тўла-тўкис исботлайдиган ҳужжатлар, яъни таътилда бўлганлигимни тасдиқловчи НКМК ЖКБ томонидан чиқарилган буйруқ нусхаси ва меҳнат таътилига чиққанлигим тўғрисидаги буйруқ нусхаси ҳамда ҳисобчи Ж. Содиқованинг тушунтириш хати бор ва бу ҳужжатларни ўзим мурожаат қилган тегишли ташкилотларга шикоят хат билан бирга илова қилганман.

Лекин, шундай бўлса-да, кон раҳбарияти буни инобатга олмасдан менга тўлаши лозим бўлган мукофот пулини кесиб ташлашди. Бунга “имтиҳонга сабабсиз қатнашмаганим”ни сабаб сифатида кўрсатди.

Табиийки, мен бундай адолатсизликларга қарши жим туролмаганим учун тегишли ташкилотларга мурожаат қилдим. Бу ҳаракатларим, ҳақ-ҳуқуқларим учун ҳимоям эса, юлғичликни хуш кўрувчи айрим амалдорларга хуш ёқмади. Бунинг натижасида улар яна адолатсизликларга қўл ура бошлади. Шу тариқа, 2017 йилнинг ноябрь ойида ойлик маошимнинг 20 фоизини, декабрь ойида эса 50 фоизини асоссиз равишда ушлаб қолди. Бу энг катта адолатсизлик. Бунинг учун керак бўлса ҳали кўп курашаман. Уларнинг бу хатти-ҳаракатлари замирида адолат истовчи мен каби оддий ишчини ишдан бўшатиш чора-тадбирлари мужассам эди ва шундай ҳам бўлди.

— Сир бўлмаса, қайси ташкилотларга шикоят қилдингиз?

— Энг аввало, 2017 йил 13 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига НКМК ЖКБ томонидан ойлик маошларим ушлаб қолинганлиги ва сабабсиз ишдан бўшатилганлигим бўйича ёзма тарзда мурожаат қилдим. Бироқ, афсуски, Виртуал қабулхона менинг шикоят хатимни Самарқанд вилояти Бандлик бош бошқармаси Қўшработ тумани Бандликка кўмаклашиш марказига жўнатган. Марказнинг масъул ходими мен билан суҳбат ўтказганда унга содир бўлган воқеаларни, яъни эҳтиёж туғилганлиги сабабли 2017 йил 19 июлдан 4 августгача иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътилга чиққаним, ишга қайтганимдан кейин эса менга тўланиши лозим бўлган 878 314 сўм ҳисобчи Ж. Содиқова томонидан кесиб қолинганлиги ҳақида гапириб бердим.

Ж. Содиқова Бандликка кўмаклашиш маркази масъул ходимига ўз навбатида менга тўланиши керак бўлган пул Самарқанд вилояти Нуробод шаҳрида жойлашган НКМК ЖКБ томонидан 17.08.2017 йил чиқарилган ишчи-ходимларга бериладиган пуллардан ушлаб қолиш тўғрисидаги 1513-сонли буйруққа асосан ушлаб қолинганлигини маълум қилди.

Бандликка кўмаклашиш марказининг масъул ходими мен билан бафуржа суҳбатлашгач ҳамда ҳужжатлар билан батафсил танишиб чиққач, ушбу ҳолатда ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжудлигини, менга берилиши лозим бўлган пулни қайтариб олиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 268-моддасига кўра туманлараро фуқаролик судига мурожаат қилиш ҳуқуқига эгалигимни тушунтириб бердилар.

Бундан ташқари, мен НКМКнинг халқ қабулхонасига, Олий суд раисининг халқ қабулхонасига, Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратурасининг 1007 рақамли “Ишонч телефони”га ҳам мурожаат қилдим. Табиийки, НКМК халқ қабулхонасидан тайинли жавоб ололмадим. Олий суд раисининг халқ қабулхонаси эса умуман жавоб юбормади. Бош прокуратурага жўнатган мурожаатимга эса, Навоий ихтисослаштирилган прокуратураси жавоб қайтарди. Улар воқеликни батафсил ўрганмасдан НКМК ЖКБ билдиргиларига таянган ҳолда хулоса чиқаришди. Яъни, касбий имтиҳонга сабабсиз иштирок этмаганим учун 17.08.2017 йилдаги 1513-к-сонли буйруқ асосида август ойи учун 100 фоиз мукофот пулидан маҳрум қилинганимни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 99-моддасига кўра, яъни “ўз хоҳишимга кўра” ишдан бўшаганимни аниқлаганликларини билдирди. Менинг қўлимда бу ҳақида Навоий ихтисослаштирилган прокуратурасининг 10.11.2017 йил юборган №24/262-17-653-сонли жавоб хати бор.

Ўзбекистон Республикаси МХХ раҳбарига йўллаган мурожаатим эса, ИИВ ЖҚББ бўлинмалари Иккинчи сонли ички ишлар бўлимига юборилган. Афсуски, уларнинг жавобидан ҳеч нарсани уқиб бўлмайди, на маъноси ва на мазмуни бўлмаган жавоб хати ҳар қандай кишининг ғазабини келтиради.

Ҳа, Зафар Ҳандамов айтганидек, ҳақиқатанан бу ерда адолатсизлик бор. Бизни бир инсоннинг бошига тушган ноҳақ ҳаракатларга на Ўзбекистон Республикаси Президенти Виртуал қабулхонаси, на Бош прокуратура, на МХХ, на Олий суд ва на бошқа қуйи органлар барҳам беролмагани, бартараф этолмагани, ҳеч ким НКМК ЖКБ раҳбариятининг танобини тортиб қўя олмагани ажаблантиради. Бундай ҳолатда топталаётган адолатлар қачон тикланади?

Суҳбатдошлар: Қаҳрамонхон Маҳмуд, Рўзибой Азимий

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Тожикистонда ўзбекистон савдо маркази очилди

Шимолий Тожикистоннинг маъмурий маркази бўлган Хўжанд шаҳрида Ўзбекистон савдо маркази очилди. Ушбу савдо маркази шаҳар марказида, Сирдарёнинг чап соҳилида, аниқроғи, Эрон ...

Вақтинчалик пропискаси тугаганлар бошини қаерга урсин?

(more…)

Туркистонда нима бўлган эди… алданиш (ii-бўлим)

Биринчи Жаҳон уруши айни авж палласига чиққанида Россия империясида сиёсий инқироз бошланиб кетди. 1917 йили ҳокимият алмашиши юз берди – 27 февраль (12 март) куни Николай II ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400