ЎЗБЕКИСТОНДА ОДИЛ СУД

2018  йил 7 март  куни “давлат тўнтариши” айби билан ҳибс этилган журналист Бобомурод Абдуллаевнинг якунланмаган суд иши бўлиб ўтди. Унда суд иши барча (журналистлар, ҳуқуқ фаоллари, судланувчиларнинг яқинлари ва чет эл элчихоналари вакиллари) учун очиқ шаклда олиб борилди.

Тўртала тутқин ҳам Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 159-моддаси билан айбланмоқда.

Судья журналист Бобомурод Абдуллаев ва унинг шериклари тадбиркор: Равшан Салаев, Шавкат Оллоёров, таниқли профессор Ҳаётхон Насриддиновлар билан қисқа-қисқа савол-жавоб қилди.

Маълум сабабларга кўра суд рус тилида олиб борилди.

Судья Бобомурод Абдуллаевнинг адвокатлари Сергей Майоров ва Муножат Парпиеваларнинг ўз мижозлари МХХ хизматчилари томонидан қийноққа тутилганлиги тўғрисидаги шикоятини тинглади ва Бобомурод Абдуллаевни суд залида кийимларини ечириб, тан жароҳатлари изини кўрди.

Шундан кейин судья танаффус эълон қилди.

Мен бунақанги судда биринчи марта қатнашаётган эдим. Кўнглимда ғалати кечинмаларни туйдим.

Тўғри, аввал ҳам опачаларим ва бир дугонам қайсидир иш билан суд залига бориб қолишганда, ҳимоячи сифатида судда қатнашган эдим.

Судья аёл киши эди. Мен ҳеч бир қўполлик қилмасдан, аниқ далил-асослар билан гапирсам ҳам, у мени судьяга беҳурматлик ва суд ишига ҳалақит беришда айблади. Сўнг суд залидан чиқариб юборди. Икки марта шундай ҳодиса рўй берган. Ўша судья аёл ўзини худди хон каби тутишини умрбод эслаб қолганман.

Судьялар мустақиллик йилларида одиллик ҳакамларидан кўра кўпроқ мазлумлар бошини ейдиган қонун қўли билан ниқобланиб, аслида мажозий маънодаги қонхўрлик вакилларига айланиб кетган эдилар. Президент Шавкат Мирзиёев даврида бу нарса очиқ-ойдин  аён бўлмоқда.

Шу судда қатнашган ҳуқуқ фаоллари, адвокатлар, журналистларнинг айтишларича, адвокатнинг талаби суд ишларида биринчи марта судья томонидан қондирилибди. Бобомурод Абдуллаевни қайтадан тиббий кўрикдан ўтишига рухсат берилди.

Унга қилинган мислсиз қийноқ, зулмлар аниқланади ва жаллодларга нисбатан тегишли чоралар кўрилади. Бу фикр бир менинг эмас, кўпчиликнинг фикри.

Залда мен кўплаб ҳуқуқ фаолларини, журналистларни, судланувчиларнинг оила аъзоларини кўрдим.

Ҳаммаси танқидий мақолалар ёзган журналист Бобомурод ва унинг шериклари тақдирларидан ташвишланиб  ўтирдилар.

Ғалати фикрлар миямда ғужғон ўйнади. Ҳиндуларнинг тасвири бор фильмларни кўпчилигимиз кўрганмиз. Улар бирон кимсани жазоласа, қафасга солиб қўйишади.Тилини билмаса, ёки ўз қавмларидан бири ёқмай қолса, уни азоб-қийноқлар билан қафасда тутадилар.

Тўртала судланувчи ҳам темир қафасда синиқ  жилмайиб, қайғу ҳасратга ботиб ўтирдилар. Уларнинг нигоҳларида: ”Қайси айбимиз учун…” деган ифода ғамгин бир тарзда акс этмоқда эди.

Темир қафас ичидаги бегуноҳларга боқарканман, ич-этим эзилди. Ҳиндуларнинг қафасларини эсладим.

21-асрда бу ҳол!

Қандай даҳшат!

Шўрликларни ўз туғишганлари билан ҳам қўл бериб кўришишга изн беришмади. Нима улар одам сўйганларми? Тўғри сўзлари учун ўтирибдилар. Каримовнинг ёвуз командаси сабабли.

Ваҳоланки, тўртови ҳам президент Мирзиёевнинг сиёсатини қўллаяпти. Юракларидан.

Мен ҳозир қайси асрда яшаётганимга ҳам ишонмай қолдим.

Суд якунида вужуди бир парчага айланган Гавҳаржон аяни йиғлаб-йиғлаб гапираётган сўзларига чидай олмадим. Юрагим эзилди. Онанинг қизлари, ўғиллари ҳам куйиб бўзладилар.

Шоира опамиз Дилором Исахқова онаизорни қучоқлаб, суяб, овутувчи сўзларни айтсада, онажон ўзини ҳеч босолмаяпти.

Кўзда ёш, қалбида изтироб билан Гавҳаржон ая ўғлининг тақдирига бепарво бўлмаган барчага ташаккур айтишни унутмади. Яхшиликни Ўзбекистон ҳаётига, тақдирларига улашиб бораётган президент Шавкат Мирзиёевга раҳмат айтишни унутмади.

ОНАЖОН, ИЛОҲИМ  ЮЗИНГИЗ ЕРГА ҚАРАМАСИН!

ЎҒЛИНГИЗ ЮРТИМИЗНИ БОТҚОҚҚА БОТИРГАН УЛКАН “ДЕВ”ЛАРГА ҚАРШИ ҚЎЛДА ҚАЛАМ БИЛАН КУРАШ ОЛИБ БОРГАН.

ТЎҒРИ ЙЎЛДАН БОРГАН.

ЭЛИМ ДЕБ ЯШАГАН, ЮРТИМ ДЕБ ЯШАГАН.

ХУДО ҲОҲЛАСА, ЯҚИНДА ОЗОДЛИККА ЧИҚАДИ.

ИРОДАЛИ ЙИГИТ!

ХУДО ҲОҲЛАСА, ҲАММАНИНГ ЮЗИ ЁРИШАДИ.

ҚУВОНЧЛИ КУНЛАР КЕЛАДИ!!

Бугунги суд кунида адолатли қадамлар ташланган экан, демак, янги давр бошланди. Янгича ҳаёт бошланди.

Ҳар кимнинг эшигига адолат шамоллари кириб боришига ишонаман! Мутлақ ишонаман!

Муаллиф: Гулзамон АКБАР

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи 1 млн 350 минг сўмга яқин экани маълум қилинди

14 декабрь куни ХПКда бўлиб ўтган сессияда Ўзбекистонда ўртача ойлик даромад қанча эканига ойдинлик киритилди. Давлат статистика қўмитаси раиси Баҳодир Бегаловга кўра, шу ...

Эллигинчи йиллар манзаралари (давоми)

Ниҳоят, айлана-айлана Тошкент-Термиз бетон сўқоғига чиқдик.  Ўттиз-қирқ  дақиқалардан  сўнг Жиззах ўлкасига кириб келдик. Қанча-қанча текширув постларини кечиб. Ҳар бир пост ...

Қозоғистон парламентида оав тўғрисидаги қонунга зид ўзгартиш киритилди

Қозоғистон парламенти Мажлиси чоршанба кунги ялпи мажлисида аxборот ва коммуникация масалалари бўйича айрим қонунчилик актларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400