Ўзбек озод ва бой бўлсин

 

Мулкдор интернет журнали, ТВ ва Радио сайтининг очилиши 

“Хозирги замонда мақсудга етмак, ўз миллатига хизмат қилмак, халқга мақбул      бўлмоқ учун илм ва мол лозимдир”   Абдулла Авлоний

Баҳодир Чориев
Баҳодир Чориев

Ўзбекистон “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати тарафидан янги “Мулкдор” интернет журнали, ТВ ва Радио сайтининг очилиши қатор муҳим омиллар билан белгиланади. Ватанимиздаги ҳукумрон диктатор ва унинг маддоҳлари кўп маротаба, мухолифатчилар бирон бир амалий, ижобий дастур, таклифни илгари сурмаган ёки бирон бир амалий, ижобий  ишга қўл урмаган деб шов-шув кўтарадилар.

Бу иддаоларнинг ғирт ёлғонлиги “Бирдамлик”ни деярли ўн йил давомида илгари сурган ва Ўзбекистонда на фақат нозўравон фуқаровий инқилобни амалга ошириш, балки иқтисод, тадбиркорлик, жамият, ҳуқуқ ва маънавият соҳаларидаги муаммоларни ҳал этишга қаратилган кўплаб дастурлари, иқтисод-бизнес режалари ва таклифлари умуман инобатга олинмади. Аксинча ҳукумат ва унга хизмат қилувчи оммавий аҳборот воситалари, ушбу Ҳаракатимиз илгари сурган  дастурлари, режалари ва таклифларни ўрганиш ва уларга конструктив муносабатда бўлиш ўрнига, ўзини уларни кўрмаганга олди.

Совет Иттифоқи парчаланиб, Ўзбекистон мустақил бўлгач, Марказий Осиё регионидаги энг забардас индустриал-аграр мамлакат ва юқори малакага эга кадрлар маскани бўлгани кўпчиликка аён. Лекин ўзини кўп маротаба, “мен аввало “иқтисодчи”ман, сўнг “сиёсатчи”ман”, деган Ислом Каримов, на иқтисодни, на сиёсатни эплай олди. Дуруст ишлаб турган заводлар, фабрикалар, қишлоқ хўжалик корхоналари ва жамоаларини техник-технологик  ускуналари ва умуман шаҳарлар, қишлоқларда мерос сифатида қолган юқори даражадаги индустриал-технологик тизимлар, бирлашмаларни талон-тарож қилинишига бош бўлди, арзимас пулга сотиб юбортирди.

Тараққий этган, демократик мамлакатлардан ўрганмади, ибрат олмади. Аксинча зўравонлик, порахўрлик, адолатсизлик ва ҳар қандай ўзгача фикрловчиларни аёвсиз таъқиб қилишга таянган мустабид тузим яратди.

Диктатор бозор иқтисодига ўтишнинг аҳамияти ҳақида жуда кўп маърузалар қилди. Лекин амалда хусусийлаштириш, мулкдорлар синфини шакиллантириш, тадбиркорликни, фермер хўжаликларни қўллаш ва умуман нормал бозор иқтисодига ўтишни амалга оширмади. Бу сабаблар юртимиз ичида оммавий ишсизликка, қашшоқликка, болалар меҳнатидан оммавий фойдаланишга, табиий газ, электроэнергия, тоза сув таъминотини кескин ёмонлашишига олиб келди.

Оқибат 30 миллион Ўзбекистон фуқароларининг 7-8 миллиони ўзга юртларда, Россия, Қозоқистон, Жанубий Корея ва бошқа мамлакатларда, сарсон-саргордонликда, меҳнат мухожири сифатида ишлашга, яшашга мажбур бўлди.   “Улуғ миллатлар ҳеч қачон хусусий шахсларнинг исрофгарчилиги ва соғлом ақлга риоя қилмасликлари оқибатида камбағаллашмайдилар, аммо улар асосан давлат ҳокимиятининг исрофгарчилиги ва соғлом ақлга риоя қилмасликлари оқибатида камбағаллашадилар”- деган бозор иқтисодининг улкан назариётчиси Адам Смит.

Озодлик ва демократиянинг асоси мулкдорлар синфи, Конституция ва қонунларга таяниб яшаш ва ишлаш эканини диктатор ва уни ҳамтавоқлари яхши тушинадилар. Лекин уларнинг худбинлиги, пулга, мол-дунёга тўймаслиги ва жоҳиллиги оқибатида миллатимиз бошига мислсиз азоблар тушди. “Бирдамлик” бу оғир шаротидан чиқиш йўлини ўз Дастури, Қўлланма (биринчи), Қўлланма (иккинчи) ва Ҳаракат сайтида ўз ифодасини топган кўплаб, бошқа Нозўравон рангли Оқ тинч фуқоровий инқилобни Биринчи босқичини эълон қилиши, Ош – инқилобий босқичлар!, Ош – кўтар бош!, Ош –  оммавий шодлик!, Ош – қонун бўлсин бош!, Ўзбекистон фуқароларига Озодлик, Демократия ва Инсон ҳуқуқлари!, амалий тадбирлар ҳақидаги хужжатларда ва кўплаб мақолаларда кўрсатиб келмоқда. Бу маълумотларни янада кенг тарқатиш янги сайт вазифаларидан биридир.

“Мулкдорлик” сайтининг яратилиши иқтисоди пароканда давлат ва жамиятни  чўкиши, инқирозга юз тутишини кенгроқ, чуқурроқ ва замоновий тарзда тушинтириш, тарғиб этишга хизмат қилади. Юртдошларимиз улкан сиёсий ўзгаришлар билан бирга, туб иқтисодий ислоҳатларга тайёр бўлишлари керак. Бу муҳим ва катта ишга элдошларимизни хозирдан тайёрлаб боришимизда янги сайтни рўли жиддий бўлади деган умиддамиз.

Биз “Озодлик”, “Aмерика oвози”, “ББС”  радиоларининг ўзбек бўлимлари билан нормал муносабат ўрнатишга кўп уриндик. Аммо бу радиоларнинг ўзбек хизматлари ходимлари, нафталин иси бурқиб турган, эскитдан “доҳийлик”ка даъвогар бир шахсни (Салой Мадаминовни) этагини маҳкам ушлаб олганлар ва бунинг оқибатида бетарафлик, объективликдан анча узоқлашишган. “Озодлик” тингловчиларида радио раҳбари Алишер Сиддиқ Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати (МХХ)нинг таъсирига тушиб қолган бўлса керак, деган фикр туғилмоқда? Сабаблари кўп. Баъзиларини айтаман.

МХХ қилган жиноятларининг юздан бирини қилмаган Гульнора Каримова доимо радиони ҳужумида. Ахир бу МХХ манфаатига мос фаолият эмасми? МХХга қарши гапираётган диктатор қизини қўллаш маъқулми ёки МХХни? “Бирдамлик” нозўравон фуқаровий Оқ инқилобнинг биринчи босқичини эълон қилиши билан, “Озодлик”дан мухолифатчилар орасида МХХнинг “булбули” лақабига эга, “мустақил сиёсатшунос” Камолиддин Раббимов, “инқилоб мумкин эмас, бўлмайди”, деб жар солди. Менга ёки Ўзбекистондаги Ҳаракатимиз раҳбарларига сўз берилмади. Нега?

Чунки “Озодлик” ходимлари Тошкет ҳукуматига ва МХХга ёқадиган нарсаларни гапириш, элдошларимизни чалғитиш учун майда, Ўзбекистон аҳли учун аҳамиятсиз мавзуларни чайнаш билан бандлар. Бу йўқотишни маълум даражада тўлдириш учун ва умуман Ҳаракатимиз мақсадларини тизим сифатида тарқатиш ва кенг оммалаштириш учун янги “Мулкдор” интернет журнали, ТВ ва Радио сайтини очмоқдамиз.

Янги сайт барча ўзбеклар ва Ўзбекистон фуқаролари учун мўлжалланган. Шу сабаб ҳам биз сайтга турли манфаат ва турли савияли ижтимоий гуруҳларни ўзига жалб этувчи материалларни қўйиб бориш ҳаракатидамиз. Элдошларимиз юртимиздами ёки бошқа ўлкалардами фарқи йўқ, биз уларга сиёсий, иқтисодий, ишбилармончилик ва бошқарув илми ва амалиётидан ҳабардор этиб борамиз.

Албатта катта эътиборни  Ўзбекистондаги зўравонлик, адолатсизлик, ишсизлик сабабли хориж мамлакатларда меҳнат муҳожири сифатида фаолият кўрсатиб юрган миллионлаб миллатдошларимизга ва юртимиз ичидаги ва хориждаги ёшларга қаратишимиз керак деб хисоблайман. Ҳалқимизда, “ақл соҳиби ўқийди, ўрганади, аҳмоқ фақат ўргатади” деган нақл бор. Ёшлар ўқинг ўрганинг.

Шу ўринда ёшларга 2013 йил якуни асосида Forbes  журналининг аниқлашича, дунёнинг тўртинчи ва АҚШнинг иккинчи бой кишиси ва улкан саҳавоткор (филантроп), Уоррен Баффетни, хазил сифатида айтган қуйидаги сўзларини келтирмоқчиман: “Тўппонча қўллаб озгина пул ўғирлашдан, шарикли ручкадан фойдаланиб жуда катта миқдорда пул топиш ҳавфсизлироқдир”. Унинг бойлигини асосий қисми сармояни билиб йўллаш (инвестиция), турли компанияларнинг акцияларини арзонга сотиб олиб, қимматга сотиш билан яратилган. Бундай қила олиш учун кўплаб компанияларнинг реал аҳамиятини ва улар сотаётган акцияларини, ўз қийматидан паст нарҳда сотилаётганини тушиниш керак. Ўз бизнес фаолиятини шу йўналишда бошлаган Уоррен Баффет, 29 ёшида 5 миллион пулнинг эгаси бўла олган. Ёшлар ибрат олинг. “Мулкдор” интернет журнали, ТВ ва Радио сайти эса сизга бу борада ёрдам беради.

“Мулкдор” сайтимиз на фақат иқтисодий масалаларни, балки бу масалаларни сиёсатга таъсирини, жамиятда мавжур ижтимоий кучлар мувозанатидаги ўрини ва рўлини очиқлаб боради. Ҳаётда иқтисод, сиёсат, инсон ҳуқуқлари, маънавият ва тарих жараёнлари қандай номоён бўлса, янги сайт уларни шундай ёритишга уринади.

Янги “Мулкдор” сайти билан “Бирдамлик” сайти ўртасидаги муносабат, уларнинг  Ҳаракатимизга тегишли эканлиги билан белгиланади.  “Бирдамлик” сайти  илгаридек ўз сиёсий йўналишида, нозўравон фуқаровий кураш билан Ўзбекистонда деярли йигирма беш йилдан бери хукумрон диктаторни ағдариш ва ўрнига Мулкдорликка асосланган, халқ хокимияти, инсон ҳуқуқларига таянган озод, демократик ва фаровон  давлат, жамият барпо этишни зарурлигини, тарғиб қилиш фаолиятини давом этади.

Янги “Мулкдор” сайти эса  ушбу тарихий воқеаларнинг яқинлашишига ёрдам беради. Ватандошларимизнинг иқтисодий, тадбиркорлик, ҳуқуқий, сиёсий билимларини ошириш ва уларни мулкдор бўлишлари учун керакли кўплаб ахборот ва маълумотларни тез етказишни йўлга қўйиб.

Бу Ҳаракатимиз амалга ошираётган ишлар эса яқин келажакда юртимизда тинч инқилобий ўзгаришлар амалга ошишига ва ўзбеклар озод, ҳуқуқли, ўзига тўқ, бой бўлишига хизмат қилади деган умиддамиз.

Баҳодир Чориев,

Ўзбекистон “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатининг еткчиси   

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ўзбекистон “бирдамлик” халқ демократик партиясининг низоми

Лойиҳа ЎЗБЕКИСТОН “БИРДАМЛИК” ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИНИНГ НИЗОМИ ХАЛҚ ҲОКИМИЯТИ, ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ЗАМИНИДАГИ, ОЗОД ВА ФАРОВОН ЎЗБЕКИСТОН УЧУН! ЎЗБЕКИСТОН “БИРДАМЛИК” ХАЛҚ ...

“ муҳолифат ичидаги энг мард муҳожир…”

Мен Баҳодир Хон Туркистон билан ёзувчи Эврил Турон қаламига мансуб “Афсона ва Ҳақиқат” эссеси орқали танишганман. “Алпомиш” достонининг оҳангларини(!) қалбимда уйғотиб, фикр ...

Синовларда тобланаётган қаҳрамон

Бугун "Бирдамлик" Халқ демократик партиясининг Ўзбекистондаги раҳбари, таниқли сиёсатчи Қаҳрамон Маҳмуднинг таваллуд айёми! Қаҳрамон Маҳмудни ушбу қутлуғ сана билан ...