Ҳамма ўз ишини қилса…

Минг йиллардан буён таъкидлаб келинаётган бир ҳақиқат бор: давлат, жамият равнақ топиши учун ҳар ким ўз вазифани бажармоғи керак. Агар деҳқоннинг ишини ўқитувчи, фаррошнинг ишини шифокор, қурувчининг ишини молиячи бажараётганини кўрсангиз, бундай жамиятда адолат мезонлари бузилган, зўравонлик ва мантиқсизлик ҳукм сурар экан, деган хулосага бораверинг. Қуйида билдирмоқчи бўлган мулоҳазаларим ана шу ҳақда.

Хабарингиз бўлса, айни пайтда Жиззах вилоятининг Дўстлик туманидаги Манас қишлоғида «Обод қишлоқ» лойиҳаси амалга оширилмоқда. Сиртдан қараганда жуда муҳим ишга жуда кеч қўл урилмоқда. Нафақат Манас, балки тумандаги барча қишлоқ-фуқаролар йиғинлари йиллар давомида турли ижтимоий-иқтисодий муаммолар гирдобида қолди. Ичимлик суви, табиий газ, электр энергияси, йўл инфратузилмалари собиқ иттифоқ давридан буён қарийб янгиланмади, баъзи жойларда бутунлай узиб қўйилди ҳам. Қишлоқларда турмуш тарзини яхшилаш, шунча йиллар давомида эътибордан четда қолган ҳудудларни ривожлантиришга киришилгани таҳсинга сазовор. Аммо бу ишларни амалга оширишда юқоридаги таъкидлангани каби адолат мезонлари бузилмоқда.

Келинг, аввал «Обод қишлоқ» лойиҳасини амалга оширишда давлат ҳокимияти органлари, муассаса ва ташкилотлар ҳамда фуқароларнинг вазифа ва функциялари қандай бўлиши кераклиги ҳақида фикр юритсак. Менинг назаримда бу ерда давлат зарур инфратузилмалар – йўл, алоқа, ичимлик суви, табиий газ, электр энергияси таъминотини шакллантириши ва барқарор ишлашини, ижтимоий объектлар ҳамда давлат бошқарувидаги ҳудудларнинг ободлиги, озодалигини (маиший чиқиндиларнинг олиб чиқиб кетилиши) зиммасига олиши лозим. Кўп қаватли уйлар учун – уй-жой мулкдорлари ширкатлари, шахсий хонадонлар учун эса фуқароларнинг ўзлари масъул ва жавобгар бўлиши керак. Шахсий хонадонларни таъмирлаш, улар ҳудудини ободонлаштириб, экин-тикинга тайёрлаш – фуқароларнинг иши бўлиши керак, маблағ бўлмаса давлат тижорат банклари орқали кредит олишларига шароит яратиши керак, аммо ҳеч қачон бировнинг уйини тозалаш, ғишти, ғўзапоясини ташиш, томорқасини чопишга мактаб ва коллеж ўқитувчилари, ўқувчилар ва талабалар, давлат ташкилотлари ходимлари «ҳашар» баҳонасида жалб қилинмаслиги керак! Уларнинг ўз вазифалари етиб ортади шусиз ҳам!

Аслида шу «ҳашар» амалиётига чек қўйиш вақти келди. Бу удум ўтмишда ободонлаштириш бошқармаси, сув хўжалиги қўмитаси каби давлат ташкилотлари бўлмаган вақтларда умумий фойдаланишдаги объектларни тиклаш ва таъмирлаш, тозалаш мақсадларида уюштирилган. Ҳозирги амалиёт эса асосан давлат ташкилотлари ходимларини бепул ишлатиш, камига бир кунлик иш ҳақини олиб қўйиш шаклида амалга оширилмоқда. Бир кунлик иш ҳақи ўша ишчининг оиласини бир кун боқиши ҳам мумкинку ахир, қолаверса ҳашарда ҳамма ҳам ихтиёрий равишда қатнашаяптими? Менимча йўқ. Қолаверса, ҳар бир ташкилот таркибида хўжалик ишларига масъул ходимлар, хусусан боғбонлар, фаррошлар ва бошқалар ойлик олиб ишлайди. Тозалик ва ободончилик ишлари тўла равишда уларнинг зиммасида бўлиши шарт. Умумхалқ ҳашарлари учун ажратилаётган вақт ва олиб қолинаётган иш ҳақи ўша ходимнинг оиласи, фарзандлари, дам олиши ва бошқа шахсий эҳтиёжларига йўналтирилса, менимча адолат ўрнатилган бўлади.

Яна «Обод қишлоқ» мавзусига қайтсак. Манас қишлоғида айни пайтда иш қизигандан қизиган. Педагоглар, тумандаги ташкилот ва корхоналар, ҳуқуқ-тартибот органлари, банк-молия муассасалари ишчи-ходимлари, хуллас барча куч ва ресурслар сафарбар этилган. Агар бу лойиҳа бошқа қишлоқларга ҳам татбиқ этиладиган бўлса, аҳволни тасаввур қилаверинг: «ҳашар»га жалб қилинаётганлар (ҳокимми, прокурорми, халқ таълими вазирининг ўринбосарими ваҳоказо) аслида бажариши керак бўлган вазифаларда улкан бўшлиқлар пайдо бўлади. Улар қачон тўлдирилади, ўрни қандай қопланади?

Қишлоқдаги реал ҳолатдан хабардор инсон сифатида лойиҳага, умуман, барча ишларга муносабатни ўзгартиришимиз керак, деб ҳисоблайман. Барча ўз вазифасини виждонан ва адолат билан бажарса, ҳаммаси жойида бўлади, бир эмас, бутун мамлакатдаги қишлоқлар гуллаб-яшнайди.

Дўстлик туманидаги 14-мактаб жамоаси.

Ўртадаги аёл тумандаги «Баркамол авлод» маркази директори.

Коллеж ўқувчилари хонадонлар олдидаги ерларни чопиб бермоқда.

«Ёшлар иттифоқи» етакчилари.

Суратлар манбаси: t.me/obodqishloq

Муаллиф: Санжар Саид

Манбаа: sanjarsaid.uz

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Душанбе ҳокимияти аёлларни кўчадаги эркакларнинг одобсиз муомаласидан қўрғайди

50 дан ортиқ аёл Душанбе шаҳрининг ҳокими Рустами Эмомалига мурожат қилиб, кўчадаги эркакларнинг қўпол, одобсиз муомалаларидан қўрғашини илтимос қилишди. Бу ҳақида шаҳар ...

Хоразмда номаълум йиртқич бир ҳафтада 20 та қўйни бўғизлади

Ўтган ҳафтада Хоразм вилоятининг Шовот тумани Беруний қишлоғидаги «Уста-Ҳунарманд» маҳалласида номаълум йиртқич ҳайвон йигирмата қўйни ўлдирган, деб ёзмоқда«Дарё.уз». Фото: ...

Бир кредит тарихи: қарор бор, гаров бор — ижро йўқ

Халқимизда «шериклик ошни ит ичмас» деган мақол бор. Қуйида сизга ҳикоя қилиб бермоқчи бўлаётган воқеамизда ана шу мақолга ҳаётий мисолни кўриб, ота-боболаримиз бежизга бу ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400