ОТА  НОМИ  НАҚАДАР  УЛУҒ,  ОТА  НОМИ БУЮК  ЖАРАНГЛАЙДИ!!!..

Мутолаа эҳтиёжи!..  Бунинг нима эканлигини шу дардга йўлиққан одамларгина  янаям  яхшироқ тушунишади…

Узоқ муддат китоб ўқимай қўйсам, руҳий мувозанатимда аллақандай номунатосибликни сезаман. Нимадир етишмаётганлигидан жуда қийналаман. Сўнг туйқус англаб қоламанки, мени мутолаага бўлган эҳтиёжим ҳам қийнаяпти экан.

Мен болалигимда ўзим танлаб топган китоблардан ташқари қўлимга тасодифан тушиб қолган китобларни ҳам ўқиб чиқаверар эдим. Аммо ҳар сафар, кўпинча синфдошлар билан  китоб дўконига кирган пайтларимизда (биз шу қадар омадли, бахтли болалар эдикки, китоб дўкони биз ҳар кун мактабга қатнайдиган  йўлимизда, шундоққина йўл устида жойлашган эди. Китоб дўкони деразаси эса янги китоблар чиққан чиқмаганини бизга билдириб турувчи биз учун энг ҳаяжонли токча эди!..) шундай қилиб, биз ҳар сафар китоб дўконига кирган пайтларимизда  эртак китоблар излаб чарчаган болалик кезларимиздан тортиб то ўсмирлик йилларимизда бизни ўзига ром этган китоблар дунёсига шўнғиб кетгунимизчаям, аввало бадиий китоблар жавони бизни худди оҳанрабодек ўзига жалб этган бўлсада, одатда китоб дўконининг алоҳида қисмидан жой олган, тартиб билан териб қўйилган илмий адабиётларга оид китоблар жавони  ҳам  мен учун ўта сирли ва севимли ошён эди.

Йиллар ўтиб китобларни танлаб ўқийдиган бўлдим. Мустақиллик йилларида эса турли мавзуларга бағишланган  психологияга оид китобларни ўқиш, дунёга машҳур психолог ёзувчи ва олимларнинг китоблари билан ҳам яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдик. Бу эса айни мен излаган мўъжизвий дунёлардан бири эди.

Аммо ҳамма адиб ҳар хил ёзади, жумладан психолог адиблар ҳам.

Шу пайтгача ўзимни кам китоб ўқиган  китобхонлар сирасига киритсамда, бироқ  ҳар ҳолда унча мунча ўқиб қўйган китобсевар китобхон сифатидаги дид, савия ва тажрибамдан келиб чиқиб, шуни фахр билан айта оламанки, дунё миқёсидаги машҳур психолог адиб, Ўзбекистонлик Ватандошимиз НОРБЕКОВ китоблари буткул ўзгача!!! ЯНГИ УСЛУБ, ЯНГИЧА ЁНДОШУВ!..

Ташбеҳ, мулоҳаза, мушоҳада, олам ва инсонни англаш ва ҳис қилишнинг фақат Норбековгагина хос ўта нозик тасвирлари! Бунда ҳам руҳшунос, ҳам ёзувчи, ҳам олим, ҳам шоир, ҳам тадқиқотчи ҳам изланувчи, қисқаси буюк Сўз Устаси ва буюк Инсоншуноснинг, шунингдек,  яна бир икки муҳим эҳтиёж: Устоз ва Дўст каби Яқин кишингизнинг Қалб тафти, кези келганда талабчанлиги, кези келганда ҳамдардлиги ва хайрихоҳлигини ҳам ҳис қилиб турасиз!

Бир пайтнинг ўзида бир қанча эҳтиёжларимиз талабини ўзида мужассам этолган,Тафаккур ва Туйғуларимиз дунёсидаги уйғониш ҳолатига(!) ўхшаб кетадиган  бундай тўлақонлилик ҳолати лаҳзаларига эса  фақат даҳо адиблар асарларини ўқиганимиздагина  эриша оламиз.

Мен Норбеков китобларини ўқиганимда аввало буюк руҳшуноснинг фикрларидан ўзимга қувват ва хулосалар оламан. Адашиб юрган кўчаларимдан чиқиб, ниҳоят ўзим излаган тўғри йўлга тушиб олишим мумкиндек ҳис қиламан  ўзимни. Ва яна оддий ижодкор инсон сифатидаям, Норбеков китобларидан шу қадар кучли руҳланаманки, Норбеков китоблари психолог олимнинг китоблари бўлсада, ўзининг инсонга ўзига хос ёндошуви, тасвир услуби ва яна бир қанча  бетакрор жиҳатлари билан гўё даҳо Сўз Усталари – шоир, ёзувчиларнинг мукаммал ва  етук бадиий асарларидек таъсир кўрсатади менга!!!

Норбеков асарларида илоҳий оҳанглар бор, Қалб бор, Руҳ бор, Тафаккур ўзгачалиги, Вужуд навқиронлиги, Инсон илоҳийлиги ва ОЗОДЛИГИ бор!!!

Бугун ҳам мутолаага бўлган эҳтиёжим туфайли китобларим орасидан ўқиш учун айнан Норбеков китобларидан бирини танладим. Таниш саҳифалар ичидан мен учун ниҳоятда бебаҳо бўлган  сатрларни излайман, мавзуларни саралайман, такрор ва такрор ўқийман!..

Келинг, Сиз ҳам бир оз тингланг:

 “КЕЧИРИШ” мавзусига бағишланган саҳифалардан иқтибослар:

“ Панжара ортида иккита одам – эркак ва аёл. Яқинроқ борчи, балки уларга сенинг ёрдаминг керакдир? Тангрим! Бу ахир, ўшалар-ку.  Ҳа, худди ўзлари.

Ниҳоят. Ниҳоят, сен излаганларингни топдинг. Ўша сен қачонлардан бери қидираётганларинг!

Уларни назарда тутиб Тангри айтган эди: “Менинг ҳаворийларим сен учун.” Уларни сени дунёга келтирувчи қилиб танлади. Тангрининг марҳамати билан улар сенга ҳаёт беришди.

Булар сенинг Онанг ва Отанг, ахир!

Лекин нимага… Нима учун улар ертўлада?! Нима учун уларнинг қўллари боғланган?!.. Э, Худо, улар жуда қариб қолишган-ку. Уларнинг ҳаёти сенга ўтган, сен эса уларни нима қилдинг?!

Онангнинг лаблари атрофидаги мунгли ажинларга  диққат билан қара… Унинг ёшликдаги ёрқин, тўлиқ ғунча лаблари  сенинг лабларингга ўтган.

Отангнинг нигоҳлари қанчалик нурсиз бўлиб қолганини қара! Унинг кўзларида чақнаб турган нурни  ўзингга олдинг ва уларни очкўз қилиб қўйдинг.

Оқарган сочлар, ажинлар, юздаги мотамсаролик… Улар ҳеч қачон шу бугунгидек қари бўлишмаган! Ҳатто ўзинг ҳам уларни зўрға танимоқдасан. Албатта! Бу жароҳатларда сенинг ҳам қўлинг йўқ эмасми? Булар қилмишларинг меваси эмасми?!

Хўш, яқинроқ борасанми ёки қўрқяпсанми? Қўрқинчли, чунки ўртангизда анча гап-сўзлар ўтган. Бир-бирингизни тушунмаслик оғриғи, тоқатсизлик, аччиқланишлар, ранж-аламлар.Жуда кўп аччиқланишлар, жуда кўп ранж-аламлар.

Ўзинг етказган ранж-аламлар, азоблар, оғриқлар тошидан баланд девор ҳосил қилдинг. Энди бу девор  сизларни ажратиб турибди.Бу деворни қандай қурганинг эсингдами? Кундан-кунга, кундан-кунга, кундан-кунга уни қуришга шошилардинг, унинг баланд бўлишини хоҳлардинг. Мана сен ўз мақсадингга етдинг!

Ўша тошни эслайсанми? Энг катта, энг оғир, энг қўрқинчли тош, ўшанда айтган гапларинг…

Мана шу тош ўрталарингда туриб қолиб, барча кириш ва чиқиш йўлларини бекитиб ташлаган. Ўша тош билан бекилиб кетган темир эшик ортида  сенинг энг азиз одамларинг бандиликда азобланишяпти. Ўша тош сенинг юрагингда қолиб кетган.

Ахир ота-оналар фақат яхши кўришади. Уларда сенга нисбатан бўлган муҳаббатларидан  ташқари ҳеч нима йўқ. Уларнинг ҳузурига қачон борсанг ҳам сен учун қучоғи доим очиқ.

Нима учун Худо сени шу ота-онага фарзанд қилиб берди, сенга эса айнан шу Ота  билан Онани раво кўрди? Нима учун эканлигини сен билмайсанми? Нимага айнан уларни? Нима учун, нима сабабдан, нега сизларни бир умр бирга қилиб қўйди?

Рицарь! Қани қиличинг? Истак-хоҳишлар қиличингни ол! Сенинг битта хоҳишингнинг ўзи етарли. Яқинроқ кел, бир зарб билан бу деворни йўқ қилиб ташла!..

Бу қариялардан кечирим сўра! Улар сени яхши кўришган, ҳозир ҳам яхши кўришади, бундан кейин ҳам яхши кўраверишади. Улар доим сен учун яшашган ва бундан кейин ҳам сени деб яшайдилар. Улар бахтли бўлишингни, улардан ҳам яхшироқ бўлишингни исташади. Чуқурроқ ўйлаб кўргин-а, Худонинг ҳаворийларидан ҳам устун!

Бу чарчаган, қариган аёлнинг ёнига бор, елкасига қўлларингни қўй. Чуқур эҳтиром билан: “Онажон!” деб айт. Мана шу қисқагина сўзга бутун меҳрингни , илиқ туйғуларингни, бутун қалбингни жойла!

Яна ва яна “Онажон!” деб такрорла. Озод бўлаётган юракнинг ёқимли оғриғини ҳис эт! Ҳар такрорлаганинг сари ёруғроқ, ёруғроқ, ёруғроқ бўлишини кўрасан… Сен эҳтиром шабадасини ҳис этасан… Қайтиш интизорлигини ҳис қиласан… ва муҳаббат кўз ёшлари…

Қариб қолган, лекин ғурурини йўқотмаган бу эркакка “Ота!” деб мурожаат қил! Бу сўзни қайта-қайта айт! Шунча такрорлагинки, бундан қалбинг жўшиб куйласин, акс-садо берсин!

Қара, қара, қарагин – кишанлар узилмоқда! Улар кўз олдинга ёшариб, сенга қучоқ очмоқда, сени бағрига босиб, муҳаббатининг тафтини, қалб гўзаллигини, донишмандлигини бермоқчи!

Қарагин, улар энди жудаям ёшариб кетишди! Улар хурсандликларидан ҳам кулиб, ҳам йиғлашяпти! Уларга яқинроқ бориб қучоқлаб ол. Улар билан бирга бўл. Кўряпсанми, ўрмон энди олдингидек ваҳимали эмас…”

Мен Норбековдан ушбу сатрларни бирон марта бўлсин, кўзларим ёшсиз ёхуд қалбим йиғламасдан туриб ўқимаганман. КЕЧИРИШ мавзусига бағишланган ушбу саҳифаларда  менга,  айниқса, ота-онадан кечирим сўрашга ундаб ёзилган сўзлар(!) қалбимни энг кўп ларзага солган!!!..

Мен ҳатто ҳаёт йўлларимда йўқотиб қўйган ота-онамни қайта топгандек бўлганман!..  Бунинг учун эса Устоз Мирзакарим Норбековдан бир умрга чексиз миннатдорман!!!

Мирзакарим Норбеков фарзандлар ва ота-оналар ўртасидаги ришта ва муносабатларга диққатимизни қаратар экан, оддий  одамлар ҳадеганда илғаб ололмайдиган ўта нозик илоҳий жиҳатларни, туйғу ва ҳисларни  шууримизда англатиб,  қалбимизда уйғотиб юборади. Умуман олганда, ота-она мавзуси Норбеков мавзуларининг орасидаги  энг бош мавзулардан.

Бу мавзу чиндан ҳам илоҳий!..

“Қариб қолган, лекин ғурурини йўқотмаган бу эркакка “Ота!” деб мурожаат қил!”

Биргина сатр! Ундан олинажак, таассурот эса!..

Ота деган зотнинг ҳаётимизда тутган ўрни, унинг нақадар улуғ зот эканлигини англатувчи  туйғу ва фикрларни  бундан-да ошириб ифодалаш мушкул!

Аслини олганда, биз одатда  табиий қараб, унчалик ҳам аҳамият бермай келган, аммо доим амал қилиб келганимиз бир оилавий анъана бор: Каттами, кичикми гоҳида ўзбошимчалик билан бир иш бошлаш, қарорлар қабул қилиш, гоҳида хатоларга йўл қўйиб ютқазсак, гоҳида  эса муваффақиятларга эришиш, бу каби барча ҳатти-ҳаракатларимизда кўпинча  онамизга ҳаддимиз сиғиб, фикрларимизни баён этолсак, отамизга эса ҳа деганда, ҳар доим ҳам ҳаддимиз сиғмаган. Кўпинча,  бундай дамларда онамиз бизга гўё элчи вазифасини ўтаган. Ҳаракатларимиз отамизни хафа қилиши мумкин бўлган кезларда эса балогардон, ҳимоячи. Болалари ва оталари ўртасида хафачилик ва тушунмовчиликлар келиб чиқмаслиги учун  оналар доим ҳушёр ва ўзларини ҳамиша масъул ҳис этиб келишган. Ушбу муҳим вазифаларига эса бир умр амал қилишган. Нима учун? Чунки, болаларига бўлган чексиз меҳри-муҳаббатлари туфайли. Тағин оталарини норози қилиб қўйишмасин!

Оилада нималар бўлмайди дейсиз? Оналар эса оилани ана шу хавфдан ҳам доим ҳимоя қилиб яшашади. Чунки, “Ота рози — Худо рози”, деган маънавий анъана, илоҳий ҳақиқат бор.

Оталар оиланинг асоси, таянчи! Оталар оиланинг ори, ғурури!  (Шу жойга келганимда, “Отанг, билмасин”,  туркумидан бериладиган турк фильми ҳам ёдимга тушиб кетди…)

Аммо ҳаёт ҳар доим ҳам кулгу ва юморлардан ёки бўлмасам, болалик эркатойликларидангина иборат эмас. Биз ўз истак-хоҳишларимиз ва мақсадларимиз йўлида шиддат билан улғайиб борар эканмиз, кун келиб ота-онамизнинг кексайиб қолишганларини ҳам жуда кеч пайқаб қоламиз. Худбин қалбимизда тўсатдан (аммо афсуски, кўпинча ўз вақтида эмас) ғафлатдан уйғониш ҳисси пайдо бўлади: Ё, Тангрим! Мен ўз ота – онамга нисбатан нималар қилиб қўйдим?! Ахир улар менинг дунёдаги энг бебаҳо инсонларим эдику!!!

Менимча,  инсоннинг ўз ота-онасига нисбатан ҳис қиладиган қалб қийналишлари энг оғир дардлардан бири бўлса керак.

Фарзандлар ва ота-оналар ўртасида ҳам юз бериши мумкин бўлган англашилмовчиликлар эса киши қалбини жуда оғир жароҳатлайди. Қолаверса, одатда бизнинг ота-онамизга эмас, ота-онамизнинг бизга муносабати  ҳар биримиз учун ҳам азал азалдан  муҳим бўлиб келган ва ҳар доим ҳам  шундай бўлиб қолаверади.

Азиз ўқувчим, навбатдаги сатрларни ёзишим мен учун анчайин оғир. Аммо ижодкор табиатли инсон бўлганим учун,  кузатишларим жараёнида инсонлар тақдирига ҳеч қачон бефарқ бўлолмаганим учун ёзмасдан ҳам туролмайман!

Бунгаям анча бўлди. Кунларнинг бирида қайсидир бир ижтимоий тармоқда қуйидаги видео лавҳага дуч келиб қолдим:

Унда бир пайтлар ўзбек ёшларининг севимли Етакчиси, Ўзбекистондаги ранг-баранг мунтазам янгиликларнинг муаллифи, мамлакатда янгича кўтаринки руҳ ижодкори, ҳамиша изланувчан ва интилувчанлиги билан халқ назарига тушган, аммо тўсатдан ўзининг халқ учун кашф қилган барча қувончу  янгиликлари ва  ютуқлари билан эл кўзидан ғойиб бўлган, эвазига ҳозиргачаям тўлиқ  ўз исботини топмаган гап-сўзларга қолган Гулнора Каримованинг тутқунликдаги ҳаётидан  хабар берувчи қисқагина видео лавҳа эди.

Лавҳада Гулнора Каримованинг Отаси билан учрашишга бўлган ҳаракат ва интилиши аммо орган ходимлари томонидан кучли қаршиликка учрагани тасвирга олинган.  “Отец, отец!!!” дея надомат ила қичқирган, чорасиз  қолган  Гулнора.

 Ушбу лавҳани ҳам оддий инсон, ҳам ижодкор сифатидаги шуур ва нигоҳим ила кузатар эканман, бир ҳақиқатни аниқ ҳис қилдим: Гулноранинг Ота деган буюк зотга нисбатан муносабати, меҳри ва интилиши ўта самимий, англашилмовчиликларни ойдинлаштиришга нисбатан эҳтиёжи  эса ўта надоматли эди.

“Раҳбар ҳам оддий одам”, деган эди Ислом Каримов журналистларга ўзининг сўнгги интервьюлари чоғида. Ана шу маънода Гулнора Каримова ва Ислом Каримов ўртасидаги муносабатлар айни пайтда сиз ва мен каби оддий одамларга хос,  ота ва бола муносабатлари ҳам эди.

Қайси биримиз ота-онамиз олдида ҳеч қачон хато қилмаганмиз?!

Қайси биримиз қачонлардир  англашилмовчиликлар гирдобида қолиб кетмаганмиз?!

Эсингиздами, болалигимизда ноҳақликка дуч келсак, ёки ҳақлигимизни исботлай олмасак, кўз ёшларимизни тиёлмас эдик. Йиғлаб бўлганимиздан сўнг ҳам анча пайтгача хўрсинишларимизни тўхтатолмасдик.

Гулноранинг отасига “Отец!” дея мурожаат қилгани табиийки, кўпчиликда танқид қилиш истагини ҳам уйғотгандир.  Аммо келинг, шу жойда бир оз бағри кенгроқ бўламиз ва масалага бир оз бошқа жиҳатдан ҳам ёндошамиз: Ота ва Отец сўзлари  қандайдир ҳамоҳангликда жаранглайди. Шундай эмасми?!  Илоҳийликнинг ҳам қандайдир ўзига хос сирлари бор!.. Аммо илоҳийликнинг миллати йўқ…

Ҳамма миллатларда ҳам оталар фарзандлар учун ғурурини йўқотмайдиган энг ҳурматли зотлар бўлиб қолаверадилар.

ОТА НОМИ МУҚАДДАС УЛУҒ, ОТА НОМИ БУЮК ЖАРАНГЛАЙДИ!!!

ОТА НОМИ НАҚАДАР УЛУҒ, ОТА НОМИ МАҒРУР ЖАРАНГЛАЙДИ!!!

Муаллиф: Дилфуза ЛАНГАР

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Эсини киргизди

15. ЭСИНИ КИРГИЗДИ «Кундашлик уйда кунда жанжал» деганлар. Албатта буни айткучи киши ўйламасдан ва билмасдан айтмагандир. Жилла, ҳар куни жанжал бўлмағанда ҳам ҳафтада, ўн ...

Абдулла  қодирий  номидаги  ўзбекистон  республикаси давлат мукофоти

АБДУЛЛА  ҚОДИРИЙ  НОМИДАГИ  ЎЗБЕКИСТОН  РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ МУКОФОТИ -ЎзРнинг  бадиий  ижод  соҳасидаги  илк  олий  мукофоти. 1991 йил  6 февралда  таъсис  этилган. Ушбу ...

Чингиз айтматов:қиёмат 13-қисм

Ярим кун ҳам ўтди. Поезд Волгабўйи ерларидан кетиб борар, купе вагонларда ҳамма узоқ сафар  тадоригини  кўриб,  жойлашиб  олган,  Авдий  Каллистратов  тушган  умумий  ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400