БИЗГА КУЧЛИ ТАНҚИДЧИЛАР КЕРАК

Ўзбек адабиёти ва санъатига назар ташлар эканмиз, устозларимиздан қолган адабий мерослар билан фахрлансак арзийди. Бу мерослар, истиқболимиз йўлини ёритгучи маёқлардек нур сочиб турибди. Ёзувчилик ёки шоирликни даъво қилган киши, адабиёт ҳақида ўз нуқтаиназарига эга бўлиши лозим. Адабиёт ҳад-ҳудуди йўқ, чексиз бир олам, мангуликка дахлдор илохий неъмат. Агар адабиёт бўлмаганида инсоният бу қадар камолга етмаган бўларди. АДАБИЁТ – инсоният ўйлаб топган энг буюк кашфиёт.

Мақола муаллифнинг “Фэйсбук” саҳифасидан олинди

Аммо у жуда қудратли ва дахшатли қурол. Баъзи бир адабиётлар инсониятни ақлдан оздириши турган гап. Масалан, Гитлернинг “Менинг курашим”, Альфред Розенбергнинг “Йигирманчи аср афсонаси”, Маркснинг “Капитал”, Лениннинг “Нима қилиш керак?” каби асарлари ҳам ўзига хос адабиёт. Бундан чиқди адабиётнинг, атом қуроли каби фойдаси ҳам зиёни ҳам катта. Фашизм ва коммунизм ғоялари ўз умрини яшаб бўлди. Уларга дахлдор адабиётлар тарихнинг чанг босган тахмонларидан жой олди. Лекин бунга қадар қилар ишини қилиб, инсониятнинг ярмини қотил, ярмини мақтулга айлантирди.

Бугунги дунё адабиёти ҳам мутлақо соғлом эмас. Оммавий маданият, экстремизм ва миллатчиликка хизмат қилувчи адабиётлар соғлом онг эгасини қўрқитиб юборади. Адабиёт, яратгучи Раҳмонга ҳам, бузғунчи Шайтонга ҳам хизмат қила олади. Халқимиз томоша қилиб ўтирган барча хорижий кинолар, сериаллар, мультфильмлар, спектакллар бадиий адабиётнинг махсули хисобланади. Уларни бизга ўхшаган ижодкорлар ёзиб, сахна ва экранларга узатиб ўтирибди. Адабиёт илгари китоб, журнал, газета сахифаларида фаолият кўрсатган, энди эса у ўз фаолият майдонини ўзгартирди, кенгайтирди. Яъни, лойихалар, сценарийлар ва хоказо… Адабиёт ҳеч қачон ўз фаолиятини тўхтатган эмас. Унинг миришкорлари кино, радио ва телевизион студияларда ўтиришибди.

Ажнабий адабиётчилар ўзга миллатларнинг миллий мафкурасини синдириш мақсадида, ўз ғояларини олға суриб, ўша ғояларни жозибали равишда тарғиб қилишяпти. Минг турли уйдирмалар аудио ва видео воситасида инсонлар онгидан жой оляпти. Болаларимиз бегона миллат қахрамонларига эътиқод қўйиб, ўзлигимизни тобора унутиб боришяпти.

Халқимизда “орзуга айб йўқ”, деган ибора бор. Аксинча, биз эзгу ғояларимиз билан ўзга миллатлар онгига кириб борсак-чи? – Бу орзуга эришишнинг иложи бор, албатта. Қачонки ижодкорлар бир-бирига қарши эмас, бир ёқадан бош чиқариб, разолатга қарши курашса, бу эзгу орзу амалга ошади. – Демак, жамоа бўлиб ишлаш керак? Ижод ёлғизлик махсули эмасми? – Асар ёзилиш даврида шундай бўлиши мумкин. Лекин истеъмолчига етказилгунча, унга кўплаб ижодкорларнинг меҳнати синади. Асосий сўзни эса танқидчи айтади.

Адабиёт ва санъат, кучли танқидчиларсиз ривожлана олмайди. Афсуски, кучли танқидчилар хозир жуда кам. Биринчидан, уларни ҳеч ким ёқтирмайди. Иккинчидан, уларга юқори даражада қалам ҳақи тўланмайди. Аслида, танқидчи олимларга каттароқ хақ тўлаш керак. – Сиз бир асарни йиллар давомида меҳнат қилиб ёзасиз, танқидчи бир соат ўтириб, китобингизни дабдала қилади. Шу хизмати учун унга катта ҳақ тўлаш керакми? – Ҳа! Агар у адабий тил меъёрини, барча адабий жанрларни, диний ва дунёвий фалсафаларни ўзлаштирган танқидчи бўлса, адолат ва ҳақиқат қоидаларига амал қилиб ишласа, бундай алломани ҳатто адабиёт тахтига ўтқазиб қўйса бўлади.

Масаланинг яна бир нозик томони ҳам бор. Агар танқидчи ғаразга берилиб, ёмон асардан хикмат, яхши асардан иллат қидиришга бошласа нима бўлади? – У ҳолда, бу шаҳс танқидчи хисобланмайди. Бундай ғаразгўй устакор гапдонлар адабиётга путур етказиб, афкор оммани йўлдан адаштиради. Замонавий адабиётга янгилик билан кириб келаётган ижодкорлар йўлини тўсади. Ўзига керакли кишиларни хаспўшлаб, кераксизларини ерга топтайди ёки иложи борича номини зикр қилмайди. Ўзи ўтирган минбарга бировни яқинлаштирмайди. Адабий жамиятда мухолифатни юзага келтириб чиқаради. Натижада миллий адабиёт матрослари исён кўтарган кемадек, тўфонлар измида қолиб кетади. Бундай кишилар жуда ҳавфли одамлар. Бир сўз билан сизни чилпарчин қилиб, катталарга-ю кичикларга ёмон кўрсатиб қўяди. Истеъдотли ғаразгўй жуда хавфли рақиб. Адабиёт равнақини кўзлаган танқидчи маълум бир шахсга эмас, адабиётдаги нуқсонга қарши курашади.

19-аср адабиётида рус намоёндаси Белинский улуғ танқидчи сифатида эътироф этилади. У рус адабиётнинг илм-фан даражасига кўтарилишида муҳим рол ўйнади. Адабиёт майдонига Белинский келмаганида, Пушкин ҳам ўз даражаси қадар юксала олмаган бўларди. Агар бизда шундай кучли танқидчи пайдо бўлса, ўзбек адабиётини жахон адабиёти даражасига олиб чиқади. Ўзбек адибларининг ўртасида пайдо бўлган танқид ва тақризларга ишончсизлик, адабий асарлар камолига путур еткизди. Танқидчи – адабиётнинг отаси, махмадона боласи эмас. Унинг мақоми донишманд файласуф даражасида туради. Қайси ақлли ота, хато йўлдан кетаётган боласига тилёғламалик қилиб, елкасига қоқади? Эртага боласи жувормак бўлиб кетишини нахотки ўйлаб кўрмаса? Қайси мутафаккир ота, дунёга соф назарда боқиб, бурро сўзлашга бошлаган боласининг оғзига уриб, уни соқов қилади?

Ўзбекистонда ёзувчилар жуда кўп, ўзбек адиблари тинимсиз ижод қиляпти. Бизнинг асарларимизни харёқлама ривожлантириб, тўғри йўлга солиб, саралаб бериш даври келди. Бу жараённи адабий танқидчилик санъати белгилаб беради. Мен беғараз танқидчиларни улуғ устозлар даражасида кўраман. Адабиёт мезонини айнан адабий танқид белгилайди. Ижодкорларни ғафлат уйқусидан уйғотади. Эсингизда бўлса, асирликдан қутилиш учун қанот ясаган Дидал, ўғли Икарга қуёшга яқин учмасликни ўқдиради. Улар қанотларни тақиб парвоз қиладилар. Икар отасининг ўгитини унутиб, парвоз суруридан завқланиб, юксакларга кўтарилади ва қуёшга яқинроқ учади. Натижада қанотларидаги мум эриб, пастга қулаб халок бўлади. Танқидчи – оқил Дидал, ижодкор эса санъат осмонига кўтарилиб, завқу шавққа берилган баландпарвоз Икар.

Ижодкор ўз камчилигини ўзи аниқлаб, нуқсонларини тузатиб, яхши асарлар ярата олиши жуда мушкул. Масалан, мен ўз хато ва камчиликларимни тўлиқ хис этолмайман. Уни кимдир хисобини чиқариб, хатоларимни тўғрилаб, хушёрликка чақириб туриши ҳам керак. Ўн йиллар аввал ёзган нарсаларимни ўқисам ёки томоша қилсам, пушаймон бўламан, асабим бузилади. Шу сабабдан, янги асарим битиши биланоқ ўқиб берадиган одам излайман. Агар ўша одам юксак савияли танқидчи бўлса фойдаси тегади. Аксинча бўлиб чиқса, унинг етказган жароҳати бир-икки йилга татийди.

Замонавий танқидчиларнинг орасида саводсизлари ҳам етарли. Хозирда асосан, муҳаррирлар танқидчилик мақомига ўтириб олишган. Асаримни ўқиб чиққан бир мухаррир: “Ака, сиз кўп жойда “шилви” сўзини ишлатибсиз, шеъвадаги сўзларни адабий асарга киритмаслик керак, шуни инобатга олиб, биз шилви сўзини қамиш сўзига алмаштириб қўйдик”, деди. Болалигимизда “Шилви” деганда ажинахона, чангалзорли хилват жойларни тушунардик. Шеъва бўлса бордирда, адабий асарларда бу сўз кам учрайди”, дерсиз? – Лекин шилви сўзи ҳеч қандай шеъва эмас. Ботаниклардан сўранг. Улар сизга шилвидошлар туркумига мансуб, элликдан ортиқ бўта ўсимлиги борлигини исботлаб беришади. Бу атама катта энциклопедияга ҳам киритилган. Агар ўша мухаррир, мен ёзган жумлани ўчиришдан аввал энциклапедияга бир қараб олганида ёмон бўлмасди. Китоб ўқишга эринади, лекин тусмоллаб фикр юритиб, ўзича ечим чиқаришга уста. Асарни тўмтоқ қилиб бериб, уни безаб қўйдим, деган даъвони ҳам қилади.

Нима қилиб бўлса-да, танқидчилик тизимини мукаммал ишга тушириш керак. Масалан театрни олайлик. Одатда танқидчилар, спектакль халққа топширилгандан кейин айюханнос солиб асарни айблашади. Ҳа, ёмон махсулот танқид остига олиниши табиий ҳол. Лекин ўша ёмон махсулот театрчилар ва киночиларнинг қўлига етиб келмай тўхталиши, ёки мукаммал ҳолга келтирилиши керак. Ижодкорлар умрини, давлат маблағини исроф қилиш инсофдан эмас. Махсулотларнинг ёмони ҳам, яхшиси ҳам катта машаққат билан дунёга келади. Демак, сахнага қўйиладиган хар бир асар танқидчилар уюшмаси томонидан кўриб чиқилиб, тасдиқдан ўтказилиши мақсадга мувофиқ. Бундай назорат тизими маълум даражада жорий қилинган. Афсуски бу тизим ижодга қарши йўналтирилган куч, уни ривожлантиришга эмас. Бу тизим қадимги цензуранинг ўзгачароқ кўриниши, холос.

Хозиргача театр ва кинога бағишланган мукаммал бир журнал йўқ. Бори ҳам тўртта санъаткорнинг сурати ва бир қолипдаги мақолаларни ёритади. Бу нарсалар кўзинг кўриб турган нарсани, мана бунга қара дейиш билан баробар. Шундан кўра, кичик тиражда санъаткорлар учун махсус журналлар чиқариш, уларда сахна ва экран асарларини чоп қилиб бориш нахотки қийин бўлса? Ахир бундай журналга ҳамма режиссёрлар ва актёрлар, адиблар ва драматурглар, сценаристлар, энг муҳими, танқидчилар обуна бўлишади, агар унда ёлғон-ёпилдоқ мақолалар ва хар куни телевизорда кўринаётган арбоблар сурати бўлмаса.

Драматургия журнали жорий қилинса, ижод оламига кириб келаётган янги истеъдотлар ва таниқли устозларнинг янги ижод намуналари чоп этиб турилса, адабий танқидчилар уларни мушохада қилиб, фикр ва мулохазалар ёзишса, нур устига аъло нур бўларди. Ўттиздан ошиқ театр ва юзлаб кино студиялар пьеса ва сценарий қидириб ўтирмасди. Бу журнал ҳатто телевидениянинг драматургияга оид ишларини ҳам жадаллаштиришга хизмат қилади. Адабиёт ва санъат олийгоҳларида ҳам ўз ўрнини топади. Ёзиш иқтидорига эга кишиларнинг шаклланишига фойдаси тегади. Улар драма ва сценарий ёзишни мустақил ўрганиш имконига эга бўладилар.

Яна бир нарсани унутмаслик лозим. Демократия экан деб, хар қандай нарсани оммалаштириб бўлмайди. Халқимизнинг дидига тўғри келмайдиган томошалар ва адабиётлар иллат ва офат эканлиги ўз исботини топган. Адабиётнинг ўта вайронкор қудратини ҳам эслаб ўтдик. Адабиёт ва санъатдаги эркинлик иллатини европа хазм қила олмай, оммавий маданият балосидан қийналиб ётибди. Ғарб адабиёти оммавий маданиятнинг бешиги бўлиб хизмат қилди, десак ҳам янглишмаган бўламиз.

Санъат кейинги даврда тажриба майдонига айланиб қолди. Баъзан, томоша залида ўтириб, қайси хаваскорлик тўгарагида ўтирибман, деган хаёлга борасан. Бу хато оқибатида миллий санъатимиздан томошабиннинг кўнгли совиб, ажнабий махсулотларга боғланиб қолади. Уни миллий ўзанларимизга қайтариш қийинлашади. Айниқса театрга томошобинни қайтариш муаммоси чигаллашади. Ўйлаб кўрсангиз, аслида театр муъжизалар майдони. Агар махоратли ансамбль олий даражада ишласа, томошабин қаерда ўтирганини ҳам унутиб қўйиши мумкин. Афсуски, хозир аҳвол бундай эмас. Театр санъатида ҳам, кино санъатида ҳам адабий эмакдошлар, бадиий кенгашлар фаолият юритади. Улар эса ўз вазифасини тўла-тўкис бажармаяпти. Бажарганида бу аҳволга тушмасдик. Номигагина сайланган адабий эмакдош, директор топшириғи билан ишлаб юрувчи ходим. Бадиий кенгаш аъзолари эса нуфузли шахслар измидаги “менга нима, сенга нима” қабилидаги кишилар.

Бадиий асарларни танқид остига олиш ёки уларни химоя қилиш ҳазилакам иш эмас. Кайфи бор тиш доктори касали қолиб, соғ тишни сўғириб олганидек, танқидчи ҳам жуда кучли асарни майиб қилиб қўйиши мумкин. Қисқаси, бугунги адабиёт чинакам танқидчиларга мухтож. Биз кутган танқидчининг зиммасига қандай вазифа қўйилади? – Ижод оламидаги кучли ғоялар ва ютуғларни химоя қилиб, барча нуқсон ва иллатларни йўқотиш. Айниқса адабий тил меъёрини сақлаш. Бадиийликни янги замон ва янги онг даражасига юксалтириш. Хозирги истеъмолчининг онги ва диди жуда юксак.

Боғча ёшидаги набирам телефон сирларини мендан кўра кўпроқ билади. Болаларнинг барчасида ўзига хос кучли қобилият бор. Бундан баъзан қўвонасан, баъзида қўрқиб ҳам кетасан. Қанчалар техникавий ютуғлар тўфони остида яшаяпмиз. Бугунги авлод онгини забт этиб, унга хикмат ўргатиш жуда-жуда мушкул. Биз кўпроқ китоб мутолааси ортидан дунёни кашф этганмиз. Фарзандларимиз эса интернет, телевизор, компютер, телефон воситасига боғланиб қолдилар.

21-аср тараққиёти китобнинг қисматини оғирлаштирди. Лекин қисматдан нолиб ўтириш, тешилган эски кемани ямаш билан баробар. Энди ана шу янги воситаларни ўзлаштириб, уларни пухта эгаллаб, улардан унумли фойдаланиш керак. Бунинг учун қизиқарли китоблар, журналлар, аудио-китоблар, теле-романлар, бадиий фильмлар, спектаклларга мурожаат қилишимиз керак. Яратилган бадиий асарларимиз жуда кўп. Кучли адибларнинг ижод махсулини тузатиб, саралаб, уларни драматургия тилига ўгириб, экранга, сахнага олиб чиқиш даври келди. Халқимиз ўз қудрати ва гўзаллигини англаб, ўзини кашф этиши, хулқ-атворига илашган иллатлардан покланиши, якдил яшашга ўрганиши учун жуда кўп ижодий махсулотлар керак. Фақат, бу асарларнинг хар бири фан даражасига кўтарилган бўлиши шарт.

Муаллиф: Нурилло АББОСХОН

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Жар

18. ЖАР ... Бу кун соат ўн иккида Отабек ила қутидорнинг исён-чилиқ гуноҳи билан дорға осилишларини жарчи шаҳарга хабарлаб юрар ва халқ оғзида Отабекларнинг ...

От кишнаган оқшом (қисса) 18-қисм

18 Кейин... кейин, ўзимнинг-да, араз феълим тутди... Биродарлар, сизга бир нима айтайинми? Мен араз уришни яхши кўраман! Ўлайин агар-а! Ой туғади, ўттизида тўлади. Шу ойда ...

Чингиз айтматов:қиёмат 38-қисм

Бозорбой  кўл  бўйларига,  таниш  яйловларга  яқинлашган  сайин  ўзига  ишончи  ортар, дадиллашарди.  Олган  ўлжаси  билан  мақтангиси  келиб  қолди.  Чўпон  улфатларимдан ...