Қозоғистонда рўмол ўраган ўқувчи қизлар иккинчи йилга қолдирилиши мумкин (видео)

Қозоғистонинг Оқтобе вилояти таълим бошқармаси 13 март куни баёнот бериб, рўмол ўраб келиш тақиқлангани боис дарс қолдирган ўқувчи қизлар иккинчи йилга қолдирилиши мумкинлигини маълум қилди.

Вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида бошқарма бошлиғи Лаззат Оразбаева айни дамда мазкур масала бўйича Таълим ва фан вазирлиги билан маслаҳатлашувлар олиб борилаётганини маълум қилди.

Унинг сўзларига қараганда, бугунги кунда минтақа мактабларида рўмол ўрашни тақиқловчи “мажбурий мактаб формаси талабларини бузган” ҳолда дарсга қатнамаётган 72 нафар ўқувчи қиз бор. Унинг айтишича, мавжуд муаммо Олға ва Мугалжар туманларида анча долзарб бўлиб турибди.

—2018 йилнинг январь ойи ҳолатига кўра минтақада 340 нафар рўмол ўраган ҳолда мактабга қатновчи қиз бор эди. Бугунги кунда улардан 268 нафари рўмолни ечди. Рўмолни ечишни истамаган 32 ўқувчи Олмаота ва Чимкент шаҳарларига кўчиб ўтишди ва айни дамда ўша шаҳарларда таълим олишмоқда, — дейди Лаззат Оразбаева.

Вилоят дин ишлари бошқармаси раҳбари Жолдас Калмагамбетовнинг айтишича, “мактаб формаси талабларига риоя этмаётган” 72 ўқувчи қиз 16 ёшга етганидан кейингина рўмол ўраши мумкин экан.

Ўқув йили бошидан бери Остона ва Оқтобе судлари қизларининг дарсга рўмол ўраб бориши юзасидан ота-оналар томонидан берилган аризаларни қаноатлантиришмади.

Аудиолар