“Мухолифатчилар кимлар?”га жавоб” мақоласини ўқиб

“Mulkdor.com” сайтида эълон қилинган “Мухолифатчилар кимлар?”га жавоб” деб номланган мақолани ўқиб рости қаттиқ таъсирландим. Мақола журналист Санжар Саиднинг мухолифатчиларга доир кескин ва салбий фикрларига жавобан ёзилган бўлиб, унда бугунги мухолифат, кечаги ва бугунги журналистиканинг аянчли аҳволи, мухолифат орасида “фаолият” юритаётган айрим одамларнинг тутумлари, хатти-ҳаракатлари очиқ-ойдин баён қилинган.

Фурсатдан фойдаланиб, мен ҳам муаллиф Баҳодир Хон Туркистоннинг ушбу мақоласига доир ўз фикримни ёзишга қарор қилдим. Менинг фикрим, муаллиф ва журналист ўз мақолаларида куюнчаклик билан айтган, яъни мухолифатчилар орасига раҳна солишда устаси фаранг бўлмиш Исоқжон Зокировга тааллуқлидир.

Исоқжон Зокировнинг мақсад-муддаоси не?

Мен Исоқжон Зокиров билан Facebook орқали танишганман. Ҳаётда ҳеч қачон юзма-юз учрашмаганман, ҳатто унинг кимлигини ҳам аниқ-таниқ билмайман, ақалли расми орқали ҳам танимайман. Чунки Исоқжон ака Фейсбукдаги саҳифасига ҳеч қачон шахсий расмини жойлаштирмаган. У билан қандай танишганимни, ким кимга дўстлик сўровини жўнатганини ҳам аниқ эслай олмайман. Facebookга энди аъзо бўлган пайтларимда дўстлик сўровини юборувчиларнинг расми бор-йўқлигига ва таржимаи ҳолига эътибор бермасдан ёппасига қабул қилаверганман. Дўстлик таклиф қилгувчиларнинг ҳаммаси ҳам дўст бўлиб чиқавермаслигини, айниқса, расмини жойлаштирмаган ва исми-шарифини сир тутганлар орасида душманлар ҳам бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмаслигини эса кейинчалик билдим. Троллар деган сўзнинг маъносига ҳам бора-бора ақлим етди.

Хуллас, Исоқжон ака мен ёзган постларни ўқиб бораркан, буни менинг мақолаларимга ёзган комментарийлари ҳам тасдиқлайди. Шу тариқа, биз шахсийда ёзиша бошлаган бўлишимиз керак. Ёзишмаларимиз давомида яна бир билганим шу бўлдики, Исоқжон ака мухолифатчи ва сиёсатчи экан, Андижон воқеаларидан кейин АҚШдан сиёсий бошпана олиб, шу мамлакатда истиқомат қиларкан.

Исоқжон ака билан шахсий саҳифачамизда ёзишган илк ёзишмаларимизни, аниқроғи, ўзи ҳали яхши танимайдиган мен каби оддий бир инсонга берган илк саволини ҳамон яхши эслайман. Менга журналистлигимга боғлиқ тўпори ва қўрс, шубҳа ва гумонларга бурканган савол берганди. Шундай бўлса-да илк саволига нормал жавоб қайтарганман, дея оламан.

Ўшанда “Бирдамлик” сайтида 24 йиллик умрини қамоқда ўтказган собиқ сиёсий маҳкум Самандар Қўқонов билан суҳбатимиз эълон қилинган эди. Суҳбат билан бирга мен, Самандар Қўқонов ва Дилором Исҳоқовалар тушган расм ҳам жойлаштирилганди. Айнан мана шу мақоладан кейин Исоқжон аканинг менга нисбатан муносабати ёмон томонга ўзгара бошлади. Бунга менинг “Бирдамлик” сайтига мақола ёзишим ҳамда Дилором Исҳоқовани танишим сабаб бўлди.

Исоқжон ака одатдаги муомаласи билан “Сиз “Бирдамлик” сайти кимники эканини биласизми ёки уларни билмасдан алоқа қиляпсизми?”,  деб қўрс оҳангда сўради. Жавобимни кутиб ўтирмасдан “Бирдамлик” ҳаракати етакчиси Баҳодир Хон Туркистон шаънига мағзава ағдаришни бошлади. Баҳодир аканинг “сохта мухолифатчи”, “Ўзбекистон ҳукуматининг айғоқчиси”, “МХХга ишловчи сотқин”лиги, “Бирдамлик” ҳаракатининг “қўғирчоқ” ҳаракат экани, уни Баҳодир акага Ўзбекистон ҳукумати номигагина тузиб бергани, 2009 йилда Баҳодир аканинг АҚШдан Ўзбекистонга бемалол бориб-қайтгани, унга на ҳукумат ва на МХХ ҳеч нарса демаганини ва алломбало “воқеа-ҳодисалар”ни қаторлаштириб ёзди.

Исоқжон аканинг танқид тиғидан Дилором Исҳоқова ҳам четда қолмади. Унинг назарида Дилором опа ҳам ғирт сохта мухолифтачи, фирибгар, айёр, ёлғончи, фақат ўз манфаати учун ишловчи одам. Исоқжон ака, менга бу гапларни шунчаки айтгани йўқ, ўзининг бу гапларини у киши номидан Дилором опага етказиб қўйишимни ҳам илтимос қилди. Табиийки, Исоқжон аканинг бу илтимосини Дилором опага етказмадим. Чунки табиатан сўз ташиш “салоҳиятига” эга эмасман.

Исоқжон ака ундан кейинги ёзган хатларини менинг эмас, Дилором опанинг ҳол-аҳволини сўрашдан бошлайдиган одат чиқарди. “Дилором опа нима иш қилаяпти, нималар билан машғул?” деб берувчи саволлари рости, энсамни қотирарди. Мен Дилором опанинг тансоқчиси эмаслигимни, унинг нималар билан машғуллигини билмаслигимни, биз ниҳоятда кам учрашишимизни айтсам ҳеч ишонмасди. Исоқжон аканинг назарида биз Дилором опа иккаламиз ҳар куни биргамиз, бирга-бирга “сохта Баҳодир аканинг топшириқларини бажаряпмиз”…

Хуллас, Исоқжон ака ёзишмаларимизни иғвога буркантириб юборди. Шахсий саҳифачамни энг ёмон кўрганим — иғво босиб олди. Исоқжон ака менинг “Бирдамлик”, Дилором опа ҳақидаги фикрларимни эшитишни хоҳламаслиги, фақат ўз фикри тўғрилигини ва ана шу “тўғри” фикрини ўтказишга уринишлари Исоқжон акага нисбатан кўнглимда қандайдир ҳадик пайдо қилди. Шу тариқа Исоқжон аканинг хатларини ўқимай қўйдим. Кейин билсам мен Исоқжон акани боклаб ташлабман. Буни қачон, қай тариқа амалга оширганимни ҳатто билмайман. Чунки мен шу пайтгача кимларнидир блоклаганимни эслай олмайман. Дўстларим сафида мени фитначи, иғвогар, “ватан хоини”, “ватангадо”га айлантирганлари ҳам бор, ҳатто бир-икки кун ичида мени топиб калламни олиб, дарёга оққизвориш истагида бўлганларни ҳам бўлган. Бироқ уларни ҳам блокламаганман.

Чориев ундай, Дилором бундай бўлса ўзингиз партия ташкил этинг, мотбуот котибингиз бўлайин!

Орадан маълум бир вақт ўтгач, Исоқжон ака менга тинимсиз Дўстликка қабул қилиш бўйича сўров юбора бошлади. Нега уни дўстлар сафидан чиқариб ташлаганимни, дўстлик учун юбораётган запросини қабул қилишимни комментарийлар орқали айтиб тез-тез хат ёзиб турди… Биз наилож яна дўст бўлдик. Янгичасига дўст бўлганимдан кейин Исоқжон ака эски одатини ҳали тарк этмаганини билдим. У яна ўша-ўша Баҳодир акани сўрар, Дилором опани муҳокама қиларди. Барака топгур, Баҳодир аканинг фаолиятига, Дилором опанинг ишларига қизиқса, у ҳолда нега тўғридан-тўғри ўзлари билан боғланмай, менга чиқиб, мени ноқулай аҳволга солади? Бунинг замирида қандай маънолар мужассам топганини асло тушунмайман. Агар уларда қандайдир гапи бўлса, фаолиятларида кемтикликлар кузатаётган бўлса, агар дўст бўлса у ҳолда нега тўғри  ўзлари билан боғланиб масалани ҳал қилишга чоғланмайди? Мени шу нарсалар ҳайрон қолдирарди.

Исоқжон ака менинг шахсий варақчамга бот-бот Ўзбекистонда очилмайдиган сайтларда эълон қилинган мақолаларни жўнатар, Ўзбекистон ҳақидаги кескин, ўта салбий фикрларини айтиб ёзар, Ўзбекистон элчихонаси унга виза бермаётганидан ёзғирарди. Ҳатто бир марта инсонийлик нуқтаи назаридан АҚШдаги Ўзбекистон элчихонасининг Исоқжон акага виза бермаётганига бағишланган мақолани “Mulkdor com” сайтида эълон ҳам қилдик. Албатта, буни таъма қилаётганимиз йўқ, шунчаки Исоқжон аканинг барибир бизни тушунмагани учун айтяпмиз, холос.

Кейинги пайтларда эса, Исоқжон ака менга ўз ҳукмини ўтказиш истагида ҳаддидан ошиб кетди. У очиқчасига Баҳодир Хон Туркистон ва Дилором Исҳоқовалар билан зудлик билан алоқани узишимни, уларнинг сохтакорликларини фош қилишимни айтиб, буйруқ майлида хат ёза бошлади. Ахир-оқибат мен ҳам И. Зокировга конкрет савол қўйдим. Исоқжон ака, сиз учун “Чориев гангирбош, ҳукумат одами, сохтакор, бир кун келиб мени МХХга ушлаб беради, Дилором Исҳоқова фирибгар, ёлғончи. Сиз эса ўзингиз айтганингиздек, адолатли, ҳолол, Аллоҳдан қўрқадиган сиёсатчи, мухолифтачисиз. Келинг, яхшиси, сиз ҳам худди Баҳодир ака каби бир ҳаракат ёки партия ташкил этинг. Мен эса сиз асос солган ҳаракат ё партиянинг матбуот бўлимида журналист бўлиб ишлайин. Келинг, сиз ҳам Mulkdor com каби бир сайт яратинг ва худди Баҳодир акага ўхшаб дўсту душманларга бирдек минбар ажратинг, сизнинг сайтингизда сидқидилдан ишлайин. Агар шуни қилмасам, менинг исмимни бошқача қўя қолинг” дедим. Исоқжон ака ўзининг мухолифатчилигини, мен билан йўлимиз бошқа-бошқа эканини айтиб хайрлашди.

Алқисса, Исоқжон Зокиров наздида мен ҳам сохта журналист, ҳукумат одами бўлиб чиқдим. Ўзбекистонда яшаб танқидий мақолалар ёзаётганларнинг ҳаммаси сохтакорлар экан. 99% журналист ҳукуматга ишларкан. Майли нима деса десину, лекин Исоқжон ака фақат мен билан эмас, кўпчилик билан қўрс муносабатда бўлганини англадим.

Исоқжон ака, менга ҳеч қачон “Бирдамлик” аъзоси бўлгани ҳақида гапирмаган бўлса-да, Баҳодир Хон Туркистоннинг ушбу мақоласидан унинг ҳатто бир пайтларда “Бирдамлик” аъзоси бўлганлигини ҳам уқтим. Ҳалигача уқмаганим ва уқолмаётганим эса Исоқжон аканинг не мақсадларда мухолифатчилар шаънига доғ туширишни танлагани ҳамда худди ИИВ ва МХХ ходимларидек,   “Журналистлигигизгa кимдандир гонapap oласизми?. Ёки бепyл ишлaйсизми?. Тирикчилик манбaи каepдa?.?.?. “,   деган саволлар беришидир.

Муаллиф: Рўзибой Азимий

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Қаҳрамонхон маҳмудга нисбатан босимлар кучаймоқда

"Бирдамлик" ХДҲнинг Ўзбекистон Республикаси бўйича раҳбари Қаҳрамонхон Маҳмудга нисбатан босимлар кундан-кунга кучайиб бормоқда. Жорий йилнинг 15-сентябрь куни эрталаб соат ...

Бизнинг ғоямиз — Ўзбекистонда МУЛКДОРЛИК тузумидир! Зеро Халқимиз фақатгина МУЛКДОРЛИК тузумида фаровон ҳаёт кечиради! Ўзбекистоннинг барча ерости ва ерусти бойликлари ...

Шовруқ рўзимуродни ким ўлдирди?

  (  Сўз  боши  ўрнида  )   “Кимки қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб, ўша жойда абадий қолажак...” (Қуръон ояти). (more…)