Журналист жамият табиби бўлиши керак эмасми? ёхуд “Мухолифатчилар кимлар” мақоласига жавоб”ни ўқигандан кейинги хулосаларим

Журналист жамият табиби бўлиши керак эмасми? ёхуд “Мухолифатчилар кимлар” мақоласига жавоб”ни ўқигандан кейинги хулосаларим

Халқимизда “Журналист — жамият табиби”, деган пурмаъно нақл бор. Ушбу нақл замирида оламжаҳон маънолар мужассам топган. Аммо, кейинги пайтларда “жамият табиби” бўлмиш журналистлар ўз шаъни-ю шавкатига, обрўси-ю шуҳратига жиддий равишда путур етказмоқда.

Бунинг натижасида журналистика соҳаси ўз мақомини олдингидан кўра янада кучли тарзда йўқотмоқда. Энг ачинарлиси шундаки, замон зайлига кўра журналистлар муассислар “қўғирчоғи”га айланиб, уларнинг етагида қолмоқда. Бу эса, қайноқ, ҳаққоний, холис ахборотларга ҳамиша муҳтож бўлган оддий халққа жабр етказаётир.

Шу тариқа, ўз фикри-зикрини очиқ-ойдин билдиришда иккиланаётган, раҳбариятининг қош-қовоғига қараб иш тутишдан воз кечолмаётган журналистлар тарафкашлик тамойилидан ҳоли қола олмасдан хиёнат ботқоғига ботиб қолаётир.

Мен бундай фикрга “Бирдамлик” ХДҲнинг етакчиси Баҳодир Хон Туркистоннинг “Мухолифатчилар кимлар” мақоласига жавоб” мақоласини ўқиганимдан кейин келдим. Муаллифнинг мазкур мақоласи, таъбир жоиз бўлса, биз журналистлар учун дастуриламал вазифасини бажара олади.

Бундай дейишимизга Баҳодир Хон Туркистоннинг воқеликни, ўзи ёритмоқчи бўлган мавзуни қуруқ гап-сўзлар билан эмас, балки мавжуд фактларга асосланган ҳолда очиб беришини сабаб сифатида кўрсатсак хато бўлмас. Бундай ишларни қўлида журналист деган дипломи бор, журналистика соҳасида бир неча йиллардан бери фаолият юритаётган манаман деган журналистлар эплай олмаётган бир пайтда сиёсатчининг қойилмақом уддалаши алоҳида эътирофга сазовар.

Бизнингча, Баҳодир Хон Туркистоннинг ушбу мақолани ёзишига Америкага сафарга борган журналист Санжар Саиднинг мухолифатчилар ҳақидаги қуйидаги фикри туртки берган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Санжар Саид ёзади: “Чунки сафар давомида “Америка овози” радиоси журналисти Навбаҳор Имомова билан ўзбек мухолифатчилари тўғрисида бир оз суҳбатлашиб қолдик. Суҳбатдан чиқарган хулосам шу бўлдики, мухолифатчиларни ўзлари иддао қилганларидек Ватан, халқ, миллат тақдири қизиқтирмайди. Улар ҳар хил гуруҳ, тоифаларга бўлиниб олиб, бир-бирининг устидан мағзава ағдариш, бир-бирини ёмонлаш, нафрат ва адоват тарқатиш билан овора бўлиб қолган. “Бирлик”, “Эрк”, “Ўзбекистон халқ ҳаракати” ва ҳакозо гуруҳ ёки партиялар тузиб, бир-бири билан ит-мушук ўйнашади. Ҳатто бир сафар АҚШ сенаторлари уларни бир жойга йиғиб, мулоқот қилмоқчи бўлган экан. Улар катта таъсир кучига эга сиёсатчилар билан конструктив мулоқот олиб бориш ўрнига конгрессменлар кўз ўнгида жанжаллашиб, етакчилардан бири мажлис бошиданоқ чиқиб кетган экан”.

Адашмасак, “Бирдамлик” лидерига Санжар Саиднинг чуқур асосланмаган, узил-кесил ўз тасдиғини топмаган гапларидан кўра хориждаги мухолифатчилар ҳақида “Америка овози” радиоси мухбири Навбаҳор Имомованинг тавсифу таъриф бериши жуда оғир ботган.

Муаллиф, шу тариқа асосий эътиборни “Америка овози” мухбирлари фаолиятига қаратган. Эътиборга молик томони шундаки, Баҳодир Хон Туркистон журналист Санжар Саиднинг мухолифатчиларга ёзғириқларига қарши ҳеч қаерда ёқа йиртиш жавоб қайтармаган.

Аксинча, журналистнинг холисона хулоса чиқаришига кўмаклашиш мақсадида унга ўз навбатида керакли фактларни, ҳатто айрим масъул шахслар билан ўртадаги ёзишмаларини, тегишли ташкилотларга юборган хатларини ҳам очиқ-ойдин тақдим қилган. Мақолада бундай фактлар ғиж-ғиж.

Бу мақоланинг ўқишлилигини оширибгина қолмасдан, муаллифнинг холислик тарафдори эканини ҳам таъминлайди. Шу ўринда “Америка овози” радиоси Ўзбек хизмати мухбирларининг Баҳодир Хон Туркистон билан ўтказган барча суҳбатларига эмас, биргина “Отам Ўзбекистон диктатори қўлида гаровда” деб номланган ҳамда 2014 йилнинг 26-27 апрель кунлари АҚШнинг Сент-Луис шаҳрида бўлиб ўтган “Бирдамлик” қурултойга ва “Бирдамлик”нинг Вашингтон шаҳрида ўтказган норозилик намойишларига доир интервьюларнинг мазмун-моҳиятига эътибор қаратишнинг ўзиёқ “Америка овози” мухбирларининг холисликка амал қилмаётганидан, кимларнингдир ноғорасига ўйнаётганидан, кимларгадир тарафкашлик қилаётганидан тўла-тўкис далолат беради.

“Америка овози” Ўзбек хизмати журналистларининг “Бирдамлик”ка тегишли эшиттиришлари тарафкашликка йўғрилганини уларнинг ҳар доим суҳбат учун нотўғри шахслар танлаши, фикрлар хилма-хиллигини жонлантириш мақсадида иккинчи томон — “Бирдамлик”чилар учун микрофон тутилмаслиги, мавзуни ёритишда биртомонламаликка асосланиши ва бошқа сон-саноқсиз омиллар ҳам исботлайди.

Англаш учун эса, бизнингча, зиёли инсон бўлиш шарт эмас, буни мактаб ўқувчилари ҳам яхши тушунади. Масалан, Баҳодир Хон Туркистон Вашингтондаги Ўзбекистон элчихонаси олдида ўтказган норозилик намойишига доир берган интервьюдаги воқеликни тавсифларкан, Санжар Саидга ортиқча гап гапирмайди, “Мана, кўрдингизми, биз ҳақмиз!” дея керилмайди, ёки уни “каллаварам”, “фаросатсиз”ликда айбламайди. Унга воқеликка доир фактларни тақдим этиб, хулоса чиқаришни ўз ихтиёрига қўяди ва шу билан бирга, воқеликка доир ўз фикрини ҳам ёйинлайди.

Яъни, Баҳодир Хон Туркистон ёзади: “Amerika ovozi” Ўзбек хизматининг бу каби боқибеғамлиги, жамиятда кечаётган қайноқ жараёнларга бефарқлигини нима деб аташ мумкин? Қани бу ерда холислик? Ахир бу каби совуққонлик ўзбек режимига хизмат қилишнинг очиқ-ойдин ифодаси эмасми? Дунё журналистлари ўқ ёмғирлари остида, жонларини хатарга қўйиб бўлса-да, ўз хизмат бурчларини мардонавор адо этаётган айни бир пайтда “Amerika ovozi”нинг Ўзбек хизмати вакиллари арзимаган ёмғирдан қочиб ўтириши нимани англатади? Ёғмаган ёмғирни рўкач қилиш инсофданми? Вашингтонда ин қуриб олган “Amerika ovozi”нинг Ўзбек хизматидаги “журналист” ниқобидаги кимсалар атиги 5 км масофага келишни ўзларига эп кўришмади. Бу ҳолатни қандай баҳолаш мумкин? Шундан кейин ҳам уларни журналист, демократик дунё тарафдорлари деб бўлармикин?”, дейди.

Муаллиф бу ерда АҚШда туриб, АҚШда бўлиб ўтган “Бирдамлик” томонидан уюштирилган норозилик намойишига “Америка овози” мухбирларининг ёмғир ёғаётганини рўкач қилиб келмаганини назарда тутмоқда.

Хуллас, Баҳодир Хон Туркистон мақолада “Америка овози” радиоси Ўзбек хизматининг фаолиятини ҳаққоний ёритган. Ўз навбатида, Санжар Саиднинг “Агар ушбу ёзганларимни бирорта мухолифатчи ўқиб жавоб қайтаришни лозим кўрса, юқоридаги мулоҳазаларимнинг тўғрилигига яна бир амин бўласиз. Улар (яъни мухолифатчилар — Р.А.) конструктив мулоқотга лаёқатли эмас. Фақат нафрат, ҳиссиёт ва жазавани кутаверинг”, деган хулосаси пуч эканини ҳам маданиятли тарзда исботлаган.

Чунки у Баҳодир Хон Туркистондан “нафрат, ҳиссиёт ва жазава” эмас, аксинча таклиф олаётир. Бунга мисол тариқасида, муаллифнинг мақола сўнггида билдирган таклифини келтиришимиз мумкин.

“Ҳурматли Санжар Саид, агар сиз менинг нима учун очиқ Баёнот бериб мухолифат сафига ўтиб кетганимга қизиқсангиз, у ҳолда 2000 йил мен 60,5% акцияларига эга бўлган ва раҳбарлик қилган Шаҳрисабз туманидаги собиқ “Kesh” очиқ турдаги ҳиссадорлик жамиятига 10 кунлик хизмат сафарига бориб келишингизни тавсия қиламан.

Сиз у ердаги менинг меҳнат фаолиятим ҳамда одамлар билан яқиндан танишиб, кўрган, эшитган ва билганларингиз ҳақида янги мақола ёзишингизни истайман. Сизнинг 10 кунлик сафар харажатларингизни ўз ҳисобимдан қоплаб бераман. Сизга оқ йўл тилайман!”, деган таклифлари мухолифатчиларнинг конструктив мулоқотга лаёқатлилигидан далолат деб биламиз.

Гарчи, Санжар Саид мухолифатчиларни танқид қилган ўз мақоласида “Бирдамлик”нинг номини айнан тилга олмаган бўлса-да, Баҳодир Хон Туркистоннинг унга жавоб бериши ўзиёқ унинг ҳақиқий мухолифатчи эканини тасдиқлайди.

Санжар Саид дейди: “Улар ҳар хил гуруҳ, тоифаларга бўлиниб олиб, бир-бирининг устидан мағзава ағдариш, бир-бирини ёмонлаш, нафрат ва адоват тарқатиш билан овора бўлиб қолган. “Бирлик”, “Эрк”, “Ўзбекистон халқ ҳаракати” ва ҳакозо гуруҳ ёки партиялар тузиб, бир-бири билан ит-мушук ўйнашади”.

Бизнингча, юқорида номи тилга олинган “Бирлик”, “Эрк”, “Ўзбекистон халқ ҳаракати” Санжар Саидни журналист сифатида тан олмайди ё танимайди ёхуд уларнинг ўзлари ҳақиқий мухолифатчилар эмас. Билъакс, Санжар Саид назарида “бир-бири билан ит-мушук ўйнаётган”лар мухолифат шаънига ёғдирилган (эҳтимол тўғридир) қатор гап-сўзларга доир сукут сақламаган, ўз вақтида жавоб берган бўлар эди.

Шу нуқтаи назардан, Санжар Саиднинг мухолифатчиларга оид фикрига ўзининг қимматли вақтини ажратиб жавоб қайтарган Баҳодир акани, гарчи, у бунга эҳтиёж сезмаса-да, мухолифат лидери десак арзийди. Чунки у бу ерда ҳар қандай мухолифатчига отилган тошни ўзига отилган тош дея англамоқда. Бундай англамни эса, ҳамма мухолифатчилар ҳам қалбан ҳис қила олмайди.

Муаллиф: Рўзибой Азимий

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Инерция қачон тўхтайди, ёхуд туҳмат уюштириш шартми?

Ўзбекистон «Бирдамлик» Халк демократик ҳаракати қурултойини ўтказишга жойларда кимлар ва нима учун тўсқинлик қилди? 12-ноябрь куни кеч соат 20-00 ларда менга яшаш жойимдаги ...

Баҳодир хон туркистон 15 октябрдан  ақшнинг вашингтон шаҳрида очлик   акциясини эълон қилди

Бирдамлик Халқ Демократик Партиясининг раҳбари Баҳодир Хон Туркистон 15 октябрдан  АҚШнинг Вашингтон шаҳрида ўзининг норозилигини намойиш қилиб, очлик   акциясини эълон ...

Баҳодир чориев: сиёсий ислоҳотлар ўтказилмас экан, ҳар қандай ўзгаришлардан наф йўқ

18.05.2017 09:21 msk Фарғона   Ўзбекистонда яқин ўн йил ичида иқтисодий ўсиш ва ривожланиш бўлмайди, негаки янги президент ўтмишдоши Ислом Каримовнинг йўлидан кета ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400