ЎЗ ФАРЗАНДИНИНГ ҚОТИЛИГА АЙЛАНАЁТГАН ОНАЛАР, СИЗ ҲАМ ОДАММИСИЗ!

«Интернетда очиқланаётган қотилликлар холва, айтилмаётганлари қанча-ю…» деди биттаси. Шундай шайтонхонлар борки, туққанини ўлдириб гумдон қилганини ҳам билмай қолаверамиз.

«Арзандам» деб эркаланмаган, аллалар эшитиб ухламаган қанча норасидалар гуноҳкор онасининг сирини сақлаб кафансиз, жанозасиз, қабрсиз ётишишибди. Ёпиқлик қозон-ку ёпиқ қолар, аммо мунчоқ нигоҳлари билан «суратга олишга» улгурган фаришталар билан яна учрашадиларку!

Эшитиб, кўрганларидан хулоса чиқармай норастасига ахлат қути қидираётган аёллар кўзингиз очиладими?

Гуноҳингиз мевасини одамлардан яширишингиз мумкин, Аллохданчи?!

Аваал ҳам бундай воқеаларни эшитардигу, 2018- йилнинг бошланиши оғирроқ бўлди: Гўдак вужудига 16 та игна санчган вахшийнинг башараси очилмай туриб, битта харомининг орқасидан қарғиш ёғилган Фарғонада яна бир гап тарқалди: Аёл аталмиш хилқат қийналиб туққан норастасини муздек хожатхонада қолдириб ўлдирди. Наманганлик муслима эса ундан қолишмай, туққанини нажосатга кўма қолди! Термизий бобом хадисларини ўқиб уқмаган Сурхонлик малак эса нахсу- нафснинг қурбони бўлган жиш боласини Қизириқ дарёсига хадя қилди!

Кеча пайдо бўлган хабар яна дахшатли: Қашқадарёлик иблис фарзандининг танасини ёндиргич билан жароҳатлаб, пичоқ билан тилиб, камига устидан туз ҳам сепган…

Қизим тенги, сочлари ҳам сап-сариқ кичкинтой баданидаги яраларни кўрсатиб шу ишларни онаси қилганини айтяптию, юракчасидан қандай аламлар ўтаётган экан?

Садистликда Чикотилодай аблахга ҳам дарс бераётган мунисалар сизни ҳам она туққанми?

Ўзингизга тақдим қилинган яшаш хуқуқини нега ўз фарзандингиздан қизғондингиз?

Болалигимда бўлиб ўтган воқеани ҳеч унута олмайман: Бўкиб қолган бузоқчасига қассоб етаклаб келган дадамнинг йўлини тўсган сигиримиз роса йиғлаганди..

«Дунё бўйлаб» телеканалида кўрсатилган лавҳада эса, боласи учун ўзидан анчагина кучли хайвон билан олишган юмронқозиқни кўрсатишди. Онаизор кучи етгунча жанг қилди…

Инсончи? Нега жониворларнинг онги йўқ деймиз? Ахир бешта полапонига оғзида таом келтираётган битта қалдирғоч қўл -оёғи қимирлаб турган гумонасини аборт қилдираётган юзлаб аёллардан ақллироқку!

Ертўладаги мушукчаларига эшигимга келиб ялиниб овқат сўраётган она мушук эса фарзандларини давлат қарамоғига ташлаётган ойимчалардан онглироқ!

Кучукчаларидан биттасини бировга бераётганингизда оёғингизни ялаб, ёлворадиган урғочи итнинг харом ялоғи эса, болакуш она таом еяётган идишдан тозароқдир!

Яқинда биттасини таниб қолдим. У ял-ял либосда, тўйхонада ришталари боғланаётган икки ёшга бир этак фарзанд тилаб, эзгу ниятлар билдирарди. Шунчалик беғубор эдики, ҳеч ким уни ўн беш йил аввал беникоҳ туғилган боласини ўлдириб, пулдор ўйнашининг шарофати билан «бокира» бўлган, ҳеч нарсадан бехабар соддавойга турмушга чиқиб, яна туғиб олган «фаришта» эканлигини билмасди…

Гапларим кўпу, аёл зотининг гарданига илинаётган иснодлар билан нафас олишга-да хаққим йўқдай! Турли важларни рўкач қилиб, Момо Ҳавони ҳам гўрида тик турғизаётган ожизаларга ялингим, пойига йиқилиб ёлворгим келяптию, «Аллохдан қўрқмаган, мендан қўрқармиди?!», деган хақиқат бўғзимга тошдай тиқилади.

… Кўз ўнгимда эса қаҳатчилик йилларида ҳам боласини бағридан қўймаган, бегоналарга мўлтиратмаган момоларим гавдаланади.

Тирикчилик тоши тишларини синдирса-да, сабру-матонат билан фарзандларини вояга етказаётган замондошларимга ҳам таъзимдаман!

Дардларини ҳеч кимга айта олмай, кечирилмас гуноҳ сари кетаётган синглим, кўзингизни очинг!

Қорнидаги қоракўзини билдирмай туғволиш, билдирмайгина ундан қутулиш хақида ўйлаётган қизим қилмишингиздан қўрқинг!

Биттагина тирноқ илинжида юрган бечоралар сизнинг зурриёдингизга ҳам зор! Қабохатга қўл урмай, узун навбатларда ота-оналик баҳтини пойлаётган бепуштларга жигарпорангизни беринг!

Ахир болада гуноҳ йўқку!

Қалбимдан отилиб чиқаётган нолани эса – сиз уволини билмаган мурғак фаришталар тилидан қабул қилинг!

МУРҒАК ФАРИШТА ФАРЁДИ

Жониворча бўлолмаган жохил онам бор менинг!

Боласидан хазар қилган ботил онам бор менинг!

Қиёматга ўтин бўлган қотил онам бор менинг!

Манглайимнинг шўрин кўрган маймунчалар йиғламанг!

Тўққиз ойлик орзуларим ширингина ,зўр эди.

Ниятларим юракчамнинг дук-дукига жўр эди.

Мушуклар ҳам боласини туртиб қўйсанг, ер эди.

Мен меҳрни билмай кетдим, мушукчалар йиғламанг!

Дарёларнинг қирғоғида Аллохимга эландим.

“Ташламас” деб, сўнгигача , умрим сўраб, тиландим.

Бешик эмас , тўлқинларнинг қучоғига беландим,

Кўзчаларим юмиб қўйган балиқчалар йиғламанг!

Вужудимнинг хароратин хиссиз дунё совутди.

Раво кўриб йўргак эмас, “ахлат “ деган тобутни.

Дайди итлар увлаб- увлаб “алла” дея, овутди.

Қўлчаларим ялаб қўйган кучукчалар йиғламанг!

Ўйинчоқлар обермаган дадам дўзах комида.

Бир кун қандай жавоб берар,

хисоби бор жонида!

Эшак ҳам ўз боласини олиб юрар ёнида

Қисматимдан куйиб кетган хўтикчалар йиғламанг!

Холчаларим кўрганмиди холлари кўп холам-а?!

Қошларимиз ўхшаш эди қорақошим аммам-а…

Жигарларим кўрсатмаган жигари хун олам-а…

Жасадимни тишлаётган сичқончалар йиғламанг!

Бир кулмаган кулгучимга ботаётган дунё бу!

Мен ётмаган белачакда ётаётган дунё бу!

Тангри берган толеъини сотаётган дунё бу!

Фарёдимдан чирқираган чумчуқчалар йиғламанг!

Ҳар кун ўпиб қўймоқчийдим мени бўғган қўлларни.

Аллох, нега яратгандинг, харом- харич йўлларни.

Шому, Ироқ боласидек портлаб кетсам бўларди! .

Бўлди энди!

Еру, осмон, юлдузчалар йиғламанг!

Муаллиф: Муаззам Иброҳимова

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ваҳшийлик! уч эркак ўзбекистонлик аёлни зўрлаб, сўнг ойнадан отиб юборишди

Фотоархив: © Sputnik / Табылды Кадырбеков Қўлга олинганлардан бирига 19 йил, қолган иккисига бўлса 25 йилдан қамоқ жазоси тайинланиши мумкин, дея хабар берди “zelv.ru”. ...

Туркманистон айрим товарлар учун божхона тўловларини бекор қилади

Мамлакатда паррандачилик тармоғини ривожлантириш доирасида 2 март куни Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов фармойиш имзолади, унга кўра мамлакатга олиб ...

Kun.uz: 2017 йилнинг асосий воқеалари нималар бўлди?

2017 йил поёнига етмоқда. Бутун дунё тарихида из қолдириб ўтаётган бу йилда энг яхши кунлар ҳам, энг ёмон кунлар ҳам бўлиб ўтди. Бу йилда ҳам катта сиёсий воқеалар, қарорлар ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400