НКВД-КГБ-СНБ-СГБ…

НКВД-КГБ-СНБ-СГБ…

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикасининг давлат хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида фармони чиққанини эшитиб, матни билан танишиб, дилимизда яна умид уйғонди.

Мақола m.dia.uz сайтидан олинди 

Яширмайман, ҳар бир иймонли миллат зиёлисининг бу ташкилот билан азалий ҳисоб-китоби бор: бу НКВД-КГБ-СНБ брендлари остида “фаолият” юритган ва бугун СГБга айланаётган идоранинг қўлларида Қодирий, Фитрат, Чўлпон сингари минглаб зиёлиларнинг, миллатимизнинг маънавий устозларининг қони бор. Ҳамид Сулаймон, Шайхзода, Шукрулло каби кўплаб буюк инсонларнинг аввал қамоқда, кейин ўйида сиқилиб ўтган ҳаётлари, асаблари, зое ўтган умру жонлари шу идора деб қақшагани, бугун ҳам кўп зиёлиларимиз “ростдан ҳам ўзгараётганмикин ёки пештахтасидаги номини ўзгартириб, моҳияти ўшалигича қолармикин… Ҳар ҳолда жим юрганим тузук, ҳар хил хатларга имзо чекиб балога қолмай”, дея қалтираб юрганликлари ҳам шу сабаблидир.

Шавкат Мирзиёевдан кутилган ва бир қадар умид ҳам уйғотган бу қадамларнинг изчил ва муқаррар бўлишида қанча авлод аждодларимиз руҳининг ниҳоят осойиш топиши ва бугунги ҳамда келгуси авлодларнинг тақдири, мамлакатнинг ва халқнинг истиқболи боғлиқдир.

Фармонда тўғри таъкиланганидек, “давлат тузилмаси ва давлат чегаралари дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига оғишмай риоя этиш, жамиятдаги миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик, тинчлик ва осойишталик – демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг ҳамда мамлакатни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим шартларидан ҳисобланади”. Собиқ миллий хавфсизлик хизмати бу юқорида саналган соҳаларнинг ҳар бирини қандай “ўзига мослагани”ни биламиз-ку. “Давлат чегараси”дан қуш ҳам учиб ўтолмасди, аммо наркотрафик тинмади. “инсон ҳуқуқларига оғишмай риоя қилиш” топшириғи инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини овлаш ва адо қилишга дўнди. “диний бағрикенглик” тақводорларнинг бошига не кунларни солди. “Тинчлик ва осойишталик”ни таъминлаш мамлакатнинг ярми қамоқда ўтирса ҳам, тинчлик бўлса бўлди, деб тушунилди.

Миллий хавфсизлик хизматининг номи ўзгартирилганини қувватлаймиз ва тезроқ унинг мақоми, вазифалари ва ваколатлари доирасини аниқ белгилаб берувчи қонун ҳужжати яратилишини кутамиз.

Олдиндан айтаман – коррупцияга қарши курашнинг ҳам, иқтисодий ислоҳотларнинг ҳам, маънавий комолотнинг ҳам, шу жумладан, бўлғуси давлат хавфсизлиги хизмати (ДХХ) ваколатларини (янги қарорда ҳам унга аввалгисининг деярли барча ваколатлари юкланган) яна кенгайтириб талқин этмаслиги, бир муддат қисқариб, яна аввалги ҳолига йўлланмаслиги (чунки янги раҳбарият ҳам ўзи бошқараётган жойнинг заифлашиб кетишини истамаслиги жуда ҳам табиийдир) кафолати, энг аввало, сўз эркинлиги ва мустақил суд тизими мавжуд бўлишидир. Бунинг бошқа йўли йўқ. Парламент назорат етарли бўлмайди ва депутатларни – халқ ва матбуот ҳимояси бўлмаса – осон эгиб олишади ёки айнан собиқ мансабдорларгина депутатлардир. Сайловларнинг адолатли бўлиши ҳам юрт тақдирига дахлдордир.

“Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузуми, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва манфаатларини ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилувчи махсус ваколатли орган этиб” белгиланиши мумкин. Ҳамма гап бу ваколатни қай тарзда амалга оширишда бўлади. “ташқи ва ички тахдид”ни қандай тушунилишида масаланинг моҳияти яшириндир.

Бир оқсоқол маҳалла раисига қаттиқроқ гапирса ҳам “ҳокимият вакилига қаршилик” деб қаралиши мумкин. Бир журналистнинг мақоласи ҳам “тинчлик ва осойишталикка тахдид” деб топилиши эҳтимолдир. Тушунчанинг кенгайтириб талқин этилиши ваколатларнинг ҳам, штатларнинг ҳам осон кенгайтирилишига сабаб бўлади.

ДХХ “ҳуқуқий мақоми, ваколатлари ва фаолият йўналишларини аниқ белгилаб берувчи мустаҳкам қонунчилик базасини яратиш; бугунги кундаги хавф-хатарлар ва таҳдидларга қарши курашишнинг таъсирчан шакл ҳамда услубларини жорий этиш; юзага келаётган ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий вазиятни инобатга олган ҳолда давлат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги вазифаларни бажаришда мавжуд куч ҳамда воситалардан самарали фойдаланиш имконини берувчи ташкилий тузилмани шакллантириш” хайрли ишлардир. Ният яхши, мусулмончиликда ҳам, ҳаётда ҳам ниятгагина эмас, амалга қаралади ва бу амалиёт энди элнинг кўз остида бўлади деган ишончни уйғотмоқда ислоҳотлар.

Менга энг мақбул ерларидан бири бу: “Хизмат фаолиятини давлат хавфсизлигини таъминлаш ишларининг шакл ва услублари, шунингдек, Хизмат ҳарбий хизматчиларининг идоравий мансублиги ҳақидаги маълумотлар ошкор бўлишини истисно этувчи конспирация тамойили асосида ташкил этиш”. Сир эмас, ҳар бир идорада ҳамма “режим бўйича зам” деганини биларди. Кўча-куйда ҳам кимнинг куёви, кимнинг қудаси, кимнинг жияни бу идорада ишлашини ҳамма биларди. Очиқ гапирмаса ҳам улар яқинлашганда одамлар, қўлини елкасига қўйиб (“унинг погони бор” деган маънода) секин: бундан эҳтиёт бўл деб қўярди.

Ёдимга тушди. Ўтган асрнинг 97-98 йиллари орасида Олмонияга сафар қилганимда бу мамлакатнинг хавфсизлик хизмати (Кёлнда жойлашган, “Конституцияни муҳофаза қилиш идораси” аталади) бўлганман ва гаплашганман. Бу мамлакатда Гитлердан сўнг Конрад Адунауэр ҳокимиятнинг бўлиниши тамойилини жуғрофий амалга оширган эди. Яъни Олий Суд мамлакатнинг олис бир чеккасида жойлашган, Ички ишлар идораси бошқа бир чеккасида жой топган, Хавфсизлик хизмати ҳам бир олис вилоятдадир. Яъни уларнинг ҳеч бири пойтахт Боннда эмас. Олий судда бўлганимда сўраганман: “Давлат ё ҳукумат раҳбари бирор кишини қамашни ё озод қилишни сўраб мурожаат қиладими?” 20 йилдан бери Олий суд раиси бўлган немис дўстимиз йигирма йил мобайнида бир марта телефон қўнғироғи ҳам бўлмаганлигини айтди, чунки ҳукумат суд идорасига зуғум ўтказса, ўша куни халқ бу ҳукуматни истеъфосини талаб қилади. Уларнинг фикрича, ҳокимиятнинг бир қўлда жамланиши Гитлернинг гестапосини юзага келтирган.

Дарвоқе, гап конспирация ҳақида эди. Олмон махсус хизматида билганим шуки, улар бирор кимсани давлат хавфсизлигига тахдид солишини билсалар, унинг телефонини эшитиш учун парламент комиссиясидан рухсат олишар экан. Эшитиш фақат 20 кун давом этиши мумкин эмиш. У одам билмаса, майли, мабодо кузатувни сезиб қолса, кузатилаётгани ёки кузатилмаётгани ҳақида сўров бера оларкан ва бу сўровга ҳақиқатни айтиб жавоб бериш мажбурий экан. Агар махсус хизматлар бирор кимсани жиноятчи деб пойлаб юриб аниқласа, уни қамоққа олишни полицияга топширар экан, чунки махсус хизматларда оператив функция йўқ, уларнинг қамоқхонаси ҳам йўқ. Барча жиноятчиларни полиция ушлайди, прокуратура сўроқ қилади ва суд ҳукм этади. Уларнинг суди полиция ёки махсус хизматлар истаган ҳукмни чиқариб бермайди, адолат томонда туради. Мана, кўряпмизки, Олмония махсус хизматлари зимдан ишлайди ва Мирзиёев Қароридаги конспирация банди шунга умид беради.

ДХХ “фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига оғишмай риоя этилишини кафолатлайдиган таъсирчан механизмларни жорий қилиши” ҳақидаги қарор банди ҳақида юқорида айтгандайман.

Бу идорага “Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузуми, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига тажовузларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ҳамда уларга барҳам бериш бўйича разведка ва контрразведка фаолиятини амалга ошириш” топширилгани тушунарлидир.

Ҳаммамиз ҳам одамлар ичида яшаймиз. Бир балиқхўрлик ошхонасида 2000 йиллар нари-берисида бир шу идора вакили билан бирга ўтириб қолгандим. Уни бошқа кўрмадим. Шу одам менинг ўша пайтлар машҳур журналистлигимни билиб, гаплашиб қолди ва шу гапларни айтди: “Бизнинг КГБ интеллектуал жой эди, бизнинг ишни “белые перчатки”, яъни оқ қўлқопда ишловчилар” дейишарди, фақат равзведка ва контрразведка билан шуғулланардик ва сифатли шуғулланардик. Нимагадир ички ишларга давлат раҳбарининг ишончи пасайдими ёки ўзаро назорат бўлсин, ҳокимиятда баланс бўлсин дейилдими, ОБХССнинг ваколатларидаги иқтисодий жиноятларга ҳам бизни аралаштиришди – қўлимиз катта пул қўрди, икки қаватли уйлар қурдик, машиналар миндик ва бизнесменларнинг бизнесини қўлга олдик… Кейин диний экстремизмга қарши кураш бўлимлари очилди, уларни урдик, қийнадик, ўлдирдлик ҳам зарур бўлганда – оппоқ қўлларимизга қон тегди. Бизга хос бўлмаган ваколатларимиз шунга олиб бораётибди. Ўзини билан, виждонли ходимларимиз бўшаб кетди ва кўпчилиги Россия, Белоруссия хизматларига ўтиб ишлаяпти”.

Ички ишлар идоралари ҳам “бизнес”га ўтган эди. Чорсу бозорида граната портлади ва тезда давлат раҳбари ҳамма бозорларга ички ишлардан раҳбар қўйди. Бозортайёрловсавдонинг ўша пайтда органдан келган бошлиғи столига ички ишлар вазирининг сурати ва Ф-1 гранатасини сувенир сифатида қўйиб қўйганди. Интервью олишга кирган журналистлар билади.

Кейин Андижон воқеаларидан сўнг бозорларга бошлиқ ва ўринбосар бўлиб хавфсизлик идораларидан одамлар келди ва бозорлар давромади уларга ўтди. Чунки, яхши одамми-ёмон одамми, Зокир Алматов милиция халққа ўқ отса, эртага участковойлар халқнинг орасида қандай юради?!” деб халқни отишга кўнмади, хавфсизлик хизмати раҳбари ўзининг тизимидаги аскарлари билан буни амалга оширди. Алматов кетди ва бутун бизнес ҳам, истаган кишини ушлаш, қамаш ва эзғилаш ҳуқуқи ҳам хавфсизлик идораларига ўтди. Шунинг натижасида идорадан чиққанлар ички ишларга ҳам, прокуратурага ҳам, Ташқи ишлар вазирлигига ҳам, Ташқи иқтисодий фаолият қўмитасига ҳам, телевидениега ҳам келди. Мамлакатни ялпи назорат қилди ва бу бугунги кўриб турган ҳолатимизга олиб келди. Ҳозир ўша ходимларнинг айримлари кетяпти жазосини олиб, айримлари ҳали турибди.

Биламан, хавфсизлик идораларида минглаб яхши инсонлар ҳам бор. Улар ўша-ўша ойликка кўз тутганича яшайди, оиласини бир амаллаб тебратади, лавозими ҳам юқори эмас, юрт учун куйинади. Иккинчи томондан, давлат хавфсизлиги ҳам муҳим соҳа, усиз давлат йўқ. Биз унинг қонун доирасида ишлаши, вазифасини аниқ ва тиниқ бажариши, инсон ҳуқуқларига риоя этиши тарафдоримиз.

Шу билан бирга, бир оддий фуқаро ва халқ вакили ўлароқ, “терроризм, экстремизм, уюшган жиноятчиликка, қурол-яроғ, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш, давлат манфаатлари ва хавфсизлигига таҳдид солувчи миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб этишга қаратилган бузғунчилик фаолиятининг олдини олиш, уни аниқлаш ва унга барҳам бериш, иқтисодий, илмий-техникавий, ижтимоий ва ахборот соҳаларида давлат хавфсизлигини таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси халқининг тарихий-маданий ва бой маънавий меросини ҳимоя қилиш, давлат органлари ва бошқа ташкилотларда давлат манфаатлари ва хавфсизлигига таҳдид солувчи коррупция ҳолатларига қарши курашиш; телекоммуникация ва транспорт соҳасида давлат хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда ҳолатларни юзага келтирувчи омилларнинг олдини олиш, аниқлаш ва уларга барҳам бериш” сингари янгидан такроран берилаётган ваколатларини аниқ ва тиниқ бажаришидан ҳам манфаатдормиз.

“Хизмат тергов қилиш ваколатига кирувчи жиноят ишлари бўйича терговга қадар текширув ва дастлабки тергов олиб бориш ва тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш; давлат органлари ва бошқа ташкилотларда давлат сирлари сақланиши, махсус алоқа хавфсизлигининг таъминланиши ҳамда ахборотларни криптографик ҳимоя қилишни ташкил этиш устидан назоратни амалга ошириш; давлат манфаатлари ва хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳуқуқбузарликлар содир этилишига имкон берадиган сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш” сингари ваколатларнинг берилишини чуқур мулоҳаза қилиш ва кенгайтириб талқин этилишидан ҳамиша огоҳ бўлиш тарафдоримиз.

Мазкур қарордаги “Ўзбекистон Республикасининг ўта муҳим ва тоифаланган объектларида қўриқлашнинг техник воситаларини лойиҳалаш, монтаж қилиш, созлаш, таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш бўйича ишларни бажаришга рухсат бериш, режимли мудофаа объектларини лойиҳалаш, қуриш, улардан фойдаланиш ва уларни таъмирлаш учун лицензия талабгорларига рухсат этилганлиги ҳақида маълумотнома бериш” ваколатларининг ДХХдан олиб бошқа идораларга берилганлигини тўғри деб биламиз.

Президентнинг ПФ-5379-сон Фармони ёдимизга журналистик бир клишени ёдга туширди “Президент Фармони – халқ дармони”. Бу ифода айнан ўз ўринда умидларимизни ифодалаётгандек. Халқ дармони – халқ армонига айланмасин деб умидланамиз.

Муаллиф: Карим БАҲРИЕВ

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Бишкекда 110 метрли чучук тайёрлашмоқчи

11 март куни Бишкекда 100 эмас, 110 метр узунликдаги чучук тайёрлашади. Бу ҳақда «Азаттиқ»га тадбир ташкилотчиларидан бири - Элнура Кулуева хабар қилди. (more…)

Қорақалпоғистондан қарийб 12 минг киши кўчиб кетди

Қорақалпоғистон Республикасида январь-сентябрь ойларида бошқа ҳудудларга кўчиб кетганлар сони 11 минг 436 кишига етди. Бу ҳақда “Turon24” Қорақалпоғистон статистика ...

Марҳамат тумани прокурори ёрдамчиси ярим тунда маст ҳолатдаги пиёдани уриб юборди

25 апрель соат тахминан 23:00 да Марҳамат туман прокурорининг катта ёрдамчиси Б.П. бошқарувидаги Nexia русумли автомашинасини «Марҳамат—Асака» транспорт қатнов йўлининг ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400