Ҳокимият: “Камаз остида қолган Диана Еникеева кўча тозаламаётган эди”

Диана Еникееванинг бир ўғли қолди

Каттақўрғон туман ҳокимияти 14 март куни ёш педагог Диана Еникееванинг Камаз остида қолиб ҳалок бўлишига муносабат билдирди. Хулосаларида туман прокуратураси изланишларига таянган ҳокимият Диана ўлими арафасида йўл оҳаклаётгани ҳақидаги иддоаларни рад этди. “Диана Еникеева йўлни кесиб ўтаётганда машина уриб юборган”, дейилади унда.

Каттақўрғон ҳокимининг ўринбосари М. Музаффаров ва Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Қ. Саидов имзолари остида ёзилган баёнотни хабар.уз сайти чоп қилди.

Мактуб туман ҳокимияти ёки вилоят халқ таълими бошқармасининг расмий бланкасига ёзилмаган. Унда манзил ва баёнотнинг чиқиш санаси кўрсатилмаган, муҳр урилмаган.

Тушунтириш хатидаги даъволар шу вақтгача Ўзбекистондаги интернет нашрлари чоп қилган иддоаларнинг том тескариси эканлигини кўриш мумкин.

“Ўрганишлар натижасига кўра, мактаб ўқитувчилари, жумладан Диана Еникеева ҳам ҳеч қандай йўл четини тозалаш, супуриш учун чиқарилмаган. Қолаверса, бундай ишлар жойлардаги ободонлаштириш бошқармаси ходимларининг вазифасига киради. Таълим муассасаларида эса ўқитувчилар эмас, балки хўжалик ишлари бўйича масъул ходимлар, боғбонлар шуғулланади”, дейилади унда.

Ҳокимият ёш педагогнинг иш вақти катта трассада нима қилиб юргани ҳақида саволни кўтармаган. Гувоҳларнинг ўша куни ва эртаси куни ҳам кўча тозалашга чиқарилганлиги ҳақидаги гапларини эътиборга олмаган.

Хабар.узнинг махсус мухбири Каримберди Тўрамурод 16 март куни ҳодиса жойига борган ва Диана Еникеева йўл четини бўяётгани борасида бир неча гувоҳлар билан гаплашган.

Уларнинг айримлари ўз исми шарифини бермаган, айримлари исм-шариф билан келтирилган. Бироқ гувоҳларнинг бирортаси ҳам Диана катта йўлни тозалаш чоғида ҳалок бўлганини рад этмаган, аксинча уларнинг ҳаммаси ўқитувчилар 14 ва 15 март кунлари Президентнинг Самарқандга ташрифи арафасида кўча тозалашга олиб чиқилганини таъкидлаган.

“Бизни Самарқанд – Бухоро трассасига чиқаришди. Қора “Ласетти”да келган ХТБ вакили бизга алоҳида ҳудудни чегаралаб берди. Мен унга “Бу – катта трасса, юк машиналари катта тезликда юради, одамларга яқин ерда тезликни пасайтириш лозимлигини кўрсатувчи ёки таъмирлаш ишлари кетаётганини билдирувчи белгилар қўйилмайдими, ГАИ (ДЙҲХХ) ходимлари бизга яқин ерда туришмайдими?” дедим. Аммо у «Ана, машиналарида ГАИлар ўтирибди, сизларга қарайди» дея машинасига ўтириб, жўнаб кетди. Машинадаги ГАИ ходимлари бизга яқин ҳам келишмади, бирор белги ҳам қўйилмади, бирортамизга ақалли бирорта байроқча ҳам беришмади, кейин шу фожиа содир бўлди. Биз йўл четидаги дарахтларни оқлаётган, кимдир йўлларни супураётган, Дианалар тўсиқни оҳаклаётган эди. Катта тезликда келган «КамАЗ» Дианани уриб кетди”, дея ўқитувчидан иқтибос келтирган нашр.

Муаллиф Каримберди Тўрамурод мактаб масъуллари билан ҳам гаплашган. Директор ўринбосари Дилрабо Эркаева 14 март куни Диананинг 4 соат дарси бўлганини, лекин улар ўтилмай қолганини айтган.

Директор ўринбосари ўқитувчиларни кўча тозалашга ўз ихтиёри билан чиқармаганини, балки бошқа мактабларда ҳам ҳар куни бўлаётганини айтган.

“У ҳақ эди. Энг қизиғи, бир ўқитувчини машина босиб ўлдирганидан кейин ҳам катта трассадаги ишлар тўхтатилгани йўқ, 15 март куни ҳам ўқитувчилар «кўчага ҳайдалди». Буни ўзим кўрдим, албатта, эртаси куни ишлаётган ўқитувчиларни ДЙҲХХ ходимлари «қўриқлаб» туришарди”, деб ёзади Каримберди Тўрамурод.

Муаллиф йўлнинг икки чети муаллимлар билан тўла эканлигини ёзган. Йўлни ободонлаштириш ишлари билан шуғулланаётган Пастдарғом туманинининг 103-мактаб ўқитувчилари билан гаплашган. Уларнинг ҳаммаси “ўқитилиб” қўйилибди, дейди у.

Йўлдаги ўқитувчилар “бизни биров мажбур қилгани йўқ, ўзимиз кўча тозалашга чиқдик”, деб айтган.

Бироқ Каттақўрғон туман ҳокимияти ва вилоят Халқ таълими бошқармасига кўра, ўқитувчилар кўча тозалашга чиқарилмаган.

“Мамлакатда март-апрель ойлари ободонлаштирилиш ойлиги, деб эълон қилингани ҳам “Тозалик бор жойда, барпака бор” нақлининг амалий ифодасидир. Лекин бу эзгу ҳаракатни “Президент келиши олдидан кўча тозалашга мажбурлаш”, деб тушуниш нотўғри”, дейилади ҳокимият вакили ёзган баёнотда.

Баёнотда Диана Еникееванинг ўлимини кўча тозалашга боғлаб ёзиш интернет фойдаланувчилари ўртасида салбий фикр уйғотишга сабаб бўлишидан огоҳлантирилган.

“Шу нуқтаи назардан Каттақўрғонда содир бўлган бахтсиз ҳодиса, ёш педагог Диана Еникееванинг ўлимидан чуқур қайғуда эканимизни билдирган ҳолда, бу ҳодисани бошқа ҳолатларга боғлаб талқин қилиш, оммага холис туриб етказмаслик интернет тармоғида фойдаланувчилар ўртасида салбий фикр уйғотишга сабаб бўлади, деб ҳисоблаймиз”.

Ушбу ҳолат юзасидан Президентнинг матубот котиби Комил Алламжоновга ҳам савол йўлланган. Комил Алламжонов Мирзиёев ташрифидан олдин ўқитувчиларнинг кўча тозалашига қачон барҳам берилиши тўғрисидаги саволни очиқ қолдирган.

Facebook фойдаланувчиси Mоhir Mavj Президент келишидан олдин ҳокимлар томонидан ўқитувчиларни йўл четини тозалашга мажбурлаш қачон тугатилишини сўраган.

“Матбуот котибига савол: ҳокимлар президент келишидан сал олдин асосан ўқитувчиларни катта ва кичик йўл ёқаларига чиқариб, тозалаш ишларига «мажбурлайдилар». Шу тўғрими? Ёки бу кичкина масала ҳисобланадими? Бир неча кун олдин Самарқанд катта кўчасини тозалаётган вақтда 23 ёшли ўқитувчи машина уриб кетиши натижасида вафот этган. Умуман, шу каби «ҳокимларга хос» анъана қачон тугатилади?”, дейди у.

Президентнинг матбуот котиби саволга тўғридан тўғри жавоб беришдан қочган. У ушбу ҳодисани фожиа деган ва сабаблари ўрганилаётганини айтган.

“Бўлиб ўтган ҳодиса албатта жуда ачинарли. Фожиага олиб келган сабаблар ҳозирда ўрганилмоқда. Натижасига кўра тегишли чоралар белгиланади. Ўз номимдан марҳуманинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этаман”, деган Комил Алламжонов.

Президентнинг матбуот котиби раҳбарининг ташрифи арафасида ўқитувчиларнинг кўча тозалашларига қачон барҳам берилиши тўғрисидаги саволни очиқ қолдирган.

Диана Еникеева ҳолати юзасидан Каттақўрғон ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 266-моддаси, 2-қисми билан ҳайдовчига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Манбаа: bbc.com

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Имомнинг рафиқаси: «эрим мхх ходимига танбеҳ бергани учун 13 йилга қамалди»

Сўнгги пайтда дин ва виждон эркинлиги муҳокама майдонидан тушмай қолди. Афсуски, эътиқод ва виждон ишига четдан аралашувчи кучлар айрим вазиятда бу масалага атрофлича ...

“муаммо меники эмас, менга нима?!”

Афсуски, орамизда дунёни сув босса тўпиғига чиқмайдиган, жамиятда фақат ўзини ўйлаб яшайдиган, бировнинг илтимоси, ҳожатига ярашни ор деб биладиган ёки шунчаки бошқалар ...

Жорий йилда судлар орқали даъвогарларнинг 2,3 трлн сўм маблағи ундириб берилди

2019 йилнинг биринчи чораги мобайнида иқтисодий судлар томонидан 46 001 та иш кўриб чиқилиб, ҳал этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати маълум ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400