АССАЛОМ  НАВРЎЗ – МУҲАББАТ  ФАСЛИ!!!

Оллоҳ Одамни меҳр-муҳаббат билан яратди!..

Бир қарашда жуда оддий, жўн, аммо яна бошқача назар, бошқача мушоҳада  билан ёндошадиган бўлсак, Инсон аталмиш ўзининг  олий ва илоҳий мавжудотини тўрт унсур: Тупроқ, Сув, Олов ва Ҳаводан маҳорат ила яратар экан, ана шу тўрт унсурга қўшиб, унинг бутун вужуди, борлиғи ва моҳиятига Ўзини ҳам жойлади!!!

Оллоҳ Оламни ҳам Меҳр-Муҳаббат билан яратди!..

Она Заминимизни осмон ўпар тоғлар, сувлар: денгиз, дарё ва уммонлар, дала, даштлар, ўрмону боғлар ила безатар экан, уни бир-биридан бетакрор, гўзал ва фусункор тўрт фасл: Ёз(!), Қиш(!), Куз(!) ва Баҳор(!) билан ҳам зийнатлади!..

Илоҳий Олам узра ана шу тўрт фаслга қўшиб эса Ўзини ҳам жойлади!..

“Ватан нимадан бошланади?!..” деган машҳур қўшиқ эсингиздами?!

(Ватан фасллардан ҳам бошланади!..)

Бунга ҳар ким ўзи  ҳис қилгандек, ўзи истагандек жавоб беради, албатта ва бу жавобларнинг ҳаммаси ҳам тўғри.  Мен учун эса Ватан Ота- Онамдан бошланади!!!..

Бугун Борлиқда Баҳор! Айтингчи, азизларим! Баҳорчи, баҳор Сиз учун нимадан бошланади?! Мен айтайми, Сизга ўз жавобимни?! Мен учун Баҳор ҳам Ота-Онамдан бошланади!..

Қиш кунлари ортда қолиб, Баҳорнинг илиқ кунлари, фусункор таровати, тотли  жилвалари,  сархуш ифорлари  бўй кўрсата бошлар экан, аввало бу соғинчли жараёнлар Отамнинг кайфиятида, юриш-туришлари ва ҳаракатларида албатта яққол ўз ифодасини топар эди.

Одатда эркаклар учун мўлжалланган уй юмушларини бажаришга Отам одатдагидан кўраям ўзгача завқ-шавқ билан киришиб кетар эдилар. Оиламизнинг жониворлар дея аталмиш муҳим қисмига: қўй-қўзилар, сигир-бузоқ, мол-ҳолларга бетакрор баҳорий яшил озуқалардан  уйиб-уйиб, тўлиб-тошиб келтирар эканлар, ҳеч қачон Онам учун ва биз қизлари учун ҳам фақат Отамгагина хос Меҳр билан тайёрланадиган баҳорий гулдасталарини ҳам ҳеч вақт эсларидан чиқармас эдилар. Баҳорий соф ва тоза ифорлар таралиб турадиган, орасида турли баҳорий чечакларни учратиш мумкин бўлган, кўзингизни қувонтириб, қалбингизни завқ-шавққа тўлдириб юборадиган ушбу гулдасталар мен учун ҳозиргачаям дунёдаги энг чиройли гулдасталардир!..

Уйимиздаги гўзаллик, озодалик ва саришталикка масъул Маликамиз Онажонимизнинг  уй юмушлари ҳам ўзгача тус олар, баҳорий юмушлар билан бойиб қолар эди. Ҳар йили Наврўз фаслида маҳалламиз аҳли аёллари пиширишадиган сумалак учун буғдой бизнинг уйимизда ундирилар эди. Онажонимизнинг буғдойни парваришлаш ишларини кузатар эканмиз, сумалак пишиб, тайёр бўлгуничаям, эҳҳе, ҳали яна қанча ишлар борлигини кўз олдимизга келтириб, эндигина бошланган жараёнларни сидқидилдан бажараётган Онамга нисбатан ички бир ҳурмат ва тавозени ҳис қилар эдим.

Бундан ташқари яна “Йил боши” ҳам бор эди!.. Биз болаларни ниҳоятда қувонтирадиган ушбу анъана Қўнғиротча шевада “Жил боши” ҳам бўлиб жаранглар эди. Қачон ўтказилиши бир-неча кун аввал келишиб олингандан сўнг, кимнинг онаси нима овқат пиширмоқчи бўлаётгани ҳақида қизғин суҳбатлар қурар эдик. Негадир ҳар йилиям Онажонимнинг овқатлари энг талабгир ва энг сара овқатлардан  бўлиб чиқар, мақтовлар ҳам айтилар эди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Яна бир қувончли баҳорий удум бизларни кутиб турар эди: “Дарвешона”!!!

“Дарвешона” да пишириладиган овқатнинг ижодкорлари энди оталаримиз бўлишар эди. Илиқ баҳор қуёшининг оғушида, оналаримиз ёзган дастурхон атрофида “Ҳалим” дея аталмиш бетакрор таъмли овқатни илҳақлик билан кутар эдик. Ниҳоятда хуштаъм ушбу таомни мазза қилиб тановвул қилиб бўлганимиздан сўнг эса оналаримиз албатта юз-қўлларимизни ювиб қўйишар, ана шундан сўнггина “ўйнагани” рухсат беришар эди…

Баҳор ана шундай урф-одатларимиз, миллий анъаналаримиз билан ҳам ўта завқли ва ўта фусункор фасл. Олам янгиланишининг тимсолини  ўзида акс этдирувчи Наврўз эса ўз мазмун ва моҳияти билан мутлақо бетакрор, қадимийлик ва абадийликка чинакам дахлдор айём!..

Мустақиллик йилларида биз ўз миллий тарихимиз, анъаналаримиз билан бирга қадим маънавиятимизни ҳам дунёга тақдим этдик.

2010 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси томонидан Наврўзнинг Халқаро  байрам тадбири сифатида тарғиб қилиниши Инсоният учун амалга оширилган ва қабул қилинган энг эзгу амаллардан бири бўлган!  Ҳақиқатан ҳам Наврўз Халқаро Миқёсда нишонланишга муносиб байрам.

Эй, Олам Аҳли! Наврўзи Олам муборак бўлсин! Ахир, Баҳорни севмаган ким бор?!  Янгиланиш, Яшариш фасли! Гуллаш, яшилланиш, севиш ва ҳайратланиш фасли! Гўё Олам Яшашни яна Янгитдан бошлайди! Олам ҳақиқатан ҳам ҳаммасини яна қайтадан бошлайди. Яна қайтадан яшариш, янгиланиш ва Яратишга, Яратувчанликка киришиб кетади.

                   О, Оламдан тўкилди гуноҳ,

                   Оралаган боғларга Санми?!

                   Гуллайсанми, шунақа Оллоҳ,

                   Оллоҳ шундай кўкарасанми?!

Шоир Усмон Азимнинг “Баҳорги боғ” шеърий туркумидан ушбу сатрларни  ҳар баҳор Оламга ҳайратланиб боқарканман,  беихтиёр қалбимда такрор ва такрор такрорлайман!..

Қалбим ифодаси бўлган ушбу сатрларга муҳаббатим туфайли  бир пайтлар уларни ҳаваскорларча рус тилига  таржима ҳам қилган эдим. Рус тили бўйича муаммоларим талайгина бўла туриб, бу менинг илк таржимам бўлсада, рус тили ўқитувчим ҳаракатимни ниҳоятда юқори баҳолаган ва кузатганларим шу бўлган эдики, шеър ёки таржима ўқитувчимни маълум муддат ўзгача ҳолга солган эди…

Баҳорни ҳис қилинг, азизлар! Унда ҳақиқатан ҳам Илоҳий Ҳайрат бор!

                             Олам чиройидан ҳайрати  жўшиб,

                             Ишқ шаробин ичар, Ошиқ бол ари!..

                             Яратганнинг Меҳрин кўринг ушбу чоғ,

                             Гулларга бурканган қир-адирлари!..

Ҳа, Оллоҳ Оламни Муҳаббат билан яратди! Ва ўз муҳаббатига қўшиб Олам узра Баҳор бўлиб, ўзи ҳам жонланди!..

Наврўзи Олам муборак, дўстлар! Борлиққа ташриф буюриб, ёйилган баҳор қалбларимизнида забт этсин! Ҳаётимизни зийнатлаб, безаб, ҳар бир хонадонга бахт берсин!..

Азиз Олам аҳли! Наврўз муборак! Янгиланиш фасли — қувончдан дарак!

Қувончларимиз қувончларга, байрамларимиз эса байрамларга улашаверсин!

Хуш келибсан, Баҳор! Хуш келибсан, Ишқ Камалаги!..

 Сен Ошиқлик  ранг-баранглиги, Сен Муҳаббат симфонияси!..

Сен ниятлар тоза, поклиги!..

Сен Эзгулик тантанасисан!!!

 Самимий тилаклар ва меҳр-муҳаббат ила Дилфуза ЛАНГАР     

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Навоийшунос олим азизхон қаюмов “минор”га дафн этилди

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Беруний номидаги давлат мукофоти соҳиби, Ўзбекистон Фанлар Академияси академиги Азиз Қаюмов 16 февраль куни 93 ёшида вафот этди. ...

Ўзбегим, жон, ўзбегим…

Олдиндан айтиб қўяй, мен ҳар бирингиздан кўпроқ севаман, Ўзбекистонни! Мен яхши кўраман, миллатимни! Яхши кўраман, миллатдошимни! Яна айтиб қўяй, миллатчи ҳам эмасман! ...

Диққат, таклиф! конституция кучлими ёки кодекс?

ИККИНЧИ  МАҚОЛА Ўзбекистон Республикаси Конституцияси (Асосий Қонун) 26-моддасида: “...Судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилади”-, ...