Нурободда иш ўрни яратмоқчи бўлаётган тадбиркорнинг ишига тўғаноқ бўлишмоқда

Юртимизда ижтимоий иқтисодий соҳаларда олиб борилаётган кенг қамроқли ислоҳотларнинг бош мақсади — халқнинг фаровонлигини ошириш, жойларда иш ўринларини кўпайтириш, қишлоқ ёшларини фойдали меҳнатга жалб этиш бўлиб келмоқда.

Мақола kun.uz сайтидан олинди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг «иккита иш ўрни яратган тадбиркорни бошимга кўтараман», деган пурмаъно сўзлари барчага ишонч ва умид бахш этди.

Самарқанд вилояти, Нуробод туманининг Нурбулоқ шаҳарчасида истиқомат қилаётган якка тартибдаги тадбиркор Суннат Шомуродов ҳам айни пайда шаҳарчада турли дўконлар, сартарошхона, қассобхона, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш устахонаси ташкил этиб, эл оғирини енгил қилиб келаётган маҳаллий ишбилармонлардан. У бизга ўзини қийнаётган муаммо билан мурожаат қилди ва биз воқеани ўз жойида ўрганиш учун Нурбулоқ шаҳарчасига йўл олдик.

58 ёшли тадбиркор Суннат Шомуродовнинг эндиги мақсади — ўзи қуриб ишлатаётган корхоналарнинг орқа қисмида қандолат цехи ва меҳмонхона қуриб, тадбиркорлик фаолиятини янада кенгайтиришдан иборат эди.

Шу мақсадда у 2012 йилда 27 декабрда ишламай ётган «ЎзАэроНавигация» марказининг ташландиқ бўлиб ётган ер майдонидан 2 сотих ерни Нуробод туман ҳокимининг 566-сонли қарори билан расмийлаштириб олади. Шундан сўнг тегишли ташкилотлар режани ўлчаб чизиб, қозоқ қоқиб беришади. Иншоотнинг архитектура-лойиҳа топшириғи ва бошқа ҳужжатлар тайёрланди. Тегишли идораларнинг барчасидан рухсат олинган. Чизмалар остида ўша пайтда фаолият кўрсатиб турган «Ўзаэронавгиация» марказининг эътирози йўқлиги ҳақидаги имзоси ва муҳри ҳам турибди.

2016 йилда туман ҳокимининг ушбу ер майдонига эгалик ҳуқуқини бериш ҳақидаги қарори ҳам чиқади.

Бироқ, маълум бўладики «ЎзАэроНавигация» маркази тугатилгач, унга тегишли ер жойлар туман захирасига олинган ва 2015 йил ноябрь ойида ер майдони тўлиқ шаҳарчада истиқомат қилувчи бошқа бир якка тартибдаги тадбиркор Зоҳид Болиевга туман ҳокимининг 631-сонли қарори билан расмийлаштириб берилади.

Ана шундан сўнг Суннат ака Шомуродов қурилиши мўлжалланган иншоотларини қура олмай сарсон бўлиб келмоқда.

Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди 2017 йил декабрь ойида З.Болиев фойдасига ажрим чиқарган.

Суд ажримида кўрсатилишича, С.Шомуродов ушбу ер майдонини ноқонуний тарзда эгаллаб олгани қайд этиб ўтилган. Бироқ, ЯТТ С.Шомуродовда ушбу ерга эгалик ҳуқуқини берувчи барча ҳужжатлар бор. Боз устига, ҳокимлик қарори ва бошқа ҳужжатлар санасига кўра ер майдони С.Шомуродовга биринчи бўлиб берилганини кўрсатиб турибди. Суд нега бу важларни инобатга олмагани бизга номаълум.

Биз съёмка қилган куни З.Болиевга тегишли ер майдони қарорсиз аҳволда, ахлатхонага айланиб турганининг гувоҳи бўлдик. Нуробод туман ҳокимлигига ким азиз: ерни олиб 29 ойдан буён ҳеч бир иш қилмаган инсонми ёки корхона очаман, маҳалла йигит қизларини иш билан таъминлайман, туман бюджетига солиқ тўлашни кўпайтираман, деган тадбиркорми?

Суннат Шомуродов харид қилиб қўйган қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун мўлжалланган дастгоҳлар ҳали яп-янги, ишлатилмай турибди. Ҳозир унда мавжуд бинолар эса СанПин меъёрларига мос келмайди. Унинг учун айнан янги бино қурилиши керак. Бино эса қурилмай турибди…

Ўйлаймизки, Нуробод туман ҳокимлиги мавжуд қонунчилик доирасида ушбу чигал масалани ҳал қилади, ишлайман деган тадбиркорга имконият яратади  ва тегишли чоралар кўради. Kun.uz ушбу мавзуга яна қайтади.

Шуҳрат Шокиржонов,
Kun.uz журналисти.

Аудиолар