Пасткашликда айбламанг Боғча опа!

Пасткашликда айбламанг Боғча опа!

Боғча мавзусида илгари ҳам бир неча марта мақола ёзган эдим. Бугун яна шу мавзуга қӯл уряпман. Рости, мақолани ёзгим келмай ёзяпман. Ёзгим келмаганига кимларгадир жабр етказишни, кимларнингдир дилини хуфтон қилишни, кимларнингдир бемаврид ишдан озод этилишини ёки танбеҳ олишини ва бошқа сон-саноқсиз омиларни хоҳламаслигим сабаб бӯлди.

Ёзмасам бӯлмаслигига эса яна олдингидек фонд пулию бошқа “йиғ-йиғ”ларнинг бартараф этилмаётгани, аксинча, янада кучаяётгани, деярли барча мактабгача таълим муассасаларининг ота-оналар бӯйнига осилиб олишига барҳам берилмаётгани каби қусурлар туртки берди.

Гап шундаки, 2016 йил 1 январда капитал таъмирдан чиққан ва айни пайтда фарзандларимиз тарбия топаётган Тошкент шаҳар Миробод туманидаги боғчамиз дилбандларимизни 90% яланғоч ҳолатда қабул қилиб олишганди. Ӯшанда биз ота-оналар фақатгина карават ва кӯрпа-тӯшак, болалар жавони ва оёқ кийим қӯйиладиган жавонча билан таъминланган боғчамизни ӯз ҳисобимиздан жиҳозлагандик, ясантиргандик, безатгандик. Идиш-товоқдан тортиб гиламу паласгача, парда-ю ӯйинчоқларгача, экинзорларни суғорадиган шланкаю боғча ҳовлисига тӯшаладиган тупроғу экиладиган гулларгача сотиб олиб бергандик. Бу ишлар мамлакатимизда Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилмасдан олдин рӯй берган эди.

Ӯтган йили Ӯзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ташкил топди. Буни эшитган кӯпгина ота-оналар ниҳоятда хурсанд бӯлишди. Ӯз навбатида кимдир бундай вазирлик мутлақо керак эмас деди, яна кимдир ана шундай вазирликнинг ташкил этилишини қӯллаб-қувватлашди. Мен ҳам янги вазирлик фаолият юрита бошлаганидан ӯзимча севиндим. Севинишимга боғчаларда тӯпланиб қолган муаммолар бундан кейин барҳам топади, боғчалар биз ота-оналар учун том маънода энг яқин кӯмакчига айланади, деган умид учқунлари озуқа берди.

Бироқ, афсуски, шахсий кузатишларим натижасида билганим шу бӯлдики, янги вазирлик ҳатто боғчаларимиздаги ақалли норасмий боғча фондини йӯқотишга ҳам қурби етмади. Аксинча Мактабгача таълим вазирлиги ташкил топгандан кейин ҳар ойлик боғча тӯловлари илгари ҳеч қачон кузатилмаган рекорд даражада ошди. “Йиғ-йиғ”лар айрим ота-оналарни йиғлатадиган даражага етди. Бунга боғчамизда очилган янги гуруҳни керакли буюмлар билан жиҳозлаш учун ана шу гуруҳга ӯтказилган болаларнинг ота- оналарини “ихтиёрий” ҳомийликка тортиш мисол бӯла олади.

Хулласи калом, биз ота-оналар фарзандларимизнинг янги очилган гуруҳи учун иккита гилам, оёқ кийимлар учун жавон, карниз, парда, коса, пиёла, стакан, чой ва ош қошиқлар, сочиқ, ҳар хил ӯйинчоқлар, хлор солиш учун тӯртта тувакча, гул экиш учун тувакчалар ва бошқа майда-чуйда нарсаларни сотиб олишимиз, аниқроғи, бунинг учун 60 минг сӯмдан пул йиғиб беришимиз керак. Бу ҳаммаси эмас, албатта, ота-оналар бундан ташқари одатий тусга айланган, аллақачон фирибгарликка кирмай қолган ҳар ойлик норасмий боғча фонди учун пул йиғиб боришда ҳам давом этамиз.

Боғча опа буни биз ота-оналарга гап-сӯзлар ташқарига чиқмаслик шарти билан минг истиҳола, кучли қӯрқув исканжасида гапирди. “Мана кӯриб турибсизлар, гуруҳимиз шип-шийдам, қанча югур-югурлардан сӯнг давлат алал-оқибат бир йилдан кейин янги гуруҳ очилишига рухсат берди. Энди бу хоналарни ӯзимиз жиҳозлашимиз керак. Сиз ота-оналар фарзандларингиз учун бизга яқиндан ёрдам берасизлар, деб ӯйлайман. Боғча фондидан тӯпланган пулларга келсак, уни ҳожатхона қоғози ва бошқа санитар буюмлар учун сарфлаймиз”, деди.

Боғча опани ҳам тушунсак бӯлади. Унинг мӯлтираган кӯзларини кӯриб, қӯрқувдан аранг чиқаётган овозини эшитиб, рости кишининг раҳми келади. Аслида Боғча опа ростдан ҳам баландпарвоз гапларга ӯч ҳукуматимиз, ҳамма шароитни бекаму кӯст яратиб қӯйдик, деб жар солишга уста мутасаддилар ӯйламаган фарзандларимиз тақдирини ӯйлаб гапиряпти, аниқроғи, юқоридагилар гапиртиряпти. Демак бу ерда на Боғча опанинг ва на боғча мудирасининг заррача айби йӯқ, деб бемалол айтсак бӯлади.

Бизнингча, боғчамиздаги “Ромашка” гуруҳининг шип-шийдамлигидан Миробод туман Мактабгача таълим муассасаларини методик таъминлаш ва қӯллаб-қувватлаш бӯлими раҳбарияти ҳам хабардор. Демак, биз уларни ҳам юз фоиз айбдорга чиқаролмаймиз. Айбдорлар “Хоналарни ӯзларинг жиҳозлайсанлар!”, “Яқинда комиссия текширувга боргунча камчиликлар бартараф этилган бӯлиши керак, акс ҳолда у жойда санлардан бошқа ишлашни хоҳловчилар ҳам кӯп”, дея буйруқ беришга устаси фаранг бюрократлардир. Улар юқори ташкилотларда савлат тӯкиб ӯтиришибди…

Ҳа, юқорида мақолани ёзгим келмай ёзяпман дедим. Бундай дейишимга яна бир сабаб калтак қуйи ташкилотлар бошида синишини билганимдир. Ҳолбуки, ҳамма айблар илдизи юқори ташкилотларга бориб тақалади. Бироқ доим қуйи ташкилотларда  ишлаётганлар жабр чекади. Юқори ташкилотдагилар эса сувдан қуруқ чиқади. Аммо халқимиз балиқ бошидан чиришини аллақачон билган. Лекин ташкил топганига ҳали 1 йил ҳам бӯлмаган Мактабгача таълим вазирлигининг “свежий”лигига қачон дарз кетдикин? Ахир вазирлик биринчи навбатда боғчалардаги тартиббузарликларни, ноқонуний хатти-ҳаракатларни бартараф этиш каби ишларда бош-қош бӯлиши керак эмасми?

Албатта, янги вазирликнинг бундай ишларга нисбатан сукут сақлаши кишини ӯйлантирмасдан қӯймайди… Боғча опа, илтимос, мендан хафа бӯлманг! Бу мақолани зорманда 60 минг сӯмнинг дарди туфайли қоғозга тушираётганим йӯқ. Сизга раҳмим келгани учун, Сизга қисман бӯлса-да ёрдам бериш мақсадида, қолаверса, ноқонуний хатти-ҳаракатларга қарши ёзяпман. Қонунларимиз қоғозда эмас, реал ҳаётда ишлаш таъминоти йӯлга қӯйилишига ҳисса қӯшиш мақсадида қоралаяпман. Зора, оҳу нолаларимиз юқори ташкилотларга етиб борса, деган илинжда қӯл уряпман.

Ҳозирги кунда ҳамма – 7 ёшдан 70 ёшгача бӯлган барча юртдошларимиз ҳукуматимиз Сизлардан воситачи сифатида фойдаланаётганини жуда яхши билишади.

Демак, болаларимизнинг боғча ёшиданоқ адолатсизликларга рӯбаро бӯлаётганида ӯзларингизни айбдордек ҳис қилманг. Сизларнинг заррача айбларингиз йӯқ, аммо “воситачи” бӯлиб қолишларингиз ҳам катта нуқсон.

Бунга тез орада барҳам беришга ҳаракат қилсангизлар, қимматли Боғча опалар!

Муаллиф Рӯзибой Азимий

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Қозоғистон парламентида оав тўғрисидаги қонунга зид ўзгартиш киритилди

Қозоғистон парламенти Мажлиси чоршанба кунги ялпи мажлисида аxборот ва коммуникация масалалари бўйича айрим қонунчилик актларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги ...

Эронда юзлаб ўқитувчилар норозилик намойишига чиқди

Эронда юзлаб ўқитувчилар норозилик акциясига чиқиб, ойлик-маошини ўз вақтида тўланишини, пенсия масаласини ҳал этилишини ва ҳибсдаги ҳамкасбларини озод қилинишини талаб ...

Ўзбекистонда шифокорнинг бир бармоқ ишораси неча пул?

А.Ҳамидов Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг (РШТЁИМ) Сурхондарё вилоят филиалида жарроҳ бўлиб ишларди. У манфаат кўриш мақсадида ўзининг хизмат вазифасига ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400