159-модда билан айбланаётганларнинг навбатдаги суди бўлиб ўтди

Суратда Б. Абдуллаев ва Х. Насриддинов

2 апрель 2018 йилда Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида конституцион тузумни ағдариш мақсадида фитна уюштиришда, конституцион тузумга тажовуз қилишда  айбланаётган журналист Бобомурод Абдуллаев, блогер Ҳаётхон Насриддинов, тадбиркорлар Равшан Салаев ва Шавкат Оллоёровларнинг навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди. Мазкур мажлисда блогер Ҳаётхон Насриддинов ва гувоҳ Кенжа Мусановларнинг кўрсатмалари тингланди.

Суд иши бошлангандан кейин Бобомурод Абдуллаев судьядан ижозат сўраб, микрафон қаршисига келди. Бобомурод Абдуллаев МХХ терговчиларини келажакда Миллий хавфсизлик хизмати раиси ўрнига келиш эҳтимоли мавжуд бўлган номзод ҳақида ёзилган мақоласи, шунингдек бир вақтнинг ўзида МХХ раисининг биринчи ўринбосари ҳамда Хавфсизлик масалалари бўйича Президентнинг давлат маслаҳатчиси лавозимларида ишлаган, кейинчалик эса нафақага чиқарилган Бахтиёр Ҳисамович Ғуломов билан боғлиқ гап-сўзлар кўпроқ қизиқтиргани ҳақида, бу борадаги унинг қарашлари кўп ҳолларда мухолифатчи Муҳаммад Солиҳ позициясига мос келиши боиси хусусида бир неча бор сўрашганини гапириб берди.

Бобомурод Абдуллаевнинг қисқача кўрсатмасидан кейин блогер Ҳаётхон Насриддиновнинг кўрсатмаси тингланди. Маълумки, жорий йилнинг 15 март куни бўлиб ўтган навбатдаги суд мажлисида тўрт нафар судланувчилар орасида фақат блогер Ҳаётхон Насриддинов ўз айбини тўлиқ тан олишини маълум қилган эди. Бироқ бугун, 2 апрель куни бўлиб ўтган судда Ҳаётхон Насриддинов айбидан тониб, ўзига қўйилаётган айбларни тан олмаслигини билдирди. Насриддиновнинг адвокати Умидбек Давлатов унинг бу ҳаракатини 15 март куни руҳий тушкун аҳволда бўлганлиги боис саволларга яхши тушунмагани билан изоҳлади.

Шундай қилиб, Ҳаётхон Насриддинов кўрсатма бера бошлади.

Ҳаётхон Насриддинов: “Улар мени синамоқчи бўляпти, деб ўйладим”

Ҳаётхон Насриддинов кўрсатма беришдан олдин ўзининг таржимаи ҳоли ҳақида қисқача гапириб берди. Айтишича, у 2003 йилда Тошкентдаги “Садерат” банкида ишлаган. Фаолияти давомида банкда молиявий махинация авж олганига гувоҳ бўлган, у бундай адолатсизликларга чидай олмасдан, банкдаги кўзбўямачиликларни фош қилган. Айблари ошкор бўлган банк мутасаддилари унга катта миқдорда пора таклиф қилган, аммо Ҳ. Насриддинов пора олишни рад этган. Бунинг оқибатида уни сохта айбловлар билан банкдан ишдан озод қилган.

Насриддинов банкдаги ишидан айрилиб қолгандан кейин моддий жиҳатдан қийин аҳволга рўбаро келган. 10 йил давомида ишсиз қолиб кетган. Боз устига, ўзининг шахсий автомашинасида онаси билан бирга кетаётганда кучли автоҳалокатга учраган. Бунинг натижасида онаси жиддий жароҳатланган. Ана шундай қийин-қистов кунлардан бирида, яъни 2013 йилда у Фейсбук тармоғи орқали Муҳаммад Солиҳ билан алоқа ўрнатган. М. Солиҳга унинг ўзи алоқага чиққан. Ўзаро ёзишмалар жараёнида Солиҳга онаси қаттиқ касаллигини, уни даволатиш кераклигини гапирган. Муҳаммад Солиҳ Насриддинов ва унинг онасини Туркияга таклиф қилган, Истанбулдаги турмуш ўртоғининг клиникасида даволанишига ёрдам беражагини билдирган.

Шундай қилиб, улар 2013 йилнинг октябрь ойида Истанбулда учрашган. Муҳаммад Солиҳ у ерда Ҳаётхоннинг иш топишига ёрдам берган, бунинг эвазига Ҳаётхон Муҳаммад Солиҳ топшириғи асосида мақола ёзиши керак бўлган. Шу тариқа, у “Фергана.ру” сайтига ёшларни эркин сўз айта олишга даъват этувчи, уларни демократия сари жалб қилувчи иккита мақола ёзиб берган. Бироқ, у ёзган мақолаларда давлат тўнтаришига уриниш мотиви бўлмаган. Боз устига, ҳар иккала мақола Солиҳга ёқмаган.

Ҳаётхон Насриддинов иккинчи марта 2014 йили Истанбулга борган ҳамда мухолифатчи билан учрашган. Солиҳ шу ерда Насриддиновга “Усмон Ҳақназаров” тахаллусида мақолалар ёзишни таклиф қилган. Аммо у кескин тарзда рад этган. Бундан кейин улар учрашмаган. Насриддинов онасини даволатиш илинжида қилган ҳаракатлари бундай тарзда интиҳо топишини билмаганини айтиб, юзини залдан тескари томонга ўгириб, йиғлаб юборган чоғда залда ўтирган Онаизор дилбанди кўз ёшларига бардош бера олмай, бор овози билан фарёд кўтарди. Бирпасда зални тушкун кайфият қамраб олди. Ҳуқуқ фаоли Аъзам Турғунов, журналист Малоҳат Эшонқулова ва Ҳаётхон Насриддиновнинг қариндоши Онаизорни юпатиш мақсадида атрофида гирдикапалак бўлди. Йиғидан ўзини тўхтата олмаган Она суд залидан чиқиб кетди. Шу жойда судьянинг “Онангизни даволатиш учун қанча маблағ керак бўлган эди”, деган саволига Насриддинов 60 минг евро, деб жавоб қайтарди…

Сўнгра Насриддинов кўрсатма беришда давом этди. 2013 йилда уйларида “ош” бўлганини,  ошга Бобомурод Кенжа деган йигит билан бирга келганини ҳамда ўша ерда Б. Абдуллаев Муҳаммад Солиҳ билан нимларнидир ўзгартириш ҳамда чегарада қандайдир одамлар кутиб турганлиги хусусида гаплашганини гапириб берди. У судьянинг: “Уйингизда шундай гап-сўзлар бўлган экан, у ҳолда нега ўз вақтида хавфсизлик хизматларига хабар бермадингиз?”, деган саволига: “Улар мени синамоқчи бўляпти, деб ўйладим”, дея жавоб қайтарди Ҳ. Насриддинов.

Эслатиб ўтамиз, Ҳаётхон Насриддинов ўз кўрсатмасида МХХ тергов изоляторида қийноққа солинмагани ҳақида алоҳида таъкидлади.

Кенжа Мусанов: “Бу одам бўлажак президентимиз Муҳаммад Солиҳ бўлади”

Ҳаётхон Насриддинов ўз кўрсатмасини тугатгандан кейин суд котиби залга ташқаридан гувоҳ кишини олиб кирди. Шундан кейин суд мажлисида гувоҳ Кенжа Мусановнинг кўрсатмалари тингланди. Судья Зафар Нурматов К. Мусановга “Бобомурод Абдуллаев билан қандай танишгансиз?”, дея савол берди. Мусановнинг жавоби: “Бир иш бўйича бир жойга бориш мақсадида йўл бўйига чиқиб такси тўхтатдим. Олдимга келиб тўхтаган такси Бобомурод Абдуллаев эди. Биз унинг машинасида танишдик. Ўзаро суҳбат жараёнида Бобомурод Абдуллаев ўзини спорт шарҳловчиси деб таништирди ва бўш вақтида киракашлик билан шуғулланишини айтди. Кейин у ҳукуматга қарши гапира бошлади, мен унинг бу гапларини ўз вақтида қайтариб ташладим, менга бундай гаплар гапирманг, мен ҳарбий одамман, деб айтдим”.

Кенжа Мусанов ўз кўрсатмаларини давом эттириб шундай деди: “Бир куни Бобомурод мени тушликка таклиф қилди. Шу ерда Ҳаётхон Насриддиновни кўрдим. Унгача Насриддиновни умуман танимаганман. “Ошга борганимизда компьютерни қўшишди. Улар скайп орқали мен танимаган бир киши билан гаплашишди, соч-соқоли оппоқ одам экан. Кейин компьютер экранини мен томонга қаратиб, оқ сочли кишига қараб: “мана сафимизга янги одам қўшилди”, деди. Тахминан 7-10 дақиқа гаплашгандан кейин Бобомурод менга қараб: “бу одам кимлигини биласанми, бу бизнинг бўлажак президентимиз Муҳаммад Солиҳ бўлади”, агар сен ҳам бизнинг сафимизга қўшилсанг, у ҳолда келажакда сенга ҳам катта лавозимлардан бирини берамиз”, деди. Шу пайт телефонимга СМС келди, шошилаётганимни айтиб чиқиб кетдим. Бобомурод ўдағайлаганича қолди. (Шу ерда Насриддинов билан Мусанов ошга борган пайтлари юзасидан баҳслашди. Насриддинов ошга кеч соат 17-00 да, Мусанов эса туш пайтида борганликларини айтишди).

Судья Мусановга: Сизни Муҳаммад Солиҳга “мана сафимизга янги одам қўшилди”, деб ким кўрсатди?”, дея савол берди. Бунга жавобан Мусанов Ҳаётхон Насриддинов деди. Судьянинг: “Улар нима ҳақида гаплашишди”, деган саволига эса Кенжа қисқагина қилиб “билмайман, мен эътибор бермай ўтирдим”, деб қўя қолди.

Судья Зафар Нурматов Кенжа Мусановга ёлғон кўрсатма бераётганини билдирди. Ундан ёлғон кўрсатма учун жиноий жавобгарлик белгиланишини билиш-билмаслигини сўради. Сўнгра суд котиби Мусановга кодексни олиб келиб кўрсатишди. Фурсатдан фойдаланган Бобомурод Абдуллаевнинг адвокати Сергей Майоров судьядан Мусановнинг ёлғон кўрсатма бермаслик бўйича қасам ичишини талаб қилишини сўради. Мусанов ёлғон кўрсатма бермайман, деб қасам ичди.

Огоҳлантиришдан кейин Мусановни судья олдига чақирди ҳамда унинг қўлига дастлабки терговдаги кўрсатмасини тутқазди. Судья “Ахир бу сизнинг кўрсатмангиз эмасми, агар шундай бўлса, уни овоз чиқариб ўқиб беринг”, деди. Мусанов “Ҳаётхон ошга чақирди, мендан кейин бир йигит келди. Бу одамни менга Ҳаётхон Насриддинов Бобомурод Абдуллаев деб таништирди. Бобомуродни биринчи марта шу ерда кўрганман”, деб ёзган дастлабки терговдаги кўрсатмасини овоз чиқариб ўқиб берди.

Сўнгра судья Мусановга дастлабки терговдаги кўрсатмалари ҳозирги кўрсатмаларига мутлақо зид келаётганлигини, бераётган ҳар хил кўрсатмалари суд томонидан холис баҳосини олишини айтиб жиддий огоҳлантирди ҳамда Мусановга уйга қайтишига рухсат берди ва яна керак бўлса қайта чақиришини билдирди. Мусанов суд залини тарк этди ва судья Зафар Нурматов навбатдаги суд мажлиси 2018 йил 4 апрель куни соат 14-00 да бўлиб ўтишини айтиб, мажлисга якун ясади.

Муаллифлар: Рўзибой Азимий, Қаҳрамонхон Маҳмуд, Дилфуза Лангар

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Инсоннинг ҳайвончалик қадри қолмаётирми?

Ҳукумат шу кунгача ярим миллиондан кўп фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон фуқароси паспортини қачонгача бериб тугатиши ҳақида ҳеч қандай билдирги бермади. Аммо ...

3 августдан ўзбекистонда ҳайдовчилар учун янги жарима тури кучга киради

Жорий йилнинг 2 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий ...

Янги ижтимоий тармоқ очиш рақобати

Интернет оламида фойдаланувчилари энг кўп компания Facebook ижтимоий тармоғидир. Ҳозирда компания ижтимоий тармоқдаги бемаъни фикрларни йўқ қилишга ёрдам берадиган янги ...