Россиядаги катта компанияда бўлим бошлиғи бўлиб ишлаётган сурхондарёлик дипломсиз дастурчи ҳикояси

Ақтўбе фожиасидан «Дарё» интернет-нашри «Муҳожирлар ҳаёти» лойиҳаси доирасида хорижда меҳнат қилаётган бир гуруҳ ўзбекистонлик ватандошларнинг фикрларини эълон қилган эди. «Муҳожирлар ҳаёти» лойиҳаси доирасидаги навбатдаги ҳикоя — Москвадаги йирик компанияда ишлаб келаётган ўзбекистонлик дастурчи Акмал Кадировдан.

 

Акмал Кадиров

Исмим — Акмал Кадиров. Ёшим 30 да. Сурхондарёнинг Термиз шаҳрида туғилганман. Маълумотим ўрта — 2005 йил 11-синфни битирганман.

Мактабни битиргач, ҳар хил ишлар билан шуғулланганман: савдо-сотиқдан тортиб, вилоят ҳокимлиги-ю телеведениясида ҳам ишлаганман. Мактаб давридан дастурчиликка қизиқардим. Ўқувчилик вақтим мактаб компьютеридан фойдаланардим. Мактабдан сўнг, шахсий компьютерим йўқлиги сабаб, компьютерли жойларга ишга кирганман.

Бу жойларда деярли текинга ишлаганман, чунки мен учун асосий мақсад — компьютер ва интернетдан фойдаланиб, билимимни ошириш эди. Билимга инвестиция қилиш келажакда яхши натижа беришига ишонганман. Хобби сифатида сайтлар ва ҳар хил дастурлар яратардим.

Акмал Кадиров

Дастурлашни ўрганишимга бир йилча вақтим кетган, чунки устозим бўлмаган — бошида қайси дастурлаш тилини ўрганиш кераклигини ҳам билмаганман. Барча дастурлаш тиллари бир-бирига ўхшайди — бирини ўрганиб, иккинчисига ўтиш қийин эмас. Шу сабабли ҳам дастурчилар бирданига кўплаб дастурлаш тилларини билади. Шунга қарамай, барибир ишлатадиган асосий дастурлаш тилингиз бўлади. Мен учун бу — C, PHP ва Java.

Дастурлаш соҳасига вилоятларда талаб кучли бўлмагани боис, 2010 йили Тошкентга кетишга қарор қилдим. Ўша пайтлар вакансиялар жойлаштирадиган бир сайт бўларди. Шу сайтнинг нуқсонини топиб, ўз вакансиямни биринчи ўринга кўтарганман. Шунинг ортидан дарров бир неча компания ишга таклиф қилган. Сайт администраторлари ҳам, регистрациядан ўтганимга икки кун бўлмай сайтда рейтингим кўтарилиб кетганидан шубҳаланиб, мен билан боғланган. Аккаунтимни яқин икки ҳафта блок қилмасликлари шарти билан уларга сайтдаги нуқсонни қандай созлаш кераклигини тушунтирганман. Шундай қилиб, менга тушган таклифлардан бирини танлаб, ишлагани Тошкентга кетдим.

Асосий ишимдан ташқари дастурлаш бўйича дарслар ўтардим. Дарсларга асосан ТАТУ талабалари қатнарди. ТАТУнинг жуда кўп талабаларига дарс ўтганман. Йилига 50 дан ортиқ, десам ёлғон бўлмас. Афсуски, нотўғри таълим олган дастурчига қайтадан ўргатиш қийинроқ. Кейинчалик бир дўстим билан фирма очдим, ушбу фирма ҳам дастурлаш билан шуғулланарди. Ишга олиш вақтидаги суҳбатларда бир нарса яққол сезиларди — ҳеч қаерда ўқимаган, дастурлашни ўзи, мустақил ўрганган одамларнинг савияси ТАТУни битириб чиққанларникидан кўпинча юқори бўларди. Қизиқ томони, Россияда ҳам деярли шу аҳвол: ҳозирги ҳамкасбларимдан фақат биттасигина университет кўрган, у ҳам иккинчи курсдан ўқишни «ташлаган».

Москвага 2014 йил апрелида келганман. Келишим билан фақат бир компанияга интервьюга бордим. Бирдан ишга олишди. Диплом сўрашгани йўқ. Ўзингиз ҳам кузатаётгандирсиз — ҳозир одамлар қизил дипломини кабоб пишираётганда елпиғич қилиб ишлатаяпти. Россия ҳам бу борада истисно эмас.

Сурхондарёча дўппи кийиб олган Акмал Кадировнинг Россиядаги ҳамкасби.

Мен ишлаётган компания филиаллари МДҲнинг барча мамлакатларида, жумладан, Ўзбекистонда ҳам бор. Биринчи ишга кирган вақтим оддий дастурчи бўлиб ишлаган бўлсам, ҳозир бўлим бошлиғиман. Қўл остимда 10 дан ортиқ дастурчи бор. Душанбадан жумагача, соат 10:00 дан 18:00 гача ишлайман. Меҳнат шароитлари яхши. Кучли компьютер, бепул кофе ва ширинликлар… Ипотека бўйича квартира сотиб олдим. Рафиқам ва ўғлим билан бирга яшайман. Уйдагиларни кўришга қисқа муддатга Ўзбекистонга бориб тураман.

Хорижда ишлаш жараёнида Ўзбекистон давлат идоралари, масалан, элчихона ва консулликларининг ёрдамини, кўмагини сезмайман. Бу ердаги деярли барча ҳамюртларимиз ўзини худди қаровсиздек ҳис қилади. Мисол учун, яқин танишим Россияда паспортини йўқотиб қўйгач, бу ердаги Ўзбекистон ваколатхоналарига икки ой қатнади. «Паспортимни йўқотганлигим ҳақида маълумотнома беринг, уйга учиб кета олмаяпман, отамнинг аҳволи оғир, ҳаётининг сўнгги кунлари ёнида бўлай», деб. Лекин ҳеч қандай натижага эриша олмади. Ҳатто, отаси вафот этгач ҳам бечора қиз кўзида ёш билан яна навбатда турди. Шунда ҳам ваколатхона ходимлари унга ишонмай, отаси ўлгани ҳақида ҳужжат талаб қилди. Ўзбекистондан ҳужжат келганидан кейингина қизга керакли маълумотнома тақдим этилди.

Бу 2015 йили бўлган воқеа. Ҳозир Ўзбекистонда кўп ўзгаришлар юз беряпти, бу соҳада ҳам ижобий ишлар бўляпти, деб умид қиламан. Россияда Ўзбекистоннинг давлат идораларидан кўра ўзбек диаспорасининг кўмаги, далдасини ҳис қилиш осонроқ. Масалан, яқинда бир ватандошимиз ёниб кетибди. Шунга «Ватандош» диаспораси ҳисобрақам очиб, пул йиғиб, ёрдам кўрсатишга уриняпти.

Ўзбекистонлик дастурчилар ҳақида гапирадиган бўлсам, бир дўстим Google’да, бир неча собиқ ҳамкасбларим Эстония, Латвия, Польшада ишлаяпти. Бу фақат мен яхши таниганларим. Аслида жуда кўп зукко дастурчиларимиз чет элларда юрибди. Бу жуда ачинарли ҳолат. Ахборот-технологиялари асрида соҳанинг зўр мутахассисларини йўқотяпмиз. Боз устига, янги, муносиб мутахассисларни етиштириб бера олмаяпмиз.

Таълим соҳасида чуқур ислоҳотлар ўтказилиши керак. Ҳозир дастурчи бўлиш ниятидаги одам фақат интернет орқали сифатли билим олиши мумкин. Лекин Ўзбекистонда интернетнинг аҳволига ҳам ҳавас қилиб бўлмайди. Билимли ёшларимизни йўқотмаслик учун Ўзбекистоннинг ўзида уларга имконият, шароитлар яратиб бериш керак. Дастурчилар ҳар доим керак, келажакда эса бу соҳа вакилларига бўлган талаб фақат ошади.

Ўзбекистонда кўп ислоҳотлар ўтказилиши, янгиланишлар амалга оширилиши керак. Масалан, фуқароларнинг умумий электрон базаси (омбори)ни ташкил этиш керак. Ҳар бир фуқарога ўз уйидан туриб, навбатсиз турли давлат хизматларидан фойдалана олиш имкони яратилиши керак. Шунда давлат хизматчилари фуқаролардан у ёки бу «справка»ларни йиғиб келишни талаб қилавермайди, чунки ҳамма зарур маълумотлар «умумий омбор»да бўлади. Халқнинг фикри, хоҳиш-истакларини ҳам шу электрон восита орқали осон ўрганиш мумкин.

Бу коррупцияни йўқотишнинг ҳам асосий шарти деб ҳисоблайман — барча давлат хизматлари бошидан охиригача, ҳатто уларнинг тўловли қисми ҳам онлайн бўлиши керак. Бу — ахборот технологиялари соҳасидан чиқадиган фойданинг биттаси, холос. Аслида эса бу соҳани ривожлантириб, халқ учун янада кўплаб қулайликлар яратса бўлади.

Акмал Кадиров

Сўзим якунида сочим ҳақида бир-икки оғиз изоҳ бермасам бўлмас, ҳар ҳолда кўпчиликда савол туғилиши мумкин. Кўпчилик: «Акмал сочини Россияга борганидан кейин ўстириб юборди», деб ўйлайди. Аслида ёшлигимдан сочимни шундай ўстириб юрардим. Узун сочлар ўқувчилик йилларимда ҳам кўп муаммо бўлган. Россияга кетишимдан аввал паспортим алмаштириш учун паспорт столига борганимда: «Сочингни олдирмасанг, паспорт бермаймиз», дейишган. Шу гапдан кейин Россияга эски паспорт билан кетдим. 2016 йили паспорт олиш учун Ўзбекистонга қайтганимда, муаммо бўлмасин деб сочимни қарийб кал қилиб олдирдим. Лекин мени бир савол қийнайди: сочим билан кимнинг, айниқса, паспорт столидагиларнинг нима иши бор? Улар хоҳласа ўзининг сочини кал қилиб олдирсин, истаса майда қилиб ўриб олсин. Ҳеч тушунмайман.

Мақола daryo.uz сайтидан олинди

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

«боғи мозор» зиёратгоҳи

(“Саййид Мир Халилиллоҳ ота” зиёратгоҳи) Бахмал туманининг Мўғол қишлоғига яқин жойда шундай зиёратгоҳ бўлиб, мазкур манзил ҳақида “Ганжи Алишер” номи билан Ҳофиз Таниш ...

Зиёлилар маддоҳликни касб қилса…

Сурат nurullohuz.com сайтидан олинди "Битта муштга айланмай, биз дастмиз ёлғиз-ёлғиз, Тӯзим косаси янглиғ тӯлмасмиз ёлғиз-ёлғиз. Турку Турон тиклангай, ӯлмасмиз ёлғиз-ёлғиз, ...

Байрам муборак, азиз аёллар

"Бирдамлик" Халқ Демократик ҳаракати Сизларни энг ёрқин ва самимий баҳор байрами – 8-Март – Халқаро хотин-қизлар куни билан чин қалбидан табриклайди! (more…)


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400