Тадбиркор ҳақми ёки Тошкент шаҳар божхона бошқармаси?

Тадбиркор ҳақми ёки Тошкент шаҳар божхона бошқармаси?

“Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” Бирор хорижий давлатда қўлингизга тушган маҳсулотда шу ёзувни ўқиб қолсангиз фахрланасизми? Мен фахрланаман. Навбатдаги журналистик текширув мени “KREMBER” савдо бренди остида қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариб 8 давлатга экспорт қилаётган “Murot chokolate” МЧЖга етаклади. 
«Икки кишини иш билан таъминлаган тадбиркорни бошимда кўтариб юришга тайёрман…». Президентимизнинг ушбу гаплари тадбиркор юртдошларимизга катта далда бўлди. Лекин, шунга қарамасдан, тадбиркорларга йўл бериш ўрнига уларни ҳамон оёқости қилаётган идоралар борлиги ачинарли. Балки, биз янглишаётгандирмиз, келинг, можарони бир бошдан ҳикоя қилиб хулосани очиқ қолдирамиз. Тадбиркор ҳақми ёки Тошкент шаҳар божхона бошқармаси?

Тошкентдаги “Murot chokolate” МЧЖ хориждан инновацион технологиялар олиб киради. Янги инновацион технология орқали тадбиркор ички бозорни қандолатчилик маҳсулотлари билан таъминлашга ҳисса қўшиб келмоқда. Бундан ташқари, яна 8 мамлакат – Россия, Хитой, Қозоғистон, Тожикистон, Афғонистон, Қирғизистон, Туркманистон, Мўғулистонга маҳсулот экспорт қила бошлаган.

Компания йилига 700 минг АҚШ доллари миқдорида юртимизга валюта олиб кирмоқда. Яқин орада бу кўрсаткич Тошкент шаҳар божхона бошқармаси “ёрдами” билан камайиши ёки бутунлай тўхтаб қолиши мумкин. Гап шундаки, тадбиркор инновацион технология талаб қилган қадоқларни хориждан келтиради. Қадоқ махсус машина ёрдамида елимланувчи бўлиб, Президент қарорига кўра (31.10. 2011 № ПП 1633), бундай қадоқлар имтиёзли равишда расмийлаштирилади. Шунга кўра, компания ТП ВЭД “Арк булак” хулосаси билан 8 ой давомида қадоқларни имтиёзли расмийлаштирган.

Орадан 8 ой ўтиб эса, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси имтиёзли равишда расмийлаштирилган қадоқлар шу вақтгача нотўғри ўтказилганини қайд этди. Бу қадоқлар имтиёзли ТИФ ТН кодига тўғри келмаслигини даъво қилиб, 8 ойлик қўшимча божхона тўловларини тўлаб беришни талаб қилмоқда. Қизиғи, аввалги имтиёзли расмийлаштириш хулосаси ҳам айнан шу божхона томонидан берилган. Айтмоқчимизки, компания ўзбошимчалик билан имтиёз асосида қадоқларни расмийлаштирмаган. Аввал рухсат бериб, кейин уни нотўғри деб топиш бу тадбиркорнинг оёғидан чалишнинг янги усулими? Компания тақдим этган ҳужжатларни кўриб чиқарканман шундай саволлар туғилди:

Божхона нега хулосасини ўзгартирди?

8 ой аввал имтиёзли ТИФ ТН кодларга тўғри келган қадоқ нега энди тўсатдан бошқача бўлиб қолди?

Компаниянинг қадоқлари имтиёзли божхона кодларига тўғри келишини исботловчи далилларини божхона нега рад этмоқда?

Божхона Бутунжаҳон божхона ташкилотидан хулоса олиш учун хат билан мурожаат қилган, бироқ негадир хулоса учун керакли намунани юбормаган? Бутунжаҳон божхона ташкилоти ҳам қадоқлар бўйича хулоса берар экан, қадоқ нусхаси билан танишмаганини алоҳида қайд этиб ўтган.

8 ой аввал имтиёзга тўғри келади, деган хулоса бериб, энди ўз хулосасини рад этаётган божхона нега тўловни фақат компаниядан ундириши керак? Хулосада янглишган божхона эксперти айбсиз қолаверадими?

Божхона қадоқларни ўзи елимланувчи деб билмоқда. Ўзи елимланувчи қадоқлар имтиёзли равишда расмийлаштирилмайди. Аммо, компания олиб кираётган қадоқ махсус ускуна ёрдамида елимланади. Заводга кириб ўз кўзимиз билан маҳсулот қандай қадоқланаётганининг гувоҳи бўлдик. Божхонанинг илк берган хулосаси тўғрилигини кўрдик. Шунингдек, мустақил эксперт ҳам айни хулосани бермоқда. Лекин, қизиқ божхона ходимлари нега бу ҳақиқатни кўриб, тан олишни истамаяптилар? Тадбиркорнинг айтишича, у буни исботлаш учун божхона ходимларини заводга таклиф қилган, аммо божхона вакиллари келмаган.

Жавобсиз қолган саволларимизга Тошкент шаҳар божхона бошқармасидан аниқ жавоблар кутамиз. Ўз кўзимиз билан гувоҳ бўлган ускуна ёрдамисиз елимланмайдиган қадоқларни божхона қандай қилиб “ўзи елимланувчи” деб топганини билишни истардик. Тошкент шаҳар божхона бошқармаси қўшимча божхона тўловини ундириш учун компанияни судга берган. Ҳозирда суд жараёни бошлангани йўқ. Тошкент шаҳар божхона бошқармаси юридик бўлими мутахассисининг айтишича, улар компания фаолиятини тўхтатиб қўйгани, уларга халақит қилаётгани йўқ ва хулосани суд беришини айтмоқда.

“Биз шу вақтгача мисол учун имтиёзли расмийлаштирилган қадоқ билан 10 сўмга сотиб келган маҳсулотимиздан божхона уларга 5 сўм тўлаб беришимизни талаб қилмоқда. Божхона аввалроқ буни талаб этганда, биз маҳсулотни 15 сўмга сотган бўлар эдик. Энди 8 ой ичида сотилиб, фойдадан солиқ ва ойлик маошлар тўлаб бўлингандан кейин қилинган божхонанинг талабини қандай тушуниш мумкин? Мен энди мижозларимдан “узр, билмай арзон сотиб қўйибман”, деб тўловларини ундиришим керакми? Қани экспортёрни қўллаб-қувватлаш? Президентимиз экспортчи тадбиркорлар билан сизлаб гаплашинг демоқда. Ваҳоланки, биз идоралар эшиги олдида уларни сизлаб, ҳақлигимизни исботлай олмай, сарсон бўляпмиз”, дейди тадбиркор Алишер Абдуллаев.

Куйиниб гапираётган тадбиркор ҳақми ёки интервью беришни истамаган божхона ходимларими? Хулосани, албатта, суд беради. Шундай бўлса-да, Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг тадбиркор даллиларини тан олмаслиги оқибатида компанияга етадиган зарар ҳақида қисқача ёзиб ўтсак. Тадбиркор олиб кирган 1 миллион АҚШ доллари қийматидаги инновацион ускуна яроқсизга айланади. Салкам 1 миллион АҚШ доллари миқдорига кўтарилиши кутилган экспорт тамомила тўхтайди. Ички бозорда ҳам маҳсулот рақобатбардошлигини йўқотади. 100 нафардан ортиқ одам ишсиз қолади. Маълумотларга кўра, ушбу компания 1,8 миллиард сўм солиқ тўлаб, 2017 йилнинг энг яхши солиқ тўловчиси сифатида эътироф этилган. Яъни, шундай йирик компания божхона бошқармасининг “шарофати” билан бу йили давлатга бунданда кўпроқ солиқ тўлай олмаслиги мумкин. Яна бир энг муҳим жиҳат, заводда қўлимизга олган “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёзувли маҳсулотлар эртага қўшни давлатларга жўнатилмайди. Юқорида айтилганидек мен бу ёзувларни хорижда кўриб фахрланаман. Божхона идораси ходимларида ҳам шундай туйғу бормикан? Президентимиз “бошимда кўтараман”, деган тадбиркорларни нега айрим мутасаддилар сарсон қилаётганларини билишни истардик. Тадбиркор томонидан бизга тақдим этилган далил ва фикрларга божхона қўмитасининг норозилиги бўлса, улардан жавоб кутиб қоламиз. Божхона даъвосини ҳам ўрганишга ва эълон қилишга тайёрмиз.

Муаллиф: Анора Содиқова 

Манба: uza.uz сайти

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Меҳнат муҳожирлари ҳар йили ўзбекистонга 5 миллиард доллар юбормоқда

1 август куни Халқаро пресс-клубда «Ўзбекистонда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашишнинг янги тизими: халқаро ҳамкорлик, устувор вазифалар ва муаммолар таҳлили» ...

Карманалик қассоблар эшак ва ўлган мол гўштини сотган вақтда қўлга олинди

Мазкур ҳолат Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти Навоий вилоят бошқармаси томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар давомида жорий йилнинг 18 июль куни аниқланган, ...

“нима учун бизда ишламоқчисиз?” саволига қандай жавоб бериш керак?

"Нима учун бизнинг компаниямизда ишламоқчисиз?". Бу савол эртами-кечми ишга жойлашаётган ҳар бир инсонга берилади ва унга жавоб беришнинг бир неча кенг тарқалган турлари ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400