Қашқадарё вилоят, Ғузор туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги ишлари бўйича ўринбосари Ҳабиб Азизов 12 апрель куни далада туман Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими мутахассиси Фахриддин Қурбоновни уриб, бурнини синдирди.
Фахриддин Қурбоновнинг айтишича, бу воқеага кўпчилик гувоҳ бўлган. “12 апрель куни ҳокимнинг қишлоқ хўжалик ишлари бўйича ўринбосари, туман қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Ҳабиб Азизов бошчилигидаги гуруҳ Батош қишлоғига бордик. Фермерларнинг ерларини кўрдик, бир ер бўйича масала бўлиб қолди. Ҳоким ўринбосари Ҳабиб Азизов “бу кимнинг ери, қарори борми”, деб сўради. Мен, ҳозир қўлимда йўқ, керак бўлса эртага топиб олиб бораман, дедим, – дейди Фахриддин Қурбонов.
Унинг айтишича, шундан сўнг Ҳабиб Азизов ҳеч нарса демасдан унга мушт туширган.
“Мен уни сўкканим йўқ, бир ёмон гап гапирганим йўқ. Бирданига келиб юзимга мушт туширди. Шундай қаттиқ урдики, кўзим тиниб йиқилдим. Бурнимдан шириллаб қон оқа бошлади. Ўрнимдан кўтариб турғизишди, мени нега урасиз, деб сўрадим. Индамай кетиб юборди”, дейди Фахриддин Қурбонов.
Бу воқеани ўз кўзи билан кўрган мулозимлардан бирининг айтишича, бунга туман прокурори ҳам гувоҳ бўлган, лекин зўравон ҳоким ўринбосарига у ҳеч нарса демаган.
Фахриддин Қурбоновнинг айтишича, у шундан сўнг, туман касалхонасига борган ва биринчи муолажани олиб уйига кетган, аммо, кечаси билан оғриқ кучайгандан сўнг 13 апрель куни эрталаб, туман прокуратурасига ҳоким ўринбосари устидан шикоят аризаси берган. “Бурним суяги синиб, ёрилиб кетган экан. Ҳозир хулосани олиб келдим, эртага прокуратурага топшираман”, – дейди Фахриддин Қурбонов.
Озодлик туман ҳокимининг ўринбосари Ҳабиб Азизов билан боғланди. “Нима сабабдан Фахриддин Қурбоновни урдингиз”, деган Озодлик саволига ҳоким ўринбосари “ким айтди?”, деб сўради. Озодликнинг “жабрланувчи айтди” деган жавобидан сўнг, Ҳабиб Азизов алоқани узди ва бошқа қилган қўнғироқларга жавоб бермади.
Азизовнинг ўзи журналистларнинг саволига жавоб беришдан бош тортди ва телефон гўшагини қўйиб қўйди.