Дилмурод Саййид шеърларидан намуналар

Дилмурод Саййид шеърларидан намуналар

Баҳор гўзаллик билан бир қаторда шеърият фасли ҳамдир! Шеъриятга эътибор хамиша барқарор бўлган!!! Дунёнинг ташвишларидан толиққан дамда айнан ШЕЪРИЯТ руҳиятга қувват бўлишига шубҳа йўқ! Ушбудаги битиклар озгина руҳиятингизга далда ё осойиш берса, фақат хурсанд бўламан!

                                                                                                                              Самимият билан Дилмурод

  “УШШОҚ”НИ  ТИНГЛАБ…

«Қаро кўзум» оҳангига банди бўлиб

Томиримда ажиб туйғу оқиб борар.

Оҳ, қарокўз санам ёди дилни тилиб,

Вужудимни олов каби ёқиб борар.

Машшоқ танин гулоб ила ювар бўлса,

Мен май бирла дил ғуборин ювадирман.

Машшоқ юзда терни кўриб ўлар бўлса,

Мен гул юзин орзусида ўладирман.

«Қаро кўзум» оҳангидан ёниб бадан,

Юраккинам инграб-инграб қолмоқдадир.

Оҳ, қаро кўз санам, сенинг кўзларингдан

Маним бахтим ҳар лаҳза ранг олмоқдадир!..

                                                                 20.VI. 1992 й.

                                                * * *

Кўз ёшлар қуюлса сиёҳга дўниб,

Киприкларим маним патқалам бўлар.

Қалбимнинг тубидан тошиб, юлқуниб

Дардларим қоғозга йиғлаб тўкилар:

“Бу кун Ҳижрон тиғи қалбимни ўйиб,

Надомат тошидан Эҳром қурмоқда.

Оҳ, нозик белингни бой бериб қўйиб —

Бармоқларим ғамнинг сочин ўрмоқда!..”

                                                                               XI.1991 й.

                               ҒАЗАЛЛАРДАН

Найлайин дарду ситам айлаб дилим қон йиғлатур,

Гоҳ алам, гоҳи хаёл, гоҳида армон йиғлатур.

Мен уни жоним дея кўксимга жо этган эдим,

Оқибат қийнаб таним, қалбимни ул жон йиғлатур

Кўзларимда ёш эмаским, бевафонинг заҳми бу,

Ваъда деб берган эди, ул лафзи ёлғон йиғлатур.

Бу жунун саҳросида кўнглим адашган йўлчидек,

Ноумидлик бир томон, бир ёнда ҳижрон йиғлатур.

 

Етмагай нолишларим қаттиқ эрур ер кўкси ҳам,

Ҳам баландлик кўргазиб бошимға осмон йиғлатур.

Йиғламоқдин хийра бўлди кўзларим гавҳарлари,

Ҳолим маломат этиб ул чашми фаттон йиғлатур.

Бемуродлик ёзмиш экан гарчи номим Дилмурод,

Ойнинг ўн беши — алам, ўн беши — армон йиғлатур!

                                                                                      IV. 2003 й.

                                                        ***

Эй дил, мотам айлагил тарк этди жононинг бу кун,

Эй вужуд, сен ҳам қўшил, ки кетди руҳ-жонинг бу кун.

Эй игна, бир дўстлик қилу кўзга чиз ёр расмини,

Эй қилич, кўксим тилиб ёз исмини онинг бу кун.

Эй фалак, синдир ўшал чархи кажрафторингни сен,

Толеимдек айла тийра етти осмонинг бу кун.

Эй замин, бас юрганинг ул қуёшнинг теграсинда,

Икки сарсон бирлашайлик — оч бағри урёнинг бу кун.

Бир жаҳона икки фотиҳ сиғмагай, эй Дилмурод,

Ё ажал, ё тарки ишқ-танламоқ имконинг бу кун!        

                                                                                        XII. 1991 й.

                                                            ***

Дилим гардини ювмакка кўзимда қатра нам йўқдир,

На бир ғамкаш, на бир ошно, на бир осуда дам йўқдир.

 

Нигорим йўлида сарсон нигоҳим, дийда зор ўлди,

Вале ондин дарак бир сўз, хабар-мактуби ҳам йўқдир.

Ва ё юз бурди ул мандин, унутди ваъда-ю аҳдин,

Билолмай беҳуду ҳайрон, дилимда ўзга ғам йўқдир.

Ўтар кунлар, кечар тунлар, юрак дарди борар ортиб,

Рақам этмакка на менда, на қаламда чидам йўқдир.

Куну кундин умид шаъми сўниб бормоқда, эвоҳким,

Дилмуродо, магар сўнса, бўлак ўрниға шаъм йўқдир…

                                                                                    24.07.1995 й.

                                                ***

Ҳисларим жиловладим, тушовлашга ожизман,

Қучоғимда жонон, лек қалбан буткул ёлғизман.

Кўнгил уйи кимсасиз кулба мисол ташландиқ ,

Фақат вужуд тафти-ла яшаётган илдизман.

“Йил-тўрт фасл!”-дейдилар, ишонмасман бу-ёлғон,

Биттагина фаслим бор, у ҳам бўлса-номсизман…

Азоб нима-чекинмам, шодлик надир-юкинмам,

Ўз дунёим бор маним-гоҳ саҳро, гоҳ денгизман!

Суянчим биргина шул қаро тил қалам бўлди,

Неки қаролагай ул барчасига эгизман!..

Дилмуродман фонийда, билмам боқий ким дерлар?

Ёлғон ёрга хор, балки чин Ёр учун азизман?!.

                                                                                                            31.03.2005 й.

                                                       * * *

«Чархнинг мен кўрмаган   жафоси  қолдиму,

Хаста кўнглим чекмаган дарду   балоси қолдиму?»

Заҳириддин Муҳаммад БОБУР.

Не ҳабибу, не санам, кўнгул навоси қолмади,

Ғам чекиб, ташвиш кўриб ҳеч муддаоси қолмади.

Кўргазиб лутфу карам, топдим маломат оқибат,

Мен эшитган ваъдаларнинг ҳам вафоси қолмади.

Дўсту ёрлик билдириб юрган унутди барчаси,

Кўзларимнинг оқи қолди, лек қароси қолмади.

Сокини майхона бўлдим олам элидин қочиб,

Оҳ, ки ортимдин маломат — дийдиёси қолмади.

Кимга айтиб, кимга йиғлай лавҳи тақдиримни мен:

«Чархнинг мен кўрмаган жабру жафоси қолмади!»

Мен билмаган шеваси қолди савобнинг, Дилмурод,

Чархи дуннинг мен қилмаган ҳеч хатоси қолмади.

                                                                              Август, 1993 й.

               КАМОЛ  ХЎЖАНДИЙГА ТАТАББУЪ

Юзинг гул деб, ки чун булбул наво қилдим, наво қилдим,

Юракка сиғмаган арзим нидо қилдим, нидо қилдим.

Неча ойким, фироқингда чекиб андуҳ, тўкиб кўз ёш

Кўзимни – кўр, жигарни- хун, адо қилдим, адо қилдим.

Сояи ғам тушуб дилға умидлар ғунчаси сўлмиш,

Жамолинг мулкида чашмим гадо қилдим, гадо қилдим.

Кўзингтек қорадур толеъ, қошингтек ёй эса қаддим,

Сочинг ялдоситек рўзим қаро қилдим, қаро қилдим.

Деманг сўз менга Мажнундин, умри бўйи кўрган ғамин

Қисматим бир кунида мен бажо қилдим, бажо қилдим.

Қилурса Ул манга жабру жафоу бевафолиқ ҳам

Русуми ишқу ошиқлиғ: Дуо қилдим, дуо қилдим.

Маломат айлама, эй дўст, Дилмуродни давосиз, деб,

Муҳаббат дардини дардға даво қилдим, даво қилдим!

                                                                                                      15.03.1997 й.

                                     

ЁЛҒОН БИЛАН ОВВОРАМИЗ!

                            (Фарида Афрўз ғазалига мухаммас)

Овворалиқ кечмиш экан  чистон билан овворамиз,

Ҳал этолмасдин сира   гумон билан овворамиз,

Гоҳ  давлат, гоҳи савлат,  гоҳ шон билан овворамиз,

Она Ер-туфроқ қолиб осмон билан овворамиз,

Жон бериб, жонинг олар жонон билан овворамиз.

 

Чун ажалтек ҳақ эрур  дилга бир кун вобаста ишқ,

Кимни этмабдур жаҳонда  тиғ уриб дилхаста ишқ,

Йиғлатиб Лайлини, Қайсни  ўлдирди-ку чўл-даштда ишқ,

Кўзларингга жовдирар сарсон-висол, саргашта-ишқ,

Ёш тўкиб, йиртиб яқо, ҳижрон билан овворамиз.

 

Умри фоний бу ҳалаклар ҳарки кўнгил беқарор,

Беканор гарчи тилаклар умримиз мезони бор,

Боқмагаймиз кўпда ёнга дил-басир, иймони зор,

Теграмизда ҳур малаклар, бири – сингил, бири – ёр,

Инсоф қолиб, Инсон қолиб, Шайтон билан овворамиз.

Бор масалким: «Ҳар гўдакда жаннатий ҳидлар бўлур!»

Бу жаҳона бани одам  пок келур, меҳмон келур,

Ҳақлигин бир кун ажал ким билмаюр, кимлар билур,

Отамиз мезбон эди, оҳ, онамиз мезбон эрур,

Зор этиб ҳар иккисин, меҳмон билан овворамиз.

 

Каъбадин кўз узмайин, сақлаб умид кўнгил тилим,

Қатра савоб истаб яна  тош ўпармиз бетиним,

Бир дуонинг қудратин  билгин эгач, билгин иним,

Ҳар нафас ёнингда дилдош,  ҳар мушкулотингга ечим –

Яхшилар бунда қолиб, ёмон билан овворамиз!

Макру алдов бошқадир, ким – бевафолиқ ўзгадир.

Бедаволиқ бошқа тургай, бенаволиқ ўзгадир.

Англасанг: қуллик бўлакдир, жон фидолиқ ўзгадир,

Чин ҳақиқат йўли бошқа, чин вафолиқ ўзгадир,

Ҳақ қолиб, Ҳаққон қолиб, ёлғон билан овворамиз!

 

Кимда раҳматдин умиду, кимга тождин дилда ранж,

Кимнинг илкида ҳунар, кимнинг қўли тутмакда банж,

Бил, илонни дебдилар ганж, боз дерлар: «Кўрганда янч!»

Ҳар кишики, кўзи очдир, кўр қилар тўзони ганж,

Йўл кўрсатар сарбон қолиб, карвон билан овворамиз!

Бу улусни бор қилиб,  зўр айлади обод этиб,

Лек ўзи ўз-ўзларин   хўр айлади кам ёд этиб,

Гоҳи манқурт бош бўлиб, кўр айлади бедод этиб,

Бизни Ҳақ Ҳур айлади, нур айлади озод этиб,

Ҳар тарафга қулф уриб, қўрғон билан овворамиз.

Меҳрибонлиқ суннат эрур, суннат тилар сиздин кўзим,

Кўргузай мен ҳам мудом    айлаб фидо Сизга ўзим,

Дилмурод, кечма сира – дўст заҳматига топ тўзим,

Кимки бизга интизордир,  Фарид Афрўз, чин сўзим:

Жон нисор, чин дўст учун – қурбон билан овворамиз!

                                                                                25.Х1.2002.

ТЎРТЛИКЛАРДАН

Оқил илм йиғар, нодон пул этади жам,

Қорун мулкин йиғса-да, Луқмон бўлолмас.

Тилло табоқда агар кабоб еса ҳам

Ит итлигича қолур, Инсон бўлолмас!

                                  ***

“Жаннат-оналарнинг зери пойида!”

Бу ҳадисни айтиб, сира тўймаймиз.

Юрармиз жаннатнинг илинж-пайида,

Она оёғин бир ўпиб қўймаймиз!

                                                    ***

Бир нафас тўхтагин, дўст бўлсанг шошма,

Душманим бўлсанг ҳам тўхта, майлига.

Мен-ёлғиз йўлчига йўл кўрсат, ошна,

Қандай юрсам бўлар Замон зайлига?!.

 

                   РУБОИЙЛАРДАН

Бевафолиқ сенга одат ўлдиғин билмас эдим,

Ҳам сабр косамда тоқат тўлдиғин билмас эдим.

Ғунча лаблар бирла бир сўз манга изҳор айладинг-

Умрим гули ғунча лабдан сўлдиғин билмас эдим!

                                                * * *

Қайта севги русмини на жону, на дил истамас,

Телба ёшлик шаҳдини ҳеч пири оқил истамас.

Дил муродини тилаб неча пари овворадир,

Нозидин қонгач вужуд, Ишқини кўнгил истамас!

                

САДОҚАТ  ЙИҚИЛДИ  ИШҚ  МАЙДОНИДА…

Ассалом алайкум, дорнинг оғочи!

“Кунтуғмиш” достонидан.

 

Садоқат йиқилди Ишқ майдонида

Тиллога бурканди ваъдалар тожи.

Бир сўз қолди ғариб Дил имконида:

“АССАЛОМ АЛАЙКУМ, ДОРНИНГ ОҒОЧИ!”

Вафони ўлдириб, кўмдик кафансиз,

Қабрни беркитди зеб-зийнат тоши.

Жаноза ўрнида айтилди шансиз:

“АССАЛОМ АЛАЙКУМ, ДОРНИНГ ОҒОЧИ!”

Йиғлади Лайлининг ҳабаш арвоҳи,

Сингди ерга ордан Шириннинг лоши.

Сен қолдинг Ошиқнинг ёлғиз додхоҳи:

“АССАЛОМ АЛАЙКУМ, ДОРНИНГ ОҒОЧИ!”

Танамни осарман мен сенга фақат,

Аммо Руҳим… Унинг йўқдир иложи.

Вужуд узра тинмай айтар саловат

То қиёмат қадар Руҳ қалдирғочи:

АССАЛОМ АЛАЙКУМ, ДОРНИНГ ОҒОЧИ!

                                                                             04.04.04 й.

Муаллиф: Дилмурод САЙЙИД

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Юлдузли тунлар-19

2 Қиш чилласи авжида. Изғиринли еллар эсади. Қўл-оёқларига кишан солинган, кийимлари йиртиқ маҳбуслар Самарқанднинг Регистон майдонида совуқдан қалтираб, шаҳар қозисининг ...

Мeҳробдан чаён-адрас тўн ва иссиғ нон “фожиъаси”

 Ёрлиғ  олишнинг  иккинчи  соатларида  бутун  шаҳарга  бу  хабар  тарқалиб  кетди.  Ўрда жарчиси бозор ва уруниш жойларда тўхтаб:  — Айюҳаннос! Билмаган билсин – эшитмаган ...

Мeҳробдан чаён-хоним ойимлар

Гулшан  эгнида  мунсаги  билан  даҳлизга  чиқиб,  ундаги  канизлар  томонидан "илтифотга лойиқ  кўрилгани"  учун  табрик  қилинди.  Кафшандозда  кийинар  экан,  кўзи  ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400