Чўян Маматқулов – адолатсизлик қурбони

Чўян Маматқулов – адолатсизлик қурбони

2018 йилда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида бир қатор янгиликлар рўй берди. Жорий йилда марҳум президент Ислом Каримов даврида ноҳақ айбловлар билан узоқ йилларга озодликдан маҳрум қилинган бир неча журналистлар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, диндорлар озодликка чиқди. Улар орасида журналистлар Юсуф Рўзимуродов, Дилмурод Саййид, Ғайрат Михлибоев ҳамда инсон ҳуқуқлари фаоллари Ғайбулло Жалилов, Исроил Холдоров, Йўлдош Расулов, Чўян Маматқулов, Қудрат Расулов, опа-сингил Меҳринисо ва Зулхумор Ҳамдамовалар ҳам бор.

Биз, “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати фаоллари Қашқадарё вилоятига уюштирган сафаримиз давомида Қашқадарё вилояти Косон тумани Оброн қишлоғида яшовчи Маматқуловлар хонадонига бордик ҳамда 2018 йил 25 март куни “Жаслиқ” қамоқхонасидан озодликка чиққан собиқ зобит, Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари жамиятининг Қашқадарё вилояти бўлими фаоли Чўян Маматқулов билан туркум суҳбатлар уюштирдик.

Чўян Маматқулов билан суҳбатимиз бошланишдан олдин у хонага ҳар бири қалин бешта китоб кўтарган ҳолда кириб келди. Билишимизча, бу китоблар унинг устидан олиб борилган жиноят ишига доир ишлар, қарорлар, ҳукмлар, ажримлар, аппеляция шикоятлари, тегишли ташкилотларга ёзилган мурожаат хатлар, улардан келган жавоблар, озодликка чиқариш тўғрисидаги ҳукм ва бошқа ҳужжатлардан иборат йиғмажилдлар экан.

Эслатиб ўтамиз, Чўян Маматқуловга нисбатан Қашқадарё вилоят прокуратураси Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг ўндан ортиқ моддалари билан айбловлар эълон қилган. Булар 238-модданинг 3-қисми, 112-модданинг 2-қисми “б” банди, 137-модданинг 2-қисми “б”, “в”, “г” бандлари, 138-модданинг 2-қисми “б” банди, 159-модданинг 3-қисми “а” банди, 244/1-модданинг 3-қисми “в” банди, 228-модданинг 3-қисми, 273-модданинг 5-қисми ва бошқа моддалардир.

Инсон ҳуқуқлари фаолининг айтишича, у ҳеч қачон юқорида тилга олинган моддаларга тегишли жиноятларни содир этмаган, яъни “конституцион тузумга тажовуз” қилмаган, “одам ўғирлаш”, “товламачилик”, “ҳужжатларни қалбакилаштириш” ишлари билан машғул бўлмаган, ҳеч қачон ҳеч кимга қарши ёлғон гувоҳлик бермаган. Бироқ, шундай бўлса-да, Чўян Маматқулов устидан суд фақат расмиятчилик, кўзбўямачилик учун айблов позициясини қўллаб-қувватлаб хўжакўрсин усулда олиб борилган. Шу тариқа, 2012 йил 29 августда ҳибсга олинган Чўян Маматқуловни 2013 йилнинг 9 февраль куни Қашқадарё вилоят Жиноят ишлари бўйича суди 10 йилга озодликдан маҳрум этган.

Айтишларича, Чўян ака, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти билан ҳамкорлик қила бошлашдан олдин шартнома асосида ҳарбий хизматда бўлган. Хизматдан ғайриқонуний бўшатилгандан сўнг у ўз ҳақини тиклаш учун турли идораларга мурожаат қилган. Ана шундай мурожаатлар давомида мамлакатимиздаги тегишли органлар фаолиятида ноқонуний хатти-ҳаракатлар авж олганига, адолатсизликлар одатий тусга, ҳақиқатни юзага чиқариш қийин ишга айланганига бевосита гувоҳ бўлган.

У ўзининг ишдан ҳеч қандай огоҳлантиришларсиз бўшатилишидан норози бўларкан, бу Олий Бош қўмондоннинг хатоси, деган тўхтамга келиб, 2004 йили Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Бош қўмондон Ислом Каримовни фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман судига берган. Бироқ унинг аризасини қабул қилиб олган Мирзо Улуғбек туман суди ишни охиригача етказмаган, яъни судга жавобгар томонни чақирмаган.

Маълум бўлишича, Чўян Маматқулов судга ўзига етказилган 10 миллион сўмлик моддий ва маънавий зарарни ундириб беришни сўраб мурожаат қилган. У ўзининг бу ишидан ҳеч қандай натижа кўрмагач Ислом Каримов устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят аризаси билан мурожаат қилган. Бироқ унинг Олий судга берган аризаси ҳам инобатга олинмаган. Аммо айнан мана шу омилдан кейин, яъни Ислом Каримовни маҳкамага бергандан сўнг Чўян Маматқуловнинг ҳаётига орган ходимлари аралашишни, улар пашшадан фил ясашга уринишни бошлашган. Алал-оқибат улар Чўян Маматқуловнинг ишларига қарши ҳар хил туҳмат ва бўҳтонлар уюштириб, унинг балиқчилик бизнесини тортиб олишга чоғланган ва бунинг уддасидан чиққан.

Биз Чўян Маматқулов билан суҳбат жараёнида Қашқадарё вилояти жиноят ишлари бўйича суд томонидан эълон қилинган барча ҳужжатларни диққат билан ўрганиб чиқишга уриндик. Ўрганишларимиз жараёнида Чўян Маматқуловга нисбатан чиқарилган ҳукм ҳақиқатанан туҳмат ва бўҳтонлардан иборатлигига ишонч ҳосил қилдик. Буни ҳатто оддий кишилар ҳам бир ўқишдаёқ англаб етадилар.

Ҳужжатлар орасидаги Чўян Маматқуловнинг рафиқаси Дилорам Маманова томонидан киритилган Аппеляция шикояти айниқса диққатимизни тортди. Шикоятда 74 та кўрсатма хусусида сўз борган бўлиб, мазкур кўрсатмаларнинг деярли барчаси туҳматлар асосида яратилгани аниқ-таниқ кўриниб турарди. Ч. Маматқулов суд жараёнида айрим кўрсатма берувчиларнинг сохта кўрсатмаларини ўз вақтида фош қилган бўлса-да, суд ҳайъати унинг бу баёнотларини ҳисобга олишмаган.

Чўян акадан ушбу аппеляция шикояти тегишли органлар томонидан ўрганилган-ўрганилмагани ҳақида сўраганимизда, у тегишли, масъулиятли органлар бу шикоятга мутлақо эътибор бермагани хусусида куюнчаклик билан гапирдилар. Ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиш орқали фақат балога қолиб келганини билдириб, бунга мисол тариқасида 2014 йилнинг июль ойида ноҳақ қамалгани ҳақида ўша вақтдаги МХХ раиси Рустам Иноятовга хат ёзгани учун Навоий шаҳридаги 64/29-жазони ўташ муассасасида қийноқларга тутилганини алоҳида таъкидладилар.

Биз, суҳбат жараёнида Чўян Маматқуловдан ўзининг қамоқдалигида Инсон ҳуқуқлари жамияти, хусусан, “Эзгулик” жамияти унга, яъни унинг озодликка чиқишига қандай амалий ёрдам бергани хусусида сўрадик. Чўян аканинг айтишига қараганда, қамоқхонага “Эзгулик” жамияти вакиллари унинг ҳолидан хабар олгани, суҳбат уюштиргани бир марта борганларида, муассаса мутасаддилари уни эзгуликчилар билан учраштирмаганини, вакил Абдураҳмон Ташановга “Чўян Маматқулов сизлар билан учрашишни рад этди”, деган мазмунда жавоб берганини, худди шундай ҳолат “Қизил ярим ой” жамияти вакиллари билан ҳам рўй берганини гапирдилар. Маълум бўлишича, Чўян Маматқулов билан учрашгани борган инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи вакиллар олдига муассаса раҳбарияти ҳар доим бошқа маҳбусларни чиқариш билан шуғулланган. Шу тариқа улар Президентни судга берган маҳбусга қарши ўзига хос тарзда сирли жазолаш усулини қўллашган.

Ҳа, Чўян Маматқулов адолатсизлик қурбони бўлди. Унга қўйилган барча айбловлар туҳмат асосида уюштирилди. Шундай қилиб, ноҳақ 10 йилга маҳкум қилинган бир инсон тўрт йиллик умрини панжара орқасида ўтказишга мажбур бўлди. Ҳақиқат кеч қарор топди. Эндиликда, адолатнинг тўла-тўкис ғалаба қозониши учун Чўян Маматқулов реабилитация қилиниши керак ҳамда унга тегишли миқдорда компенсация тўланиши лозим. Шундагина Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими ва механизмлари бирон бир давлатга ёки халқаро ташкилотга яхши кўриниш учун вужудга келмагани ўз исботини топади.

Чўян Маматқулов билан журналист Гулзамон Акбар уюштирган видеосуҳбатни “Mulkdor.com” сайти орқали тинглашингиз мумкин.

Муаллифлар: Қаҳрамонхон Маҳмуд, Рўзибой Азимий, Гулзамон Акбар, Умида Бердиалиева

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ваъдаларга ишониб келган тадбиркор нега ўзбекистондан қочди?

Ички ишлар органларининг ваъдасига ишониб Туркиядан Навоийга қайтган тадбиркор Уйғун Саидов яна Ўзбекистонни ташлаб чиқишга мажбур бўлди. Унинг айтишича, Навоий вилоятига ...

“бобомурод абдуллаевнинг аҳволидан жиддий хавотирдамиз”

Ўзбекистонлик фаоллар МХХ ҳибсхонасида қийноқларга тутилгани айтилган журналист Бобомурод Абдуллаев аҳволидан хавотир билдириб чиқишди. Улар МХХ раиси Иноятов ишдан кетиши ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400