Аёллар нега жиноят қилишмоқда?

Аёллар нега жиноят қилишмоқда?

Шу йил 8 март куни қашқадарёлик 18 ёшли келинчак эрини бўғиб ўлдиргани ҳақида хабар тарқалди. Кейин – Наврўз байрамидан сўнг 22 яшар аёл ҳам ўз эрининг қотилига айланди. Бироз аввалроқ эса Сурхондарёда қўшмачи аёл 9-синф ўқувчисини ўлдирган. Хоразмда чақалоғини зовурда чўктирган аёл қўлга олинган. Яқинда янада мудҳиш хабар одамларни ларзага солди: андижонлик ёш она Қўқон–Тошкент автобекати ҳудудида ўзининг ўғлини бўғиб ўлдирган!

Статистика бўйича оммавий қотилликни эркаклар содир этади. Аёллар эса кўпроқ бўғиб ёки чўктириб ўлдиришни лозим топишади. Бироқ улар қўл урган янада қўрқинчли жиноятлар ҳам бор.

Аёлларга нима бўлди деб аюҳаннос солманг! Бу каби фожиалар аввал ҳам юз берган. Оммага унчалик ошкор қилинмаган, холос. Масалан, 1990-йилларнинг охирида Самарқандда бир дайди аёл трансплантация қилишлари учун ўзининг қизалоғини арзон-гаровга сотиб юборган. Ачинарлиси, зурриёдининг ҳаёти икки эркак томонидан аянчли ҳал бўлаётган чоғда у ошхонада ароқхўрлик қилиб ўтирган. Қўшниларнинг айтишича, онаси оғир касал бўлган дамда қизалоқ улардан дори-дармон учун пул сўраб чиққан экан.

Анча йиллар илгари Алишер ака исмли бир терговчи билан суҳбатлашганман. У қотил келинчак ҳақида гапириб берган эди. Бу аёл ўзининг қайнонасини шафқатсизларча ўлдирган. Нима мажбур қилган бунга?..

Қайнона нуқул ундан айб излайвериб, асабига теккан. Шундай кунлардан бирида эрини ишга кузатган келинчак нарвонга чиқиб, шифтни бўяй бошлайди. Қайнона одатдагидек яна «маъруза» учун оғзига куч беради. Гапираверади, ўтган гапларни айтиб таъна қилаверади. Келиннинг тоқати тоқ бўлади, руҳий мувозанати бузилади. У қўлидаги бўёқ идишни қайнонасининг бошига чунонам урадики, бояқиш тил тортмай ўлади. Кейин эса… даҳшат! Эрини кутиб олган келинчак унинг олдига ликопчада бир нечта сомса қўяди. Эри тановул қилиб бўлгач, «мазалимикан, ёқдими?» деб сўрайди. «Ҳа, ёқди», – жавоб беради эри. «Албатта, ёқади-да, бу сомса онангнинг …дан тайёрланган…».

Аёл кишининг шафқатсиз, ҳатто қотил бўлиши дилни хуфтон қилади, албатта. Ҳиссиётларини жиловлай олишмайдими улар? Режиссёр Собир Назармуҳаммедовнинг «Чаёнгул» филмини эсланг: синглисини зўрлаган йигитни ўлдиришга чоғланган опа бегуноҳ болакайни чавақлаб ташлайди. Эсини йиғиб олганида анча кеч бўлади. Унинг қон тўлган кўзларига зўравон йигитдан бошқа ҳеч ким кўринмаган эди. Ўзлигини йўқотиб, кучли стресс ҳолатида ёш боланинг умрига зомин бўлади у.

90 фоиз қотилликка эркаклар қўл уради, аёллар эса тажовузкорлигини бошқача тарзда намоён этадилар. Энг ёмони, бир марта жиноят қилган аёлнинг ўзини тўхтатиши қийин, бу нозик қатламнинг 80 фоизи ноқонуний ишларга яна қўл ураверади. Андижонлик қотил онани олайлик. У норасида ўғлини аввал ҳам ўлдирмоқчи бўлган: боласининг юзига ёстиқ босиб турганида қайнонаси кириб, неварасини қутқариб қолган. Афсуски, аёл барибир фарзандини ўлдирди.

Нега аёл қотиллик қилади? Эркакларда бўлгани каби асосан пул ёки бошқа моддий манфаатлар учун! Аммо бир ҳақиқатни айтиш жоизки, эркаклардан кўра аёллар тирикчилик олдида кўпроқ ваҳима ва тушкунликка тушадилар. Уларнинг тажовузкор бўлишларига ҳам шу омил сабабчи.

Аёл шахсий ҳаётининг йўлга қўйилмагани – жиноят қилишининг асосий сабабларидан бири. Ўз боласини ўлдиришининг боиси эса, юқорида айтганимиздек, фарзандини боқиб катта қилиш олдидаги қўрқувга бориб тақалади.

Россиянинг Свердловск вилоятида Ирина Т. содир этган жиноят бунга мисолдир. У ўзининг ўғилларини музлатиб ўлдирган – бирини 2007 йили, иккинчисини 2009 йилда. Бу қилмиши 2013 йили аниқланди. Сўроқ вақтида Ирина Т. бундай шафқатсиз жиноятга уни қашшоқлик, қизини боқиб катта қилиш олдидаги қўрқув ва туғруқдан кейинги депресия сабаб бўлганини тан олди. Иккала ўғлини ҳам коммунал уйда ўзи туққан. Сўнг ёстиқ жилдига жойлаб, музлаткичга яширган ва гўдаклар совуқдан ўлган. Ҳозир унинг қизи бувисининг қўлида.

Суд амалиётининг кўрсатишича, ножоиз қилмишлар, жумладан, жиноятлар илдизи оиладаги муҳитга бориб тақалади. Жиноятларни одоб-ахлоқ, таълим-тарбия йўлга қўйилмаган хонадон вакиллари содир этади. Оилавий ахлоқ эса таълим, маданият ва шу каби омилларга бевосита боғлиқ.

Аёлга самимийлик, сабр-қаноат, табассум ярашади. Ўз зурриёдини ўлдириш унга ёт! Аёлга меҳрибонлик, хокисорлик хосдир. Ўзбек аёли – Кумушбиби, Раъно… Улар ёмон иш учун туғилмайдилар, улар фарзандларини авайлаб-ардоқлайдилар, қизғанадилар. Бир қариндошимиз хотинини гапга солди: «Менга қара, Зулфия… Фалончи ака билан хотинини кўриб турибсан, неча йиллардан бери тирноққа зор. Кел, яқинда туғиладиган ўғлимизни шуларга берайлик». Хотини бобиллаб берди: «Нима? Мен тўққиз ой қорнимда кўтариб юриб, юрагимнинг бир парчасига айланадиган боламни бераманми? Ҳеч қачон!».

Аёл – доно, қаҳрамон, фидойи. У эрига камарбаста, ҳаммаслак. Бир хонадонда икки ака-ука кетма-кет уйланди. Аканинг аёли ҳадеганда туғавермади. Қарангки, уканинг оиласида ҳам шу муаммо. Аслида эса ука ўзининг хотинига пинҳона илтимос қиларди: «Фарзандга шошилмайлик, акс ҳолда мен акам билан янгамнинг кўзларига қандай қарайман?». Ёш келинчак кўзда ёш билан кўнди, ўзининг ота-онаси, қавм-қариндошларига айтмади, сабр қилди. Орадан беш йил ўтгач, аввал аканинг оиласида, сўнг уканикида чақалоқ овози эшитилди.

Болангизни, оилангизни, ўзингизни, жамиятни асранг, аёллар!

Манба: xabar.uz

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Тармоқлардан садо: «пахтага мажбурий чиқасизлар, лекин ўқитувчи эканингизни айтманглар!»

Хоҳлаган бир одамни тўхтатиб, унга микрафон тутинг ва бугунги ҳаёт ҳақида фикр сўранг: 7 ёшдан 70 ёшгача аксарият юртдошларимиз «Мустақиллигимиз шарофати билан», ...

Ўзбекистоннинг биринчи каналидаги “отин ойининг сўнгги ови” муҳокамаларга сабаб бўлди

Ўзбекистоннинг биринчи каналида эълон қилиниб, сўнг ижтимоий тармоқларда кенг тарқаган 20 дақиқалик лавҳада ўз уйида аёлларга илк диний сабоқни берган, айримларга қуръон ...

Туркнинг жозибали санъаткор қизи

Ўтган кунлари турк фильмларини Юнусобод имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфутдинов томонидан ҳақоратлангани тўғрисида турли-туман баҳслар авж олди. (more…)