Ҳокимиятга ишонч – тараққиёт гарови: Бугун кечаги кун эмас

Ҳокимиятга ишонч – тараққиёт гарови: Бугун кечаги кун эмас

Ҳаммаси Ўзбекистон Президентининг Америкада бўлиб ўтган Халқаро Анжуманда муҳожиратдаги Ватандошларига қарата “Бахтли ва Буюк келажагамизни бирга қурамиз, Ватанга қайтинг!” деган чақириқ даъватидан кейин бошлангани ҳақидаги фикрларимни аввалги мақолаларимнинг бирида ҳам таъкидлаб ўтган эдим.

Ушбу буюк, тарихий даъватга мамлакат ичкарисида қандай муносабатда бўлинганлиги  эса  барчамизга маълум.

Нуруллоҳ Рауфхон воқеаси билан деярли баравар бошланган журналист Бобомурод Абдуллаев масаласи  ҳам аслида мухолифатдаги кучларни мамлакат ичкарисига киритмаслик учун ўйлаб топилган шошилинч ҳаракатлардан бири эди.

Журналист Бобомурод Абдуллаев ишига оид суд жараёнларида кузатувчи сифатида қатнашиб келарканман, бир-неча муҳим хулосаларимдан бири шу бўлдики, тергов жараёнлари нохолислик билан, аниқ бир мақсадга қаратилган ҳолда, бунинг устига эскича қийноқ усуллари ҳам қўлланган ҳолатда олиб борилган.

Кечаги 18 апрель санасида бўлиб ўтган суд жараёни буни яна яққол исботлади.

Прокурор  суд бошланиши билан суд залидагиларга Бобомурод Абдуллаев муаллифлигига тегишли деб ҳисоблаётган мақолалардан  ўқиб эшиттирди. Унинг фикрича, мақоладаги қурол кучи билан ҳокимиятни эгаллашга чақирилган  сатрлар  кейинчалик ўзгартирилган.

Буни гўё, Бобомурод Абдуллаевнинг жиноий шериклари амалга оширган эмиш.

Прокурор сўзини тугатиши билан сўз олган Бобомурод Абдуллаев аввало ушбу мақолалар мутлақо унга тегишли эмаслигини, нега прокурор айнан, “мен ёзмаганман” деб кўрсатма берган мақолаларни танлаб олганини ўзига ишонч ва қатийъят билан залдагиларга сўзлади.

Шундан сўнг судга таклиф қилинган компьютер мутахассиси  иштирокида, суд залидаги кузатувчилар гувоҳлигида  Бобомурод Абдуллаевгагина тегишли мақолаларни  аниқлаш ва саралаш ишлари бошланиб кетди.

Жараённи суд раиси Зафар Нурматов диққат билан бошқариб борди.

Шу ўринда ҳақли савол пайдо бўлади:

Бобомурод Абдуллаев ишига оид биринчилардан бўлиб, аллақачон  амалга оширилиши керак бўлган ушбу муҳим жараён нега тергов пайтида амалга оширилмаган.

Нега суд экспертларининг гувоҳлик ва кўрсатмаларига оид ҳужжатлар, аксинча сохталаштирилган.

Бобомурод Абдуллаев ҳибсга олинган пайтдан то суд жараёнлари бошлангуничаям,  орадан беш ойдан ҳам кўпроқ вақт ўтган.

Бу вақт давомида бир-неча жилдлик том-том ҳужжатлар тайёрланган.

Аммо ишга ойдинлик ва ҳаққонийлик киритадиган асосий иш адолат ва холислик билан амалга оширилмаган.

Азиз Ватандошлар! Хоҳ муҳожиратдаги, хоҳ юрт ичкарисидаги бўлсин, ҳурматли юртдошлар!

Суд жараёнларининг кузатувчиси сифатида Сизларга шуни қувонч билан маълум қиламанки, Ўзбекистондаги Суд Ҳокимияти, эҳтимол Ислоҳотлар туфайлидир,  ўзининг Адолат Мезони  йўлини оғишмай танлаган.

Куни кеча суд жараёнида амалга оширилган мақолаларни саралаш вақтида тергов пайтида зўравонлик ва таҳдидларга дучор этилиб, фуқаролик ҳуқуқ ва эркинликлари топталганини ўкинч билан  ҳикоя қилган Бобомурод Абдуллаев ва ниҳоят  ўзини қонун ҳимоясида эканлигига бўлган ишонч билан тутди.

 20 асрнинг сўнгги ўн йилликларини  информация асри дея эълон қилган эдик.

Азиз, замондошлар! Биз ҳозир 21 асрда яшаяпмиз. Ва ушбу аср инсоният тараққиёти йўлидаги мисли кўрилмаган даражада жадаллашган информация асрига айланди.

Сўз эркинлиги ва матбуот эркинлиги эса буғовни ёқтирмайдиган,  ўзининг бепоён ўзанига эга катта куч сифатида майдонга чиқди.

Дунёда хавфли ва хавфсиз кучлар борлиги каби журналистика ҳам  жамият ҳаётидаги муаммоларни  кўриб кўрмаганга, билиб билмаганга олиб кетаверадиган шахслардан фарқли улароқ,  жамиятни бўлғуси хавф-хатарлардан асраб қолиш йўлида фаолият юритадиган, ушбу позиция унинг виждони ва моҳиятига айланиб кетган, аслида жамиятнинг уриб турган юраги бўлган,  инсоният тараққиётига хизмат қиладиган,  ижобий  ва муҳим кучлардан биридир.

Шундай экан ҳар қандай ҳокимият ва жамият ҳам журналистлар ишига нисбатан ёндошувда уларни ўзига душман эмас, аксинча ишончли  ва зарур дўст деб билмоқликлари керак.

Чинакам тараққиёт йўлини танлаган,  халқ ва миллат равнақини бош мақсад қилиб олган давлат раҳбарлари қандай соҳа бўлмасин, энг истеъдодли ва иқтидорли кишиларини асраб авайламоқлари, уларнинг эркин ижод қилишлари учун барча шарт-шароитларни яратиб бермоқликлари зарур.

Иқтидор ва истеъдоди билан ажралиб турувчилардан қўрқадиган жамият, ҳокимият ва ҳокимият раҳбарлари эса,  аслида ўшалардир ҳақиқий халқ душманлари.

Бобомурод Абдуллаев ишига оид суд жараёнларида эскича усул ва янгича давр руҳи ҳолати ҳамда нафаси сезилиб турибди.

Бу аввало адвокатларга берилаётган эркинликларда, прокуратуранинг ишга ва ўз ишига нисбатан нечоғли  совуққон муносабатида ва суд тизимининг олиб бораётган адолатли  ёндошувида яққол ўз ифодасини топган.

Собиқ МХХ фаолиятининг кескин танқидларга учраб, ДХХга айлантирилгани мамлакатимиздаги энг муҳим сиёсий воқеалардан бири бўлди, десак янглишмаймиз.

Шунингдек, ДХХга прокуратура мутахассислари ва ходимларининг кўпроқ жалб этилгани ҳам  турли баҳс, мунозара ва мулоҳазаларга сабаб бўлган эди.

Бобомурод Абдуллаев ишига оид жараёнларда тергов ишларида йўл қўйилган хато ва камчиликлар қайсидир маънода янги фаолият бошлаган ДХХга, унинг обрў ва халқ олдидаги ишончли ташкилот эканлигига путур етқазмасайди,  деб ўйлаб қоламан.

Мана масалан, покурор суд залида  Бобомурод Абдуллаевга нисбатан “жиноий шериклари” атамасини қўллади.  Бунга нафақат Бобомурод Абдуллаев норозилик билдирди.  Адвокат Маййоров ҳам “суд ишига босим ўтқазиш”, дея баҳолади.

Бу биргина мисол, холос. Тергов ишларида бундан ташқариям катта – кичик, нопрофессионал  хатоликлар кўплаб учрайди.

Тўғри,  Давлат Хавфсизлик Хизмати  ўта масъулиятли,  шунингдек  жуда кенг қамровли тушунча. (Бунга АҚШнинг НААСАси мисол бўла олади.)

Мухолифатлар масаласига келадиган бўлсак,  бу энди алоҳида масала.  Бобомурод Абдуллаев  ва унинг  собиқ  “жиноий  шериклари”, яъни у билан бирга панжара ортида ўтирганлар эса  бекорга жувонмарг бўлиб кетишлари керак эмас.

Суддан сўнг биз суд залидан чиқиб келаётган Бобомурод Абдуллаевнинг адвокати,  Ўзбекистон Халқ шоири Рауф Парфининг қизи, истеъдодли ҳуқуқшунос  Муножот Парпиевани учратиб қолдик.

Фурсатдан фойдаланиб,  ҳуқуқшуносимизнинг  суд жараёнларига оид фикрлари билан қизиқдик:

“Адолат қарор топишига ишонаман!”,  деди у.

“Чунки, суд-ҳуқуқ тизимимиздаги ислоҳотлар  аллақачон амалда ва ҳаракатда. Ўзларингиз ҳам бунинг гувоҳи бўлиб турибсизлар.

 Бу натижаларнинг  барчасини эса бир сўз билан қуйидагича ифодалашим мумкин: Замон талаби!”

Ҳа, “Замон сенга боқмаса, сен замонга боқ”,  деган нақл ҳам бежизга айтилмаган.

Одатда ушбу нақл чорасиз, ноилож қолган одамларга нисбатан қўлланилиб келинган бўлсада, бугунга келиб эса ҳуррият шабадалари  эсаётган юртимизда  эскича қолипда ишлашга кўникиб қолган амалдорлар учун ҳам айни топиб айтилган гап бўлиб қолди.

Бобомурод  Абдуллаев ишига оид жараёнларда суд-экспертиза хулосалари билан шуғулланиш масъулиятини  суд раиси Зафар Нурматов бошчилигидаги суд ҳайъати ўз зиммасига олган.

Энди  жараёнлар ечимини  навбатдаги суд-экспертиза хулосаларининг натижалари ҳал қилади.

2017 йил, 6 июльда   Ўзбекистон Республикаси Судьяларининг  Ўзбекистон  Халқига Мурожаатномасида  жумладан, шундай сўзлар бор:

“Ўта масъулиятли, шунингдек, шарафли касбимиз шаънига доғ туширмасдан, ишимиз инсон тақдири масаласи билан боғлиқ эканлигини бир зум ҳам унутиб қўймасдан,  онгимизда адолат, тилимизда ҳақиқат, қалбимизда юксак  поклик устуворлигига амал қилган ҳолда  ҳаракат қиламиз!..”

Ҳа, Бобомурод Абдуллаев ишига оид суд натижалари  амалдаги  мавжуд сиёсий ҳокимиятга нисбатан ҳам халқнинг фикри ва ишончини тубдан ўзгартириб юборади.

Шунингдек, бугунги ислоҳотлар даврида сув билан ҳаводек зарур бўлаётган, Тўртинчи Ҳокимият, деган  ижобий кучнинг  бундан кейин халқ  ва мамлакат хизматида  тўлақонли фаолият олиб бора олишига ҳам  туртки ва сабабчи бўла олса ажаб эмас.

Кейинги суд: 23 апрель, соат 14 00 га белгиланган.

Муаллиф:  Дилфуза Жавоҳир Лангар

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Қирғизистонлик викрам рузахунов қамоқдан озод этилди

Қирғизистонлик мусиқачи Викрам Рузахунов озодликка чиқди. Маълумотни 10-январь куни “Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот хизматини тасдиқлади. У бугун, ...

Президент сўзи: яқинда коррупцияга оид кўплаб далилларни фош қиламиз

Қирғизистон Президенти Сооронбай Жээнбеков бугун, 9-январда Сўқулук туманининг аҳолиси билан учрашувида Қирғизистонда коррупция билан курашиш тўхтаб қолмаслигини айтди. Бу ...

Қозоғистонлик энг бадавлат шахснинг бойлиги аҳолини атиги 33 кун боқишга етади

Bloomberg агентлигининг хабар беришича, энг бадавлат фуқаролар ўзларининг ҳукуматларини қанчалик узоқ муддат молиялаштира олади, деган саволга жавоб излади. Янги кўрсаткич ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400