Таклиф: Махсус комиссиялар ташкил қилиниши зарур

Таклиф: Махсус комиссиялар ташкил қилиниши зарур

Ҳеч ким инкор эта олмаса керак: Ўзбекистон халқи собиқ тираниянинг кейинги йигирма йилида айнан ХХ аср 30-, 50-йиллари истибдодини тўла-тўкис бошдан кечирди.

ХХ аср 60-йилларига келиб “қора ўтмиш”да қолганлиги эътирофланган НКВД /ИИХК/нинг 00447-, 00486-сонли Буйруқлари мазмун ва моҳиятан 90-йиллар иккинчи ярмидан кейин Ўзбекистонда ошкора амалиётга кирди: “ватан хоини”, “ақидапараст” каби иддаолар давлат идоралари, кучишлатар тизилмалари томонидан оддий халқ ва унинг вакилларига нисбатан очиқ-ойдин қўлланила бошланди.

Охир-оқибат нафақат ҳали гўшанга кўрмаган йигитлар, балки навниҳол қизлардан тортиб набиралик эру аёллар ҳам “Ҳизбий”, “Нурчи” “Акромий”, “Таблиғчи”, “Наркобарон”, “Товламачи”, “Фирибгар” деган айбловлар билан ҳибс этилиб, номаълум муддатларга қамаб юборилиши ДАВЛАТ СИЁСАТИ ДАРАЖАСИга кўтарилди.

Бунинг оқибатида нафақат бир шахс, балки бутун-бутун оилалар ҳам парокан-далик топди! Биргина мисол: ўзим кўриб-таниган янгийўллик диний илм эгаси 40 ёшида қамоққа олинган, 12 йилга озодликдан маҳрум этилган. Бу ҳам камлик қилгандек, оиласига нисбатан таҳдидлар тўхтамаган. Ночор қолган Аёли фарзандларига шикаст етмаслиги учун ҳам никоҳни бекор қилдириб, бошқа манзилга кўчиб кетган.

Худди ХХ аср 30-, 50-йилларидаги воқеликларнинг эгизак такрори. Бу ўринда адиб Саид Аҳмад ва шоира Саида Зуннунова кечмишларини эсга олиш кифоя!

Собиқ Шўро қатағони даврида эл озми-кўпми таниган инсонларни ҳибс этишдан олдин газета ё радио орқали қораловчи чиқишлар уюштирилган. Маҳалла, гузарларда “қизил йиғин” ташкил қилиниб, қораланиши (аниқроғи, қамалиши!) шарт бўлган шахс фаолияти муҳокамага қўйилган ва кўп ўтмай қамаганлар. Бу “сценарий” Чўлпону Қодирий, Убайдулла Хўжаев каби ўнлаб инсонларга нисбатан қўлланилган.

2007 йили айнан худди шу усул ўзимга нисбатан қўлланилиб, бир қанча таҳдидларни бошдан кечирдим.

Ишдан бўшатиш, оилавий даромад манбалари йўлини кесиб қўйиш каби тубан усуллар Сталинчи Ежов, Бериянинг почасидан тушиб қолган, Ўзбекистон “тиранияси” топиб олиб, кўзга суртган.

Шахсни қамаб, кейин унинг яқинларини, оила аъзоларини омма олдига олиб чиқиб, шармандалик таҳдиду иддаолар билан таҳқирлаш ҳам  ХХ аср 30-, 50-йилларидан “мерос” пасткашлик эди! Бу борада телевидениенинг ривожланганлиги биздаги манқуртларга янада қўл келди!

Бу борада, энг аввало, мамлакатнинг бугунги раҳбари очиқ-ошкор танқидий муносабатлар билдирди. (Аслида бу масалани бошқа ҳеч ким кўтариб  чиқа олмасди ҳам!) Чунки ҳақиқатни очиқ айта оладиганлар, ёза оладиганлар ё қувғинда, ё қамоқда эдилар!

Мамлакатнинг бугунги раҳбари бошлаб берган ташаббус нафақат аҳоли томонидан, балки дунё ҳамжамияти тарафидан қўллаб-қувватланди. Мамлакатнинг бугунги раҳбари билдирган хайрихоҳлик натижасида озодликни ҳатто орзу ҳам қилмай қўйган ўнлаб МАЗЛУМлар озодликка-ўз яқинлари бағрига қайтдилар! Бу мулоҳазам балки кимларгадир эриш туюлар, лекин ўзим ЎША – ОЗОДЛИККА ЧИҚИШНИ ҲАТТО ОРЗУ  ҲАМ ҚИЛМАЙ ҚЎЙГАНЛАРДАН БИРИ ЭДИМ!  Айнан шундай қисматни тан олиб улгурган маҳкумлар 2017 йил иккинчи ярмидан кейин асосан озодлик мавзусида сўзлашадиган бўлдилар.

Президент томонидан очиқ қувватланаётганига ишонч ҳосил қилган мазлумлар ва улар-нинг яқинлари, энг аввало, “ТОЧКОВКА” масаласини кўтариб чиқдилар. Бу борада биз ҳам имконимиз етганича мурожаатларимизни чиқариб турдик. “ТОЧКОВКА”даги маҳкумлар масаласи ижобий ҳал этилмагунча озодликни ўйламаса ҳам бўларди. “ТОЧКОВКА”даги маҳкумлар аввалига икки-уч нафардан “қора рўйхат”дан чиқарилиб, инсонпарварлик далолатномалари қўлланила бошланди. Кейин бу жараён тезлашиб кетди. Гуруҳ-гуруҳ тарзда озод этила бошландилар. Тан олиш керакки, уларнинг орасида мутлақо айбсиз, фақат “КЕРАК БЎЛГАНИ УЧУН; арзимас айблов шиширилиб, адоват туфайли қамалганлар ҳам анчагина! Бу борада Ўзбекистон Президенти ҳам олий минбардан туриб бир неча марта таъкидлаган.

Фақат “КЕРАК БЎЛГАНИ УЧУН” ёки айблов шиширилиб, адоват туфайли қамалганлар айнан ноҳақлик сабаб соғликларидан, йиллаб озодликларидан маҳрум бўлдилар ва бу йўқотиш-ларни қайтаришнинг ҳеч бир имкони йўқ! Бироқ ИНСОН учун соғлик ва умрдан-да қимматлироқ неъмат бор, бу-шаън, қадр-қиммат! Инсон умри ва соғлигини ШАХСИЙ бойлик деб ҳисобласак, Унинг шаъни, қадр-қиммати, аввало, бутун насли-келажак авлоди учун маънавий мерос ҳисобланади! Ҳар бир Инсон ўзидан кейин яхши ном ва амал қолдиришни истайди, шунга интилади!

Ноҳақлик қурбони бўлиб, суднинг ҳукми билан гарчи адолатсиз жазога тортилган бўлсин, бу- истаймизми-йўқми тамға бўлиб туравериши аниқ. Бу тамғани фақат ва фақат АДОЛАТ-нинг тикланиши ювиб ташлаши мумкин, холос!

ХХ аср 30-, 50-йилларида ноҳақ қораланган мазлумлар қисматини эсланг, токи 1956 йили оқлов ҳукми берилмагунича УЛАР шахсига деярли эътибор қаратилмади! Ҳатто оқлов ҳукми берилгач ҳам ҳали оммавий қўрқув барҳам топмаганлиги боисидан бир неча йил давомида жадидлар фаолиятига холис муносабат айтишга журъат қилолмаганлар.

Бугуннинг Мазлумларини ҳам худди шундай ҳолатда кўриш мумкин. Истаймизми-йўқми токи АДОЛАТ қарор топиб, шаънимиз тикланмагунича тегишли органлар назоратида бўламиз, биз яшаётган ҳудудда бизга қўйилган айбловга мувофиқ бирор қилмиш содир этилса, “судра-судра”дан бошимиз чиқмаслиги аниқ!

Хўш, АДОЛАТЛИ ҲУКМни қаердан ва кимдан кутамиз?

Албатта, мамлакат Олий Суди ва одил судьядан!

ҚАНЧА  ВА ҚАЧОНГАЧА КУТАМИЗ?

Бу саволнинг жавоби анчайин мавҳум!

Тўғри, Ўзбекистон Президенти томонидан фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатла-рини янада мустаҳкамлашга қаратилган жуда эътиборли ҳужжатлар қабул қилинди. Суд, прокуратура идоралари зиммасига бу борада жуда катта  масъулият ҳамда вазифалар юклатилди. Бироқ бу- мазлумлар масаласи ҳал бўлиб қолди дегани эмас! Қолаверса, суд, прокуратура идоралари ташвиши фақат бизнинг киритадиган мурожаатимизни ўрганиш-дан иборат эмас! Ва бу усулда АДОЛАТНИ тиклашга жуда-жуда кўп вақт керак бўлади.

Бизнингча, бу муаммони ҳал қилишнинг ягона йўли- МАХСУС КОМИССИЯЛАР ТАШКИЛ ЭТИШ! Бу (рамзий маънода!) Комиссия таркибига Адвокатлар, прокурорлар, судьялар билан бир қаторда Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан боғлиқ мамлакатдаги нодавлат ҳамда Халқаро  ташкилотлар вакиллари ҳам киритилсалар, кўзланган мақсад-АДОЛАТНИ ТИКЛАШ қисқа муддатда ижобий ва сифатли амалга ошади!

МАХСУС КОМИССИЯЛАР фаолиятини айбловлар таркибига қараб гуруҳлантириш лозим. Демоқчиманки, ижод ва ҳуқуқ соҳаларидаги фаолияти учун таъқибга олиниб, уйдирма айблов билан ҳукм қилинган Шахсларга оид ишларни ўрганувчи комиссия таркиби Диний йўналишдаги фаолияти учун қамалган Шахсларга оид ишларни ўрганувчи комиссия таркибидан фарқланиши табиий! Чунки ижод ва ҳуқуқ соҳаларидаги фаолияти учун таъқибга олиниб, уйдирма айблов билан ҳукм қилинган Шахсларга оид ишларда Диний уламолар иштироки талаб этилмайди.

МАХСУС КОМИССИЯЛАР фаолиятида самарадорликни кафолатлаш ва ошириш учун мамлакат вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон марказларида малакали юристлардан иборат (худди халқ қабулхоналарига ўхшаш!) ҳайъатлар ташкиллаштириш талаб этилади!

Бу-жуда масъулиятли ва ўта машаққатли вазифа! Масъулиятлилиги шундаки, бу фаолият Инсон шаъни, қадр-қиммати билан боғлиқ! Мамлакат Конституцияси принципига кўра бу- ОЛИЙ ҚАДРИЯТ саналади! Машаққатлилиги шундаки, ХОЛИСЛИК талаб этилади! Шу баробарида адо этилиши шарт бўлган жараён ҳамдир! Зеро, айнан шу жараён замирида Ўзбекистон Давлати ва Раҳбариятининг жаҳон саҳнидаги обрўси-нуфузи турибди!

Юқоридаги таклиф балки соддароқ баён этилган бўлиши мумкин. Уни мустаҳкам ва талаб даражасида бўлиши ҳамда амалга киритилиши учун биз маслаҳатларингизни кутиб қоламиз. Шу баробарида Умумжаҳон миқёсидаги масала ҳисобланган Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан боғлиқ мазкур таклифимиз БМТ Халқаро Инсон ҳуқуқлари Қўмитаси, Олий Комиссари ҳамда бошқа барча ваколатли ташкилотлар тарафидан амалий қўллаб-қувватланишига умид қиламиз!

Дилмурод САЙЙИД,

Тошкент, 23.03.2018 йил.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Москвада ўзбекистонлик сартарош куппа-кундуз куни ўлдириб кетилди

Ўзбекистонлик 24 яшар сартарош Достон Адеханов 13 октябрь куни Подмосковьеда ўз мижози томонидан ўлдирилди. Россия маҳаллий нашрларининг хабар беришича, сочи ёмон олинганини ...

Ӯқитувчиларга тинчлик бўлган замон қачон туғаркин?

Кеча Озодликдан: Тошкент вилояти мактабларида ўқувчиларга дўппи кийиш буюрилди, деган мақолага кўзим тушди. Шу кунга қадар Тошкент вилоятида мактаб формаси бир, икки марта ...

Ap: ақш мигрантлардан олиб қўйилган болаларни бошпаналарга жойлаштирмоқда

АҚШ президенти маъмуриятининг ходимлари АҚШ ва Мексика чегарасида ота-оналаридан мажбуран тортиб олинган гўдак ва болаларни Жанубий Техасдаги камида учта бошпанага жойлаштира ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400